Бўтакўз (Бешинчи боб)

Қуёш кун сайин қиздираётган эди. Сорокин тез-тез қатнайдиган бўлиб қолди. Суръатни ошириш зарур эди. Вақт қисталанг, тупроқ эса тобора қуриб боряпти. Биз яна беш кунча ер ҳайдашимиз керак. Экувчиларнинг ҳам шунча кунлик иши қолган.
Сорокиннинг айтишича, куздан бошлаб бу ерларни шудгор қила бошлаймиз, келаси йил эса бу ерга жуда кўп тракторлар келтирилиб, махсус РТС ташкил этилади. Сорокин ҳамма ишни режа билан олиб борарди. У ҳар куни чўлни, ундаги жарлик, сойликлару пастқам ерларни айланиб юрарди. Даштни шунчаки билибгина қолмай, унинг ҳар бир қаричигача ўрганиб олган, бу ерларнинг ҳаммаси унинг миясида ўрнашиб қолгандай эди.


Энди Анорхойда қиш қаттиқ келган пайтларда, илгаригидай машина ва самолётларда ем-хашак ташиб юрмаслик керак. Сорокин бунинг ҳам иложини топади.
Биз Абубакир билан ярим кечагача ер ҳайдаймиз. Далада тунаб, тонг отиши билан яна ишга киришамиз. Иш шу қадар оғирки, Абубакир менга тегажоқлик ҳам қилмай қўйди. Худди у мени кўрмаётгандай, эътибор ҳам бермасди. Аммо яширин адовати хўмрайган кўзларидан сезилиб турарди. Бу энди менинг учун хавфли эмас. Мен ўз ишимни қилиб, ўз орзу-умидларим билан яшайман. Тепалик остидаги сойликка, чўпонлар олдига борадиган ва у ерда жингала сочли қизчани излаб топадиган куннинг келишини орзиқиб кутардим.
Ўша кунларда биз янги бир катта майдонни ҳайдашга киришган эдик. Ўз ишингдан қаноатлансанг, кўнглингга ёққан иш билан банд бўлсанг, бирор янгиликка қадам қўйиш доим мароқли бўлади. Мактабда ўқиб юрган кезларимда ҳам дафтарнинг янги саҳифасидан ёзишни яхши кўрардим. Эрталаб ҳали ҳеч ким юрмаган қор устидан чопиб юришни, биринчи бўлиб из қолдиришни севардим. Баҳорда ҳали ҳеч ким юрмаган тоғ ён бағирларига чиқиб, илк бор очилган лолаларни теришга ошиқардим. Бунда кишига ҳузур бағишлайдиган, ўзига мафтун этадиган қандайдир сир бор. Бепоён Анорхой даштида, ҳозиргача инсон қадами етмаган ерда янги из қолдириш менинг учун дастлабки сатрдек, ҳали из тушмаган оппоқ қордек, қўл урилмаган лоладек туюларди.
Рама устида туриб олиб, плуг тишларининг оёғим остидаги биринчи жўяклар ҳосил қилишини завқланиб томоша қиламан. Кўзни қамаштирадиган ялтироқ тишлар сира тиним билмай ер бағрини тилиб, қатламларни секин-аста ағдариб боради.
Чеккадаги плуг тиши остидан гўё тўлқинлар устида балиқ ўйноқлаётгандай, нимадир тўсатдан ялт этиб кетди. Тишнинг ялтироқ юзида ўт бўлиб ёнди ва дарҳол эгат орасида ғойиб бўлди. Мен шу заҳоти плугдан сакраб тушдим-да, ўзимни ўша жойга отдим, тупроқ остидан чўзиқ шаклдаги оғир металл парчасини олдим. Бу шунчалик гўзал нарса эдики, ҳаяжонланганимдан қўлларимни ёзиб қичқириб юбордим:
— Олтин!
Овозимни эшитган Абубакир менга қайрилиб қаради ва тракторни тўхтата солиб ерга сакраб тушди.
— Нима топдинг?
— Олтин! Қарагин, Абубакир, олтин!
У мен томон аввал секин-аста, сўнг бирдан шошиб юра бошлади. Мен бу олтин рангли чиройли нарсани кафтимда тутиб унга узатдим.
— Қани! Наҳотки олтин бўлса! — деб, мен узатган нарсани қўлига олди ва у ёқ-бу ёғини кўриб, енги билан артди. — Ҳе, бу ерда олтин нима қилсин, — деди бўғиқ овоз билан. Кейин кутилмаганда ранги ўчиб кетди, — олтин бўлиши мумкин эмас, — Абубакир металл
парчасидаги лойларни тирноғи билан тушириб, зўрма-зўраки илжайди. Кўзларимга боқмай истар-истамас металлни менга узатди.
— Нега, олтин бўлмас экан! — дедим жаҳл билан. — Бунинг оғирлигини кўр, 800 граммча келади. XII асрда бу ерларда мўғуллар яшаган. Улар бу ерга келишдан олдин Хитойни забт этиб, кўплаб олтин олиб чиқиб кетганлар. Эҳтимол, бу ҳам ана шу тарзда бу ерларга келиб қолгандир. — Мен бу гапларни топган нарсам ҳақиқатан ҳам олтин эканлигини тасдиқлаш учун айтдим. Ана шу ишонч билан маст бўлиб, хом хаёлимни давом эттирдим. Ўзимни ҳам, ҳайратда қолган Абубакирни ҳам сўзларимнинг тўғрилигига ишонтирмоқчи бўлдим. — Биласанми, бу нарса неча асрлардан бери ер остида ётибди? Бўлак металл бўлса аллақачон занглаб кетарди. Бу эса зангламаган, ҳақиқий олтин. Бир вақтлар бу ерда Анорхой кўчманчи қабилалари ўзаро жанг қилганлар. Бу ерларда қанақа жанглар бўлганини билсанг эди! Бу нарса ўша замонлардаги хонлар қиличининг дастаси бўлса эҳтимол. Мана, ўзинг ҳам ушлаб кўр, ушлаш учун қандай қулай.
Абубакир парчани олиб, қўлида салмоқлаб кўрди.
— Олтин бўлмаса ҳам, қизиқчилик учун биладиган кишиларга кўрсатиш керак, — деди-да, уни чўнтагига солиб қўйди. — Яна сен буни плугдан тушириб қўйма, менда турсин.
— Х,а, майли, — рози бўлдим мен.
Абубакир оғирлашган чўнтагини ушлаганича трактор томон кетди.
Биз яна ишни давом эттирдик. Мен топган нарсамни қандай қилиб ўқитувчим Олдиёровга эсдалик учун етказишни ўйлардим. Унда бунақанги буюмлар кўп. Топган буюмимни кўрса у, албатта, бирор қизиқ нарсани ҳикоя қилиб берар эди. Кейинчалик мен чарчаб қолиб, олтинимни унутдим. Тракторнинг безовта ҳаракати мени жуда эзиб қўйди: ҳозир Абубакир машинани жуда ғалати ҳайдаётганди. Гоҳ иккилангандай секин юргизар, гоҳ моторни қаттиқ гуруллатиб шиддат билан ҳайдар эди. Тракторнинг трубасидан бурқсиб чиққан қора тутун ҳайдалган ерга ним ранг бўлиб ёйилар эди.
Биз кечгача шу ҳолда ишладик. Қуёш боттан бўлса-да, дала ёруғ эди. Абубакир кабинадан бир неча бор бош чиқариб, менга аллақандай сирли қараб қўйди. Мана, у тракторни ҳам тўхтатди.
— Бу ёққа кел! — деб қўл силкиди у.
Мен кабинага чикдим. Абубакирнинг ранги-рўйи ўчиб, кўзлари саросималик билан чор атрофга алангларди. У пешанасидаги терларни артиб, мотор овози аралаш шундай деди:
— Қичқирай десам овозим етмасди, сен бор, ричагларни ўрнатгин-да, кейин тракторни бир оз ўзинг ҳайда. Тобим қочиб турибди, негадир мазам йўқ. Соф ҳавода айланиб келай-чи, зора тузалиб қолсам…
— Бор, боравер, — дедим мен.
Плуг олдига бориб қайтиб келгунимча Абубакир трактордан тушди. У ранги оқариб, бирданига ўзгариб кетган эди. Икки букчайганича аста қадам ташлаб, индамай бир чеккага қараб йўл олди.
«Ҳа, у қаттиқ касал бўлиб қолганга ўхшайди. Эҳтимол қорни оғриётгандир, ана, қорнини ушлаганча букчайиб кетяпти», — дедим кўнглимда ва тракторни ҳайдаб кетдим.
Трактор бир текисда жадаллаб юриб кетди. У яна менинг ихтиёримда эди. Ҳар галгидек ҳаяжонланиб, машинани тўғри ҳайдашга интиламан. Картанинг у бурчига етиб тракторни бурдим-да, орқамга қайтдим. Қош қорайиб, совуқ туша бошлаган эди. Олдинга диққат билан қараб: «Яна икки марта айлангач, тракторнинг чироқларини ёқаман», деб кўнглимдан ўтказдим. Олдимда, тепаликнинг ён бағрида кимдир тез-тез қадам ташлаб узоқлашиб борарди. Кейин у пастга чопиб тушиб, кўздан ғойиб бўлди. Мен унинг елкасинигина кўриб қолдим. Бу Абубакир эди. Унга нима бўлди? Қаёққа югуриб кетди у? Эҳтимол, бирор нарса кўриб қолгандир. Даланинг ўртасига бориб кабинадан бошимни чиқарган ҳолда бир дақиқа қараб турдим, аммо Абубакир кўринмади. У қаёққа кетдийкин? Ахир, у касал эди-ку? Қизиқ. Тракторни тўхтатдим-да, моторни секин юргизиб қўйдим.
— Абубакир! Ҳой, Абубакир-и-ир! — деб қичқир-дим. Ундан садо чиқмади. Шундан кейин овозим баралла эшитилсин деб моторни бутунлай ўчириб қўйдим.
— Абубаки-ир-ир! Қаерга кетдинг, жавоб бер! — деб қичқирдим чўлга қараб.
Лекин оқшом қўйнида кенг дала сукут сакдарди.
Унинг аҳволи оғирлашиб қолган бўлса-чи? Хаёлимда у ғужанак бўлиб тўлғаниб, қаддини ростлай олмай, ерда юмалаб ётгандай эди. Трактордан сакраб тушдимда, жоним борича чопиб кетдим. Тепаликдан ошиб тушиб у ёқ-бу ёққа қарадим. Ҳеч ким кўринмасди. Бир баланд тепалик устига чиқиб қарасам текис далада кетиб бораётган Абубакир кўриниб қолди. У анча узоқлашиб кетган эди.
— Абубаки-ир-ир! Қаёққа кетяпсан? — деб қичқирардим. Бироқ у орқасига қайрилиб қарамади, кўп ўтмай эса худди ер ютгандай кўздан ғойиб бўлди.
Мен яна бир оз турдим-да, маъюсгина орқамга қайтдим. Уфқ шуъласининг сўнгги тиғлари кўкда заиф жилваланарди. Дашт саҳнини қоронғилик қоплади.
Изтиробга тушиб, паришонхотир юриб борардим. Бу сукунат менга бирдан ғалати бўлиб туюлди. Гўё дашт менинг қадам ташлашларимга, фикру ўйларимга қулоқ солиб тургандай эди. Мен Абубакирни ўйлардим. Бу ўлкада ўтмишда бўлган воқеаларни гапирганимда Абубакир мени масхара қилар, гапларимга ишонмасди. Энди бўлса бу лаънати олтин ҳақида қаёкдаги гапларни гапирсам ҳам ҳангу манг бўлиб қолди… Йўқ, бундай кишилар ҳушини йўқотмайди! Аслида у аллақачонлардан бери бир ёмон фикрда юрган экан чоғи. Бу ҳакда баъзан гапириб, Сорокинни қўрқитмоқчи ҳам бўларди. У бу ердагиларнинг ҳаммасини ёмон кўрарди. Ҳамма билан бир-бир уришиб чиққан. Хўш, Қалипа-чи? Абубакир ҳаммадан ҳам кўра ундан тезроқ қутулишни ўйларди. Бу ҳомиладор хотиннинг ишқини Абубакир бошига урармиди. Маошини ҳам кутиб юрган экан шекилли. Кечагина маош олди, ёнида катта пул; у ҳеч қачон пулини ўтовда қолдирмай, доим ўзи билан бирга олиб юрарди. Демак, у бир оз пул тўплаган, бунинг устига, мен топган нарса олтин бўлиб чиқсами…
Хаёлимни Қалипанинг овози бўлди:
— Абубаки-и-и-ир! Қаёкдасизлар!
Тунда ишлашимиз учун у бидонларда сув келтирганди:
— Қаёққа кетиб қолдинглар? — Қалипа мени ташвишланиб қарши олди. Юрагимни ваҳима босиб кетди! — Сенларни кутяпман-кутяпман, трактор турибди-ю, даракларинг йўқ!
Мен унга нима ҳам дер эдим. Гапнинг ростини айтдим-қўйдим:
— Абубакир ишни ташлаб кетиб қолди.
— А… Нега? Нима учун? — дудуқланиб сўради Қалипа.
— Билмадим.
Унга олтин ҳақида оғиз очмадим. Абубакирнинг бу ишидан уялиб кетган эдим.
— Демак, кетибди-да?.. — Қалипа бир оз жим турди-да, сўнг аравадан бидонни шиддат билан кўтариб зўрға ерга туширди.
— Бу сувни нега олиб юрибман-а? — деди довдираганча ўзига-ўзи.
Мен бидонни кўтариб, радиатор ёнига олиб бордим. Қалипа эса кабинага юзини қўйиб аччиқ-аччиқ йиғлади.
Кўнглим бузилиб кетди. Уни қандай қилиб юпатишни билмадим.
— Балки қайтиб келар, — дедим ўз гапимга ўзим ҳам ишонмай.
— Мен унинг учун йиғлаётганим йўқ, — деди у ўпкаси тўлиб, кўз ёшлари билан ювилган юзини менга ўгириб. — Ишонардим, орзу қилардим! Лекин кимга ишониб юрган эканман? Нимани орзу қилиб юрган эканман? — дея тўсатдан фиғон кўтарди, дардли овозининг акс-садоси бутун даштни қоплади. — Ишчан йигит деб ўйловдим, бадфеъллиги бора-бора йўқолиб кетар деб ўйлагандим. Яхшилик билан, меҳр-муҳаббат билан унинг қалбини юмшатмоқчи бўлувдим. У бўлса ҳеч нарсани тушунишни истамади. Қандай келган бўлса, шундайича ғойиб бўлди. Алам қилади одамга, билсанг эди, шундай алам қиладики!
Мен маъюс ва гаранг бўлган ҳолда жим турардим. Қалипанинг аҳволига жуда ачиндим. У қандай қилиб мана шундай одамни севиб қолганлигини тушуна ол-масдим… Аммо Абубакир бугун Қалипани ташлаб кетиб, ҳақиқий бахтдан ажралганлигини билса эди, унда Қалипа эмас, балки унинг ўзи қиш бўронида қолган бўридай бўкириб йиғларди.
Қалипа аравага ўтирди-да, хомушгина қайтиб кетди.
Анорхой дашти жимгина ухлаб ётарди. Узоқ-узоқлардан паровоз гудоги ёвшон буталари узра аранг етиб келарди. Эҳтимол Абубакир юк поездига осилиб кетаётгандир. Кетавер, аблаҳ, сенинг йўлинг ўша ёкда! Анорхой сенсиз ҳам тураверади, сенсиз ҳам ишимизни бажараверамиз.
Уни бошқа эслашни истамасдим. Ишга киришиш керак. Мен моторни ёндириш учун анча уриндим. Кейин кабинага ўтирдим, чироқларни ёқиб юбордим. Энди ҳамма иш учун ўзим жавобгарман. Қани энди ўша дилбар қиз ҳозир ёнимда бўлса-ю, бу ёввойи ёвшонзор дашт ажойиб Анорхой ўлкасига айланажагини ҳикоя қилиб берсам.


Чингиз Айтматов

Бўтакўз (қисса)

(Аввалги қисми)

(Тамом)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-39

2 Ўратепанинг жанубидаги Туркистон тизма тоғи этакларига баҳор анча кечикиб келади. Ҳамал ойининг охирларида далаларга энди қўш чиқади. Қорли Пирях чўққисининг тагида тўрт ...

Эрта қайтган турналар (қисса)-11

Олтинчи боб Эртасига, Ажимурот мактабдан келгач, акаси билан далага, ўтин олиб келишга жўнади. Ажимуротга эшаги Қораёлни эгарлашди. Унинг эгарига арқон, ўроқ ва қўлқопларни ...

Чингиз айтматов:қиёмат 17-қисм

Эртасига тонг қоронғусида турдилар. Субҳи содиқ эндигина оқариб келяпти. Чеккароқдаги ҳовлилар ҳали уйқуда. Уч чопар томорқалардан ўтиб, овоз чиқармай чўлга чиқдилар. Ҳатто ...