Р

Радикализм (лот. radix — илдиз) — сиёсий тузум ва ижт-й ин-тларни тубдан ўзгартиришга қаратилган ғоя ва ҳаракатларни ифодаловчи сиёсий, диний оқим. Р. умумэътироф этилган анъаналарга бутунлай зид мун-тда бўлиб, кескин ҳаракатларни ёқлаб чиқади. Тарихда бу атама мўътадил ислоҳотлар тарафдорларига нисбатан ҳам қўлланган. Мас., Буюк Британияда (1832) “Ислоҳотлар тўғрисидаги Билл”нинг мухолифларига нисбатан Р. атамаси қўлланган. Кейинроқ эса утилитаризм асосчиларидан И.Бентам ва унинг издошлари  “фал-й радикаллар”, деб аталди. Ҳозир бир қатор сўл сиёсий партияларга нисбатан ҳам Р. т.си қўлланилади. Ўрта а.лар сўнгида ва Янги давр бошида Р. демократия шиорлари б-н чиқди. Унинг тарафдорлари (Локк, Руссо ва б.) нотабиий ижт-й мун-тлар ва шароитларни радикал тарзда оқилона тартиблар б-н алмаштириш ғоясини олға сурдилар. Анархистлар эса жам-тдаги ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идораларнинг ортиқчалиги, инсон эркини тубдан кенгайтириш лозимлигини ёқлаб чиқдилар. Уларнинг ғоявий раҳнамоси У.Годвин инсон ақл-заковат ва эркинлик рамзидир, ш.у. унинг эркини  чеклаш керак эмас, деган ғояни илгари сурди. Ҳоз. давр Р.га хос бўлган хус-ятлардан бири ижт-й ҳаётнинг ҳам наз-й, ҳам амалий муаммоларини ҳал қилишда зўрлик усулидан фойдаланишга мойилликдир. Тинч йўл б-н ҳал қилиш мумкин бўлган оддий муаммоларни ечишда ҳам улар куч, зўравонлик воситасида ҳал этишга интилади. Тарихнинг бурилиш нуқталарида, танглик юз берган ҳолатларда Р. авж олади. Ҳоз. Р. экстремизмнинг наз-й манбаи бўлиб, ижт-й муаммоларни ҳал қилишда зўрлик усуллари ва воситаларидан фойдаланади. Ҳоз. пайтда радикал кайфиятлар ва қарашлар ақлий меҳнат б-н шуғулланувчилар орасида, люмпенлашув кучайган мам-тларда кўпроқ кузатилади. XX а.да юз берган  илмий-техник тар-ёт туфайли ақлий меҳнат вакиллари миқдорининг кескин ошиши ҳар доим ҳам уларнинг моддий турмуш даражасининг кўтарилиши ва ижт-й мавқеининг ортиши б-н бирга кечмайди. Айниқса, ижт-й инқироз ва танглик даврларида зиёлиларнинг люмпенлашуви кучаяди. Бу эса улар орасида радикал кайфиятнинг aвж олишига сабаб бўлади. Тарихий тар-ёт шундан гувоҳлик берадики, радикаллар ҳокимият тепасига келган тақдирда ҳам уларнинг ҳукмронлиги узоқ давом этмайди. Етмиш йилдан ортиқроқ ҳукмронликдан кейин большевиклар тарих саҳнасидан улоқтириб ташланди. Собиқ шўролар тузуми ўрнида ташкил топган мустақил давлатлар ҳудудида рив-шнинг дастлабки босқичида радикал оқимлар пайдо бўла бошлади. Бу оқимлар  баъзи мам-тларда фуқаролар урушини келтирeб чиқарди. Унинг кўпчилигида сиёсий Р. диний ниқоб остида намоён бўлди.  Улар ислом давлати қуриш, халифаликни қайта тиклаш шиорлари б-н чиқиб, жам-тнинг сиёсий, ижт-й-иқт-й ва маън-й-маър-й ривожини тўхтатишга, бу жараённи ортга – ўрта а.ларга қайтаришга интилаётгани ўта хатарлидир. Диний ақидапарастлик ҳам Р.нинг бир кўриниши ҳисобланади. Диний Р.нинг мазмун-моҳияти Р.нинг бошқа кўринишлари каби ўзига мос келмайдиган бошқа ҳар қандай оқим ва қарашларга нисбатан муросасизликда, жам-т тар-ётига зид, ғайриинсоний ғоя ва қарашларни илгари суришда намоён бўлади.

РАМАЗОН (араб. рамиз(д)а — қийинчиликни енгиш) — 1) ҳижрий йил ҳисобининг тўққизинчи ойи, Аллоҳ Муҳаммад (С.А.В.)га Қуръонни ваҳий қилиб, Жаброил (а.с.) орқали нозил этган;  2) Р. ойида болалар шу номда шеърлар тўқиб эшикма-эшик, уйма-уй юриб айтадилар. 3) Р. ойида туғилган эркаклар исми.   Шунинг учун бу ой муқаддас ой ҳисобланиб, бир ой давомида рўза тутиш буюрилган. Р. ойида мусулмон халқлари маънавиятига кўра халқ, миллат, шахслар орасидаги ҳар қандай низо, келишмовчиликлар, уруш-жанжаллар тўхтатилган. Кишилар орасида аввалдан мавжуд қарама-қаршиликлар Р. ойида ярашув б-н барҳам топиши савобли иш эканлиги исломда кенг талқин этилади. Бундан ташқари, Р. ойида тутиладиган рўза инсонга ҳам жисмоний, ҳам маънавий фойдалилиги масаласига динда катта аҳамият қаратилади. Рўза (форс. кундузги иш, савм, бирор нарсадан ўзини тийиш) — ислом динида фарз бўлган учинчи рукн бўлиб, ҳар йили Р. ойида бир ой давомида эрта саҳардан шомгача ҳеч қандай овқат емаслик, ичмаслик, чўмилмаслик, чекмаслик, жинсий алоқа қилмаслик талаб этилади. Шунингдек, рўза тутмаслик касал, ҳомиладор, эмизикли, сафарда юрганларга кейин қазосини адо этиш эвазига рухсат берилган. Рўза давомида инсон жисмоний иллатлардан тозаланиш б-н бирга маънавий жиҳатдан покланишга эришиши, аҳлоқсиз муносабатлардан тийилиши лозимлиги илоҳий талаблар сифатида талқин қилинади. Шу ва бошқа жиҳатларига кўра рўза маънавиятга ўз ҳиссасини қўша олувчи диний урф-одатлардан ҳисобланади. Рўзанинг фарз, вожиб, нафл, макруҳ турлари мавжуд. Ўзбекистонда Р. ойининг сўнгги куни миллий байрам сифатида нишонланади.

Рационализм (лот. rationalis, ratio – ақл) – ақл инсоннинг билиши ва хулқининг асоси, деб қарайдиган фал-й йўналиш. Р. атамаси XIX а. ўрталарида фал.га кириб келди. Р. анъаналари қад. юнон файласуфларига бориб тақалади. Мас., Парменид билимни ақл воситасида олинган “ҳақиқий” билимга ва сезгилар орқали олинган билимларга ажратди; ақлни ҳақиқатнинг мезони сифатида талқин этади. Янги давр табиатшунослигининг тар-ёти натижасида Р. гносеологик қарашлар таркибига кирди. XVII-XVIII а. мумтоз Р. ўрта а. схоластикаси ва диний догматизмга зид равишда (Декарт, Спиноза, Лейбниц) бутун оламнинг сабабий боғланганлиги ғоясини илгари суради. XVII-XVIII а. Р. инсоннинг фаолияти ва билишда ақлнинг бирламчилиги ғоясини илгари суриши б-н жам-тнинг мафкурасига айланди. Ақлни улуғлаш, мадҳ этиш тенденцияси XVIII а. франц. материалистларига (Ламетри, Гельвеций, Дидро, Гольбах) ҳам хос эди. Р. сенсуализмга қарама-қарши ҳолда ҳақиқий илмий билим, ҳақиқатнинг асоси ва мезони сифатида намоён бўладиган ақл орқали ҳосил қилиш мумкин, деб ҳисоблайди. Р. илмий билишнинг ягона асосини ақлда деб билади ва бундан ҳиссиётлардан холи (Лейбниц) фикрлаш қобилияти ёки туғма ғоялар (Декарт) мавжудлигини таъкидлайди. Дунёни билишда ҳиссий идрок ролининг инкор этилиши объектив реалликни билишда фикрлар тарқоқлигига олиб келди. Мас., XVIII а. яшаб ижод этган кўплаб рационалистлар оламнинг моҳияти ёки ибтидосини билиш мумкин эмаслигини (Кантнинг “нарса ўзида”сини) тан олган. Билиш жараёни (Гегелдаги каби) ақлнинг ўз-ўзини билишга қаратилиши, объектив оламнинг рив-ши эса соф мантиқий, рационалистик жараён сифатида талқин этилади. XIX-XX а. Ғарб фал.сида ақлнинг чексиз кучига бўлган ишонч сусайиб (позитивизм, неопозитивизм ва б.), инсоннинг ҳеч нарса б-н чекланмаган ақлий фаолияти ва ақлнинг куч-қудрати каби идеалларни ҳимоя қилувчи мумтоз Р. кескин танқид қилинди. Бу танқид иррационализм (фрейдизм, интуитивизм, прагматизм ва экзистенциализм) томонидан ҳамда “чекланган” Р. руҳида олиб борилди. Кейинги вақтда объектив оламни билишда ақлий ва ҳиссий билишнинг яхлит диалектик жараён сифатида тан олиш, бу жараённи таҳлил қилишда Р. ва сенсуализм ўртасидаги зиддиятларни ҳал этишга уринишлар кўзга ташланмоқда.

РАҲБАР, раҳбарлик, раҳбарият (форс. йўлбошчи) – ўз фаолияти соҳасида юксак кўрсаткичларга (натижаларга) эришган (В.Парето); харизматик (М.Вебер); бошқалардан интеллектуал ва ахлоқий жиҳатдан устун бўлган (Дюверже); сиёсий муносабатларда энг фаол, ҳокимият учун интилаётган (Миллс); жамиятнинг ташкиллашган озчилиги (Г.Моска); биологик ва ирсий келиб чиқиши сабабли жамиятда юқори даражага эришган (Ницше); жамиятда юксак даражани эгаллагани боис ижтимоий тараққиётга таъсир этувчи  (Дюпре); жамиятда юқори мақом ва кўпроқ обрў-эътиборга эга бўлган кишилар; Мутахассисларнинг фикрича, раҳбарлик ташкилот расман мавжуд жойда қарор топади, лидерлик эса психологик муносабатлар асосида вужудга келади. Раҳбарлик лидерликдан қонуний ўлчовларга эгалиги, расмий ташкилот билан юзага келиши, ҳуқуқ асосида функцияга киришуви билан фарқ қилади. Раҳбар ижтимоий назорат ва ҳокимият воситачиси бўлса, лидер гуруҳга бирлашган субъектлар меъёр ва мақсадларининг фавқулодда юзага чиқиши билан боғлиқ психологик муносабатлар ҳосиласидир. Раҳбарнинг фаолияти ҳуқуқий меъёрлар билан таъминланади, лидернинг фаолияти эса ҳамкорликдаги алоқалар ва муносабатларнинг маънавий-руҳий меъёрлари билан кафолатланади. Икки ёки ундан ортиқ шахсларнинг муайян мақсад йўлида бирлашуви ёки бирлаштирилиши гуруҳни ташкил этади. Гуруҳ мавжуд жойда эса раҳбар фаолият кўрсатади. Жамият ичида энг кичик гуруҳ сифатида оилани олсак, унинг таркибида албатта раҳнамо ва эргашувчилар мавжуд. Оила раҳбари унинг тараққиёт йўналиши, мақсад ва режаларини белгиловчи ҳамда мувофиқлаштирувчи асосий шахсдир. Шунингдек, оилани бошқариш, тартибга солиш, таъминлаш чораларини кўриш каби турли-туман муаммолар унинг зиммасида бўлади. Булар раҳбарнинг қандай шахс экани, оила муаммоларини қай даражада англай олиши, дунёқараши, тафаккури қобилияти, тадбиркорлиги каби қатор хусусиятларига боғлиқки, раҳбар шахсиятини таҳлил қилиш, уни танлаш ва баҳолашни алоҳида тадқиқ этиш раҳбаршуносликнинг муҳим тадқиқот объекти сифатида майдонга чиқади. Шунингдек, таълим-тарбия берувчи, йўл-йўриқ кўрсатувчи, устоз ёки илмий фаолиятда мураббий, дин-илоҳиёт билан боғлиқ фаолиятда муршид шахсларга нисбатан ҳам раҳбар атамасидан фойдаланилади. Раҳбарлик ҳар қандай гуруҳ ёки ташкилотда умумий ва чекланган мақсад, вазифалар олдидаги масъулиятдир. Раҳбарлик деганда раҳбар томонидан амалга оширилган ва оширилаётган ҳамда амалга оширилиши кўзда тутилган фаолият, хатти-ҳаракатлар назарда тутилади. Шунга кўра, раҳбарлик бошқарувнинг асосий мазмунини ташкил этади. Бошқарувнинг инсониятга маълум учта асосий тури мавжуд: инсон ақл-заковати ёрдамида асрлар давомида тартиблаштирилиб, маданий анъаналарга сингдирилган, яъни, табиийлаштирилган, ёзилмаган қонун-қоидалар ёрдамидаги бошқарув; бевосита тайинланган масъул шахслар ёрдамидаги бошқарув; қонунлар, қўлланмалар, қоидалар каби ёзма, ҳужжатлар ёрдамидаги бошқарув. Ҳозирги вақтда раҳбарликка фақат касбий фаолият сифатида қараш анъанаси кучайган ва у мансабдор ҳамда мансабдорликни ўрганиш соҳаси сифатида ихтисослашган. Сўнгги йилларда мазкур соҳа мутахассислари узоқ тортишувлардан сўнг ушбу тушунчаларни “мансабдор шахс ва бошқарув функциясини бажарувчи шахс” тарзида талқин қилмоқда. Раҳбарият – бошқарув тизими асосида фаолият кўрсатувчи, энг кичик, кўп тармоқли ташкилот ва уюшмалардан тортиб, давлат ва жамият доирасида йирик тузилмаларгача барча идораларга хос раҳбарлардан иборат яхлит гуруҳни ифодалайди. Унда раҳбар ва раҳбариятдан фарқли равишда бир-бирига бўйсунувчи ёки параллел иш олиб борувчи тармоқлар ва уларни бирлаштирувчи тузилмалар фаолияти асосий масала бўлиб, қўпчилик шахслардан ташкил топган бундай тизимда бир кишининг эмас, бутун бир тузилманинг хусусиятлари ҳамда фаолияти бош масала ҳисобланади. Раҳбарият гуруҳлашган идоранинг ташкилий тузилиши билан бирга, мақсадга кўра тармоқланиш хусусиятлари, ишлаш жараёни, принциплари ва қонуниятлари соҳалар бўйича алоқадорлиги ҳамда мувофиқлиги, шарт-шароитлари ва бошқа шу каби масалаларни қамраб олади. Раҳбарият масалаларини тадқиқ этиш бугунги кунда, асосан, давлат бошқаруви, персонал бошқаруви, давлат хизмати ва унинг тармоғи бўлган хизмат ҳуқуқи фанлари доирасида амалга оширилади. Лекин раҳбарият қандай ва қанча тармоққа бўлинмасин, ягона тизим бўлганлиги туфайли унинг маълум қонуниятлар, методлар ва принципларга асосланган мақсад ва вазифалари ҳам мавжуддир. Уларни ўрганиш, таҳлил этиш, баҳолаш, тадқиқ этишнинг ўзи яхлит йўналишдир. Ана шуларга кўра, раҳбариятнинг моҳиятини ҳар томонлама ўрганиш раҳбаршунослик доирасида амалга ошириладиган иш ҳисобланади. Раҳбаршунослик раҳбар, раҳбарият, раҳбарлик билан боғлиқ масалаларни тадқиқ этувчи фаннинг ўзига хос йўналишидир. Унинг диққат марказида: 1) бевосита ёки билвосита раҳбаршуносликка доир тарихий, замонавий ёзма манбалар, уларнинг ижодкорлари, раҳбаршунослик билан боғлиқ тарихий ва замонавий воқеа-ҳодисалар, амалий жараёнлар, раҳбаршунослик объектларининг ўзига хос хусусиятларини ўрганиш; 2) фан ва амалий жараёндаги масалаларни бир бутунликда олиб, уларнинг ривожланиш шарт-шароитлари, асослари, йўналишлари, татбиқ этиш объекти, вазифалари ва бошқаларни илмий текшириш, мувофиқлаштириш ва қиёсий таҳлил қилиш; 3) соҳага оид қонуниятларни кашф қилиш ва тараққий эттириш, шу мақсадда муайян давр ҳамда келажак учун муҳим ҳулосалар тақдим этишни тизимлаштириш каби масалалар туради. Раҳбаршунослик фанининг бош вазифаси ўз объектларига доир барча масалаларни илмий, амалий ва назарий жиҳатдан теран ўрганиш воситасида:  жамият тараққиёти учун хизмат қиладиган муҳим хулосалар тақдим этиш; эришилган натижаларнинг аҳамияти, татбиқ этиш даври, ўрни ва мақсадларини аниқлаган ҳолда қўллаш учун тавсиялар, дастурлар, тизимлар, функционал механизмларни тақдим этиш, жамиятга хизмат кўрсатиш самарадорлигини асослаш; амалий жараёнларда бошқарувни замонавий билимлар билан қуроллантириб бориш; раҳбар ходимлар учун вужудга келиши мумкин бўлган янги шарт-шароит ҳамда вазиятда зарур хусусиятлар, тартиблар, қоидалар ва бошқа талабларни башорат қилиш, энг илғор сифатлар, самарали фаолият шакллари, ташкилий механизмлар ҳамда услубларни ишлаб чиқиш ва жорий этишдан иборат. Раҳбаршунослик фанининг ижтимоий аҳамияти шундан иборатки, унинг объектлари жамият ва унинг фаолияти, халқ турмуш тарзи ва тараққиёт ўртасида боғловчи бўғин ҳисобланади. Р. ҳар қандай ижтимоий гуруҳда тараққиётга интилишнинг сиёсий жиҳатдан стратегик, тактик йўналишларини, ҳуқуқий жиҳатдан фаолият имкониятлари ва чегараларини, иқтисодий жиҳатдан шарт-шароитлари, моддий асослари ва маҳсулотларини, маънавий жиҳатдан эса тарбиявий, маърифий ва маданий даражасини шакллантиришда етакчи ўрин тутади. Бу эса Р.дан юксак ақл-заковат, кенг дунёқараш раҳбаршунослик фани доирасида эришилган барча ютуқлардан, замонавий маълумотлардан хабардор бўлишни талаб этади. Акс ҳолда гуруҳ, ташкилот, жамият, давлат фаолиятида жуда чалкаш, ечимини топиш қийин, салбий вазиятларни келтириб чиқарувчи мураккабликлар авж олиб кетиши мумкин. Чунки бошқарувда Р.нинг ҳуқуқий меъёрларга таянган, теран социологик ва психологик таҳлиллар асосида ишлаб чиқилган, яқин ва узоқ даврларга мўлжалланган аниқ стратегик йўналишга эга бўлмаслиги жамиятнинг тартибсиз бошқарилиши оқибатида ечимини топмаган муаммоларнинг кескин кўпайишига ва жамиятдаги турли тоифаларнинг норозилигига олиб келади. Шу маънода Р. раҳбаршуносликнинг алоҳида фан сифатида ўрганилиши ташкилот, жамиятнинг тараққиёт сари тез ва илғор ғоялар асосида илгарилашига катта таъсир кўрсатади ҳамда юқорида зикр этилган муаммоларни англаш ва ўз вақтида ҳал этишга, демакки Р. фаолиятининг изчиллиги, сифат ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

РАҲБАР МАДАНИЯТИ – раҳбар ходимлар, етакчилар, йўлбошчиларга хос маънавий қиёфа, ахлоқ-одоб, муомала ва бошқарув маданиятини ифодаловчи сўз бирикмаси. Маданият, аввало, маънавий бойлик ҳосиласи. Сиёсий маданияти юксак раҳбар миллат, давлат, халқ манфаати нуқтаи назаридан иш тутади, умумманфаатни ўз шахсий эҳтиёж ва манфаатларидан устун қўяди. Раҳбар ва раҳбарликка даъвогар шахс алоҳида хулқ-атворга, маънавият ва маданиятга эга бўлиши, уни доимий  равишда такомиллаштириб бориши лозим. Бунинг учун сиёсий ҳаётдан хабардор бўлиш ёки иқтисодий ва касбий билимларни ўзлаштиришнинг ўзигина кифоя қилмайди. Улар жаҳон тажрибалари асосида шаклланган илғор бошқарув малакаларини ҳам ўзлаштирган бўлишлари керак. Бугунги раҳбар бунга зиммасидаги вазифаларга юксак масъулият билан ёндашиш, ўзига нисбатан талабчанлик орқали эришади. Мас., у ҳар куни газета-журналлар ўқиши, радио ва ойнаи жаҳон янгиликларидан хабардор бўлиш орқали ҳам маълум даражада билим олиши мумкин. Сиёсат, иқтисодиёт ва маънавиятга дахлдор китобларни, мумтоз адабиёт, тарихий жараёнларни чуқур мушоҳада қилиш ҳам унинг дунёқарашини кенгайтиради. Агар ақл-заковвати, тафаккури, маънавий камолоти, маданияти билан раҳбар мустақил фикрлашдан, мушоҳада қилишдан, кундалик воқеа-ҳодисаларни теран таҳлил этиб боришдан узоқлашса, раҳбарлик талаб этган маънавиятдан узоқлашиб боради. Раҳбар ўзининг маънавий фаолиятини фикрлаш орқали шакллантириб боради. Мушоҳада эса мушоҳададан қувват олади. Америкалик машҳур олим ва ихтирочи Томас Эдисон «Тараққиётнинг буюк вазифаси одамни фикрлашга ўргатишдир», деган эди. Вужуд ялқовлиги фикрлаш ялқовлигидан бошланади, фикрлаш тўхтаган жойда раҳбарнинг маънавияти ҳам, маданияти хам заифлашиб боради. Раҳбар маънавият ва маданиятнинг куч-қудратидан эзгу мақсадлар йўлида самарали фойдаланиши, бошқарув тизимидаги ижтимоий муносабатларни инсонпарварлик ғоялари асосида ривожлантириб бориш даркор. Раҳбарнинг танқиди одамларга катта ва асосий таъсир кўрсатувчи воситадир. Шунинг учун ҳам уни керакли вазиятда ниҳоятда эҳтиёткорлик билан ишлатиш керак. Зеро, раҳбарлик услуби бошқариш маданиятининг маълум элементларига эга бўлишни тақозо этади. Бошқариш  маданиятининг кўринишлари тегишли меъёрлар билан белгиланадиган маданият қоидаларини ўз ичига олади. Раҳбарлар билан оддий одамлар ўртасида  муносабатлар маданиятлилик қоидаларига асосланмоғи керак. Бу қоидалар ижтимоий бурчни юксак даражада англаш, кишилар ўртасида инсонпарварлик муносабатлари, ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва биродарлик кабилардан иборат. Раҳбарлик маданиятини такомиллаштириш унинг барча элементларига эътиборни кучайтириш демакдир. Буларнинг барчаси раҳбар маданий савиясининг ўсиб боришига ва сиёсий маданиятининг такомиллашувига катта ёрдам беради. Чунки чекланган тафаккур, чала билим, паст маданият билан дунёда рўй бераётган мураккаб жараёнларни теран англаш, масъулиятли вазифа ва мансабни эгаллаб бўлмайди. Бинобарин, демократик асосда шаклланиб бораётган жамиятимиз талаби шуки, сиёсий етук, ақлан ва маънан баркамол, пухта билимга эга бўлган теран тафаккурли кишиларгина раҳбар бўлишга ҳақлидирлар.

РАҲБАР МАСЪУЛИЯТИ – раҳбар маданиятининг асосий белгиларидан бири бўлиб, унинг маълум соҳага жавобгарлигини ифода этади. У алоҳида шахс, ходим масъулиятидан фарқ қилиб, кўлами кенглиги билан ажралиб туради. Шу боис, раҳбар масъулияти ҳамиша муҳим саналган. Масъулият, аввало, ҳар бир кишининг виждони, иймони, қолаверса, жамоа, жамият, Ватан, миллат олдидаги бурчини теран англашдир. Умуман, масъулият раҳбарнинг зиммасидаги вазифасига нисбатан жавобгарлик туйғусидир. Масъулиятли раҳбар, энг аввало, ўзига, ўзгаларга нисбатан талабчан бўлади. Раҳбар фаолиятидаги барча салбий ҳодисалар масъулият ҳиссининг сустлигидан келиб чиқади. Масъулиятсизликнинг энг салбий кўриниши сиёсий масъулиятсизликдир. Сиёсий масъулиятсизлик – сиёсий калтабинлик, сафсатабозлик, найрангбозлик, қаллоблик каби хунук иллатларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Бинобарин, раҳбарлик лавозимидаги кишидан юксак онг ва тафаккур, ҳушёр идрок талаб этилади. Тарихий тафаккур ва сиёсий онгнинг қай даражада шаклланиши эса, аввало, жамиятнинг тараққиёти, ундаги ички ва ташқи шарт-шароитларга боғлиқ ҳолда кечади. Бугунги кунда раҳбар кадрлар олдига қўйилаётган, қолаверса, ҳаёт тақозо этаётган асосий вазифалар  қуйидагилардан иборат: 1. Раҳбар кўнгли очиқ, қалби ва кўнгли тоза, ақл-заковат соҳиби, маънавий жиҳатдан шаклланган бўлиши керак. 2. Раҳбар ўзини тарбия қилган, ишонч билдириб, юксак мартабага муносиб кўрган эл-юртига ҳалол хизмат қилиши, зиммасидаги масъулиятни ҳис этиб яшамоғи лозим. 3. Раҳбар ақлли, тажрибали, ўз ишининг билимдони бўлган мутахассисларга таянмоғи, уларнинг фикрига қулоқ солмоғи, шунга асосланиб хулоса чиқармоғи керак. Унинг қуйи поғонадаги раҳбар кадрларни тўғри танлаш ва тарбиялаши жуда муҳим. 4. Раҳбарнинг барча ишлари халқ ҳаётига ижобий таъсир кўрсатмоғи шарт. Кимларгадир яхши кўриниш,  мақтаниш учун қилинган иш раҳбарнинг келгусидаги фаолиятида салбий из қолдириши мумкин. 5. Раҳбарда халқи ва Ватанига фидойилик, ташаббускорлик, қатъият ва талабчанлик бўлмоғи шарт. Талабчанликни зўровонликка, қатъиятни манманликка айлантириш ўта калтабинликдир. Манманлик, зўравонлик, ўзгалар фикрига қулоқ солмаслик раҳбар кадрларни яхши мутахассислар, меҳнаткаш, содда ва самимий одамлардан узоқлаштириб қўяди. Раҳбарнинг қўл остидаги ходим ва мутахассисларни кўпчилик олдида шахсига тегиб, ҳақоратлаши унинг ожизлиги, ўз вазифасига нолойиқлиги аломатидир. 6. Раҳбар ҳеч қачон майда гаплар, фисқу фасод, маишатбозликка берилмаслиги керак. 7. Катта раҳбарларнинг кичик раҳбарларни маҳаллийчилик, ошна-оғайничилик, шахсий садоқатига қараб танлаши ўта калтабинлик. Айниқса, янги раҳбар ўзидан олдин фаолият кўрсатган раҳбар даврида ишлаган яхши мутахассисларни ишдан бўшатиши, ўзига рақиб билиши ачинарли ҳол бўлиб, бу умумдавлат манфаатига жиддий зарар етказади. 8. Раҳбар мақтовдан боши айланиб, «доҳий»лик касалига чалиниб қолмаслиги керак. Бундай раҳбарлар атрофида фақат ўз манфаатини ўйловчи «маслаҳатгўйлар», амалпараст, лаганбардор, порахўр, оддий одамларга зуғум ўтказувчи кимсалар тўпланиб қолади.  Бунинг оқибатида эса халқ ва давлат манфаатларига жиддий зиён етади. 9. Раҳбар нафс балосига қарши турмоғи, ўзидан кичик раҳбарларни ҳам бу балодан асрамоғи керак. 10. Раҳбар адолатсизликка асло йўл қўймаслиги лозим. 11. Раҳбар ўз шахсий ҳаёти, турмуш кечиришида ҳам бошқаларга ўрнак бўлмоғи керак. 12. Раҳбарнинг барча ишлари очиқ ва ошкора бўлиши лозим. Вақти-вақти билан халқ олдида ҳисобот бериб туриши уларга обрў келтиради. 13. Раҳбар ўз ғояси, фикри, ҳаракат дастурига эга бўлиши билан бирга, барчани юрт тараққиёти, халқ тинч-тотувлиги, фаровонлиги йўлида ягона ғоя атрофида жипслаштириши шарт. Раҳбарлик ақл-фаросат, куч-ғайрат, изланиш ва топқирликни, ўз устида тинмай ишлашни, тадбиркорликни талаб қилади. “Раҳбар” тушунчасининг қуйидаги жиҳатлари аҳамиятлидир:  а) раҳбар ижтимоий шахс сифатида ишлаб чиқарувчи кучлар ва ишлаб чиқариш ресурсларини бирлаштириб, унинг асосий ҳаракатлантирувчи кучини бошқарувчи сифатида омилкорлик б-н иш юритувчи шахс; 2) раҳбар ҳар қандай ишни амалга ошириш учун, аввало, мустақил қарор қабул қилади. Бу қарор раҳбарнинг тадбиркорлик, ишбилармонлик фаолияти мақсадларини белгилайди; 3) раҳбар ўз соҳасига янги ғоя, янги ташаббус, янги технологияларни жорий этувчи тадбиркор шахс ҳисобланади; 4) раҳбар меҳнати, айни вақтда, тадбиркорликка асосланган машаққатли фаолиятдир. Унга сарфланган куч, маблағ баъзан вақтинча фойда эмас, зарар келтириши, жамоа фойда ўрнига зарар ҳам кўриши мумкин. У бундай ҳолатларни олдиндан кўра олиши ва бунга тайёр туриши, зарур бўлганда, фаолиятини қайта бошлаши, ўзида бунга куч-ғайрат топа билиши лозим.  Ушбу  жиҳатлар раҳбарлик фаолиятининг маълум аспектларини намоён этади. Мас.инг иккинчи томони раҳбарлик фаолияти б-н шуғулланувчи кишининг шахси б-н боғлиқ юксак инсоний фазилатлардан иборатдир. Раҳбар ҳалол-пок, виждонли, иймонли, қаттиққўл, диёнатли, меҳр-шафқатли бўлиши керак. Раҳбарликка эгри йўл, эгри қўл, эгри мақсад б-н эришиб бўлмайди. Феъл-атворида эгрилик бор киши раҳбарлик лавозимида узоқ фаолият юритолмайди. Раҳбар мустақил бўлиши, ижтимоий фаолиятнинг қонуний тақиқланмаган ҳамма соҳаси б-н шуғуллана олиши лозим. Шу б-н бирга, у ўзи бошқараётган жамоа орасида обрў-эътиборга эга бўлиши зарур. Раҳбар фаол бўлмаса, жамиятда ижтимоий фаоллик шаклланмайди. Каттами, кичикми, қайси мансабда бўлишидан қатъи назар, ҳар бир раҳбар олдида «ўз ишимга талаб даражасида ёндашишим учун нималарни билишим, қандай фазилатларга эга бўлишим керак?» деган савол ҳамиша кўндаланг туради. Бошқарувда тажриба, кўникма, маҳорат, билим, ақл ва идрокнинг роли катта. Аммо, энг аввало, бошқарув – санъат, аниқроқ айтганда, ижоддир. Раҳбарликка ҳам, санъаткор учун зарур бўлганидек, иқтидор ва истеъдод лозим. Кўринадики, ҳар кимдан санъаткор чиқмаганидек, истаган одамдан ҳам яхши раҳбар чиқавермайди. Раҳбар ўз қобилияти, истеъдодини ишга солиб изланади, шу мақсадда ҳаётни, одамларни чуқур ўрганади. Натижада тўплаган билимлари, тажрибаларини бошқарувнинг умумий қонуниятлари асосида шакллантириб, ўзининг раҳбарлик усулини яратади. У ўз бошқарув усулларини шакллантиришда мутлақо эркин шахсдир, аммо унинг раҳбарлик усули ижобий натижа бериши керак. Раҳбарлик фаолиятининг самарадорлиги раҳбар шахснинг тафаккури, ақл-идрокига ҳам бевосита боғлиқ. Тафаккур раҳбарга кенг ва чуқур фикрлай олиш, яхшини ёмондан, фойдани зарардан, муҳимни номуҳимдан бехато ажрата олиш имконини беради. Бу – ҳаммага ҳам насиб қилавермайдиган юксак фазилат. Агар раҳбарда мазкур хислатлар шаклланган бўлса, бундай раҳбар бошқарувнинг сир-асрорларини мукаммал эгаллаб олади, ўз жамоаси ўртасида обрў ва ишонч қозонади.  Демак, ҳар қандай раҳбар кенг ва чуқур фикрлай олиши б-н бирга, чаққон ва уддабурон, ҳаракатчан ва шижоатли бўлиши ҳам керак. Шунинг учун раҳбарлик фаолиятини тафаккур ва ҳаракат бирлиги дейиш мумкин.  Раҳбардаги ўзига хос талабчанлик, меҳрибонлик ҳамда масъулият жамоа аъзоларида ҳам жавобгарлик ҳиссининг шаклланишига сабаб бўлади. Малакали раҳбар кадрлар тизимини муваффақиятли шакллантириш учун ижтимоий психология, раҳбар психологияси, бошқарув психологияси каби фанларни яхши ўзлаштириши керак. Раҳбарлик лавозимини эгаллайдиган ҳар бир раҳбар маънавий баркамол бўлмоғи, ўз юрти ва миллати билан ғурурланмоғи, юксак ахлоқийлик маънавий етуклик билан уйғунлашмоғи даркор. Ана шундай раҳбар жамият, Ватан олдидаги масъулиятини, бурчини теран ҳис қилади, ижтимоий ҳаётда инсон манфаатларининг устуворлигини ҳаётий эҳтиёж сифатида қабул қилади.

РАҲБАР МАЪНАВИЯТИ – раҳбарнинг шаклланган (ички) руҳий қуввати. Унинг маънавий-психологик маданияти аждодлар ибратига асосланиб, қадрият даражасида қадрланадиган, шахс маънавий оламини тартибга соладиган, кўникма даражасига етган ҳиссий билимлар мажмуидир. Раҳбардаги маданият – унинг раҳбарлик фаолият усули ва ривожланиш мезони. Раҳбар ўз раҳбарлик салоҳиятини такомиллаштириши учун маънавий оламини бойитадиган билимларни эгаллаши, ташаббускорлик қобилиятини ошириши зарур. Раҳбарнинг маънавий мулкига айланган билим унга хоҳиш-истакларини чегаралай билиш, ўзини ташқи тазйиқ ва таъсирлардан ҳимоя қилишга восита бўлади. Аниқроқ айтсак, маънавий, психологик жиҳатдан шаклланган раҳбар бўлиш ҳар қандай ижтимоий психологик муҳитда ўзини тута билиш, ўзи раҳбарлик қилаётган жамоада ва кенг жамоатчилик орасида соғлом муҳит яратиш ва инсонларга самимий муносабатда бўлишдан қониқиб яшашдир. Маънавиятли раҳбар ўзи яшаётган ижтимоий ҳаётда ёмонликка, адолатсизликка, қонун бузилишларига, Ватан манфаатларига зид ҳаракатларга қарши курашишда ирода, шижоат ва фаоллик кўрсата олади. Раҳбарларни маънавий-психологик маданияти даражаси нуқтаи назаридан бир неча тоифага бўлиши мумкин: Биринчидан, маънавияти нисбатан паст савияда шаклланган раҳбарлар. Бундай раҳбарлар оддий ахлоқий-руҳий фазилатлардан анча маҳрум ва жамият маънавий меъёрларини тушуниб етмайдиган, уларни менсимайдиган раҳбар ходимлардир. Иккинчи тоифадаги раҳбарлар маънавий маданияти, ахлоқий даражаси паст бўлиши б-н бирга, жамоат фикри, оила, халқ анъаналари ва бошқа қадриятлар б-н боғлиқ психологик муҳитни тез-тез бузиб турадиган раҳбарлардир. Учинчи тоифадаги раҳбарлар қаторига ахлоқ меъёрларини ҳаётий зарурат сифатида ички ишонч ва туйғу б-н ўзлаштирмасдан, уларни кўр-кўрона қабул қилувчилар киради. Бундай раҳбарлар кўп ўқиб ўрганади, улар назарий жиҳатдан юқори билимга эга бўлади, амалда эса бу билимларни қўллай олмайди ёки уларда ташкилотчилик қобилияти етишмайди. Тўртинчи тур раҳбарлар руҳан заиф, маънавий маданияти анча юқори бўлса-да, адолатсизликни ўткир ҳиссиёт б-н қабул қилади. Уларда ахлоқий билимлар етарли, аммо уларни намоён қилиш учун ташаббускорлик, мустақиллик ва шижоат етишмайди. Бешинчи тоифадаги раҳбарлар маънавий маданият ва сиёсий-психологик билимларни етарли даражада эгаллаган, ташаббускор, шижоатли бўлади. Бу раҳбарлар чуқур билимга, теран тафаккур ва ўткир мушоҳадага, маънавий ҳиссиётларга бой бўлади. Психологик билимларни атрофлича ўзлаштирган раҳбар ўзида юқори даражадаги маданият, хулқ, ахлоқ категорияларини доимий характерга айлантирган бўлади. Бу эса раҳбар ўзида индивидуал ва интеллектуал савияни ҳар томонлама шакллантириб боришни тақозо қилади. Раҳбарларнинг шахсий эътиқоди ва маънавий қиёфасини тубдан ўзгартиришга мустақил тараққиёт йўлида тўпланган тажриба, дунё жамоатчилиги ўзбек модели дея эътироф этган ўзимизга хос ва мос тараққиёт йўли келажаги буюк давлат барпо этиш борасида амалга оширилаётган барча тарихий ўзгаришлар ва янгиланишлар катта ёрдам берди. Ўзининг раҳбарлик фаолиятини, олдига қўйган мақсадларини аниқ тасаввур қила оладиган, келажаги ҳақида қайғурадиган раҳбар ҳеч бир даврда миллий ғоя ва маънавий мафкурасиз камол топиши мумкин эмас. Маънавий қиёфаси, маънавий мафкураси бўлмаса, ҳар қандай раҳбар ўз йўлидан адашади. Қайси жамият кўпрок маънавий баркамол раҳбарга эга бўлса, ана шу жамиятдаги тарихий тараққиёт, тикланиш кескин сиёсий «ларзалар»сиз, ижтимоий «оғриқлар»сиз ва иқтисодий «ўпирилишлар»сиз кечади. Маънавий нуқтаи назардан юксак, онги тийран раҳбар учун кадрлар билан катта йўлга чиқиш, халқ, миллат олдида турган барча муаммоларни ижобий ҳал этиш осон кечади. Бошқача айтганда, ўтказилаётган ислоҳотларнинг ривожи, энг аввало, масъул лавозимларда ишлаётган раҳбарларнинг маънавий тафаккурининг нечоғлик шаклланганига, дунёқарашининг кенглигига боғлиқ. Негаки, ўз маънавий салоҳиятига қизиқиши суст раҳбарда на она Ватанга муҳаббат, на миллатнинг буюк келажагига ишонч, на миллий ғурур ва ифтихор, эзгулик ва маърифатга интилиш бўлади. Шуурида миллий ғурур, Ватан ишқи, келажакка ишонч жўш урмаган раҳбардан матонат, жасорат кутиб бўлмайди. Маълумки, маънавият фақат инсон учун хос хусусият.  Лекин у илоҳий ёки ғайритабиий ҳодиса эмас, балки ижтимоий воқелик бўлиб, инсон фаолияти билан боғлиқ. Табиатда маънавият йўқ. Инсоннинг онгли фаолияти, тафаккур салоҳиятининг ҳар қандай шакли маънавият бўла олмайди. Инсон руҳий оламидаги муайян ижобий, ижтимоий аҳамият касб эта оладиган фазилатларгина маънавият деб аталади. Олимларнинг таъкидлашича, маънавиятнинг, жумладан раҳбар  маънавиятининг шаклланиши ва ривожи одатда уч таркибий  бўғинда намоён бўлади. Мафкура кўринишидаги биринчи бўғин – маълумот, ахборот тўплаш, асосан сўз, мулоҳаза, ибрат, ғоя ва назариялар даражасида ифодаланади. Раҳбар  маънавий  мерос, қадриятлар билан танишади ва уларни ўзлаштиради, янгиликни дунёқарашига сингдиради. Бу – ишонч бўғинидир. Иккинчи бўғин – инсонга ёшлигидан сингдирилган маданий-маънавий қарашлар, ахлоқий қадриятлар, анъаналар, диний-руҳий туйғулар. Бу бўғинда у оиласи, қариндош-уруғлари, маҳалласи, миллати билан бирлигини ҳис этади. Натижада унинг онги ва қалбида миллий ғурур, ватанпарварлик туйғуси шаклланади. Бу бўғин – имон бўғини. Шу боисдан ҳам аждодларимиз «Ватанни севмоқ имондандир» ғоясини илгари сурганлар. Учинчи бўғин – билим, ижодий изланиш, фаҳм-фаросат билан ифодаланади. У тафаккуримизда маърифат, дунёвий маънавият тимсолида намоён бўлади. Буюк алломаларимиз ана шу дунёвий маънавиятни илоҳий маънавият билан узвийликда камолга етказганлар. Агар биринчи бўғин янгиликларни қабул қилиш, иккинчиси қадриятларга, аждодлар руҳига таяниш бўлса, учинчи бўғин янгиликларнинг ижодий  равнақидир. У аждодлар меросига ҳақиқий ворис бўлиб, уларнинг қадриятга айланган қисмини ижодий ривожлантиришни назарда тутади. Шу сабабдан ҳам раҳбар  кадрлар тайёрлаш мақсадида маънавияти юксак  миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишни изчил, чуқур ўйланган тизим асосида ташкил этиш ҳамда уларнинг таъсирчанлигини кескин кучайтиришни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. И.А.Каримовнинг миллий қадриятларни тиклаш, боболар қолдирган маънавиятни улуғлаш, ундан ибрат олиш, ўзликни англаш лозимлиги ҳақидаги сўзлари бебаҳодир. Зеро, маънавияти қашшоқ, ўзининг мустақил дунёқарашига, фикрига эга бўлмаган одамга ҳар қандай вайронкор ғоя ўз таъсирини ўтказа олади. Бу ўринда ёшларимизнинг ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишидан эҳтиёт бўлиш даркор. Чунки «Ўзбекистонимизнинг эртанги куни маънавий-маданий баркамол, руҳан тетик, мустақил фикрлаш ва ишлаш қобилиятига эга бўлган, замонасининг илмий-техника тараққиёти талабларига мос касб-ҳунар маҳоратини ўзида мужассам этган, ғурури баланд, иймони бутун, иродаси бақувват, чинакам ватанпарвар, инсофли ва ориятли инсонлар қўлида…»  Муайян ғоявий қарашлар тизимини одамлар онгига сингдириш, зарарли маънавий-мафкуравий таъсирлар, турли шаклдаги тазйиқларнинг олдини олишга қаратилган услуб ва воситалар ҳамда уларни ишлаб чиқиш, тартибга солиш ва бошқариш билан боғлиқ фаолият мажмуи мафкуравий сиёсатдир. Мустақил Ўзбекистон шароитида  миллий истиқлол ғоясини яратиш орқали миллий хавфсизликни таъминлаш ва мустаҳкамлаш масаласи ғоят долзарбдир. Чунки «инсон онги ва тафаккури билан боғлиқ, унинг маънавий ва маърифий даражасини белгилайдиган омиллар ҳисобга олинмас экан, ислоҳотлар асло самара бермайди». Хулоса қилиб айтиш мумкинки, раҳбар маънавиятини бойитиш маънавиятни кўз қорачиғидек сақлаш, тараққий эттириш, унинг ҳаётбахш кучидан мамлакатимизни озод ва обод этиб, халқимизга муносиб турмуш шароити яратишда, Ўзбекистон аталмиш азиз Ватанимизнинг дунё ҳамжамиятида барқарор ўрнига эга бўлиши йўлида фойдаланиш лозим.

РАҲБАР МАҲОРАТИ – раҳбарнинг бошқарув санъати сирларини билиши, ходимларни танлашдан тортиб, улар билан боғлиқ зиддиятли вазиятларда оқилона ечим топа олиши, ўзи масъул жабҳада юксак меҳнат самарадорлигига эришиш учун жамоанинг бунёдкорлик кучларини сафарбар эта олиши, ташкилотчилик қобилиятининг намоён бўлиши. Р. м.нинг муҳим жиҳати унинг муомала маданиятида акс этади. Самимият, адолат, муомала, ишбилармонлик, асосий муаммо б-н иккинчи даражали вазифаларни ўз вақтида фарқлай билиш, ташаббускорлик, оптимизм – раҳбар маҳоратини ташкил этувчи омиллардандир. Раҳбарнинг узоқни кўра билиши, пировард мақсад ва вазифаларни  теран англаши, ҳаёт ва ишлаб чиқариш жараёнида вужудга келадиган мураккаб вазиятларда ўзини йўқотмасдан ноанъанавий, кутилмаган ечимлар ўйлаб топиши, жамоадаги  ҳар бир ходим, ишчи кўнглига йўл топа билиши, барчага “ўзиники” бўлиб кўринишга эришиш ҳам Р.м.нинг  намоён бўлиши ҳисобланади. Яъни, жамоада ҳақиқий раҳбар руҳий кўтаринки кайфият билан иш олиб бормоғи ва яшамоғи лозим. Раҳбар ҳамиша жамоа аъзоларининг  қувонч ва ташвишлари билан яшаши керак. Раҳбар ҳаётининг кўпгина унутилмас лаҳзалари жамоа муҳитида шаклланади, тарбияланади. Шу тарзда раҳбарнинг энг яхши ташкилотчилик, тадбиркорлик фазилатлари шаклланиб, мукаммаллашиб боради. Бошқариш, энг аввало, кишилар билан ишлашдир. Ҳамма ҳам нотиқлик маҳоратига эга бўлавермайди, лекин раҳбар тушунарли, ифодали ва таъсирчан, ишонарли ва даъваткор руҳда гапиришга  ўрганиши керак. Раҳбарнинг тинглаш маҳорати масаласини бугунги кунда ҳаётнинг ўзи ҳар қачонгидан ҳам долзарб вазифага айлантириб қўймокда. Мутахассисларнинг фикрича, раҳбарлар иш вақтнинг 45 фоизини  ўзгаларни тинглашга сарф қилар экан. Муомала қилишнинг энг қийин соҳаларидан  ҳисобланган айни шу жиҳат раҳбарнинг шаклланишида  муҳим ўрин тутади. Шунинг учун немис файласуфи А. Шопенгауэр «Одамларнинг  ўзингиз тўғрингизда яхши фикрга эга бўлишларини хоҳласангиз, уларни тингланг» деган эди. Демак, раҳбарнинг тинглаш маҳорати кўпчилик тасаввур қилгани каби унча ҳам пассив жараён эмас. Чунки тинглаш қобилияти  гапирувчини илҳомлантиради, руҳлантиради. Шу тариқа янги фикрлар, ғояларнинг шаклланишига шароит туғилади. Раҳбар қалби тоза, шижоатли, ишбилармон, мустақил фикрлаб ишлайдиган, руҳан тетик, давр талабини онгли ҳис этадиган, раҳбарлик фаолиятида тўқнаш келган ҳар бир салбий ёки ижобий хатти-ҳаракатларга ўзида шаклланган салоҳият кучи билан жавоб бера олиш қобилиятига эга бўлиши керак.

РАҲМАТ (араб. шафқат, марҳамат, меҳрибонлик; ачиниш) – ташаккур ва миннатдорлик, шукроналикни ифодаловчи тушунча. Р. кўп маъноли сўз. Яхши бажарилган эзгу ишлар учун кишилар Р. орқали ўз муносабатини билдиради. Бу сўз билан бажарилган меҳнатга баҳо берилади. Р. олган киши катта савобга эга бўлади. Кимдир кимгадир яхшилик, савоб иш қилган чоғда ўз хурсандчилигини ифодалаш учун Р. айтилади. Баъзан бу сўз кесатиқ маъносида ҳам хизмат қилади. Р. инсоний муносабатлар орқали рўёбга келадиган сўз бўлиб, яхши муомалани ҳам англатади. Кишилар билан муносабат, сўзлашув, шунингдек иш, хизмат билан боғлиқ алоқага муомала дейилади. Энг гўзал муомала лутф-карамдир. А.Навоий буни муомала-пардоз, деб атаган. Халқимиз инсоний муомала қила билишни маданият, олижаноблик аломати, деб тушунади. Ота-оналар учун фарзанлари ҳақида мақтов, эл-юртдан “Отангга раҳмат!” деган олқиш эшитиш энг катта саодатдир. Эзгу ишлар қилиш Р.га лойиқдир. Киши яхши иш қилса фақат ўзига эмас, балки ота-онасига ҳам Р. келтиради, одамлар Р. эшитиш учун фақат эзгу ишлар қилишга интилади. Р. сўзи – марҳамат, лутф, эҳсон маъноларида ҳам қўлланилади. Мас. ёмғир, қор Яратганнинг раҳмати  дейилади.

РАҲМДИЛЛИК – ўзгаларга нисбатан меҳр-шафқат, меҳрибонлик, инсопарварлик туйғусини ифодаловчи тушунча. Р.нинг туб моҳияти инсонни ҳурмат қилиш, қадр-қимматини билиш ҳамда уларга меҳрибонлик кўрсатишдан иборатдир. Р. инсоннинг ҳис-туйғуси асосида пайдо бўлиб, амалий моҳият касб этади. Р. ўзгаларга меҳр-шафқат кўрсатиш, амалий кўмак бериш каби инсонийлик фазилатларда намоён бўлади. Инсондаги Р. ва меҳрибонлик унинг маънавий гўзаллигидан далолат беради. Р. ижобий фазилатлар билан бойитиб борилади, у инсоннинг нозик табиат эгаси эканидан далолат беради. Раҳмдил киши эзгу ишлар қилишга мойил, қалби дарё инсондир. Бундай инсонлар ўзгаларга нисбатан меҳр-шафқатли бўлади. Раҳмдил инсон яхшиликдан куч олиб, эл манфаатини кўзлайди. Меҳр-шафқатли, раҳмдил инсон ўзгалар манфаатини ўз манфаатидан устун қўяди. Инсонда ачиниш ҳиссининг мавжудлиги унинг раҳмдиллигидан далолат беради. Раҳмдил инсоннинг нияти холис, ёрдами беғараз бўлади, ўзгаларга маънавий озиқа беради.  Олийҳиммат, раҳмдил, сахий инсон тўлиб-тошиб оқаётган дарёга ўхшайди, у ўзидаги илм-маърифатни, эзгу ишлардан ҳаммани баҳраманд қилади.  Ҳадиси шарифда келтирилишича, “Аллоҳ таоло ўз раҳматини юз бўлак қилди. Тўқсон тўққиз бўлагини Ўзида олиб қолди ва қолган бир бўлагини ер юзига туширди.  (Мана шу бир бўлак раҳм бутун мавжудотларга тақсимланди). Урғочи отнинг ўз боласини босиб олмаслик учун оёғини тортиши ҳам мана шундандир”.

РАҲМOН ИЗМИГА ЮРИШ — аррoҳман (меҳрибoн), аллoҳнинг исмларидан бири (ал-Асма ал-xусна). Oдамлар бисмилла аррoҳманир-рoҳийм (раҳмли) шаклида қўллайдилар. Ҳар икки исм Аллoҳнинг энг асoсий сифатларидан бўлиб, инсoнларга Қиёмат куни Аллoҳнинг марҳамат кўрсатиши, меҳрибoнлик қилишини англатади. Қуърoни Карим, ҳадисларда Р.и.ю. атрoфидаги инсoнларга, ёрдамга муҳтoж кимсаларга, қўл oстидагиларга меҳрибoн бўлиш, уларга қўлидан келгунча ёрдам кўрсатган кишиларга Аллoҳнинг қиёматда раҳмат қилиши уқтирилган. Ўзига равo кўрган нарсани бирoвга равo кўриши, ахлоқсиз ва ёвузликлардан ҳазар қилиши ҳақиқий раҳмoн измига юрган маънавий сoғлoм инсoннинг фазилатидир.

РЕАЛИЗМ (лот. realis — воқеий нарсалар) — санъат ва адабиётнинг асосий ижодий услубларидан бири. Санъат ва адабиётнинг икки асосий ижодий услуби бор: Р. ва романтизм. В.Г. Белинский “Рус повестлари ва Гоголь повестлари ҳақида” мақоласида романтизм ва Р. ижодий методларини кўзда тутиб, поэзияни “идеал ва реалистик поэзия”га ажратган эди. Р.нинг бош принципи турмушни ростгўйлик б-н тасвирлаш, ҳаёт ҳақиқатини тўғри ёритишдир. Р. тафсилотларнинг тўғри бўлишидан ташқари, типик характерларни типик шароитларда ҳаққоний тасвирлашни кўзда тутади. Демак, типиклик реалистик санъат ва адабиётнинг негизидир. Типик характерларни типик шароитда тасвирлаш ҳаёт ҳақиқати ва унинг қонуниятини тўлароқ ва ёрқинроқ ёритишга, мужассамлаштиришга хизмат қилади. Образлар типиклаштирилмаса, мукаммал реалистик асар даражасига кўтарила олмайди. Реалист санъаткор ҳаётнинг энг муҳим ва характерли воқеа-ҳодисаларини тасвир объекти қилиб олади, ҳаёт фактларини саралаб тўплайди, уларни бадиий умумлаштиради ва индивидуаллаштирилган типик образларда мужассамлаштиради. Р. элементлари, воқеликни реалистик тасвирлаш тенденциялари, кўпинча, романтизм б-н ёнма-ён ёки аралаш ҳолда воқе бўлади. Шарт-шароит, тема ва ёзувчи кўзлаган ижт-й-эстетик мақсаднинг моҳиятига қараб, алоҳида олинган бадиий асарларда ё романтика ёки романтик тамойиллар етакчи бўлади. Шу б-н бирга, таъкидлаш лозимки, реалистик асарда романтизм элементларининг, романтик асарда Р. элементларининг бўлиши ҳам табиий бир ҳолдир. Р. ижодий методи конкрет, тарихийдир. У бир нуқтада туриб қолмади, унинг моҳияти ва ижт-й-эстетик вазифаси ўсиб, ўзгариб борди. Бинобарин, адабиётшуносликда баъзан Р.ни тасниф этиб, “антик Р.”, “илк Р.” каби иборалар ҳам қўлланилади. Ўзбек классик адабиётидаги Р. тенденцияларининг ривожланишида мумтоз йўналиш (айниқса, Навоий ижоди), демократик тенденциядаги адабиёт (Турди, Махмур, Гулханий ва б. ижоди) муҳим роль ўйнайди. Муқимий, Фурқат, Завқий ва Аваз каби демократ, маърифатпарвар шоирлар ижоди б-н ўзбек адабиётидаги Р. ўз тараққиётининг янги босқичига кўтарилди.

РЕДУКЦИОНАЛИЗМ  (лот. reductio – орқага силжиш, олдинги ҳолатга қайтиш, тўхтаб қолиш) – фал.ги методологик тамойил. Унга кўра, материянинг юқори шакллари қуйи шаклларига хос бўлган қонуниятлар асосида тўлиқ тушунтириб берилиши  ёки қуйи шаклларга келтирилиши мумкин. Мас., физик ва кимёвий қонунлар ёрдамида биологик ҳодисалар, биологик қонунлар ёрдамида эса ижт-й ҳодисаларни тушуниш мумкин. Р. психологияда бихевиоризм кўринишида, физикада – физикани “математикалаштириш”, лингвистикада товуш редукцияси ва б. кўринишларда намоён бўлади. Р. ижт-й психология, биология ва б. фанларда ҳам учрайди. Р.нинг социологик концепцияларининг хатарли жиҳати шундаки, улар инсон турмуш тарзидан ижодий фаолиятнинг барча шаклларини чиқариб ташлашга олиб келади ва унинг ижодий фаолияти ҳамда имкониятларини рўёбга чиқарилишига тўсқинлик қилади. Психологик Р. ёндошуви психологиянинг мустақил фан сифатидаги  мавқеини пасайтиради, унинг қонуниятлари ва категорияларини инкор этади. Шу б-н бирга, Р. редукционалистик ёндашув илмий билимларнинг бирлиги масаласига ойдинлик киритмаган бўлса-да, у илмда янги белгили воситаларни яратишга, сунъий расмий тилларни лойиҳалаштиришга қизиқиш уйғотиб, компьютер мантиғи,  кибернетика ва б. соҳаларнинг пайдо бўлиши ва ривожига замин яратди. Мас., муҳандислик йўналишида билимларнинг рив-ши ва компьютерлаштиришнинг кенг ёйилиши Р. асосида янги фан соҳаси – синергетика  вужудга келди.

Ренессанс (франц. renaissayce — Уйғониш) — инсоният маънавий тараққиётидаги уйғониш даври. XIII а.дан эътиборан Европада Ренессанс даври бошланди. Табиийки, ушбу ижтимоий-тарихий жараён Европанинг турли мамлакатларида турлича кечди. Р. даври, мутахассисларнинг фикрига кўра, Европада уч асосий босқични: илк босқични (XIV а.), етуклик босқичини (XV а.) ва охирлаб қолган сўнгги босқични (XVI а.) босиб ўтди. Р., ўзининг илк босқичида бутун Европани эмас, балки унинг энг ривожланган мамлакатларини қамраб олди. Р. даврининг илк босқичи излари қадимги Италияга бориб тақалади. Р. ғоялари қадимги Италияда XII а.даёқ вужудга келган эди. Худди шунинг учун ҳам Р. ўзининг илк босқичида соф “итальянча воқеа” эди. Ўз тараққиётининг  етук босқичига  у бутун Европага хос хусусият касб этди. Бу пайтда Европанинг бир қатор ривожланган мамлакатларида ҳунармандчилик ва савдо-сотиқнинг тез ривожланиши бошланди. Кишиларнинг шаҳар томон интилишлари ошиб кетди. Жамият ҳаётида шаҳарларнинг ўрни ва аҳамияти узлуксиз кучайди. Янги иқтисодий муносабатлар қарор топа бошлади. Кишиларнинг турмуш тарзида муҳим ижобий ўзгаришлар содир бўла бошлади. Р. даври ўзига хос янги маданиятни яратди. Ушбу маданият нафақат динга, балки илм ва фаннинг илғор ютуқларига таяна бошлади. Илк Р. даврида фаннинг буюк қудратли қадриятлари улуғланди ва янада бойиди. Оқибатда Р. даврида Европанинг ривожланган мамлакатларида инқилобий ўзгаришлар рўй берди. Чунончи, бу даврга келиб биринчи китоб нашр этилди, Колумб томонидан Америка кашф этилди, Васко да Гама Африкани айланиб ўтиб, Ҳиндистонга борадиган денгиз йўлини очди, Магеллан ўзининг узоқ давом этган саёҳатига асосланиб, Ер куррасининг шарсимон эканлигини исботлади, география ва геодезия фан сифатида эътироф этилди. Мамтематикага символик белгилар қабул қилинди, илмий анатомия ва физиология асосларини фан сифатида ўрганиш бошланди, химия ва астрономияда йирик ютуқларга эришилди ва  Р. даврига келиб христиан дини ўзининг мафкуравий ҳукмронлик мавқеини йўқота бошлади, ижтимоий турмушнинг барча соҳаларида дин ва черковнинг зўравонлик таъсири барҳам топди. Бундай кескин бурилиш, фақат фан, фал. санъат ва адабиётдагина эмас, балки христиан  динининг ўз қобиғида ҳам рўй берди. Яъни Европанинг бир қатор мамлакатларида секуляризация жараёни бошланди. Секуляризация (дин, черков таъсиридан холи бўлиш) жараёни кишилар дунёқарашида диннинг таъсирини камайтириб юборди. Шунингдек бу жараён ижтимоий турмушнинг бошқа соҳаларига ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. Оқибатда кишиларнинг фикрлаш маданиятида ҳам жиддий ўзгаришлар рўй берди. Табиий, фикрлаш маданиятидаги бундай кескин ўзгариш ўрта а. теократизмига қарши кураш заминида вужудга келди ва ривожлана бошлади. Эндиликда кишиларнинг фикрлаш маданиятида гуманистик қарашлар устуворлик қила бошлади. Табиий ижтимоий муҳитда содир бўлаётган ўзгаришларга инсоннинг интеллектуал ақлий имкониятлари нуқтаи назаридан қараш инсоннинг бахтлилиги ёки бахтсизлигининг сабабларини осмондаги илоҳий  мўъжизадан эмас, балки у яшаётган муҳитдан излаш туйғулари қарор топа бошлади. Кишиларнинг фикрлаш маданиятида гуманистик тамойилларнинг устуворлиги, уларнинг антик маданий меросга бўлган қизиқишларини кучайтирди. Бу ҳол ўз навбатида антик фал. намояндаларининг асарларини ўрганишга бўлган интилишини ҳам кучайтирди. Қад. юнон файласуфлари Платон ва Аристотель фал.си қайта таҳлил қилина бошланди. Неоплатонизм, стоиклар фал.си Эпикур ва Цицерон қарашларига қизиқиш кучайди. Р. энг аввало, антик замоннинг маданий ва фал-ий мероси ҳақида эркин фикр юритиш, ҳар қандай қоидаларни ўзгармас, мутлақ ҳақиқат деб қарашдан воз кечиш инсон бисотида мавжуд бўлган қобилият ва исътедодни эркин намойиш қилиш учун вужудга келган имконият эди. Худди шунинг учун ҳам барча ижод аҳли “ёпиқ мактаблар” намояндалари эмас, балки мустақил тадқиқотчи сифатида ҳаракат қила бошладилар. Ҳар бир тадқиқотчининг ўзига хос баён қилиш, илмий-фал-й асарларни ўзига хос талқин қилиш, воқеликни реал тасвирлаш услублари вужудга келди. Бундай услублар ўтмиш фал-ий адабиётларининг схоластик – бачканаликка асосланган мураккаб баён қилиш услубига зид эди ва у узоқ даврлар мобайнида ҳукмронлик қилиб келган диний-илоҳий мафкуранинг тор манфаатларидан иборат бидъатларга қарши кураш усули эди. Р. маданиятининг асосий тарғиботчилари ва ташвиқотчилари шаҳар аҳолисининг юқори табақалари-йирик ишбилармонлар, мешчанлар юқори  маълумотга эга бўлган зиёлилар эди. Р. даври маданияти инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган ва фал.си инсонни энг олий қадрият эканлигини ҳар томонлама исботлашга уринди. Худди шу даврга келиб ижтимоий муносабатларни баҳолашнинг янги мезони – инсонийлик критерийси вужудга келди. Инсонийлик аждодлар яратган маданий-маънавий меросни ўзлаштириш қобилияти б-н белгиланди, оламни теоцентрик тушунишдан антропоцентрик тушунишга ўтилди. Бундай инқилобий ўзгариш, шубҳасиз, ўта мураккаб жараён бўлиб, турли зиддиятларга тўла эди. Хусусан Р. маданиятини шоду-хуррамлик б-н қўллаб-қувватловчи шаҳар аҳолисининг юқори табақалари б-н, унинг ўрта ва пастки қатламлари орасида турли сиёсий зиддиятлар, келишмовчиликлар мавжуд эди. Чунончи, жамиятнинг юқори табақаларидан бири бўлган мешчанлар давлат аппаратини черковни реформация, яъни ислоҳ қилиш ёрдамида товар-пул муносабатларини барқарорлаштирмоқчи ва уни кенгайтирмоқчи бўлсалар, аҳолининг ўрта ва паст табақаси вакиллари жамиятни яна ўрта а. тартиботларига риоя қилишга даъват этардилар. Худди шунинг учун ҳам Р. Европанинг турли мамлакатларида  турлича шаклларда намоён бўлди. Бундай турли-туманликлар оқибати ўлароқ, Р. маданияти, фал.си б-н реформация, яъни ислоҳ қилиш орасидаги ўзаро алоқадорлик механизмини  баҳолашда, европалик мутахассислар орасида хилма-хил фикр-мулоҳазалар учраб туради. Натижада р. халқаро, яъни умумевропа аҳамиятига молик воқеа, реформация, яъни ислоҳ қилиш эса бу фақат миллий (немисларга хос) воқеа деб ишонтирмоқчи бўлган қарашлар ҳам пайдо бўлади. Шундай бўлишига қарамасдан, Р. ва реформация ҳақида бахс-мунозара юритувчиларнинг барчаси бу йирик воқеа орасида умумийлик, ўхшаш томонлари мавжудлигини эътироф этадилар. Бундай умумийлик одамлар турмуш тарзида илдиз ота бошлаган янгича маданиятнинг шакллана бошлаганлиги билан изоҳланади. Р. даври инсоният босиб ўтган тарихий тараққиёт йўлининг энг муҳим даврларидан биридир. Бу давр жаҳон цивилизацияси тараққиётига улкан ҳисса қўшди. Р. даврида гуманистик ғояларни улуғлаган Данте Алигьери (1265-1321),  Падунлик Марсилий (1278-1348), Франческо Петрарка (1304-1374), Джованни Бокаччо (1313-1375), Георгиое Гомистес (1360-1425), Марсилио Фичино (1422-1495), Пико Делло Мирандола (1463-1495) каби буюк зотларнинг катта бир сулоласи етишиб чиқди. Илм-фанга эътибор кучайди, амалиёт б-н фан орасидаги чегара ҳам ўзгара бошлади. Инженер ва рассом нафақат ва ўрта а. замонасидагидек “санъаткор”, “техник”, балки чинакам ижодкор яратувчи даражасига кўтарилди. Кеплер, Галилей, Ковальери сингари ижодкорлар Худо томонидан содир этилган табиий ҳодисаларни ички тузилишидаги ўзаро алоқадорлик қонуниятларини билишга интилдилар. Инсон тўғрисидаги қарашлар Р. даврида янада юксакликка кўтарила бошлади. Эндиликда инсоннинг қадр-қиммати ҳар томонлама оша бошлади. Ўрта асрларда мавжуд бўлган инсон — Худо орасидаги иттифоққа ва у ҳақидаги қарашларга дарз кетди. Инсон худодан ажралиб, мустақил фикрлаш имкониятига эга бўлди. Энди у фалакиётдан эмас, балки ўзидан нажот излай бошлади. ўзининг теранлашиб бораётган ақл-фаросатидан, гўзаллашиб бораётган танасининг имкониятларидан, мадад қидиришга тушди. Худди шу боис Р. даври антропоцентризмида гўзалликни улуғлаш тамойили устувор мавқега кўтарилди. Тасвирларда инсоннинг гўзаллигини, айниқса, унинг қиёфасидаги латофатни тасвирлаш ўша давр санъатининг бош мавзусига айланди. Бундай ҳолатни Р. даврининг машҳур мусаввирлари –Боттичелли, Леонардо да Винчи, Рафаэл асарларида кўриш мумкин.

РИВОЖЛАНИШ — тараққиёт, такомиллашув, оламдаги илгариланма ҳаракатни, объектлардаги сифатий ўзгаришларни, борлиқдаги янги шаклларнинг вужудга келишини ифодаловчи фал-ий категория. Р. энг аввало ўзгариш б-н боғлиқ, бироқ ҳар қандай ўзгаришни ҳам Р. деб бўлмайди. Фақат эскидан кейин янги сифатнинг юзага келиши б-н боғлиқ ўзгаришгина Р. бўлиши мумкин. Р. оламнинг умумий тавсифи эмас, балки оламдаги моддий ва маънавий системаларнинг хусусиятидир. Конкрет системалардан ташқарида Р. йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Шу боис олам ҳақида гап борганида ундаги конкрет системаларнинг чексиз тараққиёти назарда тутилади. Антик фал.да Р. ғоялари учрамайди. Чунки Р.нинг муҳим томони шундаки, у замон б-н боғлиқ. Зеро, ҳар қандай Р. маълум вақт давомида содир бўлади. Антик фал. эса замонни циклли жараён сифатида тасаввур этарди. Ушбу тасаввурга мувофиқ, барча ҳодисалар такрорланиб туради, борлиқ ўзининг маълум бир ҳолатига қайтаверади. Албатта, бундай тасаввур Р. ғояларига ўрин қолдирмасди. Христиан динининг вужудга келиши вақтнинг келажакка қараб йўналганлиги ҳақидаги тасаввурларни вужудга келтирди. Фаннинг тараққий этиши эса ушбу тасаввурларни табиат ва жамиятдаги ўзгаришларнинг йўналганлиги ва қайтмаслиги ҳақидаги мулоҳазалар б-н бойитди. Бунинг натижасида Р.га доир қатор концепциялар юзага келди. Г.Спенсер Р.ни бутун табиатнинг тадрижий эволюцияси б-н боғлади. Унинг фикрича, Р. бир хилликдан кўп хилликка, оддийдан мураккабга қараб борувчи жараёндир. ХIХ а.нинг иккинчи ярмидан Р.нинг натуралистик концепцияси шакллана бошлади. Ч.Дарвин Р.ни универсал методологик принцип сифатида эмас, жузъий илмий тушунча сифатида талқин этди. Р.нинг антропологик концепциясига кўра, Р.ни “инсон-табиат” ва “инсон-инсон” муносабатларидан изламоқ лозим. Р.нинг яна бир концепцияси — ижодий эволюционизмда (эмержентизм) Р. янги сифатнинг вужудга келиши тарзида тасаввур этилади. Бу концепция тарафдорларидан бири бўлган Л.Морган ўзининг 1922 йилда чоп этилган “Эмержент эволюция” номли асарида янги сифат системанинг ички ижодий қудрати шарофати б-н вужудга келишини асослаб берди. ХХ а.да эса Р.нинг янги концепциялари ривожланди. Улардан бири — мувозанат наз-ясида Р. қуйидаги принциплар асосида содир бўлиши баён этилади. 1) Р. “мувозанат – бузилиш – мувозанат” тарзида содир бўлади; 2) мувозанатнинг энг асосий хусусияти унда зиддиятларнинг йўқлигидир; 3) мувозанат ташқи таъсир остида бузилади; 4) мувозанат ташқи таъсирга мослашиш орқали тикланади; 5) мувозанат мутлақ, бузилиш эса нисбийдир. Бу концепция асосан Л.Ф.Уорд ва Ле Дантек томонидан ривожлантирилди. Конфликт наз-ясида Р.нинг асосий манбаи кишилар, авлодлар, ижт-й гуруҳлар ва миллатлар ўртасида содир бўладиган конфликт б-н боғланади. Ушбу конфликтнинг бартараф этилиши Р.га олиб келади, деб ҳисобланади. Р.нинг энг муҳим концепцияси диалектикадир. Унга кўра, Р.сифатий ўзгариш б-н боғлиқ бўлиб, унинг уч асосий хусусияти мавжуд: 1) Р. орқага қайтмайди; 2) Р. фақат келажакка йўналгандир; 3) Р. зарурийлик б-н боғлиқ. Ушбу уч хусусият мавжуд бўлганидагина ўзгариш Р. даражасига кўтарилади. Биринчи хусусият бўлмаса ўзгариш ҳар қандай фаолият кўрсатиш жараёни б-н, иккинчи хусусият бўлмаса — ворисийлик ва алоқадорликка эга бўлмаган жараён б-н, учинчи хусусият бўлмаса — тасодифий жараён б-н чекланиб қолади. Р. системаларда мавжуд бўлган қарама-қаршиликлар бирлиги ва кураши жараёнида, миқдор ўзгаришларининг сифат ўзгаришига айланиши, янги сифат томонидан эски сифатнинг инкор этилиши орқали юз беради. Ушбу жараённинг биринчи хусусияти диалектик зиддият қонунида, иккинчи хусусияти миқдорнинг сифатга ўтиши қонунида, учинчи хусусияти диалектик инкор қонунида ўз ифодасини топади. Р. давомида янги сифатнинг вужудга келиши аста-секинлик б-н тадрижий равишда ёки бирдан, қисқа муддатда юз бериши мумкин. Р.нинг биринчи типини эволюцион Р., иккинчи типини революцион Р. дейилади. Р.нинг ҳар қандай типида ижобий, прогрессив сифатлар жамланиб боради. Бироқ айрим ҳолларда янги вужудга келган сифат регрессив характерда бўлиши ҳам мумкин, шунга қарамасдан Р.да умумий прогрессив йўналиш сақланиб қолади.

РИЁЗАТ (араб. қийналиш, азоб чекиш) — 1) тасаввуфда тариқат шартларидан бири, дарвеш, мурид, суфийнинг нафс истагидан воз кечиб, бу йўлда қийналиши, азоб-уқубатларга чидаши, суфийнинг бутун вужудини Р. супургиси б-н супуриб, кўнгил эгаси ўтирадиган пок манзилга айлантиришдаги машаққатларини англатувчи тушунча. Тасаввуфда Р. инсоннинг маънавий юксалиш мақсади йўлида дуч келадиган ҳар қандай қийинчиликларни бардош б-н енгиб ўтишига қаратилган ҳаракатини англатган. Р. жисмоний ва маънавий, моддий ва ижт-й қийинчиликларга чидашни ҳам қамраб олган. Р. тариқатда инсон босиб ўтиши керак бўлган бир қанча мақом-даражаларда муҳим рол ўйнаган. Унда энг муҳими инсон маънавияти синовдан ўтказилган. Маънавий жиҳатдан кучсиз бўлганлар Р. талабларига бардош бера олмаган ва ўз-ўзидан маънавий юксаклик даражасига кўтарилишдан маҳрум бўлганлар. Р. яхши яшаш б-н боғлиқ ҳар қандай турдаги бойликдан воз кечишни тарғиб қилса-да, бу таркидунёчиликни ифодаламаган. Бу маънони Баҳоуддин Нақшбанд «Дил ба ёру даст ба кор» деган шиорда ифодалайдики, бу инсон ҳаққа, маънавий юксакликка эришиши учун тўғри, пок иш, меҳнат қилиши ва айни вақтда Худони, унинг бу ишларни кўриб турганини мудом ёдида тутиши лозимлигини англатган. Шу жиҳатдан олганда Р. маънавий моҳиятига кўра дунёдан воз кечишни эмас, унга интилиши оқибатида юзага келиши мумкин бўлган салбий хусусият ва ҳаракатлардан тийилишга ундаган дейиш мумкин. 2) математика, алгебра ва астрономия каби фанларнинг ўрта асрда номланиши.

Романтизм — бадиий адабиёт ва санъатдаги ижодий ёндашув ва услублардан бири. Р., реализм, танқидий реализмнинг ҳар бири адабий тар-ёт жараёнининг маълум босқичида тарихий зарурат сифатида юзага келган, бири иккинчисининг туғилишига замин ҳозирлаган. Ш.у. бу ижодий услубларнинг бир-биридан фарқли белгиларини, ҳар бирига хос хус-ятни билиб олиш муайян тарихий даврда яратилган асарларнинг қандай йўналишда яратилганлигини аниқлашга ёрдам беради. Ёзувчи ўз даври учун характерли ҳодиса ва ҳаётий фактларни ажратиб олиб, уларни ўз асарида умумлаштириб тасвирлар экан, бу ҳодиса ва фактларга ўз мун-тини билдиради, уларни эстетик жиҳатдан баҳолайди. Ёзувчининг худди ана шу мун-ти ва баҳосида унинг тасвирлаш принципи, ижодий ёндошуви ўз ифодасини топади. Маълумки, Р. ҳаётнинг ўзидан кўра кўпроқ турмуш хақидаги орзу-умидларни тасвирлаш тамойилига асосланади. Ш.у. Р. услуби асосида яратилган асарларда воқеликка нисбатан ижодкорнинг эркин ёндошуви яққол намоён бўлади, яъни тасвирда ҳаётий фактга қараганда бадиий тўқима устунлик қилади, фантазияга, рамзийликка ва бадиий муболағага кенг ўрин берилади, юксак тимсолларни тасвирлаш устувор аҳамият касб этади. Романтик асарларда ёзувчи орзу қилган нарсаларни  бўрттирилиб тасвирланади, ўзлари яшаб турган ҳаётдан норозилиги ифода этади. Ш.у. бундай асарларда ёзувчи яшаган давр, ижт-й мун-тлар ифодаланиши б-н бирга, асар қаҳрамони ҳукмрон гуруҳларга қарши қўйилади. Романтик ёзувчилар яратган образлар ҳаёт ҳақиқатидан йироқ, ундан бутунлай ажралиб қолмаган бўлса-да, бу тимсоллар бевосита ҳаётий ҳақиқатнинг бадиий ҳақиқатга айланган образи бўлмай, балки улар орзу қилган ҳаётнинг инъикосидан иборат. Р. услуби асосида яратилган асарлардаги образлар романтик образлар дейилади. Мас., А.Навоий ижодидаги Фарҳод, Ширин, Лайли, Мажнун ва б. тимсоллар Р.га йўғрилган бўлиб, буюк мутафаккир-шоир улар  орқали ўзининг илғор қарашларини, жумладан, эзгулик ва ёвузлик, муҳаббат ва нафрат, яхши ва ёмон амаллар ҳақидаги ғояларини ғоят таъсирчан романтик тасвирлар воситасида ифода этган ҳамда инсонларни юксак маън-й амаллар сари етаклаган.

РОСТГЎЙ(ЛИК) — тўғрисўзлилик ёки инсоннинг ҳақиқатга интилиши б-н боғлиқ хатти-ҳаракатини ифодаловчи маънавий фазилат. Ҳақиқат доимо синфийлик, партиявийлик, мафкуравийлик ва тарихийлик, даврийликдан юқори туради. Ҳақиқатнинг ифодавий шаклларидан бири Р.дир. Р. – инсоннинг сўзига, онгига, руҳига сингдирган, ижтимоий-ҳаётий, даврий-тажрибавий хусусият эмас, балки унинг моҳиятини ифодаловчи фазилат. Мас., тили чиққан ёш гўдакка нима десангиз ишонади, ўзи нимаики деса – рост гапиради. Гўдакнинг соддалигидан, ишонувчанлигидан, тўғрисини айтишидан биз – катталар куламиз; лекин ҳақиқат устидан, Р. устидан кулаётганимизни ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Гўдак каттариб, «ақли кириб» боргани сари атроф-муҳитда ёлғон мавжуд эканлигини, рост гапирса ё кулги бўлиши, ё жазо олиши мумкинлигини англаб етади ва аста-секин ёлғонга ўргана бошлайди, дастлабки маиший ёлғон ижтимоий босқичга кўтарилади. Энди у хусусий ёки гуруҳий манфаатдорликни таъминловчи ёлғон атрофдаги воқеликнинг ҳамроҳига айланади. Инсонни бу йўлдан фақат юксак маънавият, биринчи галда, ахлоқий тарбия қутқаради. Эзгулик, номус, қадр-қиммат, инсонпарварлик, ҳалоллик, инсоф нима эканини тушуниб етган кишигина Р. бўла олади. Р. осон эмас. У инсондан сабр-тоқат, матонат ва жасоратни талаб қилади.  Р. инсон қўрқувдан фориғ бўлади, ҳар қандай ҳолатда ҳам виждонига қарши бормайди: кимларнингдир кўзига қараб, иш тутмайди, яқинлари ёки ҳамкасабаларини хафа қилишдан, ўз моддий манфаатдорлигига зарар етказишдан чўчимайди. Р. инсон  азият чекиши, таъна-дашномларга қолиши мумкин. Лекин буларнинг ҳаммаси бир одамга ёки муайян гуруҳга воқеликни асл ҳолида етгазганидан, уларни нотўғри йўлга солиб юбормаганидан қалбда пайдо бўлган маънавий қониқиш ҳисси, хотиржамлик ва ором туфайли ювилиб кетади, ички қувонч унга баланд руҳ бағишлайди. “Тўғри сўзли киши барчанинг эътиборини қозонади. Яхши ишидан янада улуғроқ  мартабаларга тавсия этилади. Қадр-қиммати ортади, ҳар ерда сўзи мақбул бўлади. Ёлғончи эса бу фазилатларнинг барчасидан марҳум бўлиб, унинг орқасидан одамлар нафрат билан қарашади. Ёлғончи ёлғон сўзи билан  ўзгаларнинг обрўсини тўкмоқчи, ҳуқуқидан маҳрум қилмоқчи  бўлади. Ваҳоланки, унинг ёлғон сўзлари  ўзи учун зиён бўлиб чиқади (Хаёлиддин – ал-Ҳасаний)”. Донишмандлар ёлғончилик ва ёлғончиларни энг катта ёвузлик ва разил кишилар сирасига киритишган. Чунки ёлғончи киши ёлғон нарсаларни нақл қилиб, одамлар орасига нифоқ солади. Ўзгалар ҳақида бўлмағур гапларни тарқатади. Бўлган ёки бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида нотўғри ахборот бериб, одамларни адаштиради. Кимнингдир ёлғони туфайли одамлар ишончга лойиқ нарсаларга ишониш, ишончсизликка сазовор нарсаларга ишонмаслик имконидан маҳрум бўлади ва нотўғри қарорлар қабул қилади. Умуман, Р. инсондаги  виждонийлик, адолатпарварлик каби хислатлар билан боғлиқ. Дин-диёнатда ҳам, инсонийлик мартабасида ҳам Р. юксак шарафланади. “Чин сўзни ёлғонга чулғама, чин айта олур сўзни ёлғонга булғама. Ёлғончи киши эмас, ёлғон айтмоқ эранлар иши эмас” дея ибрат беради ҳазрат А.Навоий. Айни пайтда “Оқил  чиндан ўзга демас, аммо барча чинни ҳам демак оқил иши эмас” (А.Навоий). Зотан, турмушда  эзгуликка хизмат қиладиган  ёлғон ишлатиладики, бу айб, гуноҳ саналмайди. Хаста кишини кўргани борилганда, тузуксиз, деб кўнгил олинади. Табиатан хунук ёки ногирон кишиларнинг нуқсони ҳақидаги рост сўзлар зарурат чоғида ҳам улар ҳузурида айтилмайди. Саъдий Шерозийнинг “Гулистон”ида шундай ибратли ҳикоят бор: “Бир султон бир асирни ўлдирмоққа буюрди. Шундай нақл бор: “Ҳар ким жонидан қўл ювса, кўнглида борини тилига келтирар”. У бечора тирикликдан умидини узиб, султонни сўкди. Султон: “У ўлимли киши нима деяпти?” – деб сўради. Вазирлар ичида бир оқили бор эди. У айтдики: “Султонимизнинг умри узоқ бўлсин! Бу бечора “Вал-козиминал-ғайза вал-офина анинноси валлоҳу йуҳибб-ул-муҳсинина” (Маъноси: “Жаннат ғазабни юткувчиларникидир ва одамлар гуноҳин кечирувчиларникидир”) демоқда”. Султон буни эшитиб, асирнинг гуноҳидан кечиб, озод қилди. Аммо оқил вазирнинг душмани – бошқа бир вазир. “Султон хизматида ёлғон сўзламоқ бизнинг мартабамизга лойиқ иш эмас. У гуноҳкор султонни ярамас сўзлар билан сўкди” деб, сирни очади. Султон у вазирдан ранжиб: “Унинг ёлғон сўзи сенинг тўғри сўзингдан яхшироқдир. Негаки, унинг  сўзининг биноси маслаҳатга, сеники эса ғийбат устига қурилган”, деди. “Одамлар билан муомала қилаётганда эҳтиёт бўлмоқ, рост билан ёлғон сўзни фарқлай билмоқ керак. Ёлғонга суянган хушомад сўзни кўп айтадиганлар кўп бўлганидек, рост сўзни чин дилдан эшитадиганлар  ҳам камдир. Бу борада ибрат кўзини очиб, фаросат билан иш тутмоқ лозим.” (Абулбарокот Қодирий)

РУҲ – объектив дунёнинг фаол инъикоси. Борлиқни акс эттириш фақат инсонга эмас, жониворларга, ўсимликларга,  ҳатто ноорганик дунёга ҳам хос.  Модда тараққиётининг турли босқичларида инъикос ҳам турлича бўлади. Мас., сув ёки кўзгуда атроф-борлиқнинг акс этиши физик инъикос бўлиб, унда фаоллик йўқ. Ўсимликлар ривожланишида атроф-муҳитнинг акс этиши (ёруғлик, ҳарорат ва ҳ.к.) биологик инъикос бўлиб, унда қуйи даражадаги фаоллик намоён бўлади. Ҳайвон ва жониворларнинг ривожланишида, хулқ-атворида атрофдаги воқеа-ҳодисаларнинг акс этиши физиологик ва маълум даражада психик-руҳий инъикос бўлиб (инстинктлар, рефлекслар), улардаги фаоллик ўсимлик дунёсидаги инъикосга нисбатан жуда юқори даражада. Лекин, том маънодаги фаол инъикос инсонга хос бўлиб, бу инъикос Р. деб аталади. Р.нинг фаоллиги шунда кўринадики, у воқеликни қандай бўлса, шундайлигича эмас, балки тартибга солган ҳолда акс эттиради. Ҳозирги воқеалар,  ўтмишда бўлган ва келажакда бўладиган воқеалар инсон Р.да муайян тартиб ва кетма-кетликда ифодаланади. Ҳолбуки, ўтмишда бўлган ва келажакда юз берадиган воқеа-ҳодисалар ҳозирги кунда мавжуд эмас, бироқ у Р.да акс этади. Инсон Р.нинг ҳайвонлар Р.идан асосий фарқларидан бири шундаки, инсон ўзининг хатти-ҳаракатларини англайди ва режалаштиради. Инсон ва ҳайвонлар Р.да воқеликнинг акс этиши улар томонидан ўз хулқ-атворини назорат қилиш имконини беради. Воқелик ҳайвонлар Р.да тўғри акс этмаса, улар ўлимга маҳкум бўлади. Ҳайвонлар ўз хулқ-атворларини индивидуал тажриба ёрдамида назорат қилишади. Инсон эса ўз хатти-ҳаракатларининг тўғри ёки нотўғрилигини фақат ўз тажрибаларига эмас, ижтимоий амалиётга қиёслаб ҳам назорат қила олади. Р. ҳақидаги дастлабки тасаввурлар ибтидоий одамларда вужудга келган. Улар уйқу, туш, ўлим сингари ҳодисаларни ўзларича талкин қилган. Бу тасаввурларга кўра, Р. танадан мустақил ҳодиса бўлиб, одам ухлаганда ҳамда вафот этганда, у танадан чиқиб кетади уйғонганда эса танага яна қайтиб киради. Антик даврда Р. ҳақида содда илмий тасаввур вужудга келган. Луқмони ҳаким (Алкмеон) талқинича,  Р. инсоннинг бош миясида жойлашган. Лекин бу даврдаги тасаввурларга кўра, Р. модданинг бир кўринишидир. Мас., Гераклит ва Демокрит Р.ни олов, Анаксимен ҳаво, Эмпедокл эса тўрт унсурнинг қоришмаси сифатида талқин қилган. Ўрта асрларга келиб, Р. тўғрисидаги таълимот анча ривожланди. Абу Али ибн Сино таълимотига кўра, руҳни танадан ажратиб бўлмайди. Мана шу қоидадан келиб чиқиб, у танадаги касалликни даволаш учун руҳиятдан фойдаланиш услубларини ишлаб чиқди. Янги даврга келиб Декарт томонидан рефлекслар назарияси яратилди. Бу  Р. тўғрисидаги таълимотлар тарихида олға томон яна бир сезиларли силжиш эди. Иккинчи сигнал системаси тўғрисидаги назариянинг яратилиши  Р. ҳақидаги тасаввурларнинг илмий асосга кўчиши учун катта туртки берди. Р.га энг яқин бўлган тушунчалардан бири “онг” тушунчасидир. Онг ва Р. ўзаро боғлиқ тушунчалар бўлиб, бир-бирини тўлдириб туради. Р.га алоқадор бўлган тафаккур, хотира, тасаввур сингари ҳодисалар айни пайтда онгга ҳам тегишлидир. Р. ҳақидаги фан – психологиянинг “рефлекс”, “инстинкт” сингари категориялари онгости деб аталиши ҳам Р. билан онгнинг қанчалик боғлиқ эканини кўрсатади.

РУҲИЙ ОЛАМ — шахс ички дунёсига алоқадор ҳодисалар ва жараёнлар. Улар ўзаро боғлиқ, жуда хилма-хил ва мураккаб бўлиб, таркибига ташқи оламни билиш ва маданият, санъат ҳамда бошқа фаолият воситалари орқали ўзини намоён этиш каби руҳий ва маънавий эҳтиёжлари, қизиқишлари; табиат, жамият, инсон ва ўзи ҳақидаги тасаввурлари ва билимлари; ҳис туйғулари; қобилиятлари, мақсадлари, қизиқишлари, дунёқараши, эътиқоди ва қадриятлари киради. Инсоннинг Р.о.даги асосий таркибий қисмларидан бири шахсда шаклланадиган мақсадлар ва идеаллардир. Улар шахсни келажакни башорат қилиш, эртанги кунини тасаввур қилиш, узоқ ва яқинга мўлжалланган режаларни амалга оширишга тайёрлигини таъминлайди. Мақсад ва режасиз инсон — ўз келажагига ишонмайдиган, маънавиятсиз пессимистдир. Бу мақсадлар доимо ўзининг англанганлиги ва шахс реал имкониятларига боғлиқлиги б-н характерланади. Уларнинг шаклланиши ва онгда ўрнашишида маълум маънода идеаллар ҳам рол ўйнайди. Идеаллар — шахснинг ҳозирги реал имкониятлари чегарасидан ташқаридаги орзу-умидлари, улар онгда бор, лекин ҳар доим ҳам амалга ошмайди. Чунки уларнинг пайдо бўлишига сабаб бевосита ташқи муҳит бўлиб, ўша идеаллар объекти б-н шахс имкониятлари ўртасида тафовут бўлиши мумкин. Бу орзуга яқин келажакда эришиб бўлмаса-да, айнан ана шундай идеаллар одамга мақсадлар қўйиб, унга эришиш йўлидаги қийинчиликларни енгишга иродани сафарбар қилишга ёрдам беради. Инсон Р.о.нинг белгиловчи жиҳатлари сифатида унинг қизиқишлари ва дунёқарашини алоҳида ажратиш мумкин. Қизиқишлар ҳам англанган мотивлардан бўлиб, улар шахснинг атрофида рўй бераётган барча ҳодисалар, оламлар, уларнинг ўзаро муносабатлари, янгиликлар борасида фактлар тўплаш, уларни ўрганишга имкон берувчи омилдир. Қизиқишлар мазмунан кенг ёки тор, мақсад жиҳатидан профессионал, бевосита ёки билвосита бўлиши, вақт томондан барқарор, доимий ёки вақтинчалик бўлиши мумкин. Қизиқишларнинг энг муҳим томони шундаки, улар шахс дунёқараши ва эътиқодини шакллантиришга асос бўлади. Чунки эътиқод шахснинг шундай онгли йўналишики, унга ўз қарашлари, принциплари ва дунёқарашига мос тарзда яшашга имкон беради. Халқ доимо эътиқодли инсонларни ҳурмат қилади. Эътиқоднинг предмети турлича бўлиши мумкин: Ватанга эътиқод, динга, фанга, касбга, ахлоқий меъёрларга, оилага, гўзалликка ва шунга ўхшаш. Эътиқод ва қизиқишлар ҳар биримизнинг Р.о.имизниг муҳим жиҳати бўлган дунёқарашни шакллантиради. Дунёқараш — одамнинг теварак-атрофдаги оламга ва унда ўзининг тутган ўрнига қарашларидан келиб чиққан тизим. Унинг фал-й, сиёсий, илмий, диний, ақлий ва эстетик қарашлари йиғиндиси. Дунёқараш — тартибга солинган, яхлит онгли тизимга айлантирилган билим, тасаввурлар ва ғоялар мажмуи бўлиб, у шахсни маълум бир қолипда, ўз шахсий қиёфасига эга тарзда жамиятда муносиб ўрин эгаллашга чорлайди. Мустақиллик даврида шаклланаётган янгича дунёқараш ёшларда Ватанга садоқатни, миллий қадриятлар, анъаналарни эъзозлашни, ўз яқинларига меҳрибон ва танлаган йўлига — касби, маслаги ва эътиқодига содиқликни назарда тутади. Янгича фикрлаш ва янгича тафаккур айнан мустақиллик мафкураси руҳида тарбия топиб, сайқал топган миллий онг, дунёқараш ва эътиқоддир. Р.о. шахс ва жамият ўртасидаги узвий боғланишни ҳосил қилади. Инсон ҳаётга қадам ташлар экан, унинг шахс сифатида камолоти, Р.о. и шаклланиши ва ривожланиши айнан жамиятда содир бўлади.

РУҲИЙ ПОКЛАНИШ — маънавият негизи ва унинг мазмун-моҳиятини белгилайдиган асосий хусусияти, инсон маънавий дунёсининг миллий маънавият илдизларидан баҳраманд бўлиши, қалбан уйғониши, инсон маънавий оламининг юксалиши; илоҳий нафас ва Аллоҳнинг амрларидан бўлиб, нафс руҳ қолипидир, Р.п.инсондан катта сабр-тоқатни талаб этади. Нафси аммора ёмонликка буюрувчи нафс бўлса, нафси лаввома хато-камчиликларини англай бошлаб, ўзини танқид қилувчи, руҳий юксалишни хоҳлаган, нафси мутмаинна таскин топган, нафси розия — Аллоҳнинг неъматларига рози, нафси марзия Аллоҳ томонидан севилган бандага айланган, покланган руҳ — нафси софия, қусур ва иллатлардан батамом покланган руҳ нафси комиладир.

РЎШНОЛИК (форс.  ёритиш, ёруғлик, равшанлик) – бахтли, фаровон ҳаёт, ёруғликни ифодаловчи тушунча. Халқимиз қадимдан бахтли, фаровон турмуш кечиришни орзу қилиб келган. Лекин хақиқий Р.ка Мустақиллик давридагина эришди. Р. шунингдек “эзгулик”, “равшанлик” сўзларига синоним тарзда қўлланади. Шунинг учун ҳам илмий ва бадиий адабиётда ҳамда кундалик муомалада “Р.ка чиқди” сўз бирикмаси кўп учрайди.  Р. “ҳалоллик” ва “харом” тушунчалари билан узвий боғлиқдир. Р.га ҳалоллик билангина Р.ка эришиш мумкин. Одатда, халқимиз “ҳалол”ни ейиладиган нарсаларга ишлатиб, ейилмайдиган, зарарли, нопок, нарсаларга “ҳаром” иборасини ишлатади. Ҳақиқатда эса шариатда ижозат этилган ҳамма нарсалар, ейиладиган озиқ-овқатлар ва қилинадиган ишлар ҳалол, ижозат этилмаган нарсалар ва ишлар эса ҳаромдир. Аллоҳ таоло ҳаром этилган ишларни қилувчиларга бу дунёда ёки қиёматда албатта жазо беради. Ҳеч ким қилимиши учун жазодан қочиб кутула олмайди. Инсон ҳамиша Р.ка интилаверади. Халқимиз ҳам ўз интилиши билан бугунги Р. гача етиб келди. Кўринадики, Р. сўзи мустақиллик сўзи билан ҳам уйғунлашиб кетади. Демак, Р. сўзи ҳам “мустақиллик” тушунчаси сингари қадрли сўз ҳисобланади.

С