Л

ЛАГАНБАРДОР – ўз манфаати учун бирор бир шахс, асосан, мансабдор олдида ўзини жуда тубан тутиб, унга хушомад қилишга тиришадиган пасткаш одам; хушомадгўй. Л.лик шундай кишига хос хислат, хатти-ҳаракат, хушомадгўйлик. Л.лик киши шахсиятини ўлдирадиган, ўзлигидан маҳрум этадиган иллат. Л. ўз манфаати йўлида ҳар қандай тубанликка тайёр. У мансабдорларга яхши кўриниш ва ундан ўзи истаган неъматларни қўлга киритиш учун ҳар қандай жирканч ишдан қайтмайди. Л. киши учун муқаддас нарсанинг ўзи йўқ. Дўстлик, муҳаббат, вафо, садоқат туйғулари уларга бегона. Саъдий Шерозий  шундай ёзади: “Кўрмадингми, – бирор киши улуғ мартаба топса, // Хушомадга келадилар, таъзим б-н қошига. // Тойрилса-ю, иши чаппа кетар бўлса, қарабсиз // Ҳеч тап тортмай оёқ қўйиб чиқадилар бошига”. Л. ҳамма нарсани фойда, пул б-н ўлчайди, атрофдаги одамларга ўз манфаатига хизмат қилиши н.назаридан ёндашади. Мансабдор соясига салом бериб, садоқатини турли йўллар б-н намойиш этишга уринади, аммо  фойдаси тегмай қолган одамдан шу заҳоти юз ўгиради. Шарқ мутафаккири ал-Мааррий Абул Ала айтмиш: “Лаганбардор, хушомадгўй бўлса ким, // Дўстликни товоқда келтирурлар жим…” Л. ўзидан бошқани ўйламайди. Л.га ишонган, унинг маслаҳати б-н иш кўрган киши  тўғрисўз, виждонли кишилардан узоқлашади, оқибатда  маън-й эврилишга учрайди.

ЛАЁҚАТ — инсоннинг анатомо-физиологик хусусияти бўлиб, қобилиятлар ривожланишининг асосидир. Л. қобилиятнинг наслий мустаҳкамланган омили, қобилият ривожланишининг табиий замини ҳисобланади. Л. — мия, асаб тизими, анализаторларнинг туғма анатомо-физиологик хусусиятидир. Л. қобилиятларнинг табиий замини бўлгани сабабли уларнинг шаклланиш ва ривожланиш жараёнларига таъсир кўрсатади. Муайян шароитлар мавжуд бўлганда Л. қобилиятнинг шаклланишига қулайлик яратади ва унинг ривожланишини таъминлайди. Нерв анализаторларининг айрим туғма хусусиятлари Л.ни ташкил этади. Нерв сиситемасининг типологик хусусиятлари хам Л. сифатида намоён бўлиши мумкин. Муваққат нерв боғланишларининг таркиб топиш тезлиги, мустаҳкамлиги, диққатни тўплаш кучи, нерв системасининг чидамлилиги, ақлий иш қобилияти ҳам Л.га боғлиқ бўлади. Шунингдек, биринчи ва иккинчи сигналлар системасининг муносабати ҳамда тараққиёт даражаси ҳам Л. сифатида қаралиши мумкин. Сигналлар системаси ўртасидаги муносабат хусусиятларига қараб, И.П.Павлов олий нерв фаолиятининг учта махсус инсоний типларини фарқлайди. Булар: 1) бадиий тип — биринчи сигнал системасининг нисбатан устунлиги; 2) фикрловчи тип — иккинчи сигналлар системасининг нисбатан устун бўлиши; 3) аралаш тип — иккала сигналлар системасининг мувозанати. Бадиий тип кишилари учун бевосита таассуротларнинг ёрқинлиги, идрок ва хотиранинг образлилиги, хаёлнинг бойлиги ва жонлилиги, эмоционаллик характерлидир. Фикрловчи типга мансуб кишилар анализ ва системалаштиришга, умумлашган, мавҳум тафаккурга мойил бўладилар. Муайян Л.лари мавжуд бўлганда болада мусиқавий, адабий, бадиий-тасвирий, математик қобилият жуда эрта шаклланиши ва тез ривожланиши мумкин. Масалан, машҳур композитор Моцартда мусиқавий қобилиятлар жуда эрта намоён бўлган. Бундай маълумотлар баъзида қобилиятларининг туғмалиги ҳақида нотўғри хулоса чиқаришга ҳам сабаб бўлади. Лекин шуни ҳам таъкидлаш лозимки, Л. қобилиятларнинг ривожланишига кафолат бермайди, у қобилиятларнинг шаклланиши шароитларидан биридир. Инсонда қанчалик Л. мавжуд бўлмасин, агарда у муайян фаолият билан қатъий ва мунтазам шуғулланмаса, ундан таниқли мусиқачи, рассом ёки шоир чиқмайди. Қобилиятларга нисбатан Л.лар ўзининг поливалентлилиги билан характерланади, яъни айнан бир хил Л. асосида турли хил қобилиятлар шаклланиши ва ривожланиши мумкин. Л. кўп қирралидир, шунинг учун ҳар бир қобилиятга ўзининг муайян Л.и мос келади, деб айтиш мумкин эмас. Демак, айни бир Л. асосида турли қобилиятлар юзага келиши мумкин. Масалан, бадиий тип асосида актёрлик, ёзувчилик, рассомлик, мусиқачилик қобилиятлари таркиб топиши мумкин бўлса, фикрловчи тип заминида эса математика, фалсафа, лингвистикага бўлган қобилиятлар шаклланади. Агар бола ёшлигида қайсидир томондан ўзини кўрсатмаса, яъни муайян ютуқларга эришмаса, буни Л.сизлик деб қараш керак эмас. Л. инсон ривожланишининг турли даврларида ҳам намоён бўлиши мумкин.         Демак, Л. шахснинг махсус қобилиятлари таркиб топиши ва ривожланиши учун асос бўладиган анатомо-физиологик имкониятлардир. Л. инсоннинг, шахснинг маъ-ятга ва маърифатга, табиат турфаликларини ҳис этишга мойилликни йўналтирилганлиги ҳамдир. Л. қанчалар юқори бўлса, инсондаги бурч ва масъулият ҳам юқори бўлиб ва шу асосда юксак маъ-ят ҳамда маърифат шаклланади.

ЛАТИФА (араб. гўзал, ёқимли; кўплиги латойиф — латифлар, гўзал сўз ва ҳикоялар) — халқнинг нозик фаҳмлилик б-н айтилган кулгули кичик ҳикояси. Л. баъзан нодира, зарифа ва ажиба деб ҳам юритилган. Л. халқ оғзаки ижодининг энг оммабоп жанрларидан биридир. Кўпчилик халқ Л.ларининг қаҳрамони Афанди (Насриддин Афанди) бўлиб, у ўзининг донолиги, ҳозиржавоблиги, тадбиркорлиги, сўзамоллиги б-н халқ душманларини шарманда-ю шармисор қилиб, уларни енгади. Л. кўпинча, Афанди деб ҳам юритилади. Афанди турли миллатларда турлича номланади. Мас., тожикларда Мушфиқи, туркманларда, қирғиз ва қозоқларда Алдар-кўса деб номланади. Мустақиллик даврида ҳам Л. жанри давом этиб келмоқда. Замонавий Л.лар юмористик характерда бўлиб, уларда бюрократлар, амалпарастлар, боқибеғамлар енгил кулгу б-н танқид қилинади, эскича ақидалар фош этилади.

ЛАҚМАЛИК – ҳар нарсага дарров ишониш, осон алданиш,  калтафаҳмлик, гўллик. Л. – лақмага хос хус-ят; хатти-ҳаракат, у ўзида ёмон феъл-атворни жамламаса-да, салбий маънога эга. Чунки, Л. туфайли феъл эгасига ишониб топширилган иш барбод бўлади. Л. дўстлар орасида ишончсизликни, рақиб томонга ғалаба келтиргани учун ҳам салбий хус-ят касб этади.  Мутафаккирлардан бири «инсонга хос камчиликлар ичида кечиримлилиги соддаликдир”, деган эди. Бошқача  айтганда, соддалик иллат эмас. Аммо соддалик б-н Л.ни фарқлаш лозим. Л.ни донишмандлар ахмоқлик б-н тенглаштиришган. Абулқосим Фирдавсий бу борада шундай дейди: “Ақл қалб посбонидир. Ақл яна уч қўриқчи: тил, кўз, қулоқнинг устидан ҳам посбонлик қилгувчидир. Зеро, эзгулик ва ёвузлик айнан ана шу уч аъзо орқали қалбга кириб боради”. Л.нинг зарари жуда каттадир. Л. нафақат шахс маъ-ятига, балки жам-т учун ҳам зарарли иллатдир. Л.нинг зидди зийраклик, огоҳлик, оқилликдир. Л.ни ҳушёрлик, ўзини меъёрда тутиш бартараф қила олади.  Лақма одам ўзини меъёрда бошқара олмай, бўлар-бўлмас гапларни ўйламасдан гапираверади, ўзини тутишни билмайди,  натижада  хатоларга йўл қўяди. Ш.у. одамлар лақма ақлсиздан ўзларини олиб қочади. Атрофдагиларнинг ҳурматини йўқотганидан бундай одам асабий бўлиб қолади. Рус ёзувчиси И.А.Крилов Л.ни “Тулки б-н қарға” масалида танқид қилган эди. Унда лақма қарға тулкининг мақтовларига ишониб, тумшуғида тутган пишлоқдан маҳрум бўлиб қолади. Абдулла Авлоний бу борада дейди: “Ақл эгаси ҳийлага алданмагай, // Ҳийлагарнинг ҳийласи бошин егай. // Дўст ила душман сўзининг фарқи бор, // Фаҳм этар ҳар кимки, ўлса ҳушёр”.

ЛИБЕРАЛИЗМ (лот. liberal –  озод, эркин)  — ижт-й-сиёсий таълимот ва ижт-й ҳаракат бўлиб, шахс ва жам-т эркинлиги етарли даражада бўлишини кўзда тутадиган ғоядир. Л. Испания Конституциясини (1812) тузиш даврида пайдо бўлган. Европада Л. инглиз сиёсий иқтисодчилари наз-ялари б-н боғлиқ ҳолда давлатнинг иқт-й масалаларга ноқонуний аралашмаслигини эътироф этади. Либераллар шахснинг ташаббусини, савдо эркинлигини ва ҳақиқий рақобатни ривожлантиришга ҳаракат қилади. Дастлабки либерал ғоялар Суқрот даврида пайдо бўлиб, адолатли давлат тузишга қаратилган. Кейинчалик Л. Рим қўмондонлари томонидан ривожлантирилган. Диний дунёқараш ва буржуа инқилоблари (XVII-XVIII а.лар) феодал мун-тларнинг емирилиши ва Л.нинг рив-шига олиб келган. Лекин Л. давлат ва инсон озодлигига зарар етказиши мумкинлиги ҳам назарда тутилган. Л.нинг асосий принципи мутлақ озодлик эмас, балки шахснинг максимал эркинлиги, фикрлаши, фикрни баён қилиш ва ҳар қандай динни эътироф этиш эркинлигидир. Европа Л.и намояндалари, Локк ва Руссонинг фикрича, Л. асосан давлат ва шахс эркинлигини ҳимоя қилган. Бу фикрларни Кюи, Кант, Жефферсон, Франклин, Монтескье, Кондори сингари файласуфлар қўллаб-қувватлаган. Табиий ҳуқуқ ғоялари Америка мустақиллик декларациясида (1776), француз шахс ва фуқаролиги декларациясида (1784) ва инсон ҳуқуқлари декларациясида баён қилинган. Эркинлик ғояси асосан одамларнинг мулкка бўлган мун-ти б-н боғлиқ бўлиб, унинг ижт-й ўрни ва оладиган неъмат миқдорини кўрсатади. Мазкур муаммолар Адам Смит томонидан такомиллаштирилиб, “Халқлар бойлиги” асарида баён қилинган. А. Смитнинг фикрича, шахснинг табиий эркинлиги, бозор эркинлиги ва рақобат жам-т ҳаётини барқарорлаштиради. Индивидуаллик тартибсизликка, тартибга ва ўсишга олиб келади. Давид Рикардо ҳам Л.ни таърифлаб, иқт-й эркинлик максимал фойданинг манбаи, деб ҳисоблаган. Ж.Бате Сейнинг “Сиёсий иқтисод трактати” (1803) асарида бозор қонуниятлари ифода этилган. Бу қонунга асосан иқтисодиётда тақчиллик ва мўлчилик бўлиши мумкин эмас. Давлат ва иқтисодиётни бошқариб, талаб ва таклифни тенглаштириб туради. Л.нинг янги йўналиши — утилитар фал.ни Бентам, Милл ва б. файласуфлар ривожлантирган. Агар мумтоз  Л. давлатнинг иқтисодиётга аралашишига мутлақо қарши бўлса, утилитар фал. баъзан давлат иқтисодиётга таъсир этиши мумкинлигини кўрсатади. Лекин давлат, иқт-й эркинликни тақиқ этмасдан, фақат ёрдамлашиши мумкин.  Сиёсий Л. шахсларнинг давлат ҳаётида иштирок этиш ҳуқуқини тан олиб, сайловларда қатнашишини шарт деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, сиёсий Л. фуқароларга виждон эркинлиги, сўз ва матбуот эркинлигини, яшаш жойини танлаш ҳуқуқини кафолатлайди. Неоклассик Л. XIX а.да пайдо бўлиб, унинг мазмун-моҳияти Л.Вайлераснинг (1834-1910) соф капиталистик иқтисодиёт концепциясида баён этилган. Вайлерас ижт-й ва сиёсий муаммолардан юқори бўлиб, фақат ишлаб чиқариш ва ресурсларни тақсимлаш муаммоларини кўриб чиқади. Вайлераснинг наз-й концепцияси Иккинчи жаҳон уруши орасидаги иқт-й инқироз сабабларини тушунтириб бера олмайди. Буни йирик инглиз иқтисодчиси, сиёсий нотиқ Ж.М. Кейнс (1883-1946) таърифлаб беради. Кейнс фикрига кўра, иқтисодиёт капитализм даврида ўсиш ва пасайиш хоссасига эга бўлиб, буни бартараф этиш учун давлат иқтисодиёт ривожини мувофиқлаштириб туриши керак. Давлат эса, Кейнс наз-ясига асосан, молия соҳасида, солиқлар тизимида, давлат қарзи ва уларни сарфлаш борасида фаол иштирок этиши шарт. Кейнс издошлари (Фридманн, Хайек) нолиберал иқт-й концепцияларни яратиб, давлатнинг иқтисодиётни бошқариш борасидаги ролини тан олади. Уларнинг фикрича, капитализм ўз имкониятларини тўлиқ йўқотмаган ва давлат сўнгги ўн йилликларда иқтисодиётнинг нормал рив-шини таъминлаган. Неолибералчиларнинг фикрича, ҳақиқий капитализм ҳали йўқ ва у Л. тўлиқ шаклланган даврда пайдо бўлади. Шундай қилиб, давлатнинг иқтисодиётга аралашуви иқт-й қонунларга асосланган бўлиши керак. Л. давлат масаласига авторитар марксистик қарашларга қарши бўлиб, жам-т ва иқтисодиётда давлатнинг ролини белгилаб беради. Л. таълимотининг мазмун-моҳияти, асосий ғоя ва тамойиллари унинг ғоявий мухолифлари бўлган концепциялар – консерватизм ва социализм б-н қиёслаганда айниқса яққол намоён бўлади. Маълумки, инсоният тар-ёти ва ижт-й-фал-й фикр тарихида Л. таълимоти асосан икки ғоявий оқим — консерватизм ва социализм б-н кескин курашда тобланди, ҳам ижт-й фал., ҳам сиёсий таълимот, ҳам мафкуравий тизим сифатида афзаллигини намоён этди. У шахс, индивид ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда манфаатларининг устуворлиги ғоясига таяниб, инқилобий ларзаларсиз, қонун ва ижт-й шартнома замирида жам-т ҳаётининг барча соҳаларини ислоҳ этиш концепциясини илгари суради. Консерватизм оқими намояндалари Л.ни ўта радикалликда, яъни кескин чораларни қўллашда айбласа, социалистлар, аксинча, унинг мўътадиллигини, инқилобий услубларни инкор этишини қоралаб келади. Консерватизм таълимотининг асосчиси Э.Берк “Француз инқилоби ҳақида ўйлар” асарида (1790) мавжуд тузум ва қадриятларни ҳимоя қилиб, давлат, жам-т, озодлик, ҳуқуқ, шахс эркинлиги масалаларига доир қарашларини баён этади. Эътиборли жиҳати шундаки, унинг ёндашувида консерватив қарашларнинг либерал ғоялар б-н қоришиб кетганини кузатиш мумкин. Жумладан, давлатнинг мазмун-моҳияти ҳақида тўхталиб, унинг энг мақбул шакли — инглиз либерал анъаналарининг мумтоз табиий ҳуқуқ наз-яси б-н уйғунлашган, авторитар бошқарув тизими томонидан инсон ҳуқуқлари таъминлаган тузум, дея таъкидлайди. Шу боис Берк қандайдир мавҳум ижт-й тузум лойиҳалари ҳақида эмас, бутун диққат-эътиборни мавжуд давлат ва жам-т шаклларининг таҳлилига қаратади. Аслида консерватизм эркинлик ғоясига қарши бўлмаса-да, мазкур таълимот доирасида у ўзгача маъно-мазмун касб этади. Агар Л. таълимоти инсон ҳақ-ҳуқуқлари, шахс эркинлиги ғоясини ёқлаб келган бўлса, Берк “умумий эркинлик” т.си инсон табиатига зид экани ва турли халқлар тарихий тар-ёти мобайнида шакл­ланган муайян эркинлик-ларгина чинакам аҳамият ва қиммат касб этишини таъкидлайди. Л. фал.сида индивидуал эркинликлар ижт-й мун-тлар асосини ташкил этувчи муқаддас қадрият сифатида талқин этилса, консерваторлар назарида, шахс манфаатлари ижт-й мун-тлар тизимига бўйсиндирилиши даркор. Зеро, ҳар бир инсон муайян ижт-й қадрият ва манфаатлар тизими доирасида яшайди. Бунда унинг нафақат ижт-й мун-тлари тизимида тутган ўрни, балки шахсиятининг моҳияти ҳам намоён бўлади. Шу маънода, шахс эркинлиги устуворлигининг ёқлаб чиқилиши ёки мутлақлаштирилиши, охир-оқибат инсоннинг ижт-й алоқалар тизимидан узилиб қолишига сабаб бўлади. Консерватив таълимот вакиллари назарида, бу ҳол шахснинг яккалашуви, унинг табиий ҳуқуқ ва эркинликларининг чекланишига олиб келиши мумкин. Дарҳақиқат, XX а.нинг сўнгги  ўн йилликларида аксарият ривожланган мам-тларда инсон табиати ва фаолиятида жузъий ўзгаришлар содир бўлаётгани, хус-н, худпараст­лик аломатлари, ёлғиз яшашга интилаётган одамларнинг тобора кўпайиб бораётгани инобатга олинса, консерватив оқим вакилларининг бу борадаги қарашлари ҳақиқатга яқин эканини тан олиш лозим. Таъкидлаш жоизки, Л. таълимотининг айрим таниқли намояндалари, мас., Алексис де Токвиль консерватизм замиридаги соғлом фикрларни инкор этмаган, аксинча, ривожлантиришга интилган. Унинг қадриятлар ва манфаатлар, ижт-й тар-ётда адолат тамойили ва арис­тократиянинг ўрнига доир қарашлари консерватив ёндашувлардан кескин фарқ қилмайди. Табиийки, консерватизм таълимотининг замонавий талқинларида ҳам либерал ғоя ва қарашлар таъсирини кўриш мумкин. Ғарийб икки юз йил мобайнида ижт-й-иқт-й тенглик ғоясини инкор этиб келган мазкур оқим вакиллари Л. замирида шаклланган умумий сайлов ҳуқуқи, фуқароларнинг ижт-й муҳофазаси, шахс  ҳуқуқ ва эркинликлари тамойилларини бугун тан олишга мажбур. Чунончи, XX а.нинг иккинчи ярмида консерватизм таълимоти замирида пайдо бўлган “янги ўнглар” оқими ҳам эркин бозор иқтисодиёти, ижт-й ва сиёсий эркинликларни ёқлаб чиқмоқда. Ҳатто ўта консерватив қарашлари туфайли “Темир хоним” дея эътироф этилган Буюк Британиянинг собиқ Бош вазири Маргарет Тэтчер Кейнс сиёсий иқтисодиёти, “келишув” анъаналари ҳамда корпоратив ёндашувлардан воз кечиб, давлатни идора этиш ва иқтисодиётни ривожлантиришда монетаризм тамойиллари, либерал ғоя ва қарашларга таяниб фаолият юритгани маълум. Умуман олганда, Л. ва консерватизм таълимотлари ғоявий-мафкуравий, иқт-й ҳамда сиёсий қарашлар н.назарида фарқланса-да, аммо а.лар мобай-нида бири-биридан озиқланиб, бири-бирини  бойитиб келган. Л.нинг яна бир асосий мухолифи — социализм (бу ижт-й-сиёсий таълимот негизида социал-демократик, коммунистик, национал-социа-листик йўналишдаги ўнлаб сўл оқимлар вужудга келган) ўртасидаги фундаментал фарқ давлат ва жам-т ҳамда инсон фаолиятининг барча соҳаларига доир масалаларнинг бир-бирига мутлақо қарама-қарши ёндашувлар асосида талқин этилиши ва ҳал этилишида намоён бўлади. Биринчидан, Л. таълимотининг бир неча а.лик тадрижий тар-ёти натижаси ўлароқ, дунёнинг кўпгина мам-тларида инсон ҳақ-ҳуқуқлари, эркинликлари, манфаат ва эҳтиёжларини таъминлаган давлат, шахс маън-й камолоти, унинг ботиний ва зоҳирий имкониятларини рўёбга чиқарадиган ривожланган фуқаролик жам-ти вужудга келган бўлса, социалистик ғоя ва қарашлар асосига қурилган тоталитар тузумларда (социалистик тизим мам-тлари, нацистлар Германияси, Муссолини Италияси, Франко Испанияси ва ҳ.к.) давлат олий қадрият, инсон эса унга сўзсиз хизмат қиладиган қул, оддий мурват сифатида қараб келинган. Албатта, бундай ғайриинсоний ғояларга таянган тузумларда инсон ҳақ-ҳуқуқи ва манфаатлари, ҳатто ҳаётининг ҳам бир чақалик қиммати бўлмаган. Миллионлаб одамларнинг хуни дарё бўлиб оққан, аҳолининг айрим тоифа ва табақалари қириб юборилган, бир қанча миллатлар ватанидан қувғин этилиб, қатақон қилинган XX а.нинг фожиали тарихи шундан далолатдир. Бинобарин, тоталитар тузум ва диктаторлар ҳокимиятни мустаҳкамлаш учун қурол кучигагина таянмаган, улар ижт-й ҳаётнинг барча соҳаларини назорат қилишга, инсон руҳиятига, умуман оммавий онгга хос муайян хус-ятлардан фойдаланишга интилган. Иккинчидан, Л. таълимоти асосчилари инсон ҳақ-ҳуқуқи ва эркинликлари олий қадрият эканини асослаб берган бўлса, унинг ҳаётини қатъий назорат қилишга уриниш қанчалик даҳшатли оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлигини социалистик ғоя ва мафкура асосига қурилган давлатлар мисолида кўриш мумкин. Учинчидан, Л. хусусий мулк, хусусий манфаатнинг дахлсизлигини ёқлаб чиқади ва мукам-мал қонунлар воситасида унинг ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкам ҳимоя этилишини таъминлайди. Л. наз-ясига кўра, мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи — эркин бозор иқтисодиётининг пойдеворигина бўлиб қолмасдан, шахс ва жам-т фаровонлигининг асоси ҳамдир. Социалистик маъмурий-буйруқбозлик тизимида эса мулк тўлиқ давлат томонидан тасарруф этилади, хусусий мулкчилик эса таг-томири б-н суғуриб ташланади. Иқтисодиётни бошқаришда марказлашган режа-тақсимот тамойиллари ҳукмронлик қилади. Тўртинчидан, Л. таълимоти замирида жам-т иқт-й, ижт-й, сиёсий ва маън-й ҳаётини такомиллашувига хизмат қиладиган турли-туман илмий наз-я ва концепцияларнинг пайдо бўлишига имкон яратилса, социалистик ғояларга асосланган тузумларда яккаю ягона “ҳаққоний” (аслида ўта мавҳум, утопик ва афсонавий қарашлар мажмуасидан иборат бўлган) таълимотга таянилади. Бешинчидан, Л. давлатни идора этиш демократик тамойиллари, хус-н, ҳокимият турли буқинлари ваколатларининг бўлиниши, ш-дек, фуқаролик жам-тини бошқариш мукаммал ин-тларининг шаклланиши ва рив-шига кенг имконият яратса, “социалистик демократия” — давлат, партия ёки номенклатуранинг яккаҳукмронлиги, шахсга сиғиниш, миллатлараро ва гуруҳлараро зиддиятларнинг кучайиши, ахлоқ ҳамда маън-й қадриятлар таназзулининг тимсоли бўлиб қолди. Олтинчидан, Л. қарийб уч а.лик ривожи мобайнида инсониятни тар-ётнинг юксак чўққисига етакловчи, ўзгарувчан, такомиллашиб борадиган таълимот эканини намоён этди. Социализм наз-яси эса ғоявий-мафкуравий ва ижт-й-сиёсий таълимот сифатида давр талабларига дош  бера олмай, инқирозга юз тутди.   Бир сўз б-н айтганда, Л. ва социализм ўртасидаги тарихий муҳораба эркинлик таълимоти фойдасига ҳал бўлди. Шу боис социалистик мафкура, тоталитар тузум исканжасидан қутулиб, ижт-й-иқт-й тар-ёт сари интилаётган барча давлатларда, шу жумладан, Ўз-нда, либерализм фал.си ва сиёсий таълимотига таяниб, жам-т ҳаётининг жамики соҳаларини эркинлаштириш, фуқаролик жам-ти ин-тларини шакллантириш, демократик қадриятларни амалиётга татбиқ этиш сиёсати изчил амалга оширилмоқда.

ЛИРИКА (юн. lyra –қадимги юнонларда рубобга ўхшаган музика асбоби бўлиб, улар шу асбобни чалиб қўшиқ-шеър айтганлар; ана шу қўшиқ ва шеърлар Л. дейилган) — бадиий адабиётнинг эпос, Л., драма деб номланган уч асосий туридан бири. Л. бирор ҳаётий воқеа-ҳодиса таъсирида инсонда туғилган руҳий кечинма, фикр ва туйғулар орқали турмушни акс эттиради. Л.да очиб берилган инсоннинг ички дунёси шу инсоннинг ўзи ҳам, ундаги кайфиятни туғдирган ҳаёт шароитларини ҳам тасаввур қилишга имкон беради. Л. асар, одатда, кичик ҳажмли бўлади. Лекин, шунга қарамай, л. асар ҳам турмушни бадиий, образли акс эттиришнинг барча хусусият ва белгиларига эгадир. Л. асарда конкрет индивидуал кечинмалар орқали типик кечинмалар ифодаланади, бу ҳолат лирик асарда бадиий умумлаштиришни вужудга келтиради; шоир Л.да айрим шахснинг бевосита ҳаётий кечинмасини беради, бу б-н Л. асарда характер ва кечинмани индивидуаллаштиради; шоир Л асарда ёлғиз ўз фикри, ҳис-туйғусинигина эмас, балки типик кечинмаларни ифодалайди, бу эса ўз навбатида бадиий фантазияни талаб этади (бусиз лирик асар шоирнинг фақат шахсий кундалик дафтарига айланар, санъат бўла олмас эди). Демак, бадиий фантазия Л. учун ҳам хос хусусиятдир; шоир воқеликни илғор ижт-й идеаллар нури б-н ёритадиган кечинмалар, фикр ва туйғуларни тараннум этади, натижада Л. асар катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлади. Бинобарин, Л.нинг композицион тузилишида уч таркибий қисм мавжуд бўлади: биринчи қисмда бош фикр ифодаланади, иккинчи қисмда ёрдамчи, янги мотивлар б-н мавзу очилади, учинчи қисмда фикр ва туйғулар доираси тугалланади, якунланади. Буни хотима қисми дейдилар. Хотимада фикрлар, туйғулар аниқланиб, ўткирланиб, мужассам бир тус олади. Масалан, Ҳамид Олимжоннинг “Ўрик гуллаганда” шеъридаги бош фикр, асосий мотив қуйидаги гўзал мисраларда ёрқин ифодаланган: Мана сенга олам-олам гул, // Этагингга сиққанича ол. // Бунда толе ҳар нарсадан мўл, // То ўлгунча шу ўлкада қол. Шеърий шакл Л.нинг характерли хусусияти бўлиб, у кишининг ҳис-туйғуга тўла ҳаяжонли нутқини таъсирлироқ ифодалашга қўл келади. Шеърий шакл Л.да оҳангдорлик ва мусиқийликни вужудга келтиради. Бинобарин, Л. асар, гўё ўқиш учун эмас, балки фақат куйлаш учун яратилгандай туюлади. Л.нинг энг қадимги турларидан бири — халқ қўшиғи, ашула ва лапарлардир. Шарқ классик Л.си, жумладан, ўзбек классик Л.си ғазал, қасида, мурабба, мухаммас, мусаддас, рубоий, қитъа каби жанрлардан иборат бўлган. Ҳозир Л. шеърни унинг асосий мазмунига қараб, сиёсий ёки гражданлик Л.си, фалсафий Л., интим (шахсий) Л., табиат ё пейзаж Л.си каби жанрларга ажратадилар. Лекин, уларнинг ҳаммасида ҳам инсон ҳаёти, муҳаббатига ва нафрати, севинч ва изтироби ўзининг Л. ифодасини топади. Чунки ҳар қандай бадиий асарнинг марказида инсон ва унинг ҳаётий кураши, жамият ва табиат ҳодисаларига маън-й, маър-й муносабати асосий объект бўлиб туради. Инсонинг хилма-хил ҳаёт ҳодисаларига ва табиатга муносабатидан ранг-баранг Л. лавҳалар, ҳаёт поэзиясининг қаламга олинган турли-туман лирик кўриниши намоён бўлади. Чунончи, инсоннинг ижт-й ҳодисаларга муносабати гражданлик Л.сида, табиатга қараши — пейзаж Л.сида акс этади в.ҳ.

ЛОТИН АЛИФБОСИ — кенг маънода: инсон, шахс дунёқарашини, билим ва кўникмалари, тажрибаларини ёзма баён қилиш усули. Қад. Римда унча катта бўлмаган Лаций вилоятининг (“лотин” сўзи ҳам шундан), хусусан, унинг маркази шаҳрининг ёзуви, ҳарфий ёзув; ғарбий юнон ёзуви асосида пайдо бўлган. Мил. ав. IX-VIII а.ларда ҳоз. Италия ҳудудига кириб келган алифболи юнон ёзуви аста-секин ривожланиб, фақат мил. ав. III-IV а.лардагина мустақил Л.а. юзага келган. Ушбу ёзувдаги энг қад. ёдгорликларда (мил. ав. 6–4 -а.лар) ёзув йўналиши ҳам ўнгдан чапга, ҳам чапдан ўнгга бўлган, мил. ав. 4-а.дан кейингина чапдан ўнгга қараб ёзиш барқарорлашган. Бу даврдаги ёзувда тиниш белгилари бўлмаган, ҳарфлар бош (катта) ва кичик ҳарфларга ажратилмаган. Л.а.да дастлаб 20 та ҳарф бўлган, мил. ав. I а.дан бошлаб юнон тилидан кирган сўзларни ёзиш учун V, Z ҳарфлари қўллана бошлаган. Ушбу алифбо ўрта асрларда кўплаб шакл ўзгаришларига учраган ҳолда ривожланишда давом этади. XI а.да W ҳарфи, XVI а.да X ва V ҳарфлари алифбога киритилади. Кейинги ривожланиш даврида, китоб босиш ишлари йўлга қўйилганидан кейин тиниш белгилари, диакритик белгилар пайдо бўлди, бош ва кичик ҳарфлар фарқлана бошланди. Ҳоз. Л.а. 2 хил типографик шаклга эга: асл лотин ҳарфлари (иккинчи номи — «антиква») ва гот ёзуви («фрактура» деб ҳам аталади). Уларнинг биринчиси, яъни лотин ҳарфлари энг қад. алифбога яқин бўлиб, ҳоз. амалиёт-да, асосан, ана шу ҳарфлардан фойдаланилади. Рим империяси қулагач, хусусан, 8-а.дан эътиборан Л.а. Ғарбий Европадаги кўплаб халқларнинг ёзув тизимлари учун асос бўлди. Ҳоз. даврда дунё тилларининг 30-35% и Л.а.дан фойдаланади. Ўзбекистонда ҳам 1929-40 йилларда шу алифбо асосидаги ўзб. ёзуви амалда бўлган. Миллий ёзув тизимлари Л.а.га асосланган халқларнинг алифболаридаги ҳарфлар таркиби, албатта, қад. Л.а.дан фарқ қилади. Л.а.нинг тегишли фонетик тазимларга мослашуви диакритик белгиларни киритиш орқали амалга оширилади.

ЛОҚАЙДЛИК – инсон, жам-т, миллат ишига бепарво ва совуққонлик б-н ёндашиш, мун-тда бўлишни ифодаловчи маън-й иллат.  Муайян кишининг  гоҳида ўз ҳаётига, ўзгалар фаолиятига, атрофда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга бефарқлиги ва лоқайдлигини англатувчи т.. Ҳаётий позициянинг аниқ эмаслиги, долзарб вазифалардан ўзини олиб қочиш, эл-юрт, жам-т ва миллат ташвишларидан четда туриш Л. белгиларидир. Президентимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида қайд этилгани каби, “Темур тузуклари”даги “Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир», деган сўзлар бугунги кунда ҳам маънавий жиҳатдан нақадар долзарб аҳамиятга эга экани барчамизга аён. Барчамизга аён бўлиши керакки, қаердаки бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади. Ва аксинча — қаерда ҳушёрлик ва жонкуярлик, юксак ақл-идрок ва тафаккур ҳукмрон бўлса, ўша ерда маънавият қудратли кучга айланади. Шу маънода, инсоннинг маънавияти юксалиши билан унинг иродаси ҳам кучайиб боради, десак, янглишмаган бўламиз. Ирода бу аслида мустаҳкам ишонч демакдир. Иродаси бақувват одам ўзига ишонади ва ҳар қандай мураккаб вазифани ҳам ўз зиммасига олишдан қўрқмайди. Шунинг учун ҳам юксак иродали инсонга суяниш мумкин. Бундай кишилар бошингизга бирор-бир ташвиш ёки муаммо тушгудек бўлса, лоқайд қараб туролмайди. Ҳеч иккиланмасдан, ёнингизда туриб, қўлидан келганча ёрдам беришга, қийинчиликларни сиз билан биргаликда енгишга ҳаракат қилади. Лекин бировнинг ҳаётига, ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бетараф ва бепарво қараб, шунчаки кузатувчи бўлиб яшайдиган одамдан қўрқиш керак. Улардан ҳеч қачон яхшилик чиқмайди. Чунки уларда на иймон, на ирода бўлади. Улар ҳатто ўз халқи ва Ватани тақдирига ҳам бамисоли бегона одамдек қарайди. Азалдан маълумки, бепарво одам душмандан ҳам хавфлироқдир. Чунки душманнинг кимлиги, асл қиёфаси сиз учун олдиндан маълум бўлади. Бироқ лоқайд ва бепарво одамнинг қиёфасини бирданига билиб бўлмайди. Шунинг учун у ичингизда юриб, сизга қарши тиш қайрайдиган душманлар учун имконият яратиб беради.  Л.ка қарши кураш, замон даъватларига ҳозиржавоб ва давр б-н ҳамнафас, маънан баркамол кишиларни тарбиялаш бу соҳадаги долзарб вазифадир.

ЛЎТТИБОЗЛИК – 1) Қуръонда зикр этилган пайғамбар – Лут (а.с.) қавмининг қилиқларига тегишли одатлар, бола ўйнатувчи, баччабоз; 2) ҳоз. маънода бачканалик, шум, айёрлик, маҳмаданалик; 3) кўчма маънода – фирибгар, ҳийлагар, алдоқчи, найрангбоз маъноларини англатувчи т.. Л. аслида “лутийбозлик” сўзидан ўзлашган. Л. бадиий адабиётда салбий тавсифланади. Л. адабиёт, психология, этика ва эстетика фанларининг  предметидир. Мазкур категориянинг зидди ростгўйлик, соддалик, одоблилик, ахлоқий комиллик ва ҳ.к. Л.ни ўзига касб қилиб олган одамлар ишончсиз, зарур вақтида ёрдамга келмайдиган, ижт-й ҳаётда қалб амри б-н яшамай, аксинча нафс майлларига қулоқ тутадиган кишилар тоифасидир. Л. иллатини йўқотиш фақат инсонларнинг ўзига боғлиқ. Л. қиладиган кишилар жам-тда мустақил фикри йўқ, маҳмадана, хатти-ҳаракати бачкана қилиқлардан иборат кимсалардир. Л. феълига эга инсонлар жам-тда муҳим, тартиб-интизомли, масъулиятли жойларга қўйилмайдилар. Улар табиий сараланиш орқали сурилиб қоладилар. Қаерда қалб ва ақл муштараклиги, иймон-ишонч йўқолиб борса, ўша ерда Л. бошланади. Л.нинг давоси тартиб-интизом, таълим-тарбиядир.  Абдураҳмон Жомий таъкидлагани каби, “Кўм-кўк бу найрангбоз осмон остида // Бўлсанг ҳар кимсани синаш қасдида, // Ғарқ бўлма сўзларинг ҳусн, жамолига. // Нечукдир, назар сол ишин ҳолига…”

М1