Қирғизистон собиқ муфтийси эркакларни иккинчи хотин олишга чақирди

Қирғизистоннинг собиқ муфтийи Чубак ҳожи Жалилов ўзининг каналида иккинчи хотин олганини билдириб, эркакларни ҳам шунга ундади. «Кылым шамы» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти ўлкада кўп хотинлилик таъқиқланганига таяниб, Жалиловга қарши прокуратурага мурожаат қилмоқчи.

Жалилов ўз каналида билдиришича, у ўзига иккинчи хотинни олган. Собиқ муфтийнинг айтишича, у бу ҳаракати билан бошқа эркакларга намуна бўлмоқчи бўлган.

«Мен уйландим, бироқ ажрашмадим. Аёлим бироз хафа бўлмоқда. Бироқ ҳаммаси изига тушади деб ўйлайман. […] Уйланиш ниятим йўқ эди, ўзим элга намуна бўлайин, агар мен бошламасам ким бошлайди деб уйландим. Имкони бор эркакларга уйлансин деб айтаман. Агар турмуш ўртоғингиз иккинчи хотин олишга қўлида бор бўлса, бир оз йиғланг, бироқ кўчага чиқиб жиннилик қилманглар. Бу бизни халқимизнинг урфида бор масала», — деб билдирди у.

Жалиловнинг айтишича, унинг иккинчи аёли — бева, унинг ёши 30дан ошган ва у Туркияда бола боқиб ишлаган.

«Кылым шамы» ҳуқуқни ҳимоя қилиш марказининг раҳбари Азиза Абдирасулова ўзининг фейсбук саҳифасида Жалиловнинг сўзларига ҳуқуқий баҳо берилиши учун Бишкек прокуратурасига мурожаат қилишини ёзган.

«Бу видеода Чубак ҳожи Жалилов ўз кўрсатмаси билан Қирғиз Республикасининг қонунини билиб туриб бузганини тан олиб, кўрсатма бермоқда. Шунингдек Чубак ҳожи бошқа фуқароларни ҳам қонун бузишга чақирмоқда. Шу сабабли “Кылым шамы” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази Бишкек шаҳар прокуратурасига расмий ариза билан мурожаат қилади. Бишкек шаҳар прокуратурасидан видеода Чубак ҳожи келтирган барча фактларга ҳуқуқий баҳо бериб, қонун доирасида қарор қабул қилишни илтимос қиламиз», — деб ёзган у.

Қирғизистоннинг жиноят ва жазо кодексига кўра, кўп хотинлилик учун икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш қаралган.

Чубак ҳожи Жалилов 2010-2012-йилларда Қирғизистон муфтийи хизматини бажарган, ҳозирда у ўлкада энг таъсирли диний арбобларнинг бири бўлмоқда.

Жалилов ўзининг YouTubeдаги «Насаат медиа» каналида диний насиҳат сабоқларини беради.

Аудиолар