Оқибатли дўст айрилмас

Улуғбек Тоғаев

Инсоннинг савоб ва гуноҳ амаллари сарҳисоб қилинадиган кун, мабодо унинг савоб ишлари Жаннатга киритилмоғи учун етмай қолса, Тангри унга яна бир имкониятни берар экан:

– Дўстинг борми? Дўстингдан сўра!                                                                                                               

Нега энди ота-онанг, туғишган жигарларинг, қариндош-уруғларинг ё бола-чақангдан эмас, айнан дўстингдан?! Нега уларнинг эмас, айнан дўстингнинг савобларигина сенга ёки сенинг савобларинггина дўстингга савоб ўрнида ўтиши мумкин?! Демак, Тангри учун дўстлик тушунчаси шу қадар муҳим ва муқаддас саналар эканда!..

Шаҳрисабзлик Улуғбек Тоғаев икки ўғил фарзанднинг отаси, суюкли рафиқаси Феруза Маматованинг суянган тоғи, қисқаси забардаст оила боқувчиси эди. Улар узоқ йиллар бекаму – кўст ҳаёт кечиришди.

Улуғбек иқтисодий муаммо туғдирувчи вазиятларда ҳам қўл қовуштириб, қараб ўтирмас, “тош кўрса кемириб, сув келса симириб” кетаверар эди. Ўз оиласининг фаровонлиги учун анча йиллар Россия Федерациясида ишлашига ҳам тўғри келди. Москва вилоятининг Шёлковский туманида икки йил шахсий қўриқчи, уч йил қурилиш ишларида пайвандчи бўлиб ишлади. Унинг меҳнаткашлиги, ўз ишини маромига етказиб бажариши туфайли ойлик маоши ҳамиша юқори бўлар, ойлигининг асосий қисмини ойма-ой оиласига жўнатар эди.

Бу орада ҳовлисини таъмирлатди, қўшимча хоналар қурдиртирди, ўғилларига тўй қилиб, “ SPARK “ авто машинаси ҳам сотиб олди. Энг муҳими рафиқаси ва болалари ҳеч нарсада камчилик кўрмай, зориқмай ҳаёт кечиришди. Ўзи ҳам йилда бир марта айримларга ўхшаб, йўл харажатларидан қочмасдан, оиласи даврасида бўлиш учун Ўзбекистонга келиб кетар эди.

Аммо тақдир доимо ҳам бир текисда кетавермас экан, Улуғбек Россиядалик чоғида, иш пайтида, кутилмаганда йиқилиб тушиб жароҳатланади. Бундан унинг таянч ҳаракат аъзолари жиддий шикастланади. Соғлиғини тиклаши ва парваришга муҳтож бўлиб қолгани учун ҳам ишини ташлаб, Ўзбекистонга, оиласи бағрига қайтишга мажбур бўлади. Бу орада унинг қишни қиш демай, ёзни ёз демай меҳнат қилгани, ўзини иссиқ, совуқдан вақтида асрай билмагани туфайли пешоб йўлларида ҳам шамоллашлар, жиддий муаммолар вужудга келган эди.

Оиласи бағрига қайтган Улуғбек бир неча ой хасталик тўшагида ётиб қолади. Муолажалар уни етарлича оёққа туришига ёрдам бермайди. Сабаби керакли дори дармонлар учун маблағ масаласи муаммо эди.

Рафиқаси Феруза Маматова Шаҳрисабз туман аэропортига қарашли 49095-ҳарбий қисмда ҳамшира бўлиб ишлаб келаётган бўлсада, негадир эрининг соғлиғи учун қайғуриш, уни парваришлаш ўрнига эрига нисбатан совуққонлик билан унга бегоналардек муносабатда бўлишга ўтади. Эрига гап қўшмасдан, у билан умуман гаплашмай қўяди. Энг ёмони болаларига ҳам “Оталарингиз сизларни деб, бизларни ҳеч нарсадан кам қилмасдан яхши яшатаман деб шу аҳволга тушди. Келинглар, кутилмаганда соғлиғидан айрилиб, оғир аҳволга тушиб қолган падарингизнинг дардига дармон, вужудига қувват бўлайлик, ўзимизнинг меҳримиз билан уни асраб-авайлик”, дейиш ўрнига болаларини ҳам отадан совутувчи гаплар билан заҳарлайди. Зеро, бетоб одам гоҳида инжиқ, гоҳида вужудидаги дард ва оғриқларнинг зўридан зардали ҳам бўлиб қолиши мумкинлигини фарзандларига тушунтирмайди.

Эндигина қирқ ёшни қоралаётган, шу пайтгача ўзи пул топиб, рўзғор тебратиб, оиласини боқиб келаётган эркак учун кутилмаганда ногиронлардек аҳволга тушиб қолиши, оғир руҳий зарба бўлиб таъсир қилган бўлса, бунинг устига устак аёлининг ундан воз кечгандек муомиласи Улуғбекни ич-ичидан баттар емириб ташлайди. Соғлиғи кундан кунга янада ёмонлашади. Ўзини ҳеч нарсага ярамайдиган, кераксиз буюмдек ҳис қила бошлаган Улуғбекда руҳий тушкунлик даври бошланади, ҳатто яшашдан умидини уза бошлайди.

Жорий йилнинг 30 август санаси куни тун пайтида Улуғбекнинг соғлиғи жиддий ёмонлашади. Қон босими кўтарилиб кетаётганини сезиб, қўл телефони орқали “Тез ёрдам” хизматидагиларни чақиришга мажбур бўлади. Аммо дарвоза тагигача етиб келишган “Тез ёрдам”чилар хонадон эгаларини чақиришавериб, жавоб бўлмагач, тоқатлари тоқ бўлиб, ичкарига киришолмай, қайтиб кетишга мажбур бўлишади. Кимдир уларни ёлғондан овора қилишган деган хаёлга ҳам боришиб, қўнғироқ эгасини судга ҳам беришмоқчи бўлишади. Аммо вазият бутунлай бошқача бўлган эди.

Эри билан орани очиқ қилиб, муносабатларини узиб, бутунлай гаплашмай қўйган Феруза Маматова ўзи тугул болаларига ҳам “Тез ёрдам”чиларга эшикни очмасликни буюради. Қўшни хонада дард билан азобланиб ётган эрининг аҳволига заррача бўлсин ачинмайди. Ана шу воқеадан сўнггина Улуғбек уй-жойи, хотин, бола-чақасини ташлаб, туғишганлари ёрдамида онасиникига кўчиб ўтишга мажбур бўлади. Дарди оғирлашиб, руҳий тушкунлиги баттар кучайиб кетади.

Бу орада Шаҳрисабз туман, Чош тепа қишлоғидаги Шаҳрисабз тиббиёт бирлашмасига қарашли 33-поликлиника шифокорлари унинг жонига анча аро киришади.

Ўз уйида келди-кетдиларга, қариндош-уруғлар тугул, тиббиёт ходимлари назоратига ҳам рўйхушлик берилмай келинаётган эди. Онасининг уйида, онаси ва опаси Муҳайё Тоғаеванинг қаромоғида бу каби шафқатсизликларга барҳам берилади. Поликлиника шифокори Обод Исломов, ҳамширалар Тўраева Мафтуна, Суюнова Тошниёзлар деярли ҳар куни келиб, хабар олиб, тиббиёт муолажаларини ўтказиб туришади. Аммо бутунлай оёққа туриб кетиши учун жиддий муолажалар, анча юқори нархдаги дори-дармонлар керак эди. Улуғбек поликлиника шифокорларининг қистовига кўра хотинига одам жўнатиб, “уй-жойларни қонунан номингга хатлаб бераман, аммо машинани сотайлик, ярим пулини соғлиғимни тиклашим учун ишлатаман” деган таклифини етказади. Бироқ хотини бунга рози бўлмайди. Кунлар кетидан кунлар, ойлар кетидан ойлар ўтаверади, Улуғбекнинг руҳий тушкунлиги зўрайиб, ўзига бўлган ишончи, яшашга бўлган қизиқиши сусайиб, сўниб бораверади.

Шундай кунларнинг бирида яъни 3-ноябр куни хабар олишга чиққан қўшниси Улуғбекка, унинг онаси ва опасига телефон рақами ёзилган қоғозни узатиб, шу инсон билан зудлик билан боғланинг, Сизларга яқиндан ёрдам бермоқчи дея, кўнгилларида умид уйғотувчи хушхабарни етказади.

Оғир кунида Улуғбекни йўқлаган инсон Американинг Миссури штатидан бир пайтлар 2000-2001 йилларда “Кеш” ОАЖида бирга ишлаган дўсти Баҳодир Чориев эди. Телеграм орқали суҳбат дўстлар ўртасида жуда қизғин кечади. Баҳодир Чориев дўстига олий тоифали, мутахассис шифокорлар назорати остида даволаниши учун зудлик билан Тошкентга жўнашга тайёргарлик кўришини тайинлайди ва эртасигаёқ Қаҳрамон исмли ёрдамчини ҳам жўнатади. Опаси, Қаҳрамон ва ҳассага таянган бемажол Улуғбек 5-ноябр куни Тошкентдаги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш Вазирлигига қарашли 1- Республика Клиник Шифохонасининг “Неврология” бўлимига ётқизилади.

Ушбу бўлимда Тошкент Тиббиёт Академиясига қарашли “Неврология” кафедрасининг профессор-ўқитувчилари, тиббиёт мутахассислари ҳам фаолият олиб боришади. Бўлим бошлиғи тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали шифокор Пўлатова Шахноза Сайдуллаевна, кафедра мудири профессор Якубова Мархамат Миракромовналар бошлиқ тиббиёт ходимлари “жонга жон шифокорлар”, деганларидек Улуғбекни дарддан фориғ этиш, уни оёққа турғазиб, бир пайтлардагидек соғлиғини тиклаши учун бор билим ва малакаларини ишга солишади.

Америкадан туриб, кунда дўстининг аҳволидан хабардор бўлиб турган Баҳодир Чориев шифокорлар тавсия этаётган дори-дармонларни ўз вақтида етқазиб туради. Бира пайтнинг ўзида соғлиғидан, ҳам уй-жойи, оиласидан ажраб, кучли руҳий тушкунликка тушиб қолгани учун дўстини руҳшунос хизмати билан ҳам таъминлайди.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида тиббиёт соҳасида олиб борилаётган талабчан ва изчил ислоҳотларнинг аниқ натижалари, сифатли ва комплекс даволанишлар ўз самарасини беради. Улуғбек оёққа туриб, ҳассасиз ва кимнингдир кўмагисиз ўзи юра бошлайди. Ранг-рўйи, иштаҳаси, руҳий аҳволи ҳам кундан кунга яхшиланиб, яшашга бўлган иштиёқи қайта тикланади.

Айни кунларда Улуғбекка шифохонадан жавоб беришган. У онаси ва опаси билан биргаликда кундан кунга яхшиланаётган соғлиғи учун, унга дўстини етказган Худога шукроналар айтишиб, кунда дўстини дуо қилишиб, янги режалар, ният ва мақсадлар билан хуш кайфият ила умргузаронлик қилмоқда.

Шу ўринда кўпчилигингизда оғир аҳволга тушиб қолган хаста дўстига Америкадан туриб, бунчалар яқиндан ёрдам берган инсон Баҳодир Чориев ҳақида ҳам кўпроқ билишга қизиқишингиз ортди, шундай эмасми?!

Баҳодир Чориев асли Ўзбекистонлик, Қашқадарёнинг Шаҳрисабз тумани, Алпомишнинг Қўнғирот уруғидан. Ўзбекистондаги кейинги Президентлик сайловларида Президентликка номзодлар сафида иштирок этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган, Президентликка бўлажак номзодлардан. “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Етакчиси Баҳодир Хон Туркистондир. Ҳа, ҳар сафар Сиз Интернет саҳифаларида суратини тез-тез учратадиган, алп қомат сиймо Баҳодир Хон Туркистон.

Кўпчилигингиз унинг Ҳаракат Дастури, ғоялари ва ўткир сиёсий мақолалари билан ҳам яқиндан таниш бўлсангиз керак, албатта.

Баҳодир Хон Туркистон Америкада яшаб, фаолият юритаётган бўлсада, Юрт соғинчи, унинг равнақи, Ватандошларининг фаровон турмуш тарзига эришиши, Ўзбекистоннинг тараққий этган мамлакатлар қаторидан жой олишига муваффақ бўлиши учун сиёсий етакчи сифатида куну тун изланади. Ўзининг аниқ мақсад, ғоя ва режалари бор.

Шулар билан бир қаторда ёрдамга муҳтож бўлиб қолган Ватандошлари ҳақида хабар топиб қолса, уларга албатта беминнат ёрдам кўрсатади. Бу фазилат унинг табиатига сингиб кетган. Сизга ҳозиргина ҳикоя қилганимиз Улуғбекка нисбатан кўрсатилган, энг керагида еказилган меҳр-оқибат, бу ўнлаб мисолларнинг бири, холос.

Саҳифаларимизда бундан кейин “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Етакчиси Баҳодир Хон Туркистон ҳақида батафсилроқ ҳикоя қилувчи, унинг ўзига хос ҳаёт йўллари ва фаолиятларидан сўзловчи сиёсий ва публицистик мақолаларга ҳам кенгроқ ўрин бериб бориш ниятларимиз бор. Мақсад, дунё ҳамжамияти ва халқ ўзининг яна бир янги раҳнамоси ва сиёсий етакчиси билан яқиндан танишиб борсин…

    Муаллиф: Дилфуза Лангар

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ӯзбекистон республикаси президенти шавкат миромонович мирзиёевга мурожаат

Муҳтарам Шавкат Миромонович! Ҳурматли жаноб Президент! Мен Боҳодир Чориев, Бирдамлик Халқ Демократик ҳаракатининг асосчиси ва етакчисиман. (more…)

“мен каримовга қарши овоз бераман!”

  Қадрли юртдошлар! Мана Каримов деганлари, кўзи тўйсаям ўзи тўймас чиқдими, ё тахтсиз ҳеч ким бўлмай қолишини билганиданми, хуллас, уятниям, инсофниям йиғиштириб қўйди. ...

Қаҳрамонхон маҳмудга нисбатан босимлар кучаймоқда

"Бирдамлик" ХДҲнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича раҳбари Қаҳрамонхон Маҳмудга нисбатан босимлар кундан-кунга кучайиб бормоқда. Жорий йилнинг 15-сентябрь куни эрталаб соат ...