Эврил Турон: Йўлдаги ўйлар, фикрлар, мулоҳазалар (давоми)

(Давоми)

  • Юқорида сиз “31 миллионли элдан 99 фоизи”… дедингиз. Бу фикр ҳақиқатга унча тўғри  келмайди.
  • Келади. Ҳаёлан ҳар бир ўзбекнинг уйига бирма-бир кириб чиқинг. Уларнинг ёки қариндош- уруғларининг хонадонларида кам деганда тўрт-беш киши қамоқда  ўтирибди. Ўтириб чиққанлари эса қанча …
  • Нима булар “йўлбошчи”га хайрихоҳ деб ўйлайсизми?
  •   Асло !

Юртда иш йўқ, маош йўқ. Ишлаб чиқаришга алоқалари йўқ миллион-миллион куч ишлатар  тизмлари ходимларидан ўзга. Деярли ҳар уйдан ўғил–қизлар ёт элларга мардикорликка кетганлар. Ўзлари, ота-оналари ва бола-чақалари очдан ўлмасликлари учун.

  • Нима булар “доҳий”га хайрихоҳ деб ўйлайсизларми?
  • Асло!

Ўзбекнинг газини  ўрис  сотаяпти. 130 йил ер ости, усти бойликларимизни еб семирган … қудратга кирган ўрис. Ўзбекнинг газини Хитой ёқаяпти. Шарқий Туркистонни, бир  туғишган Уйғур элини бўғовда сақлаётган Хитой. Ўзбекистоннинг ўзи эса газсиз, светсиз  ўтирибди. Ёқишга ўтини, ўрмони йўқ. Боқишга туёғи, яйлови йўқ. Ҳар  нарса  қиммат. Ҳатто ичимлик суви ҳам пул,ташима.

Нима  ,бу эл диктаторга хайрихоҳ деб  ўйлайсизми?

Асло !

Ўрисга  қарам замонларда сал бўлсада инсоф  бор эди . Учма – уч  бўлса-да кун  ўтиб турарди. “Мардикор” деган сўзни мен юз йил олдин ёзилган тарихдан ( ўн олтинчи йил  Жиззахда мардикорликка қарши халқ қўзғолони бўлган) ўқиганман. Ўзбекистон жаҳонда жўғрофик ўрни бўйича 33та анклов давлатлари рўйхатидан жой олган. Ваҳоланки, бундоқ ҳолда юртда ҳар бир киши иш ва юқори маош (энг ками 500 -1000$ доллор атрофида) билан таъминлаши лозим.Афсус!…

  • Ҳар ён қуллар бозорлари. Оч, юпин аёллар ўз  таналарини сотишгача бораяптилар. Энди ўзбек,умуман турк эллари кечмишларида бўлмаган нарсалар бўлаяпти. Энди оч қолган  оилалар сонсиз. Энди ўзларини- ўзлари ўлдираётган одамлар сонсиз.
  • Чўлпонлар эрк, эътиқод, тўғри сўз, тўғри фикр бўғовланган мустақиллик учун жонларини фидо этганларми?

Эл мустақилликдан шу хўрликларни кутганми? Нима, бу  эрксиз, ғариб халқ ўғрибошига хайрихоҳ  деб  ўйлайсизми?

  • Бундоқ фикрдан узоқман.

                                                  6

Мен сизга айтганим бу оғриқ гаплар ҳар онгли ўзбекнинг юрагида бор. У Элбек Раҳматнинг ушбу шеърида ҳам туғён уриб ётибди:

Бу халқ ҳам ўйнаса, кулса бўлмасми,

Борини баҳам еб, юрса бўлмасми,

Юрт ҳақин еганлар ўлса  бўлмасми –

Эркаклар бош  олиб кетмоқда элдан!

Ҳуррият! Бунчалар нонларинг тахир,

Аёллар юк ташиб елкаси яғир,

Зулмлар, зулматлар бўлмади охир –

Эркаклар  бош  олиб кетмоқда элдан!

Жувонлар мардикор, эрлар мардикор,

Бу  қандай қисматдир, қандоқ кирдикор?!

Бир бурда нон учун эзар бадкирдор –

Эркаклар бош олиб кетмоқда элдан!

Йигитлар кетмоқда олис Сибирга,

Қозоқ  даштларига, Саҳро Кабирга,

Ҳеч кучим етмади тузук  таъбирга –

Эркаклар бош олиб кетмоқда элдан!

Юртни ёв босган йўқ, келган йўқ вабо,

Оҳу фарёдларга тўлдику ҳаво,

Ичимиздан чиқди, бир  дажжол бало…

 Эркаклар бош олиб кетмоқда  элдан!

Маддоҳ мунофиқни мақтайди яйраб,

Маст  жаллод қутирар, пичоғин қайраб,

Бир ҳовуч мечкайлар қолди-ку яйраб,

Эркаклар бош олиб кетмоқда  элдан!

Жонларга  тегди бу қама- қамаси,

Зиндонларда ўлди қанча – қанчаси.

Юртда  тиланчидир  анча-анчаси,

Эркаклар  бош  олиб  кетмоқда  элдан!

Истиқлол  шу  бўлса, тушумми, ўнгим,

Қўшиқларинг  ёлғон, Юлдизхон синглим .

Абдулло Орифдан ҳам қолдику кўнглим –

Эркаклар бош олиб кетмоқда  элдан!

Хуш, нохуш хабарлар гоҳ, ўнгу сўлдан,

Ўзбек шоирлари қолганмиш  тилдан!

Жиловни ўғрилар  олганмиш қўлдан –

Эркаклар бош олиб кетмоқда  элдан!

Қишлоқлар ҳувиллаб  қолди эркаксиз,

Эй, гўзал  келинлар кимга  эрмаксиз?

Фарзанд  отасига бўлди кераксиз –

Аёллар бош олиб кетмоқда  элдан!..

01.09.02. Тошкент –Чимкент

                                                                                         7  

-Қачон бу зўрликка чек қўйилади?- сўрадим Ўрдабеклидан.

– Ялтоқлар туб томирлари билан  қўпориб ташланса! Соғлом кучлар янги президент атрофига жипслашса! Йўқса халқ барака топмайди. Диктатор давридагидек сафсата, очлик ва қуллик давом этади.

                                                                                        8

Қирқ  чақиримлик ўзбек–қозоқ йўлидаги муаммонинг бир  чети ҳам Каримовнинг элбузар сиёсатига бориб тақалади. Қадимда Улуғ Ипак Йўли ўтган (бунга сув сақлагичлар–сардобалар  гувоҳлик беради) бу сўқоқ гарчи расман очилса ҳам, ундан бирон-бир машина юрмаяпти. Сабабини юқорида баён этдим.Такрор бўлса ҳам айтаман: диктатор бир туғишган қўшнилар аро бўлган қадим тотувликка  раҳна солди. Жумладан, қозоқ туғишганлар аро ҳам. У Н.А.Назарбоев билан учрашганда, уни “дўстим” деб мақтарди. Орқасидан эса ёмонларди.

Нега? Аламзада эди. Назарбоев доим ўрис шохининг ўнг томонида ўтирарди. Каримов  тўрт -беш  стул нарида. Буни ашаддий эгоист ҳазм қилолмай, ич-этини ерди. Устига-устак Қозоғистон иқтисод, қурилиш, саноат…ҳар  соҳада Ўзбекистондан илгарилаб кетган эди. Бу диктаторни  куйдириб, ёндирарди.

Қозоқ чўлини кесадиган бетон йўли бекилиши, миллиардларга (элни оч қолдирган ҳолда)  айланма йўл қурилиши ҳам диктаторнинг инжиқ характери сабабли вужудга келган. У нима  деса шу бўлган. Ёнидаги ялтоқлар “даҳосиз” деб қарсак чалиб туришган. Унинг бундай телба  феъли тўғрисида Шовруқ Рўзимурод, Шуҳрат Нусрат, Тойиба Тўлаган, Аҳмад Мухтор каби депутатлар юзига айтганлар. Оқибат улар турли босим, сиқинти, қийноқ, зулм, хўрликлар остида йўқ этилган. Шуҳрат Нусрат қамоқда чиритилган.

                                                                            

Шу  ерда  Шароф Рашид асос солган Тошкент — Термиз бетон сўқоғи (бу сўқоқ ҳозир муаммога  айланган қозоқдан ўтгувчи 40 километрлик йўлни ҳам ўз ичига олади) ҳақида бир оғиз сўз айтсам, ортиқча бўлмас. Қадимда Чин билан Римни боғловчи Улуғ Ипак Йўли харитаси очунолар Темур ҳоқонда сақланган.Оға-иниларнинг тахт талашувлари оқибатида буюк ва қудратда тенгсиз империя бўлакланади, замонлар кечувида у Файзулла Хўжа қўлига тегади. Бу пайтда Файзулла  Хўжа насроний динига мансуб озор қизи Фотима хоним билан бирга яшаган. У Сталин репрециясига йўлиққач, харита Фотима хонимда қолади…

Буюк  Шароф Рашид ёрдами билан мен 1982 йил қиш  ойларида Москвада, Серафимович номидаги Ёзарлар боғ  уйида “Ўлмас  қоялар“ устида  ишлаганман. Ўшанда (икки ёзар: Шуҳрат ва  Радий Фиш билан бирга)  Фотима хонимнинг  уйига – Санаторний шаҳарчасига қор кечиб борганман. У бизни хуш кутиб олган. Ўзи  жарроҳ  эди. Фарзанд  кўрмаган. Икки хонали  квартирада яшарди. Турли мавзуда суҳбат қурганмиз. Гапдан-гап чиқиб, Фотима  хоним бизга      Улуғ Ипак Йўли харитасини Шароф Рашидга  берганини  айтган.

Кейинча  билдим: буюк Шароф Рашид шу Буюк Ипак Йўли харитаси асосида Тошкент -Термиз  бетон йўлини қурдирган. Унгача йўл айланма ва узоқ  эди.Яъни Занггиота, Янгийўл, Чиноз,  Гулистон, Ҳавас, Обручев орқали Жиззах кентига кириларди. Сўнг Темур қопқоси оша Самарқандга юрилади. Ўзбекюрт ўрисга қарам бўлишга қарамасдан буюк Шароф Рашид шу  йўлни   яқин қилди…  Унинг  яна буюк бир  хизмати:  зилзила (1966)  баҳонасида лой  сувоқ кулбалардан иборат Тошкентни қайта  қурди. Замонавий бошкентга, ўша замон тили билан айтсам Шарқнинг  маъшалига  айлантирди. У замонда Ашхабод , Бишкек, Душанбелар у ёқда турсин, Олмаота Чирчиқдек бир шаҳар эди… У замонда қондош қўшни ўлкалар аро йўл тўсиғи йўқ эди, шу билан  бирга қама- қама ҳам …

                                                                                                 10

Эндичи?…

Эл узоқ бўлса ҳам: “Оч қорним, тинч қулоғим” дегандай, айланма йўлни маъқул кўраяпти. Агарчи бензин нархи кескин ошса ҳам.

Ўрни келганда шуни айтай: картошка, пиёз, сабзи…қисқаси,озиқ-овқат маҳсулотлари баҳоси ҳам осмон… Бир килограмм эт (лаҳм гўшт)60 000 сўм. Бир  килограмм картошка 5 мингга чиқаяпти.   Маошлар эса ошмаяпти. Нега? Айрим ойдинлар: “Каримов мендан  кейин  давлат  ўнгмасин,  шунда халқ менинг қадримга етади, деб тармоқларни чўктириб кетган” дейишади. Айрим ойдинлар: “Ғазна бўшаб қолган” дейишади.

Бир замонлар Одил Ёқуб менга: “Каримовнинг шалтоғини тозалаш учун эллик йил керак бўлади”,  деган эди.

Яқинда профессор Ботир Норбой: “Қимматчиликлар орқасида қора кучлар турганга ўхшайди”, деди.

“Нимага?” деб, сўрадим.

  • Менимча,Мирзиёевни элга ёмон кўрсатиш учун.
  • Балки?

“Каримовнинг  одамлари ҳали кучда. Фаҳмимча улар Мирзиёевга турли йўл … усуллар билан  таъсир ўтказишаётгандай. Бозорлардаги нарх-наволарнинг ўсишини ҳам мен шундан деб биламан. Буюк Темур замонида бозор тизимини меъёрида тутиш учун “махсус кишилар“ машғул бўлганлар. Улар белгилаган вақтларда Соҳибқиронга ҳисоб бериб турганлар. Шуни ҳозир ҳаётга тадбиқ этиш лозим, деб ўйлайман.

Ҳар қандай топшириқ ижроси тўлиқ назорат этилса, иш олдинга силжийди. Бу ҳол давлатни ривожланишига олиб келади”.

Мен адибларнинг сўзларини мисол келтирдим. Ватанимга,миллатимга  ичим  ачиганидан. Аслида юртда бунга ўхшаш гаплар газаклаб ётибди…

Муаллиф: Эврил ТУРОН

(Давоми бор)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 21-қисм

21 Бойсунга тўйга жўнадим. Ер билч-билч лойлигидан, от думини тугиб қўйдим. Биродарлар, бойсунликлар қитмир эл, бахил эл, ичиқора эл! Бировга бир нима қиймайди! Ўзлари ...

Ўзгалар дарди…

Қушчалар, сайроқи қушчалар қафасда бўғилиб сайрашар, бетоқат потирлаб симларга ўралган оламга карашар... Қушчалар, озодруҳ қушчалар оламдан кўзларин узмайди, чирқираб ўзларин ...

Юлдузли тунлар-1

АРОСАТ Биринчи қисм ҚУВА ҚИЛ УСТИДА ТУРГАН ТАҚДИРЛАР 1 Милодий 1494-йилнинг ёзи. Саратон иссиғида Фар-ғона водийсининг осмонига чиққан қуюқ булутлар куни бўйи ҳавони дим ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400