Мирзиёев нега Алишер Усмоновнинг самолётида учди?

Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг самолётида сафар қилиши унинг давлат раҳбари сифатида қанчалик мустақил экани борасидаги саволларни пайдо қилган. Ўзбек расмийлари ҳозирга қадар Президент хорижий ташрифни ўзга давлат фуқаросининг хусусий лайнерида амалга оширгани ҳақидаги хабарларни тасдиқлашмаган, рад ҳам этмаганлар. Давлат раҳбари нега Президент бортида учмагани юзасидан расмий изоҳ берилмаган. Би-би-си текшируви Мирзиёев 18 сентябр куни Нью-Йоркка Усмоновга тегишли Airbus A340-313 самолётида сафар қилганини кўрсатган.

Мақоланинг асли  bbc.com/uzbek сайтида эълон қилинган

Айрим таҳлилчиларга кўра, Мирзиёевнинг қарори унинг шахсий хавфсизлиги ва Ўзбекистонда ҳануз давом этаётган ҳокимият ўтиш жараёнидаги ички курашлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Мамлакат ичкариси ва ташқарисида Президент Мирзиёев билан қудратли хавфсизлик хизматлари раҳбари Рустам Иноятов ўртасида зимдан рақобат мавжуд, деган фаразлар юради. Хориждаги ўзбек мухолифатига кўра, Иноятов Мирзиёев бошлаган ислоҳотларга қарши ва уларни саботаж қилишга уринмоқда. Аммо буларнинг ҳаммаси фаразлар, холос. Хўш, бу фаразлар қанчалик асосли? Би-би-си Москвадаги МДҲ институтининг Марказий Осиё бўлимидан таҳлилчи Андрей Грозин билан суҳбатлашган.

Андрей Грозин: Агар Мирзиёев ҳақиқатан ҳам АҚШга Алишер Усмоновнинг самолётида учган бўлса, бу ҳали қандайдир узоққа борадиган сиёсий ёки геополитик хулосалар чиқариш учун етарли эмас. Бу шунчаки бир фараз. Балки бу ҳақиқат, балки-да ҳақиқатмасдир. Мирзиёев билан МХХ раҳбари ўртасидан қора мушук ўтгани ҳақидаги гаплар анчадан буён юради. Бу ҳақда экспертлар, таҳлилчилар ёзишмоқда. Эҳтимол, уларнинг қўлида қандайдир ахборот бордир, эҳтимол йўқ. Бу ҳақда фақат тахмин қилишимиз мумкин, холос. Фикримча, ўзаро рақобат ҳақидаги фаразлар ҳақиқатдан йироқ. Чунки Иноятов Мирзиёевнинг ҳокимиятга келишида қандай рол ўйнаганини унутмаслигимиз керак. Бу ҳақда кўпчилик гапирмаяпти. Иноятовнинг тўғридан-тўғри ва фаол дастагисиз бир йил аввал Ўзбекистонда ҳокимият бошига бутунлай бошқа одам келиши мумкин эди. Модомики, бир йил аввал Иноятов-Мирзиёев тандеми норасмий бир шаклда бўлса ҳам, мавжуд бўлган экан, мен шахсан бир йил ичида вазиятнинг тубдан ўзгаришига ишонмайман. Менимча, Мирзиёев ҳукуматдаги одамларни, жумладан, куч тизимларини ҳам қониқтиради. Ҳозирча биз миллий хавфсизлик тизимида Иноятовнинг манфаатларига зарба бериши мумкин бўлган ёки уни кучсизлантирадиган бирон-бир кадрлар ўзгаришига гувоҳ бўлмадик. Иноятов Каримовга ўхшаган мураккаб раҳбарнинг қўл остида шунчалик узоқ вақт ишлаганининг ўзиёқ унинг босиқ ва сиёсий авантюраларга бормайдиган шахс эканини кўрсатади. Ўз навбатида, Мирзиёев ҳам жуда эҳтиёткор, ўйлаб иш қиладиган ва эҳтимолий хавфлардан ўзини ихоталашга ҳаракат қиладиган одам. Албатта, ўтган бир йил анча силлиқ кечди, аммо мен ҳали ҳокимият ўтиш жараёни ниҳоясига етди, деб айтмаган бўлардим. Ҳали ечилиши керак бўлган муаммолар кўп ва Мирзиёев бу каби вазиятда таваккал қилади, деб ўйламайман. Унинг учун Иноятов билан тандемни ўз қўли билан йўқ қилиш хавфли бўлиши мумкин. Назаримда, бундай таваккалчилик Мирзиёевнинг табиатига хос эмас. Бу Иноятовга ҳам керакмас, деб ўйлайман.

Би-би-си: Сизнингча, бу Кремлнинг одами сифатида кўриладиган Алишер Усмоновнинг Мирзиёев ёки Ўзбекистон раҳбариятига таъсири нуқтаи назаридан нимани англатади?

Андрей Грозин: Усмонов ҳам анчайин прагматик одам. Буни унинг бизнесмен сифатидаги таржимаи ҳоли ҳам айтиб турибди. Мен Усмоновнинг ҳозирги Ўзбекистон раҳбариятига таъсирини бўрттирмаган, айни пайтда Тошкентнинг аввалги раҳбариятига таъсирини ҳам камайтириб кўрсатмаган бўлардим. Унинг таъсири аввал қандай бўлган бўлса, ҳозир ҳам шундай. Рост, Москвадаги экспертлар доираларида Мирзиёев Россияга яқин ёки Каримовдан кўра яқинроқ одам сифатида кўрилади. Аммо бу анчайин шартли ва Усмонов ёки Маҳмудов ё-да бошқа бировнинг хизмати эмас. Менимча, Мирзиёев анча мустақил одам. У россияпараст ҳам, ғарб ёки хитойпараст ҳам эмас. У, таъбир жоиз бўлса, ўзбекпараст.

Би-би-си: Ҳозирга қадар Мирзиёевнинг ислоҳотлари ва кадрлар ўзгариши Иноятовнинг идорасини асосан четлаб ўтмоқда. Бу Президентнинг Миллий Хавфсизлик Хизматига эътирози йўқлигини англатадими?

Андрей Грозин: Расмий ваколатлари нуқтаи назаридан Иноятов президентдан кичикроқ одам, албатта. Аммо унинг ҳукумат ва бошқарувга таъсири ҳануз катта, деб ўйлайман. Менимча бориб-бориб Мирзиёевнинг атрофида Иноятовга ўхшаган катта фигуралар қолмайди. Айтайлик, ҳозир тахмин қилинаётгани каби ислоҳотларга қаршилик қилиши ёки уларни савол остига олиши мумкин бўлган. Худди Каримов билан бўлгани каби. Ёдингизда бўлса, ўз вақтида Исмоил Жўрабеков ҳам шундай фигура эди. У ҳақда Каримовни ҳокимиятга олиб келган ёки уни ҳокимиятда ушлаб турган қудратли шахс сифатида гапирилган. Аммо вақт ўтган сари унинг ваколатларини қисқартиришди ва 1990-йиллар охири, 2000-йилларга бориб, сиёсий саҳнадан сиқиб чиқарилди, жимгина нафақага юборилди. Менимча, Иноятов билан ҳам шундай бўлади ва унинг ўрнини Мирзиёвга боғлиқ ва унга садоқатлироқ, президент бошқариши осонроқ бўлган шахс эгаллайди. Албатта, бу жуда секин, вақт ўтиши билан юз берадиган жараён. Ўзбекистонда ҳокимиятнинг табиати шундайки, элита экспериментларни ва кескин ҳаракатларни ёқламайди. Унинг ичида нималар бўлаётганини билиш ҳам қийин. Бу ҳақда фақат тахминлар қуриш мумкин, холос. Аммо ўтган бир йил ичида ҳокимият учун курашларнинг юзага чиқмагани, ташқаридан кўриш мумкин бўлган омилларнинг бўй кўрсатмагани менимча, яхши ҳолат ва бундан кейин ҳам жараёнлар тинч, осойишта кечади, деб умид қилишга асос беради.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Сайлов яқин. депутатларнинг жонланишида жон бор

Халқ таълими вазирлиги махсус мактабларни танқид қилиб чиққан депутатга раддия берган (). “Миллий тикланиш” партиясининг раиси ва Қонунчилик палатаси депутати Сарвар ...

“тадбиркорни ҳимоя қилиб, балиқларни қирилиб кетишдан асрайлик”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил  8 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан ўтказилган тантанали ...

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ шуҳрат ғаниевга берилган синов муддати бошқа мансабдор шахслар учун ҳам ибрат бўлишини маълум қилди

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ Фарғона вилояти ҳокимининг тармоқларда тарқалган нутқига муносабат билдирди. Фарғона вилояти ҳокимининг ижтимоий тармоқларда тарқалган ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400