Шоирларин эъзозлар ҳар юрт

27 ноябр куни Тожикистон Республикаси Суғд областининг Жаббор Расулов туманида шеърият кечаси ташкил этилди.

Кечада бир қатор ижодкорлар, жумладан, Тожикистон ва Қирғизистонда яшаб, ўзбек тилида ижод қилаётган шоирлар, туман мактабларининг ўзбек тили ва адабиёт ўқитувчилари, мактаб ўқувчилари ва шеърият ихлосмандлари иштирок этишди.

Шимолий Тожикистонинг аксарият аҳолисини ўзбеклар ташкил этаган Жаббор Расулов (собиқ Пролетар) туманининг 6-рақамли ўрта умумтаълим мактабида ташкил этилган ушбу шеърият кечаси жуда қизиқарли ва ҳайрату ҳаяжонлар ичра ўтар экан, ҳар бир давра аҳли ушбу оқшом интихосиз бўилшини истар эди.

Кечада иштирок этган мактаб ўқувчилари ва шеърият ихлосмандлари асарлари Тожикистон ва Қирғизистон ўрта мактаб дастури ва ўзбек адабиёти дарсликларига киритилган шоирлар  Жамшид Пиримов ва Авлиёхон Эшон ижоди ва шахсига катта қизиқиш билдиришди.

Мактаб ўқувчилари ҳар икки шоир шеърларидан қироат қилишиб, ўзларини қизиқтирган саволлар билан шоирларга мурожаат этишди.

Ўз ўрнида шоирлар ҳам янги ижод намуналарини давра аҳли билан ўртоқлашишди.

Ҳаётларида бўлиб ўтган қизиқарли воқеа-ҳодисаларни нақл қилишди. Адабиёт оламининг адаби, шеърият оламининг нафосати ҳақида сўзлаб, ўқувчиларни маънавий оламнинг гўзал боғу гулзорлари ичра сайр эттиришди.

Айниқса, шоир Авлиёхон Эшон ўз тўртликларидан бирини қироат этиб, шу шеър мисолида шеъриятнинг нозик асрорларини очиб берар экан, сўз хазинасининг сеҳридан воқиф бўлган ўқувчилар кўзида ҳайрат чақнарди.

Дилни гоҳи ўтга солиб тобладим,

Гоҳ сувда совутдим, келмиш ўзига.

Тандир ичра чўғда пишар маҳали,

Сув сепиб тургандек ноннинг юзига.

Санъатсевар ўқувчилар томонидан ижро этилган куй, қўшиқ ва рақс ўзига хос назм кечаси ҳуснига ҳусн қўшди.

Учрашув сўнгида ўқувчилар ва шеърият мухлислари севимли шоирларидан эсдалик китобларга дастхатлар олишди.

Биргаликда хотиравий суратга тушиб, мактаб тарихи ва ўқувчилар ҳаётидаги ушбу нодир ва нафосатли лаҳзаларни мангуга муҳрлашди.

Муаллиф: Озод Назар

Аудиолар

Юлдузли тунлар-46
Эрта қайтган турналар (қисса)-17
Ғамгин қўшиқ (шеър)
От кишнаган оқшом (қисса) 71-қисм
Юлдузли тунлар-51
Кутилмаган бахт