Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси раиси Муҳаммад Алига ОЧИҚ ХАТ

Бир раққоса тўйда “инана-нанай – инана-нанай” қилиб рақсга тушиб ўйнаб-ўйнаб келиб, уйидагиларга росса ишлаб чарчадим, деган экан. Шуни сингари Ёзувчилар уюшмаси бутун қавми билан “росса ишлаб-ишлаб” нимани қотириб беряпти? Шуни билмоқчийдим! Эшвойнинг хирмонини ташияптими? Унда хирмон қани? Агар мен Сизни ноҳақ ёзғираётган бўлсам қаламим синсин!

Шукур Жаббор

Мақола муаллиф Шукур Жабборнинг “Фейсбук” саҳифасидан олинди

Умберто Эко, Патрик Зюскинд, Ўрхон Памуқ, Харуки Мураками, Жон Грешам, Сидни Шелдон, Гадамер, Эдгaр Aлoн Пo, Эрл Гaрднeр, Виллиaм Aйриш, Федерик Бегбедер, Аст, Милорад Павич ва шу каби дунё тилларига қайта-қайта таржима қилиниб бўлинган замонавий ёзувчиларнинг асари билан ҳали ўзбек китобхони таниш эмас. Ҳатто баъзи ёзувчиларнинг ўзи ҳам таниш эмас. Танийдиганлар уларни фақат рус тилида ўқишган.

Шу вақтгача Уюшма таржима қилиш учун маҳоратли таржимонларга грант бермаган. “Гарри Поттер”ни таржима қилган Гулчеҳра Муҳаммаджон маблағ тополмай асарни чоп этолмади.

Айнан шу асарни таржима қиляпман деган Шокир Долимов ҳам менимча маблағ тополмаяпти. Мунира Менглиева деган ёш таржимон ҳам айнан “Гарри Поттер” номли туркум китобларни инглиз тилидан таржима қилган эди, шунингдек дунёда Инжилдан кейин энг кўп ўқиладиган “Анна Франкнинг кундалиги”ни ҳам инглиз тилидан ўгирди. Бунга ҳеч ким эътибор бермади, ҳеч қайси нашриёт лаббай деб бу китобларни нашр қилмади.

Нега? Чунки ҳеч қайси ташкилот, жумладан Уюшма ҳам маблағ бермайди, бу нарсани ҳатто хаёлига ҳам келтирмайди.

Дунё илм-фани, адабиёт фалсафаси ёки фалсафий адабиётни ўқувчилар афсуски рус тилида ўқишади. Шундоқ Интернетга кириб дунё ёзувчиларидан хоҳлаганимнинг номини ёзиб Google тугмачасини боссам 4 ҳил, баъзан 5 ҳил вариантда рус тилига қилинган таржимаси чиқиб келади.

Ўзбекистонда-чи?! Бирорта йўқ! Уюшма таржимонларни моддий қўллаганида бундай адабий бўшлиқ пайдо бўлмасди. Бугун бирорта кўзга кўринган таржимон йўқ Ўзбекистонда. Фақат совет пайтида етишиб чиққан Иброҳим Ғафуров, Низом Комил каби бир-иккита маҳоратли таржимон бор, холос.

Маҳоратли таржимон Ҳафиза Қўчқоровани ҳам, адабиётшунос Улуғбек Ҳамдамни ҳам кеткизворгансизлар.

Шермурод Субхон бечора Ўрхон Памуқ асарларини таржима қилишни бошлаганига ўн йилдан ошди. Нега ўн йилдан бери таржимаси чиқмаяпти?  У бечора репетиторлик қилиб кун кечиряпти. Ёзувчилар уюшмаси ахир шу қоракўзларни рағбатлантирмайдими?!

Адабиёт дегани эндигина мактабни битирган қизчанинг шаблонга тушган “Ватан” ҳақидаги шеърини китоб қилишдан иборат эмас-ку.

Ёки бўлмаса Уюшма иши фақат “ижоди” зўрма-зўраки шиширилган зулфиячи қизларни тўплаб олиб тадбир ўтказиш эмас-ку! Эсингизда йўқми?! Илгари адабий асарлар муҳокамаси қандай бўларди?! Муҳокамада деярли барча ёзувчилар, мунаққидлар қатнашарди ва қизғин, фойдали баҳс –мунозаралар бўларди.

Энди эса адабиётнинг “а”сини тушунмайдиган ҳали ғўр коллеж ўқувчиларини тўплаб тадбир ўтказяпсиз.

Энг кулгули ва ачинарлиси шундаки, ҳатто улар билан баъзан адабий асар муҳокамасини ҳам ўтказасиз. Сизнинг дастингиздан иқтидорли ёзувчилар ҳар томонга тирқираб тарқаб кетди.

Нортўхта Қилич, Саломат Вафо ва бошқа талантларни уюшма сафидан ўчирдингиз. Баҳром Рўзимуҳаммаддай модернист шоир рўшнолик кўрмай кўч-кўронини кўтариб Хоразмга кўчиб кетди.

Лекин балли шу Б.Рўзимуҳаммадга! Чунки у Аъзам Обидов билан “Қуш тили” антологиясини чиқарди.

Бу бечораларга ҳеч ким айтмаса ҳам ўзининг шахсий ташаббуси ва шахсий маблағи эвазига қийналиб чоп этган – етти тилда чиққан “Қуш тили” халқаро антологиясини ( “Қуш тили”, Лойиҳа муаллифи: Баҳром Рўзимуҳаммад. Таржимон ва тўпловчи: Аъзам Обидов,Тошкент, “Тафаккур” нашриёти, 2011 йил) ҳазрат Алишер Навоий таваллудининг 570 йиллигини эслаб чоп этишди.

Аъзам Обидов

Аъзам Обидов китобга битган сўзбошисида қизиқарли воқеани муқояса қилибди: “Яқинда бир учрашувда Африканинг Нигерия давлатидан келган ҳамкасбим ўзбекистонлик киши билан илк бор кўришаётгани, аммо бу юрт ҳақида қачонлардир қайсидир китобда ўқигани, хусусан, ўзбекларнинг “кўпкариси” тўғрисидаги ҳикоя унинг хотирасида ҳамон сақланиб турганини тўлқинланиб гапириб берди.

 Ўша сафар асносида Нью – Жерсидаги Рован Университетининг ректори Фирдавсий ва Ҳофизнинг гўзал безакли қалин китобларини кўрсатиб, шоирларнинг ғазалларидан байтлар ўқиб, уларни шарҳлаб бергани менда катта таассурот қолдирди…” деган.

Шоир, таржимон Аъзам Обидов “Илонбалиқ” халқаро антологиясини ўз маблағи ҳисобига чиқариб, турли мамлакатларга почта орқали бепул жўнатган. “Қуш тили” халқаро антологияси ҳам унинг пулига чиққан.

Дарвоқе, бундан аввал қирқ саккиз нафар ўзбек шоирлари шеърларини аслиятдан инглиз тилига ўгириб, “Осиё оҳанглари” номида ўз пулига чиқарган ва кўп мамлакатларга почта орқали тарқатган.

Бутун бошли уюшма қилиши керак бўлган ишни уюшмага алоқаси бўлмаган бир ижодкор (аслида уюшма ўзига аллақачон аъзо қилиши керак эди) ўзи бажариб қўйяпти!

Ҳолбуки, “Қуш тили” халқаро антологияси жаҳоннинг турли мамлакатларида ўқишяпти, антологияга шеърлари киритилган шоирларнинг яшаш манзилларига эътибор қаратсак: Америка Қўшма Штатлари, Канада, Колумбия, Венесуэла, Аргентина, Эквадор, Чили, Коста-Рика, Уругвай, Буюк Британия, Италия, Франция, Германия, Швейцария, Греция, Испания, Словакия, Болгария, Норвегия, Польша, Россия, Туркия, Ҳиндистон, Ироқ, Иордания, Гонг-Конг, Миср, Исроил, Ливия, Жанубий Африка Республикаси, Камерун, Янги Зеландия… Жаҳоннинг элликка яқин мамлакатида яшаб, қалам тебратаётган шоирлар шеърлари етти тилда бир муқова остида жам бўлгани бир ўзбек ижодкорининг, албатта.

Афсуски, бурни баланд уюшманинг бу ишдан ҳам хабари йўқ! Оё уюшма деганлари шундоқ бўладими?

Президент Мирзиёевнинг адабиётдан чуқурроқ хабари йўқ-да, адабиёт аҳлини самимий инсонлар деб билади, бўлмаса аллақачон ковушингизни тўғрилаб қўйган бўларди. Президент бечора жамиятни босиб кетган молиячи каламушларнию бошқа эскича ишлайдиганларни йўқотиш билан оввора. Замон талабини ҳис қилмайдиган адабиёт аҳлига ҳам навбат келади, шунда шунча шароит яратган Президент ҳисоб сўрайди албатта.

Адабиётнинг атомдай кучини қишлоқда оддий деҳқон бўлиб ўтин ёришга сарфлаб юрган Раҳимжон Раҳматни ёнингизга чақириб олинг эди. Чет элда юрган Нусрат Раҳмат каби бир қанча адабиётшуносларни чақириб олинг эди. Аъзам Обидовни ёнингизга чақиринг эди. Шунда адабиёт назариясини биладиган бундай одамлардан халқ кўпроқ манфаат оларди.

Шу вақтгача уюшма бирон бир аъзосини ҳимоя қила олмаган, ҳимоя қилолмайди. Аксинча, тонворади, кечворади.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон юртга қайтганида қўлига кишан солиб ушлаб кетишганида, ёрдам сўраб борилганда нима дединглар?

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг уюшмага ҳеч алоқаси йўқ, аъзоликдан ўчирвордик деб тондингиз. Бу гапни ким айтганини ҳам яхши биламан, агар исбот керак бўлса гувоҳларим бор.

Бирор аъзосини ҳимоя қилолмаса, бошига иш тушганда тонворса бу қанақа Худо урган ташкилот?! Чиркин маддоҳлар, гуруҳбозлар йиғилиб олган қанақа Худо урган ташкилот бу?!

Бугун иттифоқлашиб, аҳил-иноқ бўлиб, дунёга юз тутишимиз талаб этилаётган бир вақтда оёғини тагидан бошқа нарсани кўрмаётган қанақа Худо урган ташкилот бу?! Ҳатто уюшмага ишониб ўлиб ҳам бўлмайди!

Раҳматли Усмон Қўчқор вафот этганида бир оғиз ҳокимиятга айтиб ер ажратса бўларди, лекин “Уюшма қабристон ажратиш билан шуғулланмайди” деб ўлигини сарсон қилишингизга озгина қолди.

Яхшиям унинг дўстлари “Минор” қабристонидан жой олишиб шоирни тупроққа топширишди. Уюшма ўликни сарсон қилишдан ташқари тирикни “ўлдириб” қўйганини ҳам кўрдик. Ўлими олдидан Чингизхон (Муҳаммад Ғаффорнинг)нинг ёзган хатини ўқиган одам даҳшатга тушади.

Машҳур америкалик шоир Кристофер Меррил Муҳаммад Ғаффор шеърлари тўғрисида халқаро доирада маъруза ўқиб баҳо берган, шеърларини Праяг Сайкиа инглиз тилидан ҳинд тилига ўгирган. Бироқ бу бечора шоир текинга даволаниш имтиёзини берувчи Ёзувчилар уюшмаси поликлиникасидан фойдалана олмагани учун вафот этган.

Агар уюшма уни аъзо қилганида ўша ордона қолгур поликлиникада даволанган бўларди. Шу адабиётмизга меҳнати синган Набижон Боқий каби ижодкорларнинг ҳалигача уйи йўқ.

Тарихий воқеани бежаб ташлаб ёзилган бир пулга қиммат Амир Темур ва темурийларга оид “Улуғ салтанат” асарингизда қандай даҳшатли хатолар қилганингизни биласизми?

Амир Темурнинг ёш қизчалар сийнасигача суқланиб қарашигача ёзилгани, Амир Темурнинг бир қанча фазилатлари туриб айрим ўринларда “бабник” қилиб тасвирланаётгани ҳақида ёзсам гапим чўзилади. Мен ҳозир буларга батафсил тўхталиш ниятим йўқ.

Нурали Қобул бечора Амир Темур тўғрисида нашриётларга ялиниб кам тиражда китоб чиқарди. Нима у сизга алтернатив шаклда Амир Темур тўғрисида ёзгани учун сизга рақиб ва гуноҳкор ҳисобланадими?!

Аслида бу гапларни, юқорида барча умумдардларни мен ёзмаслигим керак эди. Чунки Шукур эски гинасини сақлабди дейишади. Айтмоқчи ўша мунозарамизда ҳам юз фоиз ноҳақ эдингиз! “Муқанна миллий қаҳрамонми?” деган мақола сабабли қўлингиз етадиган жойларга айтиб газетамизни ёпиб жувонмарг қилвордингиз! Ваҳоланки, мен сизга “Муқанна миллий қаҳрамон эмас.

Туркманистонда туғилган. Муқанна аввал ўзини улуғ ҳисоблаган, одамлар эргаша бошлагач ўзини авлиё деган, яна сафдошлари кўпайгач ўзини пайғамбар деб эълон қилган.

Тағин сафдошлари кўпайгач ўзини Худо деб эълон қилган кудунгар кимса. Бу менинг гапим эмас, мана Наршахий ҳам Беруний ҳам шундай деяпти. Агар сўзингиз ҳақ бўлганида аллақачон Ислом Каримов Муқаннанинг хайкалини ўрнатиб, юбилейини ўтказган бўларди” дедим. Сиз эса қулоқ солмай совет пайтида адашиб ёзган “Муқанна” ҳақидаги асарингизни ҳимоялаш мақсадида шундай йўл тутдингиз!

Забардаст, забарқалам ўринбосарларингиз бор. Ўзини ўзи мукофотлаган Сирожиддин Саййиддан унчалик умид қилмасам ҳам Иқбол Мирзодан умид қилаётган эдим. Билмадим, у ҳам қандайдир босим остидами, тушунмайман. Инсоф ўзларинга берсин!

Баҳром Рўзимуҳаммад бечора Хоразмга кўчиб кетишидан аввал Аъзам Обидов билан янги лойиҳа – дунё шоирлари антологиясини менга омонат ташлаб кетди ва мен ҳам уни бироз тўлдирдим. Мана ишонмасангиз қуйида келтираман:

  1. Евгений Евтушенко (Россия)
  2. Санжар Янишев (Россия)
  3. Татяна Зоммер (Россия)
  4. Галина Климова (Россия)
  5. Алёна Елцова (Россия)
  6. Ўлжас Сулаймонов (Қозоғистон)
  7. Мухтор Шохонов (Қозоғистон)
  8. Омондурди Аннадурдиев (Туркманистон)
  9. Салим Бабилла ўғли (Озарбайжон)
  10. Шота Латишвили (Грузия)
  11. Дато Барбакадзе (Грузия)
  12. Ханс Магнус Энценсбергер (Германия)
  13. Урзула Крехел (Германия)
  14. Михаил Крюгер ( Германия)
  15. Петер Домбровски (Германия)
  16. Марица Бодрожич (Германия)
  17. Херта Мюллер (Германия)
  18. Йорг Фаузер (Германия)
  19. Ральф Юлке (Германия)
  20. Кристофер Меррил (АҚШ)
  21. Жене Доти (АҚШ)
  22. Тереза Мильтон (АҚШ)
  23. Артур Же (АҚШ)
  24. Паскал Петит ( Буюк Британия)
  25. Фернандо Рендон (Колумбия)
  26. Дорис Карева (Эстония)
  27. Ашур Этвеби( Ливия)
  28. Хлё Алтай Атилган (Туркия)
  29. Зофья Безшинска (Польша)
  30. Вивьен Пламб (Янги Зеландия)
  31. Маркус Ҳедигер (Швейцария)
  32. Таҳар Бекри (Тунис, Франция)
  33. Праяг Сайкиа (Ҳиндистон)
  34. Рати Саксена (Ҳиндистон)
  35. Вики Холмес ( Гонгконг)
  36. Фуад Рифка ( Ливан)
  37. Ҳусейн Ҳабаш ( Сурия, Германия)
  38. Жайне Кортез (АҚШ)
  39. Илья Каминский (АҚШ)
  40. Самми Оке Акомби (Камерун)
  41. Тибор Кочик (Словакия)
  42. Раживан Тачом Пойил ( Ҳиндистон)
  43. Йель Глоберман (Исроил)
  44. В.Ф.Лантри (АҚШ)
  45. Мэри Грейвит (АҚШ)
  46. Никола Мадзиров (Македония)
  47. Уша Акелла (АҚШ)
  48. Глория Габуарди (Никарагуа)
  49. Гулрухсор (Тожикистон)
  50. Одил Икром (Тожикистон)
  51. Франциско Де Асис Фернандез (Никарагуа)
  52. Истерин Иралу ( Норвегия)
  53. Рану Униял (Ҳиндистон)
  54. Адам Радфолд ( Гонгконг)
  55. Элис Тереза (Филиппин)
  56. Клаус Мерц (Швейцария)
  57. Ян Вагнер ( Германия)
  58. Сезай Қоракўч (Туркия) “Хизр билан қирқ соат суҳбат” яхши чиққан.
  59. Алваро Миранда (Колумбия)
  60. Антонио Трухилио ( Венесуэла)
  61. Бланка Андерсон (АҚШ)
  62. Грациэла Уинао (Чили)
  63. Ивон Гордон Ваилакис (Эквадор)
  64. Ямили Фалкон Саркис (Мексика)
  65. Хесус Гомес (Колумбия)
  66. Волтер Эспинал (Колумбия)
  67. Мерседес Роффе (Аргентина)
  68. Рудолфо Эслер (Куба)
  69. Рохелио Сандерс (Испания)
  70. Родриго Бердуго (Чили)
  71. Уриэл Мартинес (Мексика)
  72. Даниел Фрини (Аргентина)
  73. Луиз Гомес (Коста Рика)
  74. Александр Уланов (Россия)
  75. Кэрол Молдоу (АҚШ)
  76. Дэниел Кунене ( Жанубий Африка)
  77. Фадҳил-ал-Аззавий (Ироқ)
  78. Рашида Исмоилий Абубакр (Бенин,АҚШ)
  79. Саид Гоуда (Миср)
  80. Рудольф Юролек (Словакия)
  81. Мария Филиппова (Болгария)
  82. Эрик Ондрежика (Словакия)
  83. Рафаэл Кортоиз (Уругвай)
  84. Уше Петер Умез (Нигерия)
  85. Радован Бренкус (Словакия)
  86. Ндре Мъеда (Албания) Айниқса унинг “Ватан соғинчи” деган шеъри зўр.
  87. Нозим Фракула (Албания) Унинг “Мардикорлар” деган шеърини ўқиб ҳайратда қоласиз.
  88. Ҳасан Зюко Камбери (Албания) “Пул” деган шеъри машҳур.
  89. Андон Зако Чаюпи (Албания) “Шуни унутмайликки” яхши ёзилган.
  90. Наим Фрашери (Албания) “Аббос Али” билан “Шараф”ни яхши ёзган.
  91. Эваристо Карриего (Аргентина) “Уйимиз йўли” туззук.
  92. Б. Ф. Морено (Аргентина) “Қирқ саккиз балкон” яхши ёзилган.
  93. Энрике Банчс (Аргентина) “Ватан мадҳи” ва “Тутқун қўшиғи”ни зўр ёзган.
  94. Альф Сторни (Аргентина) “Кичкина одам” ва “Меланхолия”ни ажойиб ёзган.
  95. Рикардо Миро(Панама) “Сўнгги чағалай”, “ Портобело” ҳамда “Ота юрт”ни йиғлатворган.
  96. Деметрио Корси(Панама) “Панама манзаралари” ва “Кумбия”ни яхши ёзган.
  97. Д. Э. Севильяно (Панама) “Юрт бурчаклари” шеъри машҳур.
  98. Карлос Франсиско Чангмарин (Панама) “Қон-қардош қўллар”ни яхши ёзган.
  99. Владимир Висоцкий (Россия) “Раҳмат”ни ёзганига раҳмат.
  100. Уилл Женнингс (АҚШ) Айнан унинг “Юрагим уришдан тўхтамас асло” деган шеърини Селен Дион “Титаник”ка саундтрек қилиб айтган.

Хуллас ўзимни босиб олган ҳолда Сизга мен кўзгу тутдим, холос. Хулоса чиқариш ўзингиздан…

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

100 минг сўмлик купюра одамларнинг доллар йиғишга бўлган қизиқишини пасайтириши тахмин қилинмоқда

Кўпчилик 100 минг сўмлик купюранинг чиқиши инфляцияни кучайтириши мумкин, деган фикрда бўлиши мумкин. Бироқ, янги пул бирлиги инфляция ортишига эмас, аксинча, унинг ...

Ўзбекистонда 1 февралдан чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш нарҳи ошади 

Қаттиқ маиший ва суюқ ҳолдаги чиқиндиларни аҳоли, ташкилот ва корхоналардан олиб чиқиб кетиш тарифи 2019 йил 1 февралдан ошади. Бу ҳақда “Кун.уз” сайти «Махсустранс» Давлат ...

Истеъмолчидан қарздор газ идораси истеъмолчига қарз ёзди

Наманган вилояти Нишон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ижро этувчи аппарати томонидан Нуристон МФЙ, Кимёгар маҳалласи, Лолазор кўчаси, 2-уйда яшовчи ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400