О! О! О! Беҳаё овозларни реклама қилаётган реклама

О! О! О! Сезган бўлсангиз, кейинги вақтларда шу ҳарфнинг обрўи ошиб кетди. Телевизор пултини қўлга олиб, қайси каналга тўғриламанг, чиройли қизлар, баъзан ўрта ёшли аёллар ҳам лабларини чўччайтириб, кўзларини чақчайтириб, шу ҳарфни такрорлашяпти.

Мақола hordiq.uz сайтидан олинди

Тўғри, уларнинг «О»ларини оддийгина «О» деб бўлмайди. Ўта ҳиссиётли тарзда ифода этилаётган «О»лар тўплами — «О-о-о-!» десак, тўғрироқ бўлади. Нега биз мақола аввалида бу рекламани эслаб қолдик? Чунки у четдан яхши ишланган, оригинал ғоя асосида суратга олинган рекламадек бўлиб кўринсада, ахлоқ меъёрларига тўғри келмайдиган яширин таъсири мавжуд.

Яширин таъсир кўрсатадиган реклама

Бу унли ҳарф кетма-кетлиги биринчи бор қулоғимга эшитилганда ҳам жуда хунук туюлганди. Бироқ буни ҳеч кимга сездирмадим: балки, фақат мен шундай тушунаётгандирман, аслида, унақа эмасдир, деб ўйлагандим. Аммо қулоғига хунук эшитилган фақат мен эмас эканман — худди шу эътирозни кўпчилик яқинларим ҳам эътироф этишди.

Улардан бири ҳатто аниқ-тиниқ қилиб: «Яқинда мана шу реклама ахлоқсизлиги туфайли танқидлар остида қолиб кетади», — деди. Мен мана шу танқидлар ёмғирини кутдим, бироқ ҳеч ким бу рекламанинг «мушугини пишт» дегиси келмади. Балки, уларнинг тили ёхуд қаламини ўзбекона андиша тутиб қолгандир. Мен ҳам айни шу андиша боис мақола ёзайми-йўқми, деб кўп иккиландим.

Зеро, олғир реклама берувчилар ёхуд шу рекламадан даромад кўраётган айрим телеканаллар ўзимни фикри бузуқ, ахлоқсизга чиқариб қўйиши ҳеч гап эмасди. Бу хавф ҳозир ҳам мавжуд. Ўзимни оқлаш учун эса қуйидагиларни қаламга олдим…

Қаловини топсанг…

Чет элда реклама қилинаётган маҳсулотнинг бозори чаққон бўлиши учун унга айрим яланғоч элементларни қўшишни яхши кўришади. Қаҳва ичаётган аёлнинг елкасидан ёпинчиғи тушиб кетади, ҳаммомда аёл хушбўй кўпикли совун билан чўмильади, шоколад ҳидли дезодорант сепиб олган йигитга лифтда қизлар «ҳужум» қилади ва ҳоказо.

Бу хил рекламанинг яширин тури ҳам мавжуд. Яъни турли ҳиссиётли овозлар, эҳтиросли қарашлар ёрдамида одамларни ўзига жалб этиш усули.

Гарчи Ўзбекистонда реклама берувчилар очиқ-ошкора яланғоч элементлардан фойдаланишга ҳадди сиғмасада, яширин эффектлардан фойдаланиш борасида устаси фаранг бўлиб бормоқда.

Мисол сифатида айни шу рекламани кўрсатиш мумкин. Яъни унда ҳайратни ифода этиши керак бўлган айрим қизларнинг «О»си очиқлик учун айбга буюрмангу, ишқий оҳ-воҳга ўхшаб кетган.

Бу эса аксарият турмуш қурган инсонларнинг сабр косасини тўлдирмоқда. Худди «Дизайн» жамоаси аъзоси Қобил Каримбердиев айтганидек, «Илтимос, бошқа каналга олайлик», деб юборгиси келади одамнинг.

Қўлида пулти борларнинг ўзи бошқа каналга олиб юборади. Мени бир нарса қизиқтиради: шу рекламани тайёрлаётганлар рольик тайёр бўлганда ўзи ҳам эшитиб кўрганмикин? Айрим қизлар овозидаги эҳтиросни сезганмикин ёки сезса ҳам билиб-билмасликка олганмикин?

Борингки, бу овозларни атайин қўшишганмикин телетомошабинларнинг онг остига таъсир кўрсатиш учун? Нима бўлган тақдирда ҳам бу рекламанинг тақдирини зудлик билан ҳал қилиш лозим. Иложи бўлса, экрандан бутунлай олиб ташлаш керак! Чунки агар андиша қилиб, бу ҳолатга кўз юмадиган бўлсак, кейинчалик ташкилотчилар андишанинг отини қўрқоқ билиб, бундан беш баттар рекламаларни бизга ҳавола этиши аниқ.

Бизга маҳсулотни харидоргир қилиш учун уятсиз усулларнинг кераги йўқ. Қаловини топганлар қорни ёндиришнинг ҳам уддасидан чиқяпти.

Масалан, юртимизда ишлаб чиқарилаётган вафли рекламасини кўринг, ширинлик тугул, унинг рекламаси ҳам барчага бирдек манзур бўлди.

Катта одамларнинг бола тилида вафлини мақтагани оригинал ғоя. Кўпчилик уни жон деб кўришини таъкидлади.

Қонунчилик нима дейди?

Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 25 декабрьдаги «Реклама тўғрисида»ги қонунининг 13 моддаси «Нотўғри реклама»га бағишланади. Унга кўра, «Ноаниқлиги, икки хил маънони англатиши, бўрттириб юбориши, яшириб кетиши оқибатида рекламани тарқатиш вақти, жойи ва усулига нисбатан қўйилган талабларни ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа талабларни бузиши натижасида рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитиши мумкин бўлган, шахсларга, шунингдек, давлатга зарар ва маънавий зарар етказиши мумкин бўлган реклама нотўғри (инсофсиз, билатуриб ёлғон) реклама ҳисобланади. Нотўғри реклама тақиқланади».

Энергетик ичимликлар рекламасига чеклов керак!

Реклама борасидаги оғриқли вазиятлардан яна бири энергетик ичимликларнинг зўр бериб мақталаётганлигидир. Ўзи шусиз ҳам ёшларимиз бу хилдаги ичимликларга тобора ўрганиб қолмоқда.

Айниқса, йигитларимиз. Яқинда бир кўргазмага боргандим, у ерда иштирок этаётган одамларнинг 90 фоизининг қўлида «Адреналине Руш» энергетик ичимлиги. Уларнинг бу фанатлигига айрим телеканаллар орқали мазкур ичимликнинг зўр бериб реклама қилинаётганлиги сабаб бўлгандир, балки.

Бу маҳсулотларнинг ўзи шубҳали, ростдан ҳам қувватга қувват қўшиши тўлиқ исботланмаган. Мен ҳар куни камида 2 3 та энергетик ичимлик ичадиганлардан фойдаси бор-йўқлигини сўрадим. Уларнинг жавоби жуда ғалати бўлди: «Бор, шекилли».

Демак, «Йўқ, шекилли» бўлиши ҳам мумкин. Уларнинг бирортаси савол берган заҳотим зудлик билан фойдаси борлигини қатъий таъкидлаб, ўзидан мисол келтирмади.

Шундай экан, рекламадаги иддаолардан ҳақиқат талаб қилиш вақти келмадимикин?

Рекламаси телеканаллардан тушмай келаётган яна бир энергетик ичимлик бу — «Зип». Реклама — даҳшат! Батарейка бир зумда заряд олиб, чирсиллаб кетади. Шунда экран ортидаги овоз: «Қувват керакми? «Зип» керак», — деб таъкидлайди. Болалигимизда бобо-бувиларимиз «Қувват керакми, катта-катта овқатингни е», дерди. Энди эса қувватга қувват қўшиш учун фалон пулга ичимлик сотиб олишяпти. Агар бувиларимиз бу янги одатимиздан хабар топишганида эди: «Шунинг пулига икки сих кабоб олиб е, кўрасан, қувватинг ошиб кетишини!» дейишарди. Ҳақиқат ҳам шуда!

Шу ўринда бир ҳақли савол туғилади: бундай фойдасидан зарари кўпроқ маҳсулотлар ҳақида телеканалларда жар солишдан маъно не? Энергетик ичимликлар рекламасини қачон чеклаймиз?!

Рекламанинг овози нега бир поғона баланд?

Одамнинг ғашига тегадиган яна бир жиҳат рекламалар овозининг ҳаддан ташқари баландлигидир. Маза қилиб, сериал кўриб ўтирсак, тўсатдан баланд овозда реклама бошланиб қоладию, қўлимиз беихтиёр пултни қидиришга тушади.

«Рекламани жойлаштириш тўғрисида»ги низомга кўра, «реклама заставкалари товушларини, телерадиоэшиттиришнинг овоз баландлигига нисбатан юқорилаш тақиқланади». Бироқ негадир бу қонун ижроси назорат қилинмаяпти.

Баланд овоз инсон руҳиятига таъсир этишнинг ўзига хос усули саналади. Реклама жойлаштирувчилар буни жуда яхши билади, шекилли, маҳсулот яхши кетиши учун қонунни ҳам четлаб ўтишга тайёр. Бироқ барча ноқулайлик яна ўша бечора истеъмолчи — телетомошабинларга тушади.

П/С: Балки, мен бироз ошириб юборгандирман, бироқ аксарият инсонлар шу фикрда бўлганлиги учун ҳам шу мавзуни кўтариб чиқдим. Зора, гап эгасига етиб бориб, мутасадди раҳбарлар реклама борасидаги эътирозларга эътибор қаратиб, керакли чора-тадбирларни кўришар.

Муаллиф: Озода ҲАЛИМОВА

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Европа иттифоқи мамлакатларида меҳнатга қанча тўлашади?

Европа иттифоқи мамлакатларида меҳнати энг қадрланадиган инсонлар — данияликлар ва люксембургликлар, деб ёзмоқда «Regnum». Австриянинг «Die Presse» газетаси Германия федерал ...

Дунё шодликлари йиғилса бутун,  дўстлар дийдоридан бўлолмас устун

        “Ўзбекистонда Тожикистон маданияти кунлари” тадбири юзасидан мулоҳазалар 1998 йилнинг ноябрь ойи кунлари эди. Мен пойтахтдан  Қашқадарёга ота-онамни кўриш учун борган ...

Чиқинди қутиларини қаерларга ўрнатиш керак?

Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” каналининг ёзишича қуйидаги жойларда мажбурий тартибда чиқинди қутилари ўрнатилиши лозим: –    кўп квартирали уйларнинг подъездига кириш ...