Дам емаган ош. Тожикистонда чиқарилган “Адабиёт” дарслиги ҳақида сўз

“Ўрта мактабларда Ўзбекистонда чоп этилган дарсликлардан фойдаланиш мумкин эмас, ўзимиз эса уддалаб чиқаролмаймиз, натижада, болалар “бир пулга қиммат” дарсликлардан ўрганишга мажбур бўлмоқдалар”, деб ёзади тожикистонлик зиёлилардан бири ижтимоий тармоқда.

Бизга йўлланган мактублар ҳам бу иддаоларнинг асосли эканлигини кўрсатмоқда. Ҳар бир ёш авлоднинг келажагига бефарқ бўлмаган ҳолда, эзгу мақсад ила Тожикистондаги ўзбек тилида чиқарилган дарсликлар савияси ҳақидаги қуйидаги мақолани эълон қилишга қарор қилдик.

 ДАМ ЕМАГАН ОШ

Тожикистондаги ўзбек тилида таълим берилаётган мактаблар ўқувчилари республика маориф ва илм  вазирлиги ҳисобидан  нашр этилган “Ўзбек тили”(11- синф), “Адабиёт” (7-синф)  дарсликларини қувонч билан қўлга олдилар. Ҳар икки китобнинг полиграфия сифатини кўриб ҳаммамиз қувондик. Бироқ қувончимиз узоққа бормади. Бу китоблардан бири, “Ўзбек тили” дарслиги  мутлақо яроқсиз эканлигини устоз Абдували Бердиалиев матбуот орқали ҳар тамонлама исботлаб бердилар. Мен бу ерда иккинчи китоб — “Адабиёт” дарслигидаги бир қатор камчиликлар ҳақида фикр, мулоҳазаларимни баён этмоқчиман.

Китоб ёзаётган одам, айниқса, дарслик ёзаётган муаллиф ўсиб келаётган авлод олдида жавобгар эканлигини юрак-юракдан  ҳис этиши, ана шу жавобгарликни бўйнига олиб бу ишга қўл уриши , китоб ҳар жиҳатдан мукаммал бўлишини билиши шарт. Шунингдек, адабиёт дарслиги ёзишга бел боғлаётган муаллиф болалар писихологиясини пухта билиши, асар ҳақида зукко мунаққид даражасида фикр юрита олиши, адабиёт ўқитишнинг замонавий, илғор усулларидан бохабар бўлиши керак бўлади. Китоб муаллифларидан бири узоқ вақт таълим даргоҳида раҳбар бўлганини, иккинчиси ҳам илғор адбиёт муаллимларидан саналганини ҳисобга олиб, китобни эзгу умидлар билан варақлай бошлаймиз. “Сўз — сеҳрли куч”  сарлавҳали мақолани ўқиймиз: “Сиз 5-6-синфларда адабиёт санъатнинг  бир тури сифатида  инсоншунослик ҳақидаги фан (?) эканлиги ҳақидаги дастлабки маълумотни билиб олган эдингиз(?!) “ (5-бет)

Сўз сеҳрли куч деган муаллифларнинг сўзга муносабатини, чайнаб ташалган нарсадек одамнинг кўнглини беҳузур қиладиган гап тузишига қаранг. Адабиётни санъатнинг бир тури дейди-ю, яна уни фан қаторига қўшади!

Шу мақоланинг давомида Абдулла Ориповнинг бир тўртлиги келтирилади-да, “Ушбу сатрларни ўқиган…” тарзида давом эттирилади навбатдаги гап. Менинг хаёлимга ўқувчилик йилларим устозимнинг ҳеч эсимдан чиқмайдиган бир танбеҳи келади: “Шеър ҳақида гапирганда мисра дегин, агар сатр десанг икки қўяман”. Ҳурматли газетхон, сатр билан мисранинг фарқига бормайдиган китоб муаллифларига баҳони энди ўзингиз қўйинг.  6-бетдаги мана бу антиқа жумлага эътиборингизни қаратмоқчиман: “Тонг гўзаллигини чиройли ўхшатишлар, сифатлашлар орқали китобхон кўзи олдида (тасаввурида дейилса тўғрироқ бўлса керак) яққол гавдалантириб, ҳиссий завқ (?) уйғотади”. Сўзга бефарқликни кўриб ёқа ушлайсиз: наҳот завқ ҳиссий ё ноҳиссий бўлса?!

Сўзга бефарқ қаралган ўринларга яна бир-иккита мисол келтирайлик: “Дўстлик сўзининг маъносини қандай тушунасиз?” дейилган саволга ўқувчи: “дўстлик  сўзининг маъноси дўстлик” деб жавоб берса мутлоқ ҳақ эмасми? Аслида савол “Сиз дўстликни қандай тушунасиз?” тарзида тузилса мақсадга мувофиқ бўларди. Мана бу ғализ гапдаги фикрни биз тушунмадик, эҳтимол сиз тушунарсиз, ҳурматли газетхон: “Рауф Парфи шеърлари жаҳон адабиёти усулларининг(?) бадиий ифодасидир” (159-бет). Шу мақоланинг биринчи гапида шўро сўзининг тушиб қолиши гапни бузган.

Бадиий тимсолга берилган таърифга эътиборингизни тортмоқчиман: “Юқоридагидан (?)  келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, ижодкорнинг фикр, туйғу, сезги ва кечинмалари сингдирилган ҳаёт манзарасининг тасвири тимсол дейилади”. Манзарасинниг  сўзидаги қаратқич ортиқча эканлигини
таъкидлаган ҳолда, бадиий тимсолга берилган таъриф чала эканлигини айтмоқчимиз.

Буларга ўхшаш бир қайнови ичида гаплар кўпроқ муаллифлар ўзлари мустақил ёзган мақолалар, тожик тилидан қилинган таржималар, ўзбекзабон адабиётимиз  намуналари ҳақидаги битикларда мўл-кўл учрайди. Сотим Улуғзода ҳаёти, ижоди ҳақидаги мақоладан кўчирма: “Тожикистон ёзувчилар уюшмаси бошқармасида масъул котиб вазифасида ишлади” (93-бет). Бошқарма сўзи шу мақолада яна бир ўринда келади. Бизнингча бу сўз бошқарув (правление) бўлса керак.

Саволлар ва топшириқлар нуқул “қандай қарайсиз”, “қандай тушунасиз” тарзида бир хил бўлиб қолган. Кўп саволлар жўн: ўқувчини мустақил ишлашга ўргатмайди. Қайтариқлар кўп. Масалан: “булутларга нисбатан: “кўчар эди зилол ва тоза” сифатлашишининг ишлатилишига
қандай қарайсиз?” -дейилади-да, 9-тестнамо саволда аввал ишланган савол яна қайтарилади.

Ўзбекзабон ижодкорларимиз ҳаётлари ҳақидаги мақолаларда ортиқча ўринлар жуда кўп. Масалан: Омон Ражаб ҳаёти ҳақидаги мақолада унинг “соғлиқни сақлаш аълочиси”, “олий тоифали терапевт” эканлиги  бадиий ижодга ҳеч қандай дахлдор эмас. Маълумки, истеъдод ноёб,
кам учрайдиган ҳодиса. Муаллифларимиз бу сўзни бемалол ишлатаверишади. Бунинг ўрнига унинг асарини жуда нозик, чиройли таҳлил, талқин қилиб беринг, истеъдодли деган сўзни ўқувчининг ўзи айтсин.

Бизнингча, муаллифнинг ёзган асарлари, туғилган йили, макони кўрсатилса кифоя. Аълочилиги, қайси ижодий уюшмага аъзолиги, қандай мукофотлар олганлиги, холаси-ю аммаси керак эмас. Бу ҳеч нарсани белгиламайди. Навоий ҳазратлари қайси уюшмага аъзо эдилар? Бошқа мумтозларимизнинг кўкракларини қанақа аълочилик нишонлари безаган эди? Бунинг ўрнига, яна қайтариб айтаман, қўлингиздаги асарни профессионал таҳлил қилинг, таҳлилингиз ўқувининг бадиий дидини тарбияласин, у шу ижодкорнинг мухлисига айлансин, бадиий асар ҳақидаги тушунчалари ўзгарсин.

Бу гапларни бекорга айтаётганимиз йўқ: кўпгина таҳлилар юзаки, жўн. Масалан, Неъмат Иброҳим шеърлари ҳақидаги мақолада  шоир шеърларига хос жозибани очиб берадиган таҳлил, кузатишларни кўрмадик. Ёки Абдували Бекмуҳамаднинг дастурга киритилган икки шеъри ҳақида икки-уч абзац ёппа, умумий кўча гаплар билан чекланилган холос. Энг ёмони шеърлар матни бузиб берилган. “Қайтар дунё”  шеъри иккинчи бандидаги “Ор ўлмаса тоғу тошни қил кўтарар” мисраси “Орқаласа, тоғу тошни қил кўтар(?)” тарзида “тузатиб” берилган. Шу шеърдаги 3-банд ҳам шеър ҳақидаги қайдларда тўғри келтирилгани ҳолда, асосий матнда вайрон қилиб           берилган. Унинг “Ўринсиз сўзлама” ғазали ҳам бу кўргуликдан бенасиб қолган эмас. Шоирнинг ҳар икки шеъри, айниқса, “Қайтар дунё” шеъри ўзбекзабон адабиётимизда панднома йўлида яратилган баркамол асарлардан саналади. Адабиётшунос олим Юсуф Шоназаров вақтли матбуот нашрларида эълон қилинган “Мактабда Абдували Бекмуҳаммад ижодини ўрганиш” номли мақоласида ушбу шеърни чиройли, ҳаққоний таҳлил қилиб берган эди.

Ҳақида сўз бораётган дарсликда кўзга ташланадиган бунақа чалкаш ўринларни яна кўплаб келтириш мумкин эди, даъвойимиз асосиз эмаслигига шу келтирилган мисолларнинг  ўзи кифоя деб биламиз.

Биз бу билан муаллифлар ҳеч иш қилмаган деган фикрдан йироқмиз. Анча меҳнат қилишган, материал тўплашган. Агар бирор синчков муҳаррир ё тақризчи қўлидан ўтганда,сирти ялтироқ бу дарслик болаларимизга муносиб совға бўларди. Дарслик шу туришида дам емаган ошни эслатади.

Қорин оғриғи қиладиган шу ошни гулдай болаларингизга раво кўрармидингиз, азизлар?!

Муаллиф: Т.Абдуназаров,

Тожикистоннинг олий тоифадаги

ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси,

журналист.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Истанбулда яна бир ўзбекистонлик аёл вафот этди

Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотига кўра, 2019 йил 19 июль куни Bakırköy Dr. Sadi Konuk Eğitim Araştırma Hastenesi тиббиёт муассасасида Ўзбекистон ...

Фозил жабборов:“чидагин, болам-а, чидагин!”

Болам! Туғилишинг ҳаётим(из)га чиндан қувонч олиб келди. Сенга ўзбекча, аниқроғи, соф туркийча исм қўйгим келди. Дадам, онам билан маслаҳатлашиб, сени Элгиз деб атадик. Дунё ...

Гулбаҳор йўлдошева вафот этди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, кино ва театр актрисаси Гулбаҳор Йўлдошева вафот этди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда марҳумнинг яқинлари маълум қилган.  Ўзбек миллий ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400