Чортоқ тумани ҳокимига чорвачилик бегона соҳами?

Ўзбекистонда чорвачилик изчил ривожланиб, кенгайиб бормоқда. Кўп тармоқли фермер хўжаликлари ва аҳолининг бу машғулот билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратилиб, мазкур соҳада ислоҳотларни амалга ошириш учун зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Мақола kun.uz сайтидан олинди.

Бироқ, Наманган вилоят, Чортоқ туманида фаолият юритаётган “Шерзод наслдор чорвадор” чорвачилик фермер хўжалигига бўлаётган эътиборни кўриб, туман ҳокимлигининг наслчилик, аҳолини сут ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлашга айри кўз билан қараётганини гувоҳ бўлдик.

Ёш ва ғайратли фермер Шерзодбек Камалов 2014 йили чорвачилик фермер хўжалиги ташкил этгач, “Наманган насл сервис” жамиятидан Австриянинг “Симментал” зотига мансуб 32 бош қорамолни сотиб олиб, боқишни бошлаган.

Қорамол боқиш ҳақидаги мақолага жимжимадор сўзлар ярашмайди. Мол боқиш жуда-жуда заҳматли иш. Бироқ, сифатли ем-хашак, озуқа бўлмаса, даромад ва қорамоллар туёғини кўпайтириш амримаҳол. Фермер хўжалигининг бор муаммоси ҳам шунда. Ўтган уч йил давомида хўжалик қорамоллар сонини 150 бошга етказди. Шундан 60 бош наслли бузоқ тумандаги чорвадорларга сотилди. 30 тоннадан зиёд сут Чортоқдаги сутни қайта ишловчи тадбиркорларга етказиб берилган. Ижобий натижа тўғрими? Лекин, 27 ёшли фермернинг айтишича, агар етарли шароит бўлганида бундан икки-уч баробар зиёд самарага эришиш мумкин эди.

Белгиланган ҳужжатларига асосан чорвачилик билан шуғулланувчи хўжаликларга ҳар бир бош қорамол учун 30 сотих озуқа етиштиришга экин майдони берилади. Шерзодбек Камалов бошчилигидаги чорвачилик фермер хўжалиги тасарруфида 2013 йилдан шу пайтгача 26 гектар ер бўлган. Чорвадор бу ерда ғалла парваришлаган ва такрорий экин сифатида қорамолларга озуқа учун маккажўхори эккан.

2017 йилда хўжалик ғалла режасини 120 фоизга бажарган. Ғалла ўримидан сўнг эса машмаша бошланди. Камаловнинг билдиришича, туман ҳокимлиги июль ойида экилмаган пахта учун 24 тонна пахта ҳосилига мажбурий шартнома қилдирган. Орадан уч кун ўтиб эса туман сессиясида мавжуд 26 гектар ерни хўжаликдан тўлалигича олиб қўйиш ҳақида қарор чиқарилибди.

 

Эндигина 27 ёшга кирган тадбиркор, шижоатли фермер турли мутасадди ташкилотларга ёрдам сўраб мурожаат қилгани фойда бермади. Виртуал қабулхонага қилинган мурожаатлари эса ўзига қарши қўлланди. Энди туман мутасаддилари унга: “Қаерга ёзсанг ҳам ўзимизга қайтиб келади. Хоҳлаган ерингга ёз!” деб жавоб қайтара бошладилар. Туман прокурори Равшан Абдуллаев эса: “Чорвангни бошқа туманда боқ. Бўлмаса сотиб юбор. Арз қилсанг, устингдан иш қўзғайман” деб мажлисда дағдаға ҳам қилибди.

Kun.uz нашри хабар қилганидек, чорвачилик фермасидаги 60 бош наслли қорамоллар ҳақиқатда кўнгилдагидек парвариш қилинмоқда. Этдор ва елини сутга тўла. 30дан зиёд бузоқчалар ҳам дуркун. Чорвачиликка меҳр қўйган фермер туёқларини оч қолдирмаслик учун экин учун ери бўлмаса ҳам ем-хашакни қарзга олиб боқмоқда.

Вилоят ҳокимлиги орқали Чортоқ туман ҳокими Ойбек Ҳайдаровга қўнғироқ қилиб, муаммоларга жавоб изланган.  Туман ҳокими саволларга  номигагина жавоб берган.

“Туман ҳокими сифатида нега наслли чорва билан шуғулланаётган фермерга ёрдам бериш ўрнига ерини олиб қўймоқчисизлар?” деган мурожаатга берилган жавоб қуйидагича бўлган:  “Фермерни нарушенияси кўп. Металлоломга, кўчага гул экишга совуққонлик билан қарайди” дейди туман ҳокими. – “Унга берилган ернинг банитет нархи юқори, агар ҳоҳласа адирликлар атрофидан ер берамиз” деганидан сўнг Ойбек Ҳайдаров билан суҳбатга нуқта қўйилган.

Фермер эса металлолом ва бошқа барча топшириқларни доим вақтида бажарганлигини билдирди. Аслида, умуман чорвачиликка бегона бўлган топшириқларни бажармаган фермерни “нарушениячи” деб ерини олиб қўйиш қайси мантиққа тўғри келади.

Наманган вилоят наслчилик инспекцияси раҳбари Маъруфжон Бобохўжаев айтишича,  “Шерзод наслдор чорвадор” хўжалигидаги муаммолардан хабари бор. Фермер йигит ҳақиқатда қийин ҳолатда молларни боқмоқда. Туман ҳокимлиги ер бериши керак” деб билдирган мутасадди. Наманган вилоятида мавжуд наслчилик фермер хўжаликларидаги ҳолат ҳақида саволга  эса: “Ҳозир Мингбулоқ туманида пахтадамиз. Кейинроқ ўзим сизга қўнғироқ қиламан” дея жавоб берган.

Шерзодбек Камаловнинг айтишича, унга қарашли бўлган ер майдони айни пайтда тендерга қўйилибди. Тавба.. Нима энди фермер наслли чорва молларини сотиб юбориши керакми? Туман ҳокимининг: “Агар сўраса, адир ҳудудидан ер бераман” деган хулосасига Наманган вилоятининг кекса, тажрибали чорвадори: “Адирлик ҳудудидан чорвага озуқа учун ер бериш ақлга сиғмайдиган ҳолат. Ўйлаб кўринг, сув чиқмайдиган, ориқ ерда сифатли озуқа етиштириб бўладими? 26 гектар ер пахтага зарур бўлса, чорвачилик бегона соҳами?” деган гапни айтди.

“Шерзод наслдор чорвадор” фермер хўжалиги муаммолари бўйича Наманган вилоят ҳокимлигига мурожаат қилинганда,  мавжуд камчиликлар 15 кун давомида ижобий ҳал қилинишини айтишган.

Кундан-кунга нархи кўтарилаётган гўшт ва сут маҳсулотларини аҳолига етарли бўлишининг таг замирида чорвачиликка бўлган эътибор ётиши аниқ.

Ҳукумат  томонидан тадбиркорлик, фермер хўжаликларини кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш юзасидан кўплаб ҳужжатлар имзоланиб, ушбу соҳага катта эътибор ва имтиёзлар берилган. Лекин, ўзбек халқимизда “Қарор – ижроси билан гўзал” деган нақл бор. Жойлардаги мутасаддилар кўзларини каттароқ очсалар бўлар эди.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Россия ва ўзбекистон ўртасида товар айланмаси 31 %га пасайди

Жорий йилнинг икки ойида Россиянинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айланмаси пасайгани қайд этилди. Россия Федерал божхона хизмати маълумотига кўра, 2015 йилнинг ...

Иқтисодиётни ривожлантириш учун ўзбекистонда нима ишлаб чиқарган маъқул?

Ўзбекистонда ишлаб чиқаришнинг қайси тармоқларини ривожлантириш лозимлигини ким ва қандай аниқлайди ва бу борада давлатнинг роли қандай бўлиши керак? Автор: Бехзод Хошимов ...

Миллиардга олиб борувчи ғоялар

Сўнгги пайтларда стартап сўзи қулоғимизга тез-тез чалинмоқда. Стартап ёки стартап компания инглизча сўз бўлиб, йўлга қўймоқ, ишга туширмоқ деган маъноларни англатади. Одатда ...