Ҳ

ҲАДИС (араб. гап, суҳбат) — Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг айтган гаплари ва қилган ишлари ҳақида саҳобалар Пайғамбарни  кўрган кишилар қилган ривоятлар. Улар одамларни эзгулик, ўзаро ҳамжиҳатлик, биродарлик, адолатпарварлик каби  инсоний сифатларга эга бўлишга чорлайди. 14 асрдан зиёд вақт давомида ҳадислар инсонларни жаҳолат  ва залолат  ботқоғидан ҳидоят ва нажот йўлига даъват этиб келмоқда. Ҳ.лар бир неча турга бўлинади, Пайғамбаримиз баъзи Ҳ.ларни айтган пайтларида олдиларида биттагина киши бўлган. ўша киши Расулуллоҳ айтган гапларни бошқаларга етказган. Бундай Ҳ.ни “Оҳод”, яъни,  “бир киши эшитган ҳадис”, деб номлашади. Баъзи Ҳ.ларни айтган пайтларида олдиларида кўп кишилар бўлган. Бундай Ҳ.лар “Мутавотир”, яъни, “кўп кишилар эшитган ҳадис”, деб аталади ва энг ишончли Ҳ. саналади.  Ҳ.лар Пайғамбаримиз ҳаётлигида ва у киши вафот этган дастлабки йилларда тартибга солинмаган ва китоб ҳолига келтирилмаган эди. Биринчи Ҳ.лар  тўплами Молик ибн Анаснинг “Муатто”, аш-Шофийнинг “Ар-рисола” ва Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Алмуснад” асарларидир. Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Имом ал-Муслим, Ибн Мажжа каби бир қатор муҳаддис олимлар Ҳ.ларни текшириб, асл ва саробга ажратиб бердилар. Энг ишонарли Ҳ. тўпламлари – “Олти ишончли тўплам”дир. Бу борада буюк бобокалонимиз ал-  Бухорийнинг “Ал жоме ас-саҳиҳ” асари энг мукаммал тўплам ҳисобланади.  Маълумки, Ҳ.ларнинг асосий моҳияти эзгу ғояларга садоқат, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, ўзаро ҳамкорликка хизмат қилишдир. Улар кишилар қалбида меҳр – мурувват, эзгу ғояларга садоқат, ўз юрти, ватанига муҳаббат ҳиссини уйғотади.

ҲАЁ (араб. уят, шарм, ибо; ор-номус; камтарлик, адаб) — ножўя, номаъқул хатти-ҳаракатдан тийилиш ҳисси, уят, шармни англатувчи тушунча. Ҳ. ҳисси аслида “андиша” ва “ибо” каби маънавий фазилатлар билан яқиндир. Бу тушунчанинг ахлоқий моҳияти – нафосат б-н уйғунлашиб кетади. Ҳ.дан, одатда, инсон қизаради, бу ҳол айниқса хотин-қизларда ботиний гўзалликнинг яққол намоён этади ва улардаги ўзига хос нафислик ва майинликни ифодалайди. Инсоннинг ўзи содир этган ёки бошқалар воситасида амалга оширган ахлоқийликка зид хатти-ҳаракатларидан ноқулай вазиятга тушиши, ўнғайсизланиши, мулзам бўлиши уят ҳиссида ҳам намоён бўлади. Лекин бу ҳолатлар уятда ижтимоийлик касб этган бўлади, шу сабабли улар хатти-ҳаракат содир қилингандан сўнг ҳам давом этади ва кўп ҳолларда виждон азобига айланади. Ҳ.да эса мазкур ҳолатлар соф маънавий табиатга эга ва вақт доирасида чекланган бўлиб, улар хатти-ҳаракат содир этилаётган пайтдагина юзага чиқади.  Ҳ. – Шарқ халқларига хос бўлган ахлоқий гўзалликнинг ғоят кўркам ва ноёб кўринишидир. Айни пайтда Ҳ. миллий руҳият билан йўғирилган тушунчадир. Ҳ. эркакларга нисбатан аёл табиатига кўпроқ мос бўлиб, қизлик Ҳ.си, келинлик Ҳ.си, аёллик Ҳ.си, оналик Ҳ.си каби  туйғулар ўз ифодасини топади. Ҳ. кишининг хулқ-атвор, юриш-туриш, атрофдагиларга муносабат, кийинишда сиполик, бировнинг юзига тик қарамаслик, андишали, ор-номусли бўлиш, гапирганда ўйлаб гапириш, баланд овоз билан гапирмаслик, қаттиқ кулмаслик каби мезонларда яққол намоён бўлади. Шарқ донишмандлари, хусусан, Абу Лайс ас-Самарқандий, Ғаззолий, Навоий, Авлоний, Фитрат сингари маърифатпарварлар Ҳ.ни юксак ахлоқий қадрият сифатида баҳолаб, уни одамлар олдидаги Ҳ. ва Аллоҳ олдидаги Ҳ.га ажратганлар ҳамда Ҳ.ни комиллик белгиси, номуснинг кўриниши, вафо билан муштарак туйғу деб таърифлаганлар. Чунончи, ҳазарат Навоийнинг наздида: “Карам ва мурувват ота ва онадурлар, вафо ва ҳаё икки ҳамзод фарзанд. Ҳар кўнгилниким вафо маскан қилур, ҳаё ҳам қилур… Вафосизда ҳаё йўқ, ҳаёсизда вафо йўқ. Ҳар кимда бу икки йўқ – имон йўқ… Комиллар – аҳли ҳаё ва ноқислар беҳаё”. А.Авлонийнинг фикрича: «Ҳаё – дилни равшан қиладурган бир нурдирки, инсон ҳар вақт шул маънавий нурнинг зиёсига муҳтождир… Иффатнинг пардаси, виждоннинг ниқоби ҳаёдир». Ҳ. ахлоқ-одоб фазилатларининг улуғи бўлиб, нафсни тийиш, ёмонликни тарк этиш, беҳаёлардан ўзини олиб қочиш, эҳтиёткорлик қилиш ва уялиш, номус, шарафини сақлаш кабиларни ҳам англатади. Ҳ. инсон ҳаётининг безаги, комил хулққа эга бўлган кишиларнинг зийнати ҳисобланади. Пайғамбаримиз «Ҳаё имондадир, имон эса жаннатга элтади», «ҳаё билан   имон   бир-бирига боғлиқ, бири кетса, иккинчиси ҳам кетади», — дея марҳамат қилганалар.   Ҳ. инсон   қалбида,   туйғусида, ташқи кўринишида намоён бўлувчи, иффат ва назокатини оширувчи ақл-фаросат гулшанининг тоза гулидир. Азалдан аёл — Ҳ. рамзи сифатида қадрланиб келинади. Ривоят қилишларича, «ўлимга маҳкум этилганлар орасида бир аёл   ҳам бор экан. Уларни ўлимга олиб кетишаётганда ҳалиги аёл йўлда ип ва игна беришларини сўрабди, —  Нима қиласан ипу игнани? — сўрабди   жаллодлар. — Тиззамнинг ёнидан чоки сўкилибди, шуни чандиб олай, — дебди аёл. — Ахир сен ҳозир ўласан-ку!—дебди посбонлар. —Мен аёлман, шарм-ҳаёимни сақлай. Ўлим сари кетаётган бўлсам ҳам, номусим ҳаққи, халойиқ олдига аёлдай чиқишим керак! — дебди». Ҳ.ли аёл оиланинг номуси,   эрининг ҳузур-ҳаловати, фарзандларнинг меҳрибони, одамларнинг дуру гавҳаридир. Ҳ.ли аёл хонадон равнақидир. Чунки у оила аъзоларини тушунади, осойишталик билан иш олиб боради. Ҳаётнинг аччиқ-чучукларига чидаб, меҳр ва ишонч билан яшайди. Бундай аёлларни халқимиз ҳаёли ва вафоли деб билади. Шунинг учун ҳам қадимдан ўзбек хотин-қизлари учун ҳаё меросий фазилат бўлиб келмоқда, мана шу маънавий нур билан хонадонларни файзга тўлдирмоқдалар. Ҳ. одамларга озор бермаслик, айбу нуқсонларни қидириб, юзига солмаслик ва ўзидаги ёкимсиз феъл ва гапларни изҳор қилмасликдир. Ҳаётдаги ҳар бир нарсани кўриш, билиш, унинг қадр-қимматини идрок этиш, ўйлаб иш юритиш — бу Ҳ. туйғусининг юксак эканини англатади. Ҳ. — бу поклик, сабр-бардош, қаноат, одоб, ихлосдир. Аёл кишидан ҳаё кетса, оилада файз бўлмайди. Ҳ.сиз кишилар ор-номусини, дўстлик ва садоқатни ҳам оёқ ости қилишдан тап тортмайди. Ҳ. виждон б-н бевосита боғлиқдир. Виждонсиз одамларда Ҳ. бўлмайди. Шу б-н бирга, ҳаёнинг виждондан фарқ қилувчи жиҳатлари ҳам мавжуд. Ҳ. қўпроқ ташқи муҳит б-н боғлиқ бўлса-да, Ҳ. туйғуси инсоннинг ўз хатти-ҳаракатларини бошқалар нуқати назаридан баҳолаши б-н боғлиқ. Ҳ. туйғуси маънавиятли инсонларга хос фазилатдир. Бу туйғу болаликдан пайдо бўлади ва ривожлана бошлайди.  Ҳ. туйғуси инсонларни нотўғри ва ахлоққа зид хатти-ҳаракатлардан, кишиларнинг манфаатлари, дунёқараши, урф-одат ва расм-русумларга мос келмайдиган ишлардан тийиб туради. Шу маънода Ҳ. — бу ножўя хатти-ҳаракатлардан ўзини тия олиш, уялиш ҳиссидир. Ҳадисларнинг бирида айтилишича, одам, энг аввало, ўзидан уялиши керак. Ножўя қилмиши учун ўзидан уялган одам ўзгага ҳам ножўя хатти-ҳаракатни раво кўрмайди. Халқимиз орасида “ҳаёсиз” ёки “беҳаё” атамалари қўлланганда, уятсиз иш қилганда хижолат чекмайдиган, адабсиз кимсалар тушунилади. Ўзида Ҳ. туйғуси бўлмаган одам ўзгадан ҳаёли бўлишни талаб қилолмайди ва бундай талаб туйғуси унда бўлмайди ҳам. Ҳ.лилик кишининг маънавиятли, маърифатли, номусли, очиқ кўнгилли эканини англатади, унинг зидди беҳаёлик эса, аксинча, маънавиятсизлик, нопокликка мойиллик, бағритошлик каби иллатлар б-н характерланади. Ҳ.ли одамларда ростгўй, ширинсўз бўлиш, яхшиликка яхшилик қайтариш, ўз ёрига вафодорлик, дўстликни қадрлаш каби юксак маънавий-ахлоқий фазилатлар мужассамлашган бўлади. Бугунги кунда ҳам Ҳ.лилик ғоят муҳим  аҳамият касб этади. Глобаллашув, турли тамаддунларнинг ўзаро алоқалари, яқинлашуви, урбанизация, модапарастлик, истеъмолчилик ҳодисалари ўзбек оиласидаги анъанавий Ҳ.лиликка салбий таъсир кўрсатгани кўзга ташланмоқда. Айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг ўзини тутиши, муомаласи, кийинишида бу таъсирни яққол сезиш мумкин. Шу сабабли оила ва мактабдаги тарбияда Ҳ.лилик хулқий гўзаллик,  назокат; беҳаёлик эса хулқий хунуклик ва  қўполлик эканини уқтириш, шахс эркинлигининг доимо ўзгалар олдида масъулият б-н боғлиқлигини изчил равишда тушунтириб бориш муҳим вазифалардан бири. Ҳусайн Воиз Кошифий Ҳ. ҳақида шундай дейди: “Ҳаё ва андиша дунёда тартиб сақлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Ҳаё йўқолса, ҳеч кимда виждон ҳам қолмайди. У ҳолда дунёда  тартиб  бузилади. Кишилар бир–бирига бефарқ қарайдиган бўладилар”.

ҲАЁТ — олам яшаши ва намоён бўлишининг энг мураккаб шаклларидан бири. Ҳ.нинг хилма хил турлари, шакллари борки, улар борлиқнинг моддий шаклини ҳаракатга келтиришда, бошқаришда асосий ўрин тутади. Ҳ.нинг энг мураккаб шакли инсон Ҳ.идир. У инсон руҳияти, онги, тафаккури б-н чамбарчас боғланган. Ҳар бир одамга бир мартагина Ҳ. кечириш имконияти берилган. Инсоннинг қадр-қиммати шу Ҳ.ни қандай ўтказганлиги б-н ўлчанади. Одамнинг табиати ва Ҳ.и у яшаётган жамиятдаги ижтимоий муҳитга ҳам боғлиқ, барқарор жамиятда инсонлар сермазмун Ҳ. кечиришади, нотинч даврида эса умр самарасиз ўтади. Демак, жамиятимиз қанчалик барқарор ва фаровон бўлса, унда яшайдиган инсонпарварларнинг, келгуси авлодларимизнинг Ҳ.и ҳам шунчалик бахтли ва фаровон бўлади. Ҳ.нинг вужудга келиши ва моҳияти ҳақида ҳанузгача олимлар бир нуқтага келишгани йўқ. Ҳар бир инсоннинг Ҳ.и такрорланмас ва ўзига хосдир. Мас., станокнинг бир детали ўрнига бошқа детални қўйиш ёки бир ишчининг ўрнига бошқа ишчини қўйиш б-н станок тўхтаб қолмайди, аммо ҳар бир одам такрорланмас ва ўз ўрнида қадрли. Инсонни, унинг Ҳ.ини қадрлаш муҳим ижтимоий вазифадир. Инсоннинг яхши Ҳ. кечириши, бир томондан, у яшаётган жамиятга боғлиқ бўлса, иккинчи томондан, табиий муҳитга боғлиқ. Бутун тарихий тараққиёт давомида инсон б-н табиат ўртасидаги муносабат такомиллашиб борган. Инсон табиий муҳитсиз, сув, ҳаво, қуёш ва тупроқсиз яшай олмайди. Бу унсурлар унинг тирикчилигини таъминлайди. Бундай қулай шароит инсон учун фақат Ер шарида мавжуддир. Ернинг Ҳ. тарқалган қисми биосфера деб аталади. Биосфера тирик организмларнинг Ҳ. кечириш муҳитидир. Агар Ер шари қуёшга яқинроқ жойлашганида, ер юзасидаги ҳарорат кўтарилиб кетган бўлар эди ва оқибатда намлик, сув йўқолар эди. Агар Қуёшдан узоқда жойлашганида, Ер юзасидаги ҳарорат пасайиб, ҳамма жой мангу музлик б-н қопланар эди. Хуллас, ҳар иккала ҳолатда ҳам Ер юзасида Ҳ.нинг пайдо бўлишига имконият йўқолган бўларди. Қуёш системаси галактика марказига янада яқинроқ жойлашганда эди, Ер юзасида гравитация таъсирида нарсаларнинг вазни оғирлашиб, инсондек мураккаб жонзодни, балки умуман Ҳ.нинг пайдо бўлишига шароит бўлмаган бўлар эди. Аксинча, қуёш системаси Галактикамиз марказидан ҳозиргига нисбатан четда жойлашганда ҳам, гравитация кучининг заифлиги айрим химиявий ва биологик жараёнларнинг рўй беришига халақит берар эди. Бунинг оқибатида Ер юзасида Ҳ. пайдо бўлмас эди. Демак, инсон ўзи учун энг қулай бўлган жойда яшайди. Инсоннинг табиий муҳитга таъсири  қад. даврларда кучсиз бўлган. Даврлар ўтиши б-н инсон қўлида қудратли куч ва қувват манбалари тўпланган, унинг табиатга таъсири сезиларли даражада ўзгарди. Инсон атроф-муҳитни ифлослантириб, биосферадаги табиий мувозанатни изидан чиқара бошлади. Бу масаланинг ечилиши инсоннинг ақл-идрок кучига боғлиқ. Инсон ақл-идрокининг оламга таъсир кўрсатиш чегараси ноосфера деб аталади. Инсон ўзини англамас экан, унинг сайёрамизга ҳалокатли таъсири кўчайгандан кучайиб, охир-оқибатда унинг ўзини ҳам ҳалокатга олиб бориши мумкин, деган илмий башоратлар бор. Ҳоз. замондаги экологик муаммолардан бири ҳам инсон фаолияти томонидан атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш ва бу ҳалокатни тўхтатиб қолишдан иборат. Инсон жамиятда ва табиатда тутган ўз ўрнини тўғри англаса, атроф-муҳитни асраб-авайлайди ва ер юзини гуллатиб яшнатади.

ҲАЁТ МАЗМУНИ – инсоннинг ўз ҳаётий мақсад-муддаолар мазмунини англаб етиши, борлиқнинг объективлашган мазмунини ўзлаштиришни англатувчи фал-й т. Бу жараён муайян қадриятлар – аждодлар тажрибасини маънавий ва моддий-предметли субстратларида ўзлаштириши шароитида юз беради. Инсон ўзлаштирган борлиқ объективлашган мазмунининг натижалари унинг фаолиятида маънавий-маданий, моддий қадриятлар, шахслараро муносабатлар, хулқ-атвор ва хатти-ҳаракатларда – мулоқот ва хулқ-атвор қадрияти сифатида намоён бўлади. “Мазмун” атамасининг маъноси илмий адабиётда тушуниш, англаб етиш, ақл-идрок, тўғри фикрлаш, хулосалар чиқариш қобилияти, деб таърифланади. Мазкур маъноларда у нафақат онг феномени сифатида кўзга ташланади, балки моҳиятнинг ўзгарувчан оламидаги тафаккур жараёнини акс эттиради. Шунингдек, “мазмун” атамаси муайян предметнинг инсон учун муҳимлиги, уни англаб етиш жараёнини ҳам назарда тутади. Бунда англанаётган предметга (объектга) инсон муайян “маъно” юклайди. “Мазмун” атамасининг 10 дан ортиқ маънолари қайд этилган. Мас., “Инсон ўз ҳаётини англаб етиши жараёни ва унинг маҳсули сифатидаги мазмун” таърифи “инсон ҳаётининг мазмуни” тушунчасининг маъносини тўлиқ акс эттиради. Бунда “инсон ҳаёти мазмуни” тушунчаси муайян-тарихий инсоннинг маънавий тажрибасини мужассамлаштиради. Ўз-ўзидан равшанки, ҳар бир тарихий даврда ҳаётнинг мазмуни тўғрисидаги масала ўз мезонларига мувофиқ, дастлабки тушунишнинг муайян тузилмасига кўра долзарблашади. Инсон ҳаётининг мазмуни муаммосини гносеологик жиҳатдан қуйидаги таркибий элементларини фарқлаш имконини беради: 1) ҳаёт мазмунига доир мўлжал субъекти, яъни ўз ҳаётини англаётган инсон; 2) мазмун объекти ёки предмети; 3) инсоннинг рефлексив билиш — баҳо бериш фаолиятидаги англаш жараёни; 4) инсоннинг англаш жараёни сифатидаги мазмун натижалари; 5) мазкур натижаларнинг инсоният моддий ва маънавий маданияти жараёнида объективлашуви. Инсоний қадриятлар ва инсон ҳаёт мазмунига доир қарашларга мукаммал ёндашувлар иррационалистик (Э.Гартман), феноменологик (Э.Гуссерль, М.Шеллер), релятивистик (В.Дильтей), неокантчилик (В.Виндельбанд, Г.Риккерт), социологик (Э.Дюркгейм, М.Вебер) ёндашувларни ичига олган кенг доирани ташкил этади. Тадқиқотчилар инсоний қадриятлар ва ҳаёт мазмунига оид ёндашувларида жамият доирасидан ташқарида, яъни ўз ҳолича мавжуд эмаслиги; ижтимоий субъектлар эҳтиёж ва манфаатлари билан белгиланиши; табиатан объектив, лекин субъектив ифода шаклига эга экани; муайян-тарихий белгилангани; ўз иерархиясига эга тизим ташкил этишини қайд этади. Ҳ.м. муаммоси ўта серқирра масала бўлиб, турли фанлар доирасида турлича ўрганилиши лозим. Инсон томонидан ҳаётни англаш фалсафий даражада амалга ошса, у ўзининг умумийлиги ва теранлиги билан доимо индивидуал-шахсий шаклда намоён бўлади. Ҳ.м.  инсоннинг ички дунёси ва ўзини қуршаган борлиқни билиш, унга баҳо беришдан иборат субъект-объект диалектик жараёни ҳисобланади. Объектнинг мазмуни субъект “ички дунёси”нинг “ташқи дунё”даги оддий инъикоси ҳисобланмайди, балки фаолият жараёнида юзага келади. Фақат фаолиятда предмет мазмун касб этади. Англаш жараёни объектнинг англаш предметига айланишига сабаб бўлган субъект фаолияти шаклининг хусусияти билан сифат жиҳатидан ўзаро боғланади. Субъект фаолиятининг мазмуни унинг мотивацияси объектига муносабати, субъект учун муҳим хусусиятларини аниқлаш негизи ҳисобланади: ҳодисани англаш – инсоннинг ижтимоий-маданий фаолияти таркибига қандай кириши, улардан нима мақсадда фойдаланилишини аниқлаш демакдир. Хусусан, илмий билиш жараёнида дунёни англаш борлиқнинг онгда аниқ акс этиши тамойилига таянади. Ҳаёт мазмуни –  инсон ўз маънавий ва моддий-амалий фаолиятини амалга оширишнинг муҳим усулидир. Мазкур амалиёт жараёнида инсон камол топади. Инсоннинг моҳияти унинг ҳаётни англаб етиш ва натижаларини маънавий ҳамда моддий-амалий фаолиятда объективлаштириш қобилиятида ифодаланади. Хуллас, Ҳ.м. инсоннинг ўз ички дунёси ва ўзини қуршаган борлиқни англаб етиши сифатида рефлексив-мушоҳада юритишга асосланган билиш — баҳо бериш фаолиятининг маҳсулидир. Инсон ўз ҳаётини бундай англаб етишининг хусусияти шундаки, у бир вақтнинг ўзида ҳам ўз ички дунёсини, ҳам ўзини қуршаган борлиқни билиш ва унга баҳо беришдир. Бунда ўз ҳаёт борлиғини теран англовчи инсон: биринчидан, ўзини ўзи  англаб етиши ва ўзига баҳо бериши; иккинчидан, ўзини қуршаган дунёни англаб етиши ва унга баҳо бериши; учинчидан, мазкур ҳаракат натижаларининг диалектик нисбатини аниқлаш имконига эга бўлади.

ҲАЁТ ФАЛСАФАСИ — кенг маънода ҳаётнинг мазмуни, мақсади ва қадр-қимматига оид муаммоларни тадқиқ ва талқин этувчи фал-й оқим. Ҳ.ф. XIX а. 60-70 йилларида пайдо бўлиб, XX а. биринчи чорагида кенг тарқалади. Кейинчалик таъсири анча пасайган бўлса-да, унинг айрим ғоя ва тамойиллари экзистенциализм, персонализм, неогегельянчилик, прагматизм, феноменология каби фалсафий оқимлар ривожида муҳим аҳамият касб этган. Ҳ.ф. ҳаётнинг моҳиятини унинг ўзидан англаб олишга интилади. Ҳ.ф. оқими вакилларининг назарида, воқелик руҳ ҳам, материя ҳам эмас, у интуитив тарздагина англаниши мумкин. Ҳ.ф. ҳис-туйғулар ва инстинктларни улуғлайди, ақлни танқид ва инкор қилади. Ҳ.ф.нинг асосий тушунчаси “ҳаёт” ҳисобланади. Мазкур тушунча Ҳ.ф. турли вариантларида турлича талқин этилади. Фридрих Ницше томонидан асос солинган, кейинчалик Клагес ва Т.Лессинг томонидан ривожлантирилган табиий-биологик талқинда ҳаёт  табиийлик б-н қиёсланади ва ҳар қандай сунъийликка қарши қўйилади. Ушбу йўналиш тарафдорлари куч-қудратни улуғлайди, ҳар қандай ғоянинг рўёбга чиқишини кишилар ёки ижтимоий гуруҳларнинг манфаатлари б-н боғлайди. Тарихий талқин тарафдорлари бўлмиш Дильтей, Шпенглер, Зиммель, Ортега-и-Гассет ҳаётнинг моҳиятини ички руҳий кечинмалардан излайди. Ҳаёт  ва ҳаётийликни борлиқнинг ўзгармас принципи сифатида талқин этган фай.лардан фарқли ўлароқ, бу мутафаккирлар асосий эътиборни ҳаётнинг индивидуал шаклларига қаратади. Бергсон эса, Гётенинг романтизмидан руҳланиб, ҳаётнинг пантеистик талқинини таклиф этади. Унинг фикрига кўра, ҳаётнинг моҳияти ўз-ўзини қайта ишлаб чиқариш ва янги шаклларни яратишдан иборат. Бергсон ҳаётнинг биологик шаклини унинг турли кўринишларидан бири сифатида эътироф этади.  Ҳ.ф. турли талқинлари ўртасида жиддий фарқни кўриш мумкин бўлса-да, уларни бари XIX аср бошлари —  XX аср кантианчилик ва позитивизм таъсири туфайли кенг тарқалган методологизм ва гносеологизмнинг ҳукмронлигига қарши курашда яхлит ғоявий оқим сифатида намоён бўлади. Кантианчилик ва позитивизмдан фарқли ўлароқ, Ҳ.ф. ҳаётий асосга таянган янги онтологик ва гносеологик концепцияни илгари суришга ҳаракат қилади. Унга кўра,  ҳаётий асос воқеликни руҳ билан изоҳлаган идеалистик фалсафа воситасида ҳам, воқеликни ўлик материя билан тушунтиришга ҳаракат қилган табиатшунослик орқали ҳам англаниши мумкин эмас. Зеро, буларнинг ҳар бири ҳаётий яхлитликнинг биргина жиҳатини эътиборга олади, холос. Мас., Бергсоннинг фикрича, ҳаётий воқелик бевосита, унинг ботинига кириш имконини яратадиган интуиция орқалигина англаниши, идрок этилиши мумкин. Интуитив билим эса субъектни объектга  қарши қўймайди, аксинча, аввалбошданоқ уларнинг ҳаётий асосга таянган ҳолда бир-бирига уйғун тарзда намоён бўлишини тақозо этади. Шу билан бирга, ақл орқали билишдан фарқли ўлароқ, интуитив билишнинг умумий қонуниятларини аниқлаш, ўрганиш мумкин эмас, уни юксак бадиий тафаккурга қиёслаш мумкин, холос.  Ҳ.ф. ёндашуви нуқтаи назаридан “ижод” ибораси ҳаёт тушунчасининг синоними ҳисобланади. Ижодий фаолиятнинг қай бир жиҳатининг муҳим аҳамият касб этишига қараб, Ҳ.ф. асосий интуицияси ва қарашларининг характери намоён бўлади. Мас., Бергсон ижодни янги нарсанинг вужудга келиши, шаклланаётган табиат бойлигининг ифодаси сифатида талқин этади. Зиммель учун эса, аксинча, ижоднинг асосий жиҳати унинг икки томонлама характери билан ифодалади: унинг назарида, ижод маҳсули ҳамиша қотиб қолган ва охир-оқибатда, ижодкорнинг ўзига зид келадиган нарсага айланади.  Шу маънода, Зиммель фалсафасига хос тушкунлик ҳолати Шпенглернинг фаталистик ва кескин қарашлари билан туташиб кетади. Билишнинг илмий шаклига танқидий муносабатда бўлган Ҳ.ф. ўзгарувчан табиатни англашга хизмат қилмайдиган, соф прагматик мақсадларга— дунёни ўзгартириш ва кишилар манфаатларига бўйсундиришга йўналтирилган илмий билиш табиатининг янги концепциясини илгари суради. Ҳ.ф.  фанининг жамиятнинг бевосита ишлаб чиқариш кучига айлангани ва унинг техника ҳамда индустриал иқтисодиёт билан туташиб кетаётганини эътироф этиб, “нима?” “нима сабабдан?” деган саволларни “қандай?” деган масала билан алмаштиради. Ҳ.ф. назариётчилари илмий тушунчалар амалий фаолиятнинг воситаси сифатида, “ҳақиқат нима?” деган масалага бевосита алоқадор эмаслиги, бошқача айтганда, ҳақиқатга даъво қилаётган фан аслида янглиш йўлдан бораётганини асослашга уринади. Шу маънода, XIX аср охири –  XX аср бошларидаги жадал техник тараққиёт даврида олимлар, инженерлар ва бюрократ-амалдорлар аристократик индивидуал ижодга — адиб, шоир ва файласуфларга қарши қўйилади. Ҳ.ф. онтология ва гносеологик концепцияни яратиш билан чекланмай, айниқса, Ницше асарларида яққол намоён бўлган янгича дунёқараш шаклларини ёқлаб чиқишга интилади. Неомажусийлик дея аташ мумкин бўлган бу дунёқараш негизида куч-қудратга асосланган ҳамда ғайритабиий унсурларга таянган дунё ҳақида тасаввур ётади. Табиат кучларини инсон манфаатларига бўйсиндиришга интилаётган позитивизм фалсафасидан фарқли ўлароқ, Ҳ.ф. инсонни ана шу кучларга буйсунишга, улар билан уйғунлашиб кетишга, тақдирга қарши бормасдан, унга тан беришга ундайди. Маълум маънода, бундай тушкун ғоялар ўша даврдаги ижтимоий-сиёсий вазиятнинг беқарорлиги, эътиқодсизлик ва ахлоқсизликнинг авж олиши билан изоҳланиши мумкин. Ницше фалсафасида кейинчалик Шпенглер, Ортега-и-Гассет, Зиммель, Селин, А.Камю, Ж.П.Сартр томонидан ривожлантирилган фожиавий талқин санъат, адабиёт ва кино соҳасида ҳам яққол намоён бўлди. Ҳозирги даврда Ҳ.ф.нинг айрим ғоя ва тамойиллари экзистенциализм, персонализм, айниқса фал-й антропология томонидан ўзлаштирилиб, янгича талқин этилмоқда.

ҲАЁТИЙ МАНФААТЛАР — ҳар бир шахс, жамоа, жамият ва мам-тнинг ҳаёт учун муҳим аҳамият касб этувчи манфаатлари мажмуасини ифодаловчи тушунча. Маъ-ят ҳам Ҳ.м.нинг таркибий қисми ҳисобланади. Ҳ.м. инсон тафаккурининг босқичма-босқич ривожланиб боришини таъминлаш б-н бирга унинг маъ-яти шаклланишига ҳам катта ҳисса қўшади. Одатда Ҳ.м.га муносабат б-н маъ-ят даражасини маълум даражада аниқлаш мумкин ёки аксинча, маъ-ятга қараб Ҳ.м. нималардан иборатлигини англаш мумкин. Ҳ.м.га муносабатда маън-й тарбия муҳим аҳамиятга эга. Маън-й тарбияга қараб жамият таркибидаги ҳар бир шахс ўз Ҳ.м.ини белгилайди. Шахс тафаккуридан мустаҳкам жой олган Ҳ.м. унинг умри мазмунин ҳам белгилаб беради. Шу жиҳатдан Ҳ.м.ни маъ-ятдан айри ҳолда тасаввур қилиб бўлмайди.

ҲАЁТНИНГ ДАВОМИЙЛИГИ   —  кишининг ўсиб-улғайиши, камолот сари бориши, ўзга инсонлар, ташқи муҳит, олам, вақт, давр таъсирида, ҳаёт қадрини англаш, фоний дунёнинг ўткинчилиги, ҳаётнинг мазмуни, яшаш мақсади, олам абадийлиги қадрига етишни тушуниш жараёнини ифодаловчи тушунча.  Инсон ҳаётини туғилиш ва болалик; ўсмирлик ва балоғат; мустақил ҳаёт; кексалик даврларига бўлиш мумкин. Туғилиш ва болалик даврида инсон дунё юзини кўради, оилага чексиз қувонч, орзу-умидлар олиб келади. Аввало, ота-онаси ва ўзгалар парвариши билан улғаяди, оила муҳитида гапира бошлайди, юришни ўрганади, сўнгра боғча ва  мактабга боради. Бу даврда ота-онанинг мавжуд  саъй-ҳаракатлари фарзандларнинг яхши яшаши ва улғайишига сафарбар этилади. Ўзбек оиласида Шарқ маданиятига хос ижтимоий ва этномаданий хусусиятлар ўз ифодасини топган. Бунда ота-она, фарзанд, эр-хотин ва қариндошлар ўртасидаги муносабатларда ахлоқий бурч ҳамда ахлоқ меъёрларига алоҳида эътибор берилади. Президент И.А.Каримов «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида таъкидлаганидек, «…бу ёруғ дунёда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзот ҳамиша эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди».  Ўсмирлик ва балоғат даврида фарзанд улғая боргани сари ота-она катта орзулар билан яшай бошлайди. Фарзанди келажакда етук мутахассис бўлиши ёки ҳунар эгаллаши, бир сўз билан айтганда, комил инсон бўлиши учун ота-она астойдил ҳаракат қилади. Бу даврда болалар ўзларини эртаклар оламида яшаётгандек ҳис қилиб, нимани истаса, уни амалда ҳам бўлишини хоҳлайди. Мустақил ҳаёт даври инсон ҳаётининг энг қийин, шу билан бирга, буюк синовлар даври ҳисобланади. Бу давр ҳар бир инсоннинг ҳаётида турлича кечади. Инсон ҳаёти давомида шундай даврлар бўладики, ёшликда ўйламасдан, ҳаётни тушунмасдан қилинган хатти-ҳаракат умр армонига айланиб қолади. Шу боис бу давр инсон келажагини ҳал қилувчи давр, деб аталиши бежиз эмас. Дарвоқе, ҳаётни оқар сувга таққослашда ҳам теран маъно бор. Вақт ҳеч қачон кутиб турмаганидек, ҳаёт ҳам тўхтовсиз ўтиб кетаверади. Шу маънода, бу давр мобайнида ҳаётни беҳуда ўтказмаслик, ундан самарали фойдаланиш керак. Ҳар бир инсон ҳаёти ютуқ ва камчиликлар, омад ва муваффақиятсизликлардан иборат. Шундай жараёнлар мазкур давр асосини ташкил этади.  Маълумки «ҳаёт» маъносини ҳар ким ўз ҳаёт йўли, ютуқ ва камчиликлари, эришган муваффақият ва  омадсизликлари билан белгилайди. Ҳар кимнинг ҳаёт йўли ўзгача, инсон ёшлигиданоқ ҳаёт йўлини танлайди, ҳар ким ўз орзусига эришиш учун интилади. Кексалик даврига етгач, ҳар бир инсон босиб ўтган ҳаёт йўлига назар ташлайди, яхши-ёмон кунларини эслайди, сарҳисоб қилади. Агар бахтли ҳаёт кечирган, жамиятга, оиласига наф келтирган бўлса, шукроналар айтади. Баъзиларда эса бунинг акси кузатилади. Ҳаёти давомида бирор марта ҳам ўзгаларга фойдаси тегмаган, кексаларга ширин сўз айтиб, ғамхўрлик қилмаган, ёшларга ибрат бўлмаган кишиларни дунёга келиб, изсиз кетган инсонлар дейиш мумкин… Қарияларни қадрлаш, уларнинг ҳаётий тажрибаларидан кенг фойдаланиш масаласи Қадимги Греция, Миср, Хитойда ҳам эътироф этилган. Юнон донишманди Пифагор “…одамлар қирқ ёшида ўз қобилияти ривожининг чўққисига эришади”, деб ҳисобласа, Платон “…олий даражадаги давлатни бошқаришни ҳаёт тажрибасига эга, ақлли, қобилиятли қариялар олиб бориши керак”, деган ғояни илгари суради. Бу фикрлардан кўриниб турибдики, қарияларнинг ибратли ҳаёти, тарбиявий ишлари, панд-насиҳатлари катта аҳамиятга эга. Умр елдек ўтмоқда. Аллоҳ томонидан ҳар бир инсонга белгилаб қўйилган умр елдек ўтиб кетади. Вақт, умр ўтиш жараёнини ёшлар ва кексалар турлича талқин қилади. Келажакдаги эзгу орзулари тезроқ рўёбга чиқишини истагани боис ёшларга вақт секин ўтаётгандек туюлади, тезроқ улғайиб, ҳамма орзулари ушалишини истайди. Лекин, донишманд айтганидек, «Кексаликнинг ҳовлисига кўчиб ўтган», умр поёнига етиб бораётган кишилар учун эса вақт тез илгарилаб кетаётганга ўхшайди. Ҳар икки ҳолатда ҳам яшаш завқи, орзу-умидлар чексизлиги ўз даражасида сақланиб қолади. Чунки ҳаёт ва умид инсоният ҳеч қачон тўймайдиган бойликлардир. Халқимизда «Умр ғанимат, дийдор ғанимат» деган ибора бор. Дийдорлашув ҳаёт мазмунини бойитади. Ота-онанинг фарзандлар билан дийдорлашувини, унинг ҳис-ҳаяжонини таърифлаш қийин.  Қариндош-уруғ, дўст-биродарларнинг дийдорлашувида ҳам алоҳида завқ-шавқ мужассам. Айниқса, илмга чанқоқ ёшлар устозлар дийдорига доимо интиқ бўлади. Буюк файласуф Умар Ҳайёмнинг қуйидаги мисралари умрнинг бебаҳо эканига ишорадир: “Кекса, ёш – ҳар  кимки ҳаётга етар, Ҳаммаси бирма-бир, изма-из ўтар. Бу дунё ҳеч кимга қолмас абадий, Кетилар, кетамиз, келишар, кетар”. Инсон ҳаёти вақтдек югурик. «Умр масофаси, — деган эди шоир Ғафур Ғулом, — икки қош ўртасидек қисқа, муддати эса кўз очиб юмгунча ўтган дамга тенг». Ҳар бир инсон ҳаёт мазмуни эзгу ишлар кўлами билан ўлчанади, унинг энг қимматли бойликларидан бири – вақтдир.  Вақтни бой бериш ўрнини тўлдириб бўлмайдиган йўқотишдир. Вақт қадрига етадиган кишилар ўтаётган оний дақиқани ҳам ғоят қадрлайди, фақат вақт масаласидагина хасислик қилади. Мумтоз шоир Данте: «Вақтни бой бераётганида хуноб бўладиган одам энг доно одамдир», деган эди.  «Дунёга йиғлаб келсангу, кулиб кетсанг», деган эди бир донишманд. Дарҳақиқат, умрнинг ибтидоси ва интиҳоси мавжуд. Инсон умри поёнига етаётганини билгач, ўз меҳнати ва фаолияти, катта ижтимоий кучнинг кичик аъзоси сифатида ўзидан яхши ном қолдирганидан мамнун бўлади, ҳаётидан қониқиш ҳосил қилади. Машҳур «Авесто» китобида «Бу дунёдан кетар экансан, ортингда эзгу сўз, эзгу ният, эзгу амаллар қолсин» деб бежиз таъкидланмаган.

ҲАЛОЛЛИК (араб. рухсат этилган, йўл қўйилган; қонуний, асосли; тўғри, виждонли одам) — шариат ҳукмига мувофиқ еса, ичса, фойдаланса бўладиган; кишининг ўзига қарашли, ўз меҳнати билан, пешона тери тўкиб топилган; хиёнат, ғирромлик кабилардан холи, ғирромликка ўрганмаган, қинғир йўлга бормайдиган, бировни алдамайдиган; тўғри, соф, покиза бўлишни талаб қиладиган маънавий-ахлоқий меъёрни англатувчи тушунча. Инсонни маънавий-ахлоқий жиҳатдан безайдиган ажойиб фазилатлардан бири – ҳалол, покиза яшаш, бировларнинг ҳақига заррача бўлса-да, хиёнат қилмасликдан иборатдир. Ҳалол б-н ҳаромни фарқлаш, фақат ўз меҳнати эвазига тирикчилик қилиш, ҳаром- ҳаришдан жирканиш, ҳаромхўрликни энг катта гуноҳи азим ва аҳлоқсизлик деб билиш — Шарқ файласуфларининг энг муҳим ғояларидан ҳисобланади. Ҳ. виждон, адолат ва бурч каби ахлоқий тушунчалари б-н боғлиқ, инсоннинг ўзгага муносабати ўзига муносабатидек соф, покиза бўлишини талаб қиладиган ахлоқий меъёрдир. Даставвал у диний тушунча сифатида вужудга  келиб, ҳар бир мусулмоннинг емак-ичмаги, жинсий ва иқтисодий хатти-ҳаракатларини белгилаб берувчи шаръий меъёр сифатида амал қилган. Кейинчалик Ҳ. нисбатан тор шаръий қобиқдан чиқиб, аста-секин шахс ҳаётидаги кенг қамровли ахлоқий меъёрга айланди, теран маънавийлик касб этгани ҳолда, кундалик ҳаётдаги инсонийликни белгилайдиган умуминсоний фазилат бўлиб қолди. Мас., ҳозирги кунда ихтисослашган меҳнат тақсимотининг такомиллашуви, илм-фан тараққиётининг юксалиши натижасида биз касбий Ҳ., илмий Ҳ., иқтисодий Ҳ. в.б. ҳақида гапиришимиз мумкин. Ҳ. нинг мавжудлиги фидойилик, ростгўйлик б-н шартланади; доимо Ҳ. қилиши ёки ҳалол яшаши учун киши албатта нималардандир кечиши, кимларгадир қарши бориши, фақат рост гапириши, сўз б-н иш бирлигига эришиши керак. Шу боис Ҳ. инсон жамоатчилик ўртасида обрўга эга, ҳурматга сазовор бўлади. Қайси жамиятда Ҳ. фуқаролар кўпайса, ўша ерда бахт ва фаровонлик ҳукм суради. Мустабит тузум даврида ёлғон, алдов, нопоклик, ҳаромхўрлик, мунофиқлик сингари иллатлар халқимизга шу қадар усталик б-н сингдирилдики, унинг асоратлари ҳозиргача сезилиб туради. Шу боис мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ бу иллатларга қарши кураш бошланди. Ҳозирги кунда давлатимиз миллий-маънавий қадриятларни тиклаш, одамларни ҳалол, инсофли, адолатли бўлишга чақиришни ўз ички сиёсатининг муҳим қисми деб билган ҳолда иш тутмоқда. Ҳозирда ҳалол, ростгўй инсонлардан иборат бўлган фуқаролар жамиятини қуриш – фақат ахлоқий муаммо эмас, балки келажаги буюк давлатимизнинг моҳиятини англатувчи ижтимоий-сиёсий янгиланишдир. Ҳ. инсоннинг ички ва ташқи дунёсининг бирлиги, сўзи б-н хатти-ҳаракати тўғри келишини, атрофдаги инсонларга очиқкўнгил ва самимий муносабатини ифодаловчи маънавий-ахлоқий фазилатлардан ҳисобланади. Ҳ. жамиятнинг ахлоқий меъёрларига онгли равишда ва ихтиёрий амал қилишга ундайдиган ҳодисадир. Ҳ. инсон характерининг моҳиятидан келиб чиқиб, инсоннинг ўз вазифасини виждонан ва онгли равишда бажаришида намоён бўлади. Чин маънодаги ҳалоллик ваъдага вафо қилиш, сўз б-н иш бирлиги демакдир. Сўзининг устидан чиқмаган одам бебурд, белафз одам ҳисобланади. Молу давлат пешона тери б-н, меҳнат б-н топилса ҳалолдир. Ҳ. ростгўйлик, тўғрилик, ахлоқий поклик, самимийлик каби инсоний фазилатлар мажмуасидан иборат. Ҳ. – ҳаромнинг душмани. Ҳалол амалларга қуйидаги фазилатлар киради: меҳнат б-н тирикчилик қилиш, ҳалол ризқ топиш, яхши ният қилиш, яхши сўзлаш, яхши амаллар қилиш, омонат ва қарзларни ўз вақтида қайтариш, етимларни кафилликка олиш, вафодорлик, гуноҳни савоб ишлар б-н ювиш,  эҳсон ва садақа қилиш, муҳтожларга қарз бериш, ёрдам кўрсатиш, меҳр-мурувватли ва оқибатли бўлиш ва ҳоказолар. Президент И.А.Каримов асарларида жамиятимиз ва ҳар бир инсон фаолиятида ҳалоллик асосий тамойил сифатида амал қилиниши зарурлиги таъкидланади: «…кўп асрлар мобайнида халқимиз қалбидан чуқур жой олиб, ҳаёт маъносини англаш, миллий маданиятимиз ва турмуш тарзимизни, қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримизни безавол сақлашда муқаддас динимиз қудратли омил бўлиб келаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Нега деганда, инсонийлик, меҳр-оқибат, ҳалоллик, охиратни ўйлаб яшаш, яхшилик, меҳр-шафқат сингари халқимизга мансуб бўлган фазилатлар айнан ана шу заминда илдиз отади ва ривожланади». Ҳ. инсон маънавиятининг энг эзгу фазилатларидан бири бўлиб, жамият тараққиётини белгилайди. Жамиятда ҳалол инсонлар қанча кўп бўлса, у шунча тараққий этади. Бинобарин, ҳалол одам вазифасига масъулият б-н ёндошади, қинғир йўллар орқали бойлик орттиришни ўйламайди, ишига, халқига, ватанига содиқ бўлади.

ҲАМДАРДЛИК — инсонпарварлик кўринишларидан бири бўлиб, шахснинг бошқаларга муносабати, уларнинг фикр ва туйғуларини тушуниш ва қўллаб-қувватлашни англатувчи тушунча. Ҳ. – юксак инсоний фазилат, юксак маънавият, инсонпарварлик, олижаноблик белгисидир. Ҳ. ва яхши сўз кишига умид ва илҳом бахш этади. Ҳ. инсонлар ўртасидаги самимийлик, табассум ва беғубор муносабатларда, ўз яқинлари ва бошқаларнинг дардига малҳам бўлиш, эътибор, бошқаларни ўйлаб яшаш, меҳмондўстлик, мулоқот, ширинсўзлик, яхшилик қилиш, муносабатлар маданиятида намоён бўлади. Ҳ. мамлакатлараро ва инсонлараро кўринишларда ҳамда маънавий-руҳий ва амалий шаклда бўлади. Ўзаро Ҳ. яхши қўшничиликнинг муҳим шартидир. Кишининг тўйига-ку ҳамма ҳам келади, лекин бошига кулфат тушганда биринчи бўлиб қўшнилар Ҳ. қилади. Инсон бошига ўлим тушганда яхши қўшнилар ҳам, содиқ дўстлар ҳам, қариндош-уруғлар ҳам шундай уқубатли, қайғули, ташвишли пайтларда азадорнинг ёнида таянч ва кўмакдош бўлиш, тўйларда ҳам эҳтиёжманд тарафнинг фикр ва туйғуларини тушунишга чин қалбдан ёндашиш, қўллаб-қувватлаш, маслаҳат ва кўмак бериш, виждон амри б-н ҳаққоний, адолатли фикрлар айтиб, ижобий хулосалар қилиш, яъни Ҳ. бўлиш — чин инсоний  фазилатлардан ҳисобланади. Ҳ.дан ташвиш ва ғам енгиллашади. Қандайдир фалокат рўй берганда ҳам, мас., қўшнининг уйига ўт кетганда, қўни-қўшниларнинг бир жону бир тан бўлиб кўмаклашиши, уй ёниб-куйиб хароб бўлгач, яшаш учун шароит қолмагач, маҳалла аҳли ҳашар йўли б-н қўшнининг уйини тиклаши, ҳар кимнинг қўлидан келганича ёрдам бериши ҳам яхши инсонларнинг ҳамдам ва Ҳ.дан далолатдир. Мас., Ҳ.нинг мамлакатлараро кўринишида бирор табиий офатдан зарар кўрган, кулфат оқибатида талафот кўрган давлат аҳолисига қўшни мамлакатлар яхши сўз, таъзия изҳорлари б-н дардларига шерик бўлишади, моддий ва маънавий томондан кўмаклашади. Инсон ҳаётининг оғир, мусибатли кунларида атрофдаги одамларнинг ҳамдардлигига, маънавий-руҳий кўмакка муҳтож бўлади. Илиқ ва самимий муомала, очиқ чеҳра б-н чин юракдан олиб борилган дўстона суҳбат, дардга шерик бўлиш б-н Ҳ.билдириш кишига нажот, руҳига тетиклик, қалбига умид бағишлайди. Ҳ. жамоадаги маънавий-руҳий иқлимни соғломлаштирувчи, бошига мусибат тушган инсоннинг келажак ҳаётга ишонч б-н қарашига сабаб бўлувчи муҳим омилдир. Лоқайд, бебурд, безори, шафқатсиз, қўрс, қўпол ва ёмон сўзловчи, калтабин, ақлсиз, ҳасадгўй, атрофдагиларни беҳурмат қилувчи, камситувчи, ҳақорат қилувчи, менсимайдиган, такаббур, беэътибор, билимсиз, маънавий тубан кишилар ҳақиқий Ҳ.ни ҳеч қачон қила олишмайди, Ҳ. билдиришганда эса, уларнинг Ҳ.ги сохта чиқади.  Ҳақиқий ҳ. юксак маънавий сифатлар, фазилатларга эга инсонлар томонидан қилинади. Ҳ умуминсоний қадриятлардан бири бўлиб, турли халқларда турли кўринишларда учрайди. Ҳ.нинг икки кўриниши мавжуд. Биринчиси — халқ, миллат, яқин танишлар, қариндош-уруғлар бошига тушган мушкулликларга иқтисодий ёрдам орқали билдириладиган Ҳ.дир. Иккинчиси инсонга яқин кишилари вафоти муносабати билан таъзия изҳор қилиш, Қуръон тиловатлари орқали Ҳ. билдириш одатидир. Бундай қадриятни нотўғри изоҳловчи ваҳҳобийлик, акромийлик каби тажовузкор оқимлар халқимиз томонидан қаттиқ қораланади.  Халқлар ва мамлакатлар орасидаги ўзаро Ҳ. башариятга хос муносабат бўлиб, халқаро муносабатларнинг мустаҳкамланишига, одамлар орасидаги Ҳ. эса меҳр-оқибатнинг кучайишига хизмат қилади.

ҲАМИЯТ (араб. жаҳли тезлик, жиззакилик; ғайрат, қунт; манманлик, такаббурлик, мағрурлик) — ўзининг ва ўзига қарашли кишиларнинг ор-номусини бошқаларнинг тажовузидан ҳимоя қилишга бўлган интилиш, ор-номусни пок сақлаш туйғусини ифода этувчи т. Шундай интилиш ва туйғуга эга бўлган киши “Ҳ.ли одам” дейилади. Улар жамиятдаги эгрилик, нопокликка бефарқ қараб тура олмайди.Ўз халқининг ва ўзга элларнинг  урф-одатларини ҳурмат қилиш, жамиятнинг қонун-қоидаларига риоя этиш, юртининг, оиласининг, дўстларининг шарафини  сақлаш, ҳимоя этиш ҳам ҳамият саналади. Ҳ. сўзининг тилимиздаги ҳозирги маъноси “орият”, “номус”, “қадр-қиммат” тушунчаларига уйғун бўлиб, салбий маънода деярли қўлланилмайди.

ҲАМКОРЛИК — турли миллат, ирқ ва динга мансуб кишилар ва гуруҳларнинг умумий мақсад йўлидаги маънан бирлашувини ифодалайди. Ҳ.нинг мустаҳкам ўрин эгаллаши дунёда, мам-тимизда ташкилот ва ижт-й қатламлар, турли институт ўртасида ўзаро келишувга асосланган алоқаларни таъминлаш зарурати б-н изоҳланади. Жамиятда тотувлик ва барқарор тараққиёт турли шахслар ҳамда тоифалар ўртасидаги Ҳ. ва ҳамжиҳатликка боғлиқ. Шахснинг манфаатлари миллат ва жамият манфаатларига уйғунлашган ҳолатдагина қатламлар орасидаги муносабатлар ва ўзаро Ҳ.ни яхшилаш жамиятдаги барқарорликни мустаҳкамлашга замин яратиш мумкин. Аксинча, ана шу Ҳ.ни издан чиқариши ёки муносабатларнинг ёмонлашуви, барқарорликнинг бузилишига олиб келади, беқарорлик, сиёсий бошбошдоқлик ва миллий парокандаликни келтириб чиқаради. Ҳ.нинг вужудга келишида маъ-ят катта ўрин тутади. Ҳ.да амалга ошириладиган ишларнинг моҳиятини тўғри тушуниш, томонларнинг бир-бирига ишончни мустаҳкамлаш учун хизмат қилади. Ҳ. ҳамфикрлик, иттифоқлик, дўстона алоқалар, муаммоларни бартараф этишдаги баҳамжиҳатлик ва булар воситасида тараққиётни таъминлаш имкониятларини яратади. Шунга кўра Ҳ. маъ-ят б-н яқин муносабатдадир. Давлатнинг бош ислоҳотчилик роли, энг аввало, жамиятдаги Ҳ.ни таъминлайдиган маън-й юксаклик, иқт-й асослар, сиёсий вазият, маданий муҳит, ҳуқуқий-қонуний муносабатларни ташкиллаштириш, бошқариш ва назорат қилиш фаолиятида намоён бўлади.

ҲАМФИКРЛИК — турли давлатлар раҳбарлари, сиёсий оқимлар, фирқалар, жамоат ташкилотлари, якка шахслар орасидаги ягона хулоса, ягона ечимга келиш жараёнидир. Мулоқотлар бошланишида фикрлар плюрализми устувор бўлади. Агар мулоқотларда турлича қарашлар ва кўп фикрлик ўзгармай қолса ягона ечимга келиш мумкин бўлмай қолади. Томонларни муросага келтириш, уларни ягона ечимга олиб келиш назариясига консенцус дейилади. Томонларнинг манфаатларига путур етказмайдиган ва келиштира оладиган ечимни топиш конценцус назариясининг мақсадидир. Мас., кўпчилик давлатлар сиёсатчилари давлат сиёсатини дин манфаатларини ва халқ манфаатларини ҳурмат қилиш асосига қуриш керак, — деган фикрни илгари сурадилар. Қонунлар устуворлиги, давлат ва жамият манфаатлари устуворлигига эришишда ҳам ҳамфикрлик зарур. Айрим давлатлар тарихида халқ манфаатига зид қонунлар қабул қилиш, сўнгра қонун устуворлигини талаб қилиш халқни ночор аҳволга тушириб қўйганлиги маълум. Шўролар даврида ана шу ҳолатни кузатиш мумкин эди. Баъзан Ҳ.нинг синоними сифатида ҳамжиҳатлик атамасидан ҳам фойдаланилади. Атама маън-й н.назардан одамларнинг иттифоқлигини ифодалашга хизмат қилади.

ҲАРОМ (араб. фойдаланиш, истеъмол этиш шаръан ман этилган нарса; муқаддас; ноқонуний) — шариат ҳукмига мувофиқ ейиш, ичиш, фойдаланишга ярамайдиган, ҳалол бўлмаган, анъана ёки тартиб-қоидаларга кўра ман этилган иш, хатти-ҳаракат; шу йўл билан топилган нарса; ҳаётида шундай йўл тутувчи кимса каби маъноларни англатувчи тушунча.  Зулм, ўғирлик, рибохўрлик, алдамчилик, порахўрлик йўли б-н топилган ҳар бир нарса, ўзи қанча пок бўлса ҳам, топувчига Ҳ.дир. Шунинг учун ҳам уламолар мутлақ Ҳ.ни – ўзида ҳ.лик сифати бор ёки ман қилинган йўл б-н топилган нарсадир, деб таърифлайди. Мусулмон инсон учун Ҳ.дан ҳазар қилиш фарздир. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни Ҳ. — ботил йўл б-н бировнинг молини ейишдан қатъий равишда қайтарган. Бир луқма Ҳ. таом еган одамнинг неча кунлаб дуоси қабул бўлмаслиги таъкидланган. Мусулмон инсон Ҳ. йўл б-н молу дунё касб қилишдан, худди чўчқанинг гўштини ейишдан ҳазар қилгандек, ҳазар қилиш керак. Ҳ. йўл б-н молу дунё топган одам икки дунёда шарманда бўлади. Бу дунёда азоб-уқубат, турли бало-офатларга йўлиқиб, у дунёда жаҳаннам ичида туриб, қорнига оловни таом ўрнига ейди. Шариатда Ҳ. ҳисобланган нарсани ҳалол деб эътиқод қилган одам кофир бўлади. Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсалар инсон учун моддий ва маънавий фойдалидир, Ҳ. қилинган нарсалар зарарлидир. Шунинг учун ҳалол қилинган нарсалар ва ишлар кўпчиликка маълум. Ҳ. қилинган ишларни эслатиб ўтиш ва эслатиб туриш жоиздир. Булардан айримлари: ота-онага оқ бўлиш, зинокорлик, рибо (судхўрлик), сеҳргар ва фолбинларга ишониш, ўғирлик, қароқчилик, порахўрлик, жосуслик, чақимчилик, ёлғончилик, қотиллик, ноҳақ қон тўкиш, хиёнаткорлик, ўликка дод-вой солиб йиғлаш, савдо-сотиқда ғирромлик, ғийбат, туҳмат кабилар Ҳ. амаллардир. Ейиладиган нарсалардан тўнғиз, ваҳший ҳайвонлар, ўзича ўлган ҳалол ҳайвонлар, сўйилганда оққан қон, “бисмиллоҳ” айтмай сўйилган ҳалол ҳайвон гўштлари, динсиз (мажусий)лар сўйган ҳайвон гўштлари, маст қилувчи ичимлик ва гиёхларнинг ҳаммаси ислом шариатида Ҳ. қилинган. Қуръони Каримнинг «Моида» сураси 3-оятида бу ҳақда қуйидагиларни ўқиш мумкин: «Ўлимтик гўшти, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузишдан ўлган, (бирор жойини) йиртқич ҳайвон еган ҳайвонлар гўшти сизларга ҳаром. (Шаръий йўл билан сўйиб) поклаб олишга улгурганингиз бундан мустасно. Шунингдек, бут-санамларга атаб сўйилганлар ҳам – ҳаром».  Булардан ташқари эркакларнинг тилла нарса тақиши, ипак кийим кийиши, аёлларнинг эркакча кийиниши, тилла-кумуш идишда овқатланиши, аврат жойларини очиб юриши кабилар ҳам ҳ. амаллардан саналади. Фойдаланиши Ҳ. этилган ва истифода қилган кишига фақат зарар берадиган ўсимликларни экиш ҳам, парвариш қилиш ҳам исломда Ҳ. ҳисобланган. Мас., наша, қорадори, афюн сингарилар. Тамаки ҳам шулар тоифасига киради. Бир нарсанинг Ҳ. экани шубҳасиз, очиқ далиллар  б-н маълум бўлса, уни экиш ва етиштириш ҳам Ҳ.дир. Мусулмон киши ҳеч қачон Ҳ.га қўл урмаслиги, Ҳ.дан истифода этмаслиги, ундан узок туриши керак. Шунга кўра, мас., насронийларга сотиш учун чўчқа боқиш ҳам мусулмонга жоиз эмас. Шариатда Ҳ. ишларга одатланган одам гуноҳкор бўлиш билан бирга, ҳаётда хорлик, шармандалик ва қашшоқликка гирифтор бўлиши таъкидланади. Кенг маънода Ҳ. ахлоқнинг тушунчаси бўлиб, жамият аъзолари зиммасига юклатилган ахлоқий-ҳуқуқий талабларнинг виждонан бажарилишини ёхуд шахсий ёки гуруҳ манфаатларини кўзлаб ошкора ё пинҳона бузилишини англатади.

ҲАСАД — ўзга кишидаги ютуқ, омаднинг ўзида бўлишига ички ва ташқи хоҳиш, бошқанинг ҳаёти, фаолиятини кўролмаслик орқали назорат қилиш, атрофдагилар ҳулқ-атворини маънан кўролмасликни ифодаловчи тушунча. Абдулла Авлонийнинг фикрича: “Ҳасад деб бир одамга жаноби ҳақ тарафиндан берилган неъмат ва давлатнинг заволини тиламакни айтилур. Ғийбат, бўҳтон, суъизан каби ёмон хулқлар ҳасаддан туғилур”. Ҳ. барча динларда қораланади. Мас., христиан динида Ҳ. еттита гуноҳи кабиралардан бири ҳисобланади. Чунки бу динда айтилишича, Ҳ. қилиш худо томонидан ўрнатилган тартибдан норозиликни билдиради. Ҳ. ислом динида ҳам қаттиқ қораланади. Мас., Қуръони Каримнинг “Фалақ” сурасида таъкидланишича: “Паноҳ тилаб илтижо қилурман тонг Парвардигорига, яратган нарсалари ёвузлигидан, зулматга чўмган тун ёвузлигидан, тугунчаларга дам солувчи аёллар ёвузлигидан, ҳамда  ҳасадчининг ҳасади ёвузлигидан”. Ҳ. туйғуси одамлар орасида низо, келишмовчиликлар келиб чиқишига сабаб бўлади. Жамоаларда эса ҳасад маънавий-ахлоқий иқлимни бузади, корпоратив маданиятни емириб ташлайди. Ҳасадгўй – Ҳ. қилувчи, Ҳ.  б-н қарайдиган шахс. Ҳ. бировнинг ютуқларини кўролмасликдан келиб чиқади. Биров обрў-эътиборга ёки мартабага эришса, ҳасадгўй Ҳ. ўтини ўчириш учун унинг обрўсини тушириш чораларини қидира бошлайди. Ҳасадгўйлик маънавий иллат сифатида ҳалол-пок яшайдиган, тўғрисўз, камбағал, диёнатли одамнинг бойиши, мансаб-мартабага эришиши, обрў-эътибор қозонишини кўролмаслик ҳолатида яққол намоён бўлади. Ҳасадгўйда салом-алик эмас, араз кучли бўлади. Бу ҳол бировларни кўролмасликдан, бахилликдан, ичиқораликдан, ўринсиз ҳадикдан келиб чиқадиган араз. Ҳасадгўйлик ва ўзаро ёмон муносабат инсонни бир-бирига душман қилиб қўяди. Душманлик эса ўч олишга олиб келади. Ҳасадчида инсоф, диёнат, виждон бўлмайди. У ҳеч бир нарсани тўғри маънода қабул қила олмайди. Ҳасадгўй одамларни чалғитиб, ноҳақ йўлга бошлаши б-н жуда хавфлидир.  Президент И.А.Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида салбий хусусиятларнинг энг хунук кўриниши бўлмиш ҳасад тўғрисида тўхталиб шундай дейди: “Одамзот ва жамият ҳаётида оғир асоратлар қолдирадиган ҳасад туйғуси авваламбор бошқаларни кўролмаслик, уларнинг ютуғидан қувониш ўрнига, қандайдир куйиниш, ичиқоралик оқибатида пайдо бўлади.

Шунинг учун ҳам муқаддас китобларимизда ҳасад инсонийликка мутлақо зид бўлган жирканч одат сифатида қаттиқ қораланади. Жумладан, муборак ҳадисларда «Бировга ҳасад қилишдан сақланинг, чунки олов ўтинни қандай куйдириб тугатса, ҳасад ҳам қилган савоб ишларингизни худди шундай куйдириб тугатади», деб айтилгани бежиз эмас.

Азал-азалдан очиқкўнгил, самимий ва меҳнаткаш, яхшиликни юксак қадрлайдиган халқимиз бундай иллатлардан доимо ҳазар қилиб келади. Лекин, минг афсуски, умр йўлларида ҳасад балосига кўп дуч келамиз. Олис ва яқин тарихимизда не-не буюк зотлар ҳасад ва бахиллик, кўролмаслик туфайли қандай азоб-уқубатларни бошидан кечиргани, соғлиғи, ҳатто ҳаётидан жудо бўлганини аччиқ мисолларда кўриш мумкин” (“Юксак маънавият – енгилмас куч”,  120-121 б.).

Ҳадисдаги ҳикматда ҳасадгўйлик ва ўзаро ёмон муносабат касаллик экани, бу салбий сифатдан ҳар бир киши ўзини покламагунича, мўмин бўлмагунича (то бир-бирларига ўзаро муҳаббатли бўлмагунларича) жаннатга кирмаслиги, ушбу иллатдан қутулиш учун бир-бирлари б-н саломлашиб юриш лозимлиги тўғрисида айтилади. Ҳаётда инсонлар бир-бирларига ҳасад б-н эмас, балки ҳавас кўзи б-н қарашлари керак.  Шарқ донишмандлари ҳасаднинг зарарли иллат экани тўғрисида шундай фикр юритади: “Дунёда ҳасад ва гинадан оғирроқ гуноҳ йўқ. Чунки, ҳасадчи кимса одамларнинг шодлигидан пайваста ғам остида юради. Ўзгалар роҳатидан доимо заҳмат тортади” (Муҳаммад Ҳусайн); “Ҳасад балоси улкан фасодлар пайдо қилур. Чунки ҳасад бағоят жирканч хислатдир”, “Ҳасад, бошқаларнинг роҳатини кўролмаслик – ҳамма сифатларнинг пастроғидир. Ҳасад ҳиммат пастлиги ва кўнгил хасталигидан ҳосил бўлади. (Ҳусайн Воиз Кошифий); “Ҳасад билан ғазаб икки қанот бўлиб ҳаракатга келса, тоза ва чиройли ҳаётларни хира ва кудуратли қилиб юборади” (Абу Райҳон Беруний); Ҳадислардан бирида уқтирилишича: “Кимки ўз жаҳлу ғазабини қайтарса, Тангри ундан ўз ғазабини қайтаради. Кимки одамларни ғийбат қилишдан тилини тийса, Тангри ҳам унинг нуқсонларини фош қилмайди. Одамлар орасида чақимчилик ва бўҳтон гапларни тарқатишдан сақланиш лозим”. Ҳ. ижтимоий иллат сифатида ҳам инсоният бошига катта кулфатлар келтирган. Турли халқлар, миллатлар бошқа миллат ва давлатларнинг ютуқ ва муваффақиятларини ижобий қабул қила олмаслик, уни ўзиники қилиб олишга интилиш замирида айнан Ҳ. ҳисси ётади. Президент И.А.Каримов таъкидлаганидек, юртимиздаги беҳисоб табиий бойликлар, унинг геостратегик шароити жаҳонда бизга нисбатан фақат хайрихоҳлик ёки ҳавас туйғусини эмас, балки ҳасад, қора ниятларни ҳам уйғотиши сир эмас. Атрофимизда бизга ҳавас билан қарайдиганлар билан бирга, ҳасад кўзини тикиб турганлар ҳам йўқ эмас. Бундай вазият барчамизни доимо огоҳ, сезгир ва ҳушёр бўлишга, ягона уйимиз, қўрғонимиз, муқаддас оиламиз бўлмиш Ўзбекистонимизнинг куч-қудратини мустаҳкамлашга даъват этади, фидойиликка чорлайди.

ҲАШАР — ўзбек халқининг азалий урф-одатларидан бўлиб, жамоавийликни ўзида тўлиқ акс эттиради. Ҳ. ҳаётий муаммоларни биргаликда ҳал этиш усули бўлиб, жамоа ҳаётига оид моддий-маиший ва маън-й мазмундаги умумий фаолиятдир. Ҳ.да ўзб. оилалари биргалашиб бир-бирига беғараз ёрдам кўрсатганлар, иншоотлар, бинолар тиклаганлар, ночорларга ёрдам уюштирганлар. Ш-дек, маҳалла, қишлоқ, жамоа ҳудудларига оид муаммоларни ҳал қилишда ҳам, атроф-муҳит тозалиги, ободонлаштиришга доир ишларда ҳам Ҳ.дан фойдаланилган. Халқимизга хос бу қадимий удум бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда.

ҲАЯЖОН — инсон ҳис-туйғулари намоён бўлишининг бир кўринишидир. Ҳис-туйғулар кишининг ўз ҳаётида нималар юз бераётганига, нималарни билиб олаётганига ёки нима б-н машғул бўлаётганига нисбатан ўзича турли хил шаклда билдирадиган ички муносабатидир. Ҳис-туйғуларни бошдан кечиришнинг турли шакллари — Ҳ., аффект, кайфият, кучли Ҳ.ланиш (стресс), эҳтирос кўринишларига эга бўлади. Ҳис-туйғулар шахснинг эмоционал соҳасини ташкил этади. Кишида ҳис-туйғулар унинг эҳтиёжлари қондирилиши жараёни қандай кечаётганлиги белгиси сифатида намоён бўлади. Ҳ. инсон руҳий ҳолатига, унинг фаолиятига, ишчанлик даражасига турлича таъсир этиши мумкин. Баъзан Ҳ. кишини ғайратлантирса, баъзан эса унинг фаолиятини сусайтириб юборади. Кишини тез чулғаб оладиган ва шиддат б-н ўтиб кетадиган ҳис-туйғу аффект (ҳиссий портлаш) деб айтилади. Бу пайтда кишининг ўз хулқ атворини онгли назорат қилиш даражаси пасаяди, диққати, хотираси кескин сусайиб кетади, ирода ўзига бўйсунмайди. Кайфиятлар унча кучли бўлмаган, лекин узоқ вақт давом этадиган барқарор ҳисдир. Кайфият шоду-хуррамлик ёки қайғули, тетиклик ёки ланжлик, Ҳ.ли ёки маюслик, жиддий ёки енгилтаклик, жиззакилик ёки мулойимлик кабилар тарзида кечади. Стресс — кучли ҳиссий зўриқишдан иборат жараён. Ҳиссий зўриқиш хавф-хатар туғилган, киши хафа бўлган, уялган, таҳлика остида қолган вазиятларда рўй беради. Эҳтирослар деб киши хатти-ҳаракатлари йўналишини белгилайдиган, барқарор, чуқур ва кучли ҳисларга айтилади. Мас., рассомликка, мусиқага эҳтирос, бедана уриштириш кабиларга эҳтирос. Ҳис-туйғулар мазмун жиҳатидан турлича бўлиши мумкин. Интеллектуал (ақлий) ҳис-туйғуларга билишга қизиқиш, ажабланиш, шубҳаланиш, таажжубланиш, ишонч каби ҳислар киради. Буларнинг барчаси ижобий, маън-й характерга эга бўлиб кишини билишга, ўрганишга, иштиёқ б-н ишлашга ундайди. Маън-й ҳис-туйғуларга дўстлик-ўртоқлик, Ватанга муҳаббат, инсонпарварлик, ҳамдардлик, содиқлик, уялиш, меҳнатни севиш каби ҳис-туйғулар киради. Бизнинг ахлоқий етуклигимиз, тарбияланганлигимиз ана шу ҳислар орқали белгиланади. Эстетик ҳис-туйғуларга бизнинг гўзал, чиройли, ёқимли нарсалардан завқланишимиз, шодланишимиз, ҳузур қилишимиз, роҳатланишимиз кабилар киради. Бу ҳисларнинг манбаи гўзал табиат, санъат, адабиёт, чиройли турмуш кабилар бўлиши мумкин. Интеллектуал, маън-й, эстетик туйғуларни фаолият ва мулоқот жараёнида бошдан кечирамиз. Социал воқеликка нисбатан бутун ҳиссий муносабатлар бойлигини ифодалагани учун улар юксак ҳис-туйғулар деб ҳам аталади.

ҲАҚ — Аллоҳ исмларидан бири, Худо, Бақо; адл, адолат, лаёқат, ростгўй, тўғрисўз. Воқелик ҳақида билдирилган фикр, воқеликка тўғри келишини англатувчи фикр-мулоҳазаларнинг воқеликка мос келиши сидқ атамаси б-н номланган. Ҳ. дин ёки мазҳабга ишонтириш учун ишлатилса, сидқ (тўғрилик) ҳукм, мулоҳазани таърифлаган, кизб (ёлғончилик) унинг зиддини ифодалаган.

ҲАҚИҚАТ (араб. чин, тўғри) — инсон онгида воқеликнинг тўғри, ҳаққоний акс этиши, олам, воқеа-ҳодиса, тафаккур маҳсули, муносабатлар ва б.ларни аслида қандай бўлса шундай тушунишни ифодалайдиган тушунча. Спиноза инсон билимларининг воқеликка мувофиқ келишини Ҳ. деб атаган. Ҳ.нинг қуйидаги турлари бир-биридан фарқланади: 1) объектив Ҳ. (оламдаги нарса ва ҳодисалар моҳиятининг инсон онги ва истакларига боғлиқ бўлмаган ҳолда мавжудлиги); 2) нисбий Ҳ. (инсон билишининг чекланганлиги); 3) конкрет Ҳ. (предмет ёки ҳодисанинг ҳамиша аниқ жой ва шароитда мавжудлигининг инсон онгида акс этиши); 4) мутлақ Ҳ. (предмет ёки ҳодиса моҳиятининг инсон онгида тўла акс этиши). Мутлақ Ҳ. нисбий Ҳ.лар мажмуасидан ташкил топади. Ҳ. мезони ижт-й амалиётдир. Ҳ. маъ-ятда энг кўп эътибор қаратиладиган тушунчалардан бири бўлиб, инсон маъ-ятининг шаклланиши, ривожланишида катта аҳамият касб этади. Ҳ.ни чуқур англаш инсон руҳиятига турлича таъсир кўрсатиб, маън-й хусусиятларнинг жонланишига туртки бериш б-н ўз натижаларини намоён этади. Ҳ. англаш орқали инсон томонидан амалга ошириладиган хатти-ҳаракатлар ёки тафаккур маҳсули шу инсон маъ-ятининг даражасини ҳам белгилаб беради ва шу жиҳатига кўра инсон маъ-ятини ойдинлаштириш омилларидан бири ҳисобланади.

ҲАҚОРАТ – бир кишининг иззат-нафсига, иффатига, ғурурига тегадиган сўзлар б-н қадр ва эътиборини тушириш ниятида ёмон муомала қилишни англатувчи тушунча. Ҳ. оғзаки, ёзма равишда ёки хатти-ҳаракат, имо-ишоралар, шунингдек, бошқа шахслар олдида ёки орқаваротдан (жабрланувчининг эшитишига ишонч ҳосил қилган ҳолда) бўлиши мумкин. Ҳ.лаш натижасида ҳақоратланган шахснинг соғлиғига шикаст етказилиши мумкинлигини ҳам истисно қилиб бўлмайди. Ҳ. қилиш шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлашдан иборатдир. Шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш турли хатти-ҳаракатларда (мас.: беандишалик билан сўкиш, турли ибора ва мулоҳазаларни ёзиш, юзига тупуриш, жабрланувчига нисбатан беҳаё хатти-ҳаракатларни ва имо-ишораларни қилиш ва ҳ.к.) ифодаланади. Ҳ. қилиш жиноятининг таркиби мавжуд бўлиши учун шахснинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш беодоблик билан, яъни жамиятда қабул қилинган одоб-ахлоқ қоидаларига мутлақо зид кўринишда ифодаланиши зарур.  Ҳ. қилиш одатда бевосита содир этилади, аммо жабрланувчи бу ҳақда хабар топади, деган тахмин билан сиртдан, воситачи орқали амалга оширилиши мумкин. Ҳ. қилганлик учун жавобгарлик масаласини ҳал этишда ҳақоратланган шахснинг ҳиссиётидан келиб чиқиб, хулоса чиқариш мумкин эмас. Бу ҳиссиёт ўзига ҳаддан зиёд бино қўйиш хусусиятидан келиб чиққан бўлиши ҳам мумкин. Хафа қилиш ҳар хил бўлиши мумкин, аммо уларнинг ҳаммаси ҳам Ҳ. бўлавермайди. Уларнинг шахс қадр-қимматини таҳқирлайдиган ва беодоблик билан қилинганларигина Ҳ. деб эътироф этилади. Шахсга берилган салбий баҳо ҳақиқатни акс этади, аммо беодоблик билан баён этилган ҳолларда Ҳ.нинг таркиби мавжуд бўлади. Аксинча, одоб доирасида баён этилган танқид Ҳ. қилиш ҳисобланмайди. Ҳ. ҳар доим маълум бир шахсга қаратилган бўлади. Маълум бир шахсга қаратилмаган сўкиниш безорилик сифатида қаралиши мумкин.

ҲАҚСИЗЛИК – ҳақ-ҳуқуқдан маҳрум этилган, ҳақ-ҳуқуқ топталган ҳолатни англатувчи тушунча. Ҳ. сўзи адолатсизлик сўзи билан маънодошдир. Маълумки, ҳар бир инсон адолат билан иш тутсагина, ҳақиқатга эришади. А.Темурнинг “Куч – адолатда” деган таъбирини унутмаслик лозим. Адолат ва ҳақиқат ғояси қонунчилик фаолиятининг замини, бош йўналиши бўлмоғи шарт. Давлатчилик ва фуқаролик муносабатлари, меҳнат ва уй-жой, нафақа ва солиқ, табиатни муҳофаза қилиш, жиноятчиликка қарши курашиш масалалари, қўйингки, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида адолат ва ҳақиқат заминига таяниш зарур. Бу жамиятнинг умумий маданий-маънавий қиёфасини белгилаш билан бирга мамлакат фуқароларининг маънавий-аҳлоқий ва руҳий кечинмаларига ҳам катта таъсир кўрсатади. Ана шунинг ўзи давлат билан фуқаро, жамият билан аҳоли ўртасидаги муносабатларни, уларнинг адолатга таянган ва уйғунлашиб кетган ягона жонли организмга айланиб боришига кенг имконият яратади. Агар жамият адолатли бўлса, унга адолатпеша шахс раҳбарлик қилса, жамият аъзолари учун ҳам бахтнинг кулиб боққанидир. Инсон яхши хулқли, олижаноб бўлса, адолатли жамиятда одамларга катта наф етказади. Адолатсиз жамиятда эса аҳлоқли шахснинг ахлоқи жамият аҳлоқига мос келмайди. Доно инсон адолатсиз жамиятнинг аҳлоқсиз хоҳишига бўйин эгмайди. Аксинча, унга тўғри йўл кўрсатишни исботлайди. “Шоҳ ишни адолат билан юргизса, адолат унинг вайрона мамлакатини ҳам обод қилиб юборади. Адолат истовчи зулм ўтидан фиғон қилса, адолатинг соясидан унга паноҳ бер. Мазлумнинг сўзи тўғри бўлиб чиқдими, энди золим ўзингга тегишли одам бўлса ҳам юзига борма. Жазолашда ҳам фаросат керак. Ёлғон гапиришга ўрганган одам рост гапира олмайди. Ростгўй одам ҳеч қачон ёлғон гапиришга интилмайди. Чунки тун билан кун ўзаро мутаносибдир. Зеро, ҳақсизлик қилиб бировнинг айби учун бошқани гуноҳкор этма, ҳар қўйнинг ўз оёғидан ос. Хаёлингга яхши бир буйруқ келса, уни маслаҳатсиз амалга оширишга ошиқма. Ишончли кишилар фикридан фойдалан”. Ҳазрат Навоийнинг ҳақсизлик, адолатсизлик ва ҳақиқат ҳақидаги ана шу ўгитларига доим амал қилинса жамиятда ҳақсизликнинг илдизи қўпориб ташланади.

 

ҲИДОЯТ — тўғри йўл, Ҳақ таоло даъват этган, амр этган йўл, ҳақиқий эътиқод йўлидан юриш, залолатнинг қарама-қаршиси. Ҳ. Аллоҳ ўз бандалари учун кўрсатган энг тўғри йўл ҳисобланади. Қуръони каримнинг юзлаб оятларида Ҳ. тўғрисида маълумотлар бор. Уларда таъкидланишича, Аллоҳ таоло Ҳ. йўлига ҳаммани ҳам бошламайди, балки ўзи хоҳлаган, танлаган кишиларнигина бу неъматга мушарраф этади. Ҳатто Пайғамбаримизга хитоб қилиб: “Сен хоҳлаган кишингни Ҳ.га эриштира олмайсан, лекин Аллоҳ ўзи хоҳлаганига Ҳ. ато қилур” — деган мазмунда оят нозил қилган. Ҳ. сари даъват қилиш яхши, лекин унга эришиш Аллоҳнинг изни б-н амалга ошар экан. Ҳ. имон-эътиқодни мустаҳкамлайди, маъ-ятни шакллантириш асоси ҳамда омили ҳисобланади. Ҳ.нинг мазмун-моҳиятини маън-й фазилатлар ташкил қилади.

ҲИММАТ (араб. ғайрат, шижоат, жўшқинлик; ҳаракат, ҳафсала, қунт) – одамгарчилик, мурувват юзасидан қилинадиган яхшилик, яхши иш, ёрдам; инсондаги шундай ишга бўлган туйғу, хислатни англатувчи тушунча. Ҳ. муруватлилик, олижаноблик, мардлик, тантилик, саҳийлик, қўли очиқлик, саховатлилик, улуғворлик, бағрикенглик, буюклик ва ҳотамтойлик каби тушунчаларни ўз ичига қамраб олади. Халқ наздида ҳимматли киши доимо мард ва танти ҳисобланган. Бундай инсонларнинг обрў эътибори баланд, нуфузи эл орасида кучли бўлади. Халқимиз шарқона миллий урф-одатлардан бўлган Ҳ. кўрсатиш фазилатини ҳамиша ардоқлаб келган. Ўзбек халқи юрт бошига қандай ташвиш тушмасин, не балоларни бошидан кечирмасин, асл саховати билан ажралиб турган. Ҳ. бу ахлоқнинг асосий қоидаларидан биридир. Унинг замирида   саховат, покизалик етакчи ўрин эгаллаган. Ҳ.ли кишилар ҳар қандай вазиятда ҳам эл файзи ва роҳати учун қайғуради. Ҳ.ли киши тўғрилиги, оғир, вазминлиги билан ажралиб туради. Улар одамларга доимо саховат кўрсатиб, ночор, хайру закотга муҳтож бўлганларга ёрдам берганлар.Ҳ.ли кишида тил ва дил юмшоқлиги, меҳрибонлик, сўз ва муомала  маданияти, ёмонлик қилганга ҳам яхшилик қила олиш кучи, бағрикенглик ва дил поклиги мужассамлашан бўлади. Ҳ.и киши ҳар қандай ишга аччиғланмайди. Шерюрак бўлиш билан бирга,  бағрикенг ва юмшоқ табиатли бўлади. Алишер Навоий «Маҳбуб ул-қулуб» асарида саховат ва ҳимматнинг бирлигини шундай таърифлайди: «Сахийлик инсоният боғининг ҳосилдор дарахтидир, балки у дарахтнинг ширин мевасидир. Одамийлик ўлкасининг тўлқинли дарёси, балки у тўлқин дарёсинннг асл гавҳаридир. Саховатсиз киши — ёғинсиз баҳор булути ва иси йўқ тотор мушкидир. Мевасиз дарахт ҳам биру, ўтин ҳам бир, ёғинсиз булут ҳам биру, тутун ҳам бир. Саховатсиз киши гавҳарсиз садафни бирдай ҳисобласа бўлади… Сахий — булутдир. Иши хирмон, балки хазина бермоқ, бахил эса чумолидир, одати дон ва машоқ термоқ… Ҳимматлиларнинг ихтисоси сахийликдир. Бу икки шарафли сифат (саховатлилик ва ҳимматлилик) покиза кишиларга хосдир, сахийлик инсоннинг баданидир, ҳиммат — унинг жони. Ҳимматсиз киши эр сонида эмас, чунки жонсиз баданни киши тирик демас». Ҳ.ли кишига хиёнат — эзгуликка, одамийликка, инсонпарварликка хиёнат ҳисобланади. Ҳ. — бу адолат ва диёнатнинг посбони бўлиб, доимо ҳақиқат томонга қараб юради. Лекин ҳаётда Ҳ.сиз кишилар ҳам учраб туради. Ҳ.сиз одамлар яхшилик юзини кўрмайди, уларда ёлғончилик, икки юзламачилик, жирканчлик, пасткашлик, ярамаслик каби иллатлар кўриниб туради. Ҳ.сиз одамлар мансабдор одамлар, раҳбарларни ҳимоя қилиб ёлғон сўзлайди. Уларни кўкларга кўтариб, мақтайди. Бундай одамлар оилада ҳам, кенг жамоатчилик орасида ҳам беҳурмат бўлади. Киши Ҳ.лилиги туфайли иззат-икромга эришади. Ҳ.ли киши қалб юмшоқлиги, сўзининг таъсирчанлиги, беозорлиги билан ажралиб туради.  Чунки Ҳ.ли киши пок қалб эгаси бўлади. Агар киши ҳимматли бўлмаса уни юрагини қонунлар билан ҳам, ахлоқ бнлан ҳам тўлдириб бўлмайди. Ўз халқига, юртига, озод мустақил Ватанига, миллатига содиқ фидойи давлат арбоблари Ҳ.ли кишилар бўлган. Улар садоқат, озодлик йўлида шаҳдам қадам ташлаган. “Ҳиммат” атамаси “мурувват” ва “саховат” сўзларининг маънодошларидан бири. Бу сўз ғайрат қилиш, олижаноблик ва бахтиёрлик маъноларини ҳам билдиради. Ҳ.нинг негизида ҳам мардлик ётади. Бировдан ёрдамини аямайдиган, ўзини қўйиб,  ўзгани ўйлайдиган, бағрикенг, қўли очиқ, сахий инсонларни халқимиз азал-азалдан “ҳиммати баланд” деб таърифлаб келган. Бировнинг оғирини енгил қилиш, бор бисотини бошқаларнинг бахти йўлида сарфлаш, молини ҳам, жонини ҳам аямаслик қадимдан энг савоб ишлардан саналган. Шунинг учун ҳам назари паст, Ҳ.сиз, саховатдан йироқ одамни халқимиз ҳеч қачон суйган эмас. Ҳ.ли зотлар бўлган аждодларимиз ўз авлодлари учун ахлоқ-одоб ҳақида кўплаб ўгитлар, насиҳатлар, ривоятлар, асарлар қолдиришган. Ўзбекистоннинг мустақиллиги туфайли уларнинг ҳиммати бугунги кунда минорадай юксак ва салобат касб этмоқда. Меҳр-мурувват, хайрия, саховат ҳақида гапирганда барчамиз Ҳ.ликнинг мағзи ва мазмун-моҳиятини тушуниб олмоғимиз керак. Бир оғиз ширин сўз айтиш ёки бир пиёла чойга таклиф этиш ўзбек халқига хос фазилатдир. Ширин сўз, юздаги табассум инсон учун энг олий Ҳ.дир. Ҳ.лилик ўзининг саховати, меҳр-муҳаббати билан одамлар қалбига сингиб кетади, ҳамиша эзгуликка хизмат қилади.

ҲИКМАТ– донишмандлик, фал., махфий сир, ақл ва ҳақиқатга тўғри келадиган нозик маъноли мухтасар сўз, ақл-идрок, заковат. Тасаввуфий маслакда Аллоҳга итоат, ақл, сўз ва ҳаракатдаги уйғунлик. Бу маърифат илмидан сўнг фикр илми, кўра билишлик ва кашф қилгувчи илмлар келади. Бу эса, ишорат (сўфийлик) илмига хос бўлиб, мана шу илм б-н сўфийлар машҳур бўлишган. Баъзан фал.га ҳам Ҳ.ларни ўргатувчи фан деб қаралади. Бунда замон ва макон моҳиятига Ҳ.ли ҳақиқат сифатида эътибор қаратилади. Ҳ. маъ-ят ва маърифатнинг асоси ҳисобланади. Ҳ. орқали инсон дунёни билишга, англашга интилади. Ақл-Ҳ. орқали инсон қилаётган ишларининг мазмун-моҳиятини тушуниб етади. Нима қилиш яхши-ю, нима ёмонлиги аён бўлади. Инсон вужудида 2 та маъ-ят унсури — яхшилик ва ёмонлик мавжуд. Яхшилик эзгуликка интилиш инсон маън-й камолотининг негизини ташкил қилади. Ш.у. “Ҳикмат излаганга ҳикмат бу дунё, иллат излаганга иллат бу дунё” деган таърифлар берилган.

ҲИССИЁТЛАР — инсоннинг воқеа-ҳодисаларга турғун эмоционал муносабатлари мазкур ҳодисалар аҳамиятини эҳтиёжлари ва мотивларига боғлиқ ҳолда намоён этишини ифодаловчи атама. Ҳ. субъектив характерга эга бўлиб, айни ҳодисалар турли одамлар учун турли хил аҳамиятга эгадир. Конкрет вазиятларга боғлиқ бўлган эмоция ва аффектлардан фарқли ўлароқ, Ҳ. ҳодисанинг идрок ва тасаввур қилинадиган воқелигидан ажралиб чиқади ва турғун эҳтиёж шаклида инсон учун аҳамият касб этади. Ҳ. аниқ ифодаланган предметли характерга эга бўлса-да, бироқ бунда предметнинг умумий томонларигагина асосий эътибор қаратилади. Ҳ.нинг шаклланиши инсоннинг шахс сифатидаги тараққиётининг идеалларини ва хулқ-атвор нормаларини билишни талаб қилади. Бироқ буларнинг ўзигина уларни бошқариш учун етарли бўлмайди. Ўша билим турғун Ҳ.нинг предметига айлангандан сўнггина инсонни фаолиятга ундовчи реал кучга айланади. Бир хил Ҳ. турли хил эмоцияларда қатнашиши мумкин. Бу ҳолат ҳодисаларнинг мураккаблиги, кўп қирралилиги ва улар ўртасидаги алоқаларнинг кўплиги б-н характерланади. Мас., муҳаббат Ҳ. қуйидаги эмоцияларни дунёга келтиради: шодлик, ғазаб, ғам-қайғу, ҳамдардлик, рашк ва ҳ.к. Битта Ҳ.нинг ўзида одатда характери бўйича турли хил бўлган (ижодий ва салбий) эмоциялар ўзаро қўшиладилар, бирлашадилар, бир-бирига алмашадилар. Бу Ҳ.нинг иккиланиши (амбивалентлик) хусусияти б-н тушунтирилади. Тарихан Ҳ. инсоннинг ижт-й тараққиёти жараёнида шаклланади ва конкрет ижт-й шарт-шароитларга боғлиқ ҳолда ўзгаради. Онтогенезда Ҳ. эмоцияларга нисбатан кечроқ шаклланади; улар оиланинг, мактабнинг, санъатнинг тарбиявий таъсирлари остида индивидуал онгнинг ривожоланиши баробарида, шаклланади. Алоҳида эмоциялар умумлашмасининг натижаси сифатида пайдо бўладиган шаклланган Ҳ. инсон эмоционал сферасининг тузилмаларига алмашади ва вазиятли эмоционал реакциялар мазмуни ва динамикасини белгилайди. Ҳ.нинг қуйидаги кўринишлари фарқланади: 1. Интеллектуал (ақлий) Ҳ. — инсоннинг билиш фаолияти б-н боғлиқ бўлган Ҳ. Улар ўқув ва иш жараёнида, ш-дек санъат, фан ва техниканинг турли хил турларидаги ижодий фаолиятида пайдо бўлади. 2. Ахлоқий Ҳ. — инсоннинг ижт-й ахлоқ талаблариша муносабатини акс эттирадиган ҳ. Улар инсоннинг дунёқараши, фикрлари, ғоялари, принциплари ва одатлари б-н боғлиқ бўлади. 3. Эстетик Ҳ.- инсоннинг эстетик эҳтиёжларининг қондирилиши ёки қондирилмаслиги б-н боғлиқ ҳолда кечадиган Ҳ. Уларга гўзаллик ва хунуклик туйғулари, эзгулик ва ёвузлик туйғулари ва ҳ.к.лар киради. Бошқа бир тасниф бўйича Ҳ. стеник ва астеник Ҳ. га бўлинади. Стеник Ҳ. — инсон фаолиятини фаоллаштирувчи Ҳ. Астеник Ҳ. — инсонда пассивликни чақирувчи Ҳ. Стеник ва астеник Ҳ. бир хил даражада аҳамиятлидир. Уларнинг тўғри баҳоси вазиятларга боғлиқ. Ҳ. кайфият, аффектлар, эҳтирослар кўринишида юзага чиқиши мумкин. Кайфият — заиф ифодаланган эмоционал кечинмалар. Улар нисбатан узоқ муддат давом этишлиги ва уни келтириб чиқарган сабаблар ва омиллар заиф англанишлиги б-н ажралиб туради. Аффектлар — қисқа муддатда содир бўладиган ўта кучли кечинмалар. Улар онгда кескин ўзгаришларнинг кузатилиши, иродавий назоратнинг бузилиши б-н характерланади. Эҳтирослар — мақсадга етишга аниқ қилиб йўналтирилган кучли, чуқур, узоқ муддат давом этадиган турғун кечинмалар.

ҲОЖАТБАРОРЛИК – бир инсон томонидан бошқа кишининг ҳожатини чиқариш, кўмак беришини ифодаловчи т. Ҳ. сўзи “сахийлик” атамасига қисман маънодош бўлиб кўриниши мумкин. Аслида бу икки сўз ўртасида қатъий фарқ мавжуд. Ҳ. сўзида кимгадир яхшилик қилаётган инсоннинг ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда, яъни қилмоқчи бўлаётган яхшилигидан умидворлик туйғуси илинжида бўлиши мумкин. Сахийлик эса чин кўнгилдан, сидқидилдан, беминнат қилинади. Ҳ. сўзи баъзан салбий маънода қўлланади. Чунки кимгадир яхшилик қилиб, яъни ҳожатини чиқариб, бундан қандай наф бўлиши мумкин қабилида иш тутадиган инсонларни худбинлар қаторига киритиш ҳам мумкин.

 ҲОМИЙ(ЛИК) — ҳимоя қилиш ишониб топширилган шахс, қарамоғидагининг қонуний вакили, унинг номидан муайян фаолиятни амалга оширувчи. Айрим битимларни тузиш, масалан, қарамоғидагининг номидан Ҳ.нинг ҳадя қилиши мумкин эмас. Фақат 18 ёшга тўлган, ҳимоя функциясини ихтиёрий тарзда ўз зиммасига олган фуқарогина Ҳ. бўлиши мумкин. Ҳомийлик эса юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик мақсадларида бошқа юридик ва жисмоний шахсларга мол-мулкни, шу жумладан, пул маблағларини қайтармаслик шарти б-н ёки имтиёзли шартларда беришда, улар учун ишлар бажаришда, уларга хизматлар кўрсатиш ва уларни бошқача шаклда қўллаб-қувватлашда ифодаланадиган ихтиёрий беғараз ёрдами (фаолияти).

ҲУРМАТ – маънавиятнинг муҳим кўринишларидан бўлиб, шахс қадриятлари, иззат-нафси тан олиниб қилинадиган муносабат, инсоний фазилат, шахс, моддий ёки маънавий қадриятларни эъзозлаш ҳис-туйғусини англатувчи тушунча. Ҳ. – қўполлик, сўкиниш, сурбетлик, кишини камситиш, хафа ва ҳақорат қилиш каби жамоатчилик томонидан инкор этилган, маънавиятга, маданиятга зид хатти-ҳаракатларни содир этишдан ўзини тия билишдир. Ҳ. – катта ёшдагилар, ота-она, аёллар, устоз, дўст, қўни-қўшнилар, ўз гуруҳи ва жамоаси, жамоатчилик мулкига нисбатан маънавий-ахлоқий муносабат, ижобий инсоний сифат ҳамдир. Меҳр-мурувват, саҳоват кўрсатувчи инсонлар ҳамиша эл олдида ҳурмат-эътиборга сазовор. Ҳурматсиз – ҳурмат, эътибор қозона олмаган, ҳурмати йўқ, атрофдагиларни беҳурмат қилувчи маънавий жиҳатдан тубан кишидир. Ҳ. соф ва ҳақиқий бўлиши керак. Бирор кишини бойлигидан умид қилиб Ҳ. қилиш ножоиздир.  Инсонга Ҳ. – одобнинг ёрқин тимсоли саналади. Инсонни Ҳ. қилиш – уни қадрлашдир. Инсонга Ҳ.нинг биринчи белгиси – бу табассум б-н самимий салом бермоқдир. Меҳнат жамоасига нисбатан раҳбарнинг ҳ.ти жамоа аъзоларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиши, уларга муносиб меҳнат шароитлари яратиб бериши, жамоа ўртасида ҳар хил миш-мишлар тарқалиши, ғийбатчилик, порахўрлик, чақимчилик, лаганбардорлик, адолатсизлик, ноҳақлик каби иллатларга йўл қўймаслиги ва буларга нисбатан муросасиз бўлиши, ҳақ б-н ноҳақнинг, ҳалол б-н ҳаромнинг фарқини ажрата билиши, катта ёшдагилар ва аёлларни эъзозлаши, тарбиялилиги, хушмуомалалиги, кичикларга иззатли бўлиши, жамоанинг ҳар бир аъзосида фаол ҳаётий муносабатни шакллантиришга ва уни тарбиялашга ҳаракат қилиши, адолатпарварлик, инсонпарварлик сингари ижобий маънавий сифатларга амал қилиши б-н белгиланади.   Ота-онани Ҳ. қилиш инсонпарварликнинг таркибий қисми бўлиб, у ҳар бир фарзанднинг, мусулмоннинг муқаддас бурчидир. Чунки одамлардаги виждон ва ор-номус ота-онанинг қадр-қимматини тушунишдан бошланиб, бу инсонийликнинг биринчи белгисидир. Ота-онани Ҳ.қилиш – уларни ранжитмаслик, жисмига ва дилига озор бермаслик, меҳр-муҳаббат кўрсатиш, ғамхўрлик қилиш, бетобликларида ёрдам кўрсатиш, қўпол ва носоз муомала қилмаслик, аксинча, ширинсўз, хушмуомала, меҳрибон бўлиш, кексалигида уларга яхши қараш ва боқиш сингари ижобий муносабатлардан иборат. Ислом дини ота-онани хафа ва норози қилишни ҳаром этган ва улкан гуноҳлар қаторида санаган. Қуръони каримнинг ал-Исро сурасининг 23-24-оятлари мазмуни қуйидагича: “Парвардигорингиз фақат Ўзига қуллик этишингизни ва ота-онага яхшилик қилишингизни қатъий ҳукм этди. Агар ота-онанинг бирлари ё иккиси ҳузурингизда кексаликка етса, уларга “уф” деманг ва қичқирманг. Уларга юмшоқ сўзланг! Уларга тавозуъли бўлинг! “Парвардигоро, улар мени ёшлигимда тарбия қилганлари сабабли уларга раҳм эт!” деб уларни дуо қилинг”. Абу Наср Форобийнинг ёзишича: “Афлотун, инсон табиатидаги зарурий хислатларни ва уларнинг қарама-қарши жиҳатларини фарқлаш кераклигини тушунтиради. …агар инсон ўз мақсадига эришиб, ҳурматга сазовор бўлса-ю, аммо мақсадга эгрилик б-н эришса, бу ҳам зарарли ҳисобланади деб тушунтиради”. Демак, мақсадга ҳалол йўл, меҳнат б-н эришиб, ҳурмат ва эътибор қозониш тўғридир. Қалби соф ва беғубор кишигина бошқалар ҳақ-ҳуқуқини ҳурмат қилади, ҳаммага тенг ва самимий Ҳ. кўрсатади.  Иккиюзламачи ва такаббур шахс эса бировга, мас., раҳбарларга улар орқали ўзининг бирор шахсий моддий ёки маънавий манфаатдорлигини қондиришини кўзлаб, сохта Ҳ. кўрсатади, барчани тенг Ҳ. қилмайди. Уятсиз, беҳаё, разил, тарбиясиз одам ҳам бировни тенг ва самимий Ҳ. қила олмайди. Бундай шахслар бошқаларга, кекса отахон ёки аёлларга ҳурматсизлик, оилада ва жамоат жойларида одобсизлик қилади. Бу каби салбий ҳодисаларга ҳ.ли киши бефарқ қараб тура  олмайди, Ҳ.сизлик қилган шахсга қилмишига яраша танбеҳ беради, аксинча, худбин ва лоқайд одам эътиборсиз бўлади. Одамлар бошқа мамлакатга борганида, маҳаллий аҳолининг тили, дини, урф-одатлари ва тартибини Ҳ. қилиши ҳамда унга риоя қилиши керак. Бундай муносабат шу мамлакат аҳолисига нисбатан кўрсатилган Ҳ. ҳисобланиб, бошқа миллат маданияти, қадриятларининг қадрланишини англатади. Мас., мусулмон давлатида тор, калта кийиб олган қиз ва йигитдан маҳаллий аҳоли норози бўлиши табиийдир, чунки бу ҳол миллий урф-одат ва маданиятга зид. Атрофдаги одамлар томонидан Ҳ. қилиниш кишига маънавий-руҳий озиқ ва енгиллик, ёқимлилик, қувонч, яхши кайфият, кўнгилга таскин бахш этади. Ҳ. инсониятга тинчлик, осойишталик, оиланинг бахти, дўсту ёрлар садоқати, турмуш гўзаллигини таъминлайди, меҳнатга рағбатлантирувчи омил сифатида хизмат қилади. Ҳ. ҳаётда инсонларнинг ўзаро ёрдам бериши жараёнида умумий мақсадга ва қизиқишга эга жамоа аҳзолари ўртасидаги муносабатда ривожланади ва улар ўртасида дўстлик, ишонч, севги, нафсоният, ўзини англаш, қадрлаш каби маънавий-ахлоқий сифатлар, туйғуларнинг камол топишига замин яратади.

ҲУРФИКРЛИК – маънавий камолот белгиси, муайян ақидаларга эътиқод эркин фикр юритиб, бирон бир ғояни мутлақлаштиришга қарши бўлган, маънавий тазйиқларни инкор қилувчи ва ҳақиқатга эришиш йўлида ақлга асосланувчи ижтимоий тафаккур йўналишини ифода этувчи т. Ҳ. тарихан турли шакллардаги ақидапарастликни танқид қилишда намоён бўлган. Мас., антик дунёда коинот ва осмон жисмларининг ўзгармаслиги, Қуёш, Ер, Ой, юлдузларнинг ҳаракатланмаслиги тўғрисидаги ақидалар мустаҳкам ўрин эгаллаган эди. Кейинроқ уларга қарши Птоломейнинг Қуёш ва Ойнинг Ер атрофида айланиши тўғрисидаги ғояси пайдо бўлди. Бу ҳол турли ихтиро ва кашфиётларга туртки бўлиб, астрономик кузатишлар олиб боришга имконият яратган эди.  Улуғбек астрономияси ҳам  ана шу ғоя асосига қурилган бўлиб, кўплаб кашфиётларга сабаб бўлган эди.  Кейинроқ Ер коинотнинг маркази экани тўғрисидаги ғоя ақидага айланди, черков томонидан ҳақиқат деб қабул қилинди ва мутлақлаштирилди. Бу эса кейинчалик астрономияда тескари натижа берди, яъни Ҳ.нинг аста-секин кучайишига, янги кашфиётлар қилиниши, Ер эмас, балки Қуёш ўз сайёралари тизимининг маркази экани исботланишига, янги-янги сайёралар, коинот сирларининг очилишига олиб келди. Ўрта асрларда ошкора руҳдаги атеизм ёки атеистик кўринишдаги ақидалар камроқ кузатилса-да, айрим Ҳ. ҳаракатлари мавжуд бўлган. Буни поп ва монахлар, черков авторитаризми, диний догмалар ва аскетизм танқидида кўриш мумкин. Жамият ривожланган сари атеизм аниқ мафкуравий йўналиш негизига эга бўлиб борган. У айрим кишиларнинг виждон эркинлиги, эътиқоди доирасидан чиқиб, кўпроқ аниқ мафкуравий мақсадларни назарда тута бошлаган. Материалистик фалсафа ва илмий атеизм зўр бериб тарғиб этган тарихни материалистик тушуниш ғояси орқали диний эътиқод, диннинг инсон ва жамият ҳаётидаги ўрни, диний қадриятлар ҳам мутлақо инкор этилган. Динга қандайдир “афюн” сифатида қаралган. Унга нисбатан атеистик кураш, тарғибот ва ташвиқот бошланган. Охир-оқибатда динга, соғлом эътиқодга қарши қаратилган ана шундай мақсадлар асосида атеистик мафкура коммунистик мафкура билан топишади, бир-бирини тўлдиради. Инсоният ижтимоий-сиёсий тараққиёти давомида худога ишонч, сабр-тоқат, қаноат, нафсни тийиш каби фазилатлар орқали иродасини мустаҳкамлаб борган. Бундай ирода кўринишлари мусулмон цивилизациясида ҳам, христиан цивилизациясида ҳам, бошқа диний маданиятлар тарихида ҳам мавжуд бўлиб, фанда бу ҳодиса аскетизм сифатида эътироф этилади. Аскетизм бориб-бориб айрим шахсларни илоҳий қобилиятга эга бўлган каромат соҳиблари сифатида илоҳийлаштириш, чунончи, христианликда Христоснинг “азобланишини” ҳис этишни назарда тутадиган маросимларда иштирок этиш, исломда эса мол-дунёга, моддий неъматларга иккинчи даражали деб қараш ҳолатларига олиб келди. Аскетизм — бирор нарса билан машғул бўлиш эвазига зоҳидлик йўлини тутиш, яъни моддий бойликлардан имкон қадар камроқ фойдаланиб, қаноат қилиб яшаш демакдир. Аскетизм инсонни сабр-тоқатли бўлишга чорласа-да, шахснинг эркин ижодий фаолиятига монелик қилади. Нақшбандия таълимоти вакиллари бунга йўл қўймаслик, шахснинг бунёдкорлик фаолиятини ривожлантириш учун «Дил ба ёру, даст ба кор» (Кўнглинг — Оллоҳда, ќўлинг — ишда бўлсин) деган ғояни тарғиб этган. Бу эса инсонни таркидунёчиликдан тийиб, ҳар икки олам саодатига эришишни ўйлаб, тўлақонли фаолият юритишни назарда тутади. Демак, аждодларимиз жамият манфаатларини ифода этадиган ҳукмрон ғоя ва қарашлардан келиб чиққан ҳолда, барча даврларда ҳам халққа тўғри йўл кўрсатишга интилиб келганлар. Ҳ. нафақат илмий ва диний, балки ижтимоий ҳаётнинг ҳамма жабҳаларида хилма-хил тарзда намоён бўлади. Унинг ақидапарастликдан энг асосий фарқи – янгиликка ва тараққиётга интилишдир.

ҲУШЁРЛИК – инсон, ижтимоий гуруҳ ва табақаларнинг жамият, миллат, давлатнинг тинчлиги, барқарорлиги, фаровон ҳаёти ва мустақиллигини мустаҳкамлаш ҳамда сақлаб қолишга қаратилган ижтимоий-маънавий туйғусини ифода этувчи атама. У оқ-қорани, дўст-душманни, ҳақ-ноҳақни, пок ниятли инсонни мунофиқдани фарқлаш имконини беришга ундайдиган тушунча. Ҳ. жамият зиммасида жуда катта маъсулият юклайди. Кишиларда Ҳ. ҳиссини шакллантиришда, камол топтиришда кўпгина ижтимоий-иқтисодий, маданий, мафкуравий ва тарбиявий омиллар мухим ўрин тутади. Ҳозирги кунда ўзларининг ғаразли ва жирканч ниятларини амалга ошириш мақсадида юртимизга ҳар хил йўллар билан кириб келаётган, мустақил дунёқараши шаклланиб улгурмаган  ёшларимиз қалби ва онгини зарарли ва буғзунчи ғоялар билан эгаллашга ҳаракат қилаётган ёвуз кучларга қарши курашадиган ва ўз юртини ҳимоя қилишга чорлайдиган даъват бу Ҳ.дир. Юртбошимиз таъкидлаганидек: “…агар биз бугунги ҳаётимизга, бунёдкорлик ишларимизга, эришаётган ютуқларимизга тўғри баҳо бермасак, уларнинг қадрига етмасак, ўз ҳушёрлигимизни йўқотиб, бизни ҳар қадамда кутаётган таҳдидларни, тинч турмушимизга, хавфсизлигимизга раҳна солаётган, оёқ остидан чиқаётган ҳар хил бало-қазоларни ҳам пайқамай, сезмай қолишимиз мумкин” (И.А.Каримов. Ҳушёрликка даъват. Т., 1999. 8- бет). Ҳ. шахснинг ҳар қандай фавқулодда вазиятларга тайёр туриши ва хавф-хатар  келмасданоқ уни олдиндан кўра билиши билан характерланади. Бу  психологик ҳолат айниқса давлат ва жамият бошқарувида раҳбар ва ходим фаолиятида яққол кўзга ташланади. Раҳбарнинг маъсулияти ва маҳорати қўл остидаги жамоани, халқ ва миллатни турли кўринишлардаги хавф хатарлардан, бало-қазолардан асрай билишдан иборат. Буюк шоир ва давлат арбоби А.Навоийнинг “Агар шоҳсен огоҳ сен. Агар огоҳ сен,  шоҳсен” ғояси Ҳ. учун ҳаётий тамойили ҳисобланади. Бугунги глобаллашув ва модернизациялаш  жараёнида турфа ахборотларнинг дунё бўйлаб шиддат билан тарқалаётган бир пайтда Ҳ. ка бўлган талаб ва эҳтиёж беқиёс даражада ортиб бормоқда. Шаҳар ва қишлоқларда, маҳаллаларда ,,Ўз уйингни ўзинг асра” даъвати асосида Ҳ.ни таъминлаш борасида қатор амалий ишлар, чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Табийки, халқ ва миллатни демократик қадриятлар асосида ижтимоий-сиёсий ҳаётда бўлаётган воқеа-ҳодисалар, янгиликлардан хабардорлиги Ҳ.нинг муҳим омили ҳисобланади. Шу боис халқимизнинг, шу жумладан ёшларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти, маънавиятини юксакалтириш, мустақил тафаккурини ривожлантириш катта аҳамият касб этади.  Халқимизнинг шуурида,  онги тафаккурида, Шу азиз Ватан барчамизники ҳаётий шиори орқали Ватанга мехр-муҳаббат туйғусини шакллантириш лозимки, токи ҳар бир юртдошимиз истиқлол неъмати ва имкониятини теран англаб, бор куч-салоҳиятини Ватанни, истиқлолни ҳимоя қилишга сафарбар этсин. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг пировард натижаси сарҳадларимизнинг, Ватанимизнинг тинч ва осойишталиги билан белгиланади. Шундай экан, ҳар бир ватандошимиз огоҳ ва ҳушёр бўлиши лозим. “Ўз-ўзидан равшанки, бугунги замон воқеликка очиқ кўз билан, реал ва ҳушёр қарашни, жаҳонда ва ёнатрофимизда мавжуд бўлган, тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли хулоса ва сабоқлар чиқариб яшашни талаб этмокда. Шу боис юртдошларимиз, айниқса, ёш авлод онгида мураккаб ва таҳликали ҳаёт ҳақида, унинг шафқатсиз ўйинлари тўғрисида бирёқлама ва сохта тасаввур бўлмаслиги керак” (“Юксак маънавият – енгилмас куч”, 118-119 б.).

ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТ — бу кишиларнинг ҳуқуқий билим даражаси, ҳуқуққа нисбатан онгли муносабати. Ҳуқуқни ҳурмат қилиш ва унга риоя қилиш. Бугунги кунда Ўзб-ннинг Ҳ.м. Президентимиз томонидан белгилаб берилган “Ўзб. модели”да аниқ кўрсатиб берилган. Ш-дек, Ҳ.м. мам-тимизда озод ва обод ватан эркин ва фаровон ҳаёт қуриш б-н белгиланади. Ҳ.м.ни барқарорлаштириш кишиларни моддий ва маън-й турмуш тарзини яхшилаш учун энг аввало ёшларни, халқни, миллатни сиёсий, ҳуқуқий онгини, дунёқарашини маъ-ят ва маърифатини мунтазам ошириб бермоқ зарур бўлади. Ҳ.м. макон ва замонда фарқланиб, ҳозирда ва истиқболда амалга ошириши лозим бўлган манфаатлар кўлами б-н ўлчанади. Ш-дек, хусусиятига кўра, англанган ва англанмаган Ҳ.м.га бўлинади. Ҳ.м. англанган жиҳатлари сиёсатдаги ва иқтисодиётдаги манфаатлар ҳамда уларнинг моҳияти б-н англаш мумкин. Мас., АҚШларининг Ироқда ва бошқа яқин шарқ мам-тларида олиб борган сиёсати Америка манфаати б-н уни ҳимоя қилиш ҳамда амалга оширишдан иборат. Бу жараённи амалга ошириш турфа кўринишларда ва баҳоналарда, масалан демократик тамойилларни шакллантириш кабилар ниқоби остида бўлади. Ҳ.м. инсоннинг билим ва тажрибалари орқали нарса ва ҳодисаларни, ижт-й сиёсий жараёнларни, уларнинг мазмун моҳиятини чин ёки хатолигини ажратиш ва шу асосида хулоса чиқаришдир. Бизларнинг дунёга бўлган муносабатимиз нафақат объектив воқелик, шунинг асносида субъектив қарашлар фикрлар, назарияларнинг ифодаси ҳамдир. Ҳ.м.ни қай даражада бўлишини билиш мезони объектив воқеликка қанчалар мос келишидадир. Биз учун ҳаётда нарса ва буюмларни ҳақлигини билиш учун уларни бевосита солиштириб фарқли жиҳатларини аниқлаймиз. Аммо билим ва тафаккурда ғоя ва мафкурадаги Ҳ.м. қандай кўринишга эга унинг хусусиятлари нима б-н ўлчанади. Ш.у. Ҳ.м. — мураккаб ички қарама-қаршиликка эга бўлган ва доимий тарзда адашишларни, хатоликларни бартараф этиш жараёни б-н белгиланади. Бундай хатоликларни пайқашда илмий назарий билимларга эга бўлиш лозим. Айниқса бугунги мафкуравий, глобаллашув ва модернизациялашув жараёнларида ёшлар тарбиясида дунёқараш ва маъ-ятида янгиланишларга хатоликларга йўл қўйиб бўлмайди. Баркамол авлодни Ҳ.м. бўлаётган ижт-й сиёсий жараёнларга фаол бўлиши учун уларни шунчаки мактаб партасини битирувчилар эмас, билимли, юксак маъ-ятли жамиятнинг тўлақонли фаолият кўрсатадиган шахсига айлантириш лозим. Тўғри, ҳаққоний тарзда ёшларда мафкуравий иммунитетни шакллантриш учун буюк аждодларимизни бой мероси, тарихий онги, ҳамда бугунги ҳаётимизни гўзал қилиб кўрсатадиган ибратли адабиёт ва санъат асарли уларни тўғри тарғиботи орқали тарбиялаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

ҲУҚУҚИЙ ОНГ — давлат ва ҳуқуқ назарияси ва кримино­логия фанларига мансуб категория; ҳуқуқий ҳодисаларни акс эттирувчи ва ҳуқуқий қадриятлар, ҳуқуқни англаш, ҳуқуқни тушуниш, зарур ҳуқуқий тартибни сақлаш б-н боғлиқ. ижт-й гуруҳ ва индивидуал онгга мансуб тушунча. Ҳ.о. жамият ҳаётининг ижт-й-иқт-й, унинг маданий-ҳуқуқий, демократик ёки авторитар одатлари шароити б-н тавсифланади. Ҳ.о. — ижт-й ва индивидуал онгга тегишли бўлган, ҳуқуқий билимларни ўз ичига олган ҳуқуқ фаолиятига тегишли бўлган ғоялар мажмуидир. Ҳ.о. учта функцияни — билиш, баҳолаш ва тартибга солишни бажаради. Ҳ.о. жамиятда амал қилувчи воқеа, ҳаётда инвизидга шахсга ҳуқуқий нормаларни шакллантириб такомиллаштиришга таъсир қилади. Ўз навбатида ҳуқуқ ва уни амалиётда қўлланиши ижт-й ва индивидуал онг мазмунига таъсир кўрсатади. Ҳ.о.нинг уч шакли мавжуд. Биринчиси — этатестик, ҳуқуқ тўғрисидаги анъанавий қарашлар ҳосиласи ҳисобланиб, давлат ҳокимияти қонун-қоидаларида ёзиб қўйилган ҳукумат иродаси асосини ташкил қилади. Давлатда ҳуқуқ асосини ташкил қилиш б-н бир қаторда қонун ҳуқуқдан юқори қўйилади ҳамда биринчи даражали ҳисобланади. Ҳ.о.нинг иккинчи типи мавжуд. Ҳуқуқий тизимда ва унинг доирасида амал қиладиган ва ҳуқуқий фаолиятни тан олишга қаратилган бўлиб, унда ҳуқуқий ва ноҳуқуқий қонунлар фарқланиб ҳуқуқ давлат томонидан устуворлиги амал қилади. Ҳ.о.нинг учинчи типи — фуқаролик ҳисобланиб, ҳуқуқ ва нормалар қонун асосида бўлиб, нормалар ҳал қилувчи кучга эга бўлади. Ҳ.о.да унинг ижобий хусусиятларини таъминлаш борасида: 1) маълум бир ҳуқуқий нормалар жамият кўзгусида обрў сифатида шахс томонидан ишлаши ва амалга оширилиши лозим: 2) эътироф этилган шахслар жамиятнинг барча фуқаролари томонидан ҳамда ҳаёт тақозосига мос келишлиги ва кўпчилик томонидан инкор этилмаслиги б-н белгиланади. Ш-дек, юқорида келтирилган вазифаларини амалга оширилишида шахснинг, миллатнинг ҳуқуқий билимлари ва бу борадаги кўникмалари ижт-й сиёсий жараёнларда ўз аксини топиши лозим. Ҳ.о.нинг билиш, баҳолаш ва тартибга солиш вазифалари мазмун моҳиятида бир томондан билим вв маърифат бўлса, иккинчидан юксак маъ-ят ва муайян ирода-эътиқоднинг шаклланганлигига ҳам боғлиқ бўлади. Бизнинг кўпинча тарбиядаги қусурларимиз, панд ейишимиз, ҳақ-ҳуқуқимизни тўлиқ тушуниб етмаганлигимизда кўринади. Бугунги глобаллашув жараёнида республикамизда жахон миқёсида кечаётган жараёнларнинг мазмун-моҳиятини тушуниб етиш ва унда ўзини фаол субъект сифатида эътироф этиши ҳуқуқ ҳамда нормаларни тўлақонли билиши шахснинг Ҳ.о.ини шакллантирганида намоён бўлади.

ҲУҚУҚИЙ ТАРБИЯ — бу жамият аъзоларининг юриш-туриш мад-тига ва онгига ҳуқуқ ҳақидаги билимларни доимий равишда мақсадга мувофиқ таъсир этиш орқали сингдириб бориш жараёни. Ҳ.т. воситаларига: ҳуқуқий тарғибот, ҳуқуқий таълим. Юридик амалиёт, ўзини ўзи тарбиялаш киради. Ҳ.т., кенг маънода, жамият аъзоларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий мад-тини шахснинг ҳуқуқ ва бурчини тушуниши ҳамда шакллантирувчи умумий жараён эканлиги, бунда ҳуқуқий тарбия ижт-й сиёсий жараёнларни, ижт-й-иқт-й турмуш тарзини ҳуқуқ ва ахлоқ мувозанатини, унга бўлган қонун таъсирини умумлаштирилган кўринишидир. Ҳ.т. — шахс ва жамоанинг оилада жамоатчилик жойларида таълим тизимида ҳаётнинг барча соҳаларидаги муносабатлар кўринишидир. Ҳ.т.ни тор маънода фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва мад-тининг шакллантирилганлиги ҳамда қонунларга итоат қилган ҳолдаги давлат ва жамият фаолияти б-н фуқароларнинг тарбиялаш усул ва воситалари тушунилади. Ҳ.т. давлат ва жамият тараққиётида ҳамда фуқаролик жамияти асосларини қуришдаги ўрни шахснинг, фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва кўникмалар даражаси б-н белгиланади. Ш-дек, Ҳ.т. мавжуд тузум, давлат ва ҳокимият органлари, маҳалла, оила, ташкилотлар ва уларнинг фаолияти орқали амалга ошади. Ҳ.т. кўп қиррали ва мураккаб жараён ҳисобланиб, унда ижт-й фанлар тизими, хусусан ҳуқуқшунослик, педагогика ва психология, миллий ғоя, маъ-ят асослари этика ва эстетика фанларнинг ўзаро назарий методологик асосларини пухта ўрганиш б-н боғлиқ. Ҳ.т. асосини қонунни, унинг мазмун-моҳиятини, ҳуқуқ ва бурчни ва шунга таянган ҳолда намунавий хулқ-атворни шакллантиришдан иборат. Ҳ.т. турли поғона усул ҳамда воситалар орқали амалга ошади. Ҳ.т. шахсни, индивидни, оиладан боғча, маҳалла, мактаб ва умуман таълим тизимининг барча бўғинидаги таълим ва тарбия, маън-й ҳамда маър-й ишлар уйғунлигини самарали олиб бориш б-н белгиланади, қолаверса, бу, албатта Ҳ.т. муваффақиятли амалга ошувининг объектив ва субъектив сабабларига ҳам боғлиқдир. Бу шахснинг эркинлиги, қобилияти, топқирлиги ва билимдонлиги б-н ўлчанади. Ҳ.т. шакллантиришда ОАВ, радио ТВ, ҳуқуқий мавзулардаги кечалар ҳам ушбу соҳа мутахассислари б-н ўтказиладиган учрашувлар муҳим аҳамиятга эга. Ҳ.т. маъ-ят ва маърифатни юқори даражада қарор топтириш омили ҳамдир. Ҳ.т.нинг негизини ҳуқуқий билимлар ташкил қилганлиги боис мутахассис кадрларнинг бир томондан юқори малакада тайёрлаш лозим бўлса, иккинчидан ушбу таълим тизимидаги барча поғона ўқув юртлари фаолиятини замонавий кўргазма ва техник воситалар б-н жиҳозлаш лозим. Бугунги кунда ҳуқуқий демократик давлат қуриш стратегик мақсад ва вазифаларини амалга оширишда биринчи галдаги вазифа ёшларни ҳуқуқий онг ва тафаккурини ўстириш уларни жаҳон андозалари ва мафкуравий иммунитетга хос тарзда тарбиялаш ҳар қачонгидан муҳим ва долзарбдир. Бу борада 1997 йил 25 июндаги “Ҳуқуқий тарбияни яхшилаш, аҳолининг ҳуқуқий маданият даражасини юксалтириш, жамоатчилик фикрини ўрганишни яхшилаш ҳақида”ги ПФ-1791-сонли Президент Фармони унинг мазмун-моҳиятини амалий жиҳатдан ҳаётга татбиқ этиш муҳим аҳамиятга эга.