Юлдузли тунлар-18

1

Бобурнинг қўшини Самарқандни бутун ёз ва куз бўйи қамал қилди. Бойсунқур мирзо етти ой шаҳар дарвозаларини беркитиб ётди-ю, ахири очлик ва танқисликка бардош беролмай, совуқ қиш кечаларидан бирида яқин одамлари билан Самарқанддан яширинча чиқиб, Ҳисор томонга қочди.


Шаҳарда қолган беклар бундан хабар топганларидан кейин қалъа дарвозаларини очтирдилар. Бобурнинг уч мингга яқин қуролли кишилари зафар куйини чалиб, қўш нақоралар ва карнайлар садоси остида шаҳарга кира бошладилар.
Бобур беш яшарлигида кўрганлари яхши эсида қолмаган экан. Самарқанднинг ҳар ер-ҳар еридан мовий тоғлар каби кўкка бўй чўзиб турган улуғвор гумбазларнинг қайсиси Улуғбек мадрасасиники эканини, қайсиси Бибихоним мадрасасига мансублигини ёнида бораётган Қосимбекдан сўраб билди. Фақат аркка яқинлашганда чап томонда кўринган улкан обиданинг Амир Темур мақбараси эканини жангчининг дубулғасига ўхшаш гумбазнинг афсонавий гўзал тарам-тарамларидан таниди. Қанча даврлар ўтса ҳам, бўёқлари худди бугун сурилгандай яп-янги турган бу ажойиб бинолар, уларнинг тантанавор кўриниши ва офтобда ғалати товланиши Бобурнинг қалбидаги зафар завқига яна завқ қўшарди.
Арк жойлашган баландликка кўтарилаётганларида Бобур ўнгу сўлда кўринган айвонли уйлар ва ҳовлиларга кўз ташлади-ю, бирдан ўзининг асира қаллиғи Ойиша бегимни эслади. Ажаб эмаски, бегим мана шу уйлардан бирида дарча тирқишидан ғолибларга қараб турган бўлса. У бечора энди барча азоб-уқубатлардан қутулиб, Самарқанд қизлари орасида энг мўътабари бўлишини, ҳамма уни «ёш подшоҳимизнинг қаллиғи», деб эъзозлашини билармикин?
Бобур отини Қосимбекнинг отига яқинлаштириб, паст овоз билан сўради:
— Асирлардан хабар олишга одам тайинландими?
Қосимбек бу саволнинг яширин маъносига тезда тушунолмади:
— Амирзодам, қайси асирларни айтурсиз?
Бобур отаси тенгли Қосимбекнинг олдида қаллиғини тилга олишдан уялар эди. У алланечук ийманиб қовоғини солганидан Қосимбек гап нимадалигини фаҳмлади-ю:— Ҳа, асираларми? — деб, Бобур айтолмаган сўзни ўзи айтди. — Бу ишга Нўён Кўкалдошни тайин этганмен. Аввало Султон Аҳмад мирзонинг фарзандларидан хабар олинур. Қулингиз айтганмен. Кечқурун Нўён сизга ахборот берур.Арк ичига кирдилар. Бу ердаги энг улкан ва салобатли бино — тўрт қаватли Кўксарой эди. Кўксаройда жуда кўп фожиалар бўлган, талай шаҳзодалар шу ерда ўлдирилган. Шунинг учун Самарқанднинг сўнгги тождорлари Кўксаройда турмас эдилар, фақат машҳур Кўктош устига чиқиб, тантана билан тахтга ўтириш маросимини ўтказар эдилар. Бобур ҳам аркнинг ўнг томонида жойлашган Бўстонсаройга тушди.
Оқшом Бўстонсаройда қандиллар ёндирилганда Бобур ўтирган хонаи хосга Нўён Кўкалдош кириб келди. Зар билан нақшланган бу хона жуда совуқ эди. Улар иккови пўстинларини ва телпакларини ечмасдан кўрпача устида ўтириб гаплаша бошладилар.
Нўён Кўкалдошнинг овозида илиқ бир ҳаяжон сезилди. Бобур подшоҳ бўлганидан бери улуғ беклар атрофини ўраб олиб, Нўён Кўкалдошдай тенгдошлари анча четга чиқиб қолган эди.
Бугун оралари яна илгаригидай яқин бўлиб қолганидан қувонган Нўён тўлқинланиб сўзлай бошлади:
— Амирзодамнинг номларидан олтин билагузуклар, асл матолар, субҳони ўриклар*, лавзиналар* олиб бордик. Улуғ холангиз Меҳр Нигор хоним пешвоз чиқдилар…
Бобур ўз онасини эслади. Меҳр Нигор хоним — Қутлуғ Нигор хонимнинг туғишган опаси ва Султон Аҳмад мирзонинг катта хотини эди. Ойиша бегимнинг онаси ёшлигида ўлиб кетган, уни фарзандсиз Меҳр Нигор хоним тарбиялаб ўстирган, ҳозир ҳам унга она ўрнида ғамхўрлик қилар эди. Шунинг учун Меҳр Нигор хоним Бобурга ҳам хола-ю, ҳам бўлажак қайнона эди.
— Озиб кетибдилар, — деб давом этди Нўён. — Ошлиқдан* жуда қийналмишлар. «Қаҳатчилик бўлиб, пулга ошлиқ топилмай қолди», дейдилар. «Зоғора нонга ҳам зор» бўлдик, деб йиғлаб юбордилар. Ўтин-чўплари ҳам йўқ экан. «Совуқда дийдираб ўлтирибмиз» дейдилар.
— Бойсунқур мирзо шу қадар ноинсофлик қилибдирми, а?
— Мирзонинг ўзи ҳам охирги пайтларда қорни тўйиб таом емаган бўлса керак, амирзодам. Етти ой қамалда ётиш осонми? Кўчаларда очдан ўлган одамларнинг ўликлари ётибди. Фақиру бечоралар очдан ўлмаслик учун эшак гўштини, ит гўштини ейишгача етиб бормишлар… Биз бундан бехабар эканмиз. Дар-ҳол қайтиб келиб, Қосимбек қавчинга учрадим. Бир арава ун, гуруч, бир арава ўтин, ўнта қўй олдик. Ке-йин ҳаммасини яна ўзим элтиб топширдим. Шунда мени ичкари уйга таклиф қилдилар.
Нўён Кўкалдош сирли кулимсираб, бир лаҳза тараддудланиб турди. Бобур унинг ҳозир Ойиша бегим ҳақида гапирмоқчи эканини сезиб, сабрсизланди:
— Сўзланг, Нўён, сўзланг!
— Тиллакори уйда Ойиша бегим юзларига оқ ипак парда ёпиб қаршимдан чиқдилар… — Нўён бир тўхтаб олди. Ойиша бегим унинг кўзига жуда кичкина, норасида ўсмир қизчадек кўринган эди. У буни Бобурга айтишга журъат этмади. — Жуда нозик кўриндилар. «Хуш келибсиз», дедилар. Овозлари шундай майин, шундай соф.

Бобур Андижондан Ойиша бегимни ўйлаб келиб, энди кўришолмаслиги, балки сабрсизлик қилган каби қиз томонни ҳам ранжитиши унга бедаво бир дард бўлиб туюлди.
Нўён Кўкалдош бу дардга дори топмоқчига ўхшаб қўйнига қўл солди-ю, жажжигина оқ ипак халтача олди.
— Ойиша бегимнинг номидан сизга буни Меҳр Нигор хоним бериб юбордилар.
Бобур халтачани қўлига олганда ичида ҳеч нарса йўқдай туюлди. Боғичини очиб халтачани кафтига секин ағдарган эди, икки дона гавҳар тушди. Ҳар бири гуручдан сал каттароқ, аммо хийла салмоғи бор. Жилоси нафис ва улуғвор.
— Сиртига ҳам қаранг, — деди Нўён.
Нозик мунчоқлар билан безатилган халтачанинг сиртига каштага ўхшатиб тикилган чиройли ипак ёзувни Бобур энди кўрди. «Нажоткоримизга» деган биргина сўз унга бутун бир муҳаббатномадек ширин туюлди. Ойиша бегим бу ипак ёзувни олдиндан тика бошлаган бўлса керак. Акс ҳолда, Нўён борган заҳоти тикиб улгурмас эди. Демак, у Бобурнинг нажот келтиришига ишонган!
— Амирзодам, қўлингиздаги гавҳарларнинг тарихини эшитинг, — деб давом этди Нўён. — Булар Султон Аҳмад мирзонинг саллаларига қадалган асл гавҳарлардан экан. Унинг мунглиқлари тилак билдирдиларки, Султон Аҳмад мирзонинг шу гавҳарлари сиз билан бирга яна Самарқанд тахтига чиқсину, сизнинг азиз бошингизда юз йил безавол порлаб турсин!
Султон Аҳмад мирзо тилга олинганда Бобурнинг кўнгли бир хира тортди. Аммо унинг қўлидаги гавҳарлар шундай мусаффо товланар эдики, уларда порлаган гўзал нур қаллиғининг кўзларидан нишона бериб турганга ўхшарди.
— Майли, мунглиқлар тилагандек бўлсин! — деди Бобур Нўёнга.
Сўнг секин қарсак чалиб, дасторпечни чақиртирди.
Дасторпеч бу гавҳарларни Бобурнинг тантанали маросимларда ўрайдиган салласига қадаб қўйди.
Шу оқшом Бобур ғойибона меҳр қўйган қаллиғини кўргиси келиб, ғазал ёза бошлади:

Жамолинг васфини, эй ой, неча элдан эшитгаймен
Не кун бўлғай висолингга мени дил хаста етгаймен?

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

___________
* С у б ҳ о н и ў р и к — данаги ўрнига мағиз солинган ўрик.
* Л а в з и н а — бодом қўшиб ишланган ширинлик.
* О ш л и қ — бу ерда дон, ун маъносида.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Адабиёт назарияси

АДАБИЁТ  НАЗАРИЯСИ - адабиётшунослик  фанининг  бир  бўлими. Иззат Султон Бадиий  адабиёт,  унинг  жамият  ҳаётида  тутган  ўрни  ва  аҳамияти,  яратилиш  қонуниятлари,  ...

Чингиз айтматов:қиёмат 24-қисм

— Ҳар бир одам ўзига ўхшаган бошқа бирон одам устидан ҳокимлик қилиш учун ўлиб-тирилади. Сен бундан мустасно эмассан, Рим нойиби. Ҳаммадан ёмони ҳам шунда. Сен, ахир дунё ...

От кишнаган оқшом (қисса) 69-қисм

69 Улоққа кўнглим чопмади. Четроқда томошагўй бўлиб турдим. Шунда, ажаб бир чавандоз кўрдим. Қўлимни қошим устига қўйиб кўрдим. Чавандоз остидаги от майдагина, ермитти от ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400