К

  КАЙФИЯТ — индивид психик ҳаётининг ижобий ёки салбий эмоционал фони кўринишидаги юзага чиқадиган, нисбатан узоқ муддат давом этадиган турғун психик ҳолат. К. қуйидаги ўзига хос хусусиятларга эга: 1. Заиф интенсивлик. Одам қониқиш К.ини ҳис қилганда ҳам, ғамгин К. ҳолатида ҳам у аниқ кўринишга эга бўлмайди. К. интенсив нерв қўзғалишларини чақирмайди. 2. Узоқ муддатлилик. К. секин ривожланади ва узоқ вақт давомида ҳис қилинади. 3. Ноаниқлик. Маълум К.ни ҳис қилган киши одатда шу К. сабабларини англамайди. 4. Ўзига хос дифуз характери. К. айни пайтда одамнинг фикрларига, хатти-ҳаракатларига, муносабатларига таъсир кўрсатади. К. ситуатив эмоциялар ва аффектлардан ҳам фарқ қилади. У маълум ҳодисаларнинг бевосита натижаси ўлароқ юзага чиқадиган эмоционал реакция бўлмасдан, балки инсоннинг ўз олдига қўйган режалари, қизиқишлари ва кутган ишларининг аҳамиятига бўлган эмоционал реакциядир. К. ўз навбатида содир бўлаётган воқеаларга таъсирини кўрсатади. Бунда у одамдаги фикрларнинг йўналишини ўзгартириб юбориши мумкин. К. келтириб чиқарувчи сабабларнинг англанганлик даражасига боғлиқ ҳолда у ёки бу ноаниқ эмоционал фон кўринишида (“кўтаринки К.” “тушкун К.” ва ҳ.) ёки аниқ фарқланган ҳолат (зерикиш, қайғу, соғиниш, қўрқув ёки аксинча машғуллик, қувонч, ҳайрат ва ҳ.) кўринишида юзага чиқади. Ўз К.ини назорат қилиш, уни онгли равишда ўзгартира билиш шахснинг ўзини ўзи тарбиялашнинг муҳим вазифаларидан бири бўлиб ҳисобланади. К.нинг сабабсиз ўзгариб туриши патологик ҳолат ҳам бўлиши мумкин. Бу ҳолат ўта асабийлик, нотурғунлик, ўта таъсирчанлик ва ҳ. кўринишларида намоён бўлади. К.га таъсир этувчи омиллар ОАВ, газета ва журналлардаги мақолалар, маън-й-маър-й билимлардир. Маън-й-маър-й материаллар, улардаги ўзига хослик икки хил характерга эга. У биринчидан, кайфиятга таъсир этиб, ўзига хос таскинлик бўлса, иккинчи томондан, К.нинг ўзи, унинг кўтаринкилиги кўплаб ишларни қилишга ундайди.

КАЛОМ  (араб.  нутқ, жумла, гап, сўз) — исломда муайян мантиқий далилларга таяниб диний таълимотни асослашга ҳаракат қилувчи назарий илоҳиёт. К. турли диний-сиёсий гуруҳлар (хорижийлар, қадарийлар, жабрийлар ва ҳ.к.) пайдо бўлиши б-н боғлиқ баҳслар жараёнида вужудга  келди ва тараққий қилди. “Ҳақ” ислом йўли тизими Х а.га келиб ишлаб чиқилди ва буни ал-Ашъарий (873-935) ва ал-Мотуридий (870-944) амалга оширдилар. Шундан сўнг К. улар асос солган икки мактабни англатувчи атамага айланди. Ашъария К.и асосан шофеъийлар орасида тарқалган бўлса, мотуридия К.и ҳанафия доираларида кўплаб тарафдорларга  эга бўлди ва хусусан, Мовароуннаҳр мусулмонларининг асосий ақидасига айланди.

        КАМОЛОТ (араб. камол, комил, мукаммал — тўкислик, юксак натижа, етуклик) — инсоннинг жисмонан  ва руҳан юксак даражага етганини ифодалаш б-н биргаликда инсонлараро мун-тлар, иш режалари, амалий хатти-ҳаракатлар, бажарилган иш, моддий неъматлар, ашёлар ва ш.к.га нисбатан қўлланиладиган т.. Шунга кўра, К.ни инсоннинг бир ёки бир неча соҳаларда ёхуд мун-тларда яққол кўзга ташланадиган, бошқалардан ижобий жиҳатлари б-н кескин фарқланадиган, ўзгалар томонидан юксак мавқе  сифатида эътироф этиладиган маън-й ёки жисмоний етуклик даражаси деб таърифлаш мумкин. Тарихда турли соҳаларда инсоннинг К.га етгани ёки К.га етишини белгиловчи турли мезонлардан фойдаланилган. К. шунчаки комилликка эришиш, камол топиш эмас, балки узоқ давом этган таълим-тарбия, олинган билим, шаклланган ақл, содир этилаётган ахлоқий хатти-ҳаракатларни  шакллантиришнинг бир-бирини тўлдириб борувчи бир неча босқичлардан иборат жараёнлар тизими ҳамдир. Комил инсон ғоясини амалга оширишнинг энг мақбул йўли шахсни маън-й жиҳатдан тарбиялашдир. Замонавий комил инсон концепциясига асосан, у юксак маъ-ят соҳиби бўлган шахсдир. К. йўли зиддиятлар, машаққатлар, ютуқларга бой, элим деб, юртим деб меҳнат қилиш, заҳмат чекиб мукаммалликка, олижаноб инсоний фазилатларга эга бўлиш йўлидир. Маън-й К. юксакликка, жам-т тар-ёти, тенглик, тенг ҳуқуқлилик, озодлик, адолат, демократия тантанасига янги имкониятлар излаш, инсон қадр-қиммати, ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишга интилишдир. Ахлоқий К. эса, инсон ижт-й такомиллашувининг таркибий қисми, унинг даражасини ҳар ким ўзича белгилай олмайди. “Мен ахлоқий К. даражасига етдим” деган одам ҳали комил инсон эмас. Инсон ҳеч қачон ўзининг ахлоқий К. даражасига ўзи баҳо бера олмайди. Комиллик ҳар бир шахснинг ўзидан кўра ўзгаларга яхшироқ кўринади. Ҳеч қачон комил инсон ўзининг комиллигини пайқай олмайди. Чунки комиллик ахлоқий етуклик мезони сифатида ҳар бир шахснинг ўзгалар б-н бўлган мун-тида кўзга ташланади. Комил инсон бошқалар б-н мун-т жараёнида шаклланади. К. инсоннинг етукликка эришиш йўлини ифодаласа, комиллик – инсоннинг камолотга эришгандан кейинги мавқеини белгиловчи даража. Комилликнинг ҳам ўзига хос мезонлари мавжуд. Нодонга  қарши оқил, лоқайдга қарши сергак, бахилга қарши сахий, танбалга қарши серғайрат, қўрқоққа қарши ботирлик каби хислатлар ва уларнинг юксак даражаси К.нинг ўзига хос ўлчови воситасини ўтайди. Инсон К.ида жисмоний гўзаллик, мукаммаллик муҳим аҳамият касб этади. Жисмонан бақувват, соғлом бўлиш нафақат шахсий, балки ижт-й қадриятдир. К.нинг яна бир жиҳати ватанга, миллатга, эл-юртга садоқат б-н хизмат қилишдир. Ватанни севмаган, миллати тарихи ва  тақдирига лоқайд қарайдиган инсоннинг комиллиги ҳақида сўз бўлиши мумкин эмас. К. инсоний фазилатларнинг уйғунлигини ифодалайди. Кишининг ички  ва ташқи дунёси, соғлом фикр, оқилона сўзи б-н амалий фаолияти, тили б-н дили бирдай бўлиши К.нинг мезонларидир. К. инсоннинг онгли ижодий фаол мавжудот сифатидаги туб эҳтиёжлари ва лаёқатларидан бири, инсоннинг ўзини ўзи ижодий намоён этиш шакли ҳамдир. К. жараёни инсоннинг жам-т ва мад-т б-н алоқасининг моҳиятини акс эттиради, инсоният тар-ёти ва мад-т рив-шини таъминловчи восита ҳисобланади. К.га эҳтиёж инсоннинг ўзлигини, ўз уқуви ҳамда лаёқатини, шахсий сифатини кўрсатишга интилишида намоён бўлади,  бу б-н у муайян мақсадларга эришади ва атрофдагилар уни тан олишига муваффақ бўлади. Бунда К. жараёнининг мазмуни қадриятлар йўналиши ва ижт-й мун-тларнинг тавсифига боғлиқ бўлади. Инсон моддий фаровонлиги, унинг қадр-қиммати, ҳуқуқи ва эркинлиги ижт-й рив-шнинг объектив мақсади ҳисобланган жам-тда ижодий К. жараёни ишончли кафолатланади ва ўз-ўзини К. тарзида намоён этиш ижт-й-ижобий тавсифга эга бўлади. “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида таъкидлангани каби: “Ватан равнақи, аввало, унинг фарзандларига, уларнинг маънавий ва жисмоний камолотига бевосита боғлиқ. Бу, ўз навбатида, ҳар бир юртдошимизни зиммасидаги юксак фуқаролик масъулиятини ҳис этишга, ўз манфаатларини шу юрт, шу халқ манфаатлари билан уйғунлаштириб яшашга даъват этади. Ва ҳар қайси фуқаро ўз мамлакатининг халқаро ҳамжамият сафидан муносиб ўрин олиши, бугунги кунда тараққий топган тинч ва бадавлат яшаётган давлатлар қаторига кўтарилишидан манфаатдор бўлиши шубҳасиз”. Маън-й-маърифий ишлар, таълим-тарбия, тарғибот ва ташвиқот К.ни шакллантиришга катта таъсир кўрсатади. Таълим муассасалари, тарбия масканлари, маъ-ят ва мад-т ходимлари ҳам комил инсон тарбиясида муҳим аҳамиятга эгадир.

КАМТАРЛИК – инсоннинг маън-й қиёфасига хос хислат, мақтанишни истамайдиган, мағрурланмайдиган кишининг хус-яти, шахснинг ўзига ва атрофдагиларга саммимий мун-тини ифодаловчи ахлоқий сифат. У манманликнинг зидди бўлиб, киши ўзининг алоҳида юксак сифатларга эга эканига даъво қилмаслигида намоён бўлади. Бу хислат сўз ва амалда юзага чиқади. К. шахс маън-й тизимида сабр-тоқат б-н ёнма-ён туради. Сабр-тоқатсиз одам камтар бўла олмайди. Камтар одам ўзгалар камчилигига эмас, балки ўзининг камчиликларига танқидий ёндошади. Камтар инсон шуҳрат топиш учун эмас, одамлар, оила, жам-т олдидаги бурчини бажариш учун ҳаракат қилади. Жам-т учун, халқ учун беминнат хизмат қиладиган инсонларни халқ қадрлайди. Ш.у. «Камтарга камол, манманга завол» деган мақол бежиз айтилмаган. Халқимиз ва жаҳон тарихида К.нинг буюк намуналарини кўрсатган шахслар кўп бўлган. Ал-Бухорий, ал-Беруний, Алишер Навоий, Аҳмад Яссавий, Али Қушчи, Бобораҳим Машраб, Абдухолиқ Ғиждувоний сингари алломаларимиз, олиму фузалоларимиз К.нинг чинакам тимсолларидир. Ҳазрат Алишер Навоий зикр этганларидек: “Одам бўлган  зеби зоҳирдин эмас, // Кимки андин фахр этар, одам эмас”. К. зоҳирий ва ботиний бўлиб, уларни фарқлаш зарур. Камтар бўлиш учун бир неча маън-й-ахлоқий сифатлар асос бўлади. Маъ-ятсиз, кибрга берилган одамлар камтар бўла олмайди. Маъ-яти бойиган сари одам камтарлашиб бораверади. Ш.у. халқимизда  “Бошоқ тўлган сари ерга эгилади”, деган мақол бор. К. таълим-тарбия, бадиий адабиёт ва санъат таъсирида шаклланиши ҳам мумкин. Ёшларда таниқли шахслар, машҳур алломалар, тарихий ва буюк шахслар таъсирида идеаллик шаклланади. К.га  яқин т.лардан бири “андиша” т.сидир. Камтар одам айни пайтда андишали ҳам бўлади. Бироқ бу ҳолат К. б-н андишалилик айнан бир нарса, деган фикрни туғдирмаслиги керак.                                                                                                    

КАСБ ОДОБИжам-т томонидан қабул қилинган ахлоқ қоидаларини кишиларнинг ихтисосликларига нисбатан татбиқ қилувчи касбий бурч, шаън, ор-номус, қадр-қиммат каби хатти-ҳаракатларнинг мажмуи, умумий ахлоқнинг кишилар касб-коридаги ўзига хос кўриниши. Одоб (араб. адаб сўзининг кўплиги) – жам-тда эътироф этилган хулқ нормаси. Шахс маън-й ҳаётининг ташқи жиҳатини ифодалайди ва ўзгалар б-н мун-т(оила, меҳнат жамоаси, турли маросимлар)да намоён бўлади. Одоб негизида ахлоқнинг баъзи тамойил ва меъёрлари, ш-дек, мақсадга мувофиқлик ва гўзаллик (эстетика) талаблари ётади. Одоб кишининг жамоат орасида ўзини қандай тутиши, одамлар б-н қай йўсинда муомала қилиши, ўз турмуши, бўш вақтини қандай ташкил этиши, инсон ташқи қиёфаси қандай бўлиши лозимлигига тегишли қоидалар (мас., шарм-ҳаё, камтарлик, хушмуомалалик кабилар)ни ўз ичига олади. Одоб таълим-тарбия, амалий тажриба жараёнида шаклланади. (ЎзМЭ. Т., 2003, 6-том, 461-бет). Баъзи луғатларда “К.о.” атамаси “кишилар ўртасидаги касбий фаолият билан боғлиқ муносабатларга маърифий тус берадиган хулқ-атвор кодексидир” дея таърифланган. К.о. т.си барча учун бирдек тааллуқли бўлмаган, балки муайян касб-кор эгаларигагина тегишли ижт-й хулқ-атвор қоидалари, меъёрларидир. Жумладан: 1. Педагогнинг касбий одоби. Педагог, аввало, нима  учун бу касбни  танлаганини теран англамоғи, инсонларни қандай тарбиялаш кераклигини  тушуниб етмоғи керак. Бу эса педагогик фаолият ва  этикетнинг асосий омилидир. Боланинг ички дунёсига кира билиш, ишонган дўсти бўлиш, эзгуликка йўналтириш, унда масъулият ҳиссини шакллантириш, жам-тга фойдали инсон этиб вояга етказиш –  педагогиканинг бош тамойилидир. К.о. қонун-қоидалари меҳнат фаолияти жараёнида шаклланади, такомиллашиб боради. Касбий омилкорлик, ўз ишини яхши билиш, қайси касб бўлишидан  қатъи назар, ахлоқий меъёрларнинг бошланишидир. К.о. меъёрларни айнан воқелик, амалиёт б-н узвий боғлиқлиги боис соҳада, шу жумладан, педагогикада юзага келган мураккаб масалаларни ечимини топишда ёрдам беради. Илғор педагогларнинг ижодий фаолияти бунга мисолдир. Ўқув-тарбия жараёнидаги асосий тамойиллардан бири – болани ўз кучига ишонадиган, эркин ва мустақил фикрлайдиган инсон этиб тарбиялашдир. 2. Журналист одоби.  Журналист одоби ахлоқий-психологик ўзига хослиги жиҳатидан юксак масъулиятни ва маън-й жавобгарликни талаб этади. Зеро, журналист фаолияти ахборот олиш, уни ўрганиш ва етказиб бериш б-н машғул бўлгани боис, у етказилаётган ахборотнинг ҳаққонийлиги, тўғрилиги ва холислиги учун жавобгардир. Бу эса унинг маън-й қиёфаси, ахлоқий сифатлари б-н узвий боғлиқдир. Журналист одоби ундан нафақат ижодий изланиш, ўз устида тинимсиз ишлашни, балки жавобгарликни теран ҳис қилиш, иродаси мустаҳкам  бўлишини талаб қилади. Шу маънода, журналист одоби ўз-ўзини назорат қилиш мезонидир. 3. Шифокор одоби.  Шифокор одоби қонун-қоидаларида  риоя қилиш зарур  бўлган қатор муҳим қоидалар ифодаланган. Энг асосий қоидалардан бири —   беморга зиён етказмаслик. Яна бир қоидаси  — беморнинг касаллигига оид тафсилотларнинг сир сақлашнишини таъминлашдир. Шифокор қасамёди ҳар қандай вазиятда, ҳатто ҳаётини хавф остига қўйиб бўлса ҳам, беморга ёрдам беришга ундайди. 4. Раҳбар одоби. Раҳбар ўз хулқ-атвори б-н атрофидагиларга ўрнак бўлиши шарт. Турли даражадаги раҳбарлар одоби хушмуомала бўлишни, ўзгаларнинг фикр-мулоҳазаларига бефарқ бўлмаслик, сабр-тоқат ва  адолат тамойилларига риоя этиш, айниқса, ўз ходимларига нисбатан эътиборли бўлишни талаб этади.

КАСБ МАЛАКАСИ (араб. касб — бирор нарсани ўрганиш, эгаллаш, фойда, ҳунар, машғулот). Касб — махсус тайёргарлик ва иш тажрибаси натижасида маълум бир соҳада касбий фаолиятни амалга ошириш учун назарий билимлар мажмуасини, амалий кўникма ва малакаларни эгаллаган, унга жисмоний имконият, ақлий қобилият ва юридик ҳуқуқларни таъминловчи инсоний меҳнат фаолиятининг тури. Касб — кишининг меҳнат фаолияти, доимий машғулот, иш турини малакали бажаришга имкон берадиган билим, маҳорат, тажрибани талаб этади. Касблар ичида меҳнат фаолиятининг энг тор соҳаси б-н ажралиб турадиган ихтисосликлар бор. Масалан, врач касбига тааллуқли бўлган хирург, офтальмолог, невролог, дерматолог ва б. ихтисосликлар. Касб, одатда, шахснинг асосий тирикчилик манбаи ҳисобланади. К.м. эса- касбни, ишни яхши ўзлаштириш натижасида орттирилган тажриба, кўникмалар, маҳоратни англатади.К. м. бирон-бир касб-ҳунарни эгаллашда тажриба орттириш ҳамда тарбия, таълим, сиёсий ва касбий тайёргарлик масалаларини ҳал этишга ҳар томонлама ёндашишни тақозо қилади. Шахс касбий шакллантиришининг икки томони мавжуд: а) шахснинг ўз индивидуал хусусиятларга боғлиқ бўлган ички томони; б) муайян жамиятнинг муайян ижтимоий-иқтисодий ва тарихий шароитлари ҳамда мақсадлари б-н аниқланадиган ташқи томонлари. Бўлажак мутахассисни касбий меҳнат фаолиятига тайёрлаш ва меҳнат бозорида рақобат қила олишга тайёрлиги ва қобилиятини таъминлаш мақсадида ижтимоий етук шахсни шакллантириш ва ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Бу индивиднинг талаблари, қобилиятлари, руҳий-жисмоний имкониятлари ҳамда ижтимоий ва этник омиллар таъсирини ҳисобга олган ҳолда ўқув жараёни ҳамда ўқув ишлаб чиқариш фаолияти доирасида дастурлаштирилади ва амалга оширилади. К. м. тушунчаси касбий маҳорат б-н боғлиқ бўлиб, битирувчининг юқори даражада касбий кўникма ва малакаларни эгаллаганлиги тушунилади. У шахснинг меҳнат бозорида эгаллаётган касби бўйича рақобатбардошлик даражасининг акс эттирилишида намоён бўлади. Касбий маҳорат ишчи кучларининг юқори даражадаги мослашувчанлиги, янгиликларни тез ўзлаштириши, янги ишлаб чиқариш шароитларига оз вақт ичида ўта олиши ва фаолият соҳасини мустақил танлай олиши каби сифатлар б-н белгиланади. Касбий маҳорат ва лаёқат шахснинг шундай сифатларидирки, улар бўлажак мутахассиснинг ҳаётий ҳамда меҳнат муваффақиятларини белгилаб беради. Мустақил ЎзРда таълимни ривожлантиришнинг янги босқичида касбий педагогика фанининг асосий вазифаси жаҳон талаблари даражасида янгиланиб бораётган ишлаб чиқариш шароитларига мослаша оладиган, иқтисодиётимизни, маъ-ятимизни буюк давлат даражасига кўтарадиган мутахассисларни тайёрлаш. Ушбу жараёнда асосий омил сифатида бериладиган ахборотлар ҳажмини эътироф этиш эмас, балки уларга нисбатан ижодий ёндошувни шакллантириш ва мустақил фикрлаш каби сифатларини тарбиялашдан иборатдир. Шу сабабли бугунги кунда барча фан соҳалари маън-й-маър-й ишлар бўйича, жумладан, касб таълими бўйича янги ўқув дарсликлари, қўлланма ва тавсияларни яратиш муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Бу ўринда касб таълимига бўлган эътиборнинг ортиб бораётганлигини қуйидагилар б-н изоҳлаш мумкин: а) таълим ислоҳотлари натижасида академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ва б. турдаги ўқув муассасаларининг шакллантиришилиши ва ривожланиши; б) олий ўқув юртларида касб таълимини ўқитилишнинг йўлга қўйилаётганлиги, бу борада алоҳида факультет ва бўлимларнинг ташкил этилиши; в) касбий педагогиканинг бошқа фанлар, хусусан, ижтимоий фанлар б-н янада жипсроқ боғланиб бориши, истиқболда амалга оширилиши кўзда тутилган билим соҳалари туташувида янги концепция ва наз-яларнинг юзага келиши; г) касбий таълим муассасаларининг аҳолига таълим хизматларини кўрсатиш борасидаги фаолият турларининг ортиб бориши, ўз базасида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши; меҳнатни ташкил қилишнинг илғор шаклларини жорий этиши ва б.лар.

КАСБИЙ МАДАНИЯТ – инсоннинг олган билим ва  тажрибасига асосланган малакали ҳаракатлар ёки меҳнат фаолиятининг маҳсулидан бунёд бўлган нарсалар, ўзгаларда завқ уйғота оладиган ижт-й ҳодиса. Шахснинг  К.м.и билим, малака, кўникма, қобилият, ахлоқий ва эстетик рив-ш, дунёқараш, одамлар б-н ўзаро мулоқотининг усул ва шакллари, шахсий қобилиятининг рив-ш даражаси каби фаолиятда амалга ошириладиган инсоний куч ва салоҳиятни ўз ичига олади. К.м. инсоннинг меҳнат фаолиятида намоён бўлади. Шахснинг К.м.и даражаси унинг умумлашган мад-й меросга эришгани, ўзига хос қобилиятининг рив-ш даражаси б-н белгиланади. К.м. меҳнат тақсимоти шароитида инсонлар  фаолиятининг ўзига хос хус-яти б-н боғлиқ хулқ меъёрлари, қоида ва моделларининг йиғиндисидир. У икки бошланғич асос – ўтмишга   мурожаат этиш ва мерос бўлиб қолган мун-тларни қўллаб-қувватлаш, ҳамда ижодий – келажакка  мурожаат этиш ва янги қадриятларни яратиш б-н изоҳланади. Консерватив воситалар қоидалар, анъаналар мажмуи бўлиб, мад-т асосини яхлит ҳолга келтириб, касб ва ташкилотларнинг ўзига хос хус-ятларини  сақлаб қолишни тақозо этади. К.м. турли  моделдаги мад-т эгасининг хулқини, унинг ижодини қамраб олади. Ижод инсон ва унинг К.м.и учун ғоят аҳамиятлидир. Шунга қарамай, замонавий К.м. ташқи ғоялар учун очиқ бўлади. Мазкур  мад-т шахс профессионализмини (маҳоратини) шакллантиради. Фал.да таълим, педагогикада эса замонавий илмни оширадиган ғоялар, муқобил вариантлар тадқиқоти сифатида давом эттирилмоқда. К.м. махсус наз-й билим ва амалий қобилият йиғиндиси бўлиб, муайян меҳнат тури б-н узвий боғлиқ. К.м. даражаси малака ва малакали разрядларда ифодаланади. Бунда расмий ва аниқ (реал) малакалар фарқланади. Биринчиси – мазкур соҳа учун зарур бўлган наз-й билимларни, иккинчиси – ушбу соҳада бир неча йил меҳнат қилгандан сўнг амалий кўникма  ва қобилият, касбий тажрибани талаб этади. Махсус наз-й билимлар касбий қонун-қоидаларга риоя этишни тақозо этса, бошланғич амалий қобилиятлар амалий ишлаб чиқаришнинг ривожига хизмат қилади. Танланган соҳада талабаларнинг билим олиши ва ихтисослиги  асосини ижт-й, ижт-й-иқт-й ва одатдаги илмий соҳалар ташкил қилган. Умуммад-й тайёргарлик тарихий, иқт-й, ҳуқуқий, сиёсий билимлар, хорижий тиллар, математика, информатикани чуқур ўрганишни тақозо этиб, К.м.нинг пойдевори ҳисобланади. Замонавий К.м. жам-тда ахлоқ ва маъ-ят масалаларига эътибор тобора кучайиб бораётган шароитида ривожланмоқда. Зеро, бугун давр ҳар бир инсондан нафақат мукаммал билим, тажриба ва малакани, балки юксак ахлоқий-маън-й сифатларни, биринчи галда, касб одоб-ахлоқ меъёр ва тамойилларига қатъий риоя этишни талаб қилади.

КИЙИНИШ МАДАНИЯТИ  –  инсоннинг ташқи қиёфаси, ш-дек, маън-й дунёси, эстетик диди, ахлоқий сифатлари ва ақлий салоҳиятини ифодаловчи т.. Кўҳна битикларда кийим билим, дид, фаросат, уят каби инсоний фазилатлар б-н боғлиқ ҳолда талқин этилган. Кийим – инсон  мад-й даражасининг асосий белгиларидан бири. К.м. инсоннинг гўзаллик, нафосат, назокат, одоб борасидаги қарашларини акс эттиради. Ш.у.  баъзи халқларда “Кийимига қараб кутиб оладилар”, деган нақл бор. Кишининг кийинишига қараб, унинг нафақат маън-й-мад-й даражаси, балки моддий аҳволи, касби,  мавқеи, ҳатто  эътиқодини ҳам аниқлаш мумкин. Ўтмишда кўпгина мам-тларда турли тоифа ва табақа вакилларининг ўзига хос кийиниш усули белгилаб қўйилган. Ҳаёт суръати  тезлашган, ўзаро мулоқотга жуда оз вақт сарфланаётган ҳоз. замонда киши ўзини, ўзининг ақлий салоҳиятини  тўлиқ намоён этишга имконияти чеклангани туфайли баъзан фақат К.м. яхши таассурот қолдириш имкониятига эга бўлиши мумкин. Ш.у. К.м. бугун алоҳида илмга айланган. Амалий кийимшуносликда имижни яратиш б-н боғлиқ муаммолар ўрганилади. Кийимга нафақат  қулай, фойдали жиҳатлари, балки ўзгалар б-н мулоқотда шахснинг  ўзлигини намоён этиш н.назаридан ҳам ёндашилади. Имиж бўйича мутахассислар атрофдагиларда яхши таассурот уйғотишнинг асосий воситаси қаторида  К.м.ни тилга олишлари бежиз эмас. Киши учун энг яхши визит карточкаси – унинг ташқи қиёфаси, яъни кийимидир. Кийим-бошнинг ҳар бир унсури атрофдагиларда ижобий ёки салбий таассурот уйғотиши мумкин.  Мад-тли, маъ-ятли инсон мулоқот чоғида кийиниш одобига ҳам риоя этади. Кишининг қиёфаси, кийим-боши у ҳақда фақат яхши фикрларни уйғотиши керак. Кийим одамнинг кайфияти ва руҳий ҳолатига таъсир этиб, унинг хатти-ҳаракати, феъл-атворини ҳам ўзгартиришга қодир. К.м.га эътиборсизлик, нотўғри танланган, ташқи кўринишга мос келмаган уст-бош кишини ноқулай аҳволга солиш б-н бирга ўзига нисбатан ишончсизлик  ҳолатини ҳам келтириб чиқариши мумкин. К.м.га риоя этган киши ўзлигини англаган одамдир. К.м. “мода” т.си б-н боғлиқ. Ҳар бир даврнинг ўз модаси бўлади. Киши модага биноан кийинар экан, замон ва маконга, яъни ўз даври ва жам-тда эътироф этилган урф-о. ҳамда қоидаларга мослигини намойиш этади. Мода талабларига қараб кийинишни асло унинг кетидан қувиш, модапарастликка берилиш сифатида тушунмаслик керак. Акс ҳолда киши  ёши,  гавдаси, характери ёки иқлим, йил фасли ва борган жойига (театр, тўй, аза, мажлис, хизмат жойи ва ҳ.к.) мос бўлмаган  уст-боши б-н кулгили аҳволга тушиши мумкин. К.м. кишининг дидини билдиради. Дид кишининг ўзига ярашадиган ҳамда ўзи ва ўзгаларга ёқадиган кийим танлашда яққол кўринади. Чунки инсон мода учун яшамайди, аксинча, мода инсон учун яратилади. Кишининг  диди кийим-бош услубини танлаш қоидаларини қай даражада билишига боғлиқ. Биринчи қоида кимлар б-н мулоқот қилиши ва ўзи ҳақида қандай таассурот уйғотмоқчи экани б-н боғлиқ. К.м. ҳам санъат, маълумки, ҳар қандай одам  ўзини, ўзлигини намойиш этишга, одамлар қалбига йўл топишга ҳаракат қилади. Мас., расмий учрашув ёки музокара пайтида умумэътироф этилган қоидаларга риоя этиш лозим. Тантанабоп кийимни ишчан мулоқот пайтида кийиш кишининг мад-ти ҳақида салбий фикр уйғотиши мумкин. Худди шундай, “кўча кийими”да театрга бориш ҳам нотўғри. Иккинчи қоида: кийимнинг мақсадга мувофиқлиги. Киши кўзланган мақсадга яраша кийинган  бўлиши лозим. Учинчи қоида: танланган кийим-бош одамнинг ҳақиқий қиёфасига, маън-й дунёсига мос бўлиши керак. Бунинг учун инсон ўзига тўғри, холисона баҳо бера олиши керак. Франц. ёзувчиси Оноре де Бальзак бу борада шундай ёзган: “Зиқна бой бўлиб ҳам, исрофгар камбағал бўлиб кўриниш ҳам бир хилда ёмон… Ўта шуҳратпараст бўласизми ёки ўта камтар, сиз бирлик қонунини бузасиз, бунинг оқибатида эса, сизнинг имкониятларингиз б-н ташқи қиёфангиз ўртасидаги мувозанат бузилади”.  Хуллас, К.м. инсоннинг маън-й дунёси ва ҳақиқий қадр-қиммати унинг модага мос ва қимматбаҳо кийинишида эмас, аввало, ораста, тоза, тартибли, ўзига ярашадиган кийинишида намоён бўлади.

КИТОБ — 1) билим, маъ-ят ва маърифат манбаи; 2) инсонни улуғликка, маъ-ят ва маърифатни шакллантирувчи, комил ва камол қилиб тарбияловчи , у дунё ва бу дунёни танитиш манбаи. Биз ўзлигиимзни, дунёни, олам ва одам муносабатини барча-барчасини К. орқали билиб оламиз. Босмахоналар вужудга келгунга қадар қадимий Турон заминида К.лар дид б-н котиб томонидан кўчирилган. Юксак маҳоратли халқ мусаввирлари уларни мўъжаз рангтасвир асарлари миниатюралар б-н безатишган. Уларнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган санъати беқиёс эди. Аммо бундай К.лар йиллаб кўчирилиши сабабли нархи баланд бўлиб, уларни асосан тор доирадаги сармоядор кишиларгина сотиб олишарди. Ўрта а.ларда, К. босиш техникаси ҳали ихтиро этилмаган вақтда ҳар қандай асар қўлда кўчирилиб, К. қилинган. Бу ҳунар эгалари тарихда хаттот ёки К.атчи номи б-н машҳур бўлганлар. Бу касб энг шарафли ва муқаддас ҳисобланган. Котибнинг саводи бўлиши уни юқори даражага кўтарган. Хаттот К.ни кўчириш жараёнида ҳар бирининг мазмунини ўзлаштира борган. Натижада, котиб ўз замонасининг ўқимишли, илм-маърифат эгалари қаторидан жой олган. Хаттот ўз замонасининг зиёлиси, маърифатпарвари ва йирик мад-т соҳиби ҳисобланган. Араб ёзувида К.ат қилинган қўлёзмалар туфайли ота-боболаримиз яратиб қолдирган мад-й меросдан баҳраманд бўлмоқдамиз. Шу бебаҳо манбалар туфайли М.О. халқлари жаҳон мад-ти тараққиётида муносиб ҳисса қўшганлар. Маълумки, Бухоро, Хива, Фарғона, Самарқанд ва Тошкент хаттотлик мактаблари бундан бир неча а.лар олдин шаклланган эди. Фақат XIX а. охири ва XX а. бошларида Бухорода 75, Самарқандда 22, Хивада 47, Тошкентда 25, Фарғонада 38 машҳур ва таниқли хаттотлар бўлиб, улар халқимиз яратган асл илмий ва маър-й дурдоналарни, бизгача етиб келишига ҳисса қўшганлар. Туркистонда К. нашри ишларининг вужудга келиши Ў.О.нинг Россия томонидан босиб олиниши даврига тўғри келди. Бу давргача ўлкада босмахона ҳам, литография (тошбосма) ҳам бўлмаган эди. Адабиётга бўлган эҳтиёж эса Туркистонга ташқаридан кириб қолган айрим шарқий тошбосма қўлёзмалар б-нгина қондирилган, холос. Россияда араб, форс ва туркий тиллардаги К.ларни босиш XVIII а.нинг 20-йилларидан бошланди. Мусулмон (араб) ёзувидаги биринчи рус босмахонаси 1723 йил Астраханда пайдо бўлди, сўнгра Петербург, Москва, Қозон, Қрим, Кавказ каби жойларда ишга туширилди. Туркистонда К.хонликка хос анъанага кўра, К.ни босмахона йўли б-н нашр этиш анча кеч пайдо бўлган. Бундан ташқари, Шарқда К. нашри Овруподагига қараганда, ўзига хос хусусиятга эга бўлиб, К.ларнинг асосий қисми тошбосма усулида чоп этилар эди. Полиграфия усули б-н нашр қилиш эса ҳарф териш, турли шрифтларни, босма машина ва б. техник воситалар сингари ривожланган полиграфик база яратишни талаб қилар эди. Шу б-н бирга нашр ишлари бўйича мутахассис ходимларни тайёрлаш муаммоси юзага келар, ҳарфларнинг мураккаблиги анчагина қийинчиликларни келтириб чиқарар эди. Ўлкани чор Россияси босиб олгандан кейин босқинчи ҳукуматнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, К. нашри учун моддий-техник база яратилди. Нашр ишлари, бир қадар йўлга қўйилиши, К.нинг аҳоли орасига чуқурроқ кириб боришига йўл очди, юртимизда матбуот иши ривожланишига туртки бўлди, фан ва мад-тдаги илғор ғояларни тарқалишига ёрдам берди. Ўлканинг босқинчи маъмурияти нашр, матбуот ишларидан рус таъсирини кучайтириш, империя таркибини мустаҳкамлаш аҳолининг турли қатламларига ҳокимият учун мақбул бўлган йўл б-н мафкуравий “ишлов бериш” каби мақсадларда фойдаланишга интилди. Ватанпарварлик кайфиятидаги адабиёт ва санъат арбоблари, маърифатчилар, миллий озодлик учун курашчилар ҳокимиятнинг бу мақсадларига қаршилик кўрсатишди. Қарама-қарши томонларнинг қоришуви, миллий матбуотнинг вужудга келишидаги зиддиятларини, унинг тараққиёт тамойилларидаги номутаносибликларини белгилаб берди. Туркистонда XIX а.нинг 60-йилларидан бошлаб К. нашри ишлари бошланди. Туркистон ўлкасини муте юртга айлантириш мақсадида унинг табиий шароити, иқтисоди, ишлаб чиқариш кучлари, маҳаллий аҳоли турмуш тарзини тадқиқ этган рус олимларининг К.лари дастлабки босма нашрлар ҳисобланади. 1868 йили “Заметки о горной стране у вершин Чу и Нарына и о путях следования через нее в Китайский Туркестан” номли К.ча нашр этилди. XIX а.нинг 70-йилларидан бошлаб ўзб. тилида ҳам К.лар чоп қилинди. Шоҳимардон Иброҳимовнинг 1872 йили нашр этилган “Календарь” номли К.и улардан дастлабкиси эди. У 500 нусхада, 17×13,5 см ўлчамда, муқовасиз чиқарилди. Нашр ишларининг авж олиши босмахона ва литография тармоқлари кенгайишига олиб келди. Хусусан, 1872 йили Туркистон генерал-губернаторлиги девонхонасида босмахона очилди. У ҳарбий халқ бошқармаси босмахонаси деб номланди. 1877 йили Тошкентда С.И.Лахтиннинг биринчи хусусий босмахонаси вужудга келди. Сўнгра О.А.Порцев, И.И.Гейер, П.Д.Немжинов, М.В.Канцельсон, Э.П.Эдельман, Вилиер, Ш.Граевский кабиларнинг босмахоналари очилди. Аста-секин ўлканинг бошқа шаҳарларида ҳам босмахоналар очилди. 1880 йили Янги Марғилон, 1905 йили Андижон каби шаҳарларда ҳам улар иш бошлади. Асосан ўзб. ва тожик тилларида чиқарилаётган К.лар тошбосма усулда чоп этилди. Муҳаммад Раҳимхон II — Феруз (1844-1910) хонлик қилган даврда Хива давлатининг бироз марказлашуви натижасида илм-фан, мад-т ва адабиёт ривожланди. Феруз ташаббуси б-н Хива шаҳрида тошбосма ташкил этилди. Унда Феруз фармони б-н Алишер Навоийнинг “Чор девон”, “Хамса” сингари асарлари илк бор чоп этилди. Мунис, Огаҳий, Комил, Баёний, Мирзо, Аваз Ўтар, Девоний, Ниёзий, Чокар сингари шоирларнинг асарлари кўплаб нусхада босилиб чиқди. Хоразм шоирларининг асарларидан ташкил топган баёз, тазкира ва б. халқлар адабиётидан қилинган таржима асарлар ҳам шу матбаада нашр қилинди. Муҳаммад Раҳимхон II ташаббуси б-н сарой кутубхонасида сақланаётган нодир қўлёзма асарларини К. шаклида нашр қилиш мақсадида Эрондан тошбосма (литография) анжомлари Хивага келтирилиши катта аҳамиятга эга бўлди. Эронлик махсус матбаачи — мутахассис Иброҳим Султон тошбосма ускуналарини хон саройига ўрнатиши туфайли унга шогирдлик қилган Отажон Абдалов бу касбни моҳирлик б-н эгаллади. Кейинчалик у ҳамюртлари орасида Отажон босма номи б-н машҳур бўлиб кетди. Бу зеҳни ўткир, ғайратли матбаачи рус, араб ва форс тилларининг билимдони эди. “1876 йилда Отажон Муҳаммад Раҳимхон IIга ноширлик меҳнатининг илк меваси — “Нисобус Сибён” К.ини тақдим этишга мушарраф бўлди. Абдуносир Фарроҳий қаламига мансуб бу асар К. шаклида Хива литографиясида Отажон Абдалов томонидан илк бор нашр қилинган. “Нисобус — Сибён” Хивадагина эмас, балки Ў.О. миқёсида биринчи босма К. ҳисобланади”. Масалан, 1876 йили Абдуносир Фарроҳийнинг “Бола тақдири” К.и нашр этилди. 1880 йили Хоразмда Алишер Навоийнинг “Хамса”, Муниснинг “Девони Мунис”, “Девони рожа” асарлари чоп қилинди. 1883 йили Тошкентда Сўфи Оллоёрнинг “К.и сабот ул-ожизин” асари босиб чиқарилди. 1904-1905 йиллари О.А.Порцев томонидан Алишер Навоийнинг “Хамса” асари нашр этилди. Табиийки, ўзб.ларнинг она тилида дастлабки К.лар чиқарилиши миллий зиёлиларнинг қизиқишини уйғотди. XX а. бошларида улардан кўпчилиги К. чиқаришда иштирок этибгина қолмай, ўз тошбосмаларини ҳам очдилар. Ғулом Ҳасан Орифжонов обрўли миллий ноширлардан бири эди. XX а. бошларида у саҳҳоф — муқовачи бўлиб ишларди. Шу даврларда Орифжонов рус ноширлари б-н алоқа боғлади ва тошбосма техникаси б-н танишди. Бироқ хусусий литография очиш учун чор ҳукумати цензурасидан рухсат олиш керак бўлар, маҳаллий аҳоли вакили учун эса бу айниқса мушкул муаммо эди. Аммо Орифжонов рухсат олишга эришди ва Москвадан Тошкентга 4та литографик дастгоҳ олиб келди. Орифжоновнинг “Ғуломия” литографияси 1902 йили очилди. Шу б-н бирга Ҳусайн Манаев, Ҳожи Муҳаммад Азимжон Марғилоний ва б.лар ҳам хусусий литография эгалари бўлишди. Умуман, “инқилобгача бўлган” Туркистонда нашр корхоналарининг кенг тармоғи ишлар эди. Турли пайтларда бу ерда 50та босмахона, 13 лито-типография ва 8 литография фаолият юритган. Босмахоналарда асосан рус тилидаги К.лар чиқарилар ва улар асосан бадиий адабиёт, илмий тадқиқотлар, маълумотномалар, йўлномалар, ўқув қўлланмаларидан иборат эди. Нашрларнинг кўпчилиги турган гапки, ўлкада босқинчи ҳукуматнинг мавқеини янада мустаҳкамлаш учун хизмат қилишга қаратилган эди. Рус тилида нашр этилаётган адабиётларга нисбатан маҳаллий миллий тиллардаги К.лар денгиздан қатрадек туюларди, албатта. Миллий адабиётнинг нашр моддий базаси анчагина қашшоқ бўлиб, асосан типо-литография ва литографиядан иборат эди. Шунга қарамай, ўзб. тилидаги К.лар салмоғи ортиб борди. Литография усули б-н ўзб. мумтоз адабиёти асарлари қаторида эски қўлёзма матнлардан олинган назм ва диний асарлар, ўша давр шоирларининг шеърлари, халқ оғзаки ижоди тўпламлари, таржима асарлари ва турли хилдаги ўқув қўлланмалари ҳам нашр этилди. Масалан, Марғилоннинг эски шаҳар қисмида жойлашган Ҳожи Муҳаммад Азимжон Марғилоний босмахонасида 1889-1890 йиллар Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр”, “Таъбирномаи Хорун ар-рашид”, “Фиқҳ Кайдони” асарлари нашр этилди. Ғ.Орифжонов литографиясида 1908-1913 йиллари Алишер Навоийнинг К.лари 10 мартадан ортиқ чоп қилинди. Наманган уезди Тўрақўрғон қишлоғида Исҳоқхон томонидан 1909 йилда очилган “Матбааи Исҳоқия” литографияси “Ибрат лирикаси шеърлар тўплами” (1909) ва “Ёзув тарихи тўплами” (1911) каби асарларни нашр қилди. Тошбосма асарлар нашрига қараганда, Туркистонда 80дан ортиқ ноширлар мавжуд бўлган. Юқорида номлари келтирилган ноширлар қаторида Мирзааҳмад бинни Мирза Каримнинг номи ҳам машҳур эди. У 50 номда 30дан ортиқ К.ни чоп этди. Ношир ва К.фуруш Сиддиқ Хўжандийнинг номи ҳам таниқли эди. Кўриб турганимиздек, миллий К.ларнинг М.О.да кенг тарқалишида тошбосманинг ўрни беқиёс бўлди. Аммо К. нашри ўша давр талабига жавоб беролмас эди. Статистик маълумотларга қараганда, 1913 йили К. нашри бор йўғи 56 нусхани, ш-дек, ўзб. тилида 33 нусхани ташкил этарди, холос. Уларнинг умумий тиражи 100 минг нусхани, ўзб. тилидагиси атиги 8 минг нусхани ташкил қилар эди. Туркистон шароитида маҳаллий миллат вакилларининг умумий аҳоли сони 98 %ни ташкил этишини ҳисобга оладиган бўлсак, у денгиздан қатра эканлиги маълум бўлиб қолади. Шундай қилиб, чор ҳукумати бошқа соҳалардаги каби нашр ишларидан ҳам ўлкани маън-й жиҳатдан тобе қилиш, умумруслаштириш сиёсатини кучайтириш каби стратегик вазифаларни ҳал этишда фойдаланишга интилди. Аммо босқинчи ҳукуматнинг мафкуравий ва маъмурий тадбирларига қарамай, кенг халқ оммаси, миллий зиёлилар а.ий анъаналарни а.аб қолишга интилдилар, ўтмишимизнинг маън-й меросини бойитишга тиришдилар. Нашр ишларида ўзларига хос миллий тарақкиёт учун шафқатсиз кураш кетди. Бу эса ўз навбатида Туркистондаги миллий озодлик курашнинг ажралмас қисми бўлиб қолди. К.лар Туркистон халқларининг мад-й ҳаётида сезиларли роль ўйнади. Аммо К. нашр этиш йил сайин ошиб борса ҳам, у куннинг талабига жавоб беролмасди. Долзарб сиёсий вазифаларни ҳал этиш ва муҳим замонавий масалаларни муҳокама қилиш учун кундалик адабиёт газета ва журналлар чиқариш зарурати туғилди. Туркистонда вақтли матбуот ана шу заминда вужудга келди. Хуллас, ўтган а.нинг иккинчи ярмига қадар бутун Ў.О.да биронта миллий матбаа корхонаси бўлмаган бу минтақада ҳозир 120дан зиёд босмахона фаолият кўрсатмоқда. К., унинг аҳамияти бугунги кунда ҳали пасайгани йўқ. Зеро, интернет, уяли телефон каби алоқа воситалари кўпайганига қарамасдан унинг ўзига хос жозибаси, кўриниши, “таъсир кучи” мавжуд. Миллатни ўзини англашида ёшларимизда юксак маъ-ятни шакллантиришда уларга олам гўзалликлари ва турфаликларини кўрсатишда ва шу орқали Ватанга бўлган туйғу ҳамда эътиқодни шакллантиришда К.га тенг келадигани йўқ.

Комил инсон – маъ-ятнинг  асосий ғояларидан бири. К.и. ғояси ва уни амалга оширишга бўлган интилиш инсоният цивилизациясининг маъно-мазмунини ташкил қилади. К.и. ҳақидаги таълимот инсоннинг маън-й, ахлоқий, интеллектуал, эътиқод н.назаридан камолотга етган хислатларини кўзда тутади. Юртимизда К.и.ни вояга етказиш масаласига азалдан катта эътибор б-н қаралган. Бунинг натижаси ўлароқ тарихимизда юксак ақлу заковатга эга бўлган Беруний ва Форобий, Абу Али ибн Сино, ал-Хоразмий, ал-Бухорий, ат-Термизий, ас-Самарқандий, ан-Насафий, аш-Шоший, ал-Кеший, ал-Фарғоний, ал-Марғиноний, Мотуридий, Амир Темур, Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур каби комил инсонлар вояга етганлар. Улар қолдираган бой илмий, ижт-й-фал-й, маън-й мерос халқимиз мулкига айланган. Мас., Абу Али ибн Сино буюк қомусий олим сифатида тиббиёт, математика, астрономия, физика, кимё, биология, доришунослик, руҳшунослик (психология), физиология, филология, фал., ахлоқ, эстетика ва жисмоний тарбия каби кўплаб фанларнинг етук билимдони бўлган. Унинг асарлари нафақат Ў.О.да, балки бутун Шарқ ҳамда Ғарб мам-тларида ҳам ҳурмат б-н тилга олинган ва мутолаа қилинган. Кўплаб тарихий асарларда қайд этилишича, Ибн Сино 20-25 ёшидаёқ қомусий олим сифатида шуҳрат қозонган. Шу жиҳатдан ёндашиб, у К.и. бўлган дейиш мумкин. Алишер Навоий “Камол эт касбким” дея даъват қилганида К.и. учун зарур бўлган кўп хус-ятларни назарда тутган. Аллома аждодларимиз қайд этганларидек, инсон ўзини ҳирс-таъма, нафс, ғафлат, нодонлик, ёвузлик каби иллатлардан покламаса, у ҳеч қачон К.и. бўла олмайди.  Улуғ бобомиз инсонни жаҳон фарзанди мавқеига кўтарилишини орзу қилади, айнан шу мавқени камолотнинг олий чўққиси деб билади. Ш-дек, Навоий К.и.ни аҳли маъни кишилар деб билган. Аҳли маъни фикрли одамлар, деган маънони англатади. Фикрсиз халойиқнинг онгида маъни чуқурлиги бўлмайди. Фикрлаш ҳақиқатни англашга интилишни ифодалайди. Ҳамма ҳам чуқур ва мантиқли фикрлаш, мустақил мушоҳада юритиш қобилиятига эга эмас, ш.у. ҳамма ҳам К.и. бўла олмайди. К.и.да, аввало, ахлоқий онг ривожланади, одам ва олам тақдирига виждон б-н қараш қобилияти шаклланади. К.и.лар гуруҳига оқил ва доно, камтар ва олижаноб, ҳақиқатпарвар ва фидойиларни киритиш мумкин. Бундай фазилатларга эга кишилар юксак даражада мушоҳада юритиш қобилиятига эга бўлади. Уларда ақл оддий сўз ва т.лардан эмас, балки диёнат, адолат, имон, ишқ, дард каби хус-ятларнинг бирикмасидан ташкил топади. Навоий К.и. ғоясига ўз асарларида қайта-қайта мурожаат қилган. Унинг “Ҳайрат ул-аброр” достонида етук шахснинг маъ-ятидаги эзгулик, саховат, софлик, ҳаё, мурувват, андиша, адаб, камтарлик, садоқат, қаноат, ростгўйлик, инсоф, адолат, бағрикенглик сингари фазилатлар таърифланиб, руҳий камолот йўллари таҳлил этилган. Тарихга назар ташласак, ҳар қандай жам-тда комилликнинг энг асосий кўрсаткичи инсоннинг эзгуликка, ижт-й бахт-саодатга, инсонпарварлик ғояларига мун-тида ҳамда уларга асосланган амалий фаолиятида намоён бўлади, яъни жам-тнинг умумий ривожига, инсоният цивилизациясига ижобий таъсир кўрсатувчи комиллик мезони шахснинг баркамоллиги орқали жам-тни фаровон қилишдан иборат бўлган. Инсондаги комиллик, энг аввало, унинг фикр, тафаккур ва  амалий фаолият эркинлигини англашидадир. Шу маънода, буюк юнон файласуфи Суқротнинг “Ўз-ўзингни англа”, деган даъвати ҳам инсоннинг насл-насабини, ҳаёт мазмунини, кишининг келажак авлодлар олдидаги масъулият ва мажбуриятини англашга қаратилган чақириқдир. К.и.нинг моҳияти, аввало, жам-тни баркамол қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларда намоён бўлади. К.и. ва жам-т мун-тларида ўзаро боғлиқ бўлган икки жараённи кўриш мумкин. Биринчиси, К.и.нинг жам-т тар-ётига ижобий таъсир қилиши. К.и. ғоясининг мавжудлиги ва у б-н боғлиқ амалиёт жам-т рив-ш даражасини белгилайдиган мезон сифатида намоён бўлади. Зеро, биз ҳар қандай жам-тни унда яшаётган кишиларнинг хатти-ҳаракатларига қараб баҳолаймиз. Иккинчиси, жам-тнинг характери, унинг К.и.ни тарбиялаш борасидаги имкониятларида, унга бўлган мун-тида намоён бўлади. Яъни эркинлик, мустақиллик К.и. ғоясини амалга ошириш учун тегишли шарт-шароит яратади. Ш.у. ҳам Ўз-нда К.и.ни тарбиялаш учун ижт-й, сиёсий, иқт-й, маън-й, ташкилий вазифалар давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналиши этиб белгиланган. Зеро, баркамол авлод келажаги учун қайғурмаган халқ, миллат ва давлатнинг истиқболи бўлмайди. И.А.Каримов К.и.ни тарбиялашга давлат, миллат, Ватан тар-ёти, фаровонлигининг энг муҳим воситаларидан бири сифатида эътибор қаратади. Унинг фикрича, К.и.ни тарбиялаш учун, биринчи навбатда, “маънавият” т.сининг моҳияти, унинг бутун бир халққа тегишли томонлари, шу халқнинг тар-ётга эришишдаги роли масалалари чуқур тадқиқ этилиши маън-й қадриятларни ёш авлодга сингдириш, уни келажак авлоднинг турмуш тарзига айлантириш масалалари ишлаб чиқилиб, амалий ҳаётга жорий этилиши, ёш авлод маън-й дунёқарашини янгилаш, уни турли ғоявий-мафкуравий таъсирлар асоратларидан тозалаб, том маънодаги эзгу ва тар-ётга  етакловчи маъ-ят б-н қуролланишига эришиш лозим. Чунки “маънавият” т.си жамият ҳаётидаги ғоявий, мафкуравий, маър-й, мад-й, диний ва ахлоқий қарашларни ўзида тўла мужассам этади. Албатта, муайян шахсда ҳазрат Навоий таъкидлаган К.и.га хос фазилатлар бўлиши мумкин. Аммо бутун жам-т н.назаридан олиб қараганда, И.А.Каримов томонидан билдирилган фикр мақсадга мувофиқдир. Яъни, К.и. тарбияси умумжам-т манфаати ва мақсадига айланмаса, К.и.лик даражасига эришган алоҳида шахсларнинг ютуқлари жам-тга, унинг тар-ётига эмас, фақат ўзлари учунгина хизмат қилади. Бутун жам-т тар-ётида улкан бурилишларни рўёбга чиқариш эса К.и.га хос фазилатларнинг кўпчиликка тегишлилиги б-н изоҳланади. Шу маънода, И.А.Каримов К.и.га хос  қатор маън-й фазилатларни санаб, буларни жам-т келажагини англаб етиш б-н тенг даражага қўяди. Булар, биринчидан, инсонни тўғрилик, эзгуликка бошловчи, қадимдан тарғиб этиб келинаётган маън-й хус-ятлар ва уларнинг асл моҳиятини халқ тақдири б-н боғлиқ равишда тушуна билиш, энг асосийси, ёш авлодни юксак маъ-ятни англашга интилиш руҳида тарбиялаш имкониятларини амалиётга кенг татбиқ қилиш; иккинчидан, К.и.га хос маъ-ятни шакллантирадиган асосий мезонлар, воситалар ва манбаларнинг (бунда И.А.Каримов моддий ва мад-й мерос, тил, мад-й урф-о.лар, тарих, халқ оғзаки ижодиёти, дин, буюк аждодларимиз, улар томонидан амалга оширилган бемисл ишлар ва кашфиётлар, оила, маҳалла, таълим-тарбия каби кўплаб омилларни санаб ўтади) камолот манбаи эканини англаб етилишига эришиш, уларнинг руҳий-маън-й мулк сифатида эътироф этилиши ва уни авлодлар ҳаётида анъана даражасигача олиб чиқиш; учинчидан, К.и.га хос маън-й фазилатларни моддий турмуш тарзи б-н уйғунлаштириш; тўртинчидан, миллий ғоя ва маън-й ҳаёт, шу юртда яшаётган барча одамларнинг олижаноб ниятларини, ҳаётий манфаатларини мужассам этадиган юрт тинчлиги, Ватан равнақи, халқ фаровонлигини чуқур англаш ва булар учун қайғуришни камолотга интилаётган ёки йўлланаётган ҳар бир фуқаронинг биринчи даражали К.и.лик белгиси сифатида қайд этилишига муваффақ бўлиш; маъ-ят ва жам-тнинг янгиланишига бефарқ бўлмаслик, Ватанга муҳаббат, миллий урф-о.лар, тарихий хотира туйғуларини юксалтириш; ислоҳотлар ва уларнинг маън-й мезонларини яхши билиш ҳамда қадрлаш; четдан кўрсатилаётган турли таҳдидлар, хавф-хатарлар, макр-ҳийлаларга қаршилик, миллат ҳимоясига ҳамиша тайёрлик ҳиссини тарбиялаш, истиқлол эриштирган ютуқларни ҳимоялаш қатъиятини шакллантиришдан иборат.  Бугунги жам-тда К.и. номи б-н тилга олинадиган инсон табиатида ана шу сифатларнинг мавжуд бўлиши ва бундай инсонлар жам-тнинг асосий қисмини ташкил этиши давр талаби бўлиб қолмоқда. Президент Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида таъкидлаганидек, “Бунинг учун ҳар қайси ота-она, устоз ва мураббий ҳар бир бола тимсолида, аввало, шахсни кўриши зарур. Ана шу оддий талабдан келиб чиққан ҳолда, фарзандларимизни мустақил ва кенг фикрлаш қобилиятига эга бўлган, онгли яшайдиган комил инсонлар этиб вояга етказиш — таълим-тарбия соҳасининг асосий мақсади ва вазифаси бўлиши лозим, деб қабул қилишимиз керак. Бу эса таълим ва тарбия ишини уйғун ҳолда олиб боришни талаб этади. Таълимни тарбиядан, тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмайди — бу шарқона қараш, шарқона ҳаёт фалсафаси. Ҳозирги вақтда ахлоқсизликни маданият деб билиш ва аксинча, асл маънавий қадриятларни менсимасдан, эскилик сарқити деб қараш билан боғлиқ ҳолатлар бугунги тараққиётга, инсон ҳаёти, оила муқаддаслиги ва ёшлар тарбиясига катта хавф солмоқда ва кўпчилик бутун жаҳонда бамисоли бало-қазодек тарқалиб бораётган бундай хуружларга қарши курашиш нақадар муҳим эканини англаб олмоқда. Бу ҳақда фикр юритганда, бизнинг улуғ аждодларимиз ўз даврида комил инсон ҳақида бутун бир ахлоқий мезонлар мажмуини, замонавий тилда айтганда, шарқона ахлоқ кодексини ишлаб чиққанликларини эслаш ўринли, деб биламан. Ота-боболаримизнинг онгу тафаккурида асрлар, минг йиллар давомида шаклланиб, сайқал топган ор-номус, уят ва андиша, шарму ҳаё, ибо ва иффат каби юксак ахлоқий туйғу ва тушунчалар бу кодекснинг асосий маъно-мазмунини ташкил этади, десак, ўйлайманки, хато қилмаган бўламиз. Лекин, мухтасар қилиб айтганда, Оллоҳнинг ўзи бизга буюрган комил инсон бўлиш, ҳалоллик ва адолат билан ҳаёт кечириш каби олижаноб фазилатларнинг маъно-мазмунини нафақат чуқур англаш, балки ана шундай хусусиятларга эга бўлиш, уларга амал қилиб яшаш — одамзотнинг маънавий бойлигини белгилаб берадиган асосий мезон, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди. Ўйлайманки, бундай хулосани инсоният ўз онгли ҳаёти давомида доимо орзу қилиб, интилиб келган юксак маънавий идеалнинг фалсафий ифодаси, мантиқий натижаси сифатида қабул қилиш ўринлидир”.

КОМПЕТЕНТЛИК – маълум ҳолат хусусида тўғри мулоҳаза юритишга имкон берадиган билимга эга бўлиш, далил-исботли фикр, муайян соҳада кишининг савиясини ифода этувчи атама. К. шахс хус-ятлари ва ҳолатининг мураккаб мажмуи бўлиб, маълум соҳадаги билим, кўникма ва тажрибани мужассамлаштиради. К. инсонга муайян масалаларда фикр билдириш, маълум қарорларни ишлаб чиқишда иштирок этиш ёки ўзи қарор қабул қилиш имконини беради. Ҳоз. замон фанида касбий К., илмий, бошқарув, педагогик, дидактик, методик, ижт-й-психологик К.ка оид  т.лар кенг қўлланади. Бошқарувга оид К. ана шу соҳага тааллуқли билим ва кўникмаларнинг, раҳбарлик фаолиятида амалий тажрибанинг мавжудлиги б-н белгиланади. Бошқарув К.да стратегик масалаларда (биринчи даражали муаммони ажратиш асосида бошқарув қарорини асосланган ҳолда қабул қилиш; уни амалга ошириш режасини ишлаб чиқиш); ташкилий масалаларда (қабул қилинган қарорларни бажаришни ташкил қилиш); коммуникатив масалаларда (кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш; зарур алоқаларни ўрнатиш ва топшириқларни тақсимлаш); аналитик масалаларда (фаолиятни таҳлил қилиш, назорат қилиш ва тузатиш, унинг муваффақиятсизлиги сабабларини аниқлаш) мавжуд билим ва кўникмалар мужассамлашади. Педагогик К. педагогик билим (таълим-тарбия соҳасида) ва тажрибани талаб қилади. Коммуникатив К. мулоқотнинг турли вазиятларда индивид билими ва ҳиссий тажрибасига асосланган бўлиб, шахснинг атрофдагилар б-н ўзаро ижодий таъсир ўрнатиш қобилиятидир. Бу қобилият ўзини ва ўзгаларни тушуниш орқали ҳамда ижт-й муҳит шароитлари, руҳий ҳолатлар, шахслараро ўзаро мун-тларнинг ўзгариши орқали шаклланади. Ш-дек, у  шахслараро  мун-тларга оид ҳодисаларни башорат қилиш кобилиятидир. Коммуникатив К.нинг шаклланишида эмоционал табиатга эга бўлган ўзга кишиларнинг руҳий ҳолати, уларнинг интилишлари, қадриятлари ва мақсадларига таъсирчанликнинг мавжудлиги муҳим аҳамият касб этади. Коммуникатив К. шакли ва мазмуни бўйича бевосита индивидлар томонидан муайян ролларнинг бажарилиши хус-ятлари б-н боғлиқ. Касбий  коммуникатив К.ни ва умумий коммуникатив К.ни фарқлаш лозим. Касбий  коммуникатив К. индивид улғайган сари унинг  аҳамияти ортиб боради.

Компьютер мадАНИЯти — одамнинг ўз фаолиятида ахборот технологиялари мажмуидан тегишли тарзда фойдалана олиши демакдир. Компьютер (инг. to compute, computer — ҳисоблаш, ҳисоблагич) — ҳисобларни бажариш, шу жумладан электрон шаклдаги ахборотни олдиндан белгиланган алгоритм бўйича қабул қилиш, қайта ишлаш, сақлаш ва ишлов бериш учун мўлжалланган техник қурилма. Дастлаб инглиз тилида бу сўз, механик қурилмани жалб қилиб ёки унинг кўмагисиз арифметик ҳисобларни бажарадиган инсонни англатган. Кейинчалик унинг маъноси ҳисоблаш машиналарига кўчирилди. Бугунги кундаги замонавий компьютерлар математика б-н бевосита боғлиқ бўлмаган кўплаб масалаларни ҳам бажаради. XX а.нинг 90-йилларидан бошлаб, компьютер атамаси электрон ҳисоблаш машиналари (ЭҲМ) атамасини амалда сиқиб чиқарди.Ахборотлашган жамиятда одамлар ноаниқлик шароитида, инқирозли вазиятларда муҳим қарорлар қабул қилишига тўғри келади. Бу ерда ўтган авлодларнинг тажрибаси камлик қилади. Одамлар вазиятни мустақил таҳлил қилиш, қабул қилинаётган қарорлар олиб келиши мумкин бўлган оқибатларни олдиндан кўриш қобилиятига эга бўлиши талаб этилади. Юксак ижтимоий ва ишлаб чиқариш мад-тисиз компьютер технологияларининг ривожланиши мумкин эмас, компьютерлардан кундалик фаолиятда самарали ва оқилона фойдаланиш эса компьютер соҳасида муайян билим ва кўникмаларга эга бўлишни тақозо этади. Компьютер саводхонлиги вазифаси таълим соҳасини компьютер технологиясининг бойишига қараб тобора муҳимроқ аҳамият касб этиб бормоқда, чунки ўқувчилар ва талабалар компьютерни яхши билмаса, таълим жараёнида компьютер технологиясидан самарали фойдаланиш мумкин эмас. Айни вақтда, ўқувчилар ва талабаларда К.с.ни шакллантириш бутун аҳоли К.с.ни шакллантиришнинг таркибий қисми бўлиб, бусиз ахборотлашган жамиятга ўтиш мумкин эмас. К.с. — фақат ахборот технологиясини ўрганишни назарда тутмайди, яъни соф техник ёндашув б-н чекланмайди. Информатикани ўқитиш ва ўрганишнинг янги тамойилларини таълим тизимига жорий этиш ҳам муҳимдир. Бу тамойиллар одамларда ахборот ва ахборот жараёнларининг табиатдаги роли ҳақида янгича қарашларнинг шаклланишини таъминлаши, улар ахборот уммонида мўлжал олишлари, ранг-баранг ахборот б-н ишлаш қоидаларини ўзлаштиришларига ёрдам бериши лозим. К.с.ни бир нечта даражага ажратиш мумкин. Компьютерни ишлатиш тамойилларини билувчи ва ундан ўз амалий фаолиятида фойдалана олувчи одам компьютер соҳасида саводли ҳисобланади. К.с.нинг нисбатан юқори даражаси дастурлаштириш асосларини билишни назарда тутади. Моҳият эътибори б-н, жамиятни ахборотлаштиришда таълим соҳаси инсон фаолиятининг бошқа тармоқларини ахборотлаштиришдан олдинда бориши лозим, чунки таълим жараёнида олинган билим ва кўникмалар инсон фаолиятининг барча турлари замирида ётади, уларнинг йўналишини, ривожланиш суръатлари ва фойдалилигини белгилайди. Шу боис таълимнинг ахборотлаштирилиши даражасига қараб, бутун жамиятнинг ахборотлаштирилиши кўлами тўғрисида ҳукм чиқариш мумкин.

КОНВЕНЦИОНАЛИЗМ (лот. conventio – битим, шартнома, келишув) –  XIX а. охири ва XX а. бошларида шаклланган фал-й-илмий йўналишлардан бири. Илмий соҳада фаолият олиб бораётган олимларнинг ўзаро келишуви ва ҳамкорлигини ташкил этишга асосланган концептуал ёндашувларни ишлаб чиққани б-н бошқа фал-й оқимлардан ажралиб туради. Бу йўналишнинг асосчиси А. Пуанкаре ҳисобланса-да, унинг асосий тамойилларини файласуф олимлар Р.Карнап ва К.Айдукевичлар ишлаб чиққан.  К.нинг айрим ғоялари неопозитивизм, операционализм, прагматизм каби оқимларда ҳам ўз аксини топган. К.нинг илмий-фал-й йўналиш сифатида шаклланишига табиий фанларнинг наз-йлашуви, воқеликни наз-й инъикос этиш воситаларини танлашни аниқлаб берган т., қонун, наз-яларнинг билиш воситалари сифатидаги аҳамиятини ортиб бориши ва асосан табиатшунослар орасида ўзаро келишув доирасининг кенгайиши илмий асос бўлиб хизмат қилган. К.нинг асосий мақсади – илмий наз-я ва т.лар объектив дунёнинг акси эмас, балки олимлар ўртасидаги ўзаро келишувнинг маҳсулидир, деган фикрни асослашга қаратилган эди. К. ғояларининг фаол тарғиботчиси Э. Леруа «Фан ва фал.», «Позитив фан ва фал-й тўплам», «Янги позитивизм», «Ақида ва танқид» каби асарларида бу йўналишнинг наз-й асослари ва категорияларини аниқлаштиришга ҳаракат қилган. Ўз навбатида Пуанкаре ҳам “Фан ва гипотезалар”, “Фанлар баҳоси” асарларида К.нинг асосий т. ва тамойилларини илмий жиҳатдан таҳлил қилишга уринган. Олимнинг фикрича, нарсаларнинг табиатини билиб бўлмайди. «Нарсаларнинг табиатини бизга нафақат фан,  — деб ёзади А.Пуанкаре, — балки ҳеч бир нарса очиб беролмайди. Агар буни худо билганда, уни ифодалаш учун албатта зарур сўзлар, атамалар топа олган бўлар эди».  Умуман олганда, К. илмий-фал-й йўналиш илмий тамойиллар тизими сифатида ХХ а.нинг 2-ярмида Ғарб фал.си, ш-дек, мантиқ ва фан методологиясидан кенг ўрин олди. Жумладан, илмий-фал-й методология йўналишида тадқиқот олиб борган К.Поппер, И.Лакотос, П.Фейерабенд каби олимларнинг асарларида конвенционалистик қарашлар ўз ифодасини  топган. К. маъно-мазмунига кўра, чуқур ва ҳикматга бой фан фал.си сифатида ҳам эътироф этилади. К.да илмий билиш динамикаси чуқур таҳлил қилиниб, илмий фаолиятда тар-ётга нисбатан аниқ мўлжал, мақсадлар бўлиши лозимлиги алоҳида таъкидланади. Мас., К. йўналишининг вакили Динглер шундай хулосага келган.

КОНСЕРВАТИЗМ  (лот. conservatisme –ҳимоя қилмоқ) – луғавий маънода: а) тар-ётга, янгиликка, илғор ғояларга душманлик; б) эскиликни, эски тартиб-қоида ва тамойилларни сақлаб қолиш, тиклашга интилиш; в) мавжуд тартибот муассасалари ва ижт-й-маън-й қадриятларини ҳимоя қилувчи ижт-й-сиёсий таълимот ва сиёсий қарашлар тизимини англатади. Шу маънода, К. радикализмнинг зидди ҳисобланади. У инсоннинг психологик сифатлари мажмуидан иборат бўлиб (унинг сиёсий қараш ва қизиқишларидан қатъи назар, консерватив деб аташ мумкин), ш-дек, сиёсий идеология ҳамда ижт-й-сиёсий ҳаракат сифатида намоён бўлади. Кундалик онгда шундай қарашлар шаклланганки, унга мувофиқ ҳар қандай шахс маълум бир ахлоқий-психологик сифатлар орқали консерватив бўлиши мумкин. Бу шундан далолат берадики, ҳаётда инсон қизиққон ёки босиқ, ҳушёр бўлиши мумкин. Консерватив ғоялар Местр ва Бональд каби мутафаккирларнинг илмий ишларида ўз ифодасини топган. Одатда, анъана ва янгиликлар ҳақида гап кетганда,  консерватор, албатта, анъаналар тарафдори бўлади. Тадқиқотчилар орасида «консерваторлик» т.си бўйича умумий қараш йўқ. Анъанавий қарашларга мувофиқ, буюк француз инқилоби даврида жам-тда бўладиган нотинчликдан азият чеккан кишилар қатлами К. сифатида баҳоланган. Берк ва Мэл томонидан ривожлантирилган К. ғоялари ҳоз. кунгача ўз таъсирини йўқотмаган. ХХ а.да К. ғояси Германияда Моллер Вандер Бург томонидан ривожлантирди. У собиқ совет жам-тини сақлаб қолиш учун уринган коммунистларни ҳам консерваторлар қаторига қўшади. Бу К.нинг асосий мазмунига бирмунча тўғри келмайди. Негаки, коммунистлар консерватив эмас, балки кўпроқ реакционерлардир. Консерваторлар жам-тда ўзгариш қилишга қарши эмас. Лекин уларни бу ўзгаришлар қай усул б-н амалга оширилиши ташвишлантиради. Э.Берк бу ҳақда бундай дейди: “Ўзгаришга тайёр бўлмаган жам-т ўзини сақлаб қолишга қодир эмас”. Консерватизм ҳеч қачон бир текис ва силлиқ кечмаган. Бу ҳақда Э.Берк “Франция инқилоби ҳақида ўйлар” асарида бундай деб ёзади: 1) дин фуқаролик жам-тининг асоси ҳисобланади ва сиёсий-ижт-й фаолиятдан юқори туради; 2) жам-т — тарихий рив-ш маҳсули. Агар жам-т ўзгаришга муҳтож бўлса, бу ўзгаришлар аста-секинлик б-н амалга оширилиши керак; 3) ижт-й ҳаётда одамларнинг ҳис-туйғулари катта аҳамиятга эга; 4) жам-т шахсдан юқори туриши керак. Ш.у. шахснинг ҳуқуқлари унинг бурчлари б-н боғлиқ;  5) ҳар қандай жам-т, энг аввало, ҳар хил қатламлар, гуруҳ ва шахслар иерархиясидан иборат; 6)жам-т ва давлатнинг мавжуд бошқарув усуллари янги, амалда ишлатилмаган усуллардан афзалдир. К. негизида вужудга келган неоконсерватизм ғоялари ХХ а.нинг 70-йилларида пайдо бўлади. Аммо неоконсерватизмнинг шу кунгача аниқ таърифи йўқ. Немис файласуфи В.Баринднинг фикрича, “Неоконсерватизм турли, баъзан бир-бирини инкор қилувчи ғоялар мажмуасидир”. Неоконсерватизм 3 йўналишдан иборат. Биринчи йўналиш — либертаризм бўлиб, унинг асосини шахснинг ҳар қандай мажбурлашдан озодлиги ғояси ташкил қилади. Иккинчи йўналиш — этноцентризм асосида мад-т ва этнос ўрин олган. Учинчи йўналиш  ортодоксал йўналиш ҳисобланади. Бунга мувофиқ, ҳар қандай келажак авлод ўзининг консерватив ғояларини  ўзи белгилайди.  немис олими Колтенбрунер “Мушкул К.” асарида янги консерватизмнинг моҳияти: ворисийлик; барқарорлик; тартибот; давлатнинг обрў-эътибори, нуфузи; озодлик; тушкунлик каби т.лар б-н белгиланишини таъкидлайди. Ворисийлик — анъана ва маън-й меросни сақлашга хизмат қиладиган моддий-маън-й шарт-шароитлар яратиш заруратини билдиради. Анъаналарни сақлаш неоконсерватор учун восита эмас, балки мақсаддир. Чунки анъаналар жам-т мавжудлигининг муҳим шартидир. Барқарорлик инқилобий ўзгаришлар шароитида миллий қадрият ва анъаналарни сақлашга қаратилган. Тартибот —барқарорлик ва ворисийлик кафолатидир. Зеро, давлатни бошқариш ин-тларининг заифлашуви тартибсизлик ва зўравонликка олиб келади.  Давлат обрў-эътибори ва нуфузи — жам-тни бошқариш ва тартиб ўрнатишни таъминлайди. Фақат давлат ҳар хил гуруҳларнинг бузғунчилик ғояларига қарши  турадиган куч ҳисобланади. Давлат ҳокимиятини кучайтириш ташқи ва ички ижт-й-иқт-й масалалар б-н боғлиқ. Неоконсерваторлар фикрича, одам эркин туғилмайди. У фақат ўз имконияти чегарасини билиб олганидан сўнг эрксизликдан озод бўлади. Ўз эркини англаш шахсга объектив ижт-й мун-тларга аралашиш имкониятини туғдиради. Неоконсерваторлар назарида, оқилона эркинлик маълум даражада обрў-эътибор ва тартиботни талаб қилади. Тушкунлик асосида эса дунёда адолатли жам-т қуриш мумкинлигига ишончсизлик ётади. Жам-тда мутлақ уйғунлик ва адолат бўлиши мумкин эмас. Ш-дек, ёмонликни бутунлай бартараф этиш ҳам мумкин эмас. Ш.у. икки ёмонликдан зарари камроқ бўлганини танлашга тўғри келади.

КОНСТИТУЦИЯ (лот. constitutio — ўрнатиш, тузилиш) — давлатга, жамиятга ва инсонга оид энг асосий ҳуқуқий муносабатларни комплекс тартибга солувчи, ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи бошқа қонунлар учун ҳуқуқий пойдевор вазифасини ўтовчи, олий юридик кучга эга бўлган, қатъий тизимлаштирилган асосий қонун. К. қабул қилиш давлат қурилишининг асосий хусусиятларини аниқ белгилаш имкониятини яратади, давлат ҳуқуқий ислоҳотларини соддалаштиради. К. ҳуқуқий тартибга солишнинг энг асосий ва мақбул юридик шаклидир. Мустақил Ўзб-ннинг К.и 1992 йил 8-декабрда қабул қилинган. У 128 моддадан иборат. (Яна қаранг: Асосий қонун, Ўзбекистон  Конституцияси)

КОНСТИТУЦИЯВИЙ БУРЧ — демократик, ҳуқуқий давлат ва замонавий жамият қуриш ҳамда улар ривожланишини таъминлаш учун адо этилиши, бажарилиши мажбурий бўлган вазифа ва мажбуриятлар. Барча ривожланган давлатлар конституцияларида фуқароларнинг бурчларига алоҳида ўрин ажратилган. Мустақил Ўзбекистон ўз Конституциясида фуқаролар ва давлат бурчларини белгилашда ўз тарихий хусусиятларига ва ривожланган мамлакатлар тажрибасига суянади. К.б. Ўзбекистон давлати ва фуқароларининг Конституцияда белгилаб қўйилган, бажарилиши шарт мажбуриятларидир. Фуқароларнинг К.б.лари қуйидагилардир: барча фуқаролар Конституцияда белгилаб қўйилган бурчларини бажаришлари шарт;   Ўзбекистон  Республикасининг ҳар  бир фуқароси Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдир;  фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб-асрашга мажбурдирлар; маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир; фуқаролар атроф-табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар;   фуқаролар қонун б-н белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар;  Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш — мамлакат ҳар бир фуқаросининг муқаддас бурчидир;   фуқаролар, қонунда белгиланган тартибда, ҳарбий ва муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлатнинг бурчлари ҳам аниқ-равшан белгиланган. Улар: давлатнинг халқ иродасини ифода этиши, унинг манфаатларига хизмат қилиши, республика ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши ва бошқалар. К.б.лардан ташқари, ноконституциявий бурчлар ҳам бор (масалан, ота-онага ҳурмат, фарзандларга ғамхўрлик, меҳнат ва ишлаб чиқариш интизомига риоя қилиш ва ҳ.к.).

КОнституционализм (лот. сonstituo – ўрнатиш) – жам-т ҳаётини қабул қилинган қоида ва қонунларга қатъий риоя этган ҳолда ташкил этиш ва б.риш жараёнини ифода этувчи тамойил. К. ғояси фақат жам-тнинг қонуний-ҳуқуқий асосларига таяниб қолмасдан, балки ижт-й, сиёсий, иқт-й, маън-й, ахлоқий тамойилларнинг уйғунлигини ҳам ифодалайди. Бошқача айтганда, давлат тузуми, унинг таркибий тузилиши, жам-тдаги умумий қонун-қоида ва талабларнинг иқт-й рив-ш жараёнлари, инсонларнинг маън-й камолоти, юксак ахлоқийлиги б-н уйғунлашган қолда мам-тнинг Асосий қонуни – Конституцияда акс этиши К. ғоясининг моҳиятини акс эттиради. Бунда жам-т аъзоларининг К.ини, демократик ўзгартиришларни амалга оширишнинг тарихий заруратини англабгина қолмай, балки уни чинакам эркинлик, мустақиллик ва фаровонлик асоси, деб билишига эришиш муҳим аҳамиятга эга. Бу ғояни амалга ошириш ва унинг самарадорлиги жам-т аъзоларининг ҳуқуқий мад-т даражасига боғлиқ. Зеро, қабул қилинган қонунлар сони эмас, балки уларнинг ҳеч бир истисносиз ижро этилиши муҳимдир. Ш.у. ҳам, бир томондан, К. ҳуқуқий мад-тнинг намоён бўлиши, иккинчи томондан, ҳуқуқий мад-т ривожи сифатида майдонга чиқади. Ҳақиқий К. қонунлар устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари даражаси, ижт-й-сиёсий кафолатлар характери, уларнинг умуминсоний тамойилларга мослиги б-н белгиланади. Чинакам демократияга интилаётган жам-т ўз халқи манфаатларини, уларнинг ор-номуси, қадр-қимматини, эркинликларини К. ғояларига асосан муҳофаза қилишга қодир бўлган тақдирдагина кучли, қудратли бўлган давлатчиликнинг ҳуқуқий асосларини  ўрнатади. Мустақиллик йилларида Ўз-нда К. ғоясига асосланган давлат тузумининг демократик тамойиллари шаклланди. 1992 йил 8 декабрда ЎзР  Конституцияси қабул қилинди. Бозор мун-тларига ўтиш, эркин демократик жам-т қуришнинг ҳоз. босқичида, тар-ётнинг ўзб. моделига мос бўлган қонуний-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш механизмлари вужудга келди.

КОНФОРМИЗМ (лот. conformis – ўхшашлик, мос келишлик, мослашувчанлик) – шахснинг хулқ-атвори ва фикр-мулоҳазасини бошқа одамлар талабларига, хулқига мос тушиши учун уларга мослаштиришга қаратилган мойиллик, унинг мавжуд ҳолатга, ҳукмрон қараш ва фикр-мулоҳазаларга мослашувчанлиги, уларга нисбатан пассив мун-тни англатади. Умумий қарорларни қабул қилишда шахснинг  фаол иштирок этишини тақозо этадиган, жамоавий қадриятларни сингдириб олиш ва шу туфайли ўз хатти-ҳаракатлари ҳамда манфаатларини жамоа манфаатлари б-н уйғунлаштиришни талаб қиладиган жамоавийликдан фарқли ўлароқ,  К. деганда, ўз н.назарига эга бўлмаслик, зўр таъсир кучига эга андозаларга (мас., кўпчиликнинг фикр-мулоҳазаси, тан олинган эътиборли кишининг н.назари, тарихий анъана ва ҳ.к.) кўр-кўрона эргашиш, теварак-атрофдаги воқеа-ҳодисаларга нотанқидий мун-тда бўлиш тушунилади. Ахлоқий-сиёсий К.ни психологик мослашувчанлик б-н аралаштириб юбормаслик керак. Зеро, муайян меъёрлар, урф-о. ва қадриятларни ўзлаштириш шахс ижт-йлашувининг зарурий жиҳати ҳамда ҳар қандай ижт-й тизим самарали фаолиятининг кафолатларидан биридир. Шахс томонидан ижт-й маълумотларни танлаб олиш ва ўзлаштиришнинг психологик механизмлари қатор омиллар б-н белгиланади: индивидуал-шахсий (тафаккур даражаси, ташқи таъсирга берилувчанлик, ўзлигини англаш даражаси, атрофдагиларнинг берадиган баҳосига эҳтиёж сезилаётгани ва ҳ.к.); микросоциал (шахснинг гуруҳда тутган ўрни, унинг учун гуруҳнинг аҳамияти, унинг тузилмаси ва жипслашув даражаси); вазиятли (вазифанинг мазмун-моҳияти ва унинг индивид учун қанчалик аҳамият касб этиши, билими ва савияси даражаси, қарорларнинг кенг ёки тор доирада қабул қилиниши); умумижт-й ва умуммад-й (жам-тда шахснинг мустақил ривожи, масъулият ҳиссининг ортиб боришига хизмат қиладиган шарт-шароитларнинг мавжудлиги). Ушбу т. психология фанида икки хил мазмунда: 1) шахс хулқ-атворининг гуруҳ ёки жамоа б-н ҳам ички, ҳам ташқи жиҳатдан мос келиши; 2) шахс хулқ-атворининг гуруҳ ёки жамоа б-н ташқи томондангина мос бўлиб, ички томондан эса унинг тутган йўлига қарама-қарши фикрда қолиши маъносида қўлланади. К.нинг биринчи кўриниши гуруҳ ёки жамоанинг қатъий фикрига, шахс томонидан хайрихоҳликка эришиш ҳамда жазодан ёки санкциядан қочиш мақсадида намойишкорона тобелигининг акс этишидир. Унинг иккинчи кўриниши индивиднинг атроф-муҳитдаги баҳолаш тизимига нисбатан ўз ички мун-тининг ўзгариши туфайли индивидуал установкасини қайтадан таҳлил қилишда бевосита намоён бўлишидир. Лекин ички (шахсий) К. ҳамиша ҳам гуруҳ қонун-қоидаларига, ижт-й меъёрларга ихтиёрсиз равишда риоя қилишни билдирмайди, чунки у ташқи (оммавий) кўриниш б-н узвий алоқага эга. Кўпинча К.нинг ҳар иккала шакли функционал жиҳатдан бир-бирига  яқин бўлиб, гуруҳ  ёки жамоа фикри б-н шахсий (индивидуал) фикр ўртасидаги низоли  вазиятни онгли равишда ҳал этишнинг ўзига хос услуби сифатида хизмат қилади. Жаҳон психологиясининг (С.Аш, Р.Кратчфилд) амалий тадқиқотларига кўра, К.нинг даражаси (кўрсаткичи) қатор омиллар мажмуи б-н аниқланади: 1) гуруҳга таъсир ўтказувчи шахснинг муайян тавсифлари (жинси, ёши, миллати, ижт-й келиб чиқиши, интеллекти, таъсирланувчанлиги ва б.); 2) таъсир ўтказишнинг манбаи ҳисобланмиш гуруҳнинг хус-ятлари (таъсир кўлами, кўпчиликнинг якдиллиги, умумий фикрдан фарқланувчи гуруҳ аъзоларининг сони ва б.); 3) шахс б-н гуруҳ ўртасидаги ўзаро мун-тларнинг хус-ятлари (шахснинг гуруҳдаги мақоми, рағбат, мукофот олишда гуруҳ б-н якка шахснинг ўзаро боғлиқлиги даражаси, лидерлик кўриниши, мойиллик); 4) қўйилган муаммо (топшириқ)нинг мазмуни, инсоннинг унга нисбатан қизиқиши, уни ечишга лаёқатлилиги, билим савияси ва б.. Одатдаги турмуш шароитида К. “мослашувчанлик” маъносида қўлланади. Бунда К.нинг мезони атроф-муҳит талабларига шахснинг мослашувчанлиги б-н айнан бир хил экани тушунилади. Натижада, шахс гуруҳ тазйиқи остида ўзаро мун-тларини амалга оширувчи, ташқи кучларга ҳамиша тобе инсон сифатида тасаввур қилинади. Шахслараро мун-тларда унинг мустақил фикрлаши, қарор қабул қилиши, онгли хатти-ҳаракати, дунёқараши, маслаги инобатга олинмайди. Шу боис ҳоз. замон олимлари гуруҳ тазйиқига  шахс томонидан уч хил мун-т билдирилиши мумкинлигини таъкидлашмоқда. Улар қаторига шахснинг таъсирланувчанлиги, яъни ҳеч қандай можаросиз (низоларсиз) гуруҳ фикрини қабул қилиш; ичдан норози бўлган ҳолда онгли равишда ташқи кўринишдаги якдиллик аломати, ифодаси;  жамоавий ўзини ўзи аниқлаш (шахснинг жамоа б-н бирдамлиги, унинг қадриятлари, меъёрлари, маслаклари ва идеалларини шахс томонидан онгли равишда қабул қилиниши) ҳамда фаол ҳимоя қилишни киритиш мумкин.

КОРРУПЦИЯ — мамлакат иқтисодий ресурсларига, давлат мулкини тақсимлаш жараёнларида унинг бир қисмига эга бўлиш мақсадида уюшган жиноий гуруҳнинг шахсий бойлик орттириш мақсадларини ва уруғ-аймоқларининг манфаатларини давлат манфаатларидан устун қўювчи давлат хизмати амалдорларини ўз домига илинтириб, улардан фойдаланиши ва улар б-н бирикиб, қўшилиб кетишидир. К. лотинча сўз бўлиб айниш, порага сотилиш маъносини англатади ва мансабдор шахснинг ўз мансаби бўйича берилган ҳуқуқларни шахсий бойиш мақсадларида бевосита суиистеъмол қилишидан иборат жиноят ҳисобланади. Мансабдор шахсларни сотиб олиш, уларнинг порага сотилиши ҳам К. дейилади. К. масаласи б-н Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам алоҳида шуғулланиб, махсус қарорлар қабул қилган ҳамда бу тушунчага қуйидагича таърифлар берилган: 1) мансабдор шахслар томонидан давлат мулкини ўғирлаш, талон-тарож қилиш ва ўзлаштириш; 2) ноқонуний фойда олиш учун ўз хизмат лавозимини суиистеъмол қилиш; 3) ижтимоий бурч ва шахсий таъмагирлик, манфаатлар ўртасидаги зиддият. К. жамият тараққиётига хавф солувчи таҳдид ҳисобланади ва мамлакатда ижтимоий ларзаларнинг, иқтисодий тангликнинг вужудга келишига, аҳоли маън-й кайфиятига салбий таъсир кўрсатади. Шу боисдан Ўзб-н мустақилликка эришган дастлабки кунларданоқ, К.га қарши курашга фаол киришиб, тегишли чора-тадбирлар кўрмоқда. Республика Президенти Фармонига биноан, ички ишлар ва прокуратура органлари тизимида К.га қарши кураш бўлимлари тузилди. К.га қарши курашнинг энг муҳим йўлларидан бири давлат бошқаруви органлари раҳбар ходимлари маъ-ятини ошириш, уларни ватанпарварлик, масъулиятлилик руҳида тарбиялаш ишларини кучайтириш ҳисобланади. Ш-дек, К.га қарши курашда жаҳон ҳамжамияти б-н биргаликда ҳаракат қилиш лозим бўлади. Шу боисдан ҳам 2008 йил июль ойида ЎзР БМТнинг К.га қарши кураш конвенциясига қўшилди.

КОСМОПОЛИТИЗМ (юнон. kosmopolites — дунё фуқароси) — дунё фуқаролигини даъво қилиш, ш-дек, миллий ва давлат суверенитетини рад этиш, турли миллий анъана, мад-т ҳамда ватанпарварлик туйғусидан воз кечиш ғоясини илгари сурадиган қараш. К.нинг негизлари тарихан антик давр фал.сидаёқ вужудга келган. Қад. юнон файласуфи Лаэртийнинг таъкидлашича, «космополит» сўзи илк бор киниклар таълимоти вакили синоплик Диоген томонидан қўлланган. Бошқа бир юнон мутаффакири Плутархнинг фикрига кўра, ушбу т.ни китионалик Зенон киритган. Эпиктет назарида эса «космополитизм» атамасининг муаллифи Суқрот бўлган. Унинг айтишича, «Агарда файласуфларнинг одам ва Худонинг ўртасида яқинлик бор деганлари тўғри бўлса, унда инсоннинг ватани қаер деган саволга Суқротнинг мен афиналик ҳам, карфагенлик ҳам эмасман, мен космополитман, деган сўзлари б-н жавоб бериш лозим»  бўлган. Бундай маълумотлар Цицероннинг асарларида ҳам учрайди. Айрим тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, К. ғоялари софистлар таълимотининг тарафдорлари асарларида ҳам ифодаланган. Антик полисни инқирозга олиб келган Пелопонесс урушлари македониялик Искандар империясининг вужудга келиши, кейинчалик эса Рим ҳукмронлигининг кучайиши турли мазмунга эга бўлган космополитик қарашларнинг пайдо бўлишига олиб келган. Македониялик Искандар, Марк Аврелий бу ғояларни янги ҳудудларни қўлга киритиш ҳаракатларида кўрган бўлса, стоиклар — Зенон ва Китиона космополитизм идеалини кишиларнинг ҳаётини ягона, умумжаҳон қонунлари орқали амалга ошириш имконини берувчи ижт-й шаклни излашда деб билган. Хус-н, киринаикларнинг космополитик ғояси «қаерда яхши бўлса, ўша жой ватан» деган иборасида ўз аксини топган. Ўрта а.ларда католик черкови кескин космополитик тенденциялар тарафдори бўлган. Уйғониш даврида дунё фуқаролиги ғоялари феодал тарқоқликка қарши йўналтирилган эди. Бу ғоялар Данте Алигьери, Томазо Кампанелла, Петрарка, Пико дела Миранделло, Роттердамлик Эразм, Вивес, Рабле, Монтен каби мутафаккирларнинг асарларида рўёбга чиқарилган. Германияда ушбу ғояларни Лессинг, Гёте, Шиллер, немис мумтоз фал.си вакиллари Кант ва Фихте илгари сурган. Уларнинг К.и ватанпарварлик туйғулари б-н муштарак, миллий бирлашишга эришиш истагида намоён бўлган. Кейинчалик К. кескин характерга эга бўлиб, капиталнинг даромад орқасидан қувиш манфаатларини акс эттира бошлайди. жон Кеннеди «Тинчлик корпуси»ни ташкил этиб, дунёнинг турли жойларига ушбу ташкилотнинг ёш ходимларини юбора бошлади, буларнинг мақсади — ҳаммага инглиз тилини ўргатиш эди. Аслида, ҳар қандай миллат, катта-кичиклигидан қатъи назар, инсониятнинг бойлигидир ва шу боис унинг тили, мад-й ва б. хус-ятларининг йўқ бўлиб кетиши ер юзидаги миллий ва генетик фонднинг, шахс имкониятларининг қашшоқлашувига олиб келади. Бу омилни асло инкор этиб бўлмайди. Лекин шунга қарамай, АҚШ Сербияни айнан Ғарб ва православлар муқаддас ҳайити куни бомбардимон қилгани, унинг миллий-маън-й анъаналарни назар-писанд қилмаслигидан далолат беради. Жаҳон миқёсида юз бераётган ҳоз. жараёнлар миллий давлатларнинг бир-бирига яқинлашуви, иқт-й, сиёсий, ижт-й, мафкуравий ҳамда мад-й жиҳатдан интеграциялашувини тақозо этмоқда. Ушбу тенденциялар, маълум даражада, К. кўринишида бўлиб, глобаллашув жараёнида ўз ифодасини топмоқда. Кишилик жам-тининг глобал яқинлашуви, аввало, техник тар-ёт, транспорт воситалари, алоқа ва коммуникация тармоқлари, микроэлектрониканинг рив-ши б-н боғлиқ. Посткоммунистик маконда мустақил давлатларнинг вужудга келиши, уларнинг бозор иқтисодиётига ўтиши ва жаҳон хўжалик алоқалари тизимига фаол киришиши глобаллашувнинг яна бир кучли омилига айланди. Ҳоз. даврда глобаллашув жараёнининг кенгайишига аҳолининг ижт-й-иқт-й фаоллиги, айниқса, ишчи кучининг миграцияси сезиларли таъсир қилмоқда. Бугунги кунда дунёнинг бирорта ҳам давлати миграция жараёнларидан четда турган эмас. Бунинг ҳам ўзига хос сабаблари бор. Аввало, донор-давлатлар, яъни мигрантларни етказиб берувчи мам-тларда аҳолининг тез ўсиши, меҳнатга лаёқатли бўлган аҳоли орасида ишсизлик даражасининг юқорилиги, маошнинг пастлиги, етарли даражада ҳаёт кечириш учун зарур бўлган юқори иш хақи тўланадиган иш топиш ва ўз касбий маҳоратини ошириш имкониятининг чеклангани шулар жумласидандир. Реципиент, яъни қабул қилувчи давлатлар учун эса, қўшимча арзон иш кучига, юқори малакали мутахассисларга эҳтиёж, ҳаёт шароитлари ва маошнинг юқори даражаси хос бўлиб, меҳнат миграцияси учун қулай шароит яратмоқда. Аҳолининг силжиши, ўз навбатида, объектив ҳодиса бўлиб, маълум маънода халқаро алоқалар ва иқт-й ҳамкорликка кўмаклашувчи жараёнларнинг рив-шига, халқаро транспорт ва коммуникация воситаларининг такомиллашувига, ш-дек, аҳолининг халқаро молиявий тузилмалардан кенг фойдаланишига, ахборот тарқатиш суръатига ижобий таъсир этади. Шу б-н бирга, аҳоли миграцияси б-н боғлиқ салбий жиҳатлар ҳам намоён бўлмоқда. Бу ноқонуний миграция тўлқинларининг давлат томонидан доимий равишда назорат қилинишини талаб этмоқда. Муҳожирлар орасида уюшган жиноятчилик, низолар ва б. қонунбузарликларнинг вужудга келиши ва ўсиши кўпгина давлатлар барқарорлигига салбий таъсир этаётганини мутахассислар таъкидламоқда. 2005 йил ноябрь ойида Франция, Бельгия ва Германия шаҳарларида бўлиб ўтган тартибсизликлар бунга мисол бўла олади. И.А.Каримов “Независимая газета”га берган интервьюсида глобаллашув жараёни ғоявий-мафкуравий таъсирни, бу жараёнда нодавлат ноҳукумат ташкилотларнинг ўрни ҳақида тўхталиб, К.нинг қуйидаги муҳим жиҳатига эътибор қаратган эди: “Сир эмас, бизда фаолият кўрсатаётган халқаро ташкилотлар ҳар доим олижаноб мақсадларни кўзлайвермайди. Айтайлик, “ХХI аср лидерлари”  каби мавзуларда ўтказиладиган семинарларда улар иқтидорли ёшларни “танлашда ҳокимиятга ёрдам” беради, бироқ бунда улар энг аввало, ўз манфаатларини кўзлашади. Сўнгра чет элга мунтазам сафарлар уюштирилади, уларда турли симпозиум ва семинарлар давомида бу одамларнинг онгига ғоят усталик б-н таъсир ўтказилади. Шу тариқа ўзларини “дунё фуқаролари” деб атайдиган кишилар тоифаси тайёрланади…” (Каримов И.А. Биз танлаган йўл — демокртаик тараққиёт ва маърифий дунё билан ҳамкорлик йўли. 11-жилд, Т.: “Ўзбекистон”, 2003, 34-б.)

КРИТИЦИЗМ (лот. kritike – фикр, мулоҳаза юритиш маҳорати ёки санъати) — инсоннинг билиш жараёнидаги фаолияти тўғри ёки нотўғри ташкил этилганини эътироф этувчи таълимот ҳисобланади. Ш-дек, бу йўналиш инсоннинг билиш фаолиятини ўз-ўзини танқид қилиш орқали такомиллаштириш лозимлигини ҳам кўрсатиб ўтадиган мезонларни ишлаб чиққани б-н ҳам алоҳида ажралиб туради. К.нинг илк фундаментал асослари ва методологияси немис файласуфи И. Кантнинг “Соф ақл танқиди” асарида баён этилган. И.Кант ўз даврида инсоннинг билиш қобилиятини илмий-фал-й н.назардан таҳлил қилар экан, унинг билими қамрай оладиган чегараларни танқидий тадқиқ этиш лозимлигини эътироф этади. Билиш жараёнида инсон ақли имкониятлари ва билиш мезонларига турлича баҳо бериш Кант фаолиятидаги икки даврнинг туб фарқини англатишини билиб олишимиз мумкин. Чунки, танқидгача бўлган даврда ёзилган асарларида Кант инсон ақли ёрдамида билиш мумкин бўлмаган нарсаларга ҳам эришиш мумкинлигига ишонган ва ўз фикрини қатъий асослашга ҳаракат қилган. У ўз асарларида билишдаги барча қийинчиликларни аниқ тасаввур қила олиш ва руҳан тушкунликка тушмасдан, умидсизланмасдан енгиб ўтишга бўлган ишонч борасидаги фикрларини бир неча бор таъкидлаган. Лекин танқидий даврга келиб, ўз ақлининг билиш имкониятлари кучига бўлган  бундай ишонч ўрнини ақл ёрдамида нарсаларни билиш мумкинлигига ишончсизлик эгаллайди. Натижада, бу даврда Кантнинг билиш наз-ясида агностицизм — бизни ўраб олган дунёни тўла-тўкис билиш мумкинлигини инкор этадиган танқидий фикр-мулоҳазалар  ҳукмронлик қила бошлайди.  Кант К.и: инсоннинг билиш фаолиятида ҳиссий билишнинг ўрнини менсимаслик ёки инкор қилиш; билиш жараёни ҳиссий билишсиз соф т.ларга эга бўлишини асослаш; инсонни ақлий билиш қобилияти орқали худо, руҳ, дунё моҳиятини билиши мумкинлигига ишонтириш; ҳиссий билишсиз т.лар ҳеч қандай маъно-мазмунга эга бўлмаслигини асослашга ҳаракат қилишга қаратилган эди. К.нинг кейинги ривожи К.Поппер, Ж. Уоткинс, И.Лакатос, Ж.Агасси, Х.Альберт ва П.Фейерабенд, У.Бартли қарашларида давом эттирилган. Ш-дек, К. ғояларини асос қилиб олган оқимлар танқидий рационализм, франкфурт мактаби, танқидий реализм каби йўналишларга оид турли концептуал ёндашувларни ишлаб чиққан. Лекин бу таълимотлар ҳам кейинчалик кескин танқидга учраган. Жумладан, Кант қарашларида кўпгина т.лар метафизик маънода акс эттирилган бўлса, Франкфурт мактаби вакиллари таълимоти буржуа жам-тини марксистик ғоялар асосида танқид қилишга асосланган эди. Ш-дек, танқидий рационализм илмий билиш жараёни ва фал-й тафаккурнинг рационал мағзини танқид қилишга асослангани б-н алоҳида ажралиб турган. 1930 йилдан бошлаб К. неопозитивизмни танқид қилиш ва фан тарихининг тадрижий рив-ш босқичларини ўрганиш асосида янги босқичга олиб чиқилган. Бунда М. Полани, Т. Кун, С. Тулмин каби файласуфларнинг концепциялари муҳим ўрин тутади. К.нинг асосий тамойиллари фал. ва фан тар-ётига фақат ижобий таъсир кўрсатиб қолмасдан, кўпгина янги илмий ғоялар, гипотезалар, парадигмаларнинг шаклланишига салбий таъсир кўрсатган. Натижада бундай ёндашувларнинг амалиётда акс эттирилишига чек қўйилган ёки кечроқ ўз тасдиғини топишига олиб келган. Мас., ҳоз. вақтда янги парадигма сифатида эътироф этилаётган синергетика йўналиши доирасида олиб борилаётган илмий баҳс-мунозараларда унга нисбатан “сохта фан” ёки “сохта ғоя” деган ёндашувлар ҳам илгари сурилмоқда. Бу эса К.нинг догмалашуви натижасидир. К.ни жам-тдаги мафкуравий ўзгаришларга бўлган мун-тларда ҳам кўриш мумкин. Жумладан, мустамлакачилик сиёсатидан қутулган ёш мустақил давлатларда янгича мун-тнинг шаклланиши мураккаб кечиши туфайли жам-тнинг баъзи қатламлари орасида эски тузумни қўмсайдиганлар амалга оширилаётган ислоҳотларни асоссиз танқид қилишга уринади. Бундай ҳолат ўз навбатида маън-й ислоҳотларни олиб боришда турли мураккабликларни келтириб чиқариши мумкин. Ш.у. ҳам тафаккурдаги бундай қолипларга қарши курашда миллий ғоянинг улкан бунёдкорлик салоҳияти ва имкониятларига таяниш ғоят муҳим аҳамият касб этади.

КСЕНОФОБИЯ (юн. xenox — бегона, четдан келган, қўрқув) — иррационал қўрқув ва бегоналарга нафрат маъносини англатади. К.нинг объекти алоҳида гуруҳ, яъни бошқа дин, ирқ, қабила ёки миллат вакиллари, чет элликлар ҳамда барча “бегоналар”дир. Замонавий социология ва социал психологияда таъкидлаб ўтилган ҳолатлар янада аниқроқ атамалар билан ифодаланади, масалан, гуруҳлараро низо, этноцентризм, этник стереотиплар ва социал сабрсизлик ва шу кабилар. Бошқа социал-психологик кўринишлар каби К.нинг ўзаги ҳам умумий ҳамда индивидуал онгга бориб тақалади. Одамлар доимо ҳаётий ҳодисаларни урф-одатлар ва умуман ижтимоий воқеликни ўз гуруҳларининг қадр-қимматига кўра ўлчашга мойил бўлишади. Бундай тавсифда эталон, намуна иборалари етакчи ўринга чиқади ва баҳоланаётган ҳодисалар “Бизларники” ва “бегоналарники” деган икки катта туркумга ажратилади. Бундай баҳоланиш оқибатида асосан, ўзимизники “уларникига” (бегоналарникига) қараганда яхшироқ, деган хулосага борилади. Ибтидоий жамоа даврида бегоналарга шубҳа, нафрат кўзи билан қараш ўз қабиласининг бирлигини шакллантириш, уни қўллаб-қувватлашда зарур шароит бўлиб хизмат қилган. Ҳаётимиз ва мад-тимизда глобаллашиб ва миллатлараро муносабатлар ривожланиб бораётганига қарамай К. ҳозирги замонда ҳам ўз кучида қолмоқда. Бундай салбий ҳолатлар кўп сонли конфессионал, ирқий ва этномад-й муаммоларда, турли куч ишлатиш ҳаракатларида намоён бўлади. К.нинг етакчилари ва йўл бошловчилари бўлиб, энг аввало, бундай кимсалар, ўз социал аслини йўқотишдан қўрқадиган, бўйин эгишга ҳамда ўзиникидан кўра кучлироқ гуруҳ таъсиридан қўрқадиган кишилар ҳисобланади. Ривожланаётган мамлакатларда нафрат ва ҳасаднинг асосий объекти “Ғарб” бўлиб, “ғарблаштириш” бошқа халқларнинг намунавий патриархал ўтмишига қарши қўйилади. Ғарб анъана ва урф-одатлари тарафдорлари эса дунё интеграциялашувида Осиё ва Африкадан келадиган иммигрантларда маълум таҳдидни кўришади. К., бир томондан трайболизм, яъни ўзининг ўзакларини ҳар қандай йўл билан сақлаб қолиш хусусияти бўлса, иккинчи томондан эса специфик идеология ёрдамида кучлилар синфи томонидан, “бегона”лар, яъни, социал жиҳатдан кучсизларни эзиш вазифасини бажаради. К. расизм ёки антисемитизм, фашизм ва миллий экстримизмнинг бир кўринишидир. К. хавфли социал-психологик кўриниш бўлиб, у жабрланувчиларга ҳам, К.ни намоён этувчиларга ҳам жиддий зарар етказади ва жамиятдаги мўтадил инсоний муносабатларни бузади. Жамият вакилларига К.ни бартараф этишда ОАВларининг роли беқиёсдир. К.ни енгиш учун, ёшлик чоғиданоқ болани толерантлик руҳида тарбиялаш талаб этилади. Толлерантлик эса, ўз навбатида, ўзига нисбатан танқидий ва б.ларга нисбатан сабрли бўлишни англатади.

КУТУБХОНА — 1) китоб, журнал ва газеталарни тўплаш, сақлаш ва улардан фойдаланишни таъминловчи мад-й-маър-й ва илмий-ёрдамчи муассаса; 2) маълум бир гуруҳга оид китобхонларга мўлжалланган китоблар туркумининг номи. Ижтимоий тар-ётни белгиловчи омиллар орасида китоблар  муҳим ўрин эгаллаб, китоб мутолааси жам-т аъзоларининг маън-й юксалишига, тафаккур доирасининг кенгайишига ёрдам берувчи асосий восита ҳисобланади. Машҳур файласуф Дени Дидро “Ким китоб ўқишдан тўхтаса, билингки, у фикрлашдан ҳам тўхтаган бўлади”, деб ёзгани бежиз эмас. Чунки инсониятнинг а.лар давомида йиғган билим ва тажрибаси, тафаккур олами, маъ-яти, аввало, китобларда акс этади. Ш.у.  китоблар азалдан муқаддас ҳисобланиб, уларни асраб-авайлаб келинади. Мам-тимизда  К.лар  узоқ тарихий даврлардан бошлаб  фаолият кўрсатган, жам-т тар-ётига таъсир кўрсатувчи алоҳида мавқега эга бўлган омил сифатида қадрланиб келинган.  К.ларнинг жам-тдаги ўрни, мақсад ва вазифалари, унинг ижт-й тузилма сифатидаги аҳамияти беқиёсдир. Мустақиллик йилларида маън-й-маър-й муассаса ҳисобланган К.ларнинг мавқеини ошириш, моддий-техник таъминотини мустаҳкамлаш, кутубхоналар фондини мунтазам равишда янги адабиётлар б-н тўлдириш, электрон асарлар базаларини яратиш, К.ларга кенг китобхонлар оммасини жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Чунки К.лар ижт-й онгни шакллантиришга, айниқса, мустақиллик, миллий истиқлол ғоясининг ёшлар онгига сингдиришга хизмат қилувчи асосий мад-й маър-й масканлар ҳисобланади. Ш-дек, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллашда, замонавий илм-фан ютуқларини ўзлаштиришда, илғор ахборот технологияларидан самарали фойдаланишда, ёш авлод маъ-ятини юксалтиришда ҳам К.ларнинг роли катта. Бугунги кунда Ўз-нда 17 мингдан зиёд турли тизим ва кўламдаги К.лар республикамиз аҳолисига зиё ва маърифат тарқатиш йўлида хизмат   кўрсатиб келмоқда.  Шу маънода, К.чилик ишини ривожлантириш, унинг хизмат кўрсатиш соҳалари, ахборот алмашуви жараёнидаги, халқаро алоқалардаги ўрни ҳамда аҳамиятини ошириш, ўз касбини севадиган ва илм аҳлига чин дилдан хизмат кўрсатадиган ўқимишли К.чи кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилиши зарур. Зеро, ушбу мад-й-маър-й масканлар миллат маъ-ятини акс эттирувчи кўзгудир.  

“КУЧЛИ ДАВЛАТДАН – КУЧЛИ ЖАМИЯТ САРИ” – Ўзбекистонда эркин фуқаролик жамияти барпо этишнинг Ислом Каримов томонидан асослаб берилган концепция. У давлатчилик борасидаги тараққиёт йўлимизни ҳам акс эттиради. Ўзбекистон ўз мустақил давлатчилигини қўлга киритганидан сўнг жаҳон цивилизациясининг тарихий тажрибаларига асосланган ва республикамизнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, одил, демократик давлат ва эркин oуқаролик жамияти барпо этишни стратегик вазифа қилиб белгилади. Ушбу вазифани амалга оширишда кучли давлатдан — кучли жамият сари бориш концепцияси амалий ҳаракат дастури бўлиб хизмат қилмоқда. Одамларнинг сиёсий онги, сиёсий маданияти ва фаоллиги юксалиб борган сари давлат вазифаларининг нодавлат тузилмалар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига босқичма-босқич ўтиши, маҳаллаларнинг нуфузи ва мавқеининг ортиши, уларга кўпроқ ҳуқуқлар берилиши кучли жамият асосларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Сиёсий ҳаётни эркинлаштириш жараёнида жамиятни бошқариш борасидаги вазифа (функция)лар икки йўналишда қайта тақсимлаб борилaди. Биринчиси – давлат марказий идораларининг айрим ҳуқуқ ва вазифалари маҳаллий ҳокимиятларга ўтказилади. Маҳаллий ҳокимият идоралари ҳуқуқ ва вазифаларининг бир қисми фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасига ўтказилади. Иккинчиси – жамоат ташкилотларининг ҳуқуқ ва масъулияти оширилиб, давлат  ваколатларининг бир қисми улар зиммасига ўтказилади. Мамлакатимизда бошқарув, жамоатчилик б-н алоқадор вазифаларни ўз зиммасига оладиган бир қатор нодавлат-нотижорат ташкилотлар, турли фондлар вужудга келди ҳамда улар жамият ҳаётида муҳим ўрин тутмоқда. Айниқса, маҳаллий ўз-ўзини бошқаришнинг миллий модели бўлган маҳалланинг фуқаролик жамияти асосларини шакллантиришдаги аҳамияти беқиёсдир. Республикамизда жамоат ташкилотларининг кўпайиши, уларнинг кундалик ҳаётимиздаги аҳамияти ортаётгани фуқаролик жамияти асослари тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.

КЎНГИЛЧАНЛИК – инсон табиатидаги мулойимлик, юмшоқ феъллик, раҳм ва шафқатлилик сифатларини ифода этувчи атама. Кўнгли юмшоқ одам жаҳлга, зўрлик, зўравонликка берилмайди. Кўнгилчан инсон раҳмдил, хушмуомала, бағрикенг, марҳаматли бўлади. Маън-й меросимизда улар “ҳалим кишилар” деб аталган, К. ахлоқий фазилатларнинг энг муҳимларидан саналган. Ҳилм ҳақида мумтоз асарларда таърифу сифатлар кўп учрайди. Ҳадисларда “ Ҳилм хулқларнинг саййидидур”, “Ҳар бир иш мулойимлик билан қилинса, рўёбга чиқиши аниқ ва равшандир” дейилади. Ҳазрат Алишер Навоий “Маҳбуб-ул қулуб” асарида ҳилм, яъни кўнгли юмшоқлик ҳақида махсус тўхталади. “Ҳилм зикрида“ деб номланган бобда “Ҳилм инсон вужудининг фавокиҳлиғ боғидир; одамийлик оламининг жавоҳирлиғ тоғи. Ҳилмни ҳаводис дарёсида кишилик кемасининг лангари деса бўлур ва инсоният мизони тошиға нисбат қилса бўлур” (яъни кўнгли юмшоқлик инсон вужудининг мевали боғи, одамгарчиликнинг асл жавоҳирларга бой тоғи. Кўнгли юмшоқликни ҳодисалар дунёсида кишилик кемасини бошқарувчи лангар чўпи дейиш мумкин ва инсонликни ўлчовчи, белгиловчи тошга қиёсласа бўлади), дейилган. Демак,  А.Навоий таърифида К. юмшоқ феъллик — инсон ахлоқини белгиловчи энг муҳим фазилатдир. Бундай таърифни ахлоқ-одоб мавзуида яратилган барча мумтоз асарларда учратиш мумкин. XVIII а. ўзб.шоири Собир Сайқалий ижодида қуйидаги тўртлик мавжуд. Ҳалимликни қилсанг агар ихтиёр, // Бўлур халқи олам сенга дўст-ёр. // Бўлур мевали шохнинг боши паст, // Ҳалим ўлғуси оқилу ҳушёр. Шоир кўнгли юмшоқлик туфайли кўплаб дўстлар орттириш мумкинлигини айтиб, мазкур фазилатни камтарлик, ақллилик б-н боғлайди. Демак, инсон хулқидаги яхши бир хислат бир неча фазилатларга сабаб бўлади. Абдулла Авлоний  К.ни бундан ҳам кўпроқ сифатларга боғлайди, инсоннинг энг муҳим фазилати сифатида таъкидлайди: “Ҳилм илми ахлоқ юзасидан инсонга энг керакли нарсадур. Нафснинг роҳати, қалбнинг матонати, фикрнинг саломати, виждоннинг ҳаловати ҳалим табиат бўлмоқ ила ҳосил бўлур. Чунки ҳалим кишилар ҳар қанча қувват ва қудрат соҳиби бўлса ҳам ўзидан ожиз кишиларга шиддат ила муомала қилмас. Фикри саломат кишиларнинг қалби ҳалим, табъи карим ўлур”. Айни пайтда К., мулойимлик меъёрида бўлмоғи лозим. У ёмонлик, адолатсизликка нисбатан эътиборсизлик ёки лоқайдликка сабаб бўлмаслиги керак. Акс ҳолда бундай К., анқовлик, журъатсизликка йўйилиб,  ножоиз ишларнинг кучайишига, жам-тнинг маън-й муҳитининг бузилишига олиб келиши мумкин.

 Кўппартиявийлик – 1) жамиятда бир неча сиёсий партияларнинг мавжудлиги; 2) жамиятнинг эркинлиги демократлашув ва сиёсий хилма-хиллик даражасининг муҳим  кўрсаткичи. Мазкур  тамойил жамиятда   турли  партияларнинг эркин фаолияти учун ижтимоий-ҳуқуқий шарт-шароит яратишни кўзда тутади. Бундай шароитда партиялар ўз дастур ва сиёсатларини Конституция асосида амалга ошириш имкониятига эга бўлади. Бу борада жаҳондаги илғор мамлакатларнинг тажрибаси катта аҳамият касб этади. Жамиятнинг пешқадам ва фаол аъзоларидан ташкил топган сиёсий партиялар ушбу мамлакатлар ҳаётида ўзига хос мавқега эга. Бу уларнинг жамиятни эркинлаштириш, сиёсий плюрализм муҳитини шакллантиришдаги фаолиятида яққол кўзга ташланиб туради. К. тоталитар давлатлар учун ёт тушунчадир. Аммо демократик жамият ҳаёт тарзининг эса ажралмас таркибий қисми ҳисобланади. Муайян мамлакатдаги сиёсий эркинлик ва инсон ҳуқуқлари таъминланганлиги даражаси ҳам ана шу тамойилга нисбатан аниқланади. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин К. тамойилини амалга ошириш учун имконият яратилди. Ўзбекистон Конституциясида ва Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунида К.нинг ҳуқуқий асослари ўз аксини топган. Мамлакатимизда мавжуд бўлган Ўзбекистон халқ демократик партияси, Адолат социал демократик партияси, Фидокорлар миллий демократик партияси ва Миллий тикланиш партияси ана шу асосда фаолият юритадилар.

КЎРГАЗМА — моддий ва маън-й соҳадаги фаолият ютуқларини намойиш этиш. К. орқали инсон ўз меҳнати самарасини кенг оммага кўрсатиш, намойиш қилиш, таништириш ва тарғиб қилишга ҳаракат қилади. К.лар асосида катта меҳнат, тажриба ва изланиш ётади. Унга анча олдиндан тайёргарлик кўрилади. Энг сара ишлар (буюм, санъат асарлари ва ҳ.) тайёрланади. К. ўтказиш вақти олдиндан белгиланиб, экспонатлар тартиб ва дид б-н жойлаштириб чиқилади. К.лар мақсадига кўра қуйидаги турларга бўлинади: 1) санъат К.лари: уларда тасвирий ва амалий санъат намуналари намойиш қилинади. Улар асосан муаллифларнинг халққа ижодий ҳисоботи сифатида ўтказилади. Санъат К.лари муаллиф ҳамда томошабинларга катта маън-й озуқа ва эстетик завқ бағишлайди. 2) савдо К.лари: улар ўзига хос реклама вазифасини бажаради ва тижорат мақсадида уюштирилади. Савдо К.ларида исталган буюм ва ашёлар (транспорт, саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш моллари ва ҳ.) намойиш қилиниши мумкин. 3) маър-й-тарғибий (информацион) К.лар: мазкур турдаги К.ларда илм-фан ва ишлаб чиқаришдаги ютуқлар намойиш қилинади. Улар халқни фан-техника соҳасидаги энг сўнгги янгиликлар б-н таништиради. Бундан ташқари К.лар: даврий-мунтазам (ҳар йили, икки, уч йилда бир марта ва ҳ.) ва номунтазам (юбилейлар, конгресслар ва ҳ.); универсал (фан, техника ва мад-т соҳаларидаги ютуқлар ва маҳсулотлар намойиши) ва ихтисослашган (бир ёки бир неча ёндош тармоқларни қамраб олувчи); миллий, минтақавий, халқаро ва ҳ.ларга бўлинади. К. маълум бир мақсадга қаратилган, хусусан, оламни воқеа-ҳодисаларини чуқур ва ҳар томонламам идрок этишга ҳамда уни онгида шакллантиришга қаратилган бўлиши лозим. К. хусусан дарс жараёнини ўқувчи-талабалар онгига ўтилаётган материални осон-тушунарли етиб боришини К. тарзида амалга оширишга қаратилган жараён. К. мазмун ва моҳияти, сифати, унинг билим ва тажрибаларини, кўникма ва маҳоратни, маъ-ят ва маърифатни эгалланганлиги б-н белгиланади.

КЎРОЛМАСЛИК – ўзгаларнинг муваффақияти, яхши яшашидан ғайирланиш, рашк қилиш, уларга ҳасад, ғараз б-н қарашни ифодаловчи т.. Халқимизда бундай инсонлар ҳақида “Бор бўлсанг – кўролмайди, йўқ бўлсанг – беролмайди”, “Кўрганнинг кўзи тўқ, кўролмаснинг ороми йўқ” каби мақоллар бор.  К. сўзининг муқобили жонли тил ҳамда бадиий асарларда кўп қўлланиладиган маънодош шакли ҳасаддир. Ҳасад ва ҳасадгўйлик ҳақида диний адабиётлар ва панднома тарзидаги жуда кўплаб асарларда махсус тўхталиб, у энг ёмон хулқлардан бири сифатида таърифланади. Ҳадисларда  “Ҳасад қилувчилар, сўз юритувчилар, ғайбдан хабар бергувчилар мендан, мен ҳам улардан эмасман”,  “Мўмин ҳавас қилур, мунофиқ эса ҳасад қилур”, дейилади. Ҳасад, кўролмаслик мунофиқ одамларга хос, инсон табиатида чуқур илдиз отадиган бадбин ҳодиса. Шуни назарда тутиб Ҳусайн Воиз Кошифий “Ҳасад балоси улкан фасодлар пайдо қилур. Чунки ҳасад бағоят жирканч хислатдир”, дейди.  Қад. юнон файласуфи Аристотель “Дунёда ҳаммадан кўра ҳасадгўйнинг юки оғирдир, чунки у бечора атрофидаги барча одамларнинг қайғуларини ўз устига юклаб юради” деб айтади.  Алишер Навоий ҳасадни касаллик, ҳасадгўйни эса тузалмас дардга учраган бемор деб билади: “Ҳасуд бемор, балки муҳлик маразға гирифтор”. Ҳасадгўй ҳамкасбларининг муваффақияти ортгани сари, уларга ҳавасланиб изланиш, интилиш ўрнига кўролмаганидан ёмонлик қилишни, зарар етказишни ўйлайди. Нима қилиб бўлса ҳам унинг номини булғашга, ғийбат, бўҳтон, фитна-фасод б-н бадном этишга ҳаракат қилади. Абдулла Авлоний “Ҳасад ахлоқи замималарнинг (ярамас хулқларнинг) энг зарарлигидур” деб, қуйидаги таърифни беради: “Ҳасад деб бир одамга жаноби Ҳақ тарафидан берилган неъмат ва давлатнинг заволини тиламакни айтилур. Ғийбат, бўҳтон, суизан (ҳақорат) каби ёмон хулқлар ҳасаддан туғилур”. Демак, ҳасад, кўролмаслик инсон маъ-ятини тубанлаштирувчи, уни жам-тдан ажратувчи, руҳий ва жисмоний хасталикка бошловчи иллатдир.

КЎЧИРМАЧИЛИК (плагиат) — а) маън-й соҳадаги бузилишнинг бир кўриниши; б) бировнииг асари, кашфиёти ва б.ларини кўчириб, ўзиники қилиб олиш. Бундай ўғрилик муаллиф ижозатисиз илмий, адабий, мусиқий ёки бадиий асарни, китоб, диссертация, рисола ва б.ларни ўз номидан тўла ёки қисман бостириб чиқаришдан, кашфиёт ёки ихтирочилик натижаларини ўзиники қилиб олишдан иборат. К. бирон-бир кишидан касб ўрганиш, унга тақлид қилиш, турли ҳунармандчилик, рассомлик, деҳқончилик, чорвачилик ва б.ларнинг сир-а.орини билиб олиш ҳамда ўз фаолиятида қўллашдан фарқ қилади. У устозлар тажрибасидан фойдаланиш, бирон-бир халқ, давлат ёки жамиятда самара берган тараққиёт йўли ёки тамойилларини ўзида қўллаш ва ҳаётга татбиқ қилишдан ҳам фарқланади. Шу маънода К. шахс маъ-ятининг бузилиши, унинг қинғир йўлларга киришини англатади. Адабиётда бу ҳодиса “адабий ўғрилик” деб ном олган. К. ҳолати аниқланганида кўчирмачини судга бериш, етказилган маън-й зарарни қоплашга мажбур қилиш қонунларда ўз ифодасини топган. Бунда К. билан шуғулланган шахс айбдор деб топилади, фуқаролик ёки жиноий тартибда жавобгарликка тортилади, бинобарин, ҳақиқий муаллифнинг ҳуқуқи тикланади. «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида» ги Қонунда «ҳуқуқ эгаси б-н шартнома тузмаган ҳолда асардан фойдаланилган тақдирда қоидабузар ҳуқуқ эгасига етказилган зарарнинг ўрнини, шу жумладан, бой берилган фойдани қоплаши шарт» эканлиги кўрсатилган (46-модда). Илм-фанда ҳам К. ниҳоятда қораланади, олимлик одоби ва шаънига тўғри келмайдиган фаолият тарзида қаралади. Мас., Ўзб-н вазирлар маҳкамаси қошидаги ОАК К. ҳолатлари аниқланган диссертацияларни рад қилади, уларнинг муаллифларига диссертацияни қайта ҳимоя қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилингани ҳақида жавоб берилади.

Л