Бобомурод Абдуллаевнинг адвокати илк бор у билан учрашди

Бир ярим ойдан буён Тошкентдаги МХХ тергов изоляторида ушлаб турилган журналист Бобомурод Абдуллаевнинг адвокати сешанба куни илк бор ўз ҳимоясидаги шахс билан учрашган.

Мақола Би-би-си сайтидан олинди

Адвокат Тўлқин Орифжоновнинг ҳибсдаги журналист билан учрашгани ҳақидаги хабарни Би-би-сига Бобомурод Абдуллаевнинг аёли Катя Балхибаева тасдиқлади.

Унинг сўзларига кўра, учрашув МХХ томонидан ташкил этилган ва унда адвокат ҳамда маҳбусдан ташқари тергов мулозимлари ҳам иштирок этган.

“Худди мен билан учрашгандаги сингари, беш киши қатнашибди”, – деб айтди Катя Балхибаева.

Би-би-сига маълум бўлишича, адвокат Бобомурод Абдуллаевдан қийноққа солиниб-солинмагани ҳақида сўрамаган.

Аммо мустақил ҳуқуқ фаоли Суръат Икромовнинг адвокатдан иқтибос келтиришича, у Бобомурод Абдуллаевда қийноқ белгиларини кўрмаган, маҳбуснинг ўзи ҳам қийноқлардан шикоят қилмаган.

Тўлқин Орифжонов журналистни ҳимоя қилиш учун унинг оиласи ва жамоатчилик вакиллари томонидан ёлланган мустақил адвокатдир.

Бобомурод Абдуллаевни ҳибс қилиш ҳақида Юнусобод туман маҳкамаси шу йилнинг 1 октябр куни чиқарган ажримда номи келтирилган адвокат Шарипов Ш.М ҳақида ҳозирга қадар ҳеч нарса маълум эмас.

Бу Бобомурод Абдуллаевнинг шу йил 27 сентябрда ҳибсга олинганидан буён адвокат билан илк учрашувидир.

Аввалроқ МХХ журналистнинг оиласига мустақил адвокатдан воз кечиш борасида босим ўтказгани хабар қилинганди.

Журналист оила-аъзолари, жумладан, онаси Гавҳаржон аянинг у билан учрашишга рухсат беришни сўраб, тергов идораларига қилган мурожаатлари натижа бермаган.

44 ёшли Бобомурод Абдуллаев расман “Усмон Ҳақназар”имзоси остида “амалдаги тузумни ўзгартиришга чақирувчи” мақолалар чоп этиш ва Ўзбекистонда “инқилоб қилиш”га уринишда гумонланмоқда.

Халқаро Амнистия ва Ҳьюман Райтс Уотч инсон ҳақлари ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматининг Бобомурод Абдуллаевни зудлик билан ва шартсиз ҳибсдан озод этишга чақирганлар.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Вазирлик расмийси “ҳижобли қиз”га босим бўлганини рад этди, аммо…

Гулистонда ҳижобли қизнинг ҳақорат қилингани иддаолари тасдиғини топмади Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги расмийси Салоҳиддин Санақулов Озодлик билан суҳбатда ...

Янгийўлда ҳайдовчиларнинг норозилик намойиши бўлди

22 октябрь куни Тошкент вилояти Янгийўл тумани ИИБ ЙҲХБ катта инспектори лейтенант У.Замонов томонидан ижтимоий тармоқлар орқали туман йўналишсиз такси ҳайдовчиларга нисбатан ...

Рўмол ўраган аёл ҳуқуқбузарми?

Бир жумла борки, у барча муҳокамага нуқта қўяди, забон ҳам ҳақли сўзларни айтишдан тўхтайди. Бу жумланинг қудрати жамиятимизда шу қадар улуғки, ўз мулкинг ё жонинг ҳимояси ...