Ўзбек тилидаги дарсликлардан кўнглингиз тўладими?

Мени Тожикистондаги ўзбек мактабларида таълим олаётган ўқувчилар тақдири, келажаги, билим савияси ташвишга солади. Бундай дейишимнинг сабабларидан бири – ўқишга, тузукроқ илм эгаллашга  яроқли дарслик китобларининг танқислиги ва борларининг ҳам сифатсизлиги…

Устозимиз, таниқли тилшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Абдували Бердиалиевнинг ҳалол меҳнати самараси бўлган “Ўзбек тили” дарслик китобларининг нашр этилгани барчамиз учун қувонарли ҳол, албатта.

Аммо, ўзбек мактаблари учун бугунги кунда чиқарилган ва чиқарилаётган бази фанлар дарсликлари хусусида бирор ижобий фикр айтиш қийин.

Яширинча, таниш-билишчилик тарзида, тўғрими, эгрими, бир-бирининг фикрини маъқуллайдиганлардан таркиб топган “дарслик яратувчи” гуруҳлар кирдикори, ғаразгўйлиги хусусида бир қанча газеталарда танқидий ва баҳсталаб фикрлар эълон қилинганига қарамай, уларнинг мушугини “пишт” дейдиган, ўзининг холис фикрларини мутасадди маҳкамалар, қолаверса, жамоатчилик билан баҳам кўрадиган бирор мард ўзбек зиёлиси ҳанузгача топилгани йўқ.

Ҳалол, иймонли, оқ-қоранинг фарқига борадиган дўстларимиз, устозларимиз ҳам афсуснамо бош чайқашдан нарига ўтолмаяптилар…

Гоҳида ўйланиб қоласан киши. Бугунги кунда тузукроқ дарслик китоблари яратиб беролмасдан, фарзандларимиз келажагини “бутаётган” болтанинг сопи – ўзимиз бўлиб қолмаяпмизмикин?!

Масъул вазифада ишлайдиган бир танишимизнинг: “Агар менинг фарзандларим ушбу дарсликларни ўқиб, “таълим” оладиган бўлса, уларни умуман ўқитмаганим бўлсин!”–деган қарорга келгани, юзлаб  ўқитувчиларнинг чиқарилган дарсликларга ҳақли равишда эътироз билдираётгани ва яна қанчадан-қанча “боласи кўчада қолмаганлар”нинг норозиликлари ҳамда бу борада бир неча суҳбатдошларим билан олиб борган суҳбатларимиз фикримнинг ёрқин далилидир.

Суҳбатдошларимдан бири, тарих фани ўқитувчиси, Халқаро Журналистлар конфедрацияси аъзоси Мирзо Ҳамдам Азизмуродовнинг сўзлари қуйидагича: “Мактабларимиздаги ўқувчиларнинг билим савияси, менимча, ўқитувчидан ташқари, дарсликка ҳам чамбарчас боғлиқ. Дарсликлар эса, биз ўйлаганчалик эмас.

 Келинг, шундай экан, мактабларимиздаги тарих фани дарсликларига бир назар ташлайлик. 5-синф “Тожик халқи тарихи” дарслиги жуда мураккаб ёзилган. Унда ўқувчиларнинг ёш хусусиятлари ҳисобга олинмаган. Ўзим шу синф дарслигидаги 12-параграфдан ўқувчиларга дарс ўтдим. Катта мавзу: “Каёнийлар. Бронза асри”. Сарлавҳа остида эса “Онашоҳликдан оташоҳликка ўтиш”, деган кичкина мавзу ҳам қорароқ қилиб ёзиб қўйилган.

Мен мавзуни ўтиб бўлгач, ўқувчиларимдан бири савол берди: “Устоз, оналар ҳам қадим замонда шоҳ бўлганми? Оташоҳлик қачондан бошланган?”

Ўқувчи қизнинг ушбу саволи жуда ҳам тўғри эди. Бироқ мавзуда бу ҳақда лом-мим дейилмаган (мазкур дарсликнинг 44-47 бетларини ўзингиз ҳам ўқиб чиқсангиз, бунга амин бўласиз).

Мавзуда асосан, бронза қуроллар, кулолчилик чархи ва арава ихтироси ҳақида ёзилган, холос.

Яна шу дарсликнинг 3-параграфида “Одамнинг пайдо бўлиши” мавзусида 13-бетдаги шундай жумлаларни келтираман: “… аммо, анатомлар, бу жиннитабиат бирор зинокор хотиннинг зурриёди бўлганлигини айтишади”, дейилган.

Ана энди ўзингиз фикр қилинг: 5-синф ўқувчиси учун юқорида келтирилган сўзлар тўғри келадими?”

Умуман олганда яратилаётган дарсликлар ўқувчи ёшини ҳисобга олиб, содда ва тушунарли маълумотлар бера оладиган қилиб яратилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Юз-кўзларида ачиниш ҳисси шундоққина зоҳир бўлиб турган яна бир суҳбатдошимиз бошланғич синф ўқитувчиси Толиб Умаров эса, шундай дейди: “Қаерга бормайлик, келажак-ёшларники, деб бонг урамиз-у, бироқ уларнинг келажаги учун қайғурмасак, яъни таълим олишлари учун тузукроқ дарсликлар чиқариб беролмасак, бу нима деган гап?!

Ҳозирда биз фойдаланаётган ўзбек тилидаги баъзи дарсликлар жуда мураккаб. Ҳатто уларнинг баъзи жойларида олийгоҳда ўтиладиган материаллар ҳам киритилган.

 Бу нарсалар ўрта мактаб ўқувчиларига оғирлик қилмайдими? Улар бу нарсаларга қандай қилиб тушунишсин!? Таржима жараёнида ҳам анчагина камчиликлар мавжуд. Агар шу аҳволда кетаверсак, фарзандларимиз келажагини қандай тасаввур қилишни ҳам билмаймиз”.

Тожикистондаги “тўртта” (балки, бештадир!) ўзбек бир-бирининг тилини тушуниб, ушбу заминда сўниб бораётган ўзбек маънавиятини, сал бўлса-да, жонлантиришидан, гуруҳбозлик, парокандаликдан тийилиб, бир-бирига тиш қайрамасликдан, аҳилликдан, холисликдан умид қилгандим. Аммо Тожикистондаги ўзбек маънавиятининг тақир, лалми ерига ақлу ҳуш осмонидан ёмғир эмас, дўллар, тошлар ёғиши ҳали-ҳамон давом этаётир.

Битта-яримта инсофли, қалами бор ёшлар ҳам ушбу “маданият бозори”даги ғала-ғовур, шовқин-суронлардан боши гангиб, иззатталаб, муфтхўр “муршид”лари пинжида жон сақлашдан ўзга чораси қолмаганга ўхшайди.

Эртага гўрда тик туришдан бехабар ҳолда, бугун тўрда тинчгина, улоқдан ғолиб қайтган чавандозлардай ёнбошлаб ётмайлик, АЗИЗЛАР!!!

МуаллифЗ.Тоштемиров

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Андижонда 15 яшар қиз ҳомиладор бўлди. қизларнинг бокиралиги текширилмоқда

Андижондаги 6-мактабда 9- синф ўқувчисининг ҳомиладор бўлиб қолиши ортидан шаҳар мактабларида қизларнинг бокиралигини текшириш кучайди. Бу ҳақда шу мактаб ўқитувчилари ва ...

Қозоғистонлик чегарачилар 5 нафар ўзбекистонликни музлаб қолишдан қутқариб қолди

Қозоғистон чегара наряди чегарани ноқонуний кесиб ўтаётган беш нафар ўзбекистонликни қўлга олди. Бу ҳақда “Дарё” нашри «Podrobno.uz»га асосланиб хабар бермоқда. Иллюстратив ...

Янгийўлда турар жойлар шошма-шошарлик билан бузилмоқда

Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрида «арзон» беш қаватли уйлар қуриш учун икки қаватли уйларни шошма-шошарлик билан бузишмоқда.  Бу ҳақда «Газета.uz»га таяниб «Дарё» ёзмоқда. ...