Одатлар иқтисодиёти: янгиликни қўллаш нега бунчалар оғир

Аксарият кундалик хатти-ҳаракатларимиз одат тусига кирган. Ҳаётимиз ўз қўлимизда, деб бонг урсак-да, одатга айланган юриш-туришимизни ўзгартириш ниҳоятда машаққатли кечади. Ҳаммасини борича сақлаб қолиш истаги эса, ҳар доим ҳам ижобий натижаларга олиб келмайди. Иқтисодчилар Беҳзод Ҳошимов ва Нуриддин Икромов одатлар тўғрисида ва уларни ўзгартириш нега бунчалик мураккаб эканлиги ҳақида сўзлайдилар.

Қоидага кўра, Янги йил – ўтган йилдаги муваффақиятлар ва омадсизликларни мулоҳаза қилиш ва кириб келаётган йил учун режалар тузиш палласидир. Бу таҳлил одатларимиз ва уларнинг оқибатлари хусусида фикр юритишга мажбур қилади.

Беҳзод Ҳошимов ва Нуриддин Икромов одатлар тўғрисида ва шаклланган турмуш тарзини ўзгартиришнинг нега бунчалик мураккаб эканлиги ҳақида ҳикоя қиладилар.

Нега “тарки одат – амри маҳол”?

Мен, Беҳзод, Peets қаҳвахонасидан 2,15 долларга қаҳва харид қиламан. Ундан сал нарида 1,50 долларга қаҳва тайёрлаб берадиган автомат туради, лекин уни ҳеч ишлатиб кўрмаганман. Агар автоматдаги қаҳва сифатли бўладиган бўлса, мен кундалик кофеин дозамни олишда пул тежаб қолишим мумкин, бу ҳақда бот-бот ўйлаб ҳам қоламан. Лекин ҳар гал ўша машина олдидан ўтаётганимда бугун жиддий ишларим борлигини, қаҳва сифатини бузиш кунимнинг ўтишига салбий таъсир қилиши мумкинлигини ва айнан шу кун унумдорлигим устида синов ўтказиш учун энг нобоп кун эканлигини ўйлайман. Сифатсиз қаҳва сабабли кунимнинг ланж ўтиши қимматга тушади ва бу кечириб бўлмас хато бўларди, деган хулосага келаман.

photo_2018-01-09_12-46-36
Қаҳвахона ёнидаги қаҳва автомати

Аслини олган, мен ноҳақ бўлиб чиқишим тайин – гап ҳар куни 65 центни тежашда ҳам эмас, балки мен уннаб кўрмай хато қилмоқдаман. Бу одатимдан яққол кўринадики, аксарият одамлар каби, мен кундалик ҳаётимда камдан-кам ҳолларда янгиликни синаб кўраман. Бу хатти-ҳаракатлар иқтисодиётидаги когнитив бузилишнинг бир намунаси, у “статус-квонинг нотўғри акс этиши (status-quo bias)” сифатида машҳур. Соддароқ айтганда, одамлар одатий ва ҳозирда мавжуд нарса/жараённи янги ва номаълум нарса/жараёнга нисбатан ҳаддан зиёд юқори баҳолашга мойилдирлар. Психологлар Ка́неман, Тверски ва иқтисодчи Талерўзларининг тадқиқотларида ҳаётда кузатиладиган бу феноменнинг сабаблари ва оқибатларини батафсил таҳлил этадилар. Дарвоқе, Канеман ва Талер бу борадаги ишлари учун Нобель мукофотига сазовор бўлганлар.

Баъзида биз синовларга тайёрдек кўринамиз, кўплаб ўқувчилар турли қаҳвалар ичишлари ва ҳаётларига тез-тез ўзгаришлар киритиб туришларини айтишлари мумкин.

Аслида эса ундай эмас. Тадқиқотларга кўра, кундалик ҳаракатларимизнинг 47 фоизи одат тусига эга. Бунинг устига, бу одатий ҳаракатлар кўламини жиддий баҳоламас эканмиз, уларни ўзгартириш тугул, кузатиб боришнинг ўзи мушкул иш.

Бу феноменга биологлар қизиқ изоҳ берадилар: уларнинг тахминларига кўра, одамларнинг, олайлик, таом борасида ўзгаришларни синаб кўришга интилмасликлари эволюция билан боғлиқ экан. Уларнинг назарияларига кўра, қадимги одамлар муайян ўсимлик ёки ҳайвонни татиб кўриб, узоқ вақт у билан озиқланиб юрганлар, чунки нотаниш таомни тановул қилиш хатарли бўлган. Аксарият ўсимликлар ва қўзиқоринлар заҳарли. Қолаверса, мазаси тотли, тутиш осон бўлган қўй турганида, бошқа нотаниш ҳайвон кетидан югуришга на ҳожат? Нотаниш егуликдан тап тортмаган одамлар эса, аксар ҳолларда, ҳалок бўлганлар. Бундан келиб чиқадики, биз овқат бобида камроқ таваккал қилганларнинг авлодимиз, яъни одатлар генетик характерга эгадир.

Таниш ва одатий нарсани афзал билиш мия ҳужайралари даражасида ҳам кузатилади. Неврология соҳасидаги тадқиқотлар инсоннинг статус-кводан четланган ҳолда нотўғри қарор қабул қилиши нейронларга статус-кво сақланган ҳолда нотўғри қарор қабул қилишга қараганда кучлироқ таъсир кўрсатишини аниқлади. Бошқача айтганда, инсон мияси одатий тарздан четланишни оғриқли қабул қилади.

Албатта, биз неврология ёки эволюцион биология соҳасида мутахассис эмасмиз, лекин иқтисодчиларнинг одатлар тўғрисидаги изланишлари замонавий одамларда статус-квонинг бузилиши қанчалик барқарорлиги ва кенг тарқалганлигини ҳамда уни ўзгартириш усулларини аниқлаш имконини беради, деб ўйлаймиз.

Одатлар иқтисодиёти

 Иқтисодчилар “табиий тажрибалар”ни тобора кенг қўлламоқдалар. Иқтисодиётда, масалан физикадан фарқли ўлароқ, тажриба ўтказишнинг мутлақо иложи йўқ, чунки тажрибалар объектлари одамлар ёки бутун бошли мамлакатлар бўлади. Бироқ, иқтисодчиларга инсон хатти-ҳаракатига таъсир кўрсатувчи сабаб-оқибат механизмлари қизиқарли бўлгани боис, улар “табиий тажрибалар” пайида бўлишади. Яъни қонун чиқарувчи, табиат ёки шунчаки тасодиф инсонлар устидан тажриба ўтказиши ҳолатларини излашади.

забастовка
Лондон метросидаги иш ташлаш сабабли издиҳом, 2014 йил

Мана шундай “тажриба” 2014 йил 5 февралда, Лондон метрополитени ходимлари 48 соатли иш ташлаш эълон қилганларида, бунинг оқибатида қатор бекатлар ёпилганда юзага келди. Миллионлаб йўловчилар ишлаб турган йўналишлар ичидан муқобил маршрутлар қидиришга мажбур бўлдилар. Британия иқтисодчилари ўз тадқиқотларида келтиришича, иш ташлаш тугалланганидан кейин аксарият одамлар эски маршрутга қайтган бўлсалар-да, йўловчиларнинг 5 фоизи иш ташлаш кунларида топган янги йўналишлардан фойдаланишда давом этдилар. Шунда улар кундалик қатнов вақтини 32 дақиқадан 25,3 дақиқага қисқартирдилар. Бекатлар ёпилиши ҳайратланарли натижаларни кўрсатди: ўн минглаб одамлар кундалик қатновда 21% вақтларини тежаб қолдилар.

Одамлар ўзларининг одатий маршрутларини ўзгартиришлари учун иш ташлаш ва бекатларнинг ёпилиши талаб этилгани ҳамма нарсани шундайлигича қолдириш истагимиз нақадар чуқур илдиз отганлигини кўрсатади.

 Нега одатларга таяниб яшаш осонроқ?

Балки, энг катта сабаб одатлар ёки ишлар оқими бизга ментал энергияни тежаш имконини беришидадир? Ҳар куни минглаб қарорлар қабул қиламиз; агар ҳар бир кундалик иш учун энг яхши вариантни танлашга интилганимизда, миямиз нонуштага бормай чарчаб қолган бўларди. Масалан, мамлакатимизнинг кўплаб аҳолиси бозордаги таниш сотувчилардан бир хил маҳсулот харид қиладилар, қўшни растадаги нарх ва сифат билан қизиқиб ҳам кўрмайдилар ва бу ишонч йиллар давомида шаклланиб боради.

Бозордаги ҳар бир сотувчининг маҳсулотини кўриб чиқиш ва нарх, сифатни солиштириш тинкани қуритади, шу сабабли, ўзимизга одатий бўлган маҳсулотларни бир жойдан сотиб олиш орқали энергияни тежашимизни тушунса бўлади. Аммо йиллар ўтиб, дидимиз ёки рақобатчи сотувчилардаги сифат ё нарх ўзгариши мумкин. Шунга қарамай, биз муқобил вариантни синаб кўришга уриниб ҳам кўрмаймиз. Ҳолбуки, муқобил вариант ниҳоятда яхши бўлиб, тажриба қилишга сарфланган ментал энергияни бир неча баробарга қоплаб юбориши ҳам мумкин.

Қолаверса, инсон келажакни бугунги кундан паст баҳолайди ва изчил дисконтлайдиган бўлсак, бунинг ўз сабаби бор. Гап шундаки, биз ҳозирги мавжудликка ҳаддан ортиқ аҳамият берамиз. Ниманидир ўзгартирмоқчи бўлсак, харажатлар шу заҳоти юзага келади, фойда эса, ҳатто салмоқли бўлса-да, келажакда “кутиб туради”. Бу ҳол кундалик ташвишларда синов ўтказиш доим оғриқли кечишини англатади. Спортзалга қатнаш ёки тўғри овқатланишдан келадиган фойда бениҳоя катта бўлса ҳам, умрингизни узайтирса ҳам, у қачондир узоқ келажакда ётибди, чиқимлар – оғриқ, ёғлиққина таомдан воз кечиш, кун тартибини ўзгартириш эса мана шу бугун, ҳозир олдингизда турибди. Албатта, ҳаммамиз узоқ ва соғлом яшашни истаймиз, лекин бугун барчамиз палов ейишни ва диванда ёнбошлашни афзал санаймиз. Мана шу сабабли аксарият одамлар, шу жумладан муаллифлар ҳам, нотўғри овқатланишда ва спортсиз кун кечиришда давом этадилар.

Бундан ташқари, кўпинча биз статус-квони афзал биламиз, чунки тажрибанинг муваффақиятсиз чиқиши эҳтимолини ошириб, кўриладиган фойда аҳамиятини ўта паст баҳолаймиз. Масалан, иш жойини ўзгартиришнинг ижобий томонлари кўплигига қарамай, қанчалаб одамлар бир умр битта компанияда ишлайдилар. Ҳолбуки, ёшлик пайтида, карьеранинг илк поғоналарида, иш жойини тез-тез ўзгартириш орқали даромадлариниошириб олишлари мумкин бўларди.

“Статус–кво” – бу бизнес ва қоғозбозчилик учун қулайлик ҳудуди

Бу кузатувлар фақат алоҳида шахс учунгина тегишли эмас. Инсон ўз одатларига ўралишиб қолган бўлса, корхоналар ва давлат муассасалари йиллар давомида шаклланган ишлаш услубларидан фойдаланадилар. Алоҳида инсондан фарқли ўлароқ, ташкилот учун бу ҳол анча жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Афсуски, давлат амалдорлари, ташкилотлар раҳбарлари ва тадбиркорлар, катта манфаат кўриш эҳтимоли юқори бўлишига қарамай, касбий фаолиятларида тажриба-синовга камдан-кам қўл урадилар. Масалан, одамларни ёллашда раҳбарлар ходим сифатида қайси номзодлар яхши эканлиги борасида ўзларидаги тасаввурга таянадилар. Аслида эса, уларнинг тасаввурлари – бу ҳеч қачон синовдан ўтмаган тахминдан ўзга нарса эмас.

Даниел Канеман ундан – ёш психологдан Исроил қуролли кучларига янги чақирилганлар истиқболини баҳолаш самарадорлигини ўрганишни сўраганликларини ҳикоя қилиб беради. У пайтларда зобитларни суҳбат ўтказган одамларнинг субъектив фикрига таянган ҳолда тайинлашарди. Канеман суҳбатларни мавжуд кўрсаткичларнинг холис ва аниқ ўлчаш мумкин бўлган мзонлар билан алмаштиришни таклиф этди. Аниқландики, суҳбатлар келгуси муваффақиятни асло белгилаб бермас, холис мезонлар эса яхши натижалар берар экан. Эътиборли томони шундаки, қарийб ярим аср ўтса ҳам, ушбу мезонлар зобитлаар таркибини тайинлашда ҳануз қўллаб келинмоқда.

Канеман
Даниел Канеман

Инсонгаки ўз одатларидан воз кечиш мушкул экан, ташкилот даражасида қотиб қолган услубларни ўзгартириш янада машаққатлироқ кечади. Ҳар бири ўз ҳолича статус-квони афзал билувчи индивидлар гуруҳи қабул қиладиган қарорда янгиликлардан асар ҳам кўринмаслиги, балки ҳамма нарса ўз ҳолича қолганлигини кўриш эҳтимоли юқори. Боз устига, ҳар қандай ташкилотда, юқорида келтирилган сабабларга қўшимча равишда, иерархия ва рағбатлар зиддияти (принципал-агент муаммоси) мавжуд. Яъни, агар бир ташкилотда унинг ўз мақсадларига эришишига кўмак берувчи яхши ғояларга эга ходим бор бўлса ҳам, муаммолар ёки яхшилаш услублари ҳақидаги ўз фикрини баён этишга унда рағбат кам бўлади. Чунки раҳбариятни ишонтирган тақдирда ҳам, муваффақият ҳузурини раҳбарият кўради, ишлар чаппасига кетса, калтакни у ейди.

Рағбатларнинг бундай аҳволда бўлиши нохуш оқибатларга олиб келади. Биринчидан, ташаббускор инсонларнинг кўпчилиги бундай шароитларда ишлашни истамайди, ишласалар ҳам, шаклланиб бўлган амалиётни шубҳа остига қўйишни хоҳлашмайди. Иккинчидан, фақат ташкилотнинг олий раҳбариятигина бирор ўзгартиш киритишга қодир, лекин, бошқа бўғинлар ўзгаришни истамасликлари сабабли, раҳбариятдаги ўзгаришларга нисбатан энг самимий интилишлар ҳам муваффақиятсиз якун топади. Вазиятни ўзгартириш учун раҳбарлар ўз ходимларига хато қилиш ва жавобгарликни ўз зиммасига олиш имкониятини бериши лозим. Албатта, бундан олинадиган потенциал фойда харажатни бемалол қоплайди.

Қоғозбозчилик статус-квони “кво” ўзининг “статус”ини йўқотгандан кейин ҳам сақлаб тураверади.
Лоуренсс Ж.Питер

Умуман олганда, амалдорлар ва сиёсатчилар учун тажрибалар – нозик масала. “Бизнинг ишимизда синаб кўриш – инсонлар ҳаёти билан ўйнашишдир”, деганларида улар ўзларича ҳақлар. Бироқ, илм-фан ва амалиёт кўрсатишича, давлат сиёсатида статус-квога кўр-кўрона, танқидий баҳоламай эргашиш янада нохуш оқибатларга олиб келади.

Ўзбекистонда амал қилаётган кўплаб қоидалар ва қонунлар мавжуд прецедентга эътимод қўйиш, тарихий тасодиф, ҳозирги ҳолатнинг афзаллигига ишониш ёки сийқаси чиққан “ўзгаришлардан қўрқиш”нинг аралашмаси бўлиши мумкин. Ўзгаришни истамаслик каби инсонга хос иллат, янгиликларни ҳазм қила олмайдиган ташкилий тузилма билан биргаликда, ўзгаришлар эҳтимолини йўққа чиқаради. Президентнинг сўзларига кўра, конвертация очилишидан олдин аксарият қоғозбозлар бунга қарши бўлишган ва бунинг учун катта муҳлат керак бўлади, деб ҳисоблашган.

Сўзсиз, ҳар биримиз паспортдаги четга чиқиш стикерлари каби, мутлақо кераксиз деб ҳисоблашга лойиқ ўнлаб эскилик қолдиқларини  ёдга олишимиз мумкин.

Бизнесни бошқариш, божхона кодекси ва солиққа тортиш соҳасидаги ҳозирги қонунчиликнинг кўпгина бандлари ҳам айнан юқоридаги сабабларга кўра амал қилиб келмоқда.

—————

Синаб кўриш – бу янги йўлни ўрганиб кўрмай ёки янада тўғрироқ услубни қўллаб кўрмай, ҳамма нарсани билиш иложсиз эканлигини эътироф этишдир. Жорий йилда кўпроқ тажриба қилиб кўришимизга, кўпроқ синаб кўришимизга ва бошқачароқ йўли борми, деган саволни кўпроқ ўртага ташлашимизга ишонаман. Гениал физик Ричард Фейнман айтганидек: “Мен шубҳага олиб бўлмайдиган жавоблардан кўра, жавоби йўқ саволлар билан яшашни маъқул кўраман”.

Қотиб қолган одатлар ва қоидаларга боғланиб қолганликни тушуниш – тузалиш томон қўйилган бирини қадам. Албатта, эски одатларга таяниш ва улар учун баҳона топиш – инсон фитратининг бир қисми, лекин шу кунларда мен, Беҳзод, ҳалиги автоматдаги қаҳвадан ичиб кўраман. Насиб қилса.

Мақола kommersant.uz сайтидан олинди

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Бухорода нефтни қайта ишлаш заводи модернизацияси учун 553 миллион доллар ажратилади

2020 йилда Бухоро Нефтни қайта ишлаш заводи (БНҚИЗ)да 553 миллион АҚШ долларига тенг модернизация лойиҳаси амалга оширилади. Бу ҳақда оммавий ахборот воситалари ходимлари ...

Каримовнинг куёви давлатга миллиардлаб сўм тўламагани шаъма қилинди

Президент Мирзиёевнинг матбуот хизмати Facebookдаги саҳифасида Тошкентдаги "Абу Сахий" бозорида давлатга бир ойда 14 баробар кам тушум тушганини маълум қилди. Айни дамда ...

Энг юқори маош берувчи мамлакатлар топ-10 лиги

https://www.youtube.com/watch?v=44hRuIPSfYM&feature=youtu.be


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400