Ӯзбекистонда интернет тезлиги – асабият кушандаси

2017 йилнинг 7 август куни интернетга уйга уланиш мақсадида пойтахтдаги “Uzonline”  компаниясининг Бош офисига бордим. Оператордан “Uzonline” компаниясининг хизмат турларига оид маълумотларни олдим ва тариф турлари битилган рисолача билан батафсил танишиб чиқдим.

Дӯстларимнинг маслаҳати ва ӯз танловимга қулоқ тутиб,  “Active NEW” тариф режасини танладим ва шартга кӯра 1 ой учун 55 минг сӯм олдиндан ҳақ тӯладим. Мазкур трафик тарифига кӯра 1 Мб 15 сӯм, 1 ой учун 12500 Мб ажратилган, интернет тармоғига кириш тезлиги эса 2 Мбит/секундгача.

Компания билан ӯртамизда шартнома имзолангандан кейин оператор-ходима уйимизга узоғи билан 1 ҳафта муддат ичида техник ходимлар келиб, интернетга улаб кетишини билдириб, шартномага  уяли ва уй телефон рақамларимизни ёзиб қӯйди. Бу орада Wi-Fi сотиб олишимиз кераклигини маслаҳат қилди. Мен ушбу ускунани сотиб олишни бир ҳафтага чӯзиб юрмасдан тез орада харид қилдим. Бироқ орада 1 ҳафта вақт ӯтса-да, компаниянинг техник ходимларидан ҳеч қандай дарак бӯлмади.

Ноилож, буюртма топширганимизга 10 кун ӯтгач шартномада кӯрсатилган ягона телефон рақам – 1084 га қӯнғироқ қилдик. Ушбу телефонга жавоб берган ходим 290-12-12 телефонига қайта қӯнғироқ қилишимизни билдириб, гӯшакни қӯйди. Бу рақам орқали жавоб берган ходим эса бизга тегишли барча маълумотлар шартномада қайд қилинганига қарамасдан яна такроран уй манзилимиз ва телефон рақамларимизни сӯраб ёзиб олди ва уйимизга келишдан олдин телефон қилишларини билдириб хайрлашди.

Орада 2 кун вақт ӯтса-да, улар бизга на телефон қилди ва на уйимизга келди. 22 август куни мен яна 1084 рақамига, сӯнгра уларнинг жавоби асосида яна 290-12-12 телефон рақамига қӯнғироқ қилдим. Бу сафар 290-12-12 телефони орқали жавоб берган аёл киши эндиликда 290-21-70 телефон рақамига қӯнғироқ қилишимизни билдириб гӯшакни жойига қӯйди.

Мен айтилган рақамга қӯнғироқ қилиб, телефон орқали жавоб берган ходимга вазиятни батафсил тушунтирдим. Яна ӯша ҳолат. У ҳам такроран телефон рақамимиз ва уй манзилимизни сӯраб,  ёзиб олди ҳамда уйимизга келишдан олдин телефон қилишини билдириб хайрлашди.

Орадан ярим соатча вақт ӯтгандан кейин уяли телефонимга худди шу рақамдан қӯнғироқ бӯлди. Исми-шарифи менга номаълум бӯлган йигит ярим соат ичида уйимизда бӯлишини, аммо ӯзида машина йӯқлиги туфайли таксида келишини шаъмали тарзда такрор ва такрор айтди.

Мен ҳам бӯш келмадим. Асабларим таранглашди. “Самолётда келсангиз ҳам келинг, мен хизматларингиз учун ҳақ тӯлаб қӯйганман”, дедим. Йигит такроран “тагида машинаси йӯқ”лигини айтиб гӯшакни қӯйди. Мен ҳам унга бошқатдан телефон қилиб безовталамадим. Аммо уни уйда шу куни кечгача кутдим, бироқ келмади.

23 август куни Uzonlineнинг Бош офисига раҳбар билан учрашиш ва вазиятни тушунтириш мақсадида бордим. Эшик олдидаги қоровулдан раҳбар қабулига кириш учун рухсат сӯраётганимда унинг ёнида турган  киши раҳбар ҳам, ӯринбосар ҳам йӯқлигини билдириб, ӯзини Бош муҳандис деб таништирди ҳамда менинг барча саволларимга ӯзи жавоб беражагини маълум қилди.

Мен ӯз навбатида унга шу кунгача бӯлиб ӯтган барча воқеалар ҳақида гапирдим. 7 августдан шу кунгача, яъни қарийб 16 кундан бери Интернетга улана олмаганимни, техник ходимлар телефонда ваъда беришдан бери келмаганини, тагида машинаси йӯқлигини рӯкач қилганлигини очиқ-ойдин айтиб, унга қӯлимдаги шартномани ва ундаги саналарни кӯрсатдим.

Бош муҳандис Мажид Дадашев шу заҳотиёқ кимгадир телефон қилиб, мендан уй манзилимни сӯраб, унга етказди. Гӯшакни қӯйгач, техник ходимнинг менга кечгача телефон қилиб, уйимизга боришини билдирди.

Шу пайтгача уларнинг уйга техник ходим юбориш учун уй манзилимни сӯрайверганидан хафсалам пир бӯлиб улгургани туфайли Бош муҳандисга гапларига у қадар ишонмаётганимни, агар ижозат берса раҳбариятга учрашганимни тасдиқлаш учун уни расмга олиб қӯйишимни, бориб тех ходимларига кӯрсатишимни дангалчасига билдиргандим, бирданига унинг тепа сочи тикрайиб, жаҳл отига миниб, “мен билан бошқача гаплашажагини, менга нималарнидир кӯрсатиб қӯйишини” айтиб ӯшқира кетди.

Мен ҳам бӯш келмадим. Қанақасига бошқача гаплашишини, нималарни кӯрсатиб қӯйишини жойида талаб қила бошладим. Бош муҳандис эса бинодан чиқиб кетишимни талаб қилди. Чиқмадим. Бошлиқларнинг келишини, уларни кутишимни ва раҳбарлар олдида “бошқача гапларини” ошкоралашига эришишим ҳақида огоҳлантириб, аксинча Бош муҳандиснинг хонасига кириб ӯтириб олдим.

Мажид аканинг пайтавасига қурт тушди. Мулозамату манзират йӯлига ӯтди. Парво қилмадим. Раҳбарлар келмагунча кетмаслигим қатъийлигини билдирганимдан кейин ноилож Бош директор ӯринбосари Сиёвуддин Саидазимовни чақиртирди. Ӯринбосарга ҳам барча воқеа-ҳодисалар билан бирга Бош муҳандиснинг муомала маданиятию дӯқ-пӯписалари ҳақида Мажид Дадашевнинг кӯз олдида гапирдим. Раҳбар ӯринбосари директор Шуҳрат Шоюсуповнинг мажлисда эканини, йӯл қӯйилган камчиликлар ҳақида раҳбарга хабар беражагини билдириб, узр сӯради ҳамда телефон орқали техник ходимга ярим соат ичида бизникига келишини топширди.

Дарҳақиқат, уйга етиб борганимда техник ходим эшигимиз олдида мени кутиб турган эди.

Бу гапларни келтиришдан кӯзда тутилган мақсад ӯзимнинг бетгачопарлигимни, урушқоққа айланганимни кӯрсатиш ёки ӯзимдан қаҳрамон ясаш эмас, балки Ӯзбекистонда интернет хизматидан фойдаланишдаги дастлабки “тезкорлик”ларни, уйга интернет улаш учун 1 ҳафтадан 3 ҳафтагача вақт кетишини, раҳбарларнинг мижозлар билан муомаладаги “тезкорлик”ларини, юқори ташкилотларнинг оддий халққа нисбатан ҳар хил дӯқ-пӯписалар қӯллашларига ҳалигача барҳам берилмаганини, Uzonline чиларнинг замон билан ҳамнафас одимлашга интилмаётганларини, компаниянинг рекламаларида кӯрсатилган  интернет тармоғига кириш тезлиги 2 Мбит/секундгача эмас, бундай “тезлик” баъзан 10-15 минутгача чӯзилаётганини, баъзан эса ҳатто очман қӯйишимни ҳам мумкинлигини, Интернетдан фойдаланиш асабият кушандасига айланаётганини, интернетнинг ниҳоятда суст ишлаётганини, антеннанинг “рақсга мойиллигини”, бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермаслигини, ҳаддан ташқари қимматлигини, компаниянинг юлғичликларини, ӯғирликларини, ҳақимизга қилаётган хиёнатларини ва бошқа омилларни рӯйи-рост кӯрсатишдан иборатдир.

Uzonlineга 23 августда уланганимиздан шу кунгача бир неча бор мурожаат қилишимизга тӯғри келди.

Мурожаатларимиз боиси шуки, интернетнинг ора-сирада 5-6 соатлаб ишламай қолаётганини, муддати якунланмасдан туриб ӯчириб қӯйилаётганини билдиришдир. Бу сафар ҳам 30 сентябрда ӯчирилиши керак бӯлган интернет 19 сентябрда ӯчирилди.

Сентябрь ойи бошида тӯлаган қӯшимча ҳақимиз ва 30 сентябргача бӯлган 11 кунлик пулимиз тармоққа киришни ярим соатлаб кутаётганимизда ҳавога совуриляптими ёки Uzonline чиларнинг чӯнтагига бориб тушяптими, билолмай андармонмиз.

Шу тариқа шартнома шарти  қӯпол равишда бузилмоқда. Бунинг учун компания билан судлашиш керакми ёки осонгина хизматидан воз кечиш керакми, буни ҳам билолмай ҳалакмиз.

Эҳтимол, Uzonline  Бош муҳандисининг мен билан бошқача гаплашиши, менга кӯрсатиб қӯймоқчи бӯлган нарсаси шудир.

Муаллиф: Рўзибой Азимий

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистон банкларида одамлар сумкаларда пул билан навбатда турибди

Ўзбекистондаги банкларда одамлар сумкалар билан навбатда тургани айтилмоқда. Хабарингиз бор кеча, 20 августдан банклар аҳолига доллар сота бошлади. Шундан сўнг бугун ...

Ўзбекистон умумтаълим мактабларида янги ўқув йили 4 сентябрдан бошланади

Ўзбекистон умумтаълим мактабларида янги 2019−2020 ўқув йили 4 сентябрдан бошланади, дея хабар қилди Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати. Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон ...

Ўзбекистонда шифокорни қасддан алдаб чақирган фуқаро 669 000 сўмгача жарима тўлайди

Шифокорни чақириш шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлганда амалга оширилади. Ушбу хизматдан туну кун фойдаланиш мумкин.  Шифокорни шошилинч равишда чақириш учун ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400