Минг афсуски, асрлардан бери бизнинг жамиятда мазлумлар ҳимояси учун курашиш бошқа халқлар каби ривожланмаган. Нафақат ривожланмаган, балки бундай тизим зеҳниятимизда йўқ, десак ҳам янглишмаймиз. Агарда бор бўлганда, Машраблар осилмаган, Чўлпонлар, Фитратлар сотилмаган, Қодирийлар отилмаган бўларди. Ҳаттоки, шоҳ ва шоир Бобурмирзо каби буюкларимиз ҳам бу юртдан бош олиб кетмаган бўларди.

Бугун сизни мақтаб, кўкка кўтарганлар, эртага бошингизга иш тушса, биринчилардан бўлиб сизни бадном қилишади. Омадингиз келган чоғда дастурхонингиздан ош еганлар, эрта бир кун ночор аҳволга тушганингизда бошингизни ейди. Бизга четдан душманни ҳеч кераги йўқ. Ўша тоғларда юрган террорчилардан ҳам хавфли душманлар, бу ўша бошингизни ейдиган маддоҳ ва лаганбардор тулкилардир.
Ҳар бир миллатнинг зиёлилари – халқнинг ойдинлари, йўл кўрсатувчилари бўлади. Афсуски, Чор истилоси пайтидаа ҳам, коммунистлар даврида ҳам ўша зиёлиларимиз ичидан чиққан хоинлар асл миллат ойдинларини амал, мансаб, шуҳратпарастлик каби ўткинчи нарсалар учун ўз миллатдошини, ўз қондошини сотганлар.
Яна минг афсуски, мустақиллик йилларида ҳам, ҳозир ҳам шундай хоинлар яшаб келяпти. Мазлумларни ҳимоя қилган ва қилаётган инсонларни қадрлаш, уларни ҳеч бўлмаганда маънан қўллаш ўрнига, уларга тинмай тош отилади, “халқ душмани”, “ватан хоини” каби турли тамғалар ёпиштирилади.
Дўст билан душманни фарқига бормаган қавм манқуртлигича қолаверади. Аслида ҳақиқий миллат хоинлари, халқ душманлари ўша халқнинг бойликларини талаган, уларни қон қақшатган, порахўрлик ва товламачиликка ружу қўйган бир ҳовуч пасткаш амалдорлар эмасми?! Уларни жавобгарликка тортиш, жазолаш ўрнига, уларга сажда қилаётган оломондан яна нима кутиш мумкин?!
Ҳақиқий ватанпарварларга, миллат ойдинларига эса кун йўқ. Уларнинг кўплари зиндонларда йўқ қилинди, айримлари чет элларга сургун қилинди.
Мана энди Ўзбекистонда янги ҳаёт, янги ислоҳотлар бошланяпти, деб умид қилиб, куни кеча Туркиядан Ўзбекистонга қайтган атоқли ўзбек ёзувчиси, таниқли адиб Нуруллоҳ Рауфхон домлани Тошкент аэропортида қўлларига кишан солиб, қамоққа олишди. Бугун эса “Ўзбекистон” радиоканали собиқ ходими, таниқли журналист Назрулло Охунжонов Туркиядан Украинага сиёсий бошпана излаб келгани ортидан ҳибсга олинди. Бир-биридан даҳшатли бундай хабарлар менга яна худди ўша машъум 37- йилларни эслатяпти.
Ўзбекистон қамоқхонларидаги шунча мазлумлар кам эдими, бугун яна миллат ойдинларини қамаш бошланди. Кеча ёзувчини, бугун журналистни қамашди, эртага яна ким қамалади?!
Президент Мирзиёев бир гапни гапирса, ортидан унинг акси бўляпти. Яқинда Остонада Ислом дини ривожи ҳақида маъруза қилган куннинг эртасига Тошкентда Фотима отин ёмон отли қилиниб, ойнаи жаҳонда сазойи қилинди. Кеча Америкада юртдошларимиз билан учрашган президент, ватанга қайтинглар , деган куннинг эртасига ўз она ватанига қайтган Рауфхон домлани мамлакат остонасидан қўлига кишан солиб, қамоққа ташлашди. Ҳаттоки, кутиб олгани чиққан оиласи билан саломлашишга изн беришмади.
Президент тинмай Имом Бухорий, Термизийларни тилга олиб, қачон бу юртдан яна Бухорийлар, Термизийлар чиқади, демоқда. Ислом дини равнақи ҳақида бот-бот маъруза қиляпти. БМТ минбаридан туриб ҳам Бухорийни алоҳида таъкидлаб ўтди. Нуруллоҳ Рауфхон каби зиёлиларимизни қамаш, уларни таҳқирлаш тўхтамас экан, бу юртдан яна Бухорийлар чиқиши амримаҳол, жаноб Президент, деган бўлардим.
Улуғбек Бакиров
журналист