Бахти Ташкентский учун Москвадаги СИЗОда ўзбек маҳбусларидан “тўёна” йиғилди (видео)

Москвадаги 5-тергов изоляторида жиноят оламининг бир гуруҳ вакиллари 17 нафар ўзбек маҳбусидан “вор в законе” рутбасига эга бўлган Бахти Ташкентский ва Бахти Янгиабадский номи билан танилган криминал авторитет Бахтиёр Қудратуллаевга тўёна учун 100 минг рубль йиққан.

 Бу ҳақда айни СИЗОда сақланаётган ва хавфсизлик боис шахси сир тутилишини сўраган маҳбуслардан бирининг аёли маълум қилди. Аёл ўз сўзининг исботи сифатида Бахти Ташкентскийни табриклаётгани тасвирланган видеони Telegram орқали йўллади.

Ўзбекистонлик аёл тўй баҳона айни СИЗОда ушлаб турилган турмуш ўртоғи дохил жами 17 маҳбусдан 100 минг рубль йиғиб олинганини даъво қилди.

– Бахтини номидан ҳар куни кимдир телефон қилади. Қизил спортивкали Гирихан камеранинг смотрящийcи. Сизодагилар “Бахти билан связдаман” деган видеода ўзбек тилида гапирган Бобирмирзо Ғуломовга айтганини йиғиб бериб ўтиришибди. Ҳаммаси бўлиб, 100 минг рубль йиғилган. Мен 5 минг рубль бердим. Бундан кўпроқ берганлар ҳам бор. Мен 5 минг рублга болаларимни бир ой боқаман, ахир”, – дея шикоят қилади аёл.

Бироқ Бахтиёр Қудратуллевга (БахтиТашкентский) яқин одамлардан бири Бахти Ташкентскийга пул йиғиб олинаётгани ҳақидаги иддаоларни криминал авторитетга қарши уюштирилаётган “фитна” деб атади.

– Москвадаги турмаларга Бахти қарамайди. Жиноят олами қонунлари бўйича Бахтининг ҳаққи йўқ. Москванинг ўз ўғрилари бор,” – деди у микрофонсиз суҳбатда.

Суҳбатдош Бахтиёр Қудратуллев, ҳақиқатан ҳам, октябрь ойи охирида Ихтиёр исмли ўғлини уйлаганини тасдиқлади. Аммо унинг илова қилишича, Бахти Ташкентский унга Бобирмирзо Ғуломовни “умуман” танимаслиги ва Москвадан “ҳеч қанақа тўёна” олмаганини айтган.

Аудиолар