Юлдузли тунлар-17

7

Бекларнинг машваратида Самарқанд юришини рамазон ойида бошлашга, тайёрлик ишларининг асосий қисмини Ўшнинг ўзидаёқ битириб кетишга қарор қилинди.


Бобур онасининг сўзини ерда қолдирганидан хижолат бўлиб, Қутлуғ Нигор хонимнинг кўзига ташланмасликка тиришарди. Сафар тайёргарликларидан бўшаган пайтларда ўз чодирида ёлғиз ўтириб китоб ўқирди.

Бугун намозигар кечроқ Бобур «Вақоиъ»* номли дафтарга отасининг ўлими ҳақида ёзаётган эди, ясовул кириб, Қутлуғ Нигор хоним билан Али Дўстбекнинг чодирга киришга ижозат сўраётганларини айтди. Бобур дафтарини ёпиб, онасини эшик олдида қарши олди ва тўрга ўтқазди.
Қутлуғ Нигор хонимнинг ранги хиёл ўчган. Унинг пешонасидан юқорида — сочининг фарқ очилган жо-йида Бобур бир тутам оқарган соч толаларини кўрди. Энди қирқ ёшга кирган онаизор кампирлардек одми кийинар ва қаддини эгиброқ юрар эди. Бобур онасига алланечук раҳм қилиб паст товуш билан гапирди:
— Онажон, сўзим ерда қолди, деб куюнманг. Насиб бўлса, Самарқанддан қайтганда ҳамма айтганларингизни қилурмен.
— Худонинг хоҳиши шундай бўлса, биз бандалар қаноат қилгаймиз. Илоҳо, яхши ниятларингизга етинг, шоҳ ўғлим!
Али Дўстбек бақувват қўлларини фотиҳа учун очиб:
— Илоҳи омин! — деди.
Сўнг катта-катта панжаларини қоп-қора силлиқ юзига, соқолсиз узун иягига суртди. Юзи мўғулча бўртган бу чайир кўса одам Бобурнинг бувиси Эсон Давлат бегимга амакивачча бўлади. Шу сабабли ўз номига «тоғойи» деган сўзни унвондек қўшиб айтади ва Қутлуғ Нигор хонимга акаларча меҳрибончилик кўрсатиб юради. Ҳозир ҳам кўрпачалар устига ўтирганларидан кейин Али Дўстбек Қутлуғ Нигор хонимга «Гапни очайми?» дегандай бир қараб олди. Хоним тасдиқ маъносида бош ирғагач, Али Дўстбек томоқ қириб, сипориш билан сўз бошлади:
— Амирзодам, волидангиз икковимиз нозик бир муаммода сизнинг маслаҳатингизни олгани келдик. Муҳтарама эгачингиз Хонзода бегим ҳозир йигирма ёшдалар. Айни узатиладиган пайтлари. Бегим ой деса ойдек, кун деса кундек, оқилаю фозиладирлар. Шу вақтгача муносиб куёв учрамай доғда эдик. Волидангиз ҳам, тоғойингиз ҳам вақт ўтиб кетаётганидан изтиробда эдик.
— Яна бир-икки йил уйда ўлтириб қолса, «қари қиз» деб кулурлар, — деди Қутлуғ Нигор хоним. Опасининг тақдирига оид бунақа гапларни Бобур илгарилари ҳам эшитган эди. Аммо бугун Дўстбекнинг гапларига қараганда, қандайдир куёв топилганга ўхшарди. Бобур шуни билгиси келиб, ўсмирларча қизиқиш билан сўради:
— Ким бизга почча бўлмоқчи?
Рўйирост берилган бу савол, Дўстбекни шошириб қўйди. У яна гапни айлантирди:
— Сиздек олий зотга «муносиб почча бўлурмен», деб ҳеч ким журъат қилиб айтолмас. Аммо умароларингиз орасида асилзода беклар бор. Чунончи, Султон Аҳмадбек. Йигирма беш ёшга кирган норғул йигит. Чопқунга бориб, баҳодирона зафар билан қайтди. Беклар орасида обрўси баланд. Ёнида уч забардаст иниси бор. Уч юз навкари билан ҳаммаси сизга то ўлгунча содиқ хизмат қилмоқчилар.
Бобур ҳали оила нималигини, куёв-келин қандай бўлишини билмаса ҳам опаси Хонзода бегимни Аҳмад Танбалнинг ёнига қўйиб тасаввур қилди-ю, икковини бир-бирига тўғри келтиролмади. Сўнг онасига қараб:
— Сиз розимисиз? — деди.
Қутлуғ Нигор хоним оғир тин олиб:
— Начора! — деди. — Хонзода бегим тождор, тахт-дор куёвларга муносиб қиз. Аммо ҳозирги нотинч замонада қани биз истаган куёв? Биз тоғойингиз билан суриштириб билдик. Султон Аҳмадбекнинг авлод-аждоди асилзодалардан экан. Бобокалонлари Жўжихон, Чингизхонларга қон-қариндош бўлган султонлар экан. Ҳозир Тилба Султон номлик оғаси Тошкентда тоғойингиз Маҳмудхонда соҳибихтиёр эшик оға экан. Энди бу Аҳмадбек куёв бўлса, орага оғаси тушиб, тоғойингиз Маҳмудхон билан сизни яқинлаштирармикин? Шундай нуфузли бек сизга куёв бўлиб, бутун уруғларию навкарлари билан қанотингиз тагига кирса, ишингизнинг ривожи яхшироқ бўлурмикин?
— Шубҳасиз, шундай бўлур! — деди Дўстбек чуқур эътиқод билан.
Бобур нима дейишини билмай елка қисди: ёш ўсмир ўзидан катта опасини кимга эрга бериш ҳақида ўйлашдан ҳам тортинар эди. Аммо онаси ва тоғаси бу ишни унинг подшоҳлик ҳукми билан амалга оширишни истардилар.
— Бегимнинг ўзлари учун ҳам яхши бўлур, — деб давом этди Дўстбек. — Агар бошқа бир юртдаги тождорга тушсалар, оналаридан йироқда бўлурлар, амирзодамдай суюкли иниларининг ҳимояларидан узоқлашурлар.
— Ҳа, ундан кўра ёнгинамда бўлгани афзал, — деди Қутлуғ Нигор хоним. — Хонзода менинг тўнғич қизим, маслаҳатгўйим, Аҳмадбекка берсак, кўз ўнгимда менинг ёлғизлигимни билинтирмай юрур.
Бобур бу борада ўзи билмайдиган кўп нарсаларни онаси яхши билишини ўйлади-ю:
— Онам рози бўлсалар, бўлди, — деди.
Дўстбек қувониб кетди:
— Ҳақ гапирдингиз, амирзодам, жуда ҳақ! Она ро-зи— худо рози, деб бежиз айтмаганлар!
Қутлуғ Нигор хоним ҳамон хомуш эди. Бобур бунинг сабабини сезгандай бўлиб:
— Бегимнинг ўзлари нечук? — деб сўради.
Қутлуғ Нигор хоним оғир тин олиб:
— Бегим рози эмаслар, — деди. — Эшитиб кўп йиғладилар.
— Бундай пайтларда йиғлаш қизларнинг азалий одати,— деб кулиб қўйди Дўстбек.
— Аммо, Хонзода бегимнинг аҳволидан мен хавотирдамен, амирзодам, — деди Қутлуғ Нигор хоним. — «Ўзимни ўлдирамен», деган сўзларини эшитиб қолдим.
— Наҳот? — деди Бобур ҳам бирдан хавотирга тушиб.
— Эгачингиз сизни жондан азиз кўрурлар, Мирзо ҳазратлари, сўзингизни икки қилмаслар, — деди Дўст-бек.— Волидаи муҳтарамангиз билан иккаламиз сиздан илтимос қилгани келдик.
Хонзода бегимни ҳузурингизга чорлаб, насиҳат қилинг. Давлатингизнинг манфаатлари учун эгачингиз ризолик бермоқлари керак. Султон Аҳмадбек орага одам қўйган. Бутун уруғлари билан сизнинг марҳаматингизга мунтазир. Рад жавоби уларни сиздан… совитиб қўйиши мумкин. Сўнгра, агар Хонзода бегим ризо бўлмай, яна уч-тўрт йил уйда ўлтириб қолсалар, «куёв топилмабдир, қари қиз бўлибдир», деб ёғийларингиз маломат қилурлар. Бундай гаплар подшоҳ оиласининг шаънига мутлақо тўғри келмас. Агар Хонзода бегим сизга яхшилик истасалар, ризо бўлмоқлари керак. Буни энди бегимга фақат сиз тушунтирурсиз, Мирзо ҳазратлари!
Бобур бошини чангаллаб бир лаҳза жим қолди. Бундай нозик, бундай чигал ишга умрида биринчи дуч келиши. Бегона бўлса ҳам бир сари эди, гаплашиши осонроқ бўларди. Ўзининг жонажон опаси. Бобур Хонзода бегим билан бу тўғриларда гапиришишдан ҳам ийманади.
Лекин бу ёқда онаси мушкул аҳволга тушиб, ёрдам кутиб ўтирибди. Бу ёқда опаси жонига қасд қилмоқчи эмиш.
— Майли, — деди Бобур онасига маъюс кўз ташларкан, — бегим келсинлар, ўзим бир сўзлашай.
Қутлуғ Нигор хоним тез ўрнидан қўзғалиб:
— Ҳозир… ҳозир бориб айттириб юборурмен, — деди ва чодир эшигига йўналди.
Дўстбек йирик тишларини очиб мамнун кулимсиради-ю, чодирдан орқаси билан юриб чиқа бошлади. Эшик олдида таъзим қилди-да:
— Амирзодам, сиз шоҳсиз, сизнинг ҳукмингиз вожиб,— деб Бобурни дадилроқ бўлишга ундаб кетди.

* * *

Бобур қатор шамлари липиллаб ёнаётган иккита олтин қандил оралиғида садаф билан безатилган бежирим мизга кўкрагини тираб китоб варақлаб ўлтирганда Хонзода бегим чодир эшигидан секин кириб келди. Эгнида сидирға сариқ атлас кўйлак. Ҳазин товуш билан саломлашиб, Бобур таклиф қилган зарбоф кўрпача устига хасталардек бўшашиб ўлтирди.
Унинг қовоқлари шишинқираганини кўрган Бобур:
— Мунча ғамгинсиз, бегим? — деди.
— Амирзодам, мен ҳузурингизга нажот излаб келдим!
Хонзода бегимнинг сўлғин юзига кўзларидан ёш сирғалиб тушди. Бобур яқиндагина яйраб-яшнаб юрган опасини ҳозир бу аҳволда кўриб, юрагини бир нарса тимдалаб ўтди. Онаси унинг зиммасига юклаб кетган вазифа қанчалик мушкул эканини у энди астойдил ҳис қилди. Тақдир унинг бошига солаётган мушкулотлар озмиди, устига бу ҳам қўшилди? Бобур куюниб гапира бошлади:
— Мен ўзим бу фалакнинг дастидан нажот излаймен, бегим. Ечилмас муаммолар бири устига бири қўшилур. Шу аснода наҳотки сиз ҳам менинг мушкулларимни кўпайтирмоқчи бўлурсиз?
Хонзода бегим укасининг ўзи чиндан ҳам ёрдамга муҳтожлигини, ёшига номуносиб ишлар уни жуда қийнаб юборганини сезди-ю, кўзини тез артди. Боягидан тетикроқ оҳанг билан гапира бошлади:
—Амирзодам, мен бир гап эшитдим. Ростмикин?
— Қайси гап?
— Аҳмад Танбал тоғдан бир хуржун одам калласини олиб тушганмиш…
Бобур ўтган куни кўрган кесик каллаларни, хусусан, ҳали соқоли ўсиб улгурмаган ёш йигитнинг гўшти чиқиб ётган қонли бўйнини эслади-ю, бирдан сесканиб тушди.
— Жанг ўлимсиз бўлмас, — деб Бобур гўё ўзини-ўзи босмоқчи бўлди. — Ёғий ҳам бизникиларни ўлдирмишдир. Бу — эски одат. Сиз буни унутинг, бегим.
— Бунисини унутсам, омилиги, жоҳиллиги бор. Мен умримни фозил киши билан ўтказиш орзусида эдим. Аҳмад Танбал қўли қон, бераҳм одам. Амирзодам, наҳотки сиз мени унга муносиб кўрурсиз?
— Сизга муносиб йигит, балки етти иқлимда ҳам йўқдир. Аммо… сабабларини онам айтгандирлар… Мен ҳам… мажбурмен!
Хонзода бегим қандилда липиллаб ёнаётган шамларга қараб туриб, Аҳмад Танбални кўз олдига келтирди-ю, ўша бадқовоқ йигит билан бир ёстиққа бош қўйишини ўйлаб, эти жунжикиб кетди:
— Мен бу бекдан қўрқамен!
— Биз бор эканмиз, сиз ҳеч кимдан қўрқманг, бегим. Мен сизга заррача зулм ўтказишларига йўл қўймасмен.
— Мени маъзур тутинг, амирзодам. Аммо эгачингизни хоҳламаган одамига зўрлаб узатсалар, шунинг ўзи катта бир золимлик бўлмагайми?
Бу мантиқли сўзлар Бобурни довдиратиб қўйди:
— Золимлик… Ҳа, фалакнинг ўзи золим! Мен ҳам ҳар куни суймаган одамларим билан муомала қилурмен. Хоҳламаган ишларимга мени аралаштирурлар. Давлат манфаатларини ўйлаб ўзимни-ўзим мажбур қилурмен. Бошқа иложим йўқ!
Бобур ўз ёшига ярашмайдиган бу сўзларни қанчалик қийналиб айтаётган бўлса, кўнглига ёқмайдиган, аммо муҳит, вазият талаби билан мажбуран адо этадиган ишларни ундан ҳам ортиқ азоблар билан қилиши сезилиб турарди. Бобур бу мушкул аҳволдан чиқишнинг йўлини тополмай ич-ичидан эзилиб юрганини Хонзода бегим энди пайқади-ю, укасига раҳми келди.
Бобурнинг подшоҳлигини унутиб, уни кичиклигида эркалатиб суйган пайтларини эслади.
— Бобуржон, — деди, — сиз ёлғиз иним, пушти-паноҳимсиз, мен сиз учун жонимни ҳам  аямаймен! Агар сизга чиндан ҳам шу зарур деб ишонсам, ҳозирги гапингизга ҳам ризо бўлур
эдим. Лекин мен сизнинг куйрак кўнглингизни билурмен. Агар мен умрбод бебахт бўлиб қолсам, кейин сиз ҳозиргидан ортиқроқ изтироб чекурсиз!
— Худо хоҳласа, бебахт бўлмассиз.
— Кўнглим сезиб турибдир, агар шу одамга тушсам, бебахт ўтурмен. Бобуржон, эгачингизнинг сўзига ҳам ишонинг. «Давлат манфаатлари» деб ўзингизни кўп эзманг. Сиз билан биз учун ҳам бу умр ғанимат. Ўз кўнглимизга ҳам ишонишимиз керак! Кўнгил тоза бўлса, кишини алдамайдир!
Хонзода бегим шундай бир самимият билан ёниб гапирмоқда эдики, унинг қалбидаги олов гўё Бобурнинг қалбига ҳам ўтди. Шафқатсиз беклар муҳити ва подшоҳлик мажбуриятлари ёш Бобурнинг қалбини қаҳратон қишнинг музларидай сиқиб ётар эди. Хонзода бегим эса ўзининг оловли нафаси билан гўё шу музларни эритар, Бобурнинг қалбига баҳор майинлиги, ёшлик эркинлиги яна қайтиб келаётгандай, эти жимир-жимир қиларди. Хонзода бегим яна кўзларига ёш олди:
— Бобуржон, сизнинг дилингиз беғубор, сиз нодир истеъдодли фидокор йигитсиз! Бу беклар ўз манфаатларини ҳам «давлат манфаатлари» деб кўрсатишга ўрганиб қолганлар. Булар сизнинг ёшлигингиздан фойдаланурлар. Аммо сиз суймаган ишни «давлат манфаатлари учун» деб қилдирмоқчи бўлганларида, кўнглингизга ҳам бир қулоқ солинг. Энг маҳрам дўстингиз — сизнинг мусаффо қалбингиздир. Сиз бу дўстингизга ишонинг, жоним!
Хонзода бегим ўтирган кўйича укасига қўл чўзиб, йиғи аралаш илтижо қилди:
— Мен сизнинг пок қалбингиздан адолат излаймен! Қалбингиз нима буюрса, сиз менга шуни буюринг! Мен розимен!
Бобур сакраб ўрнидан турди-ю, опасининг қўлларидан олиб, уни ўрнидан турғазди:
— Йиғламанг, бас! — деди. Аммо Бобурнинг ўзи ҳам кўнгли эриб, кўз ёшини зўрға тутиб турарди. — Сиз менга барча бекларимдан яқинроқсиз. Бир туғишган ягона эгачимсиз. Сиз туфайли не оғирлик келса, майли, кўтарай! Хотиржам бўлинг! Токи бормен, суймаган одамингизга узаттирмасмен!
Хонзода бегим азбаройи қувонганидан укасини маҳкам қучиб пешонасидан, кўзларидан ўпди.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

_______________
* «В а қ о и ъ» — «Чиндан юз берган воқеалар», демакдир. «Бобурнома» энг аввал шундай деб аталган.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Чингиз айтматов хотирасига бағишлаб ўрнатилган барельефнинг очилиш маросими бўлиб ўтди

Фото:Темур Мамадаминов, ЎзА Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида таниқли қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов хотирасига бағишлаб ўрнатилган барельефнинг очилиш маросими бўлиб ...

От кишнаган оқшом (қисса) 34-қисм

34 Катталар хўжакўрсинга лалми дўқ уриб кетди, деб ўйладим. Йўқ, эртаси куни тағин келди. Искаланиб-искаланиб отхонани қаради, чақалоқли уйни қаради. Катталар қилиғи ...

От кишнаган оқшом (қисса) 66-қисм

66 Биродарлар, ёш болага иш буюр-у, изидан ўзинг югур, дегани ҳаққост чин бўлди! Қайнимиз нима қилибди денг? Қайнимиз уйимиз олдидан оқадиган ариққа келиб, Тарлонни сувга ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400