Етти йиллик танаффусдан сўнг HRW делегацияси Ўзбекистонга келди

Етти йиллик танаффусдан сўнг HRW делегацияси Ўзбекистонга келди

2 сентябрь куни Тошкентга халқаро «Хьюман Райтс Вотч» (Human Rights Watch) инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг расмий делегацияси келди. Тошкентдаги HRW ваколатхонаси 2010 йилда беркитилган эди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Жаҳон” ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра,HRWнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Х. Уильямсон ва HRWнинг Марказий Осиё идораси директори С.Свердловнинг ташрифидан кўзланган мақсад Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммоларни муҳокама қилишдан иборат.

«HRW вакиларини ташвишлантираётан иккинчи масала Ўзбекистонда инсон хуқуқларини таъминлашда ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотларнинг роли ва HRWнинг Ўзбекистон раҳбарияти билан ҳамкорлик масаласидир”, дейилади хабарда.

Хабарларга кўра, делегация ташрифи чоғида Ўзбекистондаги қатор вазирликлар, ҳуқуқ идоралари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаро жамиятлари вакиллари билан учрашувлар ўтказиш режалаштирилган. Daryo.uz ахборот сайти хабарига қараганда, «Хьюман Райтс Вотч» вакиллари Ўзбекистоннинг бошқа минтақаларига ҳам сафар қиладилар.

Халқаро Human Rights Watch ҳуқуқ ҳимояси ташкилотининг идораси Тошкентда 1996 йилда очилган эди. Халқаро ташкилот Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни кузатиб борган. Бироқ 2005 йилда Андижон ҳодисаларидан сўнг расмий Тошкент ҳалқаро ташкилотнинг мамлакатдаги фаолиятига тўсқинлик қила бошлади. 2010 йилнинг декабрида Ўзбекистон Адлия вазирлиги HRWнинг Тошкентдаги идорасини ёпиш бўйича Олий Судга мурожаат қилди.

Бўлишинг: