Ўзбекистоннинг биринчи каналидаги “Отин ойининг сўнгги ови” муҳокамаларга сабаб бўлди

Ўзбекистоннинг биринчи каналида эълон қилиниб, сўнг ижтимоий тармоқларда кенг тарқаган 20 дақиқалик лавҳада ўз уйида аёлларга илк диний сабоқни берган, айримларга қуръон оятларини тушунишда ёрдамлашган Фотима отин ҳақида ҳикоя қилинади.

Ўзбекистон каналининг журналисти қалбни титратувчи мусиқа фонида Фотима отинни “фош” қилади.

Кўрсатувда айтилишича 1960 йили туғилган Фотима Абдуллажонова Тошкент вилоятида яшайди ва муқаддам судланган.

“Аслида Фотима Абдуллажонова ўзининг диний билими етарли бўлмасдан, бирор олий муассасани битирмасдан туриб одамларга ниманидир ўргатишни касб олганлар тоифасидан”, – дея файласуфлик қилади журналист.

Аслида гап ҳозир журналистика андозаларию, далилсиз маломат қилишнинг инсонийликка ҳам ётлиги тўғрисида эмас. Лекин, бу ҳам ёзишга арзирли мавзу…

Кўрсатувни томоша қилганларнинг кўпчилиги ижтимоий тармоқларда ўз хайратларини яширишмаган. У нима гуноҳ қилибди ўзи? Одамларга қуръон ўргатса ёмонми?- дея сўрашади.

Hasina Yakub исмидаги ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси эса ўз фикрини шундай билдиради:

“Товба, нима қилишибди бу аёллар. Қуръон ўқишни ўргатиш шунчалик гуноҳ ишми. Бунақа кўрсатувларни тайёрлашни ўзига касб қилиб олишган. Ёлғонларни тўплаб, тўқиб чиқариб одамларнинг ҳаётини ўйинчоқ қилишади. Буларни таниганлар борми? Етказиб қўйишса савоб бўларди. Оллоҳдан қўрқишсин, бегуноҳ инсонларнинг ҳаёти билан ўйнашмасин. Бу аёлларни ва бунга ўхшаганларнинг ҳаётига қаттиқ таъсир қилади.”, – деб ёзади у.

Яна бир ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси Раъно Ғозибоева эса “Фотима аяни бир бешик тўйида кўрганман. Жуда чиройли қироат билан ” Нисо ” сурасини ўқиб мазмунини айтдилар. Доно, ақлли, илмли аёл. Бирорта сиёсатга боғлиқ гап эшитмаганман. Бугун эшиттиришни кўрдим. Бу олиманинг битта айби бор. Қуръонни аёлларга ўргатган. Стол устида фақат Қуръон китоблари ва Хазратимизнинг Тафсирлари турибди. Ва 1000000сум атрофида 1000 сумлик пул.  Хазрат китоблари жамламаси 2 дона турибди. Хазратнинг китоблари 500000сум туради, менимча кимдир бир-бирига китоб олди-берди қилган.

Шу нарсаларга сиёсий тус бериб ва ТВга чиқариб муҳокама қилиш шартмиди?

Президентимиз ёшлар ўртасида қуръон мусобақалари ўтказиш, диний ислом марказларининг фаолиятини жадаллаштириш тўғрисида гапирганда тележурналистларнинг бундай саёз эшиттиришлари нима мақсадда тузилганини тушунмадик.

Анвар қори аканинг гапларига хайрон қолдим, бу ишни пулга боғлаганларига, бу тухмат!!!

Анвар домла, ассалому алайкум!

Сизни яхшилаб танидик . Ёлгон гувохлик ҳакида Қуръон нима деганини биз ҳам биламиз.

Энди навбат Сизга ўхшаган уламоларимизга. Улар ҳам бир ўзларининг фикрларини билдиришсин. Бир танишайлик.

Фотима опа мабодо хато қилган бўлсалар хукумат бизга ўхшаган авом халк учун уларни кечирсин.

ТЕЛЕЖурналистларга бир тилагим бор, сизни христианча ёки буддийларча кўмишсин ва ўша пайтда бирорта куръон тиловат қилувчи топилмасин”, деб ўзининг норозилигини билдирган.

Яна бир тармоқ фойдаланувчиси Зиёвуддин Раҳим “кўрсатувини кўра туриб бир қанча саволлар туғилди”, деб ёзади ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари билан ўз фикрларини шундай бўлишган:

  1. Хўп, улар ноқонуний диний таълим олишаётган экан. Нега унда қонуний диний таълимни йўлга қўйишмайди. “Қуръон ўқишни ўрганаман, диний таълим оламан”, деган одам қаерга бориши керак? Қайси расмий отинойи ёки имом Қуръондан дарс бермоқда? “Менга илм беринг”, деб борсангиз, ҳамма ўзини олиб қочади. Олий маъҳад, Хадичаи кубро деб гапни айлантирмайлик, чунки у ерга қанча одам қабул қилиниши кундай равшан. Ҳатто битта маҳалланиям эҳтиёжини қондиролмайди мазкур ўқув юртлари.
  2. Нега ҳижобли аёллар фақат қора кадрларда, ёмонлаб кўрсатилади? Нега бошқа пайтларда расмий отинойилар кўрсатилмайди?!.
  3. Инглиз тилини ўргатадиган репититор ҳар соатига фалон пул олса майли-ю, Қуръон ўргатган одам пул олса бўлмайдими? Нима, унинг рўзғори, оиласи йўқми?.
  4. Аёллар тўпланиши қарши чиқилмоқда. Хўп, шундай экан, нега ит эгасини танимайдиган тўйларда, фаҳш ботқоғига ботган дискотекаларда, ҳар хил ошхоналарда аёллар тўпланиши ҳақида гапирилмаяпти. Нима, фақат диний таълим олиш учун тўланиш жоизмасми?!.

Бу кўрсатув холисликдан йироқ, деб биламан. Тўғри, илм талабидаги инсонларда айрим камчиликлар бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Лекин пашшадан фил ясаш ҳам шарт эмас. Мақсад кимнидир, кимларнидир ёмонлаб кўрсатишмас, муаммони ҳал қилиш бўлиши керак аслида. Юртимизда диний таълимга бўлган эҳтиёж қондирилмас, расмий диний таълим курслари, марказлари очилмас экан, бундай ҳолатлар яна такрорланаверади. Аввал омма мусулмонлар учун расмий диний таълим марказларини очиб қўйиб, кейин “норасмийлар”ини қораланса, инсофдан бўлади, назаримда.

Аудиолар