Тошкентда лаҳм гўшти 42-45 минг сўм, суякли гўшт эса 30-35 минг сўм

Ўзбекистонда кейинги пайтларда нарх-навонинг кескин тарзда ошиши тўхтамаяпти. Мамлакат пойтахтида инсон учун энг зарур саналадиган озуқа маҳсулотлари – гўшт, ёғ, ун, ва сут маҳсулотлари деярли ҳар куни ошаётир. Кечаги нарх бугунги кунга тўғри келмай қолаётир. Бундай ҳолатлар, айниқса, Тошкент шаҳрида кучли. Пойтахтликлар ҳар куни бозорлару супермаркетларда, гўшт дўконларида гўшт нархининг кўтарилиб кетаётганига гувоҳ бўлаётир ҳамда арз қилаётир. Аммо шундай бўлса-да, бу борада ҳукумат томонидан жиддий чора-тадбирлар кўрилмаётир. 

ЎзЛиДеп матбуот хизмати соҳа мутахассислари гўшт маҳсулотлари нархининг кундан кунга ошаётгани сабабини 2005 йилдан то 2016 йилгача озуқабоп экин майдонлари 40 фоизга камайиб кетгани билан изоҳлайди. Бундай изоҳни Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва Банк-молия академияси ҳамкорлигида ўтказилган “Инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш — Ўзбекистонда жадал иқтисодий ўсишни таъминлашнинг муҳим шарти” деб номланган тадбирда ўз маърузаси билан иштирок этган Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг докторанти Муҳиддин Юсупов билдирган.

Тадқиқотчи, шунингдек, мамлакатимиздаги экин майдонларида собиқ Иттифоқ даврида, яъни 1990 йилгача 24,8 фоиз ерга озуқа экинлари экилганлигини, бу кўрсаткич айни пайтда 9 фоизга ҳам етмаслигини алоҳида таъкидлаган.

Олим ҳозирги кунда гўшт етиштириш деҳқон хўжаликлари зиммасида эканини айтар экан, улар ҳисобига барча маҳсулотларнинг 95 фоизи тўғри келишини билдиради. Ўз навбатида аҳолининг 95 фоиз эҳтиёжини қаноатлантираётган шахсий томорқа хўжаликларига давлат томонидан ҳеч қандай ёрдам берилмаётганини, давлат деҳқон хўжаликларини на ёқилғи-мойлаш материаллари ва на ўғит билан таъминламаётганини, ҳатто унумдор чорва моллари етиштириш учун деҳқонлару чорвадорларга тегишли ер ажратиб ҳам бермаётганини алоҳида урғулайди.

Бизнинг назаримизда, тадқиқотчи олим таъкидлаганидек, соҳада экин майдонларининг камайгани, томорқа хўжаликларига давлат томонидан молиявий ёрдам берилмаслиги ва қўллаб-қувватланмаслигидан ташқари камчиликлар ҳам бор. Бундай камчиликлар сирасига ҳеч иккиланмасдан  тадбиркорлару ишбилармонларга молиявий ёрдам қўлини чўзмайдиган давлат органларининг улар фаолиятига ўринсиз аралашишини, даромадларига кўз олайтиришларини, бизнесини ривожлантиришига тўсқинлик қилиши каби омилларни киритиш мумкин.

Бунга “Қўйлиқ” деҳқон бозорида гўшт савдоси билан шуғулланадиган паркентлик тадбиркор билан суҳбатим жараёнида амин бўлдим. Тадбиркорнинг айтишича, Паркентдан Тошкентнинг Қўйлиқ деҳқон бозорига келгунича ўзларининг гўшт юкланган “Дамас” автомобилини нақ иккита жойдаги постда ички ишлар идораси текширувдан ўтказаркан, уларга, албатта, тегишли “улуш”лар бериларкан. Борди-ю “тегишли улуш”лар берилмаса, йўл қоидасини бузганликда ёки ички ишлар органи ходимига қўпол муносабатда бўлганликда ва бошқа сон-саноқсиз алломбало айбларга гирифтор бўлиб, “қонуний” чора гирдобига тушиб қолар экан. Бу каби ортиқча харажатлар эса шубҳасиз, гўштга таннарх белгилашда бошқа харажатлар каби инобатга олинаркан.

Бундан англашиладики, барибир оғирлик сизу биз каби қора халқнинг зиммасига тушади. Демак, хулоса шуки, бозорларимизда гўштнинг нархи ошишига йўл-йўлакай учрайдиган олғирларнинг, чорвадору деҳқонлар ҳамда тадбиркорларнинг даромадига тайёр шерикларнинг ҳар хил хатти-ҳаракатлари ҳам таъсир қилади.

Муаллиф Рўзибой Азимий

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Тўрткўлда  500 дан зиёд тадбиркор фаолиятини нега тўхтатмоқчи?

Тўрткўл деҳқон бозорига боришни аҳоли унчалик ҳам хуш кўрмайди. Нега деганда, бозор атрофидаги тартибсизликлар ҳар қандай кишининг таъбини хира қилади. Ушбу муаммо кўпдан ...

Зафар рўзиев президент топшириғини биринчи бўлиб бажармоқчи

Қашқадарё — Ишида жиддий камчиликка йўл қўйгани учун кейинчалик узр сўраган Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев янги ўқув йилида мактабларга боради, деб ёзади Zed News. ...

Абитуриентларнинг 55 фоизи мутахассислик фани​ бўйича 50 балл ҳам тўплай олмаган

Олий ўқув юртларига 2018 йилда тест синовларини топширган абитуриентлар тўплаган баллар таҳлил қилинганда, тест синовларини топширган 600 мингдан ортиқ абитуриентнинг 55 ...