Петиция: Ўзбекистон пахта секторида мажбурий меҳнатни тугатишнинг зарурати тўғрисида 

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Бу мурожаат орқали биз Сиздан жорий 2017 йилда талабалар ва давлат муассасалари ишчи-хизматчиларини мажбурий равишда пахта йиғим-теримига жўнатишнинг олдини олишни сўраймиз.

Ҳар йили пахта мавсуми бошланганида юз минглаб ўзбекистонликлар ғайриихтиёрий равишда фермерларга пахта теришга ёрдамлашиш мақсадида далаларга жўнатилади.

Пахта теримига сафарбар этиш ҳашар деб аталади. Яъни одамлар қўшимча маблағ ишлаб олиш мақсадида пахта далаларида кўнгилли равишда меҳнат қилишини назарда тутади. Аммо аксарият ҳолларда талабалар, таълим ва тиббиёт соҳалари ходимлари ўқишдан ҳайдалиш ёки ишдан бўшатилиш шаклидаги жазо таҳдиди остида пахта теришга мажбурдир.

Ўзбекистон қонунчилигида ва Ўзбекистон ҳам қўшилган халқаро шартномаларда жазо чоралари қўллаш таҳдиди билан ҳар қандай ишни бажаришга мажбурлаш тақиқланган.

Талабаларнинг ота-оналари уларнинг олий ўқув юртига ўқишга тайёрланиши ва кириши учун жуда катта маблағ сарфлайди. Талабалар аҳолининг мамлакатимизни модернизация қилишга кўмаклашиши керак бўлган энг ўқимишли қатламидир. Сиз ўзингиз ёшларнинг камол топиши ҳамда уларнинг Ўзбекистон манфаатлари ва фаровонлиги йўлида етарли даражада таълим олиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш кераклиги тўғрисида кўп гапиргансиз.

Аммо ҳақиқат шуки, ҳар ўқув йили бошланиши билан талабалар пахта теримига жўнатилади. Бу вақтда эса уларнинг бошқа мамлакатлардаги тенгдошлари аудиторияларда билим олади ҳамда ўз давлатининг ривожи ва тараққиётини жадаллаштиради. Талабалар учун пахта йиғим-терими йилига 2 ойгача давом этади. Бу вақт ичида ёшларимиз ўзларининг келажакда эгаллайдиган касби учун зарур бўлган тўлиқ таълимни олиш имкониятини йўқотади. Бўлажак шифокорлари, муҳандислари ва ўқитувчилари далада малака талаб этмайдиган ишлар билан банд бўлган мамлакат таълим биринчи ўринга қўйилган давлатлар билан рақобат қила олишига ишониш қийин.

Пахта теримида иштирок этиш мажбурияти таълим сифатига нафақат салбий таъсир этади, балки ёшларнинг соғлиғи ва бахт-саодатига ҳам зарар етказади. Таълим ва тиббиёт каби муҳим соҳалар қишлоқ хўжалигидаги ишлардан озод этилиши зарур.

Ўзбекистонда кўнгилли равишда пахта териши мумкин бўлган, доимий иш билан банд бўлмаган кишилар етарли. Лекин бунинг учун фермерларни мажбурий равишда пахта топшириш режасидан озод этиш керак. Улар пахта терими учун кишиларга ўзини ва оиласини боқишига етадиган ҳақ тўлаш имкониятига эга бўлиши лозим.

Кўнгилли теримчиларнинг меҳнати самаралироқ бўлишига шубҳа йўқ. Чунки улар ўз меҳнати билан кўпроқ пул топиш учун теримга чиқади. Ишсиз аҳолини муносиб ҳақ эвазига пахта теримига жалб этиш қишлоқ жойларда турмуш шароитлари яхшиланишига ижобий таъсир этади, кўплаб меҳнат муҳожирларини ватанга, ўз оиласи бағрига қайтишга ундайди.

Биз Сизнинг Ўзбекистонда ислоҳотлар ўтказишга оид чақириқларингизга умид билан қараяпмиз ва ёшларга эътиборингизни қадрлаймиз. Юз минглаб кишиларни ярим феодал кўринишдаги меҳнат мажбуриятидан озод этиш ислоҳотларни фақат қоғозда эмас, балки амалда ўтказиш йўлидаги собитқадамлик бўлади.

Бу қадам нафақат мамлакат ичкарисида, балки унинг ташқарисида ҳам ижобий қабул қилинади, Ўзбекистон ва ўзбек пахтасининг жаҳон бозоридаги имижини яхшилайди.


www.change.org сайти орқали сиз ҳам ўз имзойингизни қўйиб, Ўзбекистондаги мажбурий пахта меҳнатини тугатилишини талаб қилинг ҳамда бунга биргаликда эришинг!

Аудиолар