У. Бакиров: Кечаги хавотиримиз, бугун ўз тасдиғини топди

Кеча, 18 сентябрь оқшомида президент Мирзиёевнинг Тошкент аэропортидаги “сирли” сафари ҳақида биринчи бўлиб камина, “БУГУН ПРЕЗИДЕНТ АҚШга ЖЎНАБ КЕТДИ, ЛЕКИН…” номли мақола ёзгандим.

Мақола Улуғбек Бакировнинг “Фейсбук”даги саҳифасидан олинди

Унда президент самолёти ва Тошкент аэропортидаги ғайритабиий вазиятга шама қилиб, ўзимнинг хавотир ва гумонларимни батафсил қаламга олгандим.

Мақолам эълон қилинганидан икки соат ўтар-ўтмас ватандаги ишончли ва ҳурматли бир дўстимиздан шахсий хабар олдим.

Унга кўра, Шавкат Мирзиёев АҚШга Ўзбекистон Президентининг давлат учоғида эмас, балки россиялик таниқли ўзбек миллиардери Алишер Бурҳонович Усмоновнинг шахсий “BOURKHAN” (“Бурҳон”) самолётида учган.

Бу хабар нечоғлик асосли эканлигини тасдиқлаш мақсадида, интернет орқали “BOURKHAN” учоғи айни пайтда қаерда эканлигини дўстимиз аниқлаган. Маълум бўлишича, мазкур самолёт Тошкент вақти билан 00:24 да Канада замини устида парвозда бўлган.

Шундан кейин мен АҚШдаги ҳамкорларимизга алоқага чиқиб, президент ҳозир қаердалигини аниқладим. Жараёндан тўла хабардор дўстимиз маълумотига кўра, ўша пайтда президент Мирзиёев Нью-Йоркка катта делегация билан келиб бўлган.

Лекин, президент учоғи қўнган Жон Кеннеди номидаги халқаро аэропортга Америка ОАВ қўйилмаган. АҚШдаги журналистлар Ўзбекистон президентини аэропортда на ўзини, на учоғини кўриша олмаган…

Шундан сўнг, яна бошқа манбадан олган хабаримга кўра, Алишер Усмонов ҳам Нью-Йоркка учиб келаётган бўлган. Лекин, бу маълумотни аниқлашнинг имкони бўлмади…

Бу каби аралаш маълумотлар ҳамда турли манбалардан етиб келган бошқа ажабтовур хабарларни кеча тунда дарҳол эълон қилишни ўзимга лозим топмадим. Бироз вазият ойдинланишини кутдим. Ҳайриятки, узоқ кутишимга ҳожат қолмади.

Бугун, 19 сентябрь куни “Ўзбекистон 24” канали вазиятга ойдинлик киритди.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиш учун Нью-Йорк шаҳрига етиб борди.

Сурат Ўзбекистон 24″ канали намойиш этган видеолавҳадан олинган;

Давлатимиз раҳбарини Жон Кеннеди номидаги халқаро аэропортда Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм кутиб олди”, деб хабар қилди, “Ахборот” дастури.

“Ахборот” бу видеолавҳасида Ш.Мирзиёевни кадрда фақат 2 сония кўрсатди, холос. Кадрда президент аэропортда ўзини кутиб олган хонимга катта гулдаста беради ва президентнинг орқа фонида одатдаги каби бутун бошли самолёт кўрсатилмайди-да, унинг ўрнига фақат учоқнинг двигатели кўрсатилади. Самолётнинг кадрда кўрсатилган бу двигатели “BOURKHAN” учоғининг двигателига айнан ўхшаш рангда (оқ ва жигарранг)дир (қуйидаги фотосуратлардан кўришингиз мумкин).

Маълумот ўрнида: Ўзбекистон Президентининг давлат учоғи двигателининг ранги кўк, яъни, байроғимизнинг мовий рангида бўлиб, айнан шу ҳаво лайнерида президент Мирзиёев хорижга сафар қилади (президент Каримов ҳам шу учоқдан фойдаланган). (фотосуратга қаранг)…

Ҳозир маълум бўлишича, ҳаво лайнерлари парвозини кузатиш мумкин бўлган “flightradar24” сайтига кўра, радарга Airbus A340-313 самолёти тушган ва у M-IABU коди билан қайд этилган. Бу коддаги учоқ Алишер Усмоновга тегишлидир.

18 сентябрда Тошкент аэропортидан маҳаллий вақт билан соат 09:19 да парвозга кўтарилган самолёт 13 соату 5 дақиқа тўхтовсиз учиб, Нью-Йоркнинг JFK (Жон Кеннеди) номидаги халқаро аэропортига етиб қўнган.

“M-IABU” кодидаги IABU ҳарфлари “Мен Алишер Бурхонович Усмонов (I’m Alisher Burkhanovich Usmanov -инг.) деганини англатади.

Хуллас, Ўзбекистон телевидениеси кечадан бери яшираётган “сир”ни ўзлари бугун фош қилди. Бу мақоламни ёзаётган вақтда ушбу “сир”дан жуда кўпчилик воқиф бўлди ва ижтимоий тармоқларда, аллақачон, мунозаралар бошланиб, ҳозирда қизғин тус олган… Бор гап шу.

Энди президентнинг мамлакатга қайтишини Ўзбекистон ТВси қандай ёритади? Ш.Мирзиёевни Тошкент аэропортида кимлар кутиб олади? Бу гал президент ўтирган учоқ қандай “яширилади”?

Президентнинг АҚШга сафарини кузатишда давом этамиз…

Алишер Усмоновнинг шахсий “BOURKHAN” самолёти;

Хулоса ўрнида:

Хўш, агарда анъанавий ўзбекча зеҳниятдан келиб чиқиб, “Шунга ҳам шунча ваҳима-ми?! Президент эсон-омон АҚШга етиб келибди ва яна соғ-саломат ватанга қайтиб келса бўлди-да”, қабилидаги ёндашувларга жавобимиз бор.

Албатта, биз ҳам шуни истаймиз. Илоҳим, президент соғ-саломат сафарларини яхши ўтказиб қайтсин. Мазкур сафари олдидан ҳам шундай эзгу тилаклар билан мақолалар ёзганмиз. Биз ҳеч кимга асло ёмонлик тиламаймиз. Боз устига, давлатимиз раҳбарига.

Бу гапларни нимага ёзяпман? Сабаби, айрим соддадил юртдошларимиз туркум мақола ва фикрларимизни нотўғри тушунишиб, мавзуни бошқа кўчаларга тортишмоқчи бўлади. Табиийки, ўзлари тушунмаган ҳолда.

Аввало шуни айтишимиз керакки, президент якка тартибдаги шахсий киши эмас. У – Давлат раҳбари!

Ҳар қандай мамлакатда Давлат раҳбарининг ҳар бир қадами ва ҳаракати ўзи овоз бериб сайлаган халқи қаршисида шаффоф ҳолда кўриниши керак. Айниқса, президентнинг ташқи ва ички сиёсатда тутган муҳим ўрни ва фаолиятини Халқ ҳамиша билиши лозим ва шарт!

Давлат раҳбарининг иш фаолиятида бирор бир жиҳат шунчаки ўз-ўзидан бўлмайди. Ҳар қандай ҳаракатининг орқасида ҳам муҳим ва жиддий сабаблар туради.

Бу сабаблар, ижобий ёки салбий бўлишидан қатъий назар, нафақат президентга, балки бутун бошли халққа, мамлакатга у ёки бу ҳолда, ўз таъсирини ўтказмасдан қол-май-ди!

Шунинг учун ҳам ҳар ким давлат раҳбари бўлолмайди. Давлат раҳбарининг ҳаёти ва фаолияти оддий одамларникидан кескин фарқ қилади. У ҳатто, ўз лавозимидан кетганидан кейин ҳам умрбод давлат назоратида бўлишининг аҳамияти ҳам шундадир…

Жавобсиз саволлар:

  • Президент нима учун ўзининг давлат учоғида АҚШга учмади?
  • Алишер Усмонов Шавкат Мирзиёевга ўзининг шахсий самолётини совға қилдими ёки вақтинчалик фойдаланишга ижарага бердими? Бунга сабаб нима?
  • Президентнинг давлат учоғига нима бўлди?
  • Президентнинг хавфсизлиги бугун қай даражада ҳимояланган?
  • Бу “иш”ларнинг орқасида яна қандай сирлар бўлиши мумкин?

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ота-она ажрашса фарзанд кимда қолади?

Келиним хиёнат қилганлиги сабабли ўглим ажрашмоқчи. Ўртада бола бор. Хиёнаткор аёлга боласининг тарбиясини ўғлим ишонмаяпти. Бундай холатда бола отада коладими? Фото:Мир в ...

Қуддусдаги тўқнашувларда 40 га яқин фаластинлик жароҳатланди

Қуддусда фаластинлик намойишчилар ва Исроил кучлари ўртасидаги тўқнашувда камида 42 киши жароҳатланди. Уларнинг 20 дан ортиғи шифохонага етказилганини Фаластиндаги Қизил Ярим ...

Жамшид каримов: шавкат мирзиёев билан кўп учрашганман (интервью, 5-якуний қисм)

Ислом Каримовнинг жияни Жамшид Каримов билан суҳбат (5-якуний қисм) Азиз ўқувчилар! Мана ўтган уч ойдан бери Ўзбекистонга 27 йил раҳбарлик қилган президент Ислом Каримовнинг ...