Туркистонда нима бўлган эди. I-бўлим. Истило

 

Туркистон-мухторияти-делегатлари

Марказий Осиё халқларининг миллий озодлик урушлари ва исёнлари, советларга ва Сталин қатағонига қарши кураши – Туркистоннинг озодлик йўлидаги муқаддас урушлари давридир. Кўп азоб кўрган ерли халқларнинг ҳаёти, оиласи, турмуш тарзини сақлаб қолиш йўлида олиб борган кураши Марказий Осиё эркинлиги, ор-номуси учун кураш тарихининг чинакам рамзига айланди. Айни пайтда бу халқларнинг тарихидаги энг қайғули ва фожиали саҳифалардир.

Мақола  ufq.uz сайтидан олинди

Муаллиф: Шуҳрат Барлос

Чор Россиясининг бошқа миллат вакилларига нисбатан реал сиёсати куч ишлатиш ва ҳарбий жиҳатлар эътиборга олинмаган ҳолда ҳам забт этилган ҳудуд этник қиёфасини ўзгартиришга, ёки бу ердаги сиёсий структураларни барбод қилишга – тугатиш, бўлиб юбориш, Россия давлати структурасига қўшиб юборишга қаратилган эди. Бундай фаолият тушунтириб берилиши мумкин, лекин оқланиши мумкин эмас.

Кўп мутахассислар биладики, Ватанимизни истило қилиш кампаниялари «Маданиятсиз халқларга маданият олиб келамиз» шиори остида ўтган, яъни босқинчилик мақсади расман «цивилизаторлик» деб эълон қилинган бўлса-да, аслида бу шунчаки бошқа давлатларни бўйсундириш, янги ҳудудларни эгаллаш эди.

1991 йилда давлат мустақиллиги тикланиши билан тарихимизнинг фожиаларини яширишга қаратилган сиёсатга чек қўйилди. Бироқ ҳозир ҳам алмисоқ даврида, чор Россияси пайтида истибдод остидаги халқлар гуллаб-яшнаганига, эмин-эркин яшаганига ишонувчилар бор. Истибдод «ошиқ»лари бошқаларни ишонтиришга ҳаракат қилгани етмагандай, бошқа фикр тарафдорларини бирёқламаликда айблайди, Россия империяси ҳақида гап борганда «мустамлакачи» ва «мустамлака» атамаларининг ишлатилишига норозилик билдиради. Қизиқ, истилони, давлатчиликнинг йўқ қилинишини, маҳаллий аҳолининг бўйсундирилишини яна қандай атамаларда изоҳлаш мумкин? «Цивилизаторлик» ва «цивилизация» сўзлари биланми? Бугунги илғор фикрловчи ёшларни ўтмишдаги уйдирма баёнотлар қониқтиради деб ўйлаш ноўрин. Ёш инсонлар билан баҳслар натижалари кўпинча қуйидаги саволга жавоб қидиришга бориб тақалади: «Қурол кучи ва террор билан мустамлака ва совет ҳокимиятини ўрнатиш нега керак эди?».

Мустамлакачиликнинг кўпчилик «адвокатлари», Осиё халқларининг бўйсундирилишига хайрихоҳ инсонлар ёзган эдики, «ўша давр ижтимоий муҳитида Туркистоннинг забт этилиши маҳаллий халқларнинг аслзодалар жабру зулмидан озод қилишнинг ягона мавжуд йўли эди». Бошқалари уларга жўр бўлишарди: «Россия таркибига қўшилиш Туркистон манфаатларига хизмат қилди», деб ёзарди, қолганлари эса «Туркистоннинг қудратли ва иқтисодий кучга эга Россияга қўшилиши ўлканинг социал-иқтисодий тараққиётини тезлаштирди» деб келди[1]. Ўша давр Россия интеллигенциясида Туркистоннинг истило этилишига оид ҳар қандай мавзуга бериладиган баҳо империянинг Осиё халқлари маданияти ва ривожига қўшган ҳиссасини эътироф этиш билан тугар эди, яъни мустамлакачиликнинг асосий мотиви «цивилизаторлик миссияси» ҳисобланар эди. Масаланинг қизиқ томони шундаки, бугун ҳам, ўша узоқ йиллардаги сингари, мустамлакачилик тизимининг ашаддий тарафдорлари мавжуд.

Истило чоғида маҳаллий аҳолига нисбатан уюштирилган зулмларни оқлаш мақсадида империалист ва шовинистлар ёлғон гапириб, асоссиз равишда «Туркистон мустамлакага айлантирилганидан сўнг ўлкада тараққиёт кучайди, Россия империясининг Туркистонни эгаллашдан кўзлаган мақсади ўлкани эволюциянинг янги босқичига тортиш бўлди» сингари қарашларни илгари сурган. Ҳарбий тарихчи Д.Я. Фёдоров Россия империяси томонидан Туркистоннинг забт этилиши ҳақида шундай деган эди: «Рус ҳукмронлиги Ўрта Осиёда улкан жозибадорлик касб этди, негаки унга маҳаллий халқларга нисбатан инсоний, меҳрибон муносабат хос бўлди, халқ оммасининг қалбидан ўрин эгаллаб, улар учун матлуб бир ҳукмронлик бўлди». Туркистон юришлари иштирокчиси, тарихчи, генерал-майор Л.Ф. Костенко ҳам Россия империясининг ролини қуйидагича баҳолаган эди: «Шуҳратпарастлик ёки бошқа ғаразли ҳисоб-китоблар Россиянинг Ўрта Осиё томон силжишига асос бўлмади, фақатгина ушбу ўлкага тинчлик олиб кириш, унинг бунёдкор кучларига туртки бериш ҳамда Туркистон маҳсулотларини Россиянинг Европа қисмига етказишнинг энг қисқа йўлларини топиш бош мақсад бўлди»[2].

Яна бир ёлғон шундан иборат эдики, Туркистоннинг истило этилишига қадар гўёки маҳаллий халқларда миллий ўзлик бўлмаган эмиш. Бу, юмшоқ қилиб айтганда, бўҳтон, кўп асрлик ёзма тарих ва маданиятга эга халқни ҳақорат қилишдан бошқа нарса эмас. Ахир сир эмаски, Туркистон Россия империяси бу ерларга келишидан анча олдин кўп асрлик буюк маданияти ва санъати, илм-фани ва адабиёти, меъморчилиги, етук олимлари, шоирлари, давлат арбоблари ва мафтункор шаҳарлари билан машҳур эди. Туркистон ал-Хоразмий, Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Кошғарий, ал-Форобий, ал-Фарғоний, Улуғбек, Навоий сингари етук маданият ва фан намояндаларини жаҳонга ҳадя этди.

Ҳатто совет тарихчилари чоризм лаганбардорлари мисоли Туркистон аннексиясини бир овоздан оқлаб келар эди. Улар айрим императорларни яхши кўрсатиб, уларни сахий, бағрикенг, эртаю кеч ўз халқи ҳақида қайғурадиган ҳукмдорлар сифатида таърифлаб келган эди. Худди ўша совет тарихчиларининг ўзи Туркистон халқлари қон тўкилиши оқибатида ёки босқинчилик уруши туфайли эмас, гўёки ўз ихтиёри билан Россия империясига қўшилганини уқтириб келди.

Россия империяси ҳамда большевиклар тарафидан Марказий Осиё давлатлари ҳудудларининг эгалланишига боис (сабаб, баҳона) қилиб кўрсатилган мотивлар романтик жанрлар ҳавас қилса арзигулик бир тарзда эди. Таъкидланишича, гўёки осиёликлар маданиятсиз, саводсиз бўлган, шу боис Россия империясининг бу ҳудудда бўлиши «маданият улашиш» билан тушунтириларди.

Аслида эса, Россия империясининг Туркистонга бостириб киришига асосий сабаблардан бири хомашё ва инсоний ресурсларга эга бўлиш эди. Маҳаллий аҳоли, Россия империяси аҳлига қиёсланса, ҳуқуқсиз, арзон ва ҳатто мутлақо бепул ишчи кучи эди. Россия империясининг енгил саноати хомашёга ўткир муҳтожлик ҳис этганини юқорида айтган эдик. Урушлар олиб бориш учун яна порох, ҳарбий кийим-кечак ҳам керак эди. Бу муаммолар баракатли ўлканинг қўшиб олиниши билан ҳал этилди – энди Россия империяси бу ерда пахта экишни, порох ва кийим-кечак хомашёси етказилишини кенгайтириши мумкин эди.

Туркистон истилосидан сўнг бу ўлка Россия империясининг давлат сиёсатига тўғри келмайдиган хатти-ҳаракатлари билан маълум бўлган амалдорлар юбориладиган ўзига хос сургун масканига ҳам айлантирилди. Крепостнойликдан озод қилинган қашшоқ, жудоликларга учраган, ўзига иш тополмаётган крестьянлар, озод қилиниб, ер-мулксиз қолган крестьянларнинг болалари ва набиралари, криминал йўналишдаги ижтимоий қатламлардан чиққан шахслар бу ерга кўчирилиб, янги ерлар билан таъминланар эди. Туркистонга асосан диний бузғунчиликда айбланган старовер оқимидаги казаклар, Россия империясида шаклланган тартиб-қоидадан норози одамлар жўнатилар эди. Улар Россия ҳукумати учун бошоғриғи эди, уларни олисларга жўнатиб, шу йўл билан ташвишдан қутулиш зарур эди.

Зиёкорларлардан бўлган маҳаллий интеллигенция вакиллари – Муҳаммад Солиҳ Тошкандий, Фозилбек, Баёний, Аҳмад Дониш, Салимий, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Мунавварқори Абдурашидхон, Убайдуллахўжа Асадуллахўжа, Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон ва бошқалар Туркистон қурол кучи билан забт этилгани, бу кўплаб одамларнинг ўлдирилишига, ёнғин ва талончиликка, ноёб моддий ва маданий обидаларнинг йўқ қилинишига олиб келганлиги борасидаги фикр-мулоҳазалар ва маълумотларни ўз асарларида ёзиб қолдирди. Бундан ташқари, тарихшуносликда даврий матбуотда чоп этилган мақолалар, Россия империяси тарихчилари ва ҳарбий солномачиларининг шоҳидликлари, шу жумладан, рус истилосининг қонли саҳналарига бевосита гувоҳ бўлган таниқли туркистонликларнинг асарлари яхши маълум. Тилга олиб ўтилган манбаларда Россия генералларининг услублари ва хатти-ҳаракатлари яхши акс эттирилган – улар шафқатсизларча яғмо этар, уйлар ва бутун бошли шаҳарларни ёқар, тарихий обидаларни портлатар ва вайрон қилар, аёллар, кексалар ва болаларни ўлдирар, майиб-мажруҳ қилар эди.

Қўқон хонлиги, Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги раҳбарлари идрок овозига ва юрак амрига қулоқ тутса, балки бўлган фожиаларнинг олдини олишни иложи бўлар эди ёки камроқ қурбонлар билан балодан қутулиб қолишнинг имкони бўлар эди. Аммо, таассуфки, уларнинг ҳудудлари Россия империяси томонидан аннексия қилиниши пайтида ушбу давлатлар янги ерлар ва даромад манбалари учун бир-бирига қарши урушлар олиб бораётган эди.

Ўрта асрлар сўнггида, Россия империясининг юришларига қадар Туркистон дарҳақиқат мисли кўрилмаган инқирозни бошдан кечираётган эди. Ўрта асрлар схоластикаси даражасидаги диний фундаментализм, консерватизм, қотиб қолган маданият, янги илмий-техник кашфиётлардан, тараққиётдан ортда қолиш – бунинг барини Туркистоннинг ўрта асрлардаги улуғворлиги билан тенглаштириб бўлмайди. Бошқа томондан, бу Россия империясининг тажовузкорлигини ҳам оқламайди. Чунки Россия империясининг ўзида ҳам ерсиз ва саводсиз крестьянлар билан боғлиқ жиддий муаммолар бор пайтда Туркистоннинг мустақил давлатлари ҳудудига бостириб кириб, ўзининг қуролли ҳамласини «цивилизаторлик» билан ҳаспўшлашга уринди[3].

Қўқон, Хива хонликлари, Бухоро амирлиги ерларига тажовуз қилгунга қадар Россия империяси биринчи галда бу давлатларнинг ўзаро муносабатлари майдонига низо уруғини сочишга ҳаракат қилди, бу йўлда задогонларни совғалар ва ваъдалар билан ўз томонига оғдирди, шу боис рус армияси бу уч давлатни айри-айри ҳолда нисбатан осон забт эта олди. Шу тариқа, Марказий Осиё давлатларининг тақдири Россия империяси томонидан ўта қадимий «Divide et impera!» (Бўлиб ташла, ҳукмронлик қил!) принципининг амалга оширилишига яққол мисол бўла олади. Лекин бу масаланинг бир томони. Бошқа жиҳати шундан иборатки, тилга олинган давлатлар қуролли кучларининг жанговар ва техник қолоқлиги ўз сўзини айтди – уларнинг қўлида маънан эскирган қуроллар ва ўрта асрлар қўшин ташкилотчилигидан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Ахир яхши қуролланган душман ҳужум қилди: Россия ҳарбий ҳаракатлар олиб боришнинг замонавий усулларини яхши билар, бу борада катта тажрибага эга, унинг ихтиёрида энг янги ва хилма-хил ҳарбий техника бор эди.

Большевиклар босқини ҳам «Шарқни саводсизлик ва синфий душманлардан озод қиламиз» шиори остида кечди. Моҳиятан, мустамлакачилик ва советлаштириш бир хил шиорларга ошно бўлди, яъни босқинчиликнинг бутун мазмуни маҳаллий аҳолининг қолоқлиги ва саводсизлиги, мустамлакачилар ва большевиклар эса «цивилизаторлик» миссиясини ташувчилар эканлиги асосига қурилди.

Мустамлакачилар ва большевиклар илгари сурган мотивлар ростанам ҳақиқатга мос эдими? Дарвоқе, бостириб келган чор ва совет қўшинларидаги аскарлар сингари босиб олинган маҳаллий «бегона»ларнинг кўпчилиги ўқиш ва ёзишни билмас эди. Унда маҳаллий одамлар, болалар, аёллар ва кексалар саводсиз бўлганлари учун йўқ қилинган эканда, бу тарихий воқеани нима билан тушунтирамиз? Бир қарашда осон туюладиган бундай саволларга жавоблар ёзиш аслида кўп жилдли китоб саҳифаларини эгаллаши мумкин. Ёки чоризм ва большевизм замонларидаги ёлғон ғоялар ва тарғибот шиорларининг асл мақсадларини фош этиш билан шуғулланадиган бутун бошли тарихчилар ва ҳуқуқшунослар мактабини яратиш мумкин.

XIX аср охири – XX аср бошларида Россия империясининг қишлоқлари аҳолиси орасида саводхонлик ва зиё қай аҳволда эканлиги борасида жуда муфассал маълумотлар мавжуд. Рус интеллигенцияси Россия империясининг ички ҳудудларининг бу жиҳатларини ўзларининг буюк асарларида тавсифлаган. Крепостнойлик ҳуқуқи ҳақида ҳам жуда кўп ахборот мавжуд. Хуллас, бир ҳикматда айтилганидек, «иштони йўқ тиззаси йиртиққа кулган экан». Қандай илоҳий амрга биноан мустамлакачилар ва большевиклар бутун бошли халқларни қатлиом қилган, очликдан силласини қуритган, христиан хайрихоҳлар, «ўлдирма ва сев…» принципи тарафдорлари қаерга қараган? Большевикларнинг «барча халқлар тенгдир» шиорлари тарғиботчилар қаерга қараган? Улар ҳақиқатан цивилизаторлик миссиясига эга бўлган дейлик, лекин бу ҳолда зиёкор жадидлар, ўқитувчилар, ёзувчи ва шоирларнинг отиб ташланишини қандай тушунтирамиз? Ахир улар ўқимишли инсонлар эди. Бемаънилик, лекин факт.

Совет тизимининг ўрнатилганидан бошлаб большевикларнинг асосий иши қотилликлар, талончилик, ноқонуний судлар, Сибирга сургунлар бўлди, бу гувоҳларнинг эсдаликлари ва архив материаллари билан тасдиқланади. Кейинчалик, маҳаллий халқлар талон тарож қилинганидан, жадидларнинг ғоялари ўзлаштирилган ёки, большевиклар айтганидай, «экспроприация» қилинганидан сўнгина большевиклар ликбезлар – саводсизликни йўқ қилиш тадбирларини ўтказа бошлади. Маҳаллий халқнинг фақат бойликлари эмас, ғоялари ҳам талон тарож қилинди. Луначарскийнинг саводсизликни йўқ қилиш дастури 20-йиллар охири ва 30-йиллар бошидан ҳаётга татбиқ этила бошланди, бунга қадар эса Туркистон халқларининг ўз зиёкорлари бўлиб, улар болалар учун кўплаб мактаблар очган эди. Мустамлакачилар кўмагида очилган рус-тузем мактаблари деҳқонларнинг болаларига эмас, аслзодаларнинг урвоқларига, чор ҳукумати тарафдорларига хизмат қилар эди. Бу айнан россиялик ва европалик олимлар томонидан исботланган фактдир[4].

Россия империясининг сиёсати нуфузининг маҳаллий аҳоли кўз ўнгида тушиб кетишига эса унинг ўлка моддий бойликларига ортиқча даражада муккасидан кетиши ва маҳаллий аҳолини расман бегоналар «инородец»лар деб ҳисоблаб, менсимаслик муносабатини кўрсатиши, сабаб бўлди [5].

Биринчи Жаҳон уруши окопларидан тўпланган қаланғи-қасанғилар, тақдири майиб-мажруҳ этилган, қалбида ғазаб шингиллари ўрнашган одамлар маҳаллий «инородец»ларга зиё улашолмас эди. Биринчи тўлқин большевиклари жиноятчи ва террорчилар эди, 30-йилларга қадар улар зиё тарқатиш ҳақида ўйламаган ҳам эди, бу факт. Қуролли жиноятчилар ва урушдан руҳияти бузилиб қайтган одамларни қўлида қурол билан Туркистон «инородец»ларини камситиш йўли билан, болалар, аёллар ва кексаларни ўлдириш йўли билан «маданийлаштириш», шу йўл билан «маданият ва маърифат» ўрнатиш «цивилизаторлик»ка мутлақо ўхшамайди. Ахир ўлдириш, осиш, кесиш, отиш маданиятми? Ҳатто энг ўқимишли «маданиятшунос» ҳам бундай маданиятни тушунмаса керак.

Россия империясининг собиқ мустамлакаси – «Туркистон генерал-губернаторлиги» ва бир пайтлар совет ҳокимияти миллий социалистик республикалар яратиш йўли билан парчалаб ташлаган миллатлар ниҳоят кишанларни парчалади, мана чорак асрдирки Марказий Осиё давлатлари ўз мустақиллигини эълон қилди, лекин қуллик ва эски тартиб тарафдорлари тинчлана олмаяпти. Бугунги кунга қадар айрим олимлар империя ва совет мафкуравий догмаларига содиқ қолаётгани, улар ўз тарғиботини давом эттираётгани ғалати. Мустамлакачилик ва совет тузумлари тарафдорларининг асосий «аргументлари» фантастика жанридаги асоссиз қиёсларга ўхшайди: «Россия империяси Европа мустамлакачи империяларига нисбатан инсонийроқ ва прогрессивроқ бўлган» эмиш. Европа давлатлари асоратга солинган қавмлар олдида расман кечирим сўраб бўлган, жаҳон ҳамжамияти мустамлакачи сиёсат ҳеч қандай шаклда прогрессив бўла олмаслигини тан олган бир пайтда баъзи бир сохта олимлар томонидан бундай тарғибот ҳали ҳам давом этмоқда.

Ўзбекистон мустақиллиги тиклангунига қадар кенг оммалар Марказий Осиёнинг буюк олимлари ва мутафаккирлари жаҳон тамаддуни хазинадонига ўзларининг улкан ҳиссаларини қўшгани маълум эмас эди. Улар умуминсоний қадриятларнинг яратилишида қатнашгани, уларнинг илмий кашфиётлари бугунги кунга қадар барча мамлакат ва қитъалар олимлари томонидан қўлланаётгани ошкор айтилмас эди. Бу фактлар бутун маданиятли жаҳон аҳлига яхши маълум, аммо Туркистон халқларининг ўзлиги юзага чиқиб, кучайишига хизмат қиладиган фикр ва билимлари Совет режими йилларида етти парда ортидаги сир ўлароқ сақланар эди. Бунинг ўрнига «Россия империяси Туркистонни қулдорлик тузумидан қутқаргани» ҳақидаги «оламшумул илмий кашфиёт» тезислари тарих фанини ўқитиш бўйича совет мактаб дастурига киритилди. Босиб олинган халқларнинг тарихи ҳақидаги ушбу тушунча ҳар қандай мустабит сиёсат ҳимоячиларига хос аргументлардир. Аслида эса мустамлакачилар ва уларнинг тарафдорлари қулликдан озод қилиш ўрнига маҳаллий аҳолининг қуллигини расман ҳужжатлаштирди, бу билан уларнинг миллий ғурурини поймол қилди.

ХУЛОСА

Россия империясининг ҳокимиятига қарши курашнинг юзага келиши моҳияти шундан иборатки, босқинчиларнинг асосий мақсади инсоний ресурсларга эга бўлиш ҳамда «хўжайин» сифатида моддий бойликларга эга чиқиш эди. Россия империясининг, ундан кейин эса Совет империясининг тажовузкор сиёсати Марказий Осиё халқларининг мустамлакачи ҳокимиятга қаршилик кўрсатишига ва ундан сўнг юзага келган миллий озодлик ҳаракатига сабаб бўлди.

Шухрат Барлос

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Туркия фирмаси венесуэладан тонналаб олтин олиб чиқиб кетди

Туркиянинг Sardes фирмаси Венесуэладан Туркияга умумий қиймати 900 миллион доллар бўлган олтинни экспорт қилди. Бу ҳақда Bloombergга таяниб “Дарё” нашри ёзмоқда. Фото: ...

2018 йилда 21 минг ўзбекистонлик россия фуқаролиги олган

Жорий йилнинг январидан августига қадар 221,1 минг хорижликка Россия фуқаролиги берилди. Бу ҳақда Россия Федерациясининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна ...

Грузияда елим халталар тақиқланди

1 апрелдан Грузияда бир марталик елим халталарни ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва сотиш тақиқланди. Улар ўрнини биологик парчаланиш ва деградацияга учровчи халталар эгаллайди. ...