Пойтахтда Миллий боғ бузиб ташланадими? Профессор бунга қарши

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 сентябрдаги қарорига кўра, пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ўрнида «замонавий ҳамда юқори технологияли маданият ва истироҳат боғи» қурилиши режалаштирилаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Манба: kun.uz

60 миллион долларга баҳоланган лойиҳа инвестори «Stargate Systems» МЧЖнинг концепциясига кўра, реконструкция қилинган ва замонавийлаштирилган янги боғ ҳар куни 10 минг нафар ташриф буюрувчига хизмат кўрсата олади.

Майдони кўл билан бирга 20,79 гектарни ташкил қилувчи боғ аҳоли, биринчи навбатда, ёшларнинг «юқори сифатли, жаҳон стандартлари даражасидаги маданий-маърифий хизматларга» бўлган эҳтиёжини қондириши лозим, дея таъкидланади қарорда.

Маълумотларга кўра, эртадан Миллий боғ ёпилади. 1 октябрга қадар боғ ҳудудидаги бинолар бузилади, аттракционлар олиб ташланади. 1 ноябрда эса, боғнинг шу ҳудуди узоқ муддатли ижара учун инвесторга берилади. Ижара муддати лойиҳа якунлангандан кейин 49 йилга тенг бўлади. Янги боғ 2021 йилнинг 1 январь кунигача фойдаланишга топширилиши керак.

Замонавий боғда амфитеатр, рангли фаввора, аттракционлар ва ҳордиқ чиқариш учун бошқа кўплаб кўнгилочар объектлар қурилади. Жумладан, боғда иккита «Америка тепаликлари» аттракциони, иккита болалар автодроми, интерактив поезд, лабиринт, сёрфинг билан шуғулланиш учун сунъий тўлқинли сув иншооти, шунингдек тўртта қўлга ўргатилган дельфин иштирокидаги шоу-дастур учун дельфинарий очилиши кутилмоқда.

Сиёсий  фанлар доктори ва психология фанлари номзоди, профессор, Жаҳон иқтисодиёти  ва дипломатия университетининг Музокаралар лабораторияси мудири ва Амалий дипломатия кафедраси профессори, Фавқулодда ва Мухтор Элчи Алишер Омонуллаевич Файзуллаев ўзининг Facebook’даги саҳифасида ушбу боғ қурилиши билан боғлиқ мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Алишер Навоий номидаги Миллий боғ ўрнида барпо этиладиган «юқори технологияли маданият ва истироҳат боғи» ҳақида

Ростини айтаман: бу лойиҳа менинг кўнглимни жуда хира қилди. Ҳозир жаҳоннинг бирор жойида шаҳар ўртасида бундай катта аттракционлар қурилмаяпти. Таклиф этилган лойиҳа шаҳар чеккасида қурилса, уни қўллаб-қувватлардим. Миллий боғ мақомига эга, жамоатчилик соҳили бўлган, шаҳар учун тарихий яшил гўша ўрнида нафақат аттракционлар ва дельфинарий, балки йирик савдо мажмуаси ҳам қурилиши кўзда тутилмоқда. Яна қайтараман, шаҳар чеккасида, қандайдир бўш ётган ер топиб, ўша ерни ободонлаштиришганда бошқа гап эди.

Океан ёки денгиз бўйида барпо этиладиган дельфинарийни тушунса бўлади. Бироқ бу ерда қандай қилиб қуришмоқчи — тушунарсиз. Дельфинлар қандай сувда яшайди, бу ерда танқис бўлган сув қандай янгиланади, бунга қанча сув кетади? Ҳисоб-китоблар борми? Сувдан фойдаланиш учун тўлов қай тариқа амалга оширилади?

Ҳаммасидан ҳам, кунига 10 минг нафар ташриф буюрувчи дегани — шаҳар марказида, боз устига, аэропортга олиб борувчи бош кўчада йирик тирбандлик келтириб чиқарилишини англатади. Бу муаммо қандай ҳал этилади?

Болалар темирйўлига ҳам ачинасан киши — бу ҳам шаҳар тарихининг бир қисми, кўплаб инсонларнинг болалик хотираси ҳисобланади. Миллий боғда ҳар куни сайр қилувчи қариялар нима қилади? Уларнинг манфаатлари нима бўлади, бугунги боғни яхши кўрадиган кўплаб шаҳарликларнинг манфаати-чи? Шаҳар ўртасида яшил боғга эга бўлиб, катта аттракционлар ва савдо марказларини шаҳар чеккасида қурган маъқул эмасми? Бу лойиҳа Тошкентда кўп йиллик дарахтлар кесилишини англатмайдими?

Бир пайтлар Тошкент марказида ажойиб боғ бор эди — Горький номидаги парк. Унинг ўрнида шаҳар ҳокимлиги қад ростлади. Гўзалликда ундан ҳам қолишмайдиган пионерлар боғи бўларди — унинг ўрни собиқ давлат раҳбарининг идорасига бўшатиб берилди. Бизни яна навбатдаги парк зонаси йўқотилиши кутмоқдами?

Кўплаб инсонларнинг ҳаётига дахл қилувчи бундай лойиҳалар жамоатчилик муҳокамаси ва синчковлик билан ўтказилган эксперт ҳисоб-китобларидан сўнг амалга оширилиши керак. Инсонлар ҳаммасидан бохабар бўлишлари учун экспертиза хулосаларини нашр этиш керак. Сиёсий партияларимиз, экологик ҳаракат, парламентчиларнинг муносабатлари қани? Улар бу муҳим масала борасида қандай фикрда?

Бир қалам тортиш билан Миллий боғни йўқ қилиш ва уни тижорат лойиҳаси учун бериб юбориш — шаҳарликлар ҳаёти учун ёмон оқибатларга олиб келувчи, ўйланмаган қадам ҳисобланади. Лойиҳанинг тарафдорлари ва унга қаршилар ўртасида тўғридан-тўғри теледебатлар ўтказилсин — бу жамоатчилик онги даражасини оширади ва тўғри қарорга келишда ёрдам беради ва умуман, миллионлаб инсонларнинг ҳаётига дахлдор бундай йирик  ишлар тегишли халқ референдумидан сўнг бажарилиши керак. “Халқ билан мулоқот йили”да халқ билан маслаҳатлашишса бўларди.

Тошкент марказидаги Миллий боғ чиндан ҳам янгиланишга муҳтож. Бироқ буни ҳар томонлама пухта ўйлаб, жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиб, Лондондаги Ҳайд-парк, Нью-Йоркдаги Марказий парк ёки Токиодаги Ҳибия парки сингари энг намунали жаҳон паркларидан андоза олиб амалга ошириш лозим. Боғда велосипед йўлкаси барпо этиш, унинг ўсимлик дунёсини бойитиш, янги ва уникал дарахтлар ва гуллар экиш, унга янги ва жозибали ландшафт дизайнини жорий этиш керак. Бундай боғ гўзаллик, сокинлик ва табиат билан уйғунлашиш гўшаси бўлмоғи керак, асло шовқин-суронли аттракционлар ва савдо майдонлари жойи эмас.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Президентни маддоҳлардан асраш керак!

Депутат Олимжон Тўхтаназаров Ӯзбекистон Либерал-демократик партияси кейинги пайтларда ялтоқликка ҳаддан ташқари ружу қӯймоқда. Бизнингча халқ орасида ҳеч қандай нуфузга эга ...

Ўзбек миллий мақом санъати маркази ташкил этилади

Ўзбек миллий мақом санъати маркази ташкил этилади. Бу ҳақда 2017 йил 17 ноябрь куни эълон қилинган “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари ...

Бошқирдистонда 6 нафар ўзбекистонлик аёл ис газидан заҳарланди

Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги (Россия) Бош консулхонаси маълумотига кўра 2019 йил 4 майдан 5 майга ўтар кечаси Бошқирдистон Республикаси Нуримонов туманида олтита аёл ис ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400