Эврил Турон: Эллигинчи йиллар манзараси

(Давоми)

Эл-улус қатори Гулистон кентини қиялаб ўтган йўлдан юришга мажбур бўлдик. Декабрь эшик  қоқаётганига қарамай, сўқоқнинг икки ёғида теримчилар учлари кўринар-кўринмас очилган кўсакларни тераяптилар. Бир–икки чолни демаса, эркак уруғи кўринмайди. Боя Тошкент воҳасида   ҳам шу ҳолнинг гувоҳи  бўлган эдик.

Аввалги қисмлар:

– Йигитлар хорижда, мардикорликда, – деб тўнғиллади зарда билан орқа ўриндиқда  қовоғини уйиб ўтирган профессор Ўрдабекли.

– Шундай,- тасдиқлади Қаҳрамон  Маҳмуд .

-Бундоқда  давлатнинг бири икки бўладими? Ахир- асосий куч четда-ку, четда.

-Бўлмайди, – яна уни қувватлади Қаҳрамон.

– Шўрлик  эл, шўрлик юрт!!!

Пахтазорларни кесиб ўтган сўқоқдан секин ва ғамгин бир алфозда бораяпмиз. Чексиз чегарасиз      пахта майдонлари. Лекин очилган пахта кўринмайди, эгатларга сочилган теримчилар лой кечиб калишларда юрибдилар. Устиларида эски-туски. Ҳаво совуқ, рутубатли, ёмғир томчилаяпти.     Воқеадан илгарилаб айтсам: Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё ўлкаларида ҳам айни  шу  манзарани  шоҳиди бўлдик. Бутун Ўзбекистонда ҳам шу ҳол десам  янглишмайман. Болаликда кўрганим: эллигинчи  йиллар манзараси… Орадан  шунча йиллар кечса ҳам, чигитча ўзгариш йўқ.

Етмишинчи йилларда далаларда пахтаю кўрак териш ва чувиш машиналари кўзга ташланиб  турарди. Энди анқонинг уруғи, битта ҳам кўринмайди. Бари еб тугатилган.

Энди ғўзалар ҳам бўйдорлигини йўқотган, ”лилипут”га айланган.

Нимага?

                                                                                      12

Бундан 3 йил олдин мен шу савол билан Тошкент Ирригация иниститути ўқитувчиси, яқин дўстим профессор Содиқ Холиқулга мурожаат этган эдим. У қовоғини уйиб “уҳ” тортган ва сўнг истамаган  ҳолда уч–тўрт сўз айтган эди:

“Пахта майдонларини шўр босиб кетган. Совет ҳукумати йиқилгандан бери шўрлар ювилмаяпти. Шўр ювар технология ўлган. “Доно Доҳий“ сув хўжалиги вазирлигини йўқ  этган. Вилоят, туман сув  хўжаликларини ҳам. Шўро даврида суғориладиган ерлар 4 миллион 250 минг гектарни ташкил  қилган. Шундан 5 юз мингдан кўпроғи шўрхок эди. Энди? Энди аниқ айтиш қийин. Министрлик йўқ. Кадастр йўқ. Тахминимча, аввалгига қараганда пахта майдонларининг аксарият қисмини шўр босган. Шунга ҳосил паст, сифат паст. Шўр ғўза бўйига  ҳам, энига  ҳам таъсир этган. Сиз айтгандай, уни “лилипут”га айлантирган“.

“Асосий сабаб шуми?”

“Асосий сабаблар кўп. Шулардан яна бири: юз йиллардан бери пахта алмашлаб экилмаяпти. Бу  эса ерни ҳолдан тойдирган.

Сиз йиллар бўйи фақат ва фақат бир емоқ есангиз, ҳолингиз не кечади? Ер ҳам тирик бир организм. Шундан ўзингиз хулоса чиқариб олинг “

                                                                      13

Ўйлайман:  “Бизда фақат пахта тармоғи шунақами? Йўқ, бутун экинчилик, бутун туёқчилик, бутун саноат… ҳамма  соҳа жар ёқасига бориб қолган. “Буюк йўлбошчи”нинг  “шарофати” билан. Фақат бизда куч ишлатар тизимларию қамоқхоналар ўсган. Менимча, бу борада Ўзбекистон оламда  биринчи ўринда. Ишсизлик, ахлоқий бузулиш, туҳмат, риё, буҳтон, ёлғон, қаллоблик ва кўз бўямачилик бўйича ҳам шунақадай. Бу фақат менинг эмас, миллионларнинг  ҳам фикрларидир“

                                                                         14

Йўлда давом этаяпмиз. Пахтазор… Гўё бутун юрт пахта майдонларидан иборатдай. Шу он “Жаслиқ“ зиндонида ёзган бир шоирнинг бир шеъри эсимга тушди. У менинг назаримда Шовруқнинг қотили  миясига отилган ўқ. Шундан уч қаторини келтираман:

Нечун бутун юртни этгунча зиндон

Қабристон этмадинг, улкан қабристон

Текислаб қилардинг пахтага  майдон…

                                                                                       15

“Некси”дан тушиб, теримчилар билан кўришдик. Кейин уч–тўрт хонадонга кирдик. Худди ўтган  юз йилликнинг ўрталаридагидай кўсаклар уй-уйларига бўлиб берилган экан. Улар бостирмалар  остиларига ёйиб қўйилган.

Болалигимда (тоғли қишлоқлар чўлга мажбуран кўчирилган. Жумладан, бизнинг хонадон ҳам Сирдарё туманининг  “Правда”  колхозига кўчма  қилинган. Отга  қаранг, бир ўрис яшамаса ҳам  “Правда“… Яна “Правда“ деганига ўлайми? “Зўравон“ дейилса  тўғри бўларди…) томдан шомгача пахта терардик. Тунлари кўрак чувирдик.  Ҳатто февралда ҳам. Бармоқларимиз қонаб, ёрилиб кетарди. Тирноқларимизнинг остки, устки қисмлари шилиниб кетарди.

Шунга қарамай иш ҳаққимиз нонга етиб, етмасди. Онда-сонда демаса, қозонимиз эт  кўрмасди. Қисқаси, пахта етиштирган қулдан-да хор яшарди. Сотган эса пулга бўкиб…

Оғир меҳнат ва йўқликдан пахтачилар қирқ–эллик ёшларида қариб қолардилар. Айниқса аёллар.  Бунинг устига газ, свет, ҳаммом, ичимлик суви қувурлари, умуман, ҳеч қандай шароит йўқ. Лойдан  “ясалган” ёзилма (хожатхона) кулба адоғида жойлашган. Қиш, ёғин–сочин кунлари, қоронғи кечалари бориб келиш қийин эди. Ўрис, ҳудий, армани… бирон келгиндини пахтада ишлаганини  кўрмаганман. Улар шаҳарларда тўлиб-тошиб яшардилар. Заруратдан кентларга бориб-келувчи ўзбекларнинг устидан кулишарди :

”Не мытый чёрты!”

Мен бу нонкўрлардан 3-4 тасининг тагини суриштирганман. Бу нас босганларнинг ўзлари қайси бир нас босган кўйлардан келиб қолишган экан. ХХI юз йилликда бу ҳол ўзгардими? Жиззах сари еларканмиз, бу саволни профессор Ўрдабеклига бердим.

-Йўқ! – деди у кескин,- ҳеч бир қони ёт пахтада ишламайди. Чунки улар ўзбекдек дўзахий меҳнатга, ўлмасининг куни бўлган маошга, қамоқхоналардан ҳам баттар шароитга чидолмайдилар. Ўз  жонларини ҳамма нарсадан устун қўядилар. Ўз ота-оналаридан  ҳам, ўз юртларидан ҳам. Йўқса, туғилган ерларини ташлаб кетармидилар? Улар учун муқаддас нарса қорин, мўмай пул келтирадиган иш, газ, сув, светга эга уй-жой…! Пахтани ўз юртида сиқинти бўлиб яшаётган  ўзбекка  чиқарган. Содда, гўл, бир бўлак нон, бир пиёла чойга шукур қиладиган ўзбекка. Ўз уйи тўридан ношукур келгиндига жой бериб қўйган ўзбекка!

– Отасига лаънат! Қачон кўзини очиб, бошини кўтаради бу эл! …

                                                                                   16

Ўрдабекли бирдан жим қолди. Сўнг ойнани хиёл очди ва сегарет чекди. Сўнг яна ёниб, тутади:

– Пахта сиёсати, умуман, экинчилик сиёсати, тубдан ўзгармас экан, ҳеч нарса ўзгармайди. Сталин даврида қандай бўлса, шундайлигича қолади. Ҳозиргина бу ҳолга гувоҳ бўлдингиз.“ Пахта–ўзбекнинг миллий бойлиги” дейишади. Шундоқ экан, пахтага Америкача  сиёсат билан ёндошмоқ керак. Буни мустақилликнинг бошида қилиш керак эди. Афсус, қилинмади. Билъакс пахта  шунга Совет  давридадагидан-да абгор ҳолга тушди. Шўр босган ерлар (Сирдарё, Жиззах, Бухоро,  Хоразм, Қарақалпоқ ўлкалари) ҳосили камайиб кетди. Сабаб: Шўр ювиш иншоатлари ўлди. Техникага қирон келди. Худбинликда тенгсиз Каримовнинг айби билан. У халқини иш билан таъминлаш ўрнига  ўзини қўриқлаш билан овора бўлди. 25 йил.

 “Пахтага америкача сиёсат билан ёндашиш керак…” – Ўзимча Ўрдабеклининг  гапини такрорлайман,-Қандоқ?  Ўйлайман. Шунда таги Кешлик, ҳозирда АҚШ нинг Сент-Луис кентида яшовчи ишбилармон (олий маълумотли муҳандис) Баҳодир Хон Туркистоннинг қўйидаги гапи эсимга тушди:

“Америкада ерлар тўла фермерлар қўлида. Биздагидек ҳукуматга, ҳокимга, прокурор ё полисга,  қисқаси, ҳеч бир ташкилотга қарам эмас. Экинчи ўзи эккан маҳсулотни ўзи жаҳон бозорида сотади. Давлат фақат йилда бир марта ундан солиқ олади. Шуни урғу билан  айтаман: қўл кучига ҳожат йўқ, бутун ишлар юксак технология асосида бажарилади. Пахта иши ҳам айнан шундай. Луис деган танишим бор. У ўз ёрдамчиси билан  минг гектар ерда пахта етиштиради. Ерни ўзлари ҳайдайдилар, чигитни ўзлари экадилар, ғўзани ўзлари парвариш этадилар, пахтани ўзлари  терадилар. Замонавий техника воситасида. Шундай бўлса ҳам шунча ишни икки киши  бажарганига ажабланаман.

Ўзбек деҳқонларига ўхшаб ҳеч бир замонда ноябрь-декабрь ойларида мажбурликдан пахта истаб эгатларда хор бўлиб юрмайдилар, тагтерим (подбор) қилмайдилар, кўрак чувимайдилар. Луис ва унинг шогирди бор-йўғи бир марта машиналарда пахта терадилар. Тамом  вассалом!

Ҳеч бир ёрдам ёки ёрдамчига муҳтож эмас. Пулни бўлмайди, баракасини учирмайди. Ҳамма ишни иккови қилади. Қилганда ҳам самарали, сифатли. Чунки ўртада шахсий  иштиёқ бор. Қанча  кўп ишласа шунча кўп пул, пул бўлганда ҳам пуллар шохи, жаҳонни тебратиб турган доллар…

Оврупа ҳам шундай. Шу боис бу юртлар гуллаб, яшнамоқдалар. Фермерлар ҳукуматга, ҳокимларга, куч ишлатар тизмларига даҳлсиз, мутлақ мустақил. Агар Ўзбекистон ҳам шу йўлни  тутса, шубҳасиз, у Оврупача, Америкача юксалишга юз тутади.

Мисол: мен бошқанинг ерига нисбатан ўз еримга яхши қарайман. Бутун меҳрим, бутун куч–қувватим билан. Чунки ерим мени, бола-чақамни боқади, кийдиради. Тилимни ўткир, қўлимни узун қилади. Журналист тили билан айтсам: ҳаётимни фаравон этади.

Менимча, бу туйғу инсонга (ўзни, ўз хусусий мулкини…) Худо томонидан берилган. Яъни, ҳар ким ўзганикига қараганда ўз боласини, ўз мулкини, хулла, ўзига нима тегишли бўлса, ўшани кўпроқ севади.

Одамлар бойимасалар давлат бойимайди ва қудратга кирмайди. Бойишлари учун эса, қайта  айтаман: АҚШ усулини қўллаш лозим. Экинчиларга эрк берилиши ва ўз  ерига ўзи мутлоқ хўжайин бўлиши лозим. Бошқа ҳеч ким, ҳеч қандай куч бурнини тиқмаслиги, тиқишга эса қаътиян (қонун асосида) ясоқ қўйилиши лозим“.

Мен Баҳодир Хон Туркистоннинг бу гапини Бахтиёр Ўрдабеклига айтдим. У ҳам шу хил хаёлларга берилиб келаётган эди шекилли, тутади:

-Бу ҳам “йўлбошчимиз“ деб мақталган ва ҳатто Темур хоқонга тенглаштирилган Каримов туфайли амалга оширилмаган. Сабаби: пахта экиш, сотиш фирмерлар ихтиёрига ўтса, ўзи ва ҳамтовоқлари миллиардлардан мосуво бўладилар.

– Энди  “Йўлбошчи” йўқ, оширилар?

-“Йўлбошчи“ нинг соғ, сўл қўллари ҳалигача эгардан тушмаяптилар. Оғизларини ғордек очиб…

-“Ота”ларига тортадилар–да. “Мол эгасига ўхшамаса ҳаром ўлади“ деб бекорга айтишмайди. “Ота”лари ўмариш бўйича ҳам биринчи ўринда. Ҳатто дунё бўйича ҳам. Нақ 2 юз миллиард доллор. Ўлгандан кейин ҳам кам бўлмаяпти. Мақбара… Миллиардларга қурилган оқсарой, музей… Ҳайкаллар… Яна… Абадиятга даъвогар шекилли?

-Сиёсат… Вақтинча… Сталин ўлганда ҳам шундоқ бўлган. Сўнг… 25 миллион кишининг қотили бўлган Сталиннинг “лубимчиги” Н.С. Хурушчев эди. Никита   Иосифнинг олдида думини дам қисиб, дам ликиллатиб, дам қилпанглатиб юрарди. Унга Худодек сиғинарди. Берия ҳам. Дунёнинг  чаппасига айланишига қаранг: “халқлар отаси”  ўлганда энг кўп севинган шу иккови бўлди. Кўп ўтмай эса Хурушчев “Буюк доҳий”нинг ўрнига ўтирди. Сўнг… Сўнгроқ “Буюк доҳий”нинг ўлигини  мавзолейдан чиқарди, ёқди. Ҳайкалларини ер этди, номларидан нишон қолдирмади.

-Сиёсат “дейсизда, сиёсат… Охир оқибат қилмиш-қидирмиш бўларкан-да … Ўшанда “Йўлбошчи”ни ким деб аташаркан?

–  Юртни қамоққа айлантирганни ким дейди? Туман-туман шовруқларнинг ўлимига зомин бўлганни ким дейди? “Йўлбошчи”ми, йўлбузчи-ми? Наҳот шуни билмасангиз?-заҳарли кулди тили заҳар Ўрдабекли.

– Одамни юзинг-кўзинг демай савалайсиз. Сизни “заҳар“ дейишларича бор.

– Тўғри гап туққанингга ёқмайди. Менга қолса “Каллаклаш” ўрнига бошдан-оёқ ислоҳ қилиш лозим. Шунда йўлбузчининг еб тўймас, ёвуз тарафдорлари илдиз-пилдизлари билан қўпорилади…  Шунда ҳур ҳаёт томир отади.

–  Ҳозирча қийин… Ҳар нарсани вақт етилтиради…

–  Темирни иссиғида бос дейишади.

Ўрдабекли табиатан тўғри сўз одам. Бироқ қайсар. Филолог олим сифатида унга тенг келадиганини кўрмаганман. Узун йиллар у ТошДУда ўқитувчилик қилган. Бир муддат Чимкент педогогика университетида ҳам дарс берган. Яхши эвурувчи (таржимон). Академик Гумилевнинг “Эски турклар“ китобини  ўзбек туркчасига ўгирган. Мен уни қайта-қайта ўқиганман.

–  Ўрдабеклидаги бўртиб турадиган фазилат: у Турки Туронни ўз жонидан ортиқ севади ва шу ғоя билан яшайди. Ҳаётининг мазмун моҳиятини ҳам шунда деб билади. Ўрдабекли бутун Турк эллари учун бир Ёзув: “Ўрта Турк тили“ алифбосини яратган. Бу томондан у ўз улуғ бобоси (шажараси бор) Қошғарли Маҳмудга тортган. Яъни буюк “Турк сўзлиги “(“Қутадғу Блиг“) китобини ёзган Қошғарли Махмудга. Ўрдабеклига ўз она Тупроғини, ўз она Элини севиш туйғуси шу буюк бобосидан ўтган. Қошғарли Махмуддан бир сўз:

“Тангри айтди: менинг бир тоифа аскарим бор, уларни турк деб атадим. Уларни кунчиқарга ўринлаштирдим. Бирон халқдан ғазаблансам, туркларни уларга қарши йўллайман“.

“Тангри уларга ўзи от қўйган, уларни энг баланд ва хушҳаво жойларга ўринлатган. Ўзининг ботирларидан санаган. Туркларда одоблилик, кўркамлик, ёқимлилик, лафз, дадиллик, камтаринлик каби хулқлар саноқсиздир“.

–  Нега жим қолдингиз?

Ўрдабеклининг гапидан ўзимга келдим ва унга босиқ овозда жавоб қайтардим:

– “Темирни қизиғида бос“ дейсиз. Менимча, бу мақол ҳозирги гапимизга ёпишмаяпти. Бу ерда  давлат тақдири тўғрисида, диктаторнинг ёвуз тарафдорлари тўғрисида сўз кетаяпти. Уларни бир ҳамла билан йиқиш мушкил. Улар улкан куч… У подшо бўлса ҳам бир одам… Тўла қудратга кирсин … Сўнг…

-Мен ўз фикримда қоламан.

-Ихтиёрингиз.

–  Менимча, давлатни оёққа қўйиш учун мана бу уч нарса ҳам аҳамиятли бўлиши мумкин.

-Айтинг-чи.

-Биринчиси: икки  юртдошликка (гражданликка) изн берилиши лозим.

-Хўш?

– Юртдошлик туйғуси шаклланади. Юртга меҳр уйғонади. Шу тақдирда у Ўзбекэлга фойдали бўлади. Ҳам моддий, ҳам маънавий, ҳам руҳий жиҳатдан.

Иккинчиси: инвестицияга кафолат лозим. Агар шундоқ бўлса, ўзбекюртда иш ўринлари очилади,  маошлар салмоқли бўлади. Оврўпада менинг бир дўстим бор, ҳозирча унинг номини  очиқламайман. У: “ Ўзбекистон менга минг гектар ер берса, мен уни обод ва фойдали қилиш учун, юртга бир неча миллион доллор ($) киритаман “дейди. Бундоқлар хорижда озмас. Фақат у, улар очофат вазир, ҳоким, прокурор, полис…лардан қўрқишади. Шунга қатъиян кафолат лозим.

Учинчиси: корупция уруғини бутунлай куйдириш керак!

Ҳозир Швецария банкида 500 миллиард пул турибди. Ўғирланган пул. Ўзбек халқининг пули. Ўзбек давлатининг пули. Бу нарса Ўзбекистонда Коррупция энг юқори чўққига чиққанини кўрсатади. Нефт, газ, пахта, олтинлардан келган пуллар қани? Швецария банкларига ўхшаш банкларга яширилмаганми?

Муаллиф: Эврил Турон

(Давоми бор)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Чол ва денгиз (3)

— Ана холос,— деди у.— Айтмовдимми!—ва қайиқни безовта қилмасликка ҳаракат қилиб, эшкакларни сувдан тортиб олди. Чол чилвирга томон энкайиб, уни ўнг қўлининг бош ва кўрсаткич ...

От кишнаган оқшом (қисса) 70-қисм

70 Биродарлар, кўнглимда армон болалади! Тарлон яхши бўлса эди, улоққа солардим... Қатрон калга бир кўрсатиб қўярдим... Жўра бобонинг Тўриғи гижинглади. Жиловни силкиб, ...

Эрта қайтган турналар (қисса)-3

Улар онаси билан хайрлашиб ҳовлидан чиқишганларида, керосин арава шақирлаб катта тошлоқ ариқдан ўтганида Султонмуротнинг юраги қувончдан ҳаприқиб, отларнинг туёғидан ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400