Бемаврид ажал қалбимизни тиғлади

Яна бир фожеа рўй берди. Яна бир ҳалокат ўзбекистонликларнинг руҳиятини сўндирди, кайфиятини талатум, кўнглини хонавайрон қилди. Яна бир даҳшатли хабар узоқ-узоқларда рўзғор тебратиш, оилани боқиш илинжида юрган элдошларимиз, юртдошларимизнинг яқинлари — ота-онаси, ёри, дўст-биродорлари, фарзандларию дилбандларидан ташқари буткул ўзбек халқини хавотирга буркади, ҳадикка гирифтор айлади.

Во-дориғ, бу не кўргулик, қўшни Қозоғистоннинг Оқтўбе вилоятида содир бўлган автобус ёнғинида биратўла 52 нафар ватандошларимиз нобуд бўлди. Билаги кучга, бели қувватга тўла ўғлонларимиз шаҳид кетди… Айни дамда ғамнок 52 оилага қўшилиб Ватанини, халқини, миллатини яхши кўрадиган аҳли Ўзбекия мусибат чекаётир. 52 нафар марҳумнинг орқасидан юз-юзлаб сағирлар, етимлар юм-юм йиғлаётир, бемаврид келган ажал барча-барчамизнинг қалбимизни тиғлаётир.

Аммо, аммо, аммо ана шундай оғир ва фожеага тўла кунларда ўзбек ҳукмрон доира вакилларининг товонига тош ботмаётир, аллақачон музга айланган юраклари эримаётир, пинаклари бузилмаётир, шаҳид кетган шунқорлари-чун заррача қайғурмаётир. Бу не кўргулик? Бу не боқибеғамлик? Бу не масъулиятсизлик? Нечун ўзбек ҳукумати фожеа қурбони бўлганлар учун мотом тутмаётир? Нега бу кунни мотам куни, дея эълон қилмаётир? Нега оинаижаҳону радиоканалларимиз аҳли ўзбекка бир оғиз таъзия билдириш, кўнглилларини кўтариш, синиқ қалбларига далда бериш ўрнига куй-наволарни, кўнгилочар кўрсатувларни аюҳаннос қилаётир? Ахир, биз бир кунда 52 нафар фуқаромиздан жудо бўлиб турибмизку! Наҳотки, элимизда халқ ва давлат учун қайғурадиган зот қолмаган? Бу не шармандагарчилик?

Эй, Яратган Эгам, ўт балосига гирифтор бўлган марҳумларни ўз раҳматингга муносиб кўр!  Юртдошларимизни нон ва пул дардида ноиложликдан Ўзбекистонимизни ташлаб, ўзга элларга, боши оғған томонларга кетишга мажбур қилаётган йўлбошчиларимизга комил инсоф бер, диёнат бер, уларнинг басир кўзларини, сўқир қалбларини очишда имдод бер!

“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Ўтганларни Яратганнинг ўзи раҳматига муносиб кўришини илтижо қилади. Шаҳид кетганларнинг жойлари жаннат, охиратлари обод бўлсин! Уларнинг яқинларига сабр тилаймиз.

“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати матбуот хизмати

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

«бирдамлик» халқ демократик партияси 15 ёшда!

Ўзбек халқида «Бўладиган бола 15 ёшда бошман дейди, бўлмайдиган бола эллик ёшда ёшман дейди», деган пурмаъно мақол бор. Бугун ўзининг 15 ёшини нишонлаётган «Бирдамлик» Халқ ...

Баҳодир хон туркистон америка овози радиоси биноси ёнида 14 кундан буён ўзининг очлик акциясини ўтказмоқда

Бирдамлик раҳбари ўзининг фейсбук саҳифасида ёзишича, Кеча тунда Вашингтонда ҳаво ҳарорати совиб кетган ва танаси қақшаб оғриб чиққан. Ҳолсизлангандан кейин бошида оғриқ ...

Ўзбекистон “бирдамлик” халқ демократик партиясининг низоми

Лойиҳа ЎЗБЕКИСТОН “БИРДАМЛИК” ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИНИНГ НИЗОМИ ХАЛҚ ҲОКИМИЯТИ, ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ЗАМИНИДАГИ, ОЗОД ВА ФАРОВОН ЎЗБЕКИСТОН УЧУН! ЎЗБЕКИСТОН “БИРДАМЛИК” ХАЛҚ ...