Ҳурматли ўзбек тили жонкуярлари!

Ўзбек тили алифбоси ва жорий имло

қоидаларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар

тайёрлаш бўйича Республика ишчи гуруҳига

Ҳурматли ўзбек тили жонкуярлари!

            Биз муҳолифатдаги Бирдамлик Халқ Демократик ҳаракати лотин алифбосига асосланган ўзбек тилини такомиллаштириш зарурияти юзасидан Сизга ўз таклифларимиз билан мурожаат қилмоқдамиз. Ушбу таклифимизга кўра биз томондан тавсия қилинаётган янги лотин алифбоси 26 та асосий ҳарфдан иборат. Асосий алифбо таркибига 8 та ҳарфий бирикмалар ва битта тутуқ [‘] белгиси киради. 8 та ҳарфий бирикмалар мазкур алифбодаги бошқа ҳарфлар ёрдамида тузилганлиги сабабли бош алифбо таркибига қўшилмаган. Аммо барча ҳарфлар сингари ушбу ҳарфий бирикмлар, шунингдек, тутуқ белгиси ҳам алифбони ўрганиш жараёнида мукаммал ўрганилади. Агар биз ўзимиз тавсия қилаётган янги алифбони мавжуд ўзбек кирилл алифбоси билан таққослайдиган бўлсак, у ҳолда қуйидагича кўринишда бўлади.

АЛФАВИТ-ALIFBO

            Бизнинг лойиҳамизда тутуқ [‘] белгиси ҳам ўз ўрнига эга. У, асосан, қаттиқ [Xx] ҳарфи лойиҳамиздаги [Hh] ҳарфидан ясалишини таъминлайди. Лойиҳамизга кўра қаттиқ Xx ҳарфи алифбодан қисқартирилиб, у тутуқ белгиси [‘] ёрдамида ‘H ’h шаклида ишлатилади. Масалан, Is’hoq, s’hema, mas’haraboz, ‘halq, sha’hsan. Агар атоқли от бўлса у ҳолда [K] ҳарфи [H] ҳарфи олдидан қўшилиб [X] ҳарфини ҳосил қилиши мумкин. Масалан, Khudayqulov, Khudanov, Kholmurod, Khurram ва ҳ.к.

Биз тутуқ белгисининг исм ва фамилиялар бошида ишлатилмаслигини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Масалан, инглиз тили алифбосида [‘] белгиси алифбога киритилмаган, аммо уни айрим сўзларда учратиш мумкин. Бунга O’falon, о’key ва ҳ.к. сўзлар мисол бўла олади.

Айрим олимларимиз лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига иккита ҳарфдан иборат ҳарфий бирикмаларни қўшмаслик таклифини илгари сурмоқдалар. Бизнингча, ҳарфий бирикмалардан фойдаланиш ўринли. Чунки ана шу ҳарфларни ҳарфий бирикмалар тўла-тўкис ифодалай олади. Масалан, жаҳон тили дея эътироф этилаётган инглиз тилида 44 та фонема бор, жумладан, 19 та иккиталик ҳарф бирикмалари, 3 та учталик ҳарф бирикмалари — “chr”, “dge”, “tch” мавжуд. Бизнингча, янги алифбони бекаму кўст яратишда инглиз алифбоси қоидаларидан, тилимизга ва талаффуз меъёрларига мос келадиган унсурлардан унумли фойдаланган мақсадга мувофиқ. Бу бизнинг алифбомизни янада соддалаштиради, халқчиллиги ва оммабоплигини оширади. Уни нафақат ўзбекистонликлар, бошқа мамлакатликлар ҳам тез ва осон ўрганиб олади. Ушбу бирикмалар қуйидагилардан иборат:

Хх Xx — бу ҳарф қисқариб ўрнига Hh [‘] белги билан шу кўринишда ‘H ’h ишлатилади;

Шш [Sh sh] ҳарф бирикмаси;

Чч [Ch ch] ҳарф бирикмаси;

Ёё [Yo yo] ҳарф бирикмаси;

Ээ E e [Ei ei] ҳарф бирикмаси;

Юю [Yu yu] ҳарф бирикмаси;

Яя [Ya ya] ҳарф бирикмаси;

Ъъ [’] белгиси. Биз ўз лойиҳамизда кирилл алифбосидаги Ъъ белгиси, лотин алифбосидаги [’] белгиси ўрнига ушбу белгилар иштирокида ҳосил бўлган сўзларни Ъъ белгисидан олдин ва кейин келадиган ҳарфга яна айнан шу ҳарфни қўшган ҳолда ёзишни таклиф қиламиз. Мисоллар келтирамиз. Ъъ белгиси унли ҳарфдан кейин келган сўзлар: маънавият-maanaviyat, маърифат-maarifat, таъминот-taaminot, таъсир-taasir, ваъда-vaada, даъват-daavat, каъба-kaaba ва ҳ.к. Ъъ белгиси ундош ҳарфдан кейин келган сўзлар: анъана-anaana, бидъат-bidaat, журъат-juraat, санъат-sanaat, суръат-suraat, қалъа-qalaa ва ҳ.к.

Ўзбек тилига араб ва форс тилидан ўзлашган айрим сўзларда Ъъ белгиси сўз охирида ҳам келади. Масалан, ер шаридаги инсон яшайдиган обод қисмни англатадиган “рубъ” сўзи асли араб тилидан ўзбек тилига ўзлашган ва луғатларимиздан ўрин олган. Биз бундай ҳолларда ҳам худди унли ва ундош ҳарфлардан олдин ва кейин келадиган ҳолларни такрорлашни таклиф қиламиз, яъни энг охирги ҳарфдан кейин келган Ъъ белгиси ўрнига ўша энг сўнгги ҳарф ишлатилади: рубъ-rubb ва ҳ.к.

Алифбода ва она тили фанларида мазкур ҳарфий бирикмалар ҳамда тутуқ белгисининг қўлланилиш қоидалари яхши ўқитилса, ўйлаймизки, халқимиз бу алифбога тезда кўникиб, уни яхши кўриб қолади.

Бизнинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига оид янги таклифларимизга биноан шу кунга қадар баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келаётган, Хх – Хх, Ўў – O‘o‘, Ғғ – G‘g‘ ва кирилл алифбосидаги Ъъ – айириш белгиси, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги тутуқ [’] белгисига тегишли. Бундан ташқари, тилшунос олимларимизнинг эътиборидан четда қолиб келаётган кирилл ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги Цц ҳарфларини алифбо тартибига киритиш ҳам таклиф қилинган.

Биз ўзимиз киритаётган таклифларни ўринли деб ҳисоблаймиз. Назаримизда амалдаги кирилча Хх ва Ҳҳ ҳарфлари ўрнига ягона Hh ҳарфини қўллашга оид киритилган ўзгартириш ўзини оқлайди. Чунки туркий халқлар, жумладан, биз ўзбеклар Хх ва Ҳҳ товушларини барибир яхши фарқлай олмаймиз. Ҳатто соф туркий сўзларда бу товушлар деярли учрамайди. Айрим сўзлардагина q товуши “х” рефлексини берган: qan>xan “хон”, qag`an>xaqan “хоқон”, qamut>xamut “хомут”, qo`r>xo`r “хўр” ва ҳ.к. Бу киритма сўзлар ўзбек ўқувчиларини азалий бўлиб қолган “юмшоқ х ва қаттиқ х” муаммосидан халос этади. Биз бу таклифни илгари суришда қардош туркларда ҳам мазкур ҳарф бир ҳарф сифатида ишлатилишини инобатга олдик. Боз устига, “Х” ҳарфи фақат кирилчада “х” тарзида ўқилгани билан бошқа айрим Ғарб тилларидаги алифбода “кс”ни англатади (масалан, такси-taxi). Бу товушлар аслида форс ва араб тилларида фаол қўлланилади ҳамда маъноларни фарқлаш вазифасини бажаради. Масалан, тожикча ҳар худди ўзбек тилидагидек “ҳар” (ҳар ким, ҳар нарса) маъносини, хар эса “эшак” маъносини англатади.

O‘ o‘ ҳарфи ўрнига таклиф қилинган Öö ҳарфи ҳам талабга жавоб бера олади, деган фикрдамиз. Чунки амалдаги O‘ o‘ ҳарфи тилшуносликда қатор чалкашликларни келтириб чиқараётгани маълум. Ёзувда ушбу белги [‘] ўрнига кўп ҳолларда тутуқ [’] белгиси ёки ҳар икки белгига ўхшамайдиган бир алоҳида белги [`] қўйилиши одамларни жиддий чалғитмоқда. Бунинг натижасида масалан, O‘zbekiston сўзи O`zbekiston, O’zbekiston тарзида ёзилмоқда. Энди бу сўзларни кирилл алифбосига ўгирсак, Оъзбекистон тарзида ўқишимизга тўғри келади.

O‘ o‘ ҳарфи устига қўйилган белгига тегишли чалкашликлардан G‘ g‘ ҳарфи ҳамда [’] белгилари ҳам мустасно эмас. Биз шу каби қоидаларни инобатга олган ҳолда G‘ g‘ ҳарфини Ğ ğ тарзида ўзгартирдик ва бу мақсадга мувоқиф келади, деб ўйлаймиз.

[’] белгиси. Кирилл ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги айириш [Ъъ] белгисини англатадиган тутуқ белгиси ўрнига тутуқ белгиси олдидан ёки кетидан келган унли товушни такроран келтириш таклифимиз ҳам ўзини оқлайди, деган умиддамиз. Ана шундай сўзларга мисоллар келтирамиз: ma’naviyat, ma’rifat, daf’atan, la’l, ra’no, ta’minot. Энди ушбу сўзларни таклиф қилинаётган янги лойиҳа асосида ёзиб чиқамиз. У ҳолда maanaviyat, maarifat, dafaatan, laal, raano, taaminot тарзида ёзилади.

Ц ц ҳарфи ҳамиша ўзбек тили имлосида долзарб мавзу бўлиб келган. Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида кирилча “ц” товуши икки хил – “s” ва “ts” ҳарф бирикмалари орқали ифодаланмоқда. Масалан, sirk сўзи айрим жойларда “tsitk” тарзида ёзилмоқда. Худди шундай: sement-tsement, sentner-tsentner, Sialkovskiy-Tsialkovskiy, sunami-tsunami ва ҳакозо. “Ц” ундоши ўрнига қўлланилаётган лотин алифбосидаги “ts” ҳарф бирикмаси баъзи ўринларда ўзини оқламайди. Ssenariy, biotsikl, sirkul ва бошқа сўзларни ўқишда ўқувчилар чалғиши мумкин. Биз ўзбеклар барибир “ц” товушини меъёр бўйича талаффуз қила олмаймиз. Аммо тилимизда рус ва бошқа Ғарб тилларидан ўзлашган сўзлар бор. Шуни инобатга олган ҳолда русча “ц” товуши лотинча “s” ҳарфига қориштирилмай, алоҳида ҳарф сифатида алифбомизга “С с” ҳарфи тарзида киритилганини кўпчилик қўллаб-қувватлайди, деган фикрдамиз. Демак, янги алифбога биноан юқорида келтирган мисолларимиз сirk, cement, centner, Cialkovskiy, cunami, csenariy, biocikl, cirkul тарзида ёзилади. Бу эса ушбу сўзларнинг шунчаки осон ўқилишинигина эмас, енгил талаффуз қилинишини, талаффуз меъёрларига мосликни ҳам таъминлайди.

Бирдамлик Халқ Демократик ҳаракати

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Тожикистон: болалар билимни сотиб олишмоқда

Тожикистонда давлат Конституциясига зид равишда ва фуқароларнинг конститицион ҳуқуқлари оёқ ости қилиниб, ўрта умумтаълим муассасалари ўқувчилари билимни сотиб олишга мажбур ...

Исроил жосус-йўлдошни ер орбитасига олиб чиқди

   Исроил мудофаа вазирлиги «Офек-10» разведкачи сунъий йўлдошни орбитага олиб чиқди, дея хабар бермоқда Jerusalem Post нашри. «Офек-10» Тель-Авивдан жанубда жойлашган ...

Карим аҳмедов

АҲМЕДОВ  Карим  Содиқович  (1914. 19.2, Тошкент) — кимёгар  олим,  Ўзбекистон  ФА  академияси (1966),  Ўзбекистонда  хизмат  кўрсатган  фан  ва  техника  арбоби (1968). Киме  ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400