Туш. Яъни Ш.Мирзиёев қабулида (5-боб).

Диний сиёсий махбуслар.

Соат 22-00 лар бўлишига қарамай автомашиналар унча сийраклашмаган. Светофорнинг қизил чироғида турсам, машинам ёнига бири ўн бир яшарлар, яна бири тўққиз ёш атрофида қиз билан бола келишди. Кўринишларидан опа-укага ўхшадилар. Тиланчилик қилябдилар деган ҳаёлда киссамга қўл узатаман…

Укаси : (олди сут тишлари кемшик беғубор ширин забонда) Амаки машинагизни ювиб берайликми?

С.И : Иссиқ сувларинг борми?(ҳа, опа-ука эканлар)

Опаси : Совуқ сувда-ям тозалаб ювиб берамиз…

С.И : Қиш-ку шамоллаб қолмайсанларми?

Опаси : (мижозга ўхшаётганимдан суюниб) Кун унақа совуқмас-ку… Ювиб берайлик-ми?

С.И : (кўк чироқ ёнгач машинани улар кўрсатган ерга қўйдим) Неча пулга ювасиз?

Опаси : Беш минг…(“қимматсирадими?” ҳавотирида) тўрт минг берсангиз ҳам бўлади.

С.И : Пулни нима қиласиз?

Укаси : Қарзимиз бўлгани учун чироқни ўчириб кетишди…

Опаси : Газдан ҳам қарзимиз бор… Тўламасак уни-ям кесиб кетишмоқчи…

С.И : Ота-онанг ишламайдими?

Опаси : Онам икки жойда ишлайдилар…

С.И : Дадангчи?

Укаси : Дадам (ерга қараганича маъюс) қамоқдалар…

С.И : Нега қамоқда ?

Укаси : Анув…анув…бўғирсоқми, варақими тарқатганлари учун…

Опаси : Бўғирсоқ эмас жинни… Каримоппи ёмонлаб ёзилган қоғоз варақа бор-у, ўшани тарқатганларига қамаб қўйишган…

С.И : (Норасидаларга ачиниш аламида тепа лабимни тишлайман… Каримов зулми оқибатларини одамлар тақдирида кўравериб, кўзларимдан ёш қалқиб чиқмасин деб лаб тишлаш одат бўлган.) Яхшилаб ювамиз деябсиз-ку… беш мингмас саккиз минг ола қолинг. (пул бергач) фақат эртага ювасиз бўбдими, бугун зарур ишим бор. (машинани ўт олдириб кета бошлайман. Кетябман-у опа-укани ойна орқани кузатаман. Гўдаклар ортимдан ҳайрона кузатишарди. Илкис тормоз босиб орт билан юрган-ча болалар ёнига қайтиб тўхтайман…) Қани юринг айланиб келамиз…

Опаси : (чўчиб ортига укасини қўлидан ушлаб тисарилади) Йўқ амаки биз ҳали ишлашимиз керак.

С.И : (болаларни гипноз қилишдан осони йўқ… Самимий меҳр нигоҳда боқсангиз бас) Нега чўчиябсиз сизни олиб қочиш ниятим йўқ… Иккингизни бир айлантиргим келди халос… Истамасангиз майли кета қолай ?

Укаси : Бизни қаерга олиб бормоқчисиз?

С.И : Ҳаммага яхшилик қиладиган ,хатто дадангларни сизга қайтариб бера оладиган одамни олдига олиб бормоқчиман…

Укаси : Мирзаеппи олдигами?

Опаси : Мирзаепмас жинни, Мирзиёев …Алдаябсиз-а амаки. Улани олдига ҳеч ким киролмайди-ку…

С.И : Бугун мен кира оламан…Чунки… Ҳеч кимга айтмайсизми? Мени кўринмас қалпоғим бор, Яъни шапкам…(сўзларимга ишонмасаларда, лекин ёқимли жилмайишди. Худойберди Тўхтабоев санъатини намойиш қилиб кўринмасга айланиб бердим. Ҳар қалай тушим бўлганигами гўдаклар қўрқмадилар)

Опа-ука “мен олди ўриндиққа ўтираман,сен орқада ўтир” деб талаша бошлашди. Иккаласини ортга ўтказдим. Йўл-йўлакай озиқ-овқат дўконига кириб “халол”деб ёзилган энг арзон колбасадан харид қилдим.

Қароргоҳдан анча нарида машинани қолдириб Сомбрерони бошга кийиб болаларни қўлидан ушлаб “қайдасиз Шавкат ака…” деб разведкага кетдик… Қароргох худудига кирганимизда немец овчаркалари ҳидимизни олиб хура бошлашди. Эҳтиёткорлигим қўл келиб колбасаларни бўлаклаб олдиларига ташладим. Улар ғингшиб-ғингшиб колбасани ямлай бошлашди. Бир бўлак колбасага немецкий овчаркалар ўзбекскийга айланди. Итлар колбаса ямлаябди-ю, кўз ўнгимда итлар калласи ўрнида илғор маддох ёзувчи-шоирларимиз кўриниб кетди. Қўлимда колбасадан ортган. Гўдаклар кулсин деб биттасига “биринчи мухаббатим”ни айттирсаммикин дейман. Қўлимдаги собиқ президент улоқтирадиган “мозор бости” суяк бўлмаса-да, ҳар қалай колбаса номи бор. (қисқа сукут)  Қўя қолай, нақоратида бошқа итлар жўр бўб “у-в-в-в”лаб юборса эшитган унча мунча шоири-маддох, бундай юксакликка ета олмаслигини тан олиб, қўлга қалам олмай қўйиши мумкин. Ўзбек шеъриятига зарарим тегишидан қўрқиб, заказ бермадим. Нари кетдим…

Бир соқчи йигит қулоқчин телефонида ким биландур атрофга сездирмай ярим шивирлаб сўзлашябди… Суҳбатига қараганда севган қизига ўхшайди. Шу алфозда президентни қўриқлаябдими деб, соқчини кетига тепгим келди… Майли… Кўзларида руҳи-самовийликни кўргач, илк севгиси бўлса керак деб, бир оёғимни ердан кўтарганим-ча яна тушурдим. Барибир хизмат бурчини эслатиб қўяй деб, хиёл туртиб ўтиб кетдим.

Президент кабинети эшиги олдига келдик. Кўринмас холимизда Шавкат ака чўчиб кетсалар керак деб иккиланиб қолдим. Гўдакларнинг “ичкарига кирмаймизми?” ишорасига қарамай, ҳаддим сиғмаябди… Шу пайт кабинет эшиги очилиб Шавкат ака кўринди.

Ш.М : Келинг Санжарали…

С.И : (Ичкарига кирар эканман) Мени қандай сездингиз?

Ш.М : Қароргоҳ худудига киришдан то кабинетимга қадар, арвох ўтса ҳам ишга тушадиган сўнгги технологик сигнализация ўрнатишган. Ўрнатиш шарт эмас десам ҳам кўнмадилар. Сигнализацияни бошқариш пульти менда. Итларни колбаса билан меҳмон қилдингиз… Соқчини нега туртиб ўтдингиз?

С.И : Сергак турсин дедим…

Ш.М : Шу холингизда гаплашаверасизми? Эшитган “Президент ўзи билан ўзи гаплашадиган бўб қобди” демайдими?

С.И : Бугун ҳузурингизга ёлғиз келмадим. Қабул қиласизми?(Шавкат ака маъноли жилмаяди)Тушундим…Чақирилмаган меҳмон бўлсак-да, меҳмон номимиз бор…(бошимдан сомбрерони олиб уччаламиз Президент қаршисида пайдо бўлдик)

Ш.М : Фарзандларингизми? (ҳар бирининг бошини меҳр билан силайди)

С.И : Йўқ Шавкат ака… Булар Сизнинг фарзандларингиз…(ўзим учун кутилмаган оташзабонда) Ширин уйқу ўрнига кечаси оч-юпун, совуқда машина ювиб уйига пул олиб боришга мажбур бўлган фарзандларингиз бўлишади.

Ш.М : Илтимос…Ҳиссиётимни қўзғаманг…

С.И : (Президентга тик сўзлашдан бошқа миямга ҳеч нима келмади)Шунча-ки ҳиссиётларингизни эмас. Қалбингиз эришини истайман… Бундайларнинг фоиз рақами қанчалиги сизга жуда аён… Буларнинг отаси 159 модда билан 10 йилдан бери “дўзохгоҳ”да ётибди. Булар хатто оталарини танишмайди. Бири чақалоқлигида, бири она қорнилигида отаси қамоққа тиқилган… Диндор махбусларни қўйиб юборсангиз, улар ўлимтик холида ҳам “бошқаларни даъват қилиб қўяди” деб қўрқасизми? Қаерга борманг шўрлик оналар, эрли бевалар уларни озод этишингизни илтижо қилишябди. Уларга “озгина сабр қилинг” деб ваъда бергансиз… Шавкат ака… Сўзларингизга ҳаммамиз ишонябмиз, жуда-ям ишонябмиз… Келажакда Сизни гап берадиган Президент эмас, гапида турадиган Президент бўлишингизни орзу қиламиз. Наҳот юз минглаб норасидаларнинг отаси қамоқларда ириб-чиришига охиригача қилт этмай қараб турасиз? (баланд овозда) Бу адолатсизликнинг, фақат қамоқдагиларни эмас, уларнинг қора кўзлари, оналари, аёлларига бу қийноқларнинг чеки борми? Чеки борми? (жуда баланд овозда) Адолат қилинг қиблаи олам!!! Шавкат ака шафқат қилинг!!!

Қизалоқ : Амаки-ж-о-н дадамни қўйиб юбори-и-и-г…

Бола : Дадамни қўйиб юборинг…Ҳ-а-р куни машинангизни ювиб бераман…

Шавкат ака ўгирилиб нари кета бошлади…Ич-этидан эзилаётгани сезиларди…Бизга қараганида Э вох…Ҳеч кутмагандим.Уларда ҳам ачиниш аламидан тепа лабини тишлаш одати бор экан…Кўзларида шунчалар рахм, меҳр,шунчалар мушфиқ, ажиб ҳокисорликни кўриб бир даража айтганларимга пушаймон еябман-у, бир тарафдан “гўдакларни менга фақат Оллох етказди”дейман. Шавкат акани бу аҳволдан чиқаришим керак… Йўқ… Ахир у Президент вазиятдан ўзи гўзал чиқиши керак. Лекин Қандай?

Ш.М : (сукут) Негадур қорним очди… Кечки овқатни унутибман… (болаларга) бирга овқатланайлик… (қизалоққа) Уйингларни телефон рақамини биласанми?

Қизалоқ : Ҳаммасини биламан… Онамларни ҳам Бувимларни ҳам, уйимиз телефонини-ям…

Ш.М : Жуда соз…Бувингларни телефонини айт-чи(қиз айтади. Шавкат ака ўз телефонида рақам теради) Алё…(овоз баландлагичга қўяди…”Алё” жавоб олгач қизалоқдан “шу бувингми?” маънода имо қилади.”Ҳа” ишораси олгач) Ассаломалайкум… Опажон яхшимисиз… Ишлар билан чарчамаябсизми? Мен…Шавкат Мизиёев Бўламан…

Буви овози : Майнавозчилик қилгани бошқа одам топилмадингизми?

Ш.М : Опажон мен ростдан Шавкат Мирзиёевман…

Буви овози : Танишганимдан хурсандман, мен унда Ангела Меркел бўламан…(гўшакдан калта гудок эшитилади).

С.И : Шавкат ака мен қўнғироқ қила қолай(қизалоқдан бувисининг исмини билиб қўнғироқ қиламан, буви овози эшитилади) Сиз Муяссар опамисиз? (асли Муяссар мени туғишган опам. Жияним ўн тўрт йилдан бери 159 модда билан “мукофотланиб” ўтирибди.) Илтимос телефонни қўйманг. Ўғлингиз масаласи бўйича сиз билан Президент Шавкат Мирзиёев гаплашмоқчилар. (телефонни Шавкат акага бераман)

Ш.М : Гап бундай опа… Икки соатдан кейин уйингизга машина боради. Роса икки ярим соатдан кейин сиз билан учрашсак бўладими? Йиғламанг опажон, ҳаммаси жойида бўлади. (менга маъноли қараб) Ўша ҳаммага айтган сўзим сўз… Барча муаммо ижобий хал бўлади.Ўғлингизни исми-шарифи ва ўтирган қамоқхонаси манзилини айтсангиз. (Жавоб ёзиб олгач телефонни қўйиб ёрдамчини чақиради) Биринчидан тўрттамизга егулик келтиринг… Иккинчидан роса икки ярим соатдан кейин(ёзувни бериб) шу одамни озод қилиб ҳузуримга келтирасиз…

Гўдаклар ўтирган ерларида ухлаб қолганларини сезмай қолибмиз… Шавкат ака қизалоқни, мен болани олдинма кейин кўтариб ёнма-ён турган креслога авайлаб ётқиздик. Шавкат ака совуқдан боланинг қўллари ёрилганини кўриб, хўрсиниб бош чайқади.

Икки ярим соат ўтди. Ёрдамчи қамоқхонадан махбус келтирилганини, ўн минутдан кейин унинг онаси, унга қўшилиб махбуснинг аёли ҳам келишини айтди.

Президент махбусни чақиртирди…

Махбус : Маҳкум Рустам Иброхиммухамедов буйруғингизга кўра келди.

Эти устихонига ёпишиб “оддий фашизм”хужжатли кинохроникасидаги тирик склетга ўхшаб қолган новча йигитни кўриб, иккимиз сесканиб кетдик.

Ш.М : Маҳкум эмас… Гражданин Иброхиммухамедов…

Ёрдамчи кириб қолганлар ҳам етиб келганини айтди. Махкумнинг онаси турмуш ўртоғи киради. Махкумга қараганча унсиз йиғлайдилар… Она чидолмай Президент ҳузуридалигини ҳам унутиб “болам-а – болам”лаб уввос йиғлаб ўғлини қучоқлайди. Бечора аёл-чи…Тик турганича кафтида кўзларини яширганча, тинмай унсиз йиғлар… Шовқиндан гўдаклар уйғониб оналари ёнига келади. Қаршиларидаги дадаси эканини англаб улар ҳам дадаларига отиладилар. Оналар тинмай Шавкат акага юрак ўртар миннатдорликларини айтар эдилар.

С.И : Шавкат ака Сиз ҳали ўн минглаб бундай оилаларни бахтли қилишга қодирсиз. Бунинг учун сармоя-инвестицияга мухтож жойингиз йўқ… Бу ерда коррупцияга қарши курашга ҳам ҳожат йўқ…Ахир Сиз етим есир бева бечораларнинг таянчи суянчи бўлган Президентсиз… Сиз билан Фахрланамиз… Фахрланамиз… Фахрланамиз…(қулоғимга Штирлицнинг “Вот Катюша считай всё уже кончина” сўзлари-ю, разведкачи Кетнинг йиғлаётган товушидан уйғониб кетаман. Будильникка шу лавҳани қўйган эдим-да).

Меъдага урмаган бўлсам,туш балки яна давом этар…

Муаллиф: Санжарали Имомов

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистон шаҳарларида хитой лаш-лушлари кўпайиб кетди

«Ўзбекистон шаҳарлари ташқи безагида Хитойдан келтирилаётган молларни ишлатиш — бу маданий савия етарли эмаслигидан далолат беради», — дея фикр билдирмоқда Ўзбекистон ...

Самарқандда қуёш электр станцияси: лойиҳа ижросини ким ортга сурмоқда?

Қарийб бир йил олдин “Ўзбекэнерго” ДАК Хитойнинг “Zhuhai Singyes Green Building Technology Co., Ltd” компанияси тендерда ютиб чиққани ва Самарқанд вилоятида қуёш электр ...

Ўзини осган мардикор йигитнинг жасади уч кундан сўнг молхонадан топилди

Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманидаги Гулшан маҳалласида яшаган 24 яшар Жаҳонгир Облоқулов 3 июнь куни иш излаб кетяпман деб уйдан чиққан ва молхонага кириб ўзини осган. ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400