Қирғизистон-Қозоғистон муносабатларини халқ дипломатияси орқали яхшилашга ҳаракат қилинмоқда

Қирғизистонда таниқли жамоат арбоблари қирғиз-қозоқ муносабатларини халқ дипломатияси орқали яхшилаш мақсадида воситачилар гуруҳини тузишди. Бу гуруҳ вакили Тоқтайим Уметалиеванинг маълум қилишича, учрашув ҳақида Қозоғистон президентига расмий мурожаат йўлланди.

Тоқтайим Уметалиеванинг таъкидлашича, сўнги вақтларда икки мамлакат ўртасида совуқлашиб кетган муносабатларни яхшилаш мақсадида халқ дипломатиясидан фойдаланиш ният қилинган. Унинг сўзларига қараганда, ўз ваклолатларини топшириш ниятида бўлган президент янги президентга “оғир мерос” қолдириши керак эмас, у муносабатларни яхшилаш борасида зарур шароитларни яратиши керак.

– Мен атайлаб Остонага бордим, «Ақ жол» фракцияси етакчиси билан учрашиб, унга мурожаатимни топширдим. Бу инсон бугун-эрта менга қўнғироқ қилиши керак. У менга ҳужжатлар Қозоғистон президенти маъмуриятига топширилганлигини айтди. Биз Оқўрда гуруҳимизни қабул қилишини таклиф қилдик, у ерда ўтириб, маслаҳатлашиш, очиқчасига гаплашиб олишимиз керак. Биз бир-биримизни кечиришимиз, икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни совуқлаштириш эмас, балки яхшилаш керак деган масала кун тартибига қўйилди. Бу қадимий аньана. Биз, у ерга “биз айбдормиз ёки президентимиз айбдор” дейиш учун бормоқчи эмасмиз. Бу вазиятда ҳар икки томон ҳам айбдор. Шу сабабли биз очиқчасига мазкур масалоани муҳокама қилмоқчимиз.

Ташаббус доирасида, халқ дипломатиясидан фойдаланиш ниятида бўлган12 кишидан иборат воситачилар гуруҳи ташкил этилди. Гуруҳга Қирғизистоннинг таниқли сиёсатчи, маданият ва саньат арбоблари киритилди.

Қозоғистон 10 октябрдан чегарадаги ўтиш назоратни кучайтирди. Оғир юк ташувчи машиналарнинг ўтиши мураккаблигича қолмоқда, Қирғизистоннинг айрим маҳсулотларининг олиб кирилишига таъқиқ қўйилди.

Яқинда бўлиб ўтган президентлик сайловларида учинчи ўринни олган муҳолифатдаги сиёсатчи Адахан Мадумаров президент Нурсултон Назарбоевга шахсан мурожаат билан чиқди. У ўз мурожаатида икки мамлакат раҳбарларининг шахсий муносабатлари оддий халқга зарар етказмаслиги кераклигини таъкидлаган.

Президент Алмазбек Атамбаев Қозоғистон расмийларини Қирғизистон ички ишларига аралашаётганини танқид қилиб чиққан эди. Шундан сўнг Қозоғистон контрабанда маҳсулотлари кириб келишини баҳона қилиб Қирғизистон билан чегарада чекловлар жорий қилди.

Аудиолар