Г

ГАРМОНИЯ (юн. harmoniya – алоқа, уйғунлик) – маълум тизим элементлари, таркибий қисмлари ривожланишининг муайян даврида ўзаро мувофиқ, мутаносиб, узвий боғлиқлик ва алоқадорлик ҳолатини англатувчи т.. Г.нинг намоён бўлиш шакллари кўп. Мас., фал.да мазмун ва шакл, бутун ва бўлак, система ва элементлар ўртасидаги мутаносибликка нисбатан ишлатилади; мусиқа санъатида кўпчилик ижро этадиган қўшиқлар (хор) ёки куйлардаги уйғунликни билдиради; оилада эр ва хотин ўртасидаги бир-бирига мослик, баҳамжиҳатлик ва тотувликин англатади; маънавиятда ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик асосига қуриладиган барқарорлик ва инсоний муносабатлардаги  ўзаро уйғунликни ифодалайди.

ГЕГЕМОНИЗМ (юн. гегемония – етакчилик, бошқариш) – турли соҳаларда, жум., маън-й соҳада ҳам устунлик ва ўз ҳукмига бўйсундиришни англатувчи т.. Г. моҳиятан дунё барқарорлигини таъминлаш ёки уни мустаҳкамлашга қаратилган сиёсатга зид ҳодиса бўлиб, ижтимоий тараққиёт, жамият барқарорлиги ва хавфсизлигини издан чиқаради. Баъзи давлатларнинг барча соҳаларда устунлик ва дунёни ўз ҳукмига буйсундиришга интилиши инсоният тарихининг турли босқичларида салбий оқибатларни келтириб чиқарган. Г. бирон-бир қудратли кучнинг манфаатларини устувор даражада, бир томонлама таъминлаш мақсадини кўзлагани сабабли у бошқа томоннинг манфаатларига зид бўлиб, ижтимоий, сиёсий ва маънавий ривожланишга путур етказади. Бундай aдолатсизлик етарли имкониятга эга бўлмаган давлатлар ва миллатларнинг халқаро жараёнларда тўлақонли иштирок эта олмаслигига сабаб бўлади. Натижада табиий равишда бундай мамлакатлар халқларида гегемонликка интилган давлатлар ҳамда халқларга нисбатан нафрат ва норозилик кайфияти пайдо бўлади, дунё ҳамжамиятининг барқарор ривожи давлатлараро мун-тларга салбий таъсир этади.

ГЕДОНИЗМ (қад. юн. hedone – завқланиш, роҳатланиш) – инсоннинг бутун ҳаёт мазмуни роҳатланишдан иборат, деган ғояни ифода этадиган т.. Г.га биноан роҳатланишга интилиш инсоннинг табиий эҳтиёжи ҳаётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучидир. Г. таълимотининг асосчиси Сократнинг замондоши Аристиппдир (э.а. 435–355 й.й.). Аристипп инсон руҳининг икки ҳолатини – роҳатланиш ва оғриқни фарқлайди. Биринчисига юмшоқлик ва майинлик хос бўлса, иккинчиси қўпол ва руҳиятнинг кучли силкинишларидан иборатдир. Аристипп фикрича, инсон оғриқдан қочиши ва иложи борича роҳатланишга интилиши оқибатида бахтга эришиши мумкин, жисмоний эҳтиёжларни қондириш эса инсон ҳаётининг мазмун-моҳиятини ташкил этади. Бу таълимотга биноан, ҳузур-ҳаловат, роҳатланиш бахш этмайдиган ҳаракатга эътибор қаратиш ва куч сарфлаш арзимайди. Дарҳақиқат, инсон ҳаётини роҳатланиш ва танага завқ бериш сифатида талқин этиш маълум асосга эга. Роҳатланиш бир қанча омиллар орқали ҳис этилиши ва моҳияти жиҳатдан турлича бўлиши мумкин: а) шахснинг ўз устида ишлаш натижасида бирон бир нуқсонни бартараф этиши; б) бировнинг тазйиқи ва таъсиридан қутулиш; в) бирон бир эзгу ишни амалга ошириш инсоннинг юксаклигини намоён қилиш; г) ўз-ўзини ифода этиш. Роҳатланиш инсоннинг жисмоний ёки руҳий зўриқиш ҳолатининг мўътадиллашуви, зарур ҳаётий функцияларнинг тикланишида ифодаланади. Г. роҳатланишнинг айнан ана шу талқини негизида кейинчалик юзага келади. Г. нинг моҳияти йиллар давомида ўзгариб ва ривожланиб борган. Натижада г. ҳақидаги барча маълумотлар психологик г. ва ахлоқий-этик г.га ажратилган. Г.нинг психологик талқинида инсонни ҳаракатга ундовчи асосий куч бу – завқланиш ва роҳатланишга интилиш дея эътироф этилади. Ахлоқий-этик г. эса, инсон ўзининг ёки ўзга кишиларнинг роҳатланиши учун яшаши керак деган  ғояни тарғиб этувчи турли хил фал-й ёндашувларни ўзида мужассамлаштирган. Мас., г.ни роҳатланиш сифатида тарғиб этувчи  ёндашувлардан бирининг асосчиси Эпикур инсоннинг ётсирашдан ва жирканишдан халос бўлиши бу – хоҳиш-истакларни қондириш дея талқин этади. Бу ёндашув инсон эҳтиёжларининг қондирилиши эмас, балки азоб ва бахтсизликдан халос бўлиш мақсади ифода этилган. Инсон ҳаётини гедонистик ёндашув асосида талқин қилиш фал. тарихида марказий масалалардан бири бўлиб келган ва кўплаб файласуф-мутафаккирлар ижодида ўзига хос тарзда ифода этилган. Француз файласуфи И.Бентамнинг ёзишича, «Табиат инсонни икки асосий борлиқ: азоб ва роҳат гирдобига туширган. Улар бугун биз нима қилишимиз ва эртага нима б-н шуғулланишимизни белгилаб беради. Ҳатто ҳақиқат ва ёлғон, сабаб ва оқибат мезонлари ҳам ана шу икки асосий негизга таянади». Г. таълимотида инсоннинг майл ва эҳтиёжлари жам-тда ўрнатилган ижт-й меъёрларга қарама-қарши қўйилади, инсон эркинлигини чекловчи ва унинг ўзига хос хус-ятларини намойиш этишга тўсқинлик қилувчи ҳар қандай ижт-й шарт ва меъёрлар инкор этилади. Г. таълимотининг ижобий жиҳати шундаки, у ўрта а.лар фал.сида  диний догматизмга қарши жиддий оппозиция  бўла олди ва ахлоқни соф диний тушунишга қарши қўйди. Ҳозирга келиб, инсоннинг ҳаёт мазмуни шахсий эҳтиёжларни қондиришдангина иборат, деган одамларни ҳам учратамиз. Бундай одамлар ўзлари билмаган ҳолда юқорида баён этилган Г. ғоясининг асл намояндалари бўлиб шаклландилар ва фал-й тимсол сифатида гедонистлар деб ном олганлар. Улар ҳар бир хатти-ҳаракатларида шахсий эҳтиёжларини олий даражада қондиришга интиладилар ва ҳатто айрим пайтда жам-тда мавжуд ижтимоий қоидаларга ҳам қарши чиқа бошлайдилар. Гедонистларнинг шиорга айланган «Ишлагинг келмадими ишлама, бирон нарсанинг энг яхшисига эга бўлмоқчимисан, шуни қўлга кирит» тамойили уларнинг асосий ҳаёт мазмунига айланади. Ҳар қандай йўл б-н роҳатланишга эришиш ва ҳатто бу йўлда бошқалар манфаатини суиистеъмол қилиш, жам-т талабларини менсимаслик гедонист шахснинг тубанлигидан далолат беради. Катта шаҳарларнинг пайдо бўлиши ва уларга хос бўлган турмуш тарзи кўп жиҳатдан гедонистик моҳиятни ўзида мужассамлаштирмокда. Кўпчилик олимлар Г.нинг негизини инсоннинг жинсий майллари асосида деб билишади. Жинсий роҳатланиш асосида юзага келган биринчи ижобий ҳиссиётлар жинсий майлни янада кучлироқ қондиришга ундайди ва одам асосий эътиборини айнан роҳат олишга қаратади, деб таъкидланади.  Ғарб фал.сида Г.га қарши аскетизм ғояси ўртага сурилади. Аскетизм инсоннинг ўз-ўзини ҳузур-ҳаловатдан чеклашини англатиб, Г.нинг қарама-қарши қутби сифатида тушунилади. Гап шундаки, аскетизмдаги ўзини тийиш ва ҳатто ноқулайликларга мойиллик ҳам охир-оқибатда роҳатланишга, азобланишдан  қониқиш олишга йўналган.

ГЕЛИОЦЕНТРИЗМ, гелиоцентрик система (юн. helios –  Қуёш ва лот. centrum – марказ) — оламнинг марказида  Қуёш туриши тўғрисидаги таълимот. Бу ғоя Н. Коперникнинг “Осмон сфераларининг айланиши тўғрисида” (1543) асарида  илгари сурилган эди. Коперник наз-яси дастлаб геоцентризм элементларидан холи бўлмаган. Мас., сайёраларнинг бир хил доиравий ҳаракати, коинотнинг ягона маркази (Қуёш) мавжудлиги тўғрисидаги Коперник тасаввурлари  шундан далолат беради. Кейинчалик Ж. Бруно, И. Кеплер, Г. Галилей ва б. томонидан бу камчиликлар бартараф этилган. Исаак Ньютон асарларида  бутун олам тортишиш қонуни ва механика қонунларининг изоҳлаб берилиши туфайли сайёралар ҳаракатининг хус-ятлари тушунтирилиб берилгач, Г. таълимоти ҳар томонлама  асослаб берилди. Ш-дек, Ернинг ҳаракатига доир ишончли маълумотлар, унинг муайян орбита бўйлаб ҳаракатланиши тўғрисидаги далиллар  қўлга киритилди. Г. ва геоцентризм (Ер – коинот маркази, Қуёш ва б. сайёралар унинг атрофида айланади, деб ҳисобловчи таълимот) ўртасидаги баҳс бир неча а. мобайнида  фанда дунёқараш ва мафкуравий  муаммо  бўлиб   келди.  Хус-н,  католик  черкови Г.ни христиан дини  ақидаларини инкор этишда айблади ва оқибатда Коперникнинг асари икки а.дан кўпроқ давр мобайнида (1616-1822) таъқиб этилди. Г. ҳоз. замон астрономия фани ривожида катта аҳамиятга эга бўлди.

ГЕНДЕР (инг. gender – уруғ) – инсон жинсининг ижт-й-мад-й ва маън-й жиҳатини  ифода этувчи т.. Ижт-й фанларда жинс мавзусини ўрганишда 1950 йиллардан бошлаб Г. ибораси киритилди. Бу давргача “жинс” т.си одамнинг анатомо-физиологик хус-ятини англатган ҳолда инсониятни эркак ва аёл жинсларига ажратишнигина назарда тутарди. Жинс (яъни биологик хус-ятлар) эркак ва аёллар ўртасидаги фарқларнинг асоси ва бирламчи сабаби деб талқин этиларди. Лекин одамлар ўртасида биологик фарқлардан ташқари, уларнинг социал роллари, хулқидаги фарқлар ва ҳиссиёт соҳаларининг намоён бўлишида ҳам катта фарқлар кўзга ташланар эди. Шу туфайли Г. ибораси пайдо бўлди ва бу сўз остида турли жам-тларда яшовчи эркак ва аёллар хулқини белгиловчи социал ва мад-й роллар меъёрлари мажмуаси тушунила бошланди. Қатор тадқиқотлардан аниқланишича ва бир қанча жам-тлардаги одамлар ҳаётини кузатиш асосида шундай хулосага келиндики, турли жинс вакиллари хулқида кузатилувчи фарқлар (мас., шахснинг психологик сифатлари, хулқ шакллари, фаолият турлари, эркак ва аёллар шуғулланадиган касблар) биологик асосдан кўра кўпроқ ижт-й-мад-й меъёрлар орқали белгиланган экан. Жам-тда эркак ёки аёл бўлиш нафақат анатомик тузилиш эвазига, балки инсонларга юклатилган Г. ролларига амал қилиш б-н ҳам белгиланади. Г. эркак ва аёлларга тегишли социал модел сифатида жам-т томонидан яратилади ва бу орқали эркак ёки аёлнинг жам-тдаги, унинг турли ин-тидаги мавқеи белгиланди (оилада, сиёсий структурада, иқтисодиётда, мад-тда ва таълимда ва ҳ.к.). Эркак ва аёл ҳақидаги интегратив тасаввурлар Г. тизимини яратади ва бундай тизим турли жам-тларда турличадир. Лекин уларга хос бўлган умумий томон шундан иборатки, Г. тизимлари доимо ва ҳар ерда ассимметрикдир, яъни эркаклар ва барча эркаклар номи  б-н боғлиқ хус-ятлар бирламчи, аҳамиятли бўлса, аёллар ва аёллар номи б-н боғлиқ хус-ятлар иккиламчи, кам аҳамиятли ҳисобланади. Г.нинг асосий моҳияти унинг икки қутблилиги ва ички зиддиятга эгалигидир, яъни Г. ёндашуви асосида жам-тда мавжуд бўлган жинс мавзусига оид ўзаро зиддиятли ҳолатлар ўрганилади. Ҳар қандай жам-тда ижт-й тавсифлар жинс масаласи б-н боғлиқ ҳолда қаралса, бирон жинсга тааллуқли деб топилувчи социал роллар бирламчи, бошқалари эса иккиламчи деб талқин қилинади. Аёллар хулқидан келиб чиқувчи роллар доимо иккиламчи, иккинчи даражали деб қабул қилинади. Вақт ўтиши б-н социал роллар ўзгариб боради, лекин  Г. ассиметрияси сақланиб қолаверади. Шундай қилиб, Г. жам-тни ижт-й жиҳатдан табақалаш шакли бўлиб, бунда ирқ, миллат, синфлар, турли ёш гуруҳлари сингари жинс вакиллари ўртасида ҳам маълум мавқе ва иерархик мун-тлар ўрнатилади. Туғилган давридан бошлабоқ инсон Г. тизими таъсирида бўлади. Анъанавий урф-о.лар кучли ўрин олган жам-тларда туғилиш б-н боғлиқ бўлган  турли удумларга риоя этиш, чақалоққа танланаётган кийимнинг рангидан бошлаб то  ўйинчоқларгача бўлган эътибор – инсонни ёшлик чоғиданоқ Г. тизимига киритади, оиладаги фарзандларга бўлган мун-тда ҳам Г. фарқлар кўзга ташланади. Ўғил болаларнинг уйдан узоқроқ кетишга рухсат берилиши, қизларга қўйиладиган чекловлар, қиз фарзандга нисбатан мулойим мун-т ва ўғил болалар б-н «эркакча» мун-т  каби бир қанча фарқлар эркак ва аёлларга бўлган турли мун-тларнинг илк кўринишидир. Ўз негизига кўра, Г. тадқиқотлари дастлаб аёллар мавзуси, аёллар муаммоларини ўрганиш доирасида шаклланди. Ш.у. ҳам, ҳозирга қадар айрим одамлар тасаввурида «Г.» сўзи «феминизм» ибораси  б-н айнан бир хил маънода идрок қилинади. «Феминизм» соҳасидаги тадқиқотлар айнан аёлларга оид масалаларни, аёлларнинг жам-тдаги мавқеини, аёллар ҳуқуқини таъминлаш борасидаги изланишлар атрофида амалга оширилган бўлса, Г. тадқиқотлари эса эркак ва аёл мавқеининг ўзаро нисбати, эркак ва аёллар хулқини белгиловчи хулқ меъёрлари ҳамда улардан келиб чиқувчи роллар мажмуаси, шу ролларнинг шахс шаклланишига таъсир этишини ўрганишдан иборатдир. Г. мавзусидаги асосий т.лар доирасига қуйидагилар киради: Г. идентификацияси (шахснинг жинсга монанд хулқ шакллари б-н ўзини уйғунлаштириши), Г. мафкураси (жам-тдаги Г. фарқларни тасдиқловчи ва асословчи ғоялар), Г. дифференциацияси (табиий деб топилган жинсий фарқларга ижт-й мазмун бериш), Г. роллари (ижт-й талабларни бажариш). А.лар давомида мавжуд бўлиб келган ва инсоннинг ижт-й муҳитда ҳаракатланиш йўналишини белгилаб берувчи ижт-й меъёрлар турли жинс вакиллари ўртасидаги ўзаро мун-тни изга солган ҳолда жам-т аъзолари турмушини енгиллаштиради, турли жинс вакиллари ўртасидаги муаммоларни тезда ҳал этишга имкон яратади ва энг асосийси, жинсий ролларни ўзлаштириш оқибатида болада яна бир  асосий маъ-ят шакли – миллий ўзликни англаш, ўз миллатига хос мад-й қадриятларни ўзлаштириш жараёни таъминланади.

 

ГЕНЕТИКА (юн. genesis – келиб чиқишга оид) – организм ирсияти, ўзгарувчанлиги қонуниятлари ҳамда уларни бошқариш методлари тўғрисидаги  таълимот. Г. фан сифатида генларнинг мавжудлиги кашф этилганидан кейин (Мендель, 1866) шаклланди. Ирсиятнинг хромосома назариясининг яратилиши (Морган, 1910) ва бу наз-янинг генларнинг  хромосомаларда жойлашганлигини кўрсатиб берганлиги биологияда Г.нинг қарор топиши йўлида янги қадам бўлди. Ташқи муҳит омиллари таъсири остида ўзгарувчанлик генларининг туб хоссасидир. 1944 йилда оқсил эмас, балки нуклеин кислоталар генетик информациянинг муҳим манбаи эканлиги кўрсатиб берилди. ДНК молекуларининг физикавий, кимёвий ва генетик моҳиятининг Уотсон ва Крик томонидан очиб берилиши (1953) ҳоз. замон молекуляр генетикасини яратишга олиб келди ва молекуляр биологияга асос солинди. Ривожланиш натижасида генетика аста-секин ўз тадқиқотларида  физика, математика, кибернетика, химиядан фойдалана бошлади. Бу ҳам ҳужайра тўғрисидаги таълимотни ўз-ўзини регуляция қилувчи ва ўз-ўзини такрор ҳосил қилувчи тизим тўғрисидаги таълимот сифатида  реал мазмун б-н тўлдиришга имкон берди. Регуляциянинг сири организм б-н муҳитнинг диалектик бирлиги асосида турларнинг генетик информацияси янги системаларининг популяциялардаги танлаш яратадиган дастурлаштирилмаган ўзгаришлардир. 1926 йилда популяциялар Г.сига асос солинди. Г. назарияси ва амалиётининг ривожланиш истиқболи ҳужайралардан изоляция қилинган генларни ажратиб олиш ҳамда генларнинг кимёвий синтези юзасидан олиб бориладиган тадқиқотларга боғлиқ. Ҳоз. замон Г.си учун характерли нарса шуки, у нафақат табиат, қишлоқ хўжалиги б-н, балки жамият ва инсон танасини тадқиқоти атом энергияси ва химиясидан фойдаланиш, космик биология б-н алоқаси тобора кучайиб бормоқда. Замонавий Г.да ген инженерияси ва клонлаштиришнинг маънавий-ахлоқий масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда.

ГЕНОФОНД — генлар заҳираси; турли ген (ирқ)ларнинг тарқалиши, уларнинг  нисбий миқдор ва таркибий сифати; у ёки бу организмларнинг тарқалганлиги. Меросий белгиларни ўрганиш ва аниқлаш инсон генетикаси учун ҳам, жониворлар ҳамда ўсимликлар генетикаси учун ҳам чуқур аҳамиятга эга. Генларнинг кетиб қолиши ёки кириб келиши ҳисобига Г. сезиларли даражада ижобий ёки салбий бўлиши мумкин, бунда унинг мослашиш имконияти даражаси ошади ёки пасаяди. Ҳозирги вақгда Г.ни сақлаш муаммоси дунёнинг барча мамлакатлари учун долзарб масалага айланган. Мамлакатдан кўплаб чиқиб кетиш ва мамлакат ичида бир жойдан бошқа жойга кўчиб ўтиш муносабати билан Г.нинг сезиларли қайта тақсимланиши, шунингдек, мамлакат айрим минтақалари ҳудудидан чиқиб кетиши юз бермоқда. Бундай вазиятда асосан илмий, ижодий, техник зиёлиларнинг, малакали мутахассисларнинг ҳамда ижтимоий қимматга эга инсонларнинг миграцияси Г.нинг қашшоқлашишига олиб келади. Бу ҳол исталган мамлакатнинг ижтимоий, иқтисодий, маънавий ва интеллектуал салоҳиятига салбий таъсир этади.

           ГЕНОЦИД (юн. genos – насл-насаб ва лот. сaedere – ўлдиряпман, йўқ қиляпман) – одам зоти ва инсониятга қарши қаратилган ҳамда маъ-ят қонунларига бутунлай зид бўлган энг оғир жиноятлардан бирини англатувчи т.. Аҳолининг айрим гуруҳларини ирқи, миллати, этник ёки диний белгиларига қараб йўқ қилиш, уларни қасддан батамом ёки қисман қириб ташлашни кўзда тутадиган шарт-шароитларни вужудга келтириш, ш-дек, болалар туғилишини чеклашга қаратилган чоралар. Г. термини 1943 йилда асли келиб чиқиши яҳудий бўлган польшалик юрист Рафаэль Лемкин томонидан киритилган бўлиб, 1948 йилда халқаро ҳуқуқ мақомини олган. 1948 йилдан эътиборан Г. БМТ да халқаро жиноят сифатида тан олинган. Г.ни содир этиш ва унга жазо қўллашни огоҳлантирувчи Конвенцияда инсон ҳаётига қарши қаратилган оғир жиноят сифатида баҳо берилган. ЎзР Жиноят кодексида ҳам тинчлик, инсон хавфсизлигига қарши қаратилган жиноят сифатида мустаҳкамлаб қўйилган. Г. XVIII-XIX а.ларда баъзи Европа давлатлари мустамлакачилик сиёсатида яққол намоён бўлди. Мас., Европаликлар Тасмания ороли аҳолисини ҳайвонларни овлаш каби қирғин қилганлар, охирги тасманиялик одам 1843 йилда отиб ўлдирилган. Геноцид апартеидга хос бўлган айрим хус-ятларни ўз ичига олади. “Геноцид жиноятининг олдини олиш ва унинг учун жазолар тўғрисида”ги Халқаро Конвенция (1948) Г.ни содир этишга айбдор деб топилган шахсларга нисбатан халқаро жиноий жавобгарликни белгилайди. ХХ а.да Г.га оид машҳур фактлар хронологияси  қуйидагича: Усмонийлар империясида арманларни ўлдириш ва қувғин қилиш; II жаҳон уруши даврида нацистлар Германияси томонидан яҳудийларни қириб ташлаш; II жаҳон урушида хорватиялик Павелич режими асосида сербларни оммавий қирғин қилиш; 1975-1979 йилларда Камбоджада Пол Пот ва Иенг Сари  режими асосида уч млн.дан ортиқ камбоджаликларни қириб ташлаш; 1987-1989 йилларда  Анфал операцияси жараёнида Ироқ қуролли кучлари томонидан Шимолий Ироқдаги курдларни қириб ташлаш; 1994 йилда Руандада хуту қабилалари томонидан 800 мингга яқин тутси қабилаларининг қирғин-барот қилиниши. Собиқ иттифоқда ҳам Г. амалга оширилган, натижада оммавий қурбонлар бўлишига олиб келган. Г. қандай шаклда бўлишидан қатъий назар  инсониятга қарши жиноят сифатида қораланади.

ГЕОСИЁСАТ (юн. geo – ер, politika – ҳудуд ёки давлатни бошқариш санъати) – сиёсий атама бўлиб, давлатнинг ташқи ҳамда ички сиёсатининг йўналиши, унинг мақсад ва вазифаларига, хус-н,  географик жойлашуви, ҳудудида мавжуд бўлган ресурсларнинг бошқа ҳудудларга у ёки бу даражада таъсир ўтказиши жараёни б-н боғлиқ т.. Бир қарашда Г. маъ-ят б-н боғлиқ эмасдек туюлади. Аслида эса Г.ни муайян мам-тнинг географик ҳолати, тасарруфидаги табиий ресурслар б-н бирга унга хос ижт-й, мад-й ва маън-й омилларсиз тасаввур қилиб бўлмайди, яъни уларнинг ўзаро ички боғлиқлигини инкор этиш бир томонламаликдир. Тарихда географик муҳитнинг сиёсатга, айниқса, ташқи ҳамда мудофаа сиёсатига объектив таъсирининг асоссиз илоҳийлаштирилиши (нацистлар геосиёсати) II жаҳон уруши даврида миллионлаб бегуноҳ инсонларнинг ёстиғини қуритди. Сиёсат сингари жам-т барҳаётлигининг асосий таянчларига ҳам бундай тафаккур жиддий шикаст етказади. Натижада, одамлар миясида сиёсатга нисбатан ишонч заифлашади. Г. ҳар бир давлатнинг, қолаверса, олам бир бутунлигига бўйсундирилган бўлиши лозим. Айниқса, бугун XXI а.да маър-й дунё айнан шундай ёндашувга чуқур эҳтиёж сезмоқда. Янги а. геосиёсати ўзининг барча имкониятларини тўла-тўкис инсон равнақи ва хавфсизлигига сафарбар қилиши зарур.  Бу, ўз навбатида, инсонларнинг маън-й покланиши, дунёнинг, мун-тларнинг янги мазмун касб этишига хизмат қилади. Ҳоз. даврга келиб у халқаро, сиёсий ва давлатлараро мун-тларга нисбатан ҳам қўлланмоқда. Г. атамасини фанга биринчи марта швециялик сиёсатшунос  олим Р.Челлен олиб кирган. Бу атама I жаҳон уруши арафасида кенг қўлланила бошлади. Ўша даврда яшаган немис олими Ф.Ретцель (1844-1904) давлат сиёсати ва мам-тнинг географик вазияти ўртасидаги ўзаро боғлиқлик ва алоқадорлик учун замин бўладиган янги ижт-й соҳанинг наз-й асосларини ишлаб чиқишнинг долзарб масала эканлигини аниқлаб берди. Аввал бошданоқ, юқори мафкуравий имкониятга эга бўлган Ратцель концепциясида, “алоҳида маконни ҳис этиш” қобилияти мавжуд бўлган ва ш.у. ўз чегараларини тезкор ўзгартиришга (кенгайтиришга) интилаётган халқларга алоҳида тарихий аҳамият берилган. К. Хаусхофер (1869-1946) Г. т.сини бундай талқин этиш анъанасини давом эттириб, моҳиятан тажовузкорлик табиатига эга бўлган “немис миллати ҳаётий макони”нинг имконияти ҳақидаги гипотезани ишлаб чиқди, унинг экспансионистик, империалистик жиҳатларига алоҳида эътибор қаратди ва ривожлантирди. Учинчи Рейх раҳнамолари томонидан қурол қилиб олинган Г. наз-ясининг бу кўриниши, узоқ йиллар давомида, немис геосиёсий мактабларининг академик тадқиқотларини бадном қилиб келди. Америкалик адмирал А.Т. Мэхэн (1840-1914)нинг интеллектуал схемаларида денгизбўйи ва қуруқликда жойлашган давлатлар ўртасида абадий зиддият мавжудлиги кўрсатилади, ш-дек, океан ва денгиз коммуникациялари ҳамда портлари устидан олиб бориладиган ҳар томонлама назорат давлатга узоқ вақт давомида дунёда геосиёсий устунликни таъминлаб бериши мумкинлиги таъкидланади. ХХ а.нинг 80-йилларида жаҳоннинг “биполяр” геосиёсий тузилишининг яққол инқирози ҳамда кейинги тар-ётнинг “кўп векторлик” тенденцияларининг ошиб бориши, Г. ғоясига тамоман янгича ёндашувларнинг пайдо бўлиши ва шаклланишига сабаб бўлди. Бу, хус-н, франц. генерали П. Галлуанинг “Геосиёсат қудрат манбалари” (1990) асарида ўз аксини топди. Унда, даставвал, Г. географик детерминизм ва сиёсий география б-н айнан бир эмаслигига эътибор қаратилган бўлиб, давлатнинг имкониятлари (куч-қудрати) унинг ҳудуди, аҳолиси, географик вазияти, чегаралари ва  заҳираларининг аҳволига (шу жумладан, энг янги оммавий қирғин қуроллари мавжудлигига ҳам) боғлиқлиги эътироф этилади. ХХ а. охирига келиб дунё сиёсий харитаси ўзгариши б-н бу соҳада ҳам муайян ўзгаришлар рўй берди. Аммо дунё бу б-н хавфсизроқ бўлиб қолгани йўқ. Маълумки, дунё харитасида Ўз-ннинг ўз ўрни  бор. Унинг ер усти ва ер ости бойликлари, Ғарб ва Шарқ орасидаги алоқалар маркази бўлиш имкониятлари, М.О.да аҳолиси, ишлаб чиқариш имкониятлари, илмий салоҳияти ва б. жиҳатлардан етакчи  мам-т эканлиги ривожланган мам-тларнинг геосиёсатида Ўз-н б-н ҳисоблашиш, у б-н иқт-й-сиёсий алоқаларни узоқ мақсадни кўзлаб ўрнатиш заруратини туғдиргани бежиз эмас.

ГЕОЦЕНТРИЗМ  (юн. gео-Ер ва лот. centrum – марказ) – Ер куррасини коинот маркази деб ҳисоблайдиган таълимот. Птоломейнинг геоцентрик наз-ясига кўра, Ер бутун чексиз коинотнинг маркази ҳисобланади. Уйғониш даврининг йирик олими, илмий астрономиянинг асосчиси Николай Коперник (1473-1543) гелиоцентрик наз-яни илмий жиҳатдан асослаб берди. Бу таълимотга кўра, Коинотнинг маркази – қуёш. Ер ва қуёш ўз ўқи атрофида айланади.

ГЕРОНТОЛОГИЯ — биология ва тиббиётнинг тирик мавжудотлар, шу жумладан, инсоннинг қариши қонуниятларини ўрганувчи соҳаси. Г.нинг  вазифаси қаришнинг илк аломатларини аниқлаш, организм ҳаёт фаолияти жараёнида уларнинг бир-бири билан алоқадорлигини белгилаш, организмнинг атроф-муҳитга мослашишининг ёш билан боғлиқ жиҳатларини билишдан иборатдир. Г.ни ўрганиш қарилик моҳиятини тўғри тушуниш учун катта аҳамиятга эга. Чунки бунда кекса ва қари ёшдаги шахслар учун хос бўлган касалликларнинг сабаби, уларни тўғри муолажа қилиш ва самарали олдини олиш чораларини ишлаб чиқиш мумкин бўлади. Г.нинг инсонни ўрганувчи йўналиши ижтимоий Г.дир. Бугунги кунда ижтимоий Г.ни ўрганиш кекса ёшдагилар учун тинч, осойишта шароит яратиб, ҳаётини мазмунли қилиш имконини яратади.

ГИЁҲВАНДЛИК (НАРКОМАНИЯ) — оғриқ қолдирувчи, тинчлантирувчи, ухлатувчи, пировардида банги қилувчи табиий ва синтетик моддаларга мойил бўлиш. Г. воситасини оз–оздан истеъмол қилганда ҳақиқий ҳолатга мос келмайдиган ўзидан–ўзи хурсанд бўлавериш, кўпроқ истеъмол қилганда сулайтириб ҳушини йўқотишгача, уйқуга олиб келувчи, муттасил, нотиббий равишда истеъмол қилганда доимий дозасини ошириб боришни талаб қиладиган касаллик. Г.нинг турлари асосан қуйидагилар: опий Г.лиги — опиатлар суиистеъмоли натижасида келиб чиқади (морфин, кодеин, тебаин, героин); наша истеъмол қилувчи бангилик (нашавандлик); эфедрон, кокаин истеъмол қилувчи бангилик. Уларнинг ҳар бири ўзига хос хусусиятига эга, аммо ҳамма турларининг умумий белгилари кимёвий моддага ўрганиш, жисмоний ва руҳий мойиллик ҳамда абстинент ҳолати ривожланишидан иборат. Кўп гиёҳвандларда наркотик воситани биринчи истеъмолидан бошлаб 2-3 ҳафтада мойиллик пайдо бўлади, аммо ҳозир шундай синтетик наркотиклар борки, улар қайта инъекция олганидан сўнг тезда мойилликка олиб келади. Гиёҳванд наркоманнинг руҳий ҳолатини ўзгартириб, беморларда кайф, паришонлик, ўзининг хулқ-атворига танқиди пасайиши: сабабсиз кулги, сергаплик намоён бўлади. Вақт ва атроф-муҳитни, мувозанатни қабул қилиш бузилади. Бир хил наркотиклар карахтлик, кўриш галлюцинацияларини, баъзан товуш галлюцинациялари ва васваса ғояларини, агрессияга мойилликни чақиради. Бу агрессив ҳолати наркоманни ижтимоий хавфли қилиб қўяди. Баъзи гиёҳвандларда 3-7 кун давом этувчи ўткир психозлар ривожланади, апатия, атрофга бепарволик аломатлари пайдо бўлади. Гиёҳвандлар учун оғир кечадиган абстинент ҳолати бир хилда бўлади. Бу ҳолат наркотикни истеъмол қилишни тўхтатгандан сўнг бир неча соат, баъзида 1-2 кундан кейин юзага келади. Абстинент ҳолатида ҳавотирланиш, безовталаниш, бутун баданда кучли, кескин оғриқлар сезиш, уйқусизлик, кўнгил айнаш, қусиш, қон босимининг кўтарилиши, томир тортишлар, иштаҳа йўқлиги каби белгилар намоён бўлади. Булар 8-10 кун давом этиб, сўнг сусая бошлайди. Ҳамма гиёҳвандларда ички аъзолар хасталиклари ривожланади. Беморлар ёшига нисбатан катта кўринишади, терилари қариган, ажинли, сарғимтир ёки кулранг тусга киради. Сочлари ва тишлари тўкилади, томирга олган инъекцияларидан кўпгина чандиқлар қолади. Наркотикларни узоқ вақт истеъмол қилганда шахс борган сари ҳолдан тояди, ҳиссиётлари қўполлашади, маънавий одатларини йўқотадилар, тез-тез одобсизлик, бемаъни ҳаракатлар содир этади. Наркоманлар ҳаётдан ёш кетадилар, наркотик модда дозасини юқори қилиб юборганида ва абстинент ҳолатида қон-томир хасталиги, ОИТСдан вафот қиладилар. Г. инсон организмини, марказий нерв системасининг фаолиятини ўзгартиради. Г.ни истеъмол қилиш инсон ҳаёти ва унинг зурриёди, фарзандларига катта салбий таъсир қилади. Г. б-н боғлиқ жиноятларни содир этганлик учун ЖКнинг 270–276-моддаларида жавобгарлик белгиланган.

ГИЛОЗОИЗМ (юн. hyle –  жисм ва zoe –  ҳаёт) – оламдаги барча нарсаларни жонли деб ҳисоблайдиган таълимот. Биринчи марта 1678 йилда Кедворт томонидан натурфал-й концепцияларда, хус-н, қад. юнон фал.сида, жонли ва жонсиз  материя ўртасидаги тафовутни инкор этиш мақсадида қўлланилган. Бу таълимот бўйича оламдаги барча нарсалар, органик ёки ноорганик бўлишидан қатъи назар, жонлидир. Фал. тарихида Г. асосида ёндашув Фалес, Анаксимандр, Анаксимен таълимотларида ҳам учрайди. Г. таълимотига кўра  борлиқ бу – ҳаёт, йўқлик эса – ўлим демак. Бу т. кейинчалик Уйғониш даври намояндалари Б.Телезио ва Ж. Бруно асарларида қайта тикланган. Б. Спиноза тафаккур материянинг атрибути сифатида  табиатдаги барча нарсаларга  тааллуқли эканлигини таъкидлаган. Франц. файласуфлари Дидро, Робинэ жон ҳар қандай материяга хос эканлиги ҳақида ёзишган.

ГИМНАСТИКА — жисмонан ва маънан баркамолликни тарбиялаш воситаси, жисмоний фазилатларни ривожлантириш, тўғри қоматни шакллантириш, соғлиқни мустаҳкамлаш, иродавий фазилатларни тарбиялаш, ҳаракатларни моҳирона, енгил ижро этишга ўргатиш жараёни. Г. таълим-тарбиявий ва соғломлаштириш жараёнларининг ажралмас қисмидир. Жисмоний машқларни бажариш — инсон, айниқса, ёшлар саломатлигини ривожлантириш масалаларини ҳал қилиш шартларидан биридир. Зеро, ҳаракат фаоллиги етишмовчилиги организмнинг кўпгина функцияларига салбий таъсир кўрсатади ва қатор касалликларнинг пайдо бўлиши ва ривожланиш омили ҳисобланади. Шундай қилиб, Г. кенг маънода, инсонларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, меҳнат фаоллигини ошириш, умрини узайтириш, меҳнат, турмуш, дам олиш шароитларини яхшилаш ҳамда жисмоний маданиятини ривожлантиришга йўналтирилган тарбия усулидир. Соғлом ҳаёт тарзини шакллантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмонан соғлом, маънан бой ёш авлодни тарбиялаш, фуқароларни жисмоний тарбия ва спорт б-н фаол шуғулланишга кенг жалб этишни таъминлашга ёрдам беради.

ГЛОБАЛЛАШУВ (лот. globus — шар, Ер сайёраси) — XX а.нинг иккинчи ярми – XXI бошида жаҳон тар-ётида шаклланган янги умумсайёравий тартиботлар, давлатлар ва кишилар ўртасида ўзаро алоқаларнинг кенгайиши ва мураккаблашиши, дунё миқёсида ахборот макони, капитал, товар ҳамда ишчи кучи бозоридаги интеграциялашув, атроф-муҳитга техноген таъсирнинг кучайиши, оммавий мад-т намуналарининг кенг тарқалиши, информацион-мафкуравий ва диний-экстремистик хуружлар хавфининг ортиб боришини ифода этувчи т.. “Г.” атамаси дастлаб америкалик олим Т. Левиттнинг 1983 йили “Гарвард бизнесревью” журналида чоп этилган мақоласида тилга олинган эди (у йирик трансмиллий корпорациялар ишлаб чиқарадиган турли-туман маҳсулот бозорларининг бирлашув жараёнини Г. деб атаган). 1985 йилда эса таниқли америкалик олим Р.Робертсон “Globalization” иборасини илмий муомалага киритиб, бу т.ни “одамлар онгида сайёрамизнинг торайиши ҳамда дунёнинг яхлит тарзда англаниши”ни акс эттириб, “дунёнинг бирлашуви ва кишилар ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг кучайишини” ифода этадиган жараён сифатида талқин этади. Мазкур атаманинг мазмун-моҳияти хусусида баҳс-мунозара ҳамон давом этаётган ҳамда бу борада ягона умумий қараш шаклланмаган, яхлит концепция яратилмаган бўлса-да, гуманитар илм­нинг турли соҳаларида, чунончи, ижт-й фанларда ушбу жараённинг ўзига хос хус-ятлари, намоён бўлиш шакллари ҳар томонлама ўрганилмоқда. Жумладан, иқтисодиёт фанида  — диққат-эътибор асосан молиявий Г., глобал транс­миллий корпорацияларнинг (ТМК)­ шаклла­ни­ши, иқтисодиётнинг минтақавийлашуви, жаҳон миқёсида савдонинг жадаллашуви каби масалаларга қаратилган. Тарихий асарларда эса Г. жараёни инсониятнинг кўп а.лик тар-ёт бос­қичларидан бири сифатида талқин этилади. Сиёсатшуносликда транс­миллийлашув жараёнининг тезлашуви, дунё мам-т­лари ўртасидаги ўзаро боғлиқликнинг кучайиши,  БМТ ва б. халқаро ташкилотлар иштирокида янги умум­сайёравий тартибнинг шаклла­ниши тадқиқ этилмоқда. Социология соҳаси мутахассислари мад-тнинг универсаллашуви таъсирида турли мам-т ва минтақа халқлари турмуш тарзининг яқинлашуви ҳамда бир хиллашувини тасдиқлайдиган далилларни изламоқда. Баъзи файласуфлар XXI а.да дунёда ягона ахлоқ, умумий маъ-ят, глобал мад-т қарор топишини башорат қилмоқдалар. Бошқалари эса, Кантнинг яхлит абадий дунё ҳамда умумдунёвий ҳукумат ҳақидаги ғоясига таяниб, турли миллат ва халқлар қадриятлари­нинг уйғунлашувини асослашга интилмоқда. Кейинги йилларда илмий адабиётларда турли фан ютуқларини уйғунлаштириш асосида ҳамда инсониятнинг бирлашуви, ижт-й воқеликнинг универсаллашуви ҳамда кишилар дунёқарашининг кенгайиши тенденцияларига таяниб, Г. жараёнининг умумий наз-ясини яратиш борасида интилишлар (мас., А.Валлерстайннинг тизимий ёндашуви ва ҳ.к.) кўзга ташланмоқда. Шу б-н биргаликда, Г. жараёнининг турли давлатлар ва халқ-ларнинг иқт-й, ижт-й, сиёсий, мад-й ва маън-й тар-ётига салбий таъсирини илмий тадқиқ этишга эътибор кучайиб бормоқда. Бу борада мам-тимизга хос ёндашувнинг концептуал асослари Президентимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида қуйидагича асослаб берилган: “Бугун биз тез суръатлар билан ўзгариб бораётган, инсоният ҳозирга қадар бошидан кечирган даврлардан тубдан фарқ қиладиган ўта шиддатли ва мураккаб бир замонда яшамоқдамиз. Давлат ва сиёсат арбоблари, файласуфлар ва жамиятшунос олимлар, шарҳловчи ва журналистлар бу даврни турлича таърифлаб, ҳар хил номлар билан атамоқда. Кимдир уни юксак технологиялар замони деса, кимдир тафаккур асри, яна биров ялпи ахборотлашув даври сифатида изоҳламоқда. Албатта, бу фикрларнинг барчасида ҳам маълум маънода ҳақиқат, рационал мағиз бор. Чунки уларнинг ҳар бири ўзида бугунги серқирра ва ранг-баранг ҳаётнинг қайсидир белги-аломатини акс эттириши табиий. Аммо кўпчиликнинг онгида бу давр глобаллашув даври тариқасида таассурот уйғотмоқда. Бундай таъриф, менимча, кўп томондан масаланинг моҳиятини тўғри ифодалайди. Нега деганда, ҳозирги пайтда ер юзининг қайси чеккасида қандай бир воқеа юз бермасин, одамзот бу ҳақда дунёнинг бошқа чеккасида зудлик билан хабар топиши ҳеч кимга сир эмас. Ана шундай глобаллашув феномени ҳақида гапирганда, бу атама бугунги кунда илмий-фалсафий, ҳаётий тушунча сифатида жуда кенг маънони англатишини таъкидлаш лозим. Умумий нуқтаи назардан қараганда, бу жараён мутлақо янгича маъно-мазмундаги хўжалик, ижтимоий-сиёсий, табиий-биологик глобал муҳитнинг шаклланишини ва шу билан бирга, мавжуд миллий ва минтақавий муаммоларнинг жаҳон миқёсидаги муаммоларга айланиб боришини ифода этмоқда. Глобаллашув жараёни ҳаётимизга тобора тез ва чуқур кириб келаётганининг асосий омили ва сабаби хусусида гапирганда шуни объектив тан олиш керак — бугунги кунда ҳар қайси давлатнинг тараққиёти ва равнақи нафақат яқин ва узоқ қўшнилар, балки жаҳон миқёсида бошқа минтақа ва ҳудудлар билан шундай чамбарчас боғланиб боряптики, бирон мамлакатнинг бу жараёндан четда туриши ижобий натижаларга олиб келмаслигини тушуниш, англаш қийин эмас. Шу маънода, глобаллашув — бу аввало ҳаёт суръатларининг беқиёс даражада тезлашуви демакдир. Ҳар бир ижтимоий ҳодисанинг ижобий ва салбий томони бўлгани сингари, глобаллашув жараёни ҳам бундан мустасно эмас. Ҳозирги пайтда унинг ғоят ўткир ва кенг қамровли таъсирини деярли барча соҳаларда кўриш, ҳис этиш мумкин. Айниқса, давлатлар ва халқлар ўртасидаги интеграция ва ҳамкорлик алоқаларининг кучайиши, хорижий инвестициялар, капитал ва товарлар, ишчи кучининг эркин ҳаракати учунқулайликлар вужудга келиши, кўплаб янги иш ўринларининг яратилиши, замонавий коммуникация ва ахборот технологияларининг, илм-фан ютуқларининг тезлик билан тарқалиши, турли қадриятларнинг умуминсоний негизда уйғунлашуви, цивилизациялараро мулоқотнинг янгича сифат касб этиши, экологик офатлар пайтида ўзаро ёрдам кўрсатиш имкониятларининг ортиши — табиийки, буларнинг барчасига глобаллашув туфайли эришилмоқда” («Юксак маънавият – енгилмас куч»,  110-112 б.). Мазкур хулосага таянган ҳолда Г. жараёнининг қуйидаги умумий жиҳатларига эътибор қаратиш мумкин: а) Г. — инсоният тамаддуни ривожининг ички эҳтиёжларини ифода этадиган объектив, табиий-тарихий жараён;  б) Г. — ижт-й алоқаларнинг кенгайиши ва мураккаблашуви оқибатида сайёрамиз миқёсида иқтисодиёт, техника ва технология, ахборот-коммуникация, сиёсат, ҳуқуқ, бошқарув  ва б. соҳалардаги интеграциялашув жараёнларининг кучайиши оқибатида вужудга келган ҳолда ўзига хос тузилма ва ин-тларга таянган ҳолда фаолият юритадиган мураккаб тизим;  в) Г. жараёнининг тобора кенг кўламда намоён бўлиши жам-т ҳаёти, кишилар турмуш тарзи ва менталитетига (янги эҳтиёжларнинг, коммуникация шарт-шароитлари ва шакллари, қадриятларнинг пайдо бўлиши, оммавий мад-т намуналарини сингдириш  орқали) жиддий таъсир кўрсатади; г) Г.нинг замонавий тамаддун ривожининг юқори босқичи сифатида мад-т б-н ўзига хос мун-тлар тизими шаклланади (бир томондан, мад-й фаолиятнинг янги шакл ва усуллари, унинг ботиний моҳиятида туб ўзгаришлар рўй берса, иккинчи томондан, мад-тнинг  глобаллашув жараёнига таъсири кучаяди). Ҳоз. даврда Ўз-нда, бир томондан, Г. жараёнининг афзалликларидан (жумладан, иқтисодиётнинг барча соҳаларини замонавий техника ва технологиялар асосида жиҳозлаш, инвестицияларни кенг жалб этиш, жаҳон бозорига интеграциялашув ва ҳ.к.) оқилона фойдаланиш, иккинчи томондан, унинг салбий таъсирини (дунёнинг етакчи давлатлари ва трансмиллий корпорацияларнинг табиий захираларга эгалик қилишга интилиши, демократияни силжитиш стратегиясини амалга оширилиши, оммавий мад-т намуналарининг кенг тарқатилиши, терроризм ва экстремизмнинг глобал тус олиши ва ҳ.к.) бартараф этиш борасида ҳар томонлама асосли ва изчил сиёсат олиб борилмоқда. Г. муаммолари – умумбашарий ҳаёт ва тар-ёт б-н боғлиқ ҳоз. замон муаммоларини англатади. Улар жумласига жаҳон термоядро урушининг олдини олиш, халқаро террорчиликка қарши кураш ва барча халқлар учун тинчликни таъминлаш; ривожланган ва ривожланаётган мам-тлар ўртасида ижт-й-иқт-й тар-ёт даражасидаги тафовутни бартараф этиш, очлик, қашшоқлик ва саводсизликни тугатиш, ривожланаётган мам-тларда аҳолининг тез суръатлар б-н кўпаяётганлигини тартибга солиш, атроф-муҳит ҳалокатли тарзда ифлосланиб бораётганлигининг олдини олиш; инсониятни керакли ресурслар – озиқ-овқат, саноат хомашёси, энергия манбалари б-н таъминлаш, фан ва техника тар-ёти салбий оқибатларга олиб келишига йўл қўймаслик кабилар киради. Г. муаммолари аввало, жаҳонда кечаётган иқт-й, ижт-й-сиёсий, ҳарбий, илмий-технологик, ижт-й-мад-й жараёнларнинг умумбашарий аҳамият касб этиши натижасида юзага келди. «Глобаллашув жараёнининг яна бир ўзига хос жиҳати шундан иборатки, ҳозирги шароитда у мафкуравий таъсир ўтказишнинг ниҳоятда ўткир қуролига айланиб, ҳар хил сиёсий кучлар ва марказларнинг манфаатларига хизмат қилаётганини соғлом фикрлайдиган ҳар қандай одам, албатта, кузатиши муқаррар» («Юксак маънавият – енгилмас куч», 113-б.). Г. муаммоларини 4 гуруҳга ажратиш мумкин; 1) халқаро сиёсий мун-тларда вужудга келган Г. муаммолари – жаҳонда ривожланган, ривожланиб келаётган ва қолоқ мам-тларнинг мавжудлиги. Ҳоз. кунда жаҳон сиёсий тартиботини белгилашда дунёдаги 7 ривожланган мам-тнинг мавқеи катта. Бу мам-тлар б-н қолоқ мам-тлар орасидаги тафовут ғоят кучайди. Тараққий қилган мам-тларда демократик қадриятлар ривожланган бўлса, қолоқ мам-тларда авторитаризм, демократияга зид бўлган ижт-й мун-тлар авж олди, халқаро хавфсизликка қарши таҳдидлар пайдо бўлди. Буни террорчилик, экстремизм кўринишлари вужудга келганлиги тасдиқлайди; 2) халқаро иқт-й мун-тларда пайдо бўлган Г. муаммолари – жаҳон хўжалик тизими вужудга келиб, унда асосан иқтисодиёти ривожланган мам-тлар устунлиги қарор топди. Иқтисодиёти ҳаддан ташқари ривожланган мам-тлар, транснационал корпорациялар жаҳон иқтисодиётини бошқараётган бир пайтда, иккинчи томонда уларга қарам, иқтисодиёти жуда паст даражадаги мам-тлар мавжуддир. Жаҳонда иқт-й ва илмий-техникавий тар-ёт ютуқларига қарамасдан бой ва камбағал мам-тлар ўртасидаги фарқ ўсиб бормоқда. ХХ а. охирида ривожланган мам-тлар жаҳон ялпи миллий маҳсулотининг 86%ини ишлаб чиқарган бўлса, камбағал давлатлар атиги 1%ини ишлаб чиқарди. Айрим мам-тлар ривожланган давлатлардан жуда катта миқдорда қарзга ботди. Натижада улар сиёсий жиҳатдан мустақил бўлса-да, иқт-й жиҳатдан ривожланган мам-тларга қарамдир. Жаҳон иқт-й мун-тларидаги Г.нинг салбий оқибатлари ҳам мавжуд. Мас., у миллий бозорни сиқиб қўяди ва ишсизлик, фермерларнинг синишини кучайтиради. Натижада Г.га қарши Европанинг бир неча шаҳарларида норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Глобал иқт-й жараёнлар жаҳон миқёсида ҳаракат қилувчи молиявий-иқт-й жиноят гуруҳларини вужудга келтиради; 3) ижт-й соҳада вужудга келган Г. муаммолари – жаҳон аҳолиси муттасил кўпайиб бориши натижасида Осиё ва Африка мам-тларида озиқ-овқат, ичимлик суви танқислиги кўпайиб, бу ҳол бошқа мам-тларда ҳам кузатилаётгани, жаҳон аҳолисининг муайян қисми очарчиликни бошдан кечираётгани, саводсиз эканлиги, ахборот-технологиялари ва умуман фан-техника инқилоби самараларидан баҳраманд эмаслиги, бутун инсониятга хавф туғдирувчи касалликлар (мас., ОИТС) тез тарқалаётганлиги шундай муаммолар сирасига киради; 4) инсон ва табиат ўртасидаги мун-тларнинг бузилиши натижасида вужудга келган Г. муаммолари – улар қаторига денгиз ва сув ҳавзаларининг булғаниши, ўрмон майдонларининг тобора қисқариши, атмосфера озон қатламининг йўқолиб бориши киради. Хатарли кимёвий моддаларнинг ҳаддан ташқари кўп ишлатилиши натижасида қишлоқ хўжалигида экин экиладиган ерларнинг катта қисми яроқсиз ҳолатга келди. Собиқ иттифоқда қишлоқ хўжалиги соҳасида технократик сиёсат юритилиши оқибатида Орол денгизи суви камайиб, ғоят мушкул экологик муаммоларни келтириб чиқарди. Г. муаммолариларга қарши  курашда жаҳон ҳамжам-тини бирлаштириш муҳим аҳамият касб этади. ЎзР Президенти И.Каримов ўз асарларида, турли халқаро анжуманларда сўзлаган нутқларида М.О.да Г. муаммолариларнинг келиб чиқиш сабаблари ва уларни бартараф этиш йўлларини кўрсатиб берди, бу муаммоларни ҳал қилиш халқаро хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг муҳим шарти эканлигига жаҳон жамоатчилиги эътиборини қаратди. Г. муаммолари бутун инсониятга, ер шарига дахлдор бўлган муаммолар бўлиб, ўзининг кўлами ва қамрови жиҳатидан хилма-хилдир. Бу муаммоларга  янги жаҳон уруши хавфи, ядро уруши,  озон муаммоси, экология муаммоси, Орол муаммоси, “оммавий маънавият”, жиноятчилик, гиёҳвандлик, зўравонлик, ОИТС касаллиги,  қашшоқлик, ишсизлик, инфляция, халқаро терроризм, порахўрлик ва б.қалар киради. Г. муаммоларини,  кенг маънода,  инсон ва табиат ўртасидаги алоқаларнинг бузилиши, дейиш мумкин. Дунёнинг Г.и бир томондан, турли мам-тларда яшаётган халқларни ўзаро яқинлашув жараёнини тезлаштириш орқали умуминсоний тар-ётга хизмат қилса, иккинчи томондан, миллий ўзига хосликнинг барбод бўлишига, мам-тлар маън-й ҳаётларини бир қолипга солиш, дунёдаги барча миллатлар учун ягона “оммавий маъ-ят”ни шакллантиришга кучли таъсирини ўтказмоқда. Г. муаммоларининг ечимини топиш учун, энг аввало, табиат б-н инсон ўртасидаги мун-тлар уйғунлигига эришиш лозимдир. Бунинг учун эса бутун дунё халқлари, қайси миллат вакили эканлигидан қатъий назар, умуминсоний маъ-ят тамойилларига амал қилиши, ўз ақл-идрокини умумбашарий тар-ёт йўлидаги эзгу ишларга йўналтирмоғи зарур. “Мухтасар қилиб айтганда, ёшларимизнинг маънавий оламида бўшлиқ вужудга келмаслиги учун уларнинг қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини болалик пайтидан бошлаб шакллантиришимиз зарур. Шуни унутмаслик керакки, бугунги кунда инсон маънавиятига қарши йўналтирилган, бир қарашда арзимас бўлиб туюладиган кичкина хабар ҳам ахборот оламидаги глобаллашув шиддатидан куч олиб, кўзга кўринмайдиган, лекин зарарини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган улкан зиён етказиши мумкин” (“Юксак маънавият – енгилмас куч”,  115-б.).

ГНОСТИЦИЗМ  (юн. gnosis – билиш) – фикрлаш қобилиятига эга бўлган инсонгина борлиқдаги нарсалар, ҳодисалар ва жараёнларнинг, моҳиятини билиши мумкинлигини эътироф этувчи фал-й таълимот. Г. табиат, жам-т ҳақидаги билимлар, т.лар, ғоялар борлиқнинг инъикоси эканлигини, ўз навбатида улар борлиққа фаол таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлайди. Ижт-й борлиқ, инсон ва улар ўртасидаги мун-тларни ўзгартиришга қаратилган бу таъсир инсоннинг наз-й ва амалий фаолияти жараёнида содир бўлишини эътироф этади.

ГУМАНИЗМ (лот. инсоний) – инсонни улуғловчи фал-й таълимот, инсонпарварлик тамойилларининг устуворлиги барча тузумлар, давлатлар, жам-тлар учун асосий фаолият мезони бўлиши лозимлигини ифодалайдиган т. Аксарият Ғарб мутахассислари Г.нинг “антропоцентризм” (борлиқ моҳиятининг асосига инсон иродасини қўйиш) ғоясига таянишини эътироф этадилар. Ўрта а.лардаги Г. ривожини тадқиқотчилар турли босқичларга ажратадилар:  1) илк Г. – XIV а.нинг 30-90-йиллари; 2) Г.нинг юксалиш даври – XIV а.нинг I ярми; 3) бевосита гуманистик талқиндаги неоплатонизмнинг таркиб топиши – XV а.нинг II ярмидан XVI а. бошларигача; 4) Г. ғоялари мазмунидан чекинишлар ва Г. ҳаракатининг сўниш даври – XVI а.нинг II ярми. Илк гуманистлар инсоннинг ҳаётий эҳтиёжларига эътиборни қаратиб, инсонни борлиқ марказига қўйган. Бу даврда инсон ҳақидаги илмларга, айниқса, шеърият ва ахлоқ илмига қизиқиш кучайган. Қад. юнон ва Рим алломалари яратган меросни жиддий ўрганиш кенг тус олган. Бу давр мутафаккирлари ердаги моддий ҳаёт фақат инсон учун яратилган, уни эзгулик ва адолатнинг табиий қонунларига мувофиқ равишда тартибга солиш ҳам инсоннинг ўзига боғлиқдир, деган ғояни илгари сурдилар. XV а. II ярмидан бошлаб гуманистлар бевосита неоплатонизм ғояларининг янгича талқинини ишлаб чиқишга киришдилар. Неоплатончилар инсоннинг тангрига бўлган мун-тини талқин этишда ибтидоий тасаввурлардан воз кечиб, борлиқни яхлит тизим сифатида тушуна бошладилар. Табиат ва илоҳий моҳиятнинг ўзаро ички боғлиқлигига эътибор қаратдилар. Улар ўрта а.ларга хос таркидунёчилик кайфиятидан юз ўгириб, ёруғ дунё гўзаллигини илоҳийлаштирдилар. Г. моҳиятини тушунишга ижт-й-сиёсий ҳаётдаги ўзгаришлар ҳам таъсир  кўрсатди, охир-оқибатда Г. инсон шахсини борлиқнинг асосига қўйиб, уни  улуғлашга  йўналтирилган қарашлар мажмуи сифатида талқин этила бошланди. Шу маънода Г. т.си  турли тарихий даврлар ва ҳудудларда  тарқалган  таълимотлар ва дунёқараш тизимларига  татбиқан ҳам ишлатилади. Ўзб. тилига кенг маънодаги Г. т.си “инсонпарварлик” деб ўгирилган. Кейинчалик фанга “Антик  давр Г.и”, “Шарқ Г.и” “Христиан Г.и”, “Ислом Г.и” каби  т.лар кириб келган. Г. бугунги кунда маъ-ят талаблари ва тамойилларини амалга ошириш усули ва воситаси сифатида ҳам намоён бўлмоқда.

ГУМАНИЗМ ҒОЯЛАРИ — ўз мазмун-моҳиятига кўра умуминсониятга хос бўлган,  инсонни инсон қиладиган, унинг ҳаётини гўзаллаштирадиган маън-й-ахлоқий фазилатлар ва хатти-ҳаракатлар учун асос бўладиган қарашлар ва таълимотларни англатувчи т.. Г.ғ.га кўра, ҳар бир инсоннинг асосий фазилати табиий эҳтиёжларини қондириш б-н эмас, балки меҳнат қилиш, ақл-идрок ва тафаккурга эга бўлиш, фикрлай олиш, мад-т ва маъ-ят соҳиби бўлиш б-н белгиланади. Ҳоз. бозор иқтисодиёти шароитида инсон қадр-қиммати масаласи долзарб мавзуга айланиб бормоқда. Бу жиҳатдан ҳар бир инсоннинг ҳаётий фаолиятини эзгу мақсадлар сари йўналтириш нафақат мам-тимиз миқёсида, балки жаҳон ҳамжам-ти доирасида ечилиши лозим бўлган долзарб муаммолардан бири ҳисобланмоқда. Маълумки, жам-тдаги иқт-й, ижт-й-сиёсий мун-тлардаги туб ўзгаришлар инсон тафаккури ва фаолиятига таъсир кўрсатиб, уни янада фаолроқ ҳаракат қилишга ундайди, бу эса, ўз навбатида, жам-т тар-ёти механизмларининг такомиллашувига олиб келади. Ана шу жараёнда инсонпарвар ғоялардан самарали фойдаланиш ғоят муҳим аҳамият касб этади. Бундай ёндашувнинг шаклланиши узоқ тарихий тажрибалар б-н узвий боғлиқ бўлиб, унинг мазмун-моҳиятини Г.ғ.нинг муайян бир даврда жам-т тар-ётига кўрсатган таъсиридан билиб олиш мумкин. Бу даврда Г.ғ. табиий-илмий, фал-й, аҳлоқий, эстетик, ижт-й-сиёсий қарашлар б-н мутаносиб равишда ривожлантирилди. Мас., Ғарбда Г.ғ. шаклланишида қад. Шарқ фал-й тафаккури ва ҳурфикрлилик анъаналари, юнон ва рим мад-ти, материя ва руҳнинг абадийлиги, ақлнинг фаоллиги, ирода эркинлиги, детерминизм, аверроизм ғоялари муҳим аҳамият касб этган. XIII-XVII а.лар давомида Италияда гуманистик ғоялар ривожида Леонардо да Винчи, Жордано Бруно, Галилей, Макиавелли каби олимлар, Францияда XV-XVI а.ларда яшаб ижод этган Монтень, Раме, Шаррон, Леферд Этапль, Доле, Германияда VI-XVII а.ларда Мюнцер, Рейхлин, Гуттен, С.Франк, Океплер, Англияда XVI-XVII а.ларда Томас Мор, Ф.Бекон, Испанияда XVI а.да Вивес, Уарте, Голландияда Роттердамлик Эразм, Польшада Коперник ва унинг издошлари, Швейцарияда эса Парацелсь, Чехияда Компенский кабиларнинг гуманистик ғоялари муҳим аҳамият касб этган. Шарқ фал-й тафаккурида Г.ғ. тар-ёти улуғ мутафаккирларимизнинг қарашларида ўз аксини топган. Жумладан, Бухорий “Ал-Адаб ал-муфрад” асарида, Термизий “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” (“Ишончли тўплам”) асарида Г.ғ.нинг мазмун-моҳияти илм эгаллаш, ота-она ва фарзандларнинг бир-бирини ҳурмат қилиши, ҳақ-ҳуқуқлари, таълим-тарбия, хулқ-одоб қоидалари, ҳалоллик, поклик, сахийлик, адолат, инсоф ва б. инсоний қадриятлар баён қилинади. Айни вақтда тубан иллатлардан бўлмиш ёлғон гапириш, туҳмат, адоват, зулм, хиёнат, фисқу фасод, таъмагирлик каби иллатлар қораланади. Форобийнинг гуманистик қарашлари ҳам эътиборлидир. Унинг таъкидлашича, инсонни бахт-саодатга элтувчи жамоа ҳақиқатан фазилатли, етук, хосиятли жамаодир. Инсоннинг келажаги, унинг бахт-саодати ҳақида ғамхўрлик қилиш, унинг қайғу-аламига шерик бўлиш ҳисси ўзгаларда, биринчи навбатда, давлат арбобида шаклланган бўлмоғи лозим. Мутафаккир инсон камолоти муаммосини илм б-н боғлайди. Унинг фикрича, воқелик сир-асроридан бохабар бўлмасдан туриб, Аллоҳ инъом этган ақл неъматидан мавжуд имконият даражасида фойдаланмасдан туриб, етук инсон мартабасига эришиб бўлмайди, чунки инсон дунё тар-ётининг энг мукаммал ва етук якунидир. Бу борада Форобий таълим-тарбиянинг моҳияти, аҳамияти, зарурияти, бу жараённи амалга ошириш усул ва воситалари, ундан кутилган мақсадни ҳам ҳар томонлама тадқиқ этган. Ибн Синонинг инсон тўғрисидаги қарашлари ҳам ўзига хосдир. Алломанинг фикрича, илм ва ахлоқий фазилат муштараклиги инсонни донишманд ва олижаноб шахсга айлантиради. Ахлоқий равнақ имконияти шубҳасиздир, чунки «гўзалликка ва ахлоқий камолотга интилиш инсонга хос хус-ятдир». Мутафаккирнинг асарларида таъкидланишича, кишилар тайёр сифатлар, кўникмалар, фазилат ва иллатлар б-н дунёга келмайдилар. Улар аслида ҳаётда шахсий ва ўзгалар тажрибаси, аждодлар анъаналари, таълим-тарбия натижасида шаклланадилар ва муайян ижт-й мавқега эришадилар. Таълим-тарбия, бошқа кишилар таъсири остида инсон ижобий ахлоқий фазилатларни ўзида шакллантиради ёки ёмон сифатлар, хус-ятлар соҳибига айланади. Маҳмуд Қошғарий эса ўз асарларида инсонларга яхшилик қилиш, ўзаро ҳурмат, меҳр-шафқатли бўлиш, ночорларга хайр-эҳсон қилиш каби фазилатлар ҳақида батафсил сўз юритади. «Халққа яхшилик қил,– дейди мутафаккир, – уни сув остига ташласанг-да, уни сув устида кўрасан». Аллома эл-юрт орасида ўзаро ҳурмат, оқибат, бир-бирига ёрдам бериш, юксак инсоний фазилатлар ва илмга эътибор камайиб кетаётганлигидан зорланади ва ўтмишини қўмсайди. Юсуф Хос Ҳожибнинг ҳам инсонпарварлик руҳи б-н суғорилган илғор ғоялари кейинги даврларда тафаккур рив-шида муҳим ўрин тутади. Аҳмад Югнакийнинг ижодий меросида инсон ва унинг фазилатларини тасвирлаш марказий ўринни эгаллайди. У ўз рисолаларида сахийлик, яхшилик, меҳр-шафқат, дўстлик, камтарлик, тавозе каби инсоний хислатларни куйлади, доимо бошқаларга, айниқса, муҳтожларга ёрдам бериш зарурлигини уқтирди. «Яхши яроқли ошингни кишига едир, яроқли нарса (кийимлик) топсанг, яланғочларнинг йиртилган кийимини бутла», – дейди мутафаккир.  Аллома бобмиз Навоий ўзида Бухорий, Форобий, Ибн Сино ва Берунийлар асослаб берган комил инсоннинг оқиллик, одиллик, сахийлик, иффатлилик, шижоатлилик, поклик, ҳаром-ҳариш ва риёкорликлардан, инсон шаънини ерга урувчи, разолат ва қабоҳатлардан айрим сифатларини мужассам қила олган, ўзининг бутун онгли ҳаёти давомида бундай олий мартаба синовидан ўтган эди. Кейинги даврларда яшаб ижод этган мутафаккирлар ҳам гуманизм масаласини ўз давридаги ижт-й-сиёсий ўзгаришлар б-н чамбарчас боғлиқ тарзда ифодалашга ҳаракат қилганлар. Жумладан, Юсуф Қорабоғий ижт-й ҳаёт муаммолари, ахлоқ-одоб масалаларига қизиқиб келган. Жам-т тар-ётининг рўёбга чиқишини дилдан истаган мутафаккир юксак инсоний фазилатларнинг шаклланиши, ёмонликнинг тугаши, эзгулик тантанасини орзу қилди. У жам-тдаги адолатсизликни, зўравонлик, ўзбошимчалик, шафқатсизлик, инсонга нисбатан беҳурматлик ва манманликни қоралайди. Унинг таъкидлашича, ақл-заковат раъйига қулоқ солишни, бахт-саодатга эришишга бўлган саъй-ҳаракатни, жисмоний ва руҳий-маън-й камолотга интилишни инсон ҳаётининг мазмуни деб билмоқ лозим. Бобур, Машраб, Нодира, Анбар Отин асарларида ҳам Г.ғ. б-н уйғунлашган ижодида тенглик, адолат, инсоф, одамгарчилик каби фазилатлар тараннум этилди.  Ғарб мам-тларида Дж. Беркли, Д. Юм, И. Кант, А. Шопенгауэр, С. Кьеркегор, Ф. Ницше, Гегель каби файласуфларнинг асарларида ҳам Г.ғ.ни учратиш мумкин. Хулоса қилиб айтиш мумкинки, ижт-й-фал-й тафаккур тарихида илгари сурилган турли хил гуманистик ёндашувлар ўзининг маълум бир мақсад ва муддоаларига эга бўлган. Ш-дек, ҳар бир даврда илгари сурилган Г.ғ. ўз даври инсонлари ва жам-тининг қарашлари ҳамда  манфаатларини ифода этганлиги б-н алоҳида ажралиб турган. Бу эса ҳар бир гуманистик ёндашувни ҳаётбахш эканлигидан далолат беради. Мам-тимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади ҳам инсон, унинг манфаатларини таъминлаш, инсонпарварлик ғояларини жам-т миқёсида кенг тарқатишга қаратилгани бежиз эмас.

ГЎЗАЛЛИК – нафосатшунослик категорияси бўлиб, нарса ва ҳодиса нафислиги ва нафосатини ижт-й-маън-й жиҳатдан баҳоловчи мезон, ижт-й ҳаётда бирон бир нарса ёки кишига хос хус-ятларнинг шаклан ва мазмунан уйғунлигини англатадиган, турли тарзда намоён бўлувчи ва инсонда ёқимли туйғу, завқ, кучли ҳайратни ҳосил қиладиган т.дир. Манбаларда Г.нинг илмий таърифидан кўра, унга нисбатан билдирилган мун-т ва қарашлар кўпроқ учрайди. Шу боис Г. ҳақидаги қарашлар ва наз-ялар марказига «Г. нима?» деган савол қўйилади-ю, аммо уларнинг аксариятида «Нима гўзал?» деган саволга жавобни кўрамиз. Натижада Г.нинг нима эканлиги жавобсиз қолиб кетаверади. Жумладан, қуйидаги фикрлар Г.ка бўлган турлича ёндошувлар натижасида юзага келган: «Ҳуварноси Аҳура Мазда кўп гўзалдир, гўзалдир жуда» (Зардушт),  «Гўзаллик – бу ғоялардан иборат ғоянинг ғояси» (Афлотун), «Гўзаллик – бу турли мусиқалар, яхши хулқ-атворга тўғри келадиган, одамлар эришишга ҳавас қиладиган нарсалардир» (Абу Наср Форобий), «Ҳар қандай гўзаллик, гўзалликни англай олган муҳаббат белгисидир» (Абу Ҳомид Ғаззолий), «Гўзалликка муҳаббат қўйишнинг асосида ҳам ақл, ҳам ҳиссиёт ётади» (Ибн Сино), « Гўзаллик барча тилларда васф этилади ва ҳар қандай ақлга хуш келади» (Умар Ҳайём), «Гўзаллик – ҳаётдир» (Н.Г.Чернишевский),  «Гўзаллик –  манфаатсиз мафтунликнинг, муҳаббатнинг объекти» (И.Кант),  «Гўзаллик – ҳодисага айланган эркинлик» (Ф. Шиллер), «То бизга тааллуқли эмас экан, ҳамма нарса гўзал!» (А. Шопенгауэр),  «Гўзаллик – Худо-санъаткор томонидан яратилган иллюзия-хаёлотдир»  (Ф. Ницше), «Қаердаки модда нурафшон бўлса, ўша ерда гўзаллик ҳодисасини учратиш мумкин: модда ва нурнинг узвий омухталиги – ҳаётдир» (В.Соловьёв).  Одатда Г. хушнудлик кайфиятларини ҳосил қиладиган нарса-ҳодисалар мажмуи, завқ бағишловчи ҳодиса сифатида ҳам тушунилади. Бу Г.ка нисбатан содда, жўн ва юзаки қарашдир. Аслида Г. шундай хус-ятга эгаки, у  ёқимлилик туйғусига боғлиқ ҳолда, одамлар завқининг бирлашувига, уларда эстетик дид, ижт-й-ахлоқий фазилатларнинг шаклланишига ҳамда маън-й эҳтиёжларнинг  барқарорлашувига олиб келади. Г.нинг яратилиши хусусида икки хил қараш мавжуд. Биринчиси – инсон тафаккури ва меҳнатининг маҳсули натижасида яратиладиган Г. бўлиб, бунда ақл, тафаккур, билим, илҳом  ва ҳиссиёт устувордир (санъат ва бадиий ижод намуналари, илмий асарлар ва кашфиётлар, моддий неъматлар, маън-й қадриятлар ва ҳ.к.). Иккинчиси – инсон салоҳиятидан ташқарида юзага келадиган, унинг тафаккури ва билимининг маҳсули бўлмаган Г. бўлиб, унда макон ва замон  салмоқли ўринни эгаллайди (пурвиқор тоғлар, чексиз уммонлар, осмон жисмлари ва ҳ.к.).  Инсоний Г. унинг учинчи шаклидир. Бунда нафақат ташқи кўриниш, қиёфа, балки инсоннинг “ички дунёси”, маън-й-ахлоқий фазилатлари ҳам муҳим ўрин тутади. Инсонлар табиий Г. ҳақидаги дастлабки маълумотни бешта сезгининг энг ривожланган тури бўлмиш кўриш сезгиси орқали ўзлаштиради. Ундан сўнг эшитиш, таъм билиш, ҳид билиш ва тана сезгиси орқали Г.ни ҳис этадилар. Бироқ, мазкур бешта сезги ҳам Г.нинг моҳиятини тўлақонли англаш учун етарли эмас. Г. уйғунлик, мақсадга мувофиқлик, мутаносиблик,  меъёр, тартиблилик, ҳамоҳанглик, мослик, яхлитлик, бирлик, тенглик каби т.-унсурларнинг мавжудлигини ҳам талаб этади. Бу т.лар нарса-ҳодисаларнинг гўзал бўлишини, чиройли кўринишини  таъминлайди. Мас., ҳар бир фасл ўзига хос Г.ни намоён этади. Бироқ, фаслнинг хус-ятлари унинг мафтункорлигидаги унсурлар б-н мос, мутаносиб ва ҳамоҳанг бўлмоғини талаб этади (дарахтларнинг уйғониши ва заминнинг кўкламга безаниши –  баҳорий Г.ни, қаҳратон совуқ ва борлиқнинг оппоқ қорга бурканиши – қишнинг чиройини белгилайди ва ҳ.к.). Мазкур жиҳатлар Г.даги мафтункорлик, фойдалилик, мўъжизавийлик каби сифатларни такомиллаштиради. Бу сифатлар қулайлик, манфаатдорлик, завқланиш, лаззатланиш сингари Г.нинг хус-ятларини белгилайди. Умумий маънода олганда, ушбу сифатлар ва хус-ятлар уйғун бўлган нарса-ҳодисалар ўзида Г.ни намоён этади ва у инсонларга хуш ёқади. Ш.у. ҳам эстетика-нафосат фал.си фанида Г. энг юксак қадрият сифатида эътироф этилади. Шу маънода Г. ҳам инсон тафаккури ва меҳнатининг маҳсули, ҳам табиий тарзда вужудга келадиган ҳодиса, ҳам билишнинг маҳсули бўлган фал-й-эстетик т.дир. Г.нинг зидди – хунуклик, қусурлик, бетартиблик, номутаносиблик кабилардир. Г. муаммоси файласуф, адабиётшунос, санъатшунос олимлар томонидан ўрганилади. Хус-н, Г.нинг наз-й ва амалий таҳлили, маън-й ва ахлоқий  мо­ҳияти, ижт-й ва сиёсий аҳамиятини очиб беришга қаратилган бир қатор тадқиқотлар борки, уларни қуйидагича туркумлаш мумкин: 1) Г.нинг т., тамойил, қонуният ва қадрият сифатида эстетик тафаккур тарихида тутган ўрнини ёритишга қаратилган тадқиқотлар; 2) Г.ни санъат, адабиёт, мад-т ҳамда бадиий ижод жараёнларига таъсири масалаларини таҳлил этишга бағишланган тадқиқотлар; 3) табиат, жам-т ва инсон мун-тларида Г.­нинг намоён бўлиш хус-ятларига доир тадқиқотлар; 4) Г.ни моддий неъматлар яратиш ҳамда техникавий тар-ёт жараёнлари б-н боғлаб ўрганилган тадқиқотлар; 5) комил инсон, шахс камолоти ва замонавий кишини тарбиялашда Г.нинг амалий аҳамиятига доир изланишлар; 6) миллий ва умуминсоний қадриятлар, маън-й жараёнлар б-н боғлиқ Г.нинг аксиологик-фал-й жиҳатлари ўрганилган илмий изланишлар. Мустақилликка эришганимиздан сўнг Г. кате­гориясини маън-й қадриятлар ва янгича қарашлар асосида ил­мий тадқиқ этишга, уни ижт-й ҳаётга кўрсатадиган таъсирини холисона баҳолашга эҳтиёж туғилди. Зотан, инсоннинг жам-т, табиат б-н бўладиган мун-тининг ривожланиб бо­риши пировардида унинг Г.ка бўлган ёндашуви ва қарашларининг янгиланишига сабаб бўлади. Г. эстетиканинг бошқа категориялари орасида кенг қамровли хус-ятга эга эканлиги б-н ажралиб турадиган нисбий т.. Бугунги кунга келиб ижт-й ҳаётга, саноат, телекоммуникация, санъат, ишлаб чиқариш жараёнларига Г.нинг бевосита ёки билвосита таъсирини кузатиш мумкин. Г. бозор мун-тларида қиймат касб этувчи механизм,  ишлаб чиқаришда шакл ва мазмун, техникавий тар-ётда сифат ва қулайлик воситаси, маиший турмушда эса фаровонлик манбаи сифатида такомиллашмоқда. Бугунги кунга келиб Г. т.си эстетика фани доирасидан чиқиб, турли соҳаларга кириб боришга улгурди. У нафақат кўзни қувонтирувчи тимсол, балки ижт-й тар-ётнинг муҳим омилига айланган. Зеро, қайси бир соҳада мутаносиблик, уйғунлик, мослик, мақсадга мувофиқлик, меъёр бор экан, ўша ерда Г. мавжуд. Ҳозирда дунёнинг тараққий этган мам-тларида эстетик марказлар ташкил этилган. Бу марказлар эстетика, хус-н, Г.нинг амалий аҳамиятига доир ишларни амалга ошириш,  муайян тадбирлар ишлаб чиқиш б-н шуғулланади. INTERNET тармоғида эстетика соҳасига доир ўн мингдан зиёд сайтларнинг деярли 98%и Г.нинг молиявий-иқт-й имкониятларини юк­салтиришга қаратилган ёки нарса-ҳодисалардаги Г. ҳақидаги маълумотлардан иборат. Бунда мазкур марказлар фақатгина модалар, косметология, шейпинг, маникюр, педикюр, макияж эстетикаси б-нгина чекланиб  қолмаслиги, аксинча, Г.нинг маън-й аҳамиятини ҳам юксалтиришга хизмат қилиши кўзда тутилган. Зеро, Г. нарса-ҳодисаларнинг намоён бўли­шигина эмас, балки инсоннинг ўша нарса-ҳодисаларга бўлган мун-ти ҳамдир. Уни тадқиқ этиш – инсон ва унинг фаровонлигига оид нарса-ҳодисаларни ўрганиш, Г.нинг янги қирраларини кашф этиш демакдир.

Д