Боғча пули яна ошди

Кейинги бир йил ичида мактабгача таълим муассасаларига тегишли камчиликлар кўп бора тилга олинди. Республикамиздаги бир неча боғчаларнинг аянчли аҳволи, жумладан, 2017 йилда яширин камера орқали видеога олиниб, ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган Сурхондарё вилоятидаги Денов, Ангор ва Термиз шаҳар боғчаларидаги “фаолиятлар” кескин танқидга учради.

Мазкур муассасаларнинг кундуз куни тарбияланувчи болалар аёвсиз калтакланадиган, тунда эса исловатхона ва фоҳишахона вазифасини бажарадиган масканга айлангани, айниқса, Деновдаги 10-МТМнинг айрим тарбиячилари тунги пайтда боғча ичида ўз мижозларига интим хизмат кўрсатиши барча юртдошларимизнинг нафратини ларзага келтириб, қатор норозиликларга сабаб бўлди.

Эҳтимол, 2017 йилнинг 30 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисидаги фармони имзоланишига ва ушбу ҳужжат асосида Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилишига ҳам МТМларда тўпланиб қолган муаммолар, худди юқоридагидек воқеа-ҳодисалар сабаб бўлгандир.

Бироқ шу нарса аниқки, дастлабки пайтларда янги ташкил топган вазирликни кенг халқ оммаси бир хил даражада қабул қила олмади. Буни ижтимоий тармоқларда янги ташкил этилган вазирлик ва унинг фаолияти тўғрисида билдирилган ҳар хил — ижобий ва салбий фикрлардан ҳам билсак бўлади. Айниқса, 2017 йилнинг декабрида ушбу вазирликка давлат раҳбарининг кенжа қизи Шаҳноза Мирзиёева-Шаханова вазир ўринбосари лавозимига тайинлангандан кейин шу кунгача вазирликка доир қисман тинчланган салбий фикрлар яна авж олди. Кимдир президент Мирзиёев мактабгача таълим вазирлигини кенжа қизи учун ташкил этган, деган фикр билдирди, кимдир янги вазирликни аҳолининг пешана тери билан топган даромадларига тайёр шерикчиликда айблади, яна кимдир эса, мана шундай вазирликнинг ўз вақтида ташкил этилганини қўллаб-қувватлади. Хуллас, бу борада ҳам фикрлар хилма-хиллиги юзага чиқди.

Рости, марҳум президент Ислом Каримов даврида бошқа тизимлар қатори мактабгача таълим тизими ҳам деярли издан чиқди. Давлат томонидан мактабгача таълим муассасаларига ҳамда уларнинг фаолият юритишига етарли даражада маблағ ажратилмади. Боз устига ажратилган маблағларнинг манзилга етиб келмаслиги омиллари кенг қулоч ёзганлиги туфайли мактабгача таълим муассасалари деярли гадо ташкилотга, раҳбару тарбияловчилари тиланчига айланди.

МТМ фаолиятини назорат қиладиган вазирлик ва ҳукумат бу каби маблағ тақчиллигидан чиқиш йўлини излаб норасмий равишда (бирор кор-ҳол содир бўлса, гўёки ўзлари бехабардек) боғчаларда ҳар хил — боғча фонди, ота-оналар фонди, ҳомийлар фондини жорий этиб, амалиётга тадбиқ қилди. Бунинг натижасида давлат миқёсида бошқа соҳалар қатори ушбу соҳада ҳам коррупция ва порахўрлик кенг қулоч ёзди.

МТМдаги камчиликлар ва ҳолатлар 2017 йил 30 сентябрда Президент имзолаган “Мактабгача таълим муассасалари тўғрисида”ги фармонда ҳам яққол ифодаланди. Фармонда қайд этилишича, сўнгги 20 йил давомида Ўзбекистонда давлат мактабгача таълим муассасалари сони 45 фоиздан зиёдроққа камайган, болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш эса бор-йўғи 30 фоизга яқинроқни ташкил этган.

Мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базаси талабларга жавоб бермайди. Амалдаги тизимда болаларни мактабга тайёрлаш бўйича ишончли таълим моделлари, уларни ижтимоий, ҳиссий, нутқий, математик, жисмоний ва ижодий ривожлантиришни кўзда тутувчи ривожланган давлатлар тажрибаларига асосланган дастурлар мавжуд эмас, дейилади фармонда.

Бундан ташқари, фармонда давлат МТМларида аксарият педагогик кадрлар ўрта махсус маълумотга эга бўлиб, бу болаларни мактаб таълимини тайёрлашни етарли даражада таъминламаслигига олиб келганлиги таъкидланган.

Дарҳақиқат, фармонда таъкидланганидек, мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базаси талабга мутлақо жавоб бермайди. Болаларни мактабга тайёрлашнинг ишончли моделлари мавжуд эмас. Тарбияланувчиларнинг ота-оналари боғчалар ичида фаолият юритаётган ҳар хил тўгарак ва курслар учун ўз чўнтакларидан пул тўлашади. Боз устига, тўгарагу курслар, масалан, рақс тўгараги ва инглиз тили курси учун турли боғчаларда турлича тўлов шакллари жорий қилинган бўлиб, тўловлар нақд пул асосида амалга оширилади.

Шунингдек, кўпчилик педагог кадрлар олий маълумотга эга эмас. Асосий вазифалари болалар-тарбияланувчилар билан шуғулланишдан иборат бўлган тарбиячилар ҳамда доялар баҳор ва ёз ойларида эрталабки пайтларда ҳовли супуриш, сидириш, ер чопиш, гулзорларни суғориш, уларни бегона ўтлардан тозалаш, кечқурунлари эса турли атракционларни бўяш, қиш кунларида қор кураш ва бошқа алламбало ишлар билан банд бўлишади.

Гарчи, Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилганидан кўпчилик у қадар қувонмаган бўлса-да, шахсан мен бундан бағоят хурсанд бўлдим. Шу кунгача боғчага керакли у-бу нарсаларни сотиб олиш учун ота-оналар ёрдамига таянган, ота-оналарнинг “ҳомий”лигида оёқда турган, аслида эса моддий базаси хароб аҳволга тушиб қолган мактабгача таълим муассасаларида олам-олам янгиликлар бўлади, дея хушнудликка чулғандим. Бундан ташқари, ҳукуматимиз “бола бошидан…” деган нақлга амал қилиб, болаларга эътибор қаратмоқда, дея руҳиятим кўтарилди.

Афсуски, ҳозирча янги ташкил топган вазирлик мурғак болаларни ва ота-оналарни янгиликлару янги-янги ғоялар билан хушнуд қилганича йўқ. Аксинча, 2017 йил 29 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3454 сонли “Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарорига биноан йил бошиданоқ боғча пулини деярли 20 фоизга ошириб, ота-оналар кайфиятини янада туширди. Шу тариқа янги йилдан эътиборан боғча тўловлари битта оиладан борадиган 1 нафар бола учун 155 000 сўм, 2 ва ундан кўп бола учун эса 110 000 сўм дея белгиланди. Ўзбекистонда 2017 йил 20 ноябрдан энг кам иш ҳақи миқдори 172 240 сўм эканини инобатга олсак, боғча пули учун белгиланган янги сумма жуда катта кўрсаткич экани яққол ойдинлашади. Боз устига, 20 йилдан бери келаётган хилма хил фондлар орқали пул йиғиш одатига ҳам барҳам берилмади, ҳар хил нарсалар сотиб олиш учун ота-оналардан пул йиғиш унсури ҳам тугатилмади.

Мутахассислар инсон ўз умри давомида оладиган барча ахборот ва маълумотнинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврда олади, деган илмий хулосага келган. Шундай экан, янги вазирлик боғчаларимиздаги ҳар хил кўргуликларга барҳам берса, турли-туман ноқонуний йўллар билан ундириладиган тўловларни бартараф этса, боғча пулини бир йилда икки марталаб оширишга чек қўйишга эришса, соҳани малакали кадрлар билан таъминлашни қўлга киритса нур устига нур бўларди. Зеро, болаларнинг соғлом ва билимли етук кадрлар бўлиб вояга етишида боғча тарбияси жуда муҳим ўрин тутади.

Муаллиф: Рўзибой Азимий

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Муаллимлар куни муборак бўлсин!

Hurmatli Öqituvchilar va murabbiylar! Sizlarga 1-okryabr Öqituvchilar va murabbiylar kuni bayrami bilan chin qalbimizdan tabriklaymiz. Sizlarga mustahkam soğlık,  ...

“боболаримиз қурганини таъмирлаб, оталаримиз бунёд этганларини эса бузамиз”

Пойтахтнинг замонавий қиёфаси, Tashkent City, алюкобонд ва шаҳарсозликнинг асосий тамойиллари ҳақида Александр Куранов – 40 йиллик тажрибага эга меъмор, “Шарқ”, “Илҳом” ...

Ўзбекистонда ўртача ойлик маош нега юқори эмас?

Жаҳонда аҳолининг ўртача маоши қанча? Ривожланган давлатлар, жумладан Англияда 3461 доллар, АҚШда эса 4893 доллар бўлса, собиқ Совет давлати таркибида бўлган Литва фуқаролари ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400