Фиғон тўла афғон: Салом, Афғон (Хотира-эссе)

Хуллас, “йигитлик бурчимни сидқидилдан адо этиш учун” ҳарбий хизматга отландим. Пойтахтда рўйхатда турганим учун хизматга шу ердан чақирилганман. Мен кетаётган чақирувда мендан бошқа бегона йўқ, ҳаммаси ғазалкентлик бир-бирини таниган-билган болалар эди. Фақат мен бошқа вилоятданман.

( Давоми. Бошланиши бу ерда)

Муаллиф: Абдуғофур Искандар

Ҳарбий комиссариятдан жанубий вокзалга олиб келишди. Аксига олиб, ёнимда бирорта кузатувчи ҳам йўқ. Бир ўзим бир четда сўппайиб турибман. Бошқалар эса, ота-оналари, яқинлари қуршовида, қайта-қайта хайрлашишади, дийдорлашишади. Оналари суйиб-ўпаётганларни кўриб, бир ҳавасим, бир хўрлигим келади… Мен уйдан уч кун олдин чиқиб келганман, ҳамма яқинлар билан хайр-хўшлашганман. Отам раҳматли: “Биз ҳам борамиз, Тошкентдан кузатамиз”, деганида, “Йўқ, ўзим кетаман, овора бўлмангизлар”, деб унамаганман. Аммо энди катта бир сафар олдидан ёлғизликнинг заҳри жуда жондан ўтаётган эди. Атрофим тўла одам-ку, аммо мен ёлғиз эдим ўшанда…

Тиббиёт институтида амакиваччам ўқирди. Кетишимдан бир кун олдин пахтадан қайтишган экан. “Мен билан қол, кузатиб, эртага кетаверасан уйга”, деб ҳар қанча ялинсам ҳам, шерикларидан ажралишни истамади ярамас, “Тошкент-Бухоро” поезига ўтириб, мендан уч ёки тўрт соат олдин жўнаб кетиб қолди. Ҳеч бўлмаганда, шу Ғулом мен билан турганда эди, деб роса ўкинганман. Ҳа, у пайтлар ёнгинамда ёлғизнинг ёри бўлиб улуғ бир Зот турганини қаердан билибман, дейсиз…

Шундай қилиб, Фарғона сари йўлландик.

Олдин десант қўшинларида ўқув курсини ўтадик. Роса қийнашган-ей… Уч марта минг метр баландликдан учоқдан парашутда сакраганман. Сакраганимизга пул ҳам тўлашган.

Десант қўшинларига ўхшаган муҳим жойларда мусулмон болаларига жой жуда кам тегар эди. Бизда ҳам, асосан, ўрис ва уларга яқин миллат болалари хизмат қиларди. Қоракўзлар ўттиз-ўттиз беш чоғлик эдик. Юқорида айтганимдай, мендан бошқа ҳаммаси Ғазалкентдан бўлиб, биттаси тожик, қолганлари ўзбек-қозоқ аралаш эди. Кейинчалик барчаси билан жуда иноқ бўлиб кетганман. Ора-сира бўлиб турадиган тортишув-жанжаллар ҳам чуқурлашмас, бу нарса ҳатто кейин ўртада дўстликнинг янада мустаҳкамланишига сабаб бўлиб қолар эди…

Курсантлик пайтимда отам, онам, кичик укам – учаласи мени кўргани келишган эди. Аммо уларни кўриб кўргандай бўлмадим. Жуда қисқа муддат бирга бўлганмиз. Рухсат шунчалик эди. Афғонга кетишимиз маълум эса-да, уйдагиларга бир оғиз билдирмаганман. Отам-ку оғир-босиқ одам, анча-мунча қайғуни кўтаради, аммо онамга қийин бўлади, деб ўйлардим.

Уч ойлик ўқув машғулотларидан кейин бизни Ангренга олиб келишди. Бошқа ҳарбий қисмлардаги аскарлар ҳам шу ерга тўпланди. Ўша ердан катта ҳарбий учоққа солиб, Афғонистонга учиришди.

Неча соат учганимиз ҳозир эсимда йўқ. Аммо қўнаётганимизда жуда абгор аҳволга тушганман. Олдин ҳам учоқда учганман, аммо бунақа ҳолга тушмаган эдим. Кейин билдимки, афғонда учоқлар бошқача услубда қўнаркан. Яъни, қўналғага қўниш учун узоқдан пастлаб бормас, агар пастлаб борса, уриб туширишлари мумкин экан. Шунинг учун қўналғанинг тепасига борганда, учоқ жуда қисқа доирада испиралсимон шаклда айланиб қўнади. Бу ҳолат эса, учоқдагиларнинг аҳволини жуда оғирлаштиради. Ўзи, оддий учиш-қўниш ҳолатларида одамнинг кўнгли айниб, боши қанча айланади. Энди ҳалигидақа вазиятда шахсан менинг ичимдаги бор нарса ичак-чавоқларим билан ташқарига отилиб кетай деган. Қора терга ботиб, ёмон бир аҳволга тушганман.

Ниҳоят, минг машаққатлар билан эсон-омон ерга қўниб олдик…

(Давоми бор)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-60

* * * Бўстонсаройнинг тиллакори қабулхонасида Амударё бўйидаги Урганч ва Қоракўл шаҳарларидан хушхабарлар билан келган бек ва аъёнлар шарафига зиёфат берилмоқда эди. ...

Эрта қайтган турналар (қисса)-8

Бешинчи боб Ниҳоят, ўша кунлар яқинлашмоқда эди... Оқсой учун ажратилган отларни ҳамма ҳар хил — кимдир десантчи, кимдир Оқсой отлари деб атар, аммо муҳими шундаки, икки ...

Ой-куни яқин эди

16. ОЙ-КУНИ ЯҚИН ЭДИ Кумушнинг ой-куни яқин эди. Набиралик бўла-дирған Ўзбек ойимнинг иши бошидан ошқан, Кумушнинг ойи туғмасданоқ ул бешик ясатиш билан машғул эди. Дояча ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400