Фрилансер ким-у, касаначи – ким? Ким қандай солиқ тўлайди

Фрилансер, аутсорсер ва аутстаффер ким ўзи? Уларнинг ҳаммамизга маълум касаначилардан нима фарқи бор? Иқтисодиётимизга шундай хизмат кўрсатувчи ғалати номдаги субъектлар керакми ўзи? Шу сингари саволларга жавоб излаймиз.

Мақола kommersant.uz сайтидан олинди. Муаллиф:  Мансур Тангишов, молиячи эксперт

Кўплаб ишчи-ходимлар учун ўз ишхонасининг уйига яқин ҳудудда жойлашиши жуда муҳим ҳисобланади. Чунки бунда ишга бориш ва ундан қайтиш жараёнидаги йўлга сарфланадиган вақт ва маблағ тежалиши аниқ. Ўзбекистонда ишчилар асосан вақтбай ишларда ишлашади ва унда белгиланган аниқ иш графиги асосида меҳнат қилишади. Бироқ, барча ишчиларнинг ҳақиқий орзуси – бу иложи борича ўзига мос келувчи графикни ўзи тузиши ва ўзига ёққан шароитларда ишлаш. Айнан шу мақсадда ҳам бугунги кунда ривожланган мамлакатларда фрилансерлик оммалашиб бормоқда.

Фрилансер – бу эркин ишчи бўлиб, асосан бир марталик ёки мавсумий ишларни бажариш учун ёлланувчи, буюртма асосида қайсидир иш ёки хизматни муайян ҳақ эвазига келишилган вақт давомида амалга ошириб берувчи инсондир. Тарихда илк бора фрилансер атамаси Вальтер Скотнинг «Айвенго»  романида «ўрта аср ёлланма жангчиси»га нисбатан қўлланилган. Фрилансерлар асосан норасмий равишда фаолият юритишади ва ўз хизматларига харидорларни ўзлари излаб топишади ёки буюртмачилар таклифига кўра иш қилишади. Фрилансерликнинг устун жиҳати бу ҳар қандай жойдан туриб исталган мамлакатдаги лойиҳа бўйича ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш имконининг мавжудлигидир.

Аслида фрилансер бизнинг Ўзбекистон учун ҳам бегона нарса эмас, чунки биз яхши биладиган буюртмага асосан ёлғиз ишловчи электрик, сантехник, уста, мебелчи, пардачи, қурувчи, мардикор, фаррошлар, айрим бухгалтерлар, айрим журналистлар, ўқитувчилар, интернет хизматларини кўрсатувчи дастурчилар, муҳандислар, дизайнерлар ва ҳаттоки кўчада норасмий кира қилаётган киракашлар ҳам айнан фрилансер ҳисобланади. Бизда буларга нисбатан тирикчиликни бир тури деб таъриф беришади, демак фрилансерлик ҳам ўзимизни содда тилда тушунтирилса тирикчилик учун қилинадиган бирор меҳнат тури саналади.

Бизда тирикчиликнинг айби йўқ, деган ибора бор, бироқ тирикчиликнинг битта айби унда солиқдан қочиш ҳолатлари бўлади. Кўплаб фрилансерларнинг айби ҳам солиқларда қочган ҳолда фаолият юритишдир. Улар тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтгиси келмайди, чунки унда ҳар ойлик мажбурий тўлов бор, бирор ташкилотга ёлланиб ишлагиси ҳам келмайди, чунки у ерда қатъий иш вақти ва ойликдан солиқларни тўлаш керак. Бироқ, турли давлатларда фрилансерларнинг ҳар қандай тартибда оладиган даромадларига нисбатан ҳам белгиланган аниқ солиқ турлари мавжуд ва ҳаттоки меҳнат стажи ҳамда кейинчалик нафақалар тайинланишида ҳам ҳар бир ҳолат инобатга олинади.

Бироқ, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ ҳар қандай ҳолатда ҳам тегишли солиқлар тўланган ҳолда фаолият юритиш лозим ҳисобланади. Хусусан фрилансерлар расман фаолият юритиши учун ишбай асосда фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги пудрат ёки ҳақ тўланадиган шартнома, меҳнат шартномаси, ўриндошлик шартномаси, муддатли шартнома ёки касаначилик шартномаси тузилиши мумкин.

Юқоридаги ҳолатларнинг барчасида фрилансер қатъий белгиланган даромад солиғи (шкала бўйича) ва қайси турдаги шартнома бўйича иш амалга оширилишига қараб бошқа мажбурий ажратмалар (бюджетдан ташқари пенсия фондига ажратма ва б.) тўлаши керак бўлади. У ҳолда унинг даромадлари ҳам худди расмий меҳнат шартномаси асосида фаолият олиб борувчи ходимларникидек қонуний солиққа тортилган ҳисобланади.

ФАКТЛАР: АҚШда 10 млн.дан ортиқ инсон (умумий ишчлар сонининг 7,4 фоизи) фрилансер ҳисобланади ва бугунги кунда кўплаб йирик ташкилотлар кўплаб соҳаларда фрилансерлар хизматидан фаол фойдаланиб келишмоқда. Ўзбекистонда ҳам йирик ташкилотлардан бўлмиш Facebook, IBM, Google, Microsoft ва бошқа кўплаб ташкилотларда фрилансерлик асосида масофадан туриб хизмат кўрсатувчи бор. Ўзбекистондаги аксарият фрилансерлар иш ҳақларини Paypal, Webmoney, Qiwi, Yandexmoney, VISA, Master Card, China Union Pay сингари тўлов тизимлари орқали хорижий валютада олишади. Фрилансерларнинг бундай турдаги даромадлари бўйича ҳар бир буюртмачи ўзида мавжуд солиқ қонунчилигидан келиб чиқиб ҳақ тўлайди, фрилансернинг ўзи эса бизда солиқ тўламайди.

Қувонарлиси шуки, ҳукуматимиз томонидан эндиликда фрилансерлик бўйича ҳам Меҳнат кодексининг тегишли қисмларига қўшимчалар киритилиши бўйича чоралар кўрилиши ҳаракатлар стратегиясида қайд этилган.

Фрилансер агар бирор ташкилот билан меҳнат шартномасини тузган ҳолда ишбай тегишли талабларга мос хизмат кўрсатишни таъминлайдиган бўлса бизнинг қонунчилигимизга мувофиқ у касаначига айланади.

Касаначилик – бу тузилган меҳнат шартномасига мувофиқ жисмоний шахс — касаначининг яшаш жойи бўйича ёки унга ёки унинг оила аъзоларига тегишли бўлган бошқа биноларда иш берувчининг буюртмалари бўйича товарлар ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш бўйича касаначи томонидан амалга оширилаётган ишни англатади. Соддароқ тушунтириладиган бўлса, касаначи – бу корхонанинг эркин ишчиси, у фақат буюртмага мувофиқ ишни амалга ошириши талаб этилади. Касаничининг оддий фрилансердан асосий фарқи битта ташкилот билан ишлаш, моддий жавобгарлик ва меҳнат шартномаси талабларини бажариши ҳамда иш стажи юритилиши ҳисобланади.

Ўзбекистонда касаначилик соҳасида асосан тикувчилар, ярим тайёр ва тайёр маҳсулотларни тайёрловчи уста ва дурадгорлар, саноат корхоналарига зарур маҳсулотларни уйда тайёрловчи ишчилар фаолият юритишади. Энг муҳими касаначига иш берувчи ишлаш учун зарур бўлган барча шароитлар (махсус асбоб ускуна, керакли жиҳозлар, хом ашё ва материаллар билан таъминлаш)ни яратиб беради. Шунингдек, корхона буюртмаси юзасидан бўладиган барча харажатларни қоплаб бериш ҳамда касаначининг хавфсизлигини таъминловчи шароитларни яратилиши муҳим саналади. Касаначи ташкилотга ўз биносида жой етишмаганда ва ходимларга нисбатан қилинадиган ортиқча харажатларни нисбатан тежаш учун зарур ҳисобланади. Касаначи ҳам корхонанинг оддий ходимлари сингари даромад солиғи ва бошқа мажбурий тўловларни тўлайди.

Техника тараққиёти ривожланган сари кўплаб ташкилотлар ўз фаолиятида турли янгиликларни қўллай бошлади ва тобора тор доирадаги мутахассисларнинг кўпайиши натижасида фаолиятнинг айрим соҳаларида профессионал ёндашувга эҳтиёж сезилганда аутсорсинг хизматларидан фойдаланиш ечими қўлланила бошлади. Аслида «outsourcing» атамаси бизнес амалиётига 1990 йилда кириб келган. Yankee Group вакили бўлган Говард Андерсон машҳур Kodak ташкилоти томонидан ахборот технологиялари жараёнларини IBM ташкилотига бир йил муқаддам ўтказилишини у шундай атаган.

Аутсорсинг (инглизча outsource – ташқаридан манба) – бу ташкилотнинг асосий фаолиятига оид бўлмаган, бироқ тўлиқ фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган айрим функциялар(топшириқлар, бизнес жараёнлар)ини амалга ошириш хизматларини бошқа бир махсус ташкилотларга ҳақ тўлаб бериш асосида топшириш ҳисобланади. Содда қилиб айтганда “Чумчуқ сўйся ҳам қассоб сўйсин” қабилида ишни тегишли қисмини уста(пудратчи)га топширишдир.

Бироқ, аутсорсинг хизматлари бўйича ёлланадиган ташкилотларга буюртмаларни амалга ошириш муддати узоқ муддатга мўлжалланади (камида бир йил). Аутсорсингга топширилиши мумкин бўлган бизнес функцияларга мисол қилиб транспорт билан таъминлаш, логистика, маркетинг, реклама, кадрларни танлаш ва ўқитиш, таржима хизматлари, бухгалтерия, клиринг ҳисоб китоблари, юридик масалалар ва бошқаларни келтириш мумкин. Ўзбекистонда яққол мисол тариқасида йирик ташкилотлар томонидан call-марказлардан фойдаланиш амалиётини келтириш мумкин. Яъни бунда телефонлар орқали бўладиган мулоқотларга бевосита шу ташкилот ходимлари эмас, балки call-марказдаги операторлари жавоб беришади ҳамда зарур ҳолларда ташкилот ходимлари билан боғланишни таъминлаб беришади.

Аутсорсингдан фойдаланувчи ташкилотлар учун қулайликлар сифатида ишчиларга бериладиган иш ҳақининг тежалиши, солиқларнинг камроқ тўланиши, малакали кадрларни топиш учун кетадиган вақтнинг тежалиши, топширилган вазифаларнинг юқори савияда бажарилиши, хизматлар натижаларига кафолат берилиши сингари ҳолатларни келтириш мумкин. Аутсорсинг шартномасига мувофиқ ишчилар буюртмачининг ишларини амалга оширган ҳолда аутсорсер томонидан белгиланган иш ҳақини шартномада белгиланган ишлар амалга оширилиши баробарида олишади. Аутсорсинг компаниялари ўз асосий фаолиятлари бўйича белгиланган қатъий солиқ турларини тўлайдилар.

ФАКТЛАР: XIX асрда бутун дунё бўйлаб аутсорсинг хизматларига қилинган харажатлар 1 триллион доллардан ошган ва АҚШда барча турдаги федерал солиқларни йиғиш ҳам аутсорсинг хизматига ишониб топширилган. Буюк Британияда солиқ хизматининг ахборот технологиялари тизими аутсорсер Dell компаниясига юклатилган. Европада кичик ва ўрта бизнес вакилларининг 80 %дан ортиғи, АҚШда 90%дан ортиғи, Исроилда 94%дан ортиғи бухгалтерия хизматлари тўлиқлигича аутсорсинг компанияларига топширилган.

Аутстаффингдан кўпроқ ходимлар сонига нисбатан чекловлар бор бўлган ёки умуман қайсидир вазифаларни вақтинчалик амалга ошириш учун ижарага ишчи керак бўлган ташкилотлар фойдаланишади. Шунингдек, аутстаффингда буюртмачи солиқларни қисқариши ҳисобига ва фойдаланилмаган муддатда иш ҳақи фондини тежаш ҳисобига ҳам фойда кўради. Аутстаффинг орқали ёлланган ходимга нисбатан буюртмачи ўзининг ходимларига нисбатан белгиланадиган ойлик ҳажми миқдорини тўланишини шартномада келишиши мумкин.

Аутстаффинг (инглизча outstaff – ташқаридан ходим) – бу штатдан ташқари ходимни ёллаган ҳолда ишлатиш. Бунда ёлланувчи ходим аслида бошқа ташкилотнинг ишчи штатида ҳисобда туради, бироқ келишилган муддат давомида буюртмачи ташкилот ходими бажарадиган ишларни бажаради. Соддароқ қилиб тушунтирадиган бўлса ижарага ходим олиб ишлатиш.

Аутстаффинг икки хил кўринишда қўлланилган бўлиши мумкин. Биринчиси умуман нотаниш ходимни штатдан ташқари ходим сифатида ёллаш, иккинчиси аввал штатдаги ходимни маълум бир сабабларга кўра амалдаги иш жойи сақланган ҳолда штатдан ташқарига (бошқа ташкилот штатига ўтказиб) чиқариш. Ҳар иккала ҳолатда ҳам иш ҳақи аутстаффер (ишчини ижарага берган ташкилот) бўлган ташкилот томонидан берилади. Аутстаффер бўлган ташкилот ўзининг асосий фаолият тури бўйича тегишли барча солиқларни тўлайди.

Ўзбекистонда аутстаффинг тушунчаси қўлланилмаса ҳам, амалда кўп ҳолларда бу амалиётдан қисман қўлланилади. Масалан, аксарият олий ўқув юрт талабалари ўқишдан ташқари ишлашади, уларнинг кўпчилиги ишхонаси учун штатдан ташқари ходим саналади. Ёки айрим ҳолларда малакали ахборот технологиялари бўйича дастурчи мутахассислар бир ёки бир неча ойга ташкилотнинг муайян ходими томонидан амалга оширлиши керак бўлган ишни амалга оширади, бу ҳам аутстаффинг ҳисобланади. Бироқ, аутстаффинг тушунчаси ва у амал қилиши мумкин бўлган аниқ ҳолатлар бўйича норматив асослар бизда ҳали мавжуд эмас.

Фактлар: Евроиттифоқда аутстаффинг орқали йилига 7 млн. киши ишга жойлашади, АҚШда эса бу кўрсаткич йилига 10 млн. дан ошади. Аутстаффинг бозори айланмаси ҳажми АҚШда йилига 80 млрд. доллардан ортиқни ташкил қилади.

Юқоридаги берилган тарифлар ва маълумотлардан келиб чиқиб жадвал кўринишида ушбу тўртта тушунча ўртасидаги фарқларни билиб олишингиз мумкин.

Умуман олганда, бу тушунчалар бизга бегонадай кўрингани билан, аслида амалда кундалик ҳаётда бошқа номлар билан қўлланилиб келинади. Уларни амалиётга айнан хорижда қандай бўлса шундайлигича олиб кириш ҳам қийин, уни маҳаллий шарт-шароитларга мослаган ҳолда жорий қилиш эса бироз вақт талаб қилади. Ушбу хизматларнинг расмий соҳада ривожланиши иқтисодиётни тараққий этиши ва бюджет даромадларининг ортишига ижобий таъсир кўрсатади.

Бироқ, нима бўлган тақдирда ҳам, бу хизматлар эртами-кечми бизнинг турмуш тарзимизга кириб келади, чунки глобализация даврида давлатларда кадрлар алмашиниши ва хизматлар янгиланиши одатий ҳол ҳисобланади. Бора бора Ўзбекистонда ҳам кўплаб ташкилотлар асосий фаолиятларидан ташқари қолган хизматларни бошқа ташкилотларга топширадиган ва ўрни келганда ижарага ҳам ходимларни олиб ишлатишдан фойдаланадиган бўлишади. Фрилансерлик ҳам худди касаначилик сингари қатъий меъёрлар асосида белгиланадиган бўлади ва амалда иқтисодиётни ривожланитириш учун норасмий сектор фаолияти расмий секторга кўчирилади.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Анвар қори турсунов вафот этди

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов 13 июнь куни эрталаб вафот этди. Бу маълумот Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати томонидан тасдиқланди. Маълум ...

“мухолифатчилар кимлар?”га жавоб” мақоласини ўқиб

"Mulkdor.com" сайтида эълон қилинган “Мухолифатчилар кимлар?"га жавоб" деб номланган мақолани ўқиб рости қаттиқ таъсирландим. Мақола журналист Санжар Саиднинг ...

Қирғизистонда 18 ёшгача бўлган болаларнинг ярми қашшоқликда яшайди

Қирғизистон Миллий статистика қўмитасининг апрель ойида ўтказган таҳлилига кўра, Қирғизистонда яшовчи 18 ёшгача бўлган болаларнинг 50,9 фоизи қашшоқликда яшаётгани маълум ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400