Каримовнинг куёви давлатга миллиардлаб сўм тўламагани шаъма қилинди

Президент Мирзиёевнинг матбуот хизмати Facebookдаги саҳифасида Тошкентдаги “Абу Сахий” бозорида давлатга бир ойда 14 баробар кам тушум тушганини маълум қилди. Айни дамда эгаси ва номи ўзгарган “Абу Сахий”га Каримовнинг иккинчи қизи Лола Каримованинг турмуш ўртоғи Темур Тиллаев эгалик қилган.

Мақола  www.bbc.com сайтидан олинди

Ўзбекистон Президентининг матбуот хизмати барча ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали “Абу Сахий” “Тошкент ипак йўли” мажмуасига айлантирганидан сўнг давлатга тушумлар кескин ортиб кетгани ҳақида кичик хабар жойлаштирди.

“Собиқ «Абу Сахий» МЧЖда давлат бюджетига бир ойда 5 миллиард сўм тушган. Ушбу бозор «Тошкент ипак йўли» мажмусига айлантирилгандан сўнг атиги 15 кунда тушум 35 миллиард сўмга етган”, дейилади хабарда.

Марҳум президент Ислом Каримов даврида Ўзбекистонга импорт қилинадиган маҳсулотлар асосан Тошкентнинг энг йирик “Абу Саҳий” компанияси орқали ўтарди. Унга Каримовнинг иккинчи қизи Лола Каримованинг турмуш ўртоғи Темур Тиллаев эгалик қилган.

Fergananews хабарига кўра, эндиликда бу бозор эгаси ўзгарган ва компания “Тошкент ипак йўли” номини олган.

Мирзиёевнинг матбуот хизмати тарқатган хабарда “Абу Сахий” бозори эгаси ўзгаргани ва ҳозир у кимга тегишли эканлигига ойдинлик киритилмаган.

Мустақил нашрларга кўра, номи ўзгарган бозорнинг ҳозирги эгаси Ўзбекистоннинг янги ҳукуматига алоқадор шахс. Бироқ буни тасдиқловчи далил-исбот йўқ.

Расмий хабардан шу нарса ойдинлашадики, ушбу бозордан бир ойда ўртача 70 миллиард сўм ёки тахминан 8 миллион 750 минг доллар тушум тушиши мумкин.

Темур Тиллаев эгалик қилганда бир ойда 5 миллиард ёки 625 минг доллар тушум тушган.

Президент матбуот хизмати тарқатган хабар рост бўлса, Темур Тиллаев эгалик қилган даврда давлат ғазнасига ҳар ойда туширилмаган 8 миллион 125 минг доллар қаёққа кетган, деган савол пайдо бўлади.

Ислом Каримовнинг иккинчи қизи Лола Каримова bbcuzbek.com га 2013 йилнинг сентябр ойида берган интервьюсида турмуш ўртоғининг бизнеси ҳақида маълумот берган эди.

На ўзи ва на турмуш ўртоғи Темур Тиллаевни давлат идораларида ишлаганини айтган Лола Каримова-Тиллаева эрининг тадбиркор эканлиги ва Ўзбекистонда ҳеч қандай имтиёзлардан фойдаланмаслигини таъкидлаган.

“Унинг бизнеси солиқлар ёки қандайдир божхона тўловларидан соқит қилинувчи давлат имтиёзларига эга эмас, ва Ўзбекистонда фаолият юритаётган бошқа ширкатлардан фарқли ўлароқ, монополия эмасдир. Менинг турмуш ўртоғимнинг бизнеси тўлалигича хусусий маблағ ва сармояларга қурилган, ва бошиданоқ унинг ўзи шу ширкатга асос солган”, деган у.

Лола Каримова-Тиллаева Швейцариядаги 46 миллион долларлик сотиб олган уйи ҳақидаги саволга уни кўп қатори кредитга олгани ва Ўзбекистондаги деярли кўчмас мулки йўқлигини маълум қилганди.

“Ўзбекистондаги барча кўчмас мулкларимизни сотганмиз. Фақат фарзандларимиз билан Ўзбекистонга сафар қилганда яшаш учун Тошкентда битта квартирамиз бор. Женевадаги уйимиз нархининг 18 фоизини ўз хусусий маблағларимиз билан қоплаганмиз, қолгани эса банк кредити билан қопланган. Аниқроқ айтадиган бўлсам, уйимиз “mortgage”, яъни ипотека остида”.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Россиялик миллиардер ўзбекистондаги газ лойиҳасидаги улушни сотиб олди

Россиялик тадбиркор Андрей Филатовнинг Brighttree Holding LTD компанияси Бахтиёр Фозиловга тегишли Altmax Holding Ltd нинг Ўзбекистондаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” ...

Одатлар иқтисодиёти: янгиликни қўллаш нега бунчалар оғир

Аксарият кундалик хатти-ҳаракатларимиз одат тусига кирган. Ҳаётимиз ўз қўлимизда, деб бонг урсак-да, одатга айланган юриш-туришимизни ўзгартириш ниҳоятда машаққатли кечади. ...

Facebook ходимларининг маоши қанча?

Glassdoor нашри берган маълумотларга қараганда, компания ўз ишчи-ходимларига қуйидагича маош тайинлаган. Ҳар қандай компания фаолиятида ўзига яраша айрим камчиликлар бўлади. ...