О. Назарбеков: “Бирорта ўзбекистонлик йўқки, Тожикистонда қариндоши бўлмаса”

Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон маданият вазирининг ўринбосари Озодбек Назарбеков Тожикистонга қилган сафари вақтида маҳаллий оммавий ахборот воситалари билан, хусусан “Замон” газетасининг мухбири билан суҳбат қурган. Суҳбат мавзуси санъаткорнинг ижодий режалари ҳамда Ўзбек-Тожик алоқалари борасида бўлган.“Мулкдор” ана шу суҳбатнинг матн ва аудио турини сизларга тақдим этади.

Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков “Бирор ўзбекистонлик йўқки, Тожикистонда қариндоши бўлмаса…”, дер экан, кузатувчилар бу фикрни маъқуллаб, ҳа, ҳофиз жуда тўғри айтибди, ҳатто Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳам Тожикистонда қариндош-уруғлари бор дейди…

 “ТОЖИК ТИЛИДА АЛБОМ ТАҚДИМ ЭТАРМАН”

Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков тожик тилида ўз қўшиқлари албомини яратиши эҳтимолини айтди. Бу ҳақида ҳофизнинг ўзи Тожикистонда чоп этиладиган мустақил “Замон” газетаси мухбири билан суҳбати пайтида маълум қилди. Маълумки, бугунгача ҳофиз тожикча қўшиқлар куйлаган бўлса ҳам, тожик тилида алоҳида албом яратмаган эди.

 ҚОНИ БИР, ЖОНИ БИР ХАЛҚ

Озодбек Назарбеков суҳбати пайтида ўзбек ва тожик халқи ҳақида гапириб, бу икки қўшни ва қисматдош халқни “қони бир, жони бир” халқ деб атайди:

–Бу иккита тилда гаплашадиган бир халқ ўзи, аслида. Урф-одатларимиз, маданиятимиз… умуман ер юзида иккита бир-бири билан уйғунлашиб, аралашиб кетган халқ ким дейишса, бу ўзбек билан тожик. Бу икки халқни ҳеч қачон алоҳида-алоҳида тилга ҳам олиб бўлмайди. Бирор бир давра йўқки, у даврада фақат ўзбек ўтирган бўлсаю, тожик бўлмаса. Бирор бир давра йўқки, фақат тожик ўтирган бўлсаю, ўзбек бўлмаса. На Ўзбекистонда бунақа давра йўқ, на Тожикистонда бунақа давра йўқ… Қони бир, жони бир халқдай қабул қилса ҳам бўлади.

 ОРАМИЗДА БЕГОНАЛАР ЙЎҚ!

Маълумки, ҳофиз жорий йилда Тожикистоннинг иккита йирик шаҳри: Душанбе ва Хўжандда консерт берди. Гап шу хусусда кетганида ҳофиз

Тожикистонда ўзини бегона юртда юргандек ҳис этмаганлигини, гўё ўз ватани Ўзбекистонда юргандек ҳис қилганлигини таъкидлайди:

 –Мен саккиз йил илгари биринчи марта Тожикистонга ташриф буюрганимда ҳам шу нарсани ҳис қилгандим, бу йил ҳам шу нарсани ҳис қилдим: мен ўзимни бошқа, қўшни давлатга чиққанимни ҳис қилмаяпман. Кўчада юрганимда ҳам, бир жойда ўтирганимда ҳам, консертда ҳам, қаерга борсам худди ўзимни ватанимда юргандек. Худди Ўзбекистонда юргандек. На кўринишида, на урфу одатида, на олдимизга қўйган таомида, на бошқасида фарқ сезилмайди. Соатлаб гапириш мумкин бу иккита халқ муносабатларини.

 ТУРКИЙ ҲАРБИЙ, ФОРСИЙ НАЗМИЗ ТИЛ

Ҳофизнинг фикрича, бир пайтлар ота-боболаримиз учун соҳалар тили бўлган турк, форс ё тожик ва араб тиллари бугун алоҳида-алоҳида халқ ва давлатлар тили. Яъни, илгари ота-боболаримиз бу тилларнинг барчасини мукаммал билишган ва ҳар бирини ўз соҳасида ишлатишган. Халқлар орасида сани тилинг, мани тилим деган гап бўлмаган.

  • Олимлар, уламоларнинг шунақа сўзлари борки, форс тили бу назм тили. Шунақа нафис бўлганлиги учун бу тилда ижод қилиш, бу тилда қўшиқ айтиш, ғазал ёзиш, ижод қилиш, умуман асарлар бу тилда янаям гўзалроқ ифода этилади. Янаям гўзалроқ, бир эшитимли бўлади. Ёқимли бўлади. Уламолар форс тили бу назм тили, адабиёт тили деган бир хулосага келишган. Дейлик, араб тилини илм тили деб, танлашган. Форс тилини назм тили деб танлашган. Турк тилини бу ҳарбий тил деб танлашган. Ҳарбий ҳолатларда кўпроқ турк тилидан фойдаланишган.

Ота-боболаримиз туркий тилларни ҳам, форсиз тилларни ҳам араб тиллларини ҳам мукаммал билишган. Бу сани тилинг, мани тилим деган гап бўлмаган.

 “ТОЖИК ТИЛИНИ ЎРГАНАМАН”

Ҳофиз тиллар ҳақида гапираркан, форс яъни тожик тилини билмаслиги, лекин бу тил жуда ҳам ёқишини айтади. Шунингдек, назм тили бўлган тожик тилини ўрганишга қарор қилганлигини таъкидлайди:

  • Форс тилини, умуман, тожик тилини билмайманку, лекин шунақа ёқади. Шунинг учун бу тилни ўрганишни яхши кўраман. Умуман форсий тилларда бизни деярли ҳамма ижодкорларимиз, классик ижодкорларимиз Алишер Навоийдан тортиб Заҳириддин Муҳаммад Бобургача, Машрабу бошқа-бошқа кўплаб шоирлар форсий тилда ҳам асарлар, ғазаллар битишган. Ўша ғазалларни ҳам ижро қилиш мақсадиди шу тилни ўрганмоқчиман. Чунки ғазалларни ижро қилганда барибир мазмунини тушуниб, умуман, қўшиқ ижро этиш учун ўша ғазални маъносини тушуниш керак. Тожикча қўшиқлар бугунги шоирларнинг сўзлари билан куйлаганман. Лекин ўша мумтоз адабиётимизга мурожаат қилганимизда кўплаб чиройли ғазаллар, кўплари шу форс тилида ҳам жуда кўп ижод қилишган. Шунинг учун Бедил, Абдураҳмон Жомий ижодларига бир мурожаат қилиш ниятим бор. Шу баҳона ҳеч бўлмаса 30-40 фоиз бўлса ҳам тожик тилини ўрганаман. Чунки бу тил ўзимга жуда ёқади.

 ҲАТТО ПРЕЗИДЕНТНИНГ ҲАМ ТОЖИКИСТОНДА ҚАРИНДОШЛАРИ БОР

  Иккита халқнинг дўстлиги янаям мустаҳкамланиб боряпти. Мана маданий “юришлар” бошланди. Яхши маънодаги маданий юришлар. Нафақат маданият маъносида, умуман бизнес маъносида, иқтисодиётга таллуқли кўплаб лойиҳаларга иккита давлат раҳбари томонидан қўллар қўйилди. Бу иккита халқни янада жипслашувига, янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилади, – дейди Озодбек Назарбеков.

Ҳофиз нима учун ўзбегу тожик халқи ҳамда Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлари муносабати яхши бўлиши зарурлигини асосий сабабини шундай ифодалайди:

 –Мен бирорта тожикистонликни билмайманки, Ўзбекистонда қариндоши бўлмаса ёки биронта Ўзбекистон фуқаросини билмайманки, Тожикистонда қариндоши бўлмаса. Шунинг учун бу халқларнинг дўстлиги, муносабати мустаҳкам бўлиши манашу иккита халқни бугун вазият талаб қилиб турган бир ҳолати деб баҳолаш мумкин. Лойиҳалар амалга ошиб, келишувлар амалга ошиб бораверар экан, Худо хоҳласа бу албатта ҳар иккала халқнинг манфаати учун катта хизмат қилади.

Кузатувчилар Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбековнинг “Мен бирорта тожикистонликни билмайманки, Ўзбекистонда қариндоши бўлмаса ёки биронта Ўзбекистон фуқаросини билмайманки, Тожикистонда қариндоши бўлмаса”, деган сўзларини жуда тўғри ва ўринли айтилганлигини таъкидлашади.

Сиёсатшунос ва маданиятшунос М.Оқилзоданинг фикрича, ҳофиз сўзларининг тўғри эканлиги шундаки, ҳақиқатдан ҳам кўплаб тожикистонликларнинг Ўзбекистонда қариндош-уруғлари ва аксинча, ўзбекистонликларнинг Тожикистонда қариндош уруғлари бор. Ҳатто Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳам Тожикистоннинг Деваштич тумани (илгариги Ғончи райони)да қариндошлари истиқомат қилишади…

Ҳофиз сўзларининг ўринли айтилганини эса, мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг собиқ ва марҳум президенти Ислом Каримов ташаббуси билан икки давлат орасида виза режими жорий қилиниши қариндош-уруғларнинг борди-келди қилишини қийинлаштириб қўйганди. Халқ артисти Озодбек Назарбеков бу сўзларини шунчаки айтиб қўймаган, у халқ дардини жуда чиройли тарзда ифода этибди, дейди М.Оқилзода.

Муаллиф: Соҳиб НАЗАР

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Тошкентдаги «оқтепа лаваш»да 15 киши заҳарланди

Тошкентда "Оқтепа лаваш" умумий овқатланиш шохобчаларида тайёрланган товуқли сендвични еган 15 киши заҳарланди. Бу ҳақда «UzNews.uz» сайти ёзмоқда. 4 июнь куни 11 киши ...

“ўзбекистон” меҳмонхонаси сотилди

  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 августдаги “Меҳмонхона соҳасига қўшимча инвестицияларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 661-сон ...

Шифокорлар қанча маош олишлари лозим?

Сўнгги пайтларда ўқитувчи касбининг обрўсини кўтариш масаласи кўп муҳокама қилинди ва уларнинг маоши босқичма-босқич ошириб борилмоқда. Аммо бюджетнинг ўта муҳим яна бир ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400