НУРУЛЛОҲ МУҲАММАД РАУФХОН (НУРУЛЛО ОТАХОНОВ)НИНГ “БУ КУНЛАР ” АСАРИ ҲАҚИДА

Менинг ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон (Нурилло Отахонов)нинг “Бу кунлар” китобига боғлиқ ушбу фикр-мулоҳазаларим жамиятимизда бошланган янги ўзгаришларга бўлган ишончимдан, янги руҳ билан йўғрилган ўзгаришлар йўлидаги ҳар қандай тўсиқ ёхуд қаршиликка мамлакатнинг граждани, жамиятнинг аъзоси сифатида фаол муносабатимни билдириш бурчидан туғилганини таъкидлайман.

Мақола муаллифнинг “Фейсбук” саҳифасидан олинди

Муаллиф: Хуршид Даврон

“Бу кунлар” эълон этилганига бир йилдан ошди. Шундан буён бу асар теварагида хилма-хил гаплар айланди. Кўпчилик уни қўллаган бўлса, яна бир қисм танқидий муносабат билдирди. Ҳатто Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита асардан жиноий унсурлар топишгача бориб етди. Охир-оқибат юртимиздаги яхши ўзгаришларга ишониб мамлакатга қайтган ёзувчи бир муддат қамоққа ҳам олинди. Хайриятки, бу ишга ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев шахсан аралашиб, ёзувчи қамоқдан озод этилди.

Аммо, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган сўнгги хабарлардан билишимизча, ҳали-ҳозирча асар муаллифи устидан жиноий хатти-ҳаракат тўхтатилмаганга ўхшаяпти. Маълумотларга кўра, “Бу кунлар” яна қайтадан экспертизага берилган ва ундан давлатга қарши ғоялар ахтаришда давом этилмоқда.

Айни шу сабабдан мен Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон “Бу кунлар” ҳақидаги ўзимнинг холис муносабатимни билдиришни лозим топдим. Ниятим: токи тоталитар тузум пайтидаги хатолар такрорланиб, бир ёзувчи ёзган асари учун ноҳақдан жабр чекиб қолмасин.

Энг аввало, таъкидлашим лозимки, ёзувчи асарини “роман” деб атаган. Адабиёт одами сифатида айтсам, бу асар ҳужжатли-публицистик йўналишда ёзилган, жанр талабидан келиб чиқиб, бадиий усуллар билан бойитилган, ҳужжатларга ҳам анча эркин-ижодий ёндашилган.

Ёзувчи бу асарни бир сиёсатчи сифатида эмас, бир зиёли, бир адабиётчи сифатида ёзганинни асло унутмаслик керак. Зеро, адабиёт ҳаётнинг турли соҳаларини қамраб олганидек, эркин жамиятда яшаётган ҳар қандай ижодкор давлат сиёсати ҳақида ҳам ёзишга ҳақли эканиниям унутмайлик. Демак, “Бу кунлар”га баҳо беришда мен диққатни қаратган айни шу жиҳатларни алоҳида ҳисобга олиш лозим бўлади.

Асар қаҳрамонлари реал шахслардир, воқеалар ҳам теварак-атрофимизда бўлиб турган, ҳаммамиз ичида яшаб келаётган ҳаётдан олинган.

Ёзувчи услуби – танқид, таҳлил, хулоса ва тавсиялардан иборат.

Муаллиф асар бошиданоқ ўзини “давлат одами” деб атайди. Айни чоқда, “на давлат ва на мухолиф бўлган оддий халқнинг бир вакили”ман дейди. Буни қандай тушуниш керак?

Асарни бошидан-охиригача синчиклаб ўқиб чиққан киши сифатида таъкидлайманки, ёзувчи мавжуд муаммоларни очиқлаётганда “оддий халқ вакили” мақомида турган бўлса-да, ўша муаммоларни бартараф этиш йўлларини кўрсатишда “давлат одами” бўлиб иш тутади. Соддароқ изоҳласам, давлатга хайрихоҳ бўлиб, давлат манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, давлатнинг янада кучли ва мустаҳкам бўлишини кўзлаб хулосалар чиқаради.

Айни шу сабабдан, ёзувчи “…давлат ўзи тоза ва зарур ташкилотдир, уни тузадиган ҳам, бузадиган ҳам одамдир. Давлатнинг ҳартомонлама кучли ва адолатли бўлишига эришиш ҳар бир сиёсатчининг ғами-қайғуси бўлсагина кўзланган мақсадга эришилади”, дейди.

Асарнинг икки бобида диққат диний ҳаётга қаратилган. Зеро, муаллиф узоқ муддат айнан диний соҳа ичида бўлган, шу соҳада катта ўрин тутган матбуот ва ноширлик соҳасида фаолият юритган.

Муаллиф яқин кечмишимизда динга муносабатдаги айрим ҳаддан ошишларни танқид қилар экан, бунинг сабабини кўрсатишда фақат давлатни айбламайди, балки диндорларнинг ўзлари ҳам шундай кескин сиёсат юритилишига сабабчи бўлганларини таъкидлайди. Айни шу мавзуга оид мулоҳазалардан иқтибослар келтиришни маъқул деб биламан:

1. “…айрим ҳолларда мўмин-мусулмонларнинг ўзлари ҳам давлатни кескин чоралар кўришга мажбур қилиб қўяётганини тан олишимиз керак. Айниқса динда ғўрлик илк паллалар кўп тушунмовчиликларни келтириб чиқарди. Ғайрат илмга ва тажрибага суянмаса яхшилик келтирмас экан. Кўрдик, диндан озгина нарсани ўрганибоқ ҳатто ота-онасини инкор этишгача бориб етганлар бўлди. Билиб-билмай босган қадамлари натижасида жамиятда безовталиклар, ғулғулалар юзага келди”.

2. “Ўзбекистонда диний вазият оғирлигига фақат давлатни айбласак, ҳақиқатнинг бир томонинигина кўрган бўламиз. Инсоф билан айтганда, диндорларнинг, айниқса диний уламоларнинг, айниқса диний идоранинг айби давлатникидан кам эмас”.

3. “Масала талашишга, устоз талашишга совураётган куч-ғайратингизни уммат учун фойдали ишларга йўналтиринг! Бирингиз учоқ, иккинчингиз кема, учинчингиз Миррихга учадиган ракета, бошқангиз жамият оғирини енгил қиладиган яна бошқа нарса кашф этишга киришинг. 

Ғайридин ёки динсиз дунё энг оддий уй-рўзғор буюмидан тортиб ядро қуролигача яратаётган бир пайтда биз мўмин-мусулмонлар умримизни арзимаган масалалар устида бир-биримиз билан талашиб-тортишиб ўтказаётганимиз ниҳоятда ачинарлидир.

Буюк кашфиётлар йўлида сарфлашимиз лозим бўлган бутун онгу шууримиз ва куч-ғайратимизни динда ўзимизни ҳақ кўрсатишга банд қилиб қўйганимиз кечирилмас хатодир”.

4. “Ўтган аср 80-йиллари охири ва 90-йиллари бошида халқимизда кўрилган динга талпиниш ҳаракати сўниб-сўниб, бугун диндан совиш, ҳатто динга душманлик ҳолатига дўнаётган экан, бунинг сабабини, тепароқда айтилганидек, фақат давлатдан, давлатнинг динга қарши тавридан кўравермаслик керак, айбнинг кўпроғи ва оғирроғи мусулмонларнинг ўзларига ва етакчиларимиз елкасига тушади, албатта”.

Бундай иқтибосларни кўплаб келтириш мумкин.

Юқорида билдирган барча фикр ва мулоҳазаларимдан келиб таъкидлагим келади:
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг “Бу кунлар” асарининг экспертизаси билан шуғуллаётган мутахассислар асар ҳақида ҳукм чиқаришдан олдин, бу китоб орқасида бир ижодкор ва унинг тақдири турганини асло унутмасинлар. Бу асарда асосий мақсад танқид эмас. Мақсад – халқимиз, ватанимиз, давлатимиз қайғусидир. Муаллиф хулосаларининг бирор жойида давлатга қарши оҳанг ҳам, конституцион тузумни ўзгартиришга чақириқ ҳам йўқ. Аксинча, масала ечимларини фақат шу мамлакатнинг асл эгалари, чеккадан ҳеч кимни ё давлатни аралаштирмай, тинч йўл билан топишга чақириқ бор:

“Кейинги йигирма йилда тушиб қолган ҳолатимизни таҳлил ва муҳокама қилар, фикр ва мулоҳазаларимни ўртага ташлар эканман, иккала оёғим билан ҳам шу азиз Ватаним тупроғида турдим. Буюк халқимнинг ва давлатимнинг иродасига, орзу-умидигагина суяндим. Миллий манфаатларимизни бирламчи билиб, кўнглимдагиларни самимий ифода этишга ҳаракат қилдим. Асло ётларга суянмадим, ҳеч бир давлатга орқа қилмадим. Ниятим холис ‒ Оллоҳ таолонинг розилиги бўлди. Халқимга, Ватанимга, Миллатимга, Динимга ва Давлатимга хизматдан бошқа манфаатни кўзламадим. Аслида ҳам бундан бошқа қайғум йўқ”, деб ёзади муаллиф китоби сўнгида.

Шунинг учун муҳтарам экспертлар хулоса чиқаришда фақат танқид қисмигагина боқмасдан, бутун асар моҳиятидан келиб чиқсинлар. Соғлом танқид жамият ва давлат ривожининг асосларидан бири. Қолаверса, танқид эркин жамиятдаги ҳар бир шахснинг, шу жумладан ёзувчининг ҳаққи ҳисобланади. Бу ҳуқуқ Ўзбекистон Республикаси Конституциясидаги мана бу модда билан кафолатланган:

“Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар” (I БОБ 2-моддадан).

Хуршид ДАВРОН
Ўзбекистон халқ шоири

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Фаррошликнинг «ставка»си 1,5 миллионми?

Сарлавҳадан ажабланяпсиз-а? Рост, фаррошлик катта амал эмас, қуруқ маошдан бошқа «даромади» ҳам йўқ, илло билганга хайрли иш бу. Ахир тозалик ва озодаликка масъул бўлмоқ, шу ...

Пахта 2017: сайтимиз ўқувчилари “хашарчилар” тўла автокалонна тасвирини жўнатишди

Бу йил Ўзбекистонда пахта сафарбарлиги бўладими ёки мажбурий меҳнатга нуқта қўйиладими деган савол халқаро ташкилотлардан тортиб, ўзбекистонликларнинг ўзини ҳам қизиқтириб ...

Шўрчидаги деҳқон бозори олдида аёллар ўртасида пичоқбозлик бўлди

2019 йил 5 апрель куни Сурхондарёда икки аёлнинг жанжали пичоқбозлик билан якун топди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар қилган. Вилоятнинг Шўрчи тумани Тамаддун маҳалласида ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400