“Бу илтифот эмас, миллий адабиётни бойитиш!”

Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлари орасида узоқ йиллик узилишдан сўнг нафақат, иқтисодий, балки маданий соҳаларда ҳам алоқалар тикланмоқда. 2017 йилнинг май ойида Душанбе шаҳрида Ўзбекистон маданият кунлари, октябр ойининг иккинчи ўн кунлигида Тошкент шаҳрида Тожикистон маданият кунлари ташкил этилди. Иқтисодий алоқалардан мақсад аниқ, аммо маданий соҳалардаги алмашинувлардан асосий мақсад нима? Умуман, бошқа халқларнинг маданиятини ўрганиш нима беради?

Шу ва шу хусусдаги саволлар билан Тожикистон Халқ ёзувчиси Муҳиддин Хўжазодга мурожаат этдик.

–   Устоз Ўзбекистон ва Тожикистонда маданият кунлари ташкил этилганидан хабарингиз бор. Нима деб ўйлайсиз, адабиёт кунлари ҳам ташкил этилармикан?..

–Ажаб эмас…

Адабиёт ё маданият кунлари ўтказилишининг соҳа тараққиётига таъсири қандай?

– Таъсири катта, албатта. Собиқ Иттифоқ давридаги декадаларни қаранг. Декада бу республикалар орасида ўтказиладиган ажойиб тадбирлардан бири эди. Ана шу декадалар олдидан, фараз қилайлик маълум бир ойда Тожикистонда ўзбек адабиёти декадаси бўлса, нашриётлар, газета, журналлар ўзбек адиблари асарларини тожикчага таржима қиларди. Газеталардан тортиб то алоҳида китобларгача чоп этиларди. Совет иттифоқи тарқаб кетганидан сўнг анашу нарсалар, эзгу анъаналар орадан кўтарилди. Шунинг учун ҳам ҳар адабиёт ўз ҳолича ташлаб қўйилди. Бу нарса адабиётни юксакликка элтмайди, чунки чекланиш чекиниш, оламни кўриш эса оламни билиш, англашдир.

Бу нарса илтифот ёки салом-алик учун эмас, балки миллат адабиётини бошқа миллат адабиёти ёрдамида бойитиш учун муҳимдир. Бу нарса ёрдамида адабиётнинг юксак бир чўққига етиши осон бўлади. Агар ҳар ким ўз ҳолича қолса ва бир-биридан бехабар бўлса юксак чўққиларга етиш мушкил бўлади.

–Ўтган асрнинг иккинчи ярмида собиқ иттифоқ таркибидаги мамлакатларда кўплаб етук ижодкор ва санъаткорлар етишиб чиқишини маданий алоқаларда кўрасизми? 

– Ҳа, 60-70 йиллар нафақат Тожикистон ё Ўзбекистонда, балки бутун Совет иттифоқида адабиёт ва санъат тараққиёти йиллари бўлди. Бу урушдан сўнгги юзага келган бўшлиқдан сўнг қайта тикланган адабиёт эди. Урушда кўплаб ижодкорлар, санъаткорлар қурбон бўлиб кетдилар.

Айтайлик, эллик нафар ижодкор бўлса, беш нафари қолди… Ана шу бўшлиқдан сўнг 60 йилларда бир гуруҳ кучли ижодкорлар фавворадек юзага чиқдилар.

Тожик адабиётида Лойиқ, Мастон Шерали каби, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Одил Ёқубов, Қирғизистондан Чингиз Айтматов, умуман собиқ иттифоқнинг барча республикаларида кўплаб ижодкорлар етишиб чиқди.

Бу авлод урушга шахсан иштирок этмаган бўлса-да, оталар, акалар урушда турмушнинг барча оғирликлари оналар зиммасига тушган бир пайтда оналарга ёрдамчи сифатида чиқдилар. Улар турмушнинг оғир йилларини яшадилар. Бу авлоднинг дилида урушнинг дарду алами қолганди. Давру замон дарди уларни ижод оламига чиқариб, улар ижодкор бўлиб кетдилар.

Ижодкор учун собиқ тузум яхши эдими?..

– Биласизми, мустақиллик кутилмаган бир пайтда келди. Шунинг учун бир марттага адабиёту санъат оламида жимжитлик пайдо бўлди. Бирданига ҳазм қилолмадилар. Лекин бориб-бориб секин-аста имконият пайдо бўлди-ю, бир гуруҳ янги шоиру ёзувчилар чиқдилар.

Лекин уларнинг ижоди ҳам, аслида собиқ тузум даврида бошланганди. Шунинг учун ҳам хулоса қилиб айтиш мумкинки, адабиётга имконият Собиқ иттифоқ даврида ҳам маҳдуд эмасди, мустақилликда эса янада эркинроқ бўлди.

Мустақилликнинг аввалида бир марттага қасидабозлар юзага чиқдилар. Лекин мана аста-секин ҳаммаси ўз ўрнига тушиб боряпти. Ҳақиқий ижод давом этаяпти.

Яна бир нарсани қайд этиш лозимки, мустақилликда тожик адабиётида ҳамзабон халқлар, жумладан Эрон, Афғонистон адабиёти билан ҳамкорлик кучайди.

Кейинги йилларда публитсистик асарларни бадиий адабиёт намунаси сифатида эътироф этиш ҳоллари тез-тез учрамоқда. Умуман, адабиётнинг жамиятдаги вазифаси нимадан иборат ва адабиётнинг публицистикадан фарқи нимада?

– Публисистика ёки журналистиканинг вазифаси бу ўз давру замонининг оинаси, кўзгуси бўлиш. Шу ҳаётда нима бўлса, шуни олиб ўз ҳолича кўрсатиш, ёритиш. Бу журналистнинг вазифаси. Ёзувчининг вазифаси эса, нисбатан оғирроқ. Бу ҳақида Чингиз Айтматов жуда чиройли айтади. Таниқли адиб журналист ҳаётнинг биринчи қаватини кўради. Кучли журналистлар жуда нари борса иккинчи қаватига оз-моз ўтади. Ёзувчи эса ҳаётнинг тўртинчи, бешинчи қаватини кўра олиши лозимлигини таъкидлайди.

Буюк ижодкорлар табиатан ўзининг кучли ва чуқур тафаккурига, дидига эга бўлиши лозим. Унинг бу диду тафаккури ҳеч қачон ўз замонаси билан юз фоиз тўғри келмайди. У ўз замонидан ҳам чуққурроқ қарашларга эга бўлиши лозим. Ана шунда унинг асарлари узоқ яшаб қолади.

– Бугунги бозор иқтисоди шароитида ҳақиқий бадиий адабиёт мухлислари камайиб бораяпти. Бунинг оқибати қандай бўларкан?

Тўғри, бу ҳолат мавжуд. Бир сўз билан ёшларни айблаш осон, аммо ижодкор, ёзувчи муаммонинг илдизи, сабабини ҳам билмоғи, қидириб топмоғи лозим.

Аввало қайд этиш лозимки, мустақилликка эришдик, XX асрдан XXI асрга ўтдик, жаҳон тамаддунига қўшилдик, фан ва техникада мисли кўрилмаган тараққиётга эришдик. Табиийки, бу ҳолат бизнинг фикру ёдимизни банд этди, тафаккуримизга ўз тасирини ўтказди.

Аллақачон, илгариги каби уйнинг бурчагида ўтириб, сандал четида бир романни икки кунлаб ўқишга имкониятимиз йўқ. Биз икки соат давомида телевизорда шу романни кўриб, унинг мазмун моҳияти билан танишишимиз мумкин.

Шунинг учун ҳам техника-технологиялар, қулайликларни қабул қиламиз, аммо биз буларнинг ҳаммасини таҳлил қилиб, хулоса чиқара олмоғимиз лозим. Масалан, буни фойдаси бу қадар, бунисиники бунча… Лекин ҳаммасидан фойдалироғи китоб мутолаасидир.

Катта суръатда кириб келаётган оммавий маданият таъсирида миллий маданият йўқолиб бормасмикан?

– Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида бир ғаюрлик пайдо бўлганди: рус маданияти кириб келди, Европа маданияти кириб келди, деб қайғурардик. Аммо ҳозир ҳам, рус маданияти таъсири камайган бўлса-да, юзлаб бошқа тиллар, бошқа халқлар маданияти кириб келмоқда.

Лекин бунда ҳам инсон қудрати ҳаммасини қисман қабул қилиб, аввалги ўринда миллий маданиятни асраб қолишга етади. Ҳар ким ўз миллий маданиятини яхши билса, бошқа халқлар маданиятини ўрганиши осон кечади.

Лекин ўз маданиятини ўрганмай туриб, бошқа маданиятга интилса, у ўз миллий шахсиятини йўқотади. Миллий маданият илдизидан узилади. Муаллақ одам мисол қолади. Оиласига, халқу Ватанига меҳру муҳаббати қолмайди.

Ҳозир кўчада европача кийим кийиб, қулоқларига мусиқа эшитгичлар тақиб юрган болаларни қайси миллат вакили эканлигини билиб бўлмайди. Улар болалигиданоқ интернатсионал бўлиб улғаймоқда…

Сиз тожик насри яловбардорларидан бирисиз. Замонавий тожик адабиёти, хусусан насрнавислигининг бугунги ҳолати ҳақида гапирсангиз?

-Мустақилликка эришганимиздан сўнг адабиётимизни бошқа форсий тиллар адабиёти билан эркин солиштириш имконияти пайдо бўлиши билан маълум бўлдики, замонавий тожик шеърияти замонавий афғон ёки эрон шеърияти даражасида эмас. Лекин насримиз Эрон адабиётининг кечаги ва бугунги адабиётидан кам эмас. Нима учун? Чунки, биз 70 йил давомида рус адабиёти ва рус адабиёти орқали жаҳон адабиёти насридан хабардор эдик. Шеъриятимизда эса, ҳақиқатдан ҳам узилиш пайдо бўлди.

Бошқа жиҳатдан, биз рус адабиётидан кўп нарса ўргандик. Бу адабиётнинг сотсиалистик адабиёт деб қоралашди ҳам, лекин бундаги реализм муҳимдир. Реализм бошқа-ю, нақл бошқа. Шарқ адабиёти нақлнависликдан иборат бўлиб, унда тасвир йўқ эди. Бу нарса бизга Европадан келди. Агар замонавий Эрон адабиётини кузатсангиз кимки Европа адабиётини яхши ўрганган бўлса асарларида реализм, тасвир кучли, кимки мумтоз адабиётга суянган бўлса, унинг асарларида нақлнавислик етакчилик қилади. Бизда ҳам Садриддин Айнийгача бўлган адабиёт ривоят, нақлнависликдан иборат эди. Айнийдан кейинги ёзувчилардан Пўлод Толис, Фазлиддин Муҳаммадиев асарларида реалистик тасвир кучли.

Ўзбек ва тожик адабий алоқалари ва бу икки халқ адабиётининг ўзаро таъсирини қандай баҳолайсиз?

Аслида тожик ва ўзбек адабиёти, хусусан насрнавислиги илдизлари бир-биридан унча узоқ эмасди. Биз кейинроқ Чингиз Айтматовни нафақат қирғиз адиби, балки ўзимизнинг ёзувчидек қабул қилганимиз каби бир пайтлар Абдулло Қаҳҳорни тожик адабиёти намояндаси сифатида ҳам билардик. Аммо бориб-бориб бу икки адабиёт бир-биридан узоқлашди…

Собиқ иттифоқ даврида кўплаб ўзбек ёзувчилари тожик ёзувчилари асарларини, тожик ёзувчилари ўзбек ёзувчилари асарларини таржима қилишарди. Шу йўл билан тожик ўқувчиси ўзбек, ўзбек ўқувчиси тожик адабиёти намуналари билан яқиндан танишарди. 60 йилларда бир гуруҳ тожик ёзувчилари асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб “Лола сайри” номи билан китоб ҳолида нашр этилганди. Бу Пўлод Толиснинг бир ҳикояси номи, китоб ҳам шу ном билан чоп этилганди…

 Кейинги вақтда вақтли матбуот нашрлари орқали тожик адабиётидан қилинган янги таржималарга кўзимиз тушаяпти…

–Тўғри, бу ишлар бутунлай тўхтаб қолгани йўқ. Олдинроқ мен ҳам бир неча ўзбекзабон адиблар, жумладан Суғд вилоятидаги ижодкорлар асарларини ҳам тожик тилига таржима қилгандим.

–Тожикистондаги ўзбекзабон ижодкорлар орасида халқ назарига тушганлари талайгина. Сизнингча, улар орасида Халқ ёзувчиси ё шоири унвонига муносиблари борми?

–Агар бир тарафдан олсак, бор. Фараз қилайлик, Ўлмас Жамолнинг икки адабиёт пайвандчиси сифатидаги хизматлари ҳар қандай унвонлардан юқори туради.

Ҳа, раҳматли устоз Ўлмас Жамол икки халқ дўстлиги йўлида кўп ва хўп хизмат қилдилар.

… Ўлмас Жамол ўзбек ё тожик деган сўзга сиғмас, у икки халқ вакили эди.

– Устоз, суҳбатимиз интихосида сўнгсўзингиз бўлса, марҳамат…

–Бир пайтлар декадаларда мавжуд бўлган эзгу ананаларимизни ҳозир газета, журналлар, интернет сайтлари қисман бажариб келмоқда…

Мустақил Тожикистонда ўзбек тилидаги газетанинг чоп этилиши ёки Ўзбекистонда тожик тили ва адабиёти ўқитилишининг ўзи мамлакатда яшайдиган миллатларнинг эътироф этилишидан гувоҳлик беради. Кошки, бошқа миллат вакиллари ҳам истиқомат қиладиган бошқа мамлакатларда ҳам шундай газеталар чоп этилса, уларнинг тили, адабиёти, маданияти ўрганилса.

 Суҳбатдош Озод Мелибоев 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Эврил турон: мустақиллик қаҳрамони (давоми)

ТАХТИ ҚОРАЧИ ДОВОНИ (иккинчи қисм) Шуни алоҳида урғу билан айтаман. Чингизхон ва унинг бола-чақалари, қисқаси, авлодлари мўғилчани билмаганлар. Хат-саводларини ҳам эски турк ...

Эрта қайтган турналар (қисса)-16

Тўққизинчи боб Оқсой ерларида плуглар ишлаётганига уч кун бўлди. Уч кундирки, қўшчилар ўз отларини тўхтовсиз чучулашиб ҳайдашарди. Ерда Оқсой десантчиларининг илк меҳнатлари ...

Мeҳробдан чаён-қизиқлар

Зокир-гов хонға қуллиқ қилди ва икки-уч қадам бордон томонға юриб, бутун товши билан чақирди: — Баҳромбой! Ҳов, Баҳромбой!!! Бордон  ичидан  бир  оёғида  кафш,  иккинчиси  ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400