Туркистонда нима бўлган эди… Алданиш (II-бўлим)

Биринчи Жаҳон уруши айни авж палласига чиққанида Россия империясида сиёсий инқироз бошланиб кетди. 1917 йили ҳокимият алмашиши юз берди – 27 февраль (12 март) куни Николай II ағдарилиб, Давлат Думасининг Вақтинчалик қўмитаси таъсис этилди. 2 (15) март куни Россиянинг сўнгги императори Николай II расман тахтдан воз кечди, Давлат Думасининг Вақтинчалик қўмитаси эса Вақтинчалик ҳукуматни шакллантирди. Ушбу ҳукумат 1917 йилнинг 2 (15) мартидан 25 октябрига (7 ноябрь) қадар ишлади.

Мақола:  ufq.uz сайтидан олинди

Россиядаги давлат тўнтариши унинг бошқа ҳудудларида, шу жумладан, Туркистон ўлкасида ҳам акс садо берди. Янги жамият шаклланиши жараёни бошланиб кетди. Россияда чор ҳукумати ағдариб ташланганидан сўнг ўз муҳитида муносабатларини ойдинлаштириш билан машғул бўлган Туркистоннинг рус буржуазияси вазият ўзгаришига ҳеч қандай муносабат билдирмади ва маҳаллий аҳолининг чақириқларига қулоқ тутмади. Уша даврларда ўлкани чоризмнинг Туркистондаги охирги намояндаси, Ўрта Осиёга юришлар иштирокчиси, этнограф, Туркистон тадқиқотчиси, илк рус-ўзбек луғатлари муаллифи, II Давлат Думаси депутати, Туркистон ҳарбий округи қўшинлари қўмондони В.П. Наливкин бошқараётган вақтда Тошкентда ўлка раҳбариятининг ўзгаришига олиб келган ҳокимият инқирози рўй берди.

1917 йил сентябрида Россия Вақтинчалик ҳукумати раиси А.Ф. Керенский Тошкентга сафдоши – генерал-майор П.А. Коровиченкони йўллади. Унинг зиммасига Туркистон ўлкасидаги инқироздан сўнг издан чиққан вазиятни ўнглаш вазифаси юкланди. 24 сентябрда П.А. Коровиченко «Вақтинчалик ҳукуматнинг Туркистон ўлкасини бошқариш бўйича бош комиссари» деб эълон қилинди. Ҳокимиятини мустаҳкамлаш мақсадида П.А. Коровиченко айни пайтда Туркистон ҳарбий округи қўшинлари қўмондони деб ҳам эълон қилинди. Айнан унинг даврида Тошкентда ҳокимият қуролли исён йўли билан большевиклар ва сўл эсерлар коалицияси томонидан эгаллаб олинди[2]. Туркистонда ҳокимият қўлдан қўлга ўтар экан, большевиклар фаоллашган эди.

Туркистон тараққийпарварлари – жадидлар эса Петрограддаги Вақтинчалик ҳукумат ва унинг Туркистон қўмитаси империянинг эски мустамлакачилик сиёсатини давом эттираётганини тез орада тушунди. Туркистон рус буржуазиясининг мана шу сиёсати тез орада фаолларнинг сиёсий баёнотларида акс этди. Шу даврдан бошлаб Туркистон жадидлари учун Ватан мустақиллиги йўлидаги кураш ҳаётий аҳамиятга эга муҳим мақсадга айланди. Ўткир сиёсий тўқнашувлар ва баҳслар бошланди, Туркистон тарихида биринчи марта улар маҳаллий аҳолининг асл мустақилликка эришиш, қадриятлари, урф-одатлари ва турмуш тарзини ҳимоя қилишдан иборат қатъий мақсадини ошкор айтди. Бу ўлка халқлари ўз мустақиллигини тиклаши йўлидаги илк қадам бўлди[3].

Жадидлар Россия мустамлакачи сиёсатини кескин танқид остига олиш билан бирга жиддий ҳаракатга киришди ҳам. Уларнинг асосий мақсади ўлкани миллий-ҳудудий мухториятга айлантириш бўлди. 1917 йил давомида улар тўртта қурултой-съезд – «Бутунтуркистон мусулмонлари қурултойи» ўтказди. Ўлкага мухторият мақомини бериш ғояси нафақат демократик кайфиятдаги интеллигенция, балки оддий меҳнаткашлар орасида ҳам машҳур бўла бошлади.

Туркистоннинг асл мустақиллик ва бирлашиш сари йўли тарихи ҳам сиёсий ва ташкилий кўтарилиш, ҳам тушиш босқичларини билади. Бошқача айтганда, бу жараёнлар ҳар доим ҳам силлиқ ривожланмаган, ҳар доим ҳам бир йўлдан бормаган. 1917 йил июнида Мунавварқори Абдурашидхон бошчилигидаги «Шўрои Исломия» ташкилотидан «Шўрои Уламо» жамияти ажралиб чиқди. Шундан сўнг Серали Мунайтпасович Лапин «Шўрои Уламо»нинг Тошкент бўлимини яратди. Бир муддатдан сўнг «Шўрои Уламо»нинг Қўқон филиали ҳам очилди. Ўз ғояларини тарғиб қилиш мақсадида ушбу жамият «ал-Изоҳ» газетасини нашр эта бошлади. Газета муҳаррири Абдумаликхўжа Набиев эди.

Серали Мунайтпасович Лапин раҳбарлигидаги Тошкент руҳонияти ўз маслакдошлари орасида тушунмовчиликлар келтириб чиқаришга беҳуда уринди. Шу сабабдан Мунавварқори Абдурашидхоннинг «Шўрои Исломия» ва Серали Мунайтпасович Лапиннинг «Шўрои Уламо» ташкилотлари ўзаро қарама-қаршиликда фаолият юритиб келди. Бу фаолият давомида кўплаб келишмовчиликлар юзага чиқди, улар муросага кела олмади, матбуотда ўзаро уруш бошлаб юборди.

«Шўрои Уламо» ва «Шўрои Исломия» ўртасидаги узоқ баҳсларга қарамай, охир-оқибат улар йўлини тутди ва тил топишди. «Шўрои Исломия», «Шўрои Уламо» ва «Турон» сиёсий партияларининг бирлашиши негизида бутун Туркистон учун умумий бўлган «Иттифоқи муслимин» партиясини яратишга қарор қилинди. Шу билан 1917 йилдаёқ Туркистон жадидлари ўз сиёсий ғояларини амалга ошириб, мусулмон дунёсидаги биринчи парламентар демократияга асос солди. Нафақат Туркистон халқлари тарихида, умуман мусулмон ва туркийлар тарихида бу конституция асосида давлат қуришнинг биринчи тажрибаси бўлди. Шунингдек, бу мусулмон дунёсида яҳудий социал-демократик ишчи партияси бўлмиш «Поалей Цион» (Сион ишчилари) билан парламентар коалицияда ишлаган биринчи ва охирги давлат бўлди. Бунақаси ҳали Европа тарихида ҳам бўлмаган. Бундан ташқари, мусулмон дунёси тарихида биринчи марта барча фуқаролар жинси, дини, ирқи, ижтимоий аҳволи ва этник келиб чиқишидан қатъий назар ҳуқуқ ва эркинликларда тенглаштирилди.

Жадидлар ҳеч қачон халқни синфларга ва миллатларга бўлган эмас, миллий сиёсатнинг большевик дастури эса одамларни синфларга, миллатларга бўлиб юборди ва бу билан Туркистон жамиятининг исломий ва миллий қадриятларига тубдан қарши чиқди. Шунга ҳам эътибор бериш керакки, жадидлар нафақат бойлар, балки камбағалларнинг ҳам инсоний иллатларини фош этарди, зеро уларни жамият эволюциясининг чуқур жараёнлари қизиқтирар эди. Шунинг учун улар ватандошларининг диққатини саводсизлик, очкўзлик, пиёнисталик, жинсий тенгсизлик, бузуқлик ва бошқа иллатларга қаратишга уринар эди. Улар ижтимоий тузум туфайли вужудга келган мана шу иллатларни йўқ қилиш имконини берадиган йўлларни қидирар, халқини зиёли ва саводли, қулликдан, саводсизликдан ва миллий ёпиқликдан озод, жаҳон ҳамжамиятига омухталашган ҳолда кўришни исташар эди.

Туркистон жадидларининг жамиятни қайта шакллантиришга қаратилган бутун саъй-ҳаракатлари чинакам новаторлик эди, тарихий нуқтаи назардан эса бу фаолият прогрессив ва маърифий аҳамият касб этарди [4].

Жадидларнинг дастурий ҳужжатларида биринчи галда эътибор жамиятни бошқариш механизмларини яратишга қаратилган эди:

  • Миллий-ҳудудий мухториятнинг асосий принципларини амалга оширишга кўмак берувчи механизм;
  • Мустақил ваколатларга эга ўлка олий ҳокимият органларининг фаолияти;
  • Қонун ижодкорлиги ва суд тизимининг ишлаб чиқилиши;
  • Ўз давлат структураси – Туркистон Федератив Республикасини яратиш;
  • Республикани халқ ҳокимияти принциплари бўйича бошқариш асослари;
  • Туркистондаги турли социал ва миллий кучларнинг ўзаро муносабатларида тинчлик ва муросани таъминлаш йўлида демократик жамиятни шакллантириш, унинг асосларини конституция билан, барча учун, жинси, келиб чиқиши, диний ва миллатидан қатъий назар, демократик ҳуқуқ ва эркинликлар билан кафолатлаш;
  • Жадидчиликнинг давлат мустақиллиги ҳақида ғояларини ҳаётга жорий этиш[5].

Россия империясининг, сўнг коммунистик тизимнинг мафкуравий, руҳий, сиёсий ва иқтисодий босимига қарамай, ўзбек халқи барибир миллий ўзига хослигини, жадидлар илгари сурган орзу-интилишлар рўёбга чиқишига бўлган умидини сақлаб қолди. 1991 йили СССР парчаланиб кетганидан сўнг ва Ўзбекистон асл мустақиллигини қайта тиклаганидан кейингина жадидчилик ғояларини тўлиқ ҳаётга татбиқ қилиш мумкин бўлди. Ўзбекистон мустақиллигининг тикланишига қадар жадидчиликка бўлган муносабат, унга берилган баҳолар ҳам ўзгариб турар эди. У гоҳ илғор, гоҳ ультрамиллатпараст ҳаракат деб тан олинар эди. Жадидчилик ҳақидаги ҳақиқатнинг тикланишида Ўзбекистон, Қозоғистон, Татаристон, Бошқирдистон ва Озарбайжон тарихчилари, файласуфлари ва филологлари муаммони ўрганишга киришиши муҳим босқич бўлди. Уларнинг фаолияти ўрганиб чиқилгач, жадидчиликни баҳолашга социалистик мафкуравий қўпол ёндашувдан воз кечишга, унинг Шарқда маърифат ва тараққиётнинг ёрқин босқичи сифатида маҳаллий маданият ривожидаги ўрнини холис ёритишга қарор қилинди. Шу билан жадидчилик пантуркизм, панисломчилик ва буржуа миллатпарастлиги билан чоғиштирилиши мумкин эмаслиги тасдиқланди[6]. Туркистонда оддий инсоний ҳуқуқларига риоя этилмаслиги, аҳолининг камситилиши 1865-1918 йилларда, ниқобланган шаклда 1918-1991 йилларда мавжуд бўлди.

ХУЛОСА

Туркистонда жадидчилик қисқа мавжудлик вақтида маърифатпарварлик фаолияти туфайли янги усул мактаблари яратилди, маҳаллий зиёлиларнинг илғор қисми прогрессизм ва маърифатни фаол тарғиб қилди, аммо кейинчалик жадидчилик фаолиятига большевикларнинг аралашувидан сўнг Туркистонда бу ҳаракат тугатилди. Жадидчиликнинг деярли барча намояндалари большевиклар тарафидан руҳан ёки жисмонан йўқ қилинди.

Халқ оммасининг камситилиши большевизм режими ўрнатилганидан кейин ҳам тугамади. Мустамлакачи империяни қулатган большевиклар сўзда халқлар тенглигини эълон қилди, аммо ҳаётда бари тескари бўлди. Улар моҳиятан қайтадан империя яратди, эски мустамлакачилик услубларни қўлланибгина қолмай, улкан халқлар қамоғини ташкил этди. Маънавий-руҳий жиҳатдан бу давр машъум империя таркибига кирган барча халқлар тарихидаги энг қора ва қайғули босқич бўлди. У Марказий Осиёнинг тобе этилган халқлар тақдирида битмайдиган қонли яралар қолдирди.

Муаллиф: Шухрат Барлос

(Давоми бор)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Бир газета бош муҳаррирининг аччиқ ҳақиқатлари

«Мен ҳар доим ҳақиқат тарафида бўлганман. Мен ҳар доим ҳақиқатни гапираман, нима бўлган тақдирда ҳам, ҳақиқатни гапириш керак!..» - авваллари шу гапларимдан сўнг отамнинг, ...

Тожикистонда собиқ депутатлар фирибгарлик ва пора беришда айбланди

Ҳўжанд шаҳар суди Истиқлол шаҳар кенгашининг икки нафар собиқ депутатини фирибгарлик ва аксилкоррупция агентлиги ходимига пора беришда айбдор деб топди. Саодат Шарифзода 9 ...

Шаҳноза мирзиёева янги лавозимга эга бўлди

Шаҳноза Мирзиёева Мактабгача таълим вазирлиги Мактабгача таълим соҳаси сиёсатини шакллантириш ва юритиш бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Қайд этилишича, Шаҳноза ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400