Ўзбек мухолифатининг яқин ўтмишдаги тарихи – Боймирза Ҳайит

Ўзбек мухолифатининг яқин ўтмишдаги тарихи – Боймирза Ҳайит

Буюк ватанпарвар – олим, доктор Боймирза Ҳайитнинг сўнг сўзи

Ўзини Туркистон фарзанди деб билган немис олими Боймирза Ҳайит 1917 йил 17 декабрда Намангандаги Ёрқўрғон қишлоғида таваллуд топиб,саксон тўққиз ёшида Германиянинг Кёлн шаҳрида 2006 йил 31 октябр куни оламдан ўтган эди.Боймирза Ҳайит узоқ вақт Совет Ўзбекистони “олимлари” тарафидан дуои-бад қилинди. Айнан ўша “олимлар” 1992 йили Боймирза Ҳайит Ўзбекистонга келганида пойига поëндоз бўлишгани ҳам рост. Гап бу умуртқасиз “олимлар” ҳақида эмас. Гап Боймирза ота ҳитоб қилган ва ҳануз нишонга тегмаган камон ўқидек ҳавода муаллақ учган “сўнг сўзи” ҳақида. Бу сўзлар Туркистон даъвоси учун умрини берган ватандошниг тазарру тўла васиятидир. Келинг бу васиятни яна бир бор эшитиб Боймирза отанинг ҳаққини ҳалол қилайлик. Отабек Усмон Блоггер. 2017 йил

Мақола Абдулазиз Маҳмудовнинг “Фейсбук”даги шахсий саҳифасидан олинди

БОЙМИРЗА ҲАЙИТ: ХАЛҚИМГА СЎЗ

АЛҲАМДУЛИЛЛОҲ РАББИЛ ОЛАМИЙН.

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокот.

Азиз ватандошларим. Сизларга, сизларнинг фарзандингиз Боймирза Ҳайит мурожаат қилмоқдадир. Азиз ватандошларим, 52 йил ватандан жудоликда, Ватандан ташқари узоқ мамлакатларда яшадим, миллатим дея тушундим, бутун борлиғимни, ғоямни, вужудимни ва фикр-ҳаётимни миллатимизнинг тақдири, ўтган кунлари ва келажакдаги истиқболи деб, фаолиятларда бўлиндим. Табиий, муҳожирликнинг аччиқ-чучук шартлари, Ватансизлик, бошқа миллатлар орасинда яшашлик, қийин бир ҳолда фаолиятларда бўлинмоқ табиати ила осон бўлмаган бир масала эди. Алҳамдулилло, Ватан деб, миллат деб, яъни унинг озодлигини талаб этиб, узоқ йиллар ҳаракатда… Қўлда қалам билан майдонда бўлиб келинди. Ватанимнинг бир фарзанди сифатида кўп-кўп ҳақоратларни мен Советлар Иттифоқининг матбуотларидан ва Туркистонимиздаги матбуотлардан, айниқса, совет коммунист матбуотларидан, ёзувларидан, китоб ва рисола ҳамда мақолаларидан кўрган бўлдим. Фикрларимга қарши ёки менинг шахсимга қарши 436дан ортиқ китоблар, рисолалар, мақолалар ёзилди ва бунингда баробар телевидение ва радиоларда, қурултойларда, менинг фикримга қарши, айниқса шахсимга қарши ҳужумлар, туҳматлар, иғволар юритилди.

Мени қотил дедилар, судга берилишимни илтимос қилишди, аммо судга беролмадилар. Фашист дедилар, фашистлигимни исбот этолмадилар, ватан хоини дедилар, мени ватан хоини бўлолганимни исбот этолмадилар. Ленин миллий сиёсатини сохталовчи, дедилар, аммо Ленин миллий сиёсатининг сохтакорлигини Москва ёки Туркистондаги совет арзандалари энди ўз кўзлари билан кўриб турибдиларки, энди Ленин миллий сиёсати сохтакорлик сиёсати экан.

Буржуа миллатчиси дедилар, табиий, мен миллатчи бўлиб, ўз миллатимни бошқа миллатлар устидан юқори кўтариш учун эмас, ўз миллатимизнинг ўз ҳолинда мустақил яшаши, эркин нафас олиши, бахтли ва саодатли яшаши, ўзимизни ўзимиз тарафимиздан идора этилиши талабларида бўлдим.

Бу табиийдир, миллатимни севиш аломатидир, буни бир миллатнинг бошқа миллат устидан ҳокимлигини таъмин этадиган фикр сифатида кўриб бўлмайди ва бунингда, бундай сўзлар асосидан тузилган иғволарни ҳам ҳазм қилдик.

Аллоҳ бугун бизнинг ҳақли бўлганимизни, совет режими ва унинг туркистонлик хизматчилари бу соҳада буюк бир тарихий ёлғон қилганликларини бугун ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз. Аллоҳнинг раҳми ила эски совет сотсиалист республикалари бирлиги, деган бир императорликнинг чўкиши, 16 миллионга яқин аъзоси бўлган, ҳаммани титратган, ҳаммани қўрқитган зулмнинг ҳукмронлари бугун ўртада йўқдирлар…

Алҳамдулилло, биз энди коммунизм идеалогиясининг ҳокимиятидан қутила билдик. Аммо биз коммунизм руҳини ташиган, эски вақтда бу руҳдан тарбияланган одамларнинг ҳокимиятидан қутила билдикми, мен буни билмайман, буни сизлар биласизлар.

Биз коммунизмдан айрилган, ўзларини миллий раҳбар деб атаган ватандошларимиз фақат устидаги кийимларини ўзгартирдиларми, буни ҳам мен билмайман. Аммо, миллат бундай одамларнинг ўз миллатига хизмат этишига секин-секин даъват этади, агар даъватни самимий қабул этмаса, ҳаттоки, демократик ҳуқуқлар билан, жанжал-ғавғолар, ур-йиқитлар билан эмас, ўзининг талабларини, қонуний талабларини ва табиий ақлни ҳимоя қилиб бугунги раҳбарлардан масъулият талаб қилиши мумкиндир.

Бизнинг халқ кўп қийинчиликларни кўрди, зулмнинг не бўлганлигини кўрди, мазлум бўлиш осон, аммо мазлумликдан қутулиш қийин эканлигини ҳам кўрди.

Туркистон истилоси

Маълумингиздирки, Туркистон истилоси 182 йил давом қилди. 182 йилдан бери Туркистон билан Русия ўртасида уруш, ғавғо, ўлиш, ўлдириш давом қилди. Мағлуб бўлдик, мағлуб бўлдик, ҳоким бўлдилар. Оғиз очолмайдиган даражага келдик. Ҳоким давлат, мустамлакачи ҳокимлар мустамлака бўлган бизлардан ўзининг таржимонларини, ҳамтовоқларини, ҳайбаракаллачиларни топа билган эди.

Унутмайликки, бизнинг бошимизга келтирилган фалокатлар фақат Москва режимининг, совет режимининг ёки совет регионида яшаган русларнинг ягона қўли билан эмас, балки уларга ҳомий бўлган ўз ватандошларимизнинг жирканч қўллари ва жирканч қалблари билан идора этилган эди.

Буни шунинг учун ҳам унутмаслик керакки, биз бугун истиқлолга эришган бўлсак, истиқлолнинг қонуни асосида кўринишига эришган бўлсак, аввалам, Аллоҳнинг раҳмати, қолаверса, халқимнинг асрлар бўйи тўккан қонининг ёки қонларининг бугунги натижасидир.

Унутмаслик керакки, чор Русияси давринда, яъни Туркистон чор Русияси ҳокимиятлиги остига киргандан кейин 4600 дан кўпроқ исён кўтарилди. 1919-йилги исённи ҳам унутманг. 1916-йилги қўзъғолон у замонда Петербургда Русияга қарши очилган 2-фронт деб ҳисобланарди.

Буни ҳам унутмангиз. 1918-йилдан 1934-йилгача давом қилган 16 йилги мужодала, буни совет руслари босқинчилик дедилар, – у ҳақиқий миллий озодлик кураши бўлиб, тарихимиз, қонли тарихимизнинг буюк бир фожиали кўринишидир. Биз босмачилик дедикларини туҳмат деб биламиз. Миллий ҳуррият, исломобод бўлсин, Туркистон туркистонликларники бўлсин, Туркистонда мустақил давлат бўлсин… дея ўртага чиққан бизнинг фидокор, қаҳрамон одамларимиз жабҳаларда қарши курашиб, миллий ҳақларини қурол билан талаб қилган вақтларида 2 миллиондан ошиқроқ кишимиз шаҳид бўлдилар.

Шаҳидларимизнинг руҳлари шод бўлсин, ё Оллоҳ! Нима учун бу қадар кўп қон тўкилди, яъни бу алдамчи, ёлғончи болшевизм миллатларга ҳақ-ҳуқуқ бермаганлигининг оқибати бўлди.

“Босмачилар” деб аталган буюк миллий мужодалага қарши курашда туркистонлилар эмас, совет рус ўрдусининг 140 ва 160 минг қуролли, замбаракли ва қувватли қуролларга эга бўлган аскарлари курашдилар.

Биз яна ишғол этилдик, иккинчи марта ишғол этилдик, аммо миллат ўлароқ таслим бўлмадик ва таслим бўлиш ниятида ҳам эмасмиз.

Бизнинг бошимизга тушган кўп-кўп қийинчиликлардан бириси – халқ билан ҳокимият орасиндаги алоқасизлик бўлди. Халқ совет коммунизм режимининг қурбони бўлди.

Халқ оловдир

Халқдан сўраб келинган бир иш йўқдир. Тайин этиладиган амалларга функционерларни – партия одамларини ва давлат одамларини тайин этиб, халқдан сўрамасдан халқни идора эта бошладилар, яъни шоиримиз, шаҳид шоиримиз Элбекнинг дедигидек, йиртқичлар мажлисинда арслон бўрини, маймунларни, қўйларни ва тулкини мажлисга даъват этиб, қўйларни идора этиш учун ким керак деганда, тулки чиқиб: “қўйларни идора этадиган ягона қувват бўрилардир”, дебди. Арслон: “Ҳа, бундай бўлса қўйларни бўрилар идора этсин”, дебди. Бизнинг ҳам шаклимиз бу бўлди. Биз каби одамлар қўйлар деб ҳисобланди. Тулкининг тавсияси билан бўрилар бизга ҳоким бўлди. Бизнинг яшашимизни табиий ҳолда кўрмасдан йиртқич бўрилар ҳаётимизни тўнкара бошлади, бунинг оқибатини ўзингизлар кўп кўрдингизлар. Оллоҳ бундан кейин будай жазоларни, бундай даҳшатни, бундай пасткашлик зулмини бошимизга келтирмасин.

Халқ билан ҳисоблашиш энг муҳим масаладир, халқ билан ҳисоблашиш ва халққа ҳисоб бермоқ демократиклигимиз, системнинг, яъни давлатни идора этмоқ системининг асосий қонунидир.

Агар халқнинг розилигини олмасдан, халқнинг овозини олмасдан қилинган бир иш бўлса, бу халққа хизмат, демократик йўл билан халққа хизмат эмас, балки бир тўда инсонларнинг бирлашган янги диктатураси бўлиб ўртага чиқаверади.

Бу сабабдан келажакда халқ масаласига кўп диққат қилишимиз керак бўлади. Истиқлол деган билан ҳали оғзимиз ширин бўлмади. Аммо истиқлолимиз эълон қилинганидан кейин унинг нақадар тотли эканлигини ҳис этмоқдамиз. Оллоҳ истиқлол қонунини муборак этсин.

Бизларни ўз мамлакатимизнинг, ўз миллатимизнинг тақдири, келажаги ва унинг тараққиёти, бахт-саодати учун ишлашга илҳом ва мажбуриятлар юкласин.

Кўп вақт йўлларда ёки бошқа жойларда бўлган вақтимда ёки бўлмаса тушкунлик кунларимда ҳар доим Чўлпонyи эслаб келдим. Бизнинг шаҳид, мужоҳид ва кўп жозибали шоиримиз Чўлпон ўзининг “Халқ” деган шеърида:

Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир,

Халқ исёндир, халқ оловдир, халқ ўчдир…

Халқ қўзғалса, куч йўқдирким, тўхтатсин,

Қувват йўқким, халқ истагин йўқ этсин.

Бир қўзғалур, бир кўпирар, бир қайнар,

Бир интилур, бир ҳовлиқар, бир ўйнар.

Йўқликни-да, очликни-да йўқ этар,

Ўз юртини ҳар нарсага тўқ этар.

Бутун кучни халқ ичиндан олайлик

Қучоқ очиб халқ ичига борайлик!

Будир бизнинг асосий ғоямиз: халқдан халққа, халқ ишидан халқимизнинг ҳаёти ва бахт-саодатига боришимиз керак бўлади. Табиий, бизнинг бошимиздан кечирилган мазлум ҳаётларнинг сабаблари ўзимизда бироз бор. Ҳар вақт ташқари қувват – душман бизга зарар келтирди дейишимиз мумкин, келтирди, аммо бу келтиришнинг сабабларини англаб билишимиз керак.

Машҳур шоир, адиб, драматург, сиёсатчи, профессор Абдурауф Фитрат ўзининг “Темур сағанаси” деб аталган саҳна асарида дейди: “У Темурнинг сўзи сўз эди. Амир Темурни сўзга чиқариб, Амир Темурнинг шиддатли бир овози билан миллатга хитобни ахтаради. Кўринг – Амир Темур нима дейди.

Мен сизларга кўп нарсаларни қолдирдим. Не бўлдики, бу замонларнинг шарафли ва жасур миллатининг зулми остида қолмиш. Кимлар боғларимнинг қушларини қувмоқда. Оталар меросидан нима қилдингизлар. Сизлардан талаб этеюрум, қалқингиз, сизларга амр қиламан, қалқингиз! Ўлкамизни тузатингиз. Авлодларимни ҳур яшашини таъмин этингиз. Агар бундай қилмасангизлар, ўлка, яъни мамлакат буюк бир мозорлик ҳолига келажакдир”.

Табиий, бундай мозорликни қилишда ўзимизнинг ҳам айбимиз кам эмас. Орамиздан чиққан хоинларнинг роли ҳам кам эмас. Аммо булар ўтишга керак, ўтиш ҳам керак. Аммо хоинларимизнинг миллатимиз бошига келтирган фожиаларини ҳам унутмаслигимиз керак.

Ёшларимизга бўлган, ўтган ҳодисаларимизни, шарафли ўтмишимизни ёки орамиздан чиққан баъзи бир шарафсиз ҳолларни ҳақиқатлар билан, яширмасдан тўғри ҳолда ўргатишимиз керак.

Ҳақиқатдан қўрқсак, Аллоҳдан ҳам қўрқмаган бўламиз. Чунки Аллоҳ ҳар доим ҳақсеварлар, ҳақ истаганларнинг орзу-ҳаваслари ва ниятларининг ижроси учун ёрдамчи бўлгандир. Аммо биз кўп вақт алдандик, миллатимизни алдадилар, алдатдилар.

Бунинг учун ҳам машҳур шоир, адиб ва драматург Абдурауф Фитрат ёзадики: “Биз мусулмонлар, ёлғиз алданмоқ учун дунёга келдикми. Бойимиз, ишчимиз, хўжамиз, талабамиз, адибимиз, фалсафачимиз, буюкимиз, кичигимиз Оврўпонинг газетасига, китобига, сўзига, ишига, қонунига, низомига, олтинига ва қизига алданишдан бошқа нарсани билмадилар”.

Буни ҳам унутмаслигимиз керакдур. Келажакда биз халқимизнинг истиқболини таъмин этиш масаласида кўп ўйлаб, тушуниб, кенг усулда халқимизга хизмат қиламан, деб ҳаракатда бўлишимиз керакдур, шартдур. Агар бундай қилмасак, истиқлолимизни эълон қилиб ўтирмасдан, яна бизга ҳокимлар ўз истаганларини юритаверсинлар, биз уларга қул бўлиб хизмат қилаверамиз, деган маъно ҳам келиб чиқиши мумкин. Бундан қутилиш учун, табиийдирки, ўз истиқлолимизнинг мевасини кўришга ҳаракат қилишимиз керак бўлади. Аллоҳ миллатимизни, шу жумладан, сизларни ва бизларни ўз паноҳида сақласин.

Чет мамлакатларда бўлган беш миллионга яқин мусулмон, туркистонлик муҳожирлар Ватандан йироқда яшамоқдалар. Улар эрталабдан кечгача дуолар билан, ҳаракатлар билан, умидлар билан мамлакатимизни озодлигини, мамлакатимиздаги халқни ҳурликда яшашини Аллоҳдан орзу-ҳавас этмоқдалар. Аллоҳ буларни ҳам улушсиз қолдирмас.

Биз қўлимиздан келгани қадар Ватаннинг хизматида бўлиб келдик, бундан кейин ҳам Ватан йўлида хизмат қилишга ҳозирмиз. Аммо сохтакорларга хизмат қилиш тарафдори эмасмиз.

Биз холис, демократик равишда сайланган ҳукумат ва демократик қонунга асосланган инсон ҳақларига итоат этган ва қурган, миллатимизни ҳурмат этган раҳбарларни истаймиз. Биз ватан ташқарисида қолдик, аммо ҳар куни, ҳар соат қалбимиз Ватан билан бўлиб келди.

Биз Ватаннинг биринчи озод бўлган инсонлари деб ҳис этамиз ўзимизни. Бу эса кўп қийин масаладир. Биз, аввал, озод бўлдик, аввал, озод бўлишганда мажбур бўлдик. Коммунизмнинг энг жирканч хуружи бўлган сталинизм даврининг қурбонлари бўлдик.

Қайси қуш ўзининг қимматли бўлган гулидан айрилмоқни истайди. Бизни ватандан кетишга мажбур қилишди. Бизни хоинлар дедилар. Бизни муллаю феодаллар дедилар, аксилинқилобчи дедилар, ўғрилар дедилар.

Чет мамлакатлардаги империалистларнинг қуллари, хизматкорлари деган иғволар билан кўрсатдилар, аммо аслида биз ундай эмас эдик. Буни иншаооллоҳ, келажакда тарих сизларга яна кўпроқ ўргата билади. Аллоҳдан сизларга бахт-саодатлар, миллий истиқлол йўлида муваффақиятлар тилайман.

Ҳар вақт қалбим ҳар ерда сизлар билан бирга, бахт-саодатингизга эга бўлинглар, бу бахт-саодат миллатимизнинг бахт-саодатидир. Айни замонда бу менинг ҳам бахт-саодатимдир. Миллатимиз ўлмаса, ҳар биримизнинг бу жамият ишида, бу миллат ишида ўйнаган ролимиз бордир.

Бизнинг борлиғимиз, шўбамиз бўлсин, ишчимиз бўлсин, ҳаммолимиз бўлсин, ҳаммаси бизникидир.

Табиати бузуқ инсонларимиз ҳам бордир, аммо табиати, феъли-хўйлари ёмон деб уларни кўчага ташлаш керак эмас. Уларни жамиятимиз ичига олишимиз керак. Инсоф, ахлоқ, миллат ила баробар яшамоқни ўргатишимиз керак.

Бизнинг мамлакатимизда меҳмон бўлиб, яшашга мажбур бўлганларни, миллий озчиликдаги гуруҳларнинг ҳаётини таъмин этишимиз керак. Уларни сиҳат-саломатликлари ва роҳатда яшашларига ёрдам беришимиз керак. Айни замонда шуни ҳам қилиб келдик. Бизга келган, озчиликда бўлган миллий гуруҳлар ўз миллатимиз бўлган турк, яъни маҳаллий халққа қараганда баъзилари ҳаттоки, яхши ишлаган бўлиши ҳам мумкин.

Аммо бу демак, эмаски биз келажакда уларга қарши бир нарса чиқарамиз. Йўқ, иғволарга йўл бермаслигимиз керак. Биз тарихимизда адолатли инсонлар бўлиб келганмиз.

Қаршимизда бириси нонсиз бўлса, нон бериб келганмиз, суви қолмаганларга сув етказиб берган одамлармиз. Бунинг учун бизга қарши қилинган иғволардан мумкин қадар қутулишимиз керак.

Муҳим масала – халқимизнинг иқтисодий ҳаётини яхшиламоқдир. Бизнинг ҳолимизда яшаган дунёда бундай бир миллат йўқ.

 Соғ бўл, Миллатим!

Кечаги кун ҳақида айтсак, 9 миллион инсоннинг бир ойда топган пули 10 кунга етмаса, пахта майдонларидаги касалликлар натижасида, кимёвий моддалардан заҳарланиш натижасида 3 ярим миллиондан ортиқ одам сариқ касал билан касал бўлса.

Ҳар йили Ўзбекистонда 284 минг бола бир ёшга кирмасдан ўлса, икки йил ичида 753 та хотин-қизларимиз ўз-ўзига ўт қўйган бўлса, бундай ҳодисаларни ҳозирга қадар на ислом дунёси, на христиан дунёси кўрмаган.

Бугунги Туркистондаги бошимизга тушган фалокатларни кўринг. Семипалатинскда очиқ ҳавода ташкил қилинган 140 нафар синалган атом бомбаларининг таъсирини кўринг. Сонсиз ўлган инсонлар, ҳайвонлар, заҳарланган инсонлар, касал бўлиб кўчада инграб ётган одамларни кўринг.

1930-йилда Хидир Алиев дегани каби: “Пахта қизил империализм даврида кафан бўлди, кафан”. Буни унутмаслигимиз керак. Пахтадан воз кечмаймиз. Аммо пахта бизни эзмаслиги керак. Биз пахтани идора қилишимиз керак. Аммо пахта бизни қул қила олмайди.

Бунга ҳеч кимнинг ҳақи йўқдир.

Баъзилар, аввал, биз иқтисодий жиҳатдан тараққий этайлик, мустақил бўлайлик, кейин сиёсий жиҳатдан мустақил бўлиб кетамиз деган хаёллардалар. Мен бу фикрда эмасман. Агар сиёсий жиҳатдан мустақил бўлмасангиз, яъни, ўзингизни ўзингиз идора этмасангиз, ўзингизнинг ҳудудингиз бўлмаса, сизга бутун қалби, виждони, имони-ла борлиғини хизмат қилдирган давлат муассасаси бўлмаса, бундай ҳолда мен иқтисодий тараққиётда бўламан, ундан кейин мен мустақил давлат сиёсатида юраман, дейиш хатодир ва бундай қиладиганларнинг ташвиқотлари бўлса, менимча, буларда бир хоинлик изи бор.

Мумкин қадар сиёсий мустақилликни, аввал, ўртага қўйишимиз керак. Сиёсий мустақиллик эса ўзининг бутун борлиғи ила иқтисодий мустақиллигимизни таъмин эта билажакдир.

Русларга муносабат масаласи бу ҳаётимизнинг муҳим масаласидир. Чор Русияси бўлсин, коммунизм бўлсин, рус халқининг исмидан ҳаракат этди. Бу ҳақиқатдир. Аммо бунинг учун рус миллати айбдор бўлолмайди. Фақат рус миллати ичидан чиққан баъзи бир одамларнинг ёмон табиати бордир. Булар ҳурриятчилик, яъни озодлик туйғуларини билмайди.

Эзилган бир мужикдан бир бошлиқ чиқариб қўйсангиз, эски мужикни эзиб бораверади. Бу эса руслардаги сиёсий характернинг бир кўринишидир. Алҳамдулилло, бундан қутила бошладик, яъни янгидан тузоқларга тушиб қолмаслигимиз керак.

Энг яхшиси, русларнинг ҳокимияти остида эмас, руслар билан ёнма-ён, дўстона, бир-биримизга ёрдам ҳолда яшашга ўрганишимиз керак. Буни энг аввал, русларнинг, ўзлари ўрганишлари керак. Бизларнинг ўрганишимиз осондир. Биз кекчи, ўч олувчи одамлар эмасмиз. Бизнинг табиатимизда, динимизда, хулқимизда, анъанамизда бундай нарса йўқдир. Фақат айтмоқ керакки, бизга қарши қилинган суиистеъмолни бундан кейин биз ҳазм эта билмаймиз. Аллоҳ сизларга ёрдамчи бўлсин!

Сизларга бахт-саодат, миллатимизнинг истиқболи учун энг яхши ниятли фаолиятлар, саломатликлар тилаб қоламан. Сизнинг каби ҳар ерда, ҳар замон қалбим сизлар билан биргадир. Биз туркистонлик мужоҳидлар ва муҳожирлар қўлимиздан келгани қадар Ватан учун хизматга ҳозирмиз.

Ватанимизга озодлик талаб этдик, ўлдик, ўлдирдилар, аммо яна миллатим яшамоқдадир. Соғ бўл, Миллатим!

Миллатимга хизмат қилган қадрли миллатдошларим соғ бўлсинлар. Аллоҳ ҳаммамизни ҳар жойда ҳимоя этсин! Омин.

Сўзларимни тинглаганингиз учун минг марта раҳмат. Мени сўрасангиз, мен фалсафа фанлари доктори Боймирза ёрқўрғонлик Ҳайитмирзанинг ўғли, Туркистон тадқиқотлари институтининг мудири, Байналмилал Туркистон жамиятининг фахрий раисиман.

Бутун муҳожирларимиз отиндан сизларга қалбий саломлар, ҳурматлар билдираман, оналаримизнинг қўлларидан, укаларимизнинг кўзларидан, сафдошларимизни юракдан қучоқлаб, хайр. Аллоҳ саломатлик-ла кўришишга насиб этсин, деб умидларда қолган ватанимизнинг бир фарзанди сифатида бу сўзларни айтишга, билдиришга, журъат қила билдим. Хатойим бўлса, Аллоҳ кечирсин ва сизлар кечиринглар. Бу суҳбатни ўғлим Бекмирзани 51 йилдан кейин илк дафъа қайта кўрганлигим учун, бунинг хурсандлиги, бунинг нашъаси, бунинг севгиси, бунинг фожиаси, бунинг ҳаяжони билан сўзладим.

Энди эмдийлигим келди, агар хато сўзлаган бўлсам, қўпол сўзлаган бўлсам, ишонаманки, менинг азиз миллатим кечиради. Аллоҳ кечиргучидир. Унинг-да баробар Аллоҳ бизнинг ҳаммамизга инсоф, баробарликда ишламоқ, баробарликда тушунмоқ ва миллатимизнинг келажагини ўйламоқ туйғусини, иродасини, қувватини берсин, омин!

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 1992-йил, 3-январ сонидан олинди.

Электрон нусхасини Атабек Усмонов такдим этди.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ёзёвонда банкдан 100 минг доллар ўғирланди

5 февраль куни Фарғона вилояти Ёзёвон туманидаги Халқ банки бўлимида сақланаётган 100 минг долларнинг (838 млн сўм) йўқолгани аниқланган, деб хабар қилди «Газета.uz». ...

Ўзбекистон баага 1 миллион фуқарони ишга жўнатмоқчи 

Ўзбекистон ва БАА меҳнат ресурслари соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан маълум қилишларича, ушбу ҳамкорлик ...

“қўшиб ёзиш” қоидаси (ҳажвия)

  Бу воқеа қаерда бўлганлигини “ҳеч кимга айтмайман”,  деб қасам ичсангиз ҳам айтмайман. Хўжалик номини эса, шартли равишда “Гулрез” деб атаймиз. сўзларимга хоҳ ишонинг, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400