Акс-садо: “Уларнинг тириклайин ёнишига амалдорларни айбдор деб биламан”

“Азага борган хотин ўз дардини айтиб йиғлайди” дейишади. Бугун мен ҳам Қоғоғистонда вафот этган йигитларнинг азасида ўз дардимни айтиб олай. Балки нотўғри ўйлаётгандирман.

Мақола Шарифа Мадрахимованинг “Фейсбук” саҳифасидан олинди

Хуллас, уларнинг ўлимига, тириклайин ёниб кетишига мен ўрта бўғин амалдорларини, ҳоким ва ҳокимчаларни, банк бошқарувчиларини борингни тумандаги бирор бир курсини эгаллаб ўтирган барчани айбдор деб биламан.

Ўзимдан мисол. 2009 йили Тошкентдан Фарғона вилоятига оилавий шароитимиз туфайли кўчиб келдик. Фарзандларим туғилди. Баъзи сабабларга кўра энди бошқа фарзанд кўра олмайман. Олти йил университет тупроғини ялаганман. Мақтаниш эмасу озми кўпми ақлим бор. Бирор иш юклатилса сидқидилдан бажаришга ҳаракатт қиламан.

Иккинчи фарзандим икки ёшга тўлгач, иш сўраб туман ҳокимига мурожаат қилдим. У киши таржимаи ҳолим билан танишиб, республика нашрида ишлаганимни билиб мени хотин қизлар масалалари бўйича туман ҳокими ўринбосарига мутахассис қилиб ишга олмоқчи бўлди. Аммо ўша пайтдаги хотинқўм Иззатой Ёқубова негадир мени ишга олишга тиш-тирноғи билан қарши бўлиб олди. Ҳоким бува ҳам сиз билан Иззатой ишлайди, ўша нима деса шу деб туриб олди. Лекин шу рад жавобини бериш учун ҳам мени роса икки ой сарсон саргардон қилишди. Эрта келинг, индин келинг, деб. Ўша пайтда икки ойлик оворагарчиликлар асабимни роса ўйнатгани учун ҳокимга “бу туманнинг ҳокими сизми ёки Иззатойми. Сиз ишга оламан дедингиз. Нега энди лабзингиздан қайтяпсиз” деб аччиқроқ гапирдим. Кейин тумандаги 29-ўрта мактабга ишга кирдим. Тўғриси дарс бериш, конспект ёзиш менга қийин эмасди, аммо мактабдаги аҳвол, кўзбўямачиликлар, ўқувчиларнинг саводи, аҳлоқ-одоби  жонимни бўғзимга келтирди. Кейин мактаб директорининг порахўр ва ёлғончилигига чидай олмадим. Ишдан ўз ихтиёрим билан бўшадим. Яна орага одам қўйиб ҳокимга иш масаласида мурожаат қилдим. Ҳоким 2016 йилнинг март ойида сизга “Янги Фарғона” газетасидан иш қилиб бераман, деди. Март ойи тугаб апрель ойи келди. Ҳокимнинг ёнига қайнотамни киргаздим. 70 ёшли отахонга ҳам ҳоким яқин кунларда келинингизга иш қилиб бераман, дея ваъда берди. Аммо май, июнь ойида ҳам ишдан дарака бўлмади. Ўша пайтда мен ҳам Россияга бориб посудамойкада ишласам ҳам ҳозиргача анча бунча маблағ йиғиб қўярдим, деб ўйлай бошладим. Аммо қайнота-қайнонам кекса бўлганлиги учун уларни ташлаб кета олмадик. Худога шукр, қўлимда ёзиш ҳунари бор экан газеталарга мақолалар ёзиб турмуш ўртоғимга оғирлигимни туширмай беш-олти сўм топиб турдим. 2016 йилнинг июль ойида “Янги Фарғона” газетасига Бувайда туманида яшовчи йигитни бош муҳаррир этиб тайинланганлигини эшитиб қолдим. Ҳокимнинг қабулига кирмоқчи бўлдим. Аммо бир неча марта қилган уринишларимга қарамай мени қабул қилмади. Худога шукр, Аллоҳ тирик қўйганни қуруқ қўймас экан, Бувайда туманининг “Бувайда кўзгуси” газетасининг бош муҳаррири Азизахон Солиева мени мухбир қилиб ишга олди. Айни кунларда ўша ерда ишлаяпман. Ўтган 2017 йилнинг 27 март куни Президентимизнинг “Ўзбекипаксаноат” уюшмасини ишини ривожлантириш ҳақидаги қарори чиқди. Шу қарор асосида ер олиб, тутзор ташкил қилишни режалаштиркдик. Турмуш ўртоғим бир неча марта ҳокимнинг қабулига кириб чиқди. Шу масалада. Аммо мана шу кунгача аризамиз ижобий ҳал бўлгани йўқ. 2017 йилнинг 14 декабрь куни туманимизга Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов қабулга келди. У киши ўзи эмас ўринбосари ижтимоий масалалар бўйича қабул қилди. Мен ҳам аризамни кўтариб кирдим. Вазир ўринбосари бу масала билан шуғулланиб, ижобий ҳал қилиш мумкинлигини айтди. Аризам асосида менга туман кадастирида ишлайдиган киши телефон қилиб ҳар-хил гапларни гапира бошлади. У киши билан учрашганимда у киши узил-кесил менга ер берилмаслигини айтди. Ўша ерда мен ҳам “Сизлар каби ўрта бўғин раҳбарчалари, эскича фикрлайдиган кишилар халқнинг фаровонлигига тўсқинлик қиляпсизлар. Сизлар туфайли ишсизлик, умидсизлик, чорасизлик кўпайиб ётибди. Сизлар туфайли йигитлар, эркаклар Россияга кетиб қоляпти. Ўзларингни чўнтакларингдан бошқасини ўйламайсизлар” деб роса гапирдим. Аммо уларга бу гапларим чивин чаққанчалик таъсир қилмади. Безрайиб ўтираверишди.

Бу туманда яшаб мен кўрган адолатсизликлар, фаолиятсизликнинг бир кўриниши. Солиққа кирсангиз ҳам, почтага кирсангиз ҳам, РайОНОга кирсангиз ҳам, поликлиникага кирсангиз ҳам, “Сувоқава” ва Электро цетда ҳам шу аҳвол. Қайси бирини айтишни ҳам билмайман. Менку уриш-жанжал, тўпалон қилиб, журналист эканлигим билан сал чўчитиб ишимни бир амаллаб битираман. Аммо менга ўхшаганлар кўп эмаслиги  баъзан юракларимни эзиб юборади.

Мен тириклайин ёниб кетган йигитлар ҳақида бугун ҳам кўзимда ёш билан атрофимдагиларга гапириб беряпман. Кўпчилик бу фожеа даҳшатини тўла идрок қила олгани йўқ. Ўша 52 нафар йигитларнинг хуни улар яшаган ҳудуддаги ҳамма раҳбарнинг бўйнида. Улар иш сўраб борганида мактаб директори иш бермагандир, банкдан қарз сўраганида банк бошқарувчиси кредит ажратмагандир, ҳокими ер бермагандир, Электроцетдаги валломат керагидан ортиқ светни ўчириб қўйгандир. Ҳокимиятга арзон кўмир сўраб борганида уларга тегиши керак бўлган кўмир қайсидир “жаноб”нинг чўнтагига жарақ-жарақ бўлиб пул шаклида тушгандир. Мажбурий ижро бюросидан борган “шеф” “ака бугунча тегмай туринг” деганига қарамай уйидан не-не умидда боқаётган мол-қўйини, бир амаллаб олган, болаларинг қувончи бўлган телевизорини олиб чиқиб кетгандир? Ҳаммасининг дарди ичида кетди, армони ўзи билан кетди, уларнинг.

Энди уларнинг оилаларига банк паст фоизли кредит берар, қайсидир бирини порасиз, бетаъма ишга жойлаб қўяр, оиласида қолганларга қандайдир ёрдам берар. Лекин улар тирилиб келармикан? Мен бугун ёки эртага Тўрақўрғонга, ўша йигитларнинг маҳалласига бориб улар ҳаққига дуо-фотиҳа қилиб, ота-онасига таскин-тасалли бериб келишни жуда-жуда хоҳлайман.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Самарқандда кон остида қолган 30 олтин изловчи қутқарилди, фвв шахтани ёпиб ташлади

Самарқанд вилоят, Пахтачи туманидаги Навоий кон-металлургия комбинати тасарруфидаги Қорақўтан конида ғайриқонуний 30 нафар олтин изловчи қутқарилди, ФВВ шахтани ёпиб ташлади. ...

Тошкентда милиция ходимлари кўча супураяпти

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман Ички ишлар бўлими ходимлари мажбурий равишда ободонлаштириш ишларига чиқарилаётганидан шикоят қилди. Милиционерларга кўра, бир ойдан буён ...

Гонконгдаги намойишларда тўқнашувлар бўлди, 31 кишини жароҳат олди

31-август куни Гонконгдаги норозилик намойишларида тўқнашувлар пайтида 31 киши жароҳат олди. Бу ҳақда бугун, 1 сентябрда РТҲК телерадиокомпанияси хабарига таяниб ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400