Жамоат транспорти – асабият кушандаси

Бундай дейишимизга асос бор. Бу борада “Тошшаҳарйўловчитранс” уюшмасининг ҳамда мазкур ташкилотга қарашли шаҳар йўловчилар ташиш транспорти ҳайдовчи-ю чиптачиларининг йўловчиларга нисбатан ўта бефарқликлари, ўз ишига сидқидилдан ёндошмасликлари, зиммасига юкланган вазифани теран ҳис этмасликлари, эл-улус манфаатидан шахсий манфаатларини устун қўйишлари, мавжуд қонун-қоида, йўл-йўриқларга қатъий риоя қилмасликлари, муомала маданияти илмидан етарли даражада хабардор эмасликларини далил сифатида келтирсак, хато бўлмас.

 Биз, ўз навбатида, бир нарсани — жамоатга хизмат кўрсатиш осон эмаслигини, ҳамманинг кўнглини бирдай “ишғол” этиш ўта қийин иш эканлигини ҳам тан ола билишимиз лозим.

 Ҳа, ҳақиқатанан қийин. Аммо, бизнинг наздимизда, ҳамма қийинчиликларга барҳам бериш, уни енгишнинг уддасидан чиқиш мумкин.

Чунки бу борада ҳеч кимдан тоғдан тош олиб тушиш ва тоғга тош олиб чиқиш талаб қилинмайди. Мавжуд қоидаларга жиддий амал қилиш тақозо этилади, холос. Бунинг учун ҳайдовчи-ю чиптачилар қонун-қоидаларга қатъий амал қилса халқ томонидан уларга берилаётган “жамоат транспортида рўй бераётган дилхираликларнинг бевосита ва билвосита сабабчиси”, деган жайдари “таъриф”дан фориғ бўлишади.

 Мутассадиларнинг сўзимизни сафсата, дея қабул қилмасликлари олдини олиш мақсадида шаҳри азим пойтахтимизда айрим йўналишлар бўйича қатновчи автобуслардаги манзараларни мисол тариқасида тилга олмоқчимиз.

 Қўйлиқ-1 мавзеси — Юнусобод-10-даҳаси  йўналиши бўйича қатновчи 93-автобус ҳамиша йўловчилар билан тирбанд ва гавжум уловлардан бири саналади. (Тирбандлик ҳолати, айниқса, шаҳар кўрки ва рамзи бўлмиш троллейбус ва трамвайлар ҳаракати тўхтатилгандан кейин янада авж олди. Дарвоқе, дунёнинг ривожланган давлатларидаги бир қатор  йирик шаҳарлар шу кунга қадар экологик жиҳатдан қулай бўлган транспорт тури трамвайдан фойдаланишади.

Афсуски, замонавий Тошкентнинг трамвай-троллейбус сиғмаган йирик кўчаларида бугунги кунда эшак аравалар карвони эмин-эркин ҳаракатланаяпти.

Қани эди, Тошкент кўчаларида қарийб 100 йил қатнаган трамвай яна тошкентликларга қайтарилса). Ушбу автобусдаги тиқилинчлик даражаси, айниқса, эрталабки ва кечки пайтларда, аниқроғи, талабалар ўқишга, ишчилар ишга бориш ва қайтиш чоғида икки баравар ошади.

Боз устига, айрим автобуслар, жумладан, 69-, 93-автобуслар ҳайдовчилари-ю чиптачилари эрталабки соат 7-00 дан 9-00 гача жамоат транспортини юк машинасига, юк эгалари эса баъзан автобус салонини бозорга айлантириб юборишади.

Автобуснинг ўрта эшик салонига қишин-ёзин одам белига тенг келадиган қилиб савдогарларнинг қоп-қоп полиз ва сабзавотлари, 20-30 талаб катта-катта ёғоч қутиларда хилма-хил мевалар юкланади.

Баъзан манзилингизга пиёзу саримсоқнинг нохуш ҳидидан ўзингизни ҳимоя қилган ҳолда оғзи-ю бурнингизни ёпган кўйи аранг етиб борсангиз, баъзан эса турли хил мева-чеваларнинг хушбўй ҳидига сармаст ҳолда ўзингизни боғ ҳовлида юргандек ҳис қиласиз.

Борди-ю, “боғ ҳовли”да кетаётганингизда “ғарқ пишиб ётган” мевалардан кўнглингиз тусаб, иштаҳангиз карнай чалиб қолгудек бўлса, муаммо эмас, “бободеҳқон, момодеҳқон”ларга бир оғиз шипшиб қўйсангиз, автобус салонидаёқ эҳтиёжингизни қондириб, пулингизни шарақлатиб санаб олади.

Бу ҳам етмаганидай, 12-, 15-, 68-, 81-, 93-, 99-автобусларнинг биринчи бекати Қўйлиқ деҳқон бозори бекати бўлмаса-да, ушбу автобуслар ҳайдовчилари автобус ичидаги йўловчилар билан бирга мазкур бекатда 7-10, баъзан 15 минутгача улов салонини одамлар билан лиқ тўлдиргунча туриб олишади.

Бу аҳвол кейинги катта бекатларда, айниқса, мерто бекатларида яна такрорланади. Энг ачинарлиси, бундай ҳолатдан қишнинг қаҳратон совуғи-ю, ёзнинг жазирама иссиғи мустасно эмас. Қани “ҳақгўй” бўлиб ҳақ-ҳуқуқингизни талаб қилиб кўрингчи, “ақлли” ҳайдовчи-ю чиптачи танобингизни шу даражада тортиб қўядики, лом-лим деёлмайсиз.

Тилингиз ўткирроқ келиб айтадиганингизни айтгудек бўлсангиз, “Тошшаҳарйўловчитранс” ДАУ ходимларининг таржимаи ҳолини, оилавий аҳволини, ишхонаси талабини, аниқроғи, уларнинг ҳам бола-чақаси борлигини, ишидан айрилиб қолмаслиги, ойлик маошини бекаму кўст олиши учун бўйнига осилган фалон минг сўм планни бажариш кераклигини билиб оласиз.

Ҳақгўйлигингизга баъзан сизу бизни оқ ювиб оқ тараган, эл-улус қаторига қўшиш учун жон куйдирган айбсиз айбдор волида-ю падаримиз шаънларига “чиройли” сўзлар айтиш, жиққамушт бўлиш билан жавоб топишингиз ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас…

Сўздан сўзнинг фарқи бор…

Халқимизда “Сўздан сўзнинг фарқи бор, ўттиз икки нархи бор”, деган мақол мавжуд. Одам оғзим бор деб, оғзига келган сўзни дуч келган жойда тўкиб солаверса, бу алал-оқибат одам билан одам ўртасида “сўз” ўтишига олиб келиши мумкин. Жамоат транспортида бу каби “сўз ўтиш”лар одатий тусга айланиб боряпди.

 Ҳайдовчи сўзни топтаяпди, чиптачи соплаяпти, йўловчи ҳам қараб тургани йўқ, чиройли қилиб қоплаяпди. Бир сўз билан айтганда, ҳамма маҳоратини ишга соляпти… Аммо “Тошшаҳарйӯловчитранс” ташкилотининг раҳбариятига сӯз кор қилмаяпти. Мавжуд камчиликлар барҳам топмаяпти .

Муаллиф: Рўзибой Азимий

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қирғизистон ҳукумати давлатга 110 минг тонна буғдой сотиб олганини маълум қилди

Қирғизистон ҳукумати 110 минг тонна буғдой, 25 минг тонна шакар сотиб олди. Бу ҳақда бугун Бишкекда савдогарларнинг назорат-касса машиналарига қарши митингида Вазирлар ...

Ўзбекистон бўйлаб 3 минг нафар бола рисоладагидек таълим ололмаяпти

Бугун Тошкент шаҳар ихтисослаштирилган кўзи ожизлар мактаб-интернатида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг брайль ...

Тиббиёт хамшираси ўзбекистонда 215-250 минг сўм маош билан 4 боласини ҳам боқиб яшай оладими?

Фото:ltlevante.com Косон тумани “Қуйи Оброн” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Ўзбекистон фуқароси Ачилова Дилшода Эгамбердиевна Қарши Тиббиёт коллежининг умумий ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400