“Uzbekistan. Safe travel guaranteed” бренди ишлаб чиқилди. Хорижий туризм қайта йўлга қўйилади

image

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев туризм ва давлат активларини хусусийлаштириш соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишгани ҳақида хабар берилган эди. Тақдимот давомида Президент мамлакатнинг ички ва ташқи туризмини пандемия вақтида қайта тиклаш режалари билан танишди.

Хусусан, “Uzbekistan. Safe travel guaranteed” (“Ўзбекистон. Хавфсиз саёҳат кафолатланган”) бренди остида туристлар учун санитария-эпидемиологик хавфсизлик тизими ишлаб чиқилди.

Давлат раҳбарига ушбу лойиҳа тақдимот қилинди. Шунингдек, мамлакатимизда ички туризмни тиклаш ва ривожлантириш борасидаги режалар билан танишилди.

Президент биринчи босқичда “яшил” ҳудудлар ўртасида ички туризмга рухсат бериш зарурлигини таъкидлади. Тоғли жойлар ва кўл бўйларида енгил конструкцияли дам олиш масканларини ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди. Ҳокимлар билан биргаликда кўчма дам олиш масканлари дислокацияси тасдиқланиб, электрон порталга жойлаштирилади.

Иккинчи босқичда коронавирус касаллиги жиловланган давлатлар рўйхатини шакллантириб, улар билан туризм алоқаларини босқичма-босқич тиклаш кераклиги таъкидланди.

“Туризм фаолиятини қайта тиклаш учун, энг аввало, меҳмонхоналар қандай ишлайди, туристлар аэропортда қандай қабул қилинади, уларнинг мамлакат ичида ҳаракатланиши қандай ташкил этилади, деган саволларга аниқ жавоб бўлиши керак. Белгиланадиган меъёрлар содда, лекин касалликнинг олдини олиш учун етарли бўлиши лозим. Мисол учун, битта ҳолат аниқланса, бутун меҳмонхонани карантинга олишга зарурат бўлмайдиган тизим ишлаб чиқиш зарур“, дейди Шавкат Мирзиёев.

                    Нуруллоҳ Шарипов
qalampir.uz
Бўлишинг: