Ф

Фан — дунё ҳақидаги объектив билимлар тизими; уни маълум мақсадлар йўлида ўзгартиришга, хизмат қиладиган табиат ва жамият ҳаётини акс эттирувчи ижтимоий онг шакли. Жамиятнинг ижтимоий ин-тларидан бири бўлган Ф. қадриятлар тизимида ўзига хос  ўринга эга. У катта илмий салоҳиятни, ижодий куч-қувватни бирлаштиради, миллат дунёқарашини шакллантиради, таълим-тарбия, ахлоқ меъёрларини вужудга келтиради, маънавий баркамол инсонни тарбиялайди, мамлакатда қудратли илмий потенциални яратишга хизмат қилади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон зиёлилари, Ф.ва техникани, тарихий меросимизни чуқур ўрганиб, долзарб мавзуларда тадқиқотлар олиб бормоқдалар. Мас., табиий ва ижтимоий жараёнларни математик моделлаш, информатика ва ҳисоблаш техникаси ва эҳтимоллар назяси, геологик жараёнларнинг қонуниятларини ўрганиш, молекуляргенетик, генҳужайра соҳасидаги, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, энергиянинг ноанъанавий турларини яратиш, қуёш энергиясини комплекс ва самарали суратда бошқа турдаги энергияга айлантириш ва б. Ўзбекистонда мустақиллик йилларида Ф. соҳасидаги ислоҳотларга катта аҳамият берилмоқда. 2002 йилда Республика Фан ва техника давлат комитетини Ўзбекистон фан ва технологиялар марказига айлантирилиши 2006 йилда эса бу соҳада яна бир тизимли ўзгаришнинг амалга оширилиши  фикримизнинг ёрқин далилидир.

ФАНАТИЗМ (лот. fanaticus) – муайян ғоя, эътиқодга кўр-кўрона ва кучли ишонишни англатувчи т. Бу ибора турли даврларда жоҳиллик, ашаддий хурофотчилик, мутаассиблик, жазавакорлик, дарғазаблик, телба-тескари иш тутиш маъносида қўлланган. Умуман Ф. қуйидаги шаклларини кўрсатиб ўтиш мумкин: 1) истеъмолчилик Ф.и, яъни муайян моддий-маънавий неъматларни ўзлаштиришга кучли мойиллик; 2) диний Ф. — диний фундаментализм ва экстемизмнинг радикал шакли; 3) сиёсий-ғоявий Ф.; 4) этник, миллий ва ирқий Ф. Ф. асосан диний-фалсафий, миллий ва сиёсий жабҳаларда кўпроқ учрайди. Ф. бу – идеал деб олинган предметга нисбатан завқ-шавқ, кучли иштиёқ б-н талпиниш ҳамда унга нисбатан танқидий муносабатнинг мутлақо йўқлиги билан характерланади. У. Черчил ибораси билан айтганда, «фанатик шундай инсонки, у предметни ҳам, ўз фикрини ҳам ўзгартирмайди». Ф.га берилган  инсон турли моҳиятга эга бўлган қарама-қарши икки йўлдан бирини танлаб ўтирмайди, у фақатгина ўзининг маълум бир эътиқодини ҳимоя килади, холос. Унга мос келмайдиган барча қараш ва ғоялар Ф. назарида Яратганга нисбатан шаккоклик, маънавиятга, инсон қадр-қимматига ва адолат тамойилига зид дея талқин этилади.  Ўз эътиқодига кўр-кўрона ишонадиган фанатик  шахс, қарашларининг тўғри-нотўғрилиги, асосланган-асосланмагани ҳақида ўйлаб ўтирмайди, унинг учун қурбон бўлишга шай туради, ўзгалар фикрини эътиборга олмайди. Бундан ташкари, ғояси йўлида тўғаноқ бўладиган ахлоқий меъёрларни инкор этади, уларни бидъат дея эълон қилади. Ўз ғоясига эришиш йўлида ҳеч қандай тўсиқлардан қўрқмайди. Ф. тушунчасининг ўзидаёқ унинг торлиги, чеклангани, мутаассиблик яққол намоён бўлади. Амалиётда ўзини фанатик-мутаассиб  деб атаган кишиларни учратиш қийин, аммо уларнинг аксарияти эътиқодига зид қарашларини илгари сураётганлар кишиларга шундай тамға қўяди. Мас., насронийлар назарида, ўз динига эътиқодли бўлган мажусийлар ўтакетган мутааассиб ҳисобланган. Шу билан бирга, насронийларнинг ўзи ҳам Рим ҳукмдорлари томонидан мутааассибликда айбланган. Ёки муқаддас инквизиция мутаассибликда барча ташкилотларни ортда қолдириб кетган бўлса-да, насроний ақидаларга зид ғояларни илгари сурганларга бидъатчи деган тамға қўйиб, шафқатсиз жазога маҳкум этган. Ф. диний соҳадан ташқари, сиёсий жабҳада ҳам кенг тарқалган. Мас., француз инқилоби даврида, сиёсий партиядан кўра кўпроқ  ўзига хос сиёсий мазҳабга ўхшаб кетадиган якобинчилар  сиёсий мутаассибликка ёрқин мисол бўла олади. Ф.нинг хатарли жиҳати шундаки, унга йўлиққан одамлар ёки уларнинг гуруҳлари жамиятда беқарорлик тўлқинини келтириб чиқаришга қодир бўлади. Оммавийлик унсури эса муайян бир хатти-ҳаракатлар учун шахсий жавобгарлик ҳиссини йўқотиб юборади, ҳаракатга оммавий тус беради.  Ўзининг шак-шубҳасиз ҳақлигига, ҳақиқатни фақат ўзи билишига ишонч ҳисси сўнгги чораларга — зўравонлик ҳаракатларига  мойиллиги билан ажралиб турадиган диний экстремизмнинг пайдо бўлишига олиб келади. Бугунги кунда дунёнинг кўпгина минтақаларида ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга уринаётган, қанчадан-қанча бегуноҳ кишиларнинг ҳаётига зомин бўлаётган ўтакетган мутаассибларнинг экстремистик  хатти-ҳаракати тобора хатарли тус олаётгани барча давлатларнинг бу иллатга қарши биргаликда кураш олиш бориши, кишиларнинг маданий даражасини юксалтириш, шахсга нисбатан ҳурмат туйғусини шакллантириш борасида саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни тақозо этмоқда.  

ФАОЛЛИК (араб. тез, шиддатли ҳаракат) — шахснинг ҳаётда маълум бир мақсад йўлидаги илғор ва интилувчан хатти-ҳаракатларни намоён этишини англатувчи т. Жам-тнинг тар-ёт б-н доимий мун-тини ушлаб турувчи, инсоннинг ўз-ўзини англаб, ҳар бир ҳаракатини маън-й фаолиятига мувофиқлаштирувчи шахсга хос бўлган энг муҳим ва умумий хус-ят — бу унинг фаоллигидир. Жам-тдаги ўзгаришларга айнан фан инсонларнинг таъсири катта бўлади. Шунинг учун ҳам шахс, унинг онги ва ўз-ўзини англаши муаммолари — унинг фаоллиги, у ёки бу фаолият турларида иштироки ва уни уддалаши каби бир-бири б-н алоқадор сифатлари орқали баён этилади. Фанда инсон фаоллигининг асосан икки тури фарқланади: а) ташқи Ф. — бу, яъни бевосита кўриш, қайд қилиш мумкин бўлган ҳаракатлар, мушакларнинг ҳаракатлари орқали намоён бўладиган Ф.; б) ички Ф. — бу бир томондан у ёки бу фаолиятни бажариш мобайнидаги физиологик жараёнлар (моддалар алмашинуви, қон айланиш, нафас олиш, босим ўзгаришлари) ҳамда, иккинчи томондан, бевосита руҳий жараёнлар, яъни аслида кўринмайдиган, лекин фаолият кечиришига таъсир кўрсатувчи маън-й омилларни ўз ичига олади. Мисол учун, узоқ айрилиқдан сўнг она ўз фарзанди б-н учрашди. Уларда қандайдир ўзига хос фаол маън-й ички жараён кузатилади. Ташқи жиҳатдан эса, Ф.ни биз онанинг боласига интилиши, уни қучоқлаши, юзларини силаши, кўзларидан оққан севинч ёшларида кўрамиз. Ташқи Ф. хатти-ҳаракатларда кўринаётган бўлса, ички Ф. кўз б-н илғаб бўлмайдиган эмоционал ҳолатларда намоён бўлади. Бир қарашда ҳар бир шахсга ва унинг эҳтиёжларига боғлиқ бўлиб туюлган бундай Ф. турлари аслида ижт-й характерга эга бўлиб, шахснинг жам-т б-н бўладиган мураккаб ҳамда ўзаро моддий ва маън-й мун-тларининг оқибати ҳисобланади. Олимларнинг фикрича, шахс фаоллигининг манбаи унинг турли-туман эҳтиёжларидир. Эҳтиёж — бу индивиднинг рив-ши ҳамда жисмоний ва маън-й жиҳатдан ўзини фаол даражада намоён қилишининг табиий ва ижт-й шароитларга боғлиқ бўлган омилидир.

          

         ФАРЗАНД — ота-онанинг ўзларидан кейин қолдирадиган зурриёди. Ф. оиланинг қувончи, ҳаётнинг, аждодлар моддий-маън-й ҳаётининг давомийлигини таъминловчи воситадир. Маън-й жиҳатдан кимнинг боласи бўлишидан қатъи назар, ёш жиҳатдан улуғ инсонлар — аждодлар, ёш жиҳатдан кичик инсонлар — авлодларга нисбатан қўллайдиган т. Ф. т.си ш-дек, инсон томонидан амалга оширилган ишларнинг улуғлигини ифодалаш ва унда инсон меҳнатининг ўрнини кўрсатиш маъносида ҳам қўлланилади ва бу меҳнатнинг халқ, миллат, тамаддун, коинот, ер сайёрасига тегишлилигини ҳам ифодалайди. Мас., “Ер Ф.и”, “халқ (миллат) Ф.и”, “Коинот Ф.и” ва ҳ. Жумладан, миллатимиз, халқимиз ичидан етишиб чиққан жуда кўп инсонлар дунё халқлари томонидан ана шундай атама б-н тилга олинади. Айни вақтда атама ўзидан кичикка нисбатан иззат, умуминсоний маънода эса чуқур ҳурмат маъноларини ташувчи т.дир.

ФАРИШТА — нурдан яратилган, нафс ва хоҳишга эга бўлмаган, Аллоҳ амрини бажарувчи, кўзга кўринмайдиган махлуқот. Атама баъзан инсонга нисбатан қўлланилиб, одамнинг турли гуноҳлар, ёвуз ниятлар, ахлоқсизлик, бузғунчилик ва б. иллатлардан поклигини, маън-й юксаклиги, безарар ва аксинча, ҳаммага фойдалилиги, донишмандлиги, ҳаётда юз берадиган воқеа-ҳодисаларнинг мазмун-моҳиятини кўрган-кечирган тажрибалари воситасида тушунтириб бера олиши, эътиқодлилигини ифодалайди. Шунга кўра, баъзан яхши бир инсон ҳақида гап кетганда “Ф. одам”, “Ф.сифат одам” каби сифатлашлардан фойдаланилади. Аксинча, салбий хус-яти сезилиб турадиган шахс, жойга нисбатан “Ф.сиз” иборасидан фойдаланилади: “Ф.сиз одам”, “Ф.сиз уй” ва ҳ.

ФАТАЛИЗМ (лот. fatalis — тақдирига оид, машъум) — ҳар бир ҳодиса ҳамда инсоннинг барча хатти-ҳаракатларини тақдирга боғлиқ, деб қаровчи дунёқараш. Фал. тарихида Ф. ни ирода эркинлиги қандай ҳал қилинганига қараб икки асосий турга ажратиш мумкин: мифологик Ф. — иродани ақлдан ташқарида, “қоронғи тақдир” деб қарайди; теологик Ф. — тақдир худо қудратига боғлиқ, инсон туғилишидан олдин унинг ким бўлиши, унинг ҳаётида нималар бўлиши пешонасига ёзиб қўйилган, деб ҳисоблайди. Бу наз-я калом фал.сининг энг муҳим ақидаларидан ҳисобланади, у кальвинизм ва янсенизмда ҳам ўзининг изчил ифодасини топган; рационалистик Ф. (механистик детерминизм б-н қўшилувчи) — тасодифни ва инсон иродасини азалий тақдирнинг зарур шарти, деб талқин этади. Унинг намояндалари (пифагорчилар, Демокрит, Ницше ва б.) доиравий айланишнинг муайян босқичида воқеа-ҳодисаларнинг муқаррар равишда такрорланишини таъкидлайди.

ФАШИЗМ (итал.  fascismofascio — боғлам, алоқа, боғлиқлик) —  мустабидлик руҳидаги сиёсий ҳаракатлар, партия ва режимларни билдиради. Бу оқим I жаҳон урушидан кейин Европа мам-тларидаги тажовузкор таълимотлар асосида пайдо бўлди. Ф. пайдо бўлишининг асосий сабаби — жам-тдаги барча ижт-й қатламларни қамраб олган узоқ муддатли глобал инқироз б-н боғлиқ эди. Ф. мафкураси ва амалиёти ана шу инқироздан тез ва нисбатан самарали чиқишга уриниш сифатида намоён бўлади. Ф. миллий сафарбарлик ва бирдамликка асосланган мафкура бўлиб, I жаҳон урушида мағлубиятга учраган давлатларни бирлаштиришни назарда тутган эди. Бу — жам-т тузилиши ва тизимини янгича ташкил этишга қаратилган мистик этатизм ва давлат патернализми, миллатчилик ва ирқчилик шаклларининг йиғиндисидир. У жам-тни мажбурий тарзда «бизникилар» ва «бегоналар»га ажратиб ирқчилик, милитаризм ғоялари асосида «бегоналар»ни йўқ қилишни тарғиб этади. Ф. — оммавий сиёсий ҳаракат бўлиб, улкан тарғибот-ташвиқот аппарати асосида омманинг хулқ-атвори ва дунёқарашини бошқарадиган ғоявий мафкуравий технологик мажмуадир. Ф.нинг бошқа реакцион диктатуралардан фарқи шундаки, уни жам-т ижт-й гуруҳларининг каттагина қисми томонидан қўллаб-қувватланади, фашистик ҳаракат ва тузумларнинг ижт-й асоси турли мам-тларда нисбатан турлича бўлиб, улар, биринчи навбатда, инқи­роздан зарар кўрган ўрта ва қуйи қатлам вакиллари ҳисобланади. Баъзи мутахассислар ўрта синфнинг индустрлаштириш давридаги хусусий манфаатларининг чеклаб қўйилиши сабабли пайдо бўлди деса, бошқаларининг социал базасини ўрта синфнинг экстремистик қисми ташкил этади,  деган фикрни илгари суради. Ф. ўзига хос тоталитар ёки авторитар сиёсий мад-тнинг шундай турини яратадики, у инсонларнинг оила, кундалик турмуш, ишлаб чиқариш ва б. соҳалардаги мун-тларига, яъни ижт-й ҳаётнинг барча жабҳаларига бевосита таъсир ўтказади. Ф. сиёсий ҳаракат ва тузум сифатида турли кўринишларда — монархистик Ф. (Испанияда Франко бошчилигида), ҳарбий-фашистик (Чилида Пиночет бошчилигида) тузумлар шаклида намоён бўлиши мумкин.

ФАҲМ-ФАРОСАТ — оддий турмуш ҳодисаларида ҳам, мураккаб ҳаётий муносабатларда ҳам муайян ҳолатни, вазиятни идрок ёрдамида тез англай билиш. Ф.ф. сўзлари халқ орасида одатда қўшма сўзлар шаклида қўлланади. Лекин аслида илмда Фаҳм Фаросатдан фарқланади. Фаҳм – ақл, идрок б-н боғлиқ ҳодиса. Уни Ибн Сино инсоний ақлнинг интуитив кўриниши, мураккаб нарса-ҳодисаларни зудлик б-н илғаб олиш учун ато этилган қобилият деб таърифлайди. Фаросат эса инсонга кўпроқ оддий кундалик турмушдаги воқеликни идрок этишда кўмаклашадиган қобилият бўлиб, у одоб б-н боғлиқ ахлоқий ҳодиса. Мас., осмонни қора булут тўла қоплаб олганини кўриб, йўлга ёмғирпўшсиз ва соябонсиз чиққан одамни бефаҳм ёки фаҳмсиз, чанг, лой пойафзалини ечмай, гиламни босиб, ичкарига кирган одамни фаросатсиз ёки бефаросат деймиз. Кўп ҳолларда фаҳмсиз одам айни пайтда фаросатсиз ҳам бўлади. Бу икки маънавият тушунчасини кўпинча ёнма-ён қўлланиши ҳам мумкин. Ф.ф. – ботиний сезги, ҳис, қалб кўзи б-н кўриш. Тасаввуфда басират кўзи б-н айбни кўриш, пинҳоний кашф айлаш, бошқача айтганда, руҳнинг илоҳий қувват б-н англаб тафаккур этиши туфайли ғайбий маъноларни билишдирки, бунга фаросати ақлия, кашфия ва илоҳия дейилган. Бу фаросатда хато ёки янглишлик бўлмас. Фаросат соҳибларининг мартабалари тўрт асосий рукнга ажратилади: 1. Имон – авом савиясидаги мўминларнинг ҳоли. Бу мартаба дарахтларнинг баргига ўхшаш. 2. Валоят – хос мўминларнинг ҳоли. Бу эҳсон мартабаси ҳам дейилади, дарахтларнинг меваси кабидир. 3. Нубувват – ахвас ул-хос. Бу меванинг айнан ўзи. 4. Рисолат – хулосаи ахвас, яъни ўзининг ўзидир. Фаросатнинг биринчи ва иккинчи мартабаси касбий бўлиб, жаҳд ва ғайрат б-н қўлга киритилади. Кейинги иккитаси ваҳбий, яъни Аллоҳнинг лутфидир. Шунингдек, Ф. ва Ф.сизлик инсонлар ақлий қобилиятларини ўзаро солиштириш учун ҳам қўлланилади. Ҳар бир масалада тўғри мухокама юритиш орқали хулоса чиқариш ва мустақил шаклланган мантиқий фикрлаш жараёнига эга бўлиш фаросатдир. Воқеа-ҳодисаларнинг илдизлари ва сабабларини англаш, умумлаштириш ва тўғри хулосаларга кела олиш қобилияти эса ақлдир. Ф.сизлик эса юқоридаги қобилиятларга эга бўлмаслик, моҳиятни англамаслик ва кузатувчида салбий хулоса уйғотувчи кўплаб ҳолатлар мажмуасидир. Мантиқий фикрлаш қобилияти суст ёки паст бўлган суҳбатдошни кўпинча фаросатсизликда айблашади.  Интеллектуал машғулотлар (турли интеллектуал ўйинлар, савол-жавоблар) орқали ақлий қобилиятни ривожлантириш, Ф.сизликни бартараф этиш мумкин. Ф.сиз инсон билан ўтган дақиқалар зерикарли туюлади. Ф.сизлик остида ирсий омил ётса, уни даволаш анча мушкуллашади. Руҳшунос олимлар тадқиқотлари Ф.сизликни келтириб чиқарувчи сабаблар кўлами жуда кенглигини тасдиқлаган. Ф.ли одам тарбия кўрган одамдир. Бундай одамда, аксинча, мулоҳазакорлик, босиқлик хислатлари жам бўлади. Ф. шу каби инсон табиатининг нозиклиги, хушмуомалалиги билан ажралиб туради. Ф. ф.ли одам қўполлик қилмайди, ҳуда-беҳудага орага суқилмайди. Суҳбат пайтида кимга нима дейиш кераклигини обдон ўйлаб кўради. Мас., икки киши суҳбатлашганда, тўсатдан қўшилиб, гап қистириш, ўзига алоқаси бўлмаган ишларга аралашиш ёки суҳбат чоғида ноўрин ва номақбул қилиқлар қилиш, нохуш сўз айтиш бефаросатликдир. Шу боис Шайх Муслиҳиддин Саъдий Шерозий “Гулистон” асарининг охирги бобини “Суҳбат одобида” деб номлаб, ибратли фикрларни баён этган. Чунончи: “Қаерда қандай гап гапиришни ўрган, айтар гапни ўз пайтида айт, айтиб бўлмас гапдан қайт”. Ҳусайн Воиз Кошифий эса “Ахлоқи Муҳсиний” номли асарида Ф. ни подшоларнинг хислати сифатида таъриф этган. Яъни ёлғонни ростдан ажратиш, ёмонни яхшидан фарқлаш, ҳодисалар моҳиятини, одамларнинг ниятини тез идрок этиш, зеҳни ўткирлик маъносида тушунтиради. Подшо олдига турли хилдаги одамлар келади ва турли-туман мақсадлар баён этилади. Подшо арздодлар, хабарлар, гап-сўзларнинг қайси бири тўғри эканини гапирувчининг авзои, ўзини тутиши ва ҳатто қиёфаси, гавда тузилишига қараб фаҳмлаб билиши лозим дейди.   Чунончи, ривоят қиладиларки, бир куни Нўширавон олдига бир калта бўйли одам кириб келиб, менга зулм қилмоқдалар, деб шикоят қилади. Нўширавон унга қараб дейди: “Ёлғон гапирмоқдасан. Чунки Ф. илмида кимки калта бўйли бўлса, ҳийлагар ва маккор деб ёзилган. Шундай экан, сен зулм қилувчисан, зулм кўрган эмассан”. Текшириб кўрсалар, дарҳақиқат, бу одам Нўширавон айтгандай экан. Шундан кейин Кошифий гавда тузилиши, юз, соч ранги ва ҳ.ларнинг одам характерини белгилаши хусусида талай мисоллар келтиради. Хуллас, Ф.ф. кишидаги туғма хулқ-атворга ҳам боғлиқлиги айтилади. Ф.ф. инсоннинг ички ҳис-туйғуларининг маҳсулидир. Бундан Ф.ф.ни индивидуал хусусиятга эга эканлигини билиб олишимиз мумкин. Ф.ф.инсоннинг ҳаётий тажрибаси ва фикрлар тизимидан келиб чиқади. Англаб боришдаги дастлабки қадамдир. Ф.ф. кўпроқ ҳиссий билиш босқичлари сезги, идрок, тасаввур билан боғликдир. Чунки Ф.ф. ўзининг консерватив хусусиятга эгалиги билан инсон ақлига хос бошқа хусусиятларидан алоҳида ажралиб туради. Спинозанинг таъкидлашича, Ф-ф. ҳамиша мавҳум бўлади ва интеллект белгилаб берган қатъий қоидага мувофиқ харакат қилади. Яъни бунда инсон ўзининг Ф.ф.и орқали энг умумий тушунчаларга асосланиб ички ва ташқи воқелик хусусида хулосалар чиқаради. Шунингдек, маълум қоидаларга асосланиб ҳаракат қилган фикр-мулоҳаза қандайдир маънавий автомат вазифасини бажаради. Интеллект эса Ф.ф.ни янада такомиллаштирган ҳолда ижтимоий ҳаётнинг, инсон фаолиятининг олий бошқарувчиси вазифасини бажаради ва уни эзгу амаллар томон йўналтиради. Бунда интеллект ҳамиша борлиқ билан уйғун ҳолда ҳаракат қилади. Файласуф Анри Бергсон эса “Ф.ф.ни интеллектнинг қуйи босқичи” деб эътироф этади. Олмон мумтоз файласуфи Гегелга кўра “Ф.ф. бир бутун яхлит объектларнинг бўлакларга бўлинишидир”. Бутунни бўлакларга бўлиш жараёнида Ф.ф.нинг қуввати, бутунни бўлакларга ажрата олиш қобилияти, ўша бўлакларнинг бирининг иккинчиси билан боғлиқлиги, алоқадорлиги яққол намоён бўлади. Ф.ф.нинг ақлдан фарқи шундаки, у энг аввало умумийликни ўзида мужассамлаштиради, сўнгра ўзига хос фарқни ифодалайди.” Гегель қарашларининг мазмун-моҳияти Кьервегор фикрича, “умумий моҳиятга қаратилган, бунда ўзига хос мавжудлик, индивидуаллик тан олинмаган эди”. Ф.ф. ва ақл (интеллект)ни ўзаро алоқадорлиги хусусида олмон файласуфи И.Г.Фихте фикр юритиб, Ф.ф.ининг индивидуал хусусиятга эга экани ҳақидаги ғояни танқид қилади. У ақл (интеллект) инсон инсонийлигининг энг олий нуқтаси, ундаги ижтимоийликнинг асоси эканини таъкидлайди. Ф-ф. мантиқий жиҳатдан тафаккурнинг дастлабки босқичи ёки ўзига хос усули бўлиб, бунда у кўпинча предмет ёки ҳодиса тўғрисида тўғри муҳокама юритиш, хулоса чиқариш, фикрлар изчиллигини таъминлаш каби вазифани бажаради. Ф.ф. ва ақл (интеллект)ни ажратиб талқин қилиш Суқротдан бошлаб, Афлотун, Арасту ва кейинчалик Кант, Гегель фалсафасида ҳам алоҳида аҳамият касб этган. Кант фикрича, Ф.ф. ҳиссий аъзолар орқали олинган ахборотларни маълум бир шаклга солади ва бу жараёнда у предмет-ҳодисани кўпроқ ташқи хусусиятларини ўзида акс эттиради, холос. Ақл эса айнан шу ахборотларни анализ ва синтез қилиш натижасида “нарса ўзида” ни билишга интилади. Лекин охир-оқибатда у ҳал қилиб бўлмайдиган зиддиятлар гирдобига тушиб қолади. Ф.ф. тафаккур учун етарли эмас, шунинг учун ҳам ундаги мавҳумликни бартараф этган ҳолда аниқ мулоҳазалар орқали уни янада ривожлантириш лозим. Шу маънода Гегель “Ф.ф.ли тафаккур етарли эмас, у юқори, оқилона билиш шаклларига кўтарилишга имкон берадиган зарур босқичдир, холос”, деган эди.

ФЕМИНИЗМ (фран. feministe, лот. femina — аёл) — аёлларни камситишлардан халос этишни тарғиб қиладиган, ҳуқуқ ва бурчларини жам-тдаги ижт-й воқеалар ҳосиласи сифатида ўрганадиган оқим. Ф. Франция буржуа инқилоби даврида вужудга келган бўлиб, хотин-қизларнинг иқт-й, ижт-й-сиёсий ва мад-й соҳаларда эркаклар б-н тенг ҳуқуққа эга бўлиши учун кураши, ш-дек, ижт-й-сиёсий курашда иштирок этишини тарғиб этади. Тарихдан маълумки, аёллар ҳукмронлиги давридан эркаклар ҳукмронлиги даврига ўтиш аёлларнинг жам-тда тутган ўрнини ўзгартирди, уларни ижт-й ҳаётдаги иштирокини чеклаб, фаолиятини оила доирасига тушириб қўйди. Шу даврдан бошлаб жам-т ва оилани бошқариш эркаклар қўлига ўтди, аёллар эса фарзандларни дунёга келтириш, тарбиялаш, оила бекасига айланиб, эркакларга моддий ва маън-й жиҳатдан қарам бўлиб қолди. Лекин тар-ёт жараёнида ижт-й-сиёсий мун-тларда юз берган ўзгаришлар кишиларнинг ҳаётга мун-ти ҳам ўзгаришларга олиб келди. Ижт-й ҳаётда адолат, озодлик, инсон қадр-қимматини эътироф этиш ғояси аста-секин етила бошлади. Айни пайтда саноатнинг рив-ши, урбанизация жараёнининг тезлашуви арзон ишчи кучига эҳтиёжни кучайтирди. Натижада аёллар арзон ишчи кучи сифатида ишлаб чиқаришда қатнаша бошлади. Бир томондан, озодлик ғоясининг вужудга келиши, иккинчи томондан, уларнинг ишлаб чиқаришда қатнашуви ва эркаклар каби эркин яшашга ҳақли экани ҳамда жам-т тар-ётига ўз улушини қўша олиш ғоясининг вужудга келишига замин ҳозирлади. 1789 йилда фран. файласуфи Ж.Кондорсе «Аёлларга фуқаролик ҳуқуқини бериш ҳақида» деб номланган мақоласини чоп этди ва унда аёлларнинг жам-т аъзоси эканини таъкидлаб, миллатнинг бир қисми сифатида уларга нисбатан мун-тни тубдан ўзгартириш керак, деган қарашни илгари сурди. 1791 йили Олимпия де Гуж «Фуқаролик ва аёл ҳуқуқи декларацияси»ни   тайёрлади ҳамда аёлларнинг эркин фикрлаш ва ўз фикрини эркин эълон қилиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлади. Бу декларация аёллар ҳаракатининг биринчи манифести ҳисобланади. Ш.у. ана шу вақтдан бошлаб де Гуж ҳамда унинг тарафдорлари феминистлар, уларнинг ҳаракати эса Ф. деб атала бошлади. Ҳозирда Ф. қадимий ва янги босқичларга бўлиниб ўрганилади. Қадимий Ф. XVIII а.да вужудга келган бўлиб, XIX а. охиригача ўз таъсирини сақлаб қолди. Бу даврда хотин-қизлар барча йирик ижт-й ҳаракатларда иштирок эта бошлади. Францияда хотин-қизларнинг тенглик учун курашига бағишланган биринчи журнал чиқа бошлади. Дастлаб хотин-қизларнинг инқилобий клублари пайдо бўлди ва улар сиёсий курашларда фаол қатнашди. Бу даврдаги асосий саъй-ҳаракатлар хотин-қизларнинг оиладаги тутқунлигига қарши қаратилган бўлиб, уларнинг эркаклар б-н сиёсий тенг ҳуқуққа эга бўлишига эришишга йўналтирилган эди. Бунинг учун улар маълумот олиши, эркаклар б-н баробар ишлаши ва ҳақ олишини ёқлаб чиқиш талаб қилинар эди. Буни амалга ошириш ўта мураккаб ҳодиса бўлиб, XX а.да АҚШ Конституцияси таҳлил этилиб, унда аёлларнинг сайланиш ва сайлаш ҳуқуқига эга экани эълон қилинди. Бу ҳолат Ф. ғоясининг янада кенгроқ миқёсда тарқалишига ҳамда янги, хилма-хил феминистик оқимларнинг вужудга келишига шароит яратди. Янги Ф. аёллар тенглиги учун кураш ғоясини қад. Ф.дан мерос қилиб олиш б-н бирга, ўзига хос бўлган хус-ятларга ҳам эга эди. Янги феминистик оқимнинг йўналишларини шартли равишда тўртга бўлиб ўрганиш мумкин. Булардан ташқари, консерватив ғояга эга бўлган антифеминистик йўналишлар ҳам мавжуд.  Консерватив йўналиш намояндалари Зигмунд Фрейд наз-ясига асосланиб, аёллар оила ва оналик вазифасини бажариш лозимлигини мутлақлаштиради ҳамда аёлларнинг камситилишини инкор қилади. Аёлларнинг жам-т ва оилада юқори мавқени эгаллаши, уларнинг асосий иши — фарзанд кўриш, уни парвариш қилиш ва тарбиялаш экани эътироф этилиб, ишлаб чиқаришда қатнашиш эса уларнинг фаолият доирасига кирмайди, деган ғоя илгари сурилади. Либерал реформистик оқим жам-тдаги ижт-й-иқт-й ислоҳотлар орқали аёллар б-н эркакларнинг тенг ҳуқуқлигига эришиш мумкин, деган ёқлаб чиқади. Бу оқим намояндалари инг. олимлари М. Уолтонкрафт, Г. Милль, Ж. Милль каби феминист олимларнинг аёлларнинг тенглиги ҳақидаги наз-яларига таянади ҳамда шу асосда аёлларнинг эркакларга ҳуқуқий, иқт-й ва ижт-й қарамлигига барҳам бермоқ учун аёллар билим олиши, уни доимий равишда такомиллаштириб бориши, эркинлигини таъминлаш учун имкониятларга эга бўлиши; бозор иқтисодиёти шароитида меҳнат жараёнида тенг иштирок этиши; бозор шароитларига мослашув жараёнини тезлаштиришда аёлларнинг нуфузини оширадиган қонунлар қабул қилиш зарурлиги каби ғоялар ўртага ташланади. илгари суради. Радикал Ф. XX а.нинг 60-йилларида вужудга келган. У ўзининг кўпгина ғоялари б-н либерал Ф.дан фарқ қилади. Унинг эътибор марказида аёлларнинг табиий хус-ятлари ётади. Радикал Ф. аёллар б-н эркаклар тенглиги ғоясини инкор этиб,  барча эзилувчиларни озод қилишни тарғиб этади. Улар қуйидаги ғояни илгари суради: аёллар қадимдан биринчи эзилувчи гуруҳни ташкил этади; аёлларни эзиш жаҳонда кенг тарқалган ижт-й ҳодиса бўлиб, таҳқирлаш шафқатсиз шаклидир. Радикал Ф. нафақат жам-т тизимини ўзгартиришни, балки фарзандлар тарбиясини ҳам ўзгартиришни талаб қилади. Радикал Ф.нинг намояндалари америкалик олимлар Фиресто «Жинслар диалектикаси», О. Брайн «Репродуктив сиёсат» номли асарларида тиббиёт, дин, урф-о.лар, зурриёд қолдириш, ирқчилик, экология ҳамда сиёсий наз-яларни таҳлил қилиб, эркаклар устунлигини таъминлайдиган асосларни илмий жиҳатдан ифодалаб беришга ҳаракат қилган. Радикал Ф. эркаклар ҳукмронлиги аёлларга зуғум ўтказиш манбаи эканини исботлайдиган оқим сифатида машҳур. Улар аёлларнинг жинсий аъзоларини стерилизация қилиш, ҳомилани сунъий йўл б-н тушириш, контрацептив воситалардан фойдаланиш ҳақидаги қонун ва б. меъёрий ҳужжатларни доимий равишда назоратга олиш лозимлигини таъкидлайди. Социалистик  Ф. аёлларни мустабид тузум тазйиқидан халос этишни тарғиб этадиган ва биологик омилни ҳисобга олмаган ҳолда уларнинг мавқеини жам-тдаги ижт-й воқеалар ҳосиласи сифатида ўрганадиган оқим. Бу наз-я собиқ совет даврида амалга оширилиши натижасида минтақаларда умумий саводхонлик, ўрта ва олий таълим бўйича маълумот даражаси ортди (хотин-қизлар орасида ҳам), тиббий хизмат ва ижт-й ёрдам тармоғи ривожланди, эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлилиги (сиёсий тенглик, бир хил меҳнат қилиш, бир хил маош олиш каби) қонун б-н мустаҳкамланди. Совет ҳукумати хотин-қизларнинг  ишлаб чиқаришда юқори даражада иштирок этишини таъминлади, натижада, улар учун уйдан ташқарида эркаклар б-н баробар ишлаш имконияти аёллар муҳити яратилди. Аммо уй-рўзғор ишларининг оғир юки аёллар зиммасида қолаверди. Аслида расмий ҳуқуқ тенглиги б-н яширинган имкониятларнинг реал тенгсизлиги бугунги кунда ҳам мавжудлиги айрим олима, сиёсатчи, санъаткор аёлларнинг эришган ютуқларига қарамай, хотин-қизларнинг камситилиши ҳозир ҳам давом этаётганини кўпчилик тан олишни истамайди. Мустақиллик шароитида юртимизда аёлларнинг жам-тдаги нуфузини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оилани қўллаб-қувватлаш борасида жуда кўп ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида тўпланган халқаро тажрибалардан фойдаланиб, тегишли миллий дастурлар ишлаб чиқилмоқда ва амалиётга изчил татбиқ этилмоқда.

Феноменализм (юн. phainomenon — юз берувчи) — ноёб, камёб, кам учрайдиган ҳолат ёки инсон, ҳис-туйғу тажрибаси б-н пайқаладиган, ёрқин ҳодисани англатувчи т. б-н боғлиқ бўлган фал-й таълимот. Бунда фақат ҳодисаларгина (феномен) билишнинг объекти ҳисобланади. Ф. рив-ши натижасида оламни Ғоялар ёки “сезги комплекслари” мажмуи, деб билувчи  эмприоК. (Ж. Беркли) ҳамда сезгилар замирида нима борлигини билиш мумкин эмас, дейдиган агностицистик (Юм) ёндошувлар пайдо бўлади. Ф. ҳодисалар оламида ташқаридаги мавжудликни (“ғоя”, моҳият, “нарса ўзида”ни) эътироф этиб, уни қандай бўлса шундайлигича, “охиригача” билиб бўлмайди деб таълим беради. Ф.даги бундай қараш скептицизм ва агностицизм (И. Кант, О. Конт, Г. Спенсер ва б.) таълимотларига хосдир. Ҳоз. замон позитивизмида Ф. лингвистик шаклда намоён бўлмоқда. Унинг асосий тезиси тажрибани “объектив” ёки “феноменалистик” тилда ифодалаш мумкинлигидан иборат. Илгарилари нарсалар ҳақидаги мулоҳазаларни онгнинг мазмуни ҳақидаги қарашлардан иборат қилиб қўйиш батамом мумкинлигини эътироф қилган баъзи неопозитивистлар сўнгги вақтда бу уринишларнинг беҳудалигини англай бошлади. Ҳақиқий фал-й н.назардан қараганда, Ф.нинг бошланғич тезиси асоссиздир, чунки унда билиш воқеликдан ва амалиётдан ажратиб қўйилган.

ФЕТИШИЗМ (франц. fetishisme — тилсим, бут) — табиатдаги нарса ва  ҳодисаларга эътиқод қилувчи диний тасаввурлар мажмуи. Этнографияда Ф.нинг тавсифи хилма-хилдир. Дж.Леббок Ф.ни ибтидоий динда инсон хоҳишини худо бажара олиш имконияти, деб асослаган бўлса, Тэйлор, Спенсер Ф. анимизмнинг бир  шакли, деб қайд қилган. Ф. жаҳон динлари таркибида ҳам сақланиб қолган. Жумладан, христианликда икона ва чиримай сақланиб қолган мурдани муқаддаслаштириш, буддизмда “муқаддас ховонча ўғир”, исломда “муқаддас жойлар”, “қора тош” илоҳийлаштирилган. Кишилик тарихи шуни кўрсатадики, ҳар қандай предмет фетиш бўлиб хизмат қилиши мумкин. Мас., ғаройиб шаклдаги тош, ёғочнинг бўлаги, қайвоннинг тиши, яхшилаб ишланган фигура, заргарлик буюми. Бундай предметлар даволаш, душмандан асраш ва б. хус-ятларга эга деб тушунилган. Агар бирон киши шундай предметга мурожаат этиб, кейин ютуққа эга бўлса, бунга ўша фетиш ёрдам берди, деб эъзозланган, аксинча муваффақиятсиз чиқса, бундай фетиш ташлаб юборилган ёки бошқаси б-н алмаштирилган, дея талқин этилган. Ибтидоий одам тасаввурида фетишларда буюк куч бор, буюмлар эса жонли, деб тушунилади. Мас., “шамол келмоқда”, “шамол ухламоқда” ва б. Фетишлар давр ўтиши б-н мураккаблашиб, кейинчалик тумор, санам (бут) ва б.ларга мурожаат этишган. Ф.нинг асл ватани Ғарбий Африка бўлса-да, у бошқа юртларга ҳам тарқалган. Ф. капиталистик жам-тда меҳнат маҳсулотларини тақсимлаш, айниқса, қиймат ва б.ларнинг ўз-ўзидан рив-ш жараёнида ҳам юзага келди. Жам-тда Ф. предметларининг табиий хус-ятларини, функцияларини ёки инсон фаолиятининг маҳсулини, индивиднинг табиий хус-ятларини илоҳийлаштириш б-н характерланади.

ФИДОЙИЛИК — бошқалар манфаати йўлида ўз қонуний манфаатларини, ҳатто ҳаётини қурбон қилишга тайёр турган, жамият учун умумий бўлган олий мақсад ва идеалларни деб ўзидан кеча оладиган кишилар хатти-ҳаракатларини ифодаловчи маънавий тушунча. Ф. тамойилининг мазмуни турли тарихий давр ва ижтимоий жараёнларда ўзига хос тарзда намоён бўлади: у маълум бир даврларда оммавийлашиши ёки камайиши мумкин. Чунончи, мустақилликка эришганимиздан сўнг дастлабки пайтларда ўтиш даврига хос бўлган — Ф.ка нисбатан худбинлик тамойилининг кучайгани кўзга ташланган бўлса, ҳозирги вақтда эса, аксинча, жамиятимизда Ф. тамойили устувор аҳамият касб этмоқда, «Элим деб, юртим деб ёниб яшаш керак!» деган шиор асосида яшаётган кишилар доираси тобора кенгайиб бормоқда. Ана шу маънавий жараён қанчалик тезлашса, биз қураётган давлатнинг шакли-шамойили шунчалик муайянлик касб этади. Маънавий қадриятлардан бири бўлиб, Ватан манфаатлари йўлида Ф. намуналарини кўрсатишга ҳозир бўлган шахсларга хос фазилат. Ватанга, халқига бўлган ҳурмат, муҳаббат, ишонч туйғуси муайян умумий манфаатлар, мақсадлар асосида шаклланиб, кишиларнинг қалбида чуқур ўрин олади ҳамда фаолиятига таъсир қилиб, уларни масъулиятли вазифаларни бажаришга сафарбар этади. Ф. ўз тақдирини Ватан, миллат тақдири билан боғлаган барча кишиларга хос фазилатдир. Ф. сўзда эмас, балки амалий ишларда намоён бўлгандагина тараққиётнинг ҳал қилувчи омилига айланиши мумкин. Мураккаб шароитларда мустақиллигимизнинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, маънавий асослари мустаҳкамланаётган ҳозирги кунда ватанпарварлик эътиқоди амалий ишларда фуқароларнинг кундалик фаолиятида намоён бўлиши катта аҳамиятга эга. “Ўзбек номини, ўзбек илм-фани ва маданиятини, бир сўз билан айтганда, халқимизнинг юксак салоҳиятини, унинг қандай буюк ишларга қодир эканини дунёга намойиш қилишда юртимиз заминидан етишиб чиққан юзлаб улуғ зотлар фидоийлик намуналарини кўрсатиб келган. Бундай инсонлар диёримизда ҳозир ҳам кўплаб топилади ва бундан кейин ҳам уларнинг сафлари кенгайиб бораверади. Ҳамма гап ана шундай инсонларга хайрихоҳлик билан муносабатда бўлиш, уларни қўллаб-қувватлашда. Агар биз мамлакатимизнинг қайси шаҳар ёки қишлоғида бўлмасин, йилт этган истеъдод учқунини кўрганда, ҳаммамиз уни ўз вақтида пайқаб, ардокдаб, парвона бўлиб, унга йўл очиб берсак, барча саъй-ҳаракат ва интилишларимизни ана шундай олижаноб мақсадга қаратсак, мухтасар айтганда, ҳасад қилиб эмас, ҳавас қилиб яшашни ҳаётимиз қоидасига айлантирсак, ҳеч шубҳасиз, биз миллий тараққиёт бобида янада юксак марраларни эгаллашга эриша оламиз” (“Юксак маънавият – енгилмас куч”, 121-122 б.).  

ФИКР — жонли тилда ва матнда ўзига хос турли маъноларни ифодалайдиган бирор нарса, киши ҳақидаги ўй ёки хаёл. Мас., “фалончининг фикри бошқа ёқларда кезди” десак, унинг хаёлини назарда тутган бўламиз. “Фикрга толди” — қаттиқ ўйланиб қолди. “Фикр юргизди” — бирор хулосага келиш учун нарса ва ҳодисаларни таққослади; ўйлади; мулоҳаза қилди; разм солди. Ф. бирор иш юзасидан қилинадиган таклиф ёки маслаҳат маъноларида ҳам қўлланилади. “Бу иш юзасидан қандай фикр берасиз” десак, таклиф айтинг ёки маслаҳат беринг, деганимиз бўлади. Ф. ният, мақсад маъноларини ҳам билдиради. “Фалончи бу фикридан қайтди” — демак, ниятидан воз кечибди. “Фикрига тушди” ибораси бирор нарсага эришишга, бирор ишни амалга оширишга бел боғлаш, жазм қилиш, курашиш, пайига тушиш маъноларини ифодалайди. Ф. сўзида якун, хулоса, тўхтам ва қарор маънолари ҳам ифодаланиши мумкин. “Фалончи шундай фикрга келди” — демак, шундай хулосага келибди. Ф. тушунча, билим, онг ва ақл маъноларини ҳам англатади. Мас., “одам фикрни китобдан олади”, дейилганда, бу сўз билим ўрнида қўлланилмоқда. Ҳаётни, жамият ва табиатни тушуниш йўсини, дунёқараш ва маслакка нисбатан ҳам фикр сўзи ишлатилиши мумкин. Масалан, “Ўткан кунлар” романининг қаҳрамонларидан Отабек Марғилонда бўлган бир суҳбатда “Отамнинг ҳам, ўзимнинг ҳам қандай фикр ва маслак кишиси эканлигимизни айтиб ўтмоқчи бўламан”, дейди. Янги фикр ёки эски фикр дейилганда эса дунёқараш кўзда тутилади.

ФИКР ҚАРАМЛИГИ – кишилар фикри, тафаккури устидан муайян ғояларни  ҳукмрон мавқега эгалигини, инсоннинг содир бўлаётган воқеаларни ижтимоий-сиёсий жараёнларни мустақил баҳолаш имкониятидан маҳрум бўлганини ифодаловчи тушунча. Инсоният доимо мустақиллик, озодлик ва эркинликка интилиб яшаган. Ижтимоий муносабатлар шаклларига мос равишда иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий, маънавий эркинликлар, энг аввало, фикр эркинлиги тарзида намоён бўлган. Шунинг учун ҳам бошқа миллатлар, давлатлар устидан ҳукмронлик  қилган мамлакатлар сиёсати ҳамиша босиб олинган халқларни тафаккур қуллигига  маҳкум этишга қаратилган. Инсоннинг муайян мафкурага, сиёсатга фикрий қарамлиги мустамлакачилик сиёсатининг энг машъум кўринишидир. Чунки фикр қарамлиги инсонни ўз-ўзини англашдан маҳрум қилиб, ундаги ижтимоий ма-сулият ҳиссини сўндиришга, сиёсий воқеликка нисбатан лоқайдлик кайфиятининг кучайишига олиб келади. Айни пайтда, бошқача қарашлар билан ҳисоблашмайдиган мутаассиблар, манқуртлар пайдо бўлишига замин яратади. Тафаккур қуллигидан озод бўлиб, фикрлар хилма-хиллигига, плюрализмга эришиш эса тараққиётнинг оқилона йўлини танлаш имкониятини беради. Шунинг учун ҳам ислоҳотларнинг дастлабки босқичиданоқ кишиларнинг тафаккурини уйғотиш, ташаббускорлигини, сиёсий фаоллигини ошириш маънавий ўзгаришларнинг марказига қўйилди. Чунки собиқ мустабид тузум, бир томондан, тафаккур қарамлигини рағбатлантирувчи, иккинчи томондан, эркин фикрловчи кишиларни жазолаш, жисмонан йўқ қилишнинг мукаммал мафкуравий меҳанизмини яратган эди. Шунинг оқибатида кишилар онгида сақланиб қолган юқоридан кўрсатма, буйруқ ва қарорлар кутиш каби фикр қарамлиги кўринишлари, айтиш мумкинки, ислоҳотларни амалга  оширишдаги қийинчиликларга сабаб бўлди. Демократик  тамойилларга кўра ривожланаётган мамлакатларда фикрлар эркинлиги жамият тараққиётининг омили бўлганлигини тарихий тажриба кўрсатиб турибди. “Шу билан бирга, тарих сабоқлари шундан далолат берадики, ўз эркин фикрини ифода этадиган шахс, гуруғ ёки ижтимоий қатлам, аввало, ўзининг аниқ-равшан, асосли қарашларига эга бўлиши, ўз нуқтаи назарининг оқибати  учун масъулиятни ўз зиммасига олиши, баҳс-мунозара маданияти талабларига амал қилиши лозим. Яъни фикрлар ранг-баранглиги ва қарашлар хилма-хиллиги муайян жамиятнинг миллий манфаатларига, умумбашарий қадриятларига, қонун нормаларига, ахлоқий мезонларига зид бўлмаслиги зарур”. Ф.қ. кишилар фикри, тафаккури устидан муайян ғояларнинг ҳукмрон мавқега эгалигини, инсоннинг содир бўлаётган воқеаларни мустақил баҳолаш имкониятидан маҳрум бўлганини ифодалйди.  Инсоният доимо мустақиллик, озодлик ва эркинликка интилиб яшаган. Ижтимоий муносабатлар шаклларига мос равишда иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий, маънавий эркинликлар, энг аввало, фикр эркинлиги тарзида намоён бўлган. Шунинг учун ҳам бошқа миллатлар, давлатлар устидан ҳукмронлик қилган мамлакатлар сиёсати  ҳамиша босиб олинган халқларни тафаккур қуллигига маҳкум этишга қаратилган. Инсоннинг муайян мафкурага, сиёсатга фикрий қарамлиги мустамлакачилик сиёсатининг энг машъум кўринишидир. Чунки, Ф.қ. инсонни ўз-ўзини англашдан маҳрум қилиб, ундаги ижтимоий масъулият ҳиссини сўндиришга, ҳаққоний воқеликка нисбатан лоқайдлик кайфиятининг кучайишига олиб келади. Айни пайтда, бошқача қарашлар б-н ҳисоблашмайдиган мутаассиблар, манқуртлар пайдо бўлишига замин яратади. Тафаккур қуллигидан озод бўлиб, фикрлар хилма-хиллигига, плюрализмга эришиш эса тараққиётнинг оқилона йўлини танлаш имкониятини беради. Шунинг учун ҳам ислоҳотларнинг дастлабки босқичиданоқ кишиларнинг тафаккурини уйғотиш, ташаббускорлигини, ҳар томонлама фаоллигини ошириш маънавий ўзгаришларнинг марказига қўйилди.

ФИТНА – бир ёки бир неча шахс томонидан ўзга шахс ёки шахслар гуруҳига нисбатан ҳақиқий мақсадни ниқоблаб амалга ошириладиган душманлик ҳаракатларини англатувчи т. Ф. сиёсатда, кундалик маиший турмушда, динда, ҳарбий соҳада ва бошқа жабҳаларда намоён бўлиши мумкин. Тарих ва сиёсатшунослик фанларида Ф.лар назарияси мавжуд. Баъзи тарихчи ва сиёсатшунослар инсоният тарихини Ф.лар тарихи деб талқин қилади. Уларнинг фикрига кўра, инсоният тарихида юз берган барча йирик ҳодисалар Ф.лар натижасидир. Тарихдаги энг катта Ф.лар мисоли сифатида массонлар Ф.си, большевиклар Ф.си, мондиал Ф.лар, мазҳаблар Ф.ларини мсиод тариқасида келтиришади. Шу б-н бирга, Ф.лар назарияси тарафдорларининг қарашларига кўра, инсоният тарихида глобал Ф.лар, минтақавий Ф.лар, кичик Ф.лар мавжуд бўлган. Ф.лар назарияси тарафдорлари сиёсатшунослик фанининг “конспирология” бўлими вакиллари орасида кўпроқ учрайди. Ф. ва Ф.чилик терроризм ва экстремизм б-н узвий боғлиқ. Террорист ва экстремистлар кўпинча Ф.лар уюштириш йўлидан боришади. Ф.лар назариясининг энг асосий камчиликларидан бири шундаки, бу назария жамият тараққиётидаги қонуниятларни инкор қилади. Унга кўра, жамият тараққиёти муайян детерминистик қонуниятларга эмас, балки Ф.чиларнинг қобилиятлари, мақсадлари ва уюшганлик даражасига боғлиқ тарзда амалга ошади. Шу б-н бирга, сиёсий Ф.лар давлатлар ва мамлакатлар ҳаётига, ҳарбий Ф.лар урушларнинг натижаларига, молиявий, иқтисодий Ф.лар аҳоли фаровонлигига, оилавий Ф.лар оилалар, минтақалар ҳаётига жиддий таъсир ўтказиши мумкинлигини инкор этиб бўлмайди.

ФИСҚУ-ФАСОД — инсон ёки бирор воқеа-ҳодиса ҳақида ҳақиқатдан йироқ, ёлғон-яшиқ гап тарқатиш, ижобий сифатларни салбий сифатлар сифатида кўрсатишга, кичик хато ёки камчиликларни катта қусурлар сифатида тасвирлаш, асоси йўқ гапларни бўрттириб, салбий кўринишда, миш-миш сифатида ташиш, бирор шахс ёки кўпчилик ҳақида бошқаларда нафрат уйғотишга интилишни билдирувчи т. Инсон ахлоқининг салбий кўринишларидан бири бўлган Ф.ф., дунёвий билимлар доирасида ҳам, диний билимлар доирасида ҳам қораланадиган маъ-ятсизлик кўринишидир. Ф.ф. аслида ғийбат ва ҳасад орасидаги иллатдир. Уни тахлил қилинса ўша икки нарсанинг элементларини учратамиз. Ғийбат ислом динида катта гуноҳлардан саналади. Хужурот сурасида Аллоҳ “Айримларингиз айримларингизни ғийбат қилмасин”(12-оят) деб марҳамат қилади. Муҳаммад алайҳиссалом ”ким биродарини ғийбат қилса, уни гўштини ебди”, — деганлар. Ғийбат қилувчи ғийбат қилинган одамнинг гуноҳларини ўз зиммасига олади, деган фикрни юртимизнинг улуғлари доимо зикр этганлар, Имом Бохилийдан келтирилган ривоятда “қиёмат кунида банда ўзи қилмаган савобларни кўриб яратгандан уларни қаердан келиб қолганини сўрайди. Шунда Аллоҳ “эй бандам, бу амаллар одамлар сени ғийбат қилганда етган, аммо бу нарсаларни сезмагансан” — дейди.” (Абу Лайс Самарқандий, Танбеҳ ул ғофилийн. 154-бет). Ҳозирги замон ахлоқшунослигида ҳам Ф.ф. қораланади. Жоҳил одамгина бу ишни қилади, билимли одам ҳеч қачон бу ишни қилмайди. Чунки Ф.ф.дан ҳеч кимга наф йўқ. Бу иш билан шуғулланувчи одам нафратга учрайди. Ундан ўзини тийган одам эса ўша биродари ва жамоа олдида юзи қора бўлиб қолмайди. Ф.ф.ни иккинчи қисми ҳасад бўлиб, у ҳақда ҳадисларда “Душманлик ва ҳасад яхшиликларни ёнғин ўтинни егандек ейди” дейилган (167-бет). Ҳасан Басрий айтадики, қалбида мусулмонларга адовати ва ҳасади бўлган кишининг дуолари қабул бўлмайди. Чунки ҳасад қилувчи Аллоҳ ҳукмига қарши турувчидир. Ф.ф. туфайли одамлар ҳасадгўйга айланадилар. Бировни ўзи йўқ вақтида ёмонотлиққа чиқариш ёки ўзи гувоҳ бўлмаган сифатлар билан таърифлаб, салбий хулосалар ясаш, ниҳоят, бировдан эшитганига чиппа-чин ишониб, уни тарқатиб юриш каби иллатлар мажмуаси Ф.ф. дея қаралади. Ф.ф. туфайли одамлар ораси бузилади, қариндошлик ришталари узилади. Ундан иккала томонга ҳам манфаат йўқ. Ш-дек, Ф.ф. туфайли одамлар орасида кўнгил қолишлар, мун-тлар бузилиши пайдо бўлади. У жам-тда доимо кишилар орасида маъ-ятсизликнинг, ёмонликнинг сабабчиси бўлган. Бунинг олдини олиш учун маън-й юксакликка, маърифатлиликка интилиш лозим. Кишилараро юксак мад-й, маън-й мулоқотни шакллантириш орқали Ф.ф. кўринишларига барҳам бериш лозим.

ФИҚҲ — ислом ҳуқуқшунослиги, фақиҳ  ҳуқуқшуносдир. Юртимиздан кўплаб буюк ҳуқуқшунослар етишиб чиққанлар. Абу Мансур Мотуридий Самарқандий, Ал-Ҳаким аш-шаҳид ал-Марвазий ал-Балхий ал-Бухорий,  Абул Лайс ас-Самарқандий, Абу Бакр Хоразмий, Ан-Нисовий, Абу Зайд Абдуллоҳ Дабусий, Абун-Наср Исфижобий, Паздавий Самарқандий, Абул-Муин ан-Насафий, Бурҳониддин ал-Марғиноний, Абу Абдуллоҳ Ҳисомиддин ал-Аҳсикатий ал-Фарғоний ва бошқалар VIII асрнинг  ярмидан XIII асрнинг биринчи ярмигача ҳуқуқшуносликка оид нодирасарлар яратганлар. Уларнинг исмларидаги нисбатлар диёримизнинг деярли ҳамма гўшаларида ҳам ҳуқуқшунослик фани равнақ этганини кўрсатади. Бу Ватанимиз қадимдан маънавият маркази бўлганига, халқимизнииг маънавий томирлари чуқур илдиз отганига ёрқин бир далилдир.

ФОЖЕАЛИЛИК – воқеликнинг энг муҳим, чуқур зиддият ва тўқнашувлари: ҳаёт ва ўлим, озодлик ва зарурат, ақл ва туйғу, қонун ва бурч, шахсий ва ижтимоий муносабатларни ўзига хос тарзда ифода эткувчи фалсафий тушунча. Санъатдаги Ф. ҳақида фикр юритганда санъатдаги фожеали оҳанглар, Ф. санъати ва ниҳоят, Ф. санъат тури каби муаммолар алоҳида мушоҳада қилиниши лозим. Деярли барча улкан ижодкорлар яратган асарларда фожеали оҳанглар мавжуд. Ҳар қандай фожеа замирида муайян фожеали тўқнашув, зиддият ётади. Гегель Ф.ни моҳиятли кучлар тўқнашувининг натижаси сифатида бежиз таърифламаган. Чунки, бу тўқнашувлар кураши қандай якун топиши б-н инсоният истиқболи, ахлоқий тараққиёт узвий боғлиқдир. Бу ҳол фожеани санъатнинг фал-й жиҳатдан энг муҳим турига айлантирадики, у ижодкорга  инсониятни бутун тарихи давомида ҳаяжонлантирадиган туб ҳаётий масалаларни ўз олдига қўйиб, ҳал қилиш имкониятини яратди. Фожеа қаҳрамони кўпинча ижобий тусда тасвирланади, у ўз даврининг илғор орзу ва умидларини ўзида мужассамлаштирган кучли, ёрқин, улуғвор шахс сифатида намоён бўлади. Лекин фожеа тўқимасида бошқа турдаги қаҳрамонлар ҳам акс эттирилган бўлиб, Шекспирнинг Макбет ва Ричард, Ш.Брехтнинг Куражонага ўхшаш қаҳрамонлари ўз тақдирлари б-н томошабинда ўта зиддиятли ҳис-туйғулар уйғотади. Улар содир қилаётган мудҳиш кирдикорлари қатъий норозилик, жирканиш, шу б-н бирга, ачиниш туйғусини ўқғотади. Одатда, фожеа мазмунида қаҳрамоннинг мавжуд шарт-шароитларни тубдан ўзгартиришга фаол интилиши намоён бўлади. Фожеанинг тарихий шакли қадимги дунё фожеаси (Эсхил, Софокл, Эврипид) эски патриархал тартиботлар емирилиб, тарихда илк синфий жамият шаклланиши жараёнида вужудга келди. Унга хос бўлган “қисмат оҳанги” табиий ва ижтимоий қонунлар ҳақидаги тасаввурларни акс эттирди. Ўрта асрларда Ғарб христиан мафкураси фожеа руҳига бутунлай қарши чиққани боис бу даврда бирор-бир арзигулик саньат асари яратилмагани маьлум. Фожеа ривожининг янги босқичи  Уйғониш даврига тўғри келди. Шекспир асарларидада Ф. бутун ҳаёт, ижтимоий алоқалар ва муносабатларни қамраб олади. Унинг фожеавий асарларида кучли, жасоратли, ғурурли, эркин инсон тимсоли яратилди. Шекспир ўз қаҳрамонларининг ўзлигини англашга, инсон руҳини синдириб ҳалокатга етаклаётган тузум шароитида озодликка интилишини ифодалайди. М.Шайхзоданинг “Улуғбек” драмаси ҳам асосий бадиий оҳанги, ундаги эҳтиросли тўқнашувлар руҳи, улкан ҳиссий таъсир кучи, қаҳрамонларнинг тақдири жиҳатидан ўта фожеавий асардир. Унда ўша даврдаги илдиз отган  ижтимоий, маънавий-ахлоқий  муаммолар қаламга олинади. Асар қаҳрамони  фожеали драматик жараённинг асосий субъекти сифатида намаён бўлади. Унинг фаоллиги, ўз орзу-армонлари, ҳатто ўзини қурбон қилиб бўлса ҳам, давлатда тинчлик ва барқарорликни қарор топтиришга интилиши фаолиятининг моҳиятини белгилайди. Санъатда намоён бўладиган Ф. тўқнашувлар, қиёфалар, вазиятларни энг тўла ва чуқур бадиий инъикос этиш эҳтиёжидан келиб чиқади. Софокл фожеалари Шекспирникидан, Шекспир асарлари Расинникидан, қанчалик фарқланмасин, улар ўртасида ўзига хос муштарийлик, умумий жиҳат кўзга ташланади. Ҳар қандай фожеа замирида кенг кўламли, ижтимоий аҳамият касб этадиган муайян фожеали тўқнашув ётади. Ф. санъатда турлича талқин этилиши мумкин. Бу ҳол бу жанрга хос умумий хусусиятларин инкор этмайди. Фожеа услубининг умумий белгилари қаторига кенг умумлаштиришларга интилиш, ақлий мазмун бойлиги, соддалик ва яхлитлик, ҳаяжон ва эҳтиросларнинг юксаклиги кабилар киради. Фожеа тарихий даврнинг бурилиш пайтларида, эски ижтимоий алоқалар ва муносабатлар барбод бўлиб,  қарашлар, эстетик ва ахлоқий ақида-қоидалар  қайта баҳоланаётган шароитда равнақ топади.

ФОРМАЛИЗМ (лот. fоrmalis — форма, шакл) — борлиқдаги нарса ва ҳодисаларнинг шакли ва ташқи кўринишини уларнинг мазмунидан устун қўядиган фал-й йўналиш. Борлиқдаги барча нарса ва ҳодисалар мазмун ва шаклга эга бўлиб, улар бир-бири б-н диалектик боғлиқдир. Бу боғлиқликда мазмун доимо бирламчи бўлиб, шакл эса нарса ёки ҳодиса мазмунининг намоён бўлиш усулидан иборат. Мазмун ва шакл мутаносиб бўлганда ҳар қандай нарса ва ҳодиса ўз маъно-мазмунига эга бўлади. Мас., инсоннинг мазмунини белгиловчи муҳим хус-ятлар унинг фикрлаш қобилияти, мақсадга мувофиқ меҳнат қилиш қобилияти, меҳнати жараёнида ўзи ва жам-т учун зарур бўлган турли хил неъматлар яратиши ва энг муҳими олижаноб инсоний фазилатларидан иборатдир. Барча кишиларнинг инсонийлик қиёфасида мужассамлашган мазмуни юқоридаги белгиларга қараб баҳоланади. Башанг кийинган, қадди-қомати келишган ҳар қандай одамни ташқи кўриниши, қиёфаси, яъни шаклига қараб олижаноб инсон дейиш нотўғри. Зеро, ҳар бир кишининг инсонийлик мазмуни ташқи кўринишида эмас, балки ички инсонийлик фазилатлари б-н белгиланади. Жам-тда Ф. яъни шаклбозликни мутлақлаштириш кўпинча салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Жам-тни бошқаришда Ф. бюрократизм, тўрачиликда намоён бўлади. Санъат тарихида Ф. санoат ва воқеликни қарама-қарши қўйиш, бадиий шаклни ғоявий мазмундан ажратиш, санъат асарида шаклнинг алоқидалиги ва устунлигини таъкидлашдан иборатдир. Албатта,  бундай ёндошув ва талқин кўпинча ҳаётий ҳақиқатга зид келади. Мас., айрим жангари, инсон маъ-яти ва ахлоқ-одобига ёт бўлган бузғунчи фильмлар шаклан “жозибали” бўлса-да, инсон ва жам-т ривожига тўсқинлик қилади, вайронкор ғоявий мазмунга эгадир.

ФОҲИША(БОЗ)ЛИК — ўз танасини (асосан, аёллар) сотиш б-н шуғулланиш. Шундай иш б-н шуғулланувчи аёллар орасида олиб борилган социологик тадқиқотлар натижаларига кўра, бу машғулот инсон руҳий-маън-й дунёқарашида хилма-хил воситалар таъсирида юз берувчи ўзгаришлар натижаси бўлиб, жинсий майлнинг кучайишига моддий қийинчиликлар асосий сабаб бўла олмайди. Сўровларда иштирок этган респондентларнинг 98%и бирор касб бўйича иқтидорга эга бўлиб, бу иш б-н шуғулланиш уларга кўпроқ ёқишини тан олганлар. Шу жиҳатдан олиб қараганда, Ф. инсон маън-й-руҳий оламидаги бузилишнинг амалий ифодаси бўлиб майдонга чиқади. Ф.бозлик шу ишни ўзига эрмак, дам олиш, роҳатланиш воситасига айлантиришга одатланишни англатади ва Ф. б-н бир хил маъно касб этади. Ш-дек, шундай кимсаларни уюштириб, фаҳш ишларни ташкил қилиб, шунинг ортидан кун кўрувчилар ҳам Ф.бозлар деб аталади. Бугунги жам-тларда Ф. нинг жуда кўп турлари қайд этилсада, у аслида  антик дунёда пайдо бўлган. Ҳозирги баъзи мамлакатларда тақиқланган ёки чеклаб қўйилган, бир неча мамлакатларда эса эркинлик сифатида рухсат этилган. Жиноят қонунчилигида зўрлаб ёки зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки алдаш йўли б-н Ф.ка жалб қилганлиги учун жавобгарлик белгиланади. ЎзР ЖКнинг 131-моддасига кўра, фоҳишахона ташкил этиш ёки сақлаш, ш-дек, ғаразли ёки бошқа тубан ниятларда қўшмачилик қилишга нисбатан жиноий жазо қўлланилади. Ф. маъ-ятсизлик кўриниши сифатида ҳар қандай жам-тда қораланган. Исломда ва б. дунёвий динларда бундай салбий ҳолат лаънатланган.

ФУЗАЛО — фазилат, билим ва маърифатда устувор бўлган етуклик, камолот эгаларига нисбатан қўлланилган т. Фозил ва иқтидорли кишилар, Ҳақ таолодан етувчи файз сабаб фазилат, лутфга етишиш. У икки қисмга ажратилган: бири — файзи ақдас илм-мартаба орқали эришилса, иккинчиси файзи муқаддас унга ҳақиқат ва олий моҳият туфайли эришилади. Ҳар икки ҳолатда ҳам Ф. ўзларида юксак маъ-ят, маърифатни мужассам этган шахслар ҳисобланиб, давлат ва жам-т тар-ётига, унинг рив-шига, фаровонлигига катта таъсир кўрсатганлар. Хус-н, халқни, миллатни танишда, дунёга танитишда, кишилар орасида меҳр-муҳаббат, эзгуликни, одамийликни шакллантиришда уларни маъ-яти, маърифати муҳим аҳамият касб этади.

ФУНДАМЕНТАЛИЗМ — бирор таълимот ақидаларининг, илоҳий китоблардаги т.ларнинг дастлабки, соф ҳолатини сақлаб қолишни астойдил ҳимоя қиладиган, уларни мажозий маънода талқин этишни рад қиладиган ижт-й, мафкуравий, диний қарашлар мажмуини англатувчи т. Фанда бу атама илк бор Янги давр фал.и вакиллари Ф.Бекон, Р.Декарт ва Ж.Локк сингари файласуфлар асарларида қўлланган. Улар билиш масаласида, агностик фал.ни тушунтиришда Ф.ни келтириб ўтган. Бу т. сиёсий мақсадларда илк бор XX а. бошида америкалик протестантларнинг бир гуруҳи томонидан қўллана бошланди. Улар христианликнинг фундаментал ақидаларини соф асосда қайта тиклаш ва бунда муайян эътиқодий наз-яларни қабул қилиш ҳамда бошқаларидан тамомила воз кечишни талаб қилиб чиқади. 70-йиллардан бошлаб бу атама Ғарб тадқиқотчилари томонидан ислом оламига нисбатан ҳам қўлланилмоқда. Кейинги вақтда жаҳон матбуотида мутаассиб ислом жангариларини фундаменталистлар деб аташ одат тусига кирди. Аммо диний фундаментализм ҳамма динларда мавжуд бўлиб, улар ягона умумий хус-ятни ўзида мужассам этади. Протестант Ф.и, проваслав Ф.и, иудаизм Ф.и каби атамалар бугунги кунда кенг ишлатилмоқда. Баъзи мам-тларда диний Ф. сиёсий саҳнада ўз мавқеига эга. Мас., иудаизм тарафдорлари Исроил парламентининг салкам учдан бир қисмини ташкил қилади. Сўнгги пайтларда айрим минтақаларда ислом Ф.ининг кучайиши кузатилмоқда. Бу атама Қуръон ва ҳадисни кўр-кўрона талқин этадиган, илк исломга қайтишга қаратилган ақидаларни кенг тарғиб қиладиган, диний-консерватив руҳдаги йўналишга нисбатан ишлатилади. Ислом Ф.и турли-туман йўналиш ва кайфиятдаги гуруҳларни ўз ичига олади. Уларнинг баъзилари сиёсий жабҳада, инқилобий ва ҳатто террористик усуллар б-н қонуний ҳокимиятга қарши курашда ўзини намоён этса, бошқалари тарғибот-ташвиқот ишлари, диний таълим, турли жамоат ташкилотлари, мактаб, университет, ОАВга кириб бориш, айниқса, фойдаланиш осон бўлган аудио-видео кассеталарни тарқатиш б-н шуғулланади. Ислом Ф.и учун умумий мақсад — гўёки динсиз ёки «соф исломдан чекинган» давлат раҳбарларига суиқасд қилиш ва исломда «ширк»ка (бутпарастликка) барҳам бериш. Транспорт ва коммуникация воситалари шиддат б-н ривожланиб бораётган, халқаро алоқалар тобора эркинлашаётган ҳоз. даврда ислом Ф.и вакиллари ўз ҳаракатларини бутун дунё бўйлаб ёйишга интилмоқда. Кейинги вақтда рўй бераётган террорчилик ҳаракатлари бу ҳодисанинг нақадар хавфли экани ва унга қарши бирлашган ҳолда курашиш лозимлигини яққол кўрсатмоқда. «Ф.» т.сини кенг шарҳлаганда, жам-т ҳаётининг нафақат диний, балки сиёсий, иқт-й, мад-й ва маън-й ҳаётида рўй бераётган шундай хус-ятга эга бўлган ҳодисаларга ҳам тўхталиб ўтиш лозим. Баъзи тадқиқотчилар бундай ҳодисаларни «сиёсий Ф.», «иқт-й Ф.», «мад-й Ф.» т.лари тарзида изоҳлашга уринмоқда. Муайян сиёсий таълимотнинг жам-т ҳаётига тўла татбиқ қилинишига уриниш ёки бундай таълимотнинг мутлақлаштирилиши сиёсий Ф.ни келтириб чиқаради. Мас., собиқ иттифоқ даврида ягона коммунистик мафкуранинг мутлақлаштирилиши натижасида жам-тнинг ҳар бир соҳаси мана шу мафкура асосида бошқарилди, фан, санъат, мад-т шу мафкура манфаатларига бўйсундирилди. Ёки фашизм ғоясининг замирида ҳам мана шундай мақсадлар мавжуд бўлган эди. Жам-т ҳаётида кенг миқёсда мад-й ўзгаришлар содир этилаётган ёки мад-тлар ўрин алмашаётган вазиятда мад-й Ф. вужудга келади. Бунинг ёрқин мисоли сифатида собиқ Иттифоқ заминида халқларнинг ўзаро муштарак мад-тлардан чекиниб, янги мад-тга юз тута бошлаган даврни келтириш мумкин. Бунда миллатчилик руҳидаги низолар, муайян маконда ўзига хос мад-тни шакллантиришга бўлган  уринишлар натижасида турли даражада кўнгилсизликлар келиб чиққан эди. Бундай ҳолатлар этник Ф. б-н алоқадорликда ҳам келиб чиқиши мумкин.  Умуман олганда, бу атаманинг хус-ятлари ҳамда қайси замон ва маконда пайдо бўлиши, йўналиш ва функциялари, мақсадларига қараб ижобий ёки салбий жиҳатларини аниқлаш мумкин. Мас., фандаги Ф.нинг мақсади билиш бўлса, диний ёки сиёсий Ф.нинг мақсади ҳокимиятни эгаллаш ёки жам-тда ўз тартиб-қоидаларини мустаҳкам ўрнатишдан иборат.  Инсоният тарихи мана шундай  можаролар ва уларга қарши кураш б-н ўтган, бундан кейин ҳам бу жараён тўхтаб қолмайди. Бундай вазиятларда фақат эзгуликка интилиш б-н фожиаларнинг олди олинган. Зеро, халқимиз тафаккурида юксак ахлоқий-маън-й қадриятларни қарор топтириш орқали  уни ёвуз кучларга қарши  курашга сафарбар этиш мумкин.

ФУТУРИЗМ (футурология) (лот. futurum — келажак ва logos — таълимот) — кенг маънода, инсоният келажаги, умумбашарий муаммолар, уларни бартараф қилиш ҳақидаги умумий концепция ёки тасаввурлар мажмуаси: тор маънода, ижт-й жараёнлар ҳамда илмий-техника тар-ётига оид соҳалардаги жараёнларни изчилликда ўрганиш ва келажагини башорат қилиш, ш-дек, статистик ва бошқа маълумотларни қайта ишлашнинг математик усулларини ишлаб чиқиш асосида иқт-й, илмий-техника, ижт-й-сиёсий соҳаларни режалаштириш ва истиқболларини белгилаш имкониятини берадиган фан соҳасидир. Ф. атамаси 1943 йилда немис социологи О.Флехтейм томонидан мавжуд барча ижт-й жараёнларнинг истиқболини башорат қилишга йўналтирилган “келажак ҳақидаги фан”, 1960 йилларнинг охирларига келиб эса, Ф. ижт-й фанларнинг келажакни башорат қилиш қонуниятлари ҳақидаги фан сифатида кенг маънодаги ижт-й башоратчиликни англата бошлади. ХХ а.нинг охирларига келиб, футурологлар асосий икки йўналишга ажралишди: улардан бири — “экологик пессимизм” (Форрестер, Медоуз, Р. Хейл Бронер) (АҚШ) тарафдорлари бўлиб, инсоният ривожининг салбий оқибатларини башорат қилсалар, иккинчиси — илмий-техникавий оптимизм (Тоффлер, Месарович), Пасло (АҚШ), Песталь (Германия), Фримен (Буюк Британия) намояндалари технологик тар-ётнинг ижобий имкониятлардан фойдаланиб, инсоният тамаддунини сақлаб қолиш мумкинлиги ғоясини асослашга ҳаракат қиладилар. Маъ-ят масаласи ҳам бугунги Ф.нинг махсус ва жуда кўпчиликни қизиқтираётган тадқиқот объектларидан бирига айланмоқда. Жаҳон халқлари орасида келажакни қандай тушуниш ва унда яшашга маън-й жиҳатдан қандай тайёргарлик кўриш масаласи муҳим аҳамият касб этаётганидек, Ф.да маъ-ят масаласини чуқур тадқиқ этиш ҳам долзарб мавзуга айланиб бормоқда.

ФУҚАРО  (араб. фақир сўзининг кўплик шакли) – муайян давлат Конституцияси ва қонунларида белгиланган ҳуқуқлардан фойдалана оладиган, қонунларда кўрсатиб ўтилган бурчларни бажариш шарт бўлган шахс.  Ўтмишда Ф. ўрнида асосан табаа, раият сўзлари, баъзан шу сўзнинг ўзи ҳам қўлланилган. Алишер Навоий асарларида раият сўзи кўп учрайди. “Тарихи мулуки ажам” асарида: “Дерларким, етти йил раиятдан хирож олмайди” деб ёзган. Шўролар замонида бу сўз ўрнида, асли лотинча бўлмиш граждан ибораси ишлатилган, мустақилликка эришилгач, атама сифатида фуқаро жорий этилди. Ҳуқуқий ўрни қонун б-н мустаҳкамланган шахснинг давлат ичкарисида ёки ташқарисида бўлишидан қатъи назар, маълум бир давлатга қарашлигига Ф.лик дейилади, бундай ҳуқуққа эга шахс Ф. деб аталади. Ўзбекистон Ф.си Республикамиз Конституцияси ва қонунларида белгиланган ҳуқуқлардан фойдалана олади, қонунларда кўрсатиб ўтилган бурчларни бажариш шарт. Ўзбекистон Ф.лари миллати, ирқи, жинси, касб-кори, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, фуқаро сифатида қонун олдида ҳуқуқан тенгдирлар. Фуқароларнинг ўз фуқаролик ҳуқуқларини билиб олишлари ва ҳимоя қилишлари ҳамда бурчларини чуқур англаб етишлари учун уларни хуқуқий жиҳатдан тарбиялаб бориш галдаги зарур вазифалардан биридир. Бу жараён фуқаролар учун маънавий камолот манбаи бўлиши билан бирга, таълим-тарбия тизими учун ҳам доимий амалий фаолиятдир.

ФУҚАРО МАДАНИЯТИ — фуқаронинг инсоний ривожланганлик даражаси, унинг ижодий куч, маъ-ят-маърифати ва қобилиятларининг амалга ошиши имкониятлари бўлиб, у ҳар бир фуқаронинг ҳаёти ва фаолиятини ташкил этиш, бошқалар б-н мун-тларни ташкиллаштириш, уларнинг фаолияти йўналишларида кўзга ташланади. Ф.м. инсоннинг маън-й ҳаёти б-н чамбарчас боғлиқ бўлиб, ўзида инсонларнинг предметли фаолияти натижалари, ш-дек инсоний имкониятлар ва қобилиятларни акс эттиради. Ф.м. нафақат жам-тга, унинг тинч-осудалиги, фаровонлиги, шунинг б-н бир пайтда алоҳида шахснинг маън-й баркамоллигига таъсир кўрсатади. Ф.м. оғзаки ижодда, санъатда, адабиётда, тарихий меросда кишиларнинг маън-йлашган, объективлашган маданиятида кўринади. Ф.м. кўп қиррали т., унда инсоният томонидан моддий, маън-й ҳаётда қўлга киритилган, билим, тафаккур, тажриба, урф-одат ва анъаналар уйғун фаолият тарзида намоён бўлади. Давлат ва жам-т тар-ёти, унинг рив-ш тамойиллари Ф.м. б-н узвий боғлиқдир.

ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ – жамият тараққиётининг аввалги босқичларида давлат ҳокимияти органлари бажариб келган талай вазифаларнинг  жамоат ташкилотлари зиммасига ўтиши, давлат фаолияти устидан ижтимоий  назорат ўрнатилиши билан характерланади. Ф.ж. шаклланиш суръатлари бир қатор омилларга боғлиқ. Сиёсий, ҳуқуқий омиллар Ф.ж. сари боришнинг сиёсий-  ҳуқуқий асос сифатида хизмат қилса, бу жараённинг сурьати кўп жиҳатдан ташкилий, маданий ва руҳий омилларга боғлиқдир. Фуқароларнинг сиёсий, ҳуқуқий маданияти Ф.ж. қуришнинг муҳим омиллари ҳисобланади. Бу омиллар қанчалик ривожланган, етук бўлса, жамият ривожи учун шунчалик мустаҳкам  пойдевор  яратилади. Аммо Ф.ж. барпо этиш жараёнининг изчиллиги ва суръатлари  жамият ва  фуқароларнинг маданияти, маънавияти ва руҳияти билан белгиланади.  Шарқ ва Ғарб алломалари асарларида Ф.ж. масаласи катта ўрин тутади. Қадимги даврда бу муаммо билан Сократ, Платон, Аристотель, Ўрта асрларда Абу наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий, Янги даврда Ф.Бэкон, Д.Дидро, Ж.Ж.Руссо, Вольтер, И.Кант, Гегель сингари алломалар шуғулланишган. Ф.ж. масаласи Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри”, А.Навоийнинг “Садди Искандарий” асарларида алоҳида эътиьор қаратилган. Шарқ ва Ғарб олимлари томонидан Ф.ж.га турлича таърифлар берилган. Улар ўртасида умумий жиҳатлар билан бир каторда муайян тафовутлар ҳам мавжуд. Бу таърифларни шартли равишда учта асосий туркумга ажратиш мумкин.  Мас., Гегельнинг таърифига кўра, Ф.ж. ¾ оила ва давлатнинг муқобили ва айни пайтда улар билан боғлиқ тизим бўлиб, унда ҳар бир индивид ўзининг мақсадларига интилади. Лекин, ўзгаларнинг мақсадларини ҳам ҳисобга олмаса, у ўз мақсадларига етиша олмайди; бунда давлат сиёсий-маънавий бирлик ва умумий манфаатларни таъминлашга ҳаракат қилади. Маркс таърифига кўра, Ф.ж. хусусий мулкчиликка асосланган жамият бўлиб, унда ижтимоий муносабатлар синфий антогонизмлар шаклида бўлади, бу муносабатлар давлатнинг пайдо бўлиши ва ривожланишини белгилайди. Учинчи туркумга оид таърифга кўра, Ф.ж. индивидларнинг ихтиёрий тарзда ўзларини намоён қилиши, уюшма ва ташкилотларга бирлашиши ва давлат ҳокимияти органлари тазйиқидан ҳимояланадиган жамиятдир.  Ф.ж.га берилган  ушбу таъриф ҳозирги вақтда кўпчилик томонидан маъқулланмоқда. Ф.ж.га берилган бу таърифда Ф.ж.нинг давлатга муқобил бўлиши ва айни пайтда унга боғлиқ экани; ҳар бир фуқаро ўз мақсадларига интилиш йўлида ўзгаларнинг ҳам мақсадларини ҳисобга олиши зарурлиги; фуқароларнинг уюшма ва ташкилотларга ихтиёрий равишда бирлашиши; давлатга фақатгина сиёсий-маънавий бирлик ва умумий манфаатларни таъминлаш функцияси юклангани каби жиҳатлар ўз ифодасини топган. Мамлакатимизда фуқароларнинг уюшма ва ташкилотларга ихтиёрий равишда бирлашиши масаласига  алоҳида эътибор қаратилаётганининг  сабаби шундаки, ана шу уюшма ва ташкилотларнинг ривожи фуқаролик жамияти шаклланишининг бош омилидир. Уларнинг тараққий этиши эса, кўп жиҳатдан фуқароларда корпоратив маданиятнинг шаклланиш даражаси билан белгиланади. Ҳар бир фуқаро жамиятга тўғридан-тўғри эмас, балки турли жамоа, уюшма ва ташкилотларнинг аъзоси сифатида бирлашади.  Ф.ж. шаклланишида маънавий ва маданий омиллар жуда муҳим роль ўйнайди. Жамият жамоа ва гуруҳлардан, жамоа ва гуруҳлар эса алоҳида фуқаролардан ташкил топади. Инсонлар турли-туман бўлгани сингари, жамоа ва гуруҳлар ҳам ташкилий, маданий ва руҳий жиҳатларга кўра турфа хилдир.  Ф.ж.нинг шаклланиши турли мамлакатларда умумий қонуниятлар асосида ва ўзига хос шаклларда юз беради. Ўзбекистонда Ф.ж. шаклланишининг хусусияти шунда намоён бўладики, мамлакатимиз ижтимоий тараққиётнинг ўзига хос ва ўзига мос йўлини танлаган. Ф.ж. шаклланишидаги  хусусиятлар мамлакатимиз тарихи, миллий маданият ва маънавияти ҳамда турмуш тарзидаги ўзига хослик билан белгиланади. Мас., мамлакатимиз аҳолиси турмуш тарзининг ўзига хослиги  маҳалла институтининг мавжудлиги билан изоҳланади. Бу ноёб ижтимоий институтнинг вужудга келиши Ўзбекистон ҳудудида шаҳарларнинг ривожланиши билан боғлиқ ҳолда кечган. Чорвачилик билан шуғулланиб келган уруғ ва қабилалар деҳқончилик ва ҳунармандчилик билан шуғуллана бошлагандан, яъни ўтроқлаша бошлаганидан кейин, кичик-кичик қишлоқлар пайдо бўла бошлаган. Қишлоқлар ўтроқлашган уруғ ва қабилалар номи билан аталган. Мас., Қўнғирот, Найман, Унгут, Қангли, Қипчоқ, Баҳрин, Қиёт, Уйшин сингари топонимлар шулар жумласидандир. Уруғ ва қабилаларнинг ўтроқлашуви натижасида вужудга келган қишлоқларда деҳқончилик билан бир қаторда ҳунармандчилик ҳам ривожлана бошлади. Ҳунармандчиликнинг ривожланиши эса меҳнат тақсимотининг чуқурлашуви билан бирга майда товар ишлаб чиқариш ҳам ривожлана бошлаганини англатар эди. Шаҳарларнинг вужудга келиши айнан мана шу майда товар ишлаб чиқариш, яъни ҳунармандчиликнинг ривожланиши билан боғлиқ эди. Ўзбекистон ҳудудида ҳунармандчиликнинг ривожланишидаги ўзига хос хусусиятлардан бири шунда эдики, у ёки бу касб билан шуғулланувчи ҳунармандлар кўпинча  бир ҳудудда тўпланиб истиқомат қилишар, уларнинг устахоналари ва дўконлари ҳам шу ҳудудда жойлашган эди. Муайян бу касб эгалари жамланиб истиқомат қиладиган ҳудудлар шу касблар номлар билан атала бошлаган. Мас., (Темирчи, Тақачи, Йилқичи, Кигизчи, Жевачи, Совунгар, Аравачи, Гиламдўз)  касб номлари билан аталадиган маҳаллалар айни пайтда касбий уюшмалар ҳам эди. Бир ҳудудда бир касб эгаларининг истиқомат қилиши ва иш фаолиятини юритиши бир қатор қулайликлар туғдирар, мас., хомашё, тайёр маҳсулот  нарх-навоси, солиқлар, янги асбоб-ускуналар ва бошқа янгиликлар тўғрисида тезкор ахборот алмашишга  имкон берарди. Бундан ташқари, улар баъзи ускуна ва дастгоҳлардан жамоа бўлиб фойдаланиши ҳам мумкин эди. Қолаверса, муайян касб эгаларининг жамоа бўлиб муайян ҳудудда турмуш кечириши иқтисодий тангликлар юз берганда уларнинг салбий оқибатларини биргаликда бартараф қилиш имкони туғилар эди. Маҳаллалар фақат касбий уюшма эмас, айни пайтда ўзини-ўзи бошқариш органи ҳам эканини назардан қочирмаслик керак. Маҳалланинг асосий негизини ташкил қиладиган касб эгалари даҳа, туман, шаҳар ва вилоят миқёсидаги турли йиғин ва машваратларга  вакилларини юбориш ва шу орқали ижтимоий ҳаётга таъсир ўтказган. Маҳаллада истиқомат қилаётган касб эгаларининг  жамоа сифатида уюшгани маъмурий идоралар ва ҳокимият вакиллари билан мулоқот қилиш ҳамда мавжуд масалаларнинг ҳал этилишига хизмат қилган. Фуқаролик жамиятини шакллантиришда нафақат  иқтисодий, сиёсий ва ҳуқуқий негизлар, балки маънавий асос ҳам ғоят муҳим аҳамият касб этади. Ривожланган Ғарб мамлакатлари тажрибаси шундан далолат берадики, жамиятнинг муайян, хусусан, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ривожига эътибор қаратилиши унинг маънавий-ахлоқий асосларининг емирилиши, таназзулга юз тутиши мумкин. Ҳолбуки, мулкчилик шакли ўзгариши билан ёки тегишли қонунлар қабул қилиниши билан фуқаролик жамияти шаклланиб қолмайди. Мазкур масалага эътиборсизлик қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини талай Ғарб мамлакатлари воқелиги, маданий-маънавий  ҳабтида тобора яққол намоён бўлиб бораётган ғоят хатарли салбий жараёнлар кўзга ташланмайди. Президент И.А.Каримов таъкидлаганидек, “Бугунги кунда дунёнинг айрим ҳудудларида ана шундай ҳаракатлар натижасида катта маънавий йўқотишлар юз бораётгани, миллатнинг асрий қадриятлари, миллий тафаккури ва турмуш турзи издан чиқаётгани, ахлоқ-одоб, оила ва жамият ҳаёти, онгли яшаш тарзи жиддий хавф остида қолаётганини кузатиш мумкин” (“Юксак маънавият – енгилмас куч”, 12-13 б.).  Ф.ж.нинг  энг муҳим вазифаларидан бири одамлар онгини, маънавиятини ўзгартиришдир. Шу боис фалсафа тараққиётининг турли даврларида адолатли ва маърифатли жамият барпо этиш масаласини таҳлил этган алломалар (Суқрот, Афлотун, Арасту, Форобий, Ибн Сино, А.Навоий ва бошқалар) бундай жамиятни фақат моддий негизларга таяниб, маънавий қадриятларни эътиборга олмасдан барпо этиб бўлмаслигини асослаб берганлар (мас., Суқрот Афина демократия ҳақида фикр юритиб, унинг манбаи фақат ҳокимият ва моддий неъмат эмас, у ҳар бир фуқародан улкан масъулият, тинимсиз машаққатли меҳнат, юксак маънавият ва билим талаб этишни уқтиради. Алломанинг бу қарашларига муштарак ғояларни Фаробий, Ибн Сино уйғониш ва маърифатпарварлик даври мутаффаккирлари асарларида ўз ифодасини топган). Шу боис Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки босқичларидаёқ юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ҳамда замонавий Ф.ж.нинг барпо этиш йўлади иқтисодий, ижтимоий ҳаёт, сиёсат, ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар маънавий-маърифий жабҳадаги ислоҳотлар билан уйғун ҳолда амалга оширилмоқда. Бу ўринда мамлакатимизда миллатлар ва динлараро тинчлик-тотувликни мустаҳкамлаш, маънавий-ахлоқий тарбияни кучайтириш, тарихий илдизларимизга, миллий ўзлигимизга қайтиш, аҳолининг сиёсий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш фуқаролик жамиятининг етакчи институтлари – нодавлат ноҳукумат ташкилотлар, жамоат уюшмалари, оммавий ахборот воситалари, маҳалла фаолиятини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бир сўз билан айтганда, ортимизда моддий ва маънавий жараёнларнинг ўзаро мутаносиб тарзда ривожлантирилаётгани сиёсий-ижтимоий барқарорлик, тараққиётнинг мустаҳкам гарови, “кучли давлатдан-кучли жамият сари” тамойилининг амалиётга изчил тадбиқ этилишига хизмат қилмоқда. Бинобарин, Ф.ж. ривожланиб, такомиллашиб боргани сари халқимизга хос бўлган ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик, меҳр-оқибат, меҳмондўстлик ва саҳоват, қаттиқ ирода ва иймон-эътиқод каби азалий маънавий қадриятларнинг аҳамияти ортиб боради.

Х