ХАЛҚАРО  СИЁСИЙ  МАЙДОНЛАРДА   ЎЗБЕК ТИЛИМИЗ  ҚАЧОН  ЯНГРАЙДИ,  ЁХУД  ЎЗБЕКИСТОНДАГИ  ХАЛҚАРО СИЁСИЙ  УЧРАШУВЛАР, ТАДБИР  ВА  АНЖУМАНЛАРДА  ДАВЛАТ   РАҲБАРЛАРИМИЗ  ҚАЧОН  ЎЗБЕК  ТИЛИДА  СЎЗЛАЙДИЛАР

(Ўзбек тили Ўзбекистоннинг Давлат Тили эканлиги ҳақидаги қонун қабул қилинганининг 28 йиллигига бағишлайман)

Миллий ўзлигимиз, фахр ва ифтихоримиз муҳрланган ушбу қутлуғ ва тарихий  санага осонликча эришилмаган эди. Оташин талаб ва ҳайқириқларга тўла оммавий митинглар, матбуотдаги мунтазам чиқишлар, тор ва кенг доирадаги  давраларда ҳаяжон билан бўлиб ўтадиган баҳс-мунозаралар, мавжуд ҳокимият раҳбарларига қўйилган кескин талаб, оммавий ишонч, интилиш ва ҳаракатларнинг  тотли меваси эди ушбу сана.

Орадан 28 йил ўтди. Аммо эришилган натижа ўз кўзланган самарасини бермади. Йиллар давомида бу буюк ишлар бошида турган оташқалбларнинг иштиёқлари ҳам аста – секин сўниб борди. Тўғрироғи, ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб қолди. Фақат ҳар йили 21 октябр санасидагина “бу кунга эришишимизда  айни бизнинг ҳам ҳиссамиз бор”, деб  қалбларидаги сўнай деб қолган қўрни, ҳовурни титкилаб, баъзургина фахрланиб,  эслаб қўйишади, холос.

Нима учун?! Нима учун “натижа” деярли фақат қоғоздагина қолиб кетди?! Ахир орадан икки йил ўтиб, Ўзбекистон энг муҳим тарихий воқеа Мустақилликка эришган эдику. Дунё харитасида  мустақил давлат сифатида пайдо бўлгач, тез орада ўз миллий байроғи, миллий  давлат герби, миллий мадҳиясини яратган ва қабул қилган мамлакат негадир энг муҳим жиҳат миллий тилга нисбатан муносабатини деярли ўзгартирмасдан бир пайтлардагидек қолдираверди. Давлат тузуми, давлат бошқарувини давлат тили бўлган ўзбек тилида юритишга тўла  амал қилинмади. Давлат тили ҳисобланмиш ўзбек тилига, она тилимизга нисбатан  эътибор давлат сиёсати даражасига чиқмади. (Бу ҳақда мен ўтган галги миллий тилимизга оид мақоламда ҳам айтган эдим.) Оддий мисол, мустақилликка эришганимизга 26 йил тўлибдию, аммо шу пайтгача ҳали бирон марта Президент Қабулида бўлиб ўтадиган халқаро сиёсий учрашувлар ҳеч бўлмаса, номигагина бўлсин ўзбек тилида олиб борилган эмас. Хўш, нима деб ўйлайсиз, ушбу учрашувларни кузатиб борган мамлакатимиз аҳолисига, айниқса ёшлар онгига бу ҳолат бора бора ўзининг қандай таъсирини ўтказади?! Ўзбек тилига, ўз она тилисига нисбатан ишончсизликни…  Давлат ҳокимиятининг сиёсий тилга нисбатан бу каби муносабати  ўз-ўзидан “ўзбек тилида сиёсат юритиб бўлмайди, ўзбек тили сиёсий тил талабларига тўла жавоб бермайди”, деган ноўрин тушунчаларни пайдо қилади. Бу масаланинг биринчи, ички, мамлакат ичкарисидаги ўзимизга боғлиқ томони. Яна масаланинг иккинчи томони ҳам борки, бу энди кишини бироз жиддий мулоҳаза юритиб кўришимизга чорлайди, яъни бу борада дунё ҳамжамияти биз ҳақимизда қандай фикр ва хулосага боради?! Табиийки, бу жиҳатимизга қойил қолиб, ҳавас ва ҳурмат билан қарашмайди. Бу эса ўз навбатида дунё миқёсида тутган сиёсий ўрнимизга қайсидир даражада ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.

Мен шу ўринда бу каби сиёсат юритиш ишлари ғаразли ниятда атайлаб уюштирилган деган фикрдан йироқман, албатта. Қолаверса, рус тили халқаро ҳамкорликлар борасида дунё тилларидан бири ҳисобланади. Бунинг устига, президент Ислом Каримов собиқ иттифоқ даврида ҳам узоқ йиллар фаолият юритгани туфайли сиёсий музокараларни рус тилида олиб борганда худди ўзини сувда эркин сузаётган балиқдек, гоҳ акула, гоҳ делфиндек ҳис қилаган бўлса, ажабмас. Аммо кўпчилик учун тушунарли тилку, деб рус тилини ташқи сиёсатда асосий ва ягона тил қилиб танлашимиз, миллий мустақиллигимиз талаб ва эҳтиёжларига  жавоб бермаслигини тан олишимиз керак.

Ўзингиз кўз олдингизга келтириб, тасаввур қилиб кўринг! Дейлик, халқаро миқёсдаги учрашувлар, хоҳлаган йўналишда, хоҳ у Россия, Америка, Англия, Франция, хоҳ Корея, Хитой, Япония, Ҳиндистон, Арабистон, ё Ўрта Осиё мамлакатлари билан бўлсин, Ўзбекистон томонидан ўзбек тилида олиб борилса, дўстона келишув, суҳбат, таклиф ва музокаралар учрашув чоғида ҳам ўзбек тилида, ҳам меҳмон томон тилида янграса, бу мамлакатлар ўртасидаги янаям самимий, ўзига хос яқин ҳамкорликка, ишончли дўстона муносабатларга хизмат қилмайдими?! Чунки миллий тил ҳар бир халқнинг, мамлакатнинг асосий юзи, асосий қиёфаси, унинг ўзлиги ва тарихини ифодаловчи, англатувчи асосий рамзи ва моҳияти ҳисобланади. Шунингдек миллий тил қайсидир маънода миллий герб, миллий мадҳия, миллий байроқ ҳам демакдир.

Худди ана шу ўринда халқаро сиёсий анжуманларда, халқаро сиёсий майдонларда давлат раҳбарларимизнинг ўзбек тилида сўзлашлари (!) маъруза қилишлари, ўзбек тилидаги (!) сиёсий чиқишларининг аҳамияти мамлакатимиз ҳаёти, тараққиёти ва келажагида нечоғли муҳим аҳамиятга эга эканлигини  қалбдан ҳис қилиш қийин эмас, албатта. Афсуски, Ўзбекистон мустақилликка эришгандан буён мана чорак асрдан зиёд вақт ўтди, аммо ҳали ҳануз халқаро анжуманлардаги давлатимиз раҳбарларининг чиқишларида бирон мартаям миллий тилимиз янграмади. Негадир бу жиҳат Ўрта Осиёдаги бошқа мамлакат раҳбарларига ҳам хос одат…

Энди юқорида келтирилган айрим мулоҳазаларга ойдинлик киритсак. Ўзбек тили сиёсий тил талабларига  тўла жавоб берадими?! Жавоб аниқ ва қатъий: ҲАР ТОМОНЛАМА ВА ТЎЛИҚ ЖАВОБ БЕРАДИ!!! Унда муаммо нимада?! Муаммо шу пайтгача она тилимизга, миллий тилимизга нисбатан муносабат анчайин қаровсиз қолиб кетганлигида.

Буюк соҳибқирон бобомиз Амир Темур ташқи сиёсат юритиш борасида Европа мамлакатлари томонидан ҳам тан олинган моҳир сиёсатчи эди. У ўнлаб мамлакатларнинг элчилари иштирокидаги сиёсий йиғинларни  турки тилда баралла олиб борган. Европа тилшунослари  миллий тилимизни ўрганишга Темур Хон даврида алоҳида эътибор қаратишган. Тинчликни сақлаш йўлидаги буюк хизматлари учун эса Европанинг бир қанча мамлакатларида соҳибқирон бобомиз шарафига ҳайкал ҳам ўрнатилган. Миллий тилимизнинг нечоғли бой, қадимий ва буюк тил эканлиги ҳақида яна юзлаб мисоллар келтириш мумкин.

Миллий тилимизга муносабат ўзлигимизга, миллий илдизимизга муносабатдир. Ёшларимизга миллий илдизимизни танитиб, англатиб, уларда миллий ўзлигимизга нисбатан муҳаббат, ҳурмат ва фахр туйғуларини ҳам тарбиялай олишни йўлга қўёлсак, бу гаплар мактаб дарсликларидаги шунчаки гаплар бўлиб қолмай, амалдаги давлат аҳамиятига молик  муҳим сиёсатлардан бирига айланолса,  бу — мислсиз маънавий кучни,  миллий ғурурни,  миллий руҳни уйғотадики, бугунги  ва келажакдаги тараққиётимиз гарови буларсиз пуч ва ҳар қадамда омонат бўлиб қолиши мумкин.

Қисқаси, давлат тилимизга нисбатан ҳурмат, ишонч ва эътиборнинг  давлат сиёсати даражасига чиқиши кечиктириб бўлмас даражадаги  долзарб ва энг муҳим масалалардан биридир.

 Барча азиз Ватандошларимни ва Она заминимиздаги жамики ўзбекзабон дўсту,  биродарларимизни ўзбек тилига давлат мақоми берилган ушбу буюк сана, қутлуғ айём билан чин қалбдан табриклайман!..  Она тилимиз, миллий Давлат Тилимизга бўлган ҳурмат ва муҳаббат бизни доимо  энг юксак мақсадлар ва марралар сари чорлайверсин!..

 Муаллиф: Дилфуза Лангар

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қозоғистонда 2018 йил ўзбекистон йили деб эълон қилинди

Бу ҳақда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги олий даражадаги музокаралар якуни бўйича хабар қилинмоқда. Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон етакчиси Нурсултон Назарбоев 16 сентябрь ...

Ўзбекистонда шифокорлар ва ўқитувчиларнинг ойлиги яна оширилади

Ўзбекистонда шифокорларнинг иш ҳақи 1 декабрдан 20 фоизга, келаси йил 1 апрелдан яна 15 фоизга оширилади.  Бу ҳақда молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов ОАВ вакиллари ...

Ўзбекистонда партиялар туссиз, бир-бирига ўхшаш бюрократик идоралар бўлиб қолган

Анча йиллар олдин, бакалаврни битиргандан кейинги илк йилларда бошим айланиб “Миллий тикланиш” партиясига иш қидириб бориб қолгандим. Бир кунлик амалиётдан сўнг мени марказий ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400