Ш

ШАЙТОН (араб. олий даргоҳдан ҳайдалган Азозил номли фариштага берилган ном) — Аллоҳ иродасига бўйсунмайдиган жин, инс, ҳайвон, инсон ва б. маҳлуқларни саркашлик йўлига бошловчи, биз кўрoлмайдиган, лекин мавжудлиги муқаддас китобларда билдирилган маҳлуқ. Мас., Қуръонда талқин қилинишича, Ш.ни Аллоҳ оловдан яратган, кейинчалик амрига итоат қилмагани учун олий даргоҳдан қувилган, ражим деб лаънатлаган. Лекин Аллоҳ бандаларини синаб кўриш учун Ш.га муҳлат берган. Шунинг учун у барчани йўлдан оздиришга ҳаракат қилади. Қуръонда Ш. сўзининг синоними сифатида Иблис ибораси ҳам ишлатилган. Одамлар томонидан эътироф этилган маън-й қадриятларга, диний ва дунёвий, жисмоний ва руҳий муносабатларга тўғри келмайдиган, ахлоқ нормаларини бузувчи қўпол, ошкора одамларга нисбатан ҳам Ш., Ш.нинг малайи каби сифатлар ишлатилади. “Аниқки, шайтoн сизларга душмандир, бас уни душман тутинглар” (Фoтир-6) дея oгoҳлантирилган. Ш. Инсoннинг, айниқса, мўминларнинг oчиқ душманидир. Ш. измидагиларнинг бoй-фақир, ёш-қари, эркак-аёл, чирoйли-xунуклигига қарамай йўлдан oғдириш пайида бўлади. Ш. инсонларга барча ёмoн нарсаларни чирoйли қилиб кўрсатади, уларнинг қалбларига васваса уруғини сoчиб иxтилoфлар, келишмoвчиликлар пайдo қилади. Мас., ичкилик, гиёҳвандлик, зинo, ўғирлик кабиларни чирoйли қилиб кўрсатади Ш. измидаги киши деганда, oдам бoласига xoс бўлмаган номақбул йўлларда юрадиган, ўз келажаги, oила тинчлиги, жам-т фарoвонлигини ўйламайдиган, ўз ҳузур-ҳалoватини ўйлаб барча туйғуларидан маҳрум бўлган маън-й қашшoқ киши тушунилади.

ШАНТАЖ (франц.) — ўз мақсадига эришиш, Бирон фойда кўриш учун қилинадиган иғво, дўқ уриш, қўрқитиш каби ёмон ниятдаги хатти-ҳаракатни англатувчи т. ЎзР жиноят ҳуқуқига кўра, Ш. алоҳида жиноят эмас, балки бошқа жиноятларни амалга ошириш воситасидир. Ш. инсон маъ-яти ва руҳиятига чуқур салбий таъсир кўрсатувчи ҳаракат бўлиб, кўпинча инсонларни ахлоқий меъёрлардан чиқишга олиб боради.

ШАРИАТ (араб. остона ва сув ичиш жойи; йўл; мусулмон оламида қонунчилик) — Исломда Аллоҳ жорий қилган амалий ҳукмлар мажмуаси, шунга асосан Ш. фиқҳ маъносида ҳам тушунилади. Самовий динларнинг барчасидаги амалий қисм Ш. деб аталади. Ислом Ш.и ҳукмлари қуръон, суннат, ижмоъ ва қиёсдан олинади. Ислом Ш.ининг мақсадлари динни, жонни, ақлни, наслни ва молни асрашдан иборат. Ш.да ушбу нарсаларни муҳофаза қилиш учун зарур бўлган барча чоралар кўрилган. Ш.нинг ҳожатлилик мақсадлари эса, кишиларга осонлик туғдириш ва улардан қийинчилик ва машаққатни аритишга қаратилган. Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) раҳбарлигида биринчи Ислом давлати ташкил топганда Ш. меъёрлари ўша давлатнинг асосий қонунлари бўлган ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган. Кейинчалик 4 халифа, уммавийлар, аббосийлар ва усмонийлар давлатлари вақтида ҳам Ш. давлатнинг қонуни бўлиб келган. Аммо вақг ўтиши билан турли омилларга кўра, мусулмонлар Ш. ҳукмларидан узоқлаша борганлар. Ҳозирга келиб фақат Саудия Арабистони давлати ўз Ш.ига амал қилади. Бошқа ислом давлатларида оилавий никоҳ, талоқ, нафақа каби масалаларда ва мерос хусусида Ш.га тўлиқ ёки қисман амал қилинади.

ШАРМ-ҲАЁ – қаранг: ҳаё; уят.

Шарқ Ренессанси – Шарқ маънавий-маърифий, маданий ҳаётидаги Уйғониш, яъни шарқ халқлари ривожининг юксалиш даврлари. Ш.р.ни икки даврга бўлиш мумкин. Биринчи  Марказий Осиёда муғуллар истилосигача бўлган давр, у Ал-Бухорий, Ал-Хоразмий, Форобий, Беруний, Ибн Сино каби қомусий олимлар, астроном ал-Фарғоний, Бухоро тарихчиси Наршахий, мутафаккирлар Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Хожиб ва б. номлари ва ижодлари б-н боғлиқ. Бу даврда яшаган мутафаккирларнинг деярли барчаларига қуйидаги хусусиятлар хос: маданиятнинг ўтмишда эришган ютуқларини, хусусан, қад. юнон, ҳинд, Хитой меросини чуқур ўрганиш ва уни ижодий ривожлантириш; табиатни ўрганишга қизиқишнинг ортиши ва табиий фанлар тараққиёти (астрономия, география, математика, риёзиёт, медицина ва ҳ.к.); рационализм, яъни ақлни ҳақиқат мезони сифатида тан олиш ва бунинг натижасида мантиқни ривожлантириш; ақидапарастликни рад этиш ва ҳурфикрлиликнинг ривожланиши; инсонпарварликни улуғлаш, инсоннинг ахлоқий, маънавий гўзаллигини,  камолотини Аллоҳнинг юксак инъоми сифатида талқин этилиши; сўз санъатига муҳаббат; илмий асарнинг бадиий шаклига алоҳида эътибор берилиши; қомусий  билимларга эга бўлишлик. Бу даврда яшаган мутафаккирлар фан ва санъатнинг кўп соҳаларини чуқур билган алломалар бўлган. Бу даврда Яқин Шарқда Ал-Маъмун халифалик қилган вақтда (813-833) давлат илм-маърифатнинг ўсишига ёрдам берди. Бағдодда, сўнгра Дамашқда астрономик обсерваториялар қурилди. Бағдодда “Байт ул-ҳикма” (“Донишмандлик уйи”) ташкил этилди. Бу илм даргоҳларида ўрта Осиёлик олимлар фаол иштирок этдилар. ХI асрнинг бошларида Хоразмда машҳур “Маъмун академияси” ташкил қилинди. Бу ерда Беруний атрофига ўша замоннинг бир гуруҳ олимлари, жумладан, Абу Али ибн Сино, Абу Наср бин Ироқ, шунингдек, файласуф Абу Саҳл Масиҳий, табиб Абулхайр Ҳаммор ва б. олимлар кўплаб илмий изланишлар олиб бордилар. Бу даврда табииёт илми, пантеистик фал. б-н бирга ислом илоҳиёти ҳам кенг ривожланди. Муҳаддис сифатида бутун мусулмон оламида машҳур Имом Бухорий, Имом Исо ат-Термизий, калом таълимотининг асосчилари Абу Мансур Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний ва Абу Ҳомид Муҳаммад Ғаззолийлар ислом дини ривожига катта ҳисса қўшдилар. Иккинчи Ренессанс – Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар сулоласи ҳукмронлик қилган (XVI асрлар) даврга, тўғри келади. Бу даврда яшаб, ижод этган олим ва мутафаккирлар Саъдиддин Тафтазоний, Мир Саййид Шариф Журжоний, Муҳаммад Тарағай Улуғбек, Ғиёсиддин Жамшид ал-Коший, Алоуддин Али ибн Муҳаммад қушчи, Абдураҳмон Жомий, Низомиддин Мир Алишер Навоий, Камолиддин Ҳусайн Воиз Кошифий, машҳур тарихчилар Мирхонд ва Хондамир, рассомлар Камолиддин Беҳзод ва шоҳ Музаффарларнинг номлари дунёга машҳур бўлган. Бу даврда давлатни бошқаришда дин ва тасаввуф қоидаларига алоҳида эътибор берилди. Аҳмад Яссавий ва Баҳоуддин Нақшбанд таълимотлари маънавият ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Илм-фан ривожлантирилди, меъморчилик санъати юксак даражага кўтарилди. Амир Темур Кўксарой масжиди, Шоҳизинда, Бибихоним мадрасасини қурдирди. Кешда (Шаҳрисабз) Оқсарой барпо этилди. Мирзо Улуғбек даврида Регистонда, кейинчалик Бухоро ва Ғиждувонда мадрасалар, Бибихоним масжиди, Гўри Амир мақбараси, Улуғбекнинг фалакиёт расадхонаси қурилди. Илм-фан, хусусан фал. мантиқ илми ривожига катта эътибор берилди. Бунинг натижасида XIV-XV асрдан бошлаб ислом мадрасаларида мантиқ илмини ўқитиш ҳуқуқ ва тилшунослик фанлари б-н боғлиқ ҳолда олиб борилди. Буюк фалакиётчи олим ва давлат арбоби Муҳаммад Тарағай Улуғбек математика, астрономия, геометрия, тарих, кимё ва б. соҳаларда илмий тадқиқотлар олиб борди. Унинг энг машҳур асари “Зижи жадиди Кўрагоний” да 1118 юлдузнинг ўрни ва ҳолати аниқлаб берилган. Улуғбек қуёш ва Ой ҳаракатларини, уларнинг тутилиш вақтларини тўғри ҳисоблаб чиққан. У атрофига иқтидорли ёшларни тўплаб, ўзининг илмий мактабини яратди. Шарқ Ренессанси II даврида яратилган фалий, бадиий тафаккур ривожининг ёрқин намунаси Алишер Навоий ижодида ўз ифодасини топган.  Мустақиллигимиз туфайлигина миллатимиз ва жаҳон маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган Шарқ уйғониш даврини илмий, холис ўрганиш, баҳолаш имкони очилди.

ШАРҚОНА АХЛОҚ — Шарқ халқлари томонидан инсоннинг инсонга, табиат, дин ва дунё, моддий ва мад-й неъматларга, руҳий ва жисмоний ҳиссиётларга муносабатида маълум тартибга солинган меъёрларни ифодаловчи т. Хулқ-атвор, юриш-туриш, тарбия, хушахлоқлик, боадаблик, ота-онага, устозларга ҳурмат-эҳтиром, хушмуомалалик, очиқ юзлилик, вазминлик, камтарлик, ваъдага вафодорлик, тўғрисўзлик ва шу каби маън-й т.ларнинг Шарқнинг турли-туман халқлари мад-тида яққол кўзга ташланиб туриши Ғарб дунёсида Ш.а. т.сининг шаклланишига олиб келган. Ш-дек, Шарқ халқлари тарихини турли томондан ўрганувчи мутахассислар ҳам Шарқда ахлоқ масаласига қадимдан жуда катта эътибор қаратилгани ва асрлар мобайнида бу соҳада эришилган натижалар бутун инсоният тар-ётига катта ҳисса қўшганини таъкидлайдилар.

ШАРҚОНА МАДАНИЯТ — Шарқнинг турли минтақаларида яшовчи жуда кўп миллатларнинг мазмунан ўхшаш ва бир бирига сингиб кетган, ш-дек, ўзига хос оригиналлиги б-н ажралиб турадиган кўҳна ва замонавий, моддий ва маън-й мад-тлар мажмуини ифодаловчи т. Мас., архитектура соҳасида Япон, Хитой, Корея услублари, Эронда ўзига хос зинасимон қурилиш услуби, буддизм таъсирида шаклланган Ҳиндистон биношунослиги, Ўрта Осиёнинг ислом мад-ти билан қоришиб кетган шаҳарсозлик услублари Шарқни бошқа минтақалардан ажратиб туради. Осиёнинг Туркия, Кавказ каби халқларининг архитектура ва шаҳарсозлигига Европа услублари ўз таъсирини ўтказган. Маън-й мад-т эса Шарқда ўзига хос, мустақил ривожланган. Ҳатто Европа мад-ти шаклланишига ҳам сезиларли таъсир ўтказган. Ш.м. ва маъ-ятининг юксалишига, айниқса, ислом дини катта таъсир кўрсатди. Натижада, Ўрта Осиё, Эрон, Миср халқлари мад-тлари кучли ривожланиб, ўз навбатида, бу Ғарб халқлари мад-тининг ривожланишига туртки берди. Ш.м.нинг бу даврида Дамашқ, Халаб, Рей, Самарқанд, Бухоро, Марв, Шош каби қадимги шаҳарлар юксалди ва Басра, Куфа, Фустат (Қоҳира), Фаластинда Рамли, Ироқда Боғдод, Восий каби шаҳарлар қурилди. Бухоро, Журжон, Самарқанд, Ғазна, Балх, Халаб, Қоҳира, Кордова, Севилья, Валенсия, Боғдод, Басра, Дамашқ каби илм-фан ва мад-т марказлари собиқ араб халифалиги худудларида тараққий топди. Ислом илмлари (“улум ал ислом”) қаторида дунёвий илмлар ҳам ривожланиб математика (риёзиёт), геометрия (ҳандаса), астраномия (фалакиёт) фанлари; фал. ва тарих, ижтимоиёт ёки жам-тшунослик ҳам юксак чўққиларга кўтарилди. Шарқ мад-ти кўп қиррали ва кўп йўналишли жараёнларни бошидан ўтказган. Тадқиқотчилар Ш.м.нинг маъ-ятга қўшган ҳиссасига юксак баҳо берганлар. Фал. тадқиқотчилари Ш.м.га “Шарқ тилсими” деб ўзига хос баҳо берганлар.

ШАРҚОНА МАЪНАВИЯТ — Шарқ халқлари ҳаёти, турмуш тарзида ўхшаш ҳолда намоён бўладиган муносабатларни англатувчи т. Адолат, тинчлик, аҳиллик, инсонпарварлик, маън-й меросга ҳурмат, ватанпарварлик, инсофлилик, ҳалоллик, фидойилик, зиёлилик, меҳнатсеварлик, мардлик, меҳмондўстлик кўпчилик Шарқ халқларининг юксак фазилатларидир. Шарқ маъ-яти даҳоларининг эътиқоди эзгулик туйғусига асосланган. Шунинг учун уларнинг номи, қолдирган илмий, фал-й, бадиий мероси башарият томонидан қадрланади.

ШАФҚАТ — кишининг ўзига алоқадор одамга, айбдор, гуноҳкор, ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий жазоланишга лойиқ кимсага кечиримлилик орқали инсонпарварлик кўрсатишни англатувчи т. Ш. ўзбек халқига хос бўлган юксак маънавий фазилатлардан бўлиб, ўзгаларнинг дардини англаш, муҳтож одамларга кўмак ва мурувват кўрсатиш, уларнинг инсон эканини ёдда тутган ҳолда ёрдам, раҳмдиллик кўрсатиш, ҳиммат қилишни билдиради. Одамларнинг ўзаро кундалик ижтимоий муносабатларида намоён бўладиган фазилатларини, жамиятдаги онг ва ахлоқнинг юксаклигини белгиловчи инсонийлик тамойилларидан бўлган бу хислат, унинг намоён бўлиш шарт-шароитларини жамият ва кишилар фаолиятининг барча жабҳаларида намоён бўлади. Ш. ҳисси Ш.га муҳтож киши ўрнига хаёлан ўзини қўйиб фикр юритиш орқали вужудга келадиган, ўзга инсон изтиробларини енгиллатишга қаратилган маънавий-ахлоқий ҳодиса. Ғазаб инсондаги ҳайвоний хислат бўлса, Ш. инсонийлик белгиларидан биридир. Мас., бева-бечоралар, иқтисодий ночор оилалар аҳволидан бохабар бўлиб туриш, кичик ёшдагиларга иззат-ҳурмат, кексаларга мурувват кўрсатиш, гуноҳ ёки айб иш қилиб қўйган кишиларнинг айбидан ўтиш, маҳкум ва маҳбусларга раҳмдиллик, ёрдам ва далдага муҳтож кишиларга ҳиммат қўлини чўзиш – халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган мурувват ва Ш.пешалик фазилатлари  ҳисобланади. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда ҳатто урушда мағлуб бўлган, қўлингизга асир бўлиб тушган душманларга, ғайридинларга ҳам мурувват, Ш. кўрсатишга даъват қилинади. Мўътабар динимизда тилга олинган бундай бағрикенглик (толерантлик) бугунги кунга келиб дунёнинг турли халқларининг  турмуш тарзига, тафаккурига сингдирилмоқда. Унинг акси бўлган салбий хусусиятлар қаторида – қаҳр-ғазаб, нафрат, жоҳиллик, адолатсизлик, бефарқлик, лоқайдлик каби қусур ва нуқсонларни кўрсатиш мумкин. Ш. олдингизда жавобгар, жазога лойиқ одамни, унинг инсоний ҳуқуқини ва табиатини ҳисобга олиб кечиришдир. Ш. универсал табиатга эга бўлиб у, нафақат инсоннинг инсонга, балки ҳайвонга бўлган муносабатида ҳам намоён бўлади, зеро ҳайвонга бешафқатлилик қилган одам инсонга ҳам Ш. қилмайди. Бугунги кунда Ш. тушунчаси инсон ҳаётини олий қадрият деб эътироф этиш, унинг яшашга бўлган ҳуқуқини ҳимоя остига олиш нуқтаи назарида долзарб аҳамият касб этмоқда. Диний ақидапарастлик, экстремистик ғоялар ва мафкуравий курашлар бешафқатликка асосланганини ҳисобга олсак, Ш. тушунчасининг аҳамияти янада ортиб бораётганини, унинг XXI аср жамияти учун энг муҳим маънавий-ахлоқий ҳодисага айланганини кўриш мумкин. Мустақиллик даврига келиб, озод ва эркин яшаб, демократик ҳуқуқий давлат бунёд этишга киришган халқимиз онгида бозор сиёсати ва ислоҳотлар жараёнида Ш., меҳр-мурувват, раҳмдиллик каби фазилатларнинг аҳамияти янада ортиб, маъно-мазмуни кенгайиб, теранлашиб бормоқда. Эндиликда инсоннинг жамиятдаги манфаатларини ҳимоя қиладиган, хатти-ҳаракатларини шарафлайдиган бундай фазилатларнинг  янги-янги қирралари кашф  этилмоқда. Шу ўринда турли байрамларда, кундалик ҳаётда, маъракалар чоғида кўплашиб беморлар ҳолидан хабар олиш, бадавлат кишилар томонидан маҳаллалардаги эҳтиёжманд оилаларга кўмаклашиш, меҳрибонлик уйларидаги болакайларнинг хатна тўйларини ўтказиш, тадбиркор ва фермерлар томонидан халқ манфаатини  кўзлаб қилинаётган ободонлаштириш  ишларини тилга олиб ўтиш мумкин. Шу маънода, янги демократик ҳаётга тамал тоши қўяётган халқимиз вакиллари орасида меҳр-мурувватли, Ш.ли инсонлар кўпаяётгани ҳам мустақил ҳаётимизнинг муҳим ютуқларидандир. Қолаверса, қонунчилик соҳасида давлатимиз томонидан қамоқдан чиқиб келган инсонларга, янги ҳаёт бошлаётган одамларга кўрсатилаётган ёрдам, уларга яратилаётган шарт-шароит жамиятимизда соғлом маънавий муҳит шаклланаётгани, меҳр-мурувват ва Ш. туйғулари таборо муҳим аҳамият касб этиб бораётганидан далолатдир. Зеро, раҳм-Ш.лилик чек-чегара билмагани каби, ундан келадиган ажру савоблар ҳам ҳамиша бутун, ҳамиша бардавомдир

ШАФҚАТСИЗЛИК — маънавий тамойиллар бузилиши оқибатида рўй берадиган, инсонлар ёки жониворларга азоб бериш, уларни қийнаш ёки шуларни амалга оширишга интилишда намоён бўладиган руҳий ҳолатни англатувчи т.  (патопсихологик). Ш. онгли ёки онгсиз тарзда, олдиндан ўйлаб қилинган ёки қизиққонлик оқибати бўлиши мумкин. У хатти-ҳаракат (қийнаш), азоб бериш ёки ҳаракатсизлик шаклида намоён бўлиши мумкин. Ҳаракатсиз Ш. инсоннинг азобланишини оғирлаштиради, У сўз воситасида азоб ва изтироб етказиш тарзида амалга оширилади. Ш. кишиларга ҳам, ҳайвонларга нисбатан ҳам амалга оширилиши мумкин. Ш. қонуний (болаларни камситиш ва қаттиқ жазолаш, оиладаги кучсизлар таъзирини бериш, ожизларга нисбатан зўравонлик) ва жиноий бўлиши мумкин. Бошқаларга нисбатан ҳам жисмоний, ҳам жинсий қийнаш б-н қўшиб амалга оширилган Ш. садизм тусини олади. Қуръони каримда Ш.нинг барча кўринишлари қаттиқ қорланади. “Ўзларингизни ўзларингиз ўлдирмангиз..” (Нисо, 29) Аллоҳ таоло инсонларни ўз жонига қасд қилмасликка, шунингдек, ўзгаларнинг қонини ҳам ноҳақ тўкмасликка буюради. Ҳадиси шарифда “Ҳар ким ўзини-ўзи бирор нарса билан ўлдирса, қиёмат куни дўзахда унга ўша нарса билан азоб берилади” дейилади. Ш. руҳий хасталардагина эмас руҳий жиҳатдан расман соғлом кишиларда ҳам учрайди. Ш.нинг олдини олиш учун инсонлараро муносабатларни ривожлантириш, фарзандлар қалбида меҳр-муҳаббат туйғуларини уйғотиш, оила аъзолари ва қўни-қўшнилар б-н самимий муносабат ўрнатиш, улар б-н шафқатсиз муомалада бўлмаслик, ёшлиқданоқ спиртли ичимликлар ичишга йўл қўймаслик, болаларнинг ғайриижтимоий тўдаларга қўшилишига йўл бермаслик, жамиятни инсонпарварлаштириш лозим. Тажовузкорлик бошқа шахсни тўлиқ ёки қисман маҳв этишга йўналтирилади, душманлик муносабатидан иборат бўлади, инсонга зарар етказиш ёки уни изтиробга солишга қаратилади. Ш.дан фарқли ўлароқ, тажовузкорликдаги зарар етказиш, қийноқ ва изтиробга солиш айни мақсад ҳисобланмайди. Кўпинча тажавузкорлик қизиққонлик, ўз мавқеига ишончсизлик, ҳар нарсага шубҳа б-н қараш, четдан бўладиган хавфни ҳис этиш, безовталик кабиларни акс эттиради. Баъзан ижтимоий ва педагогик эътиборсизлик ёки эгоистик хусусиятлар б-н боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Ҳозирги замонда юз бераётган глобаллашув жараёнлари таъсирида Ш.нинг кўринишлари бўлган ғоявий тажовузнинг шакл ва йўналишларига ҳам ўзгариб бормоқда. Ҳарбий қурол кучи билан ўз ғаразли мақсадларига эришиш имкониятларидан маҳрум  бўлган экстремист ва террорчи гуруҳлар тобора Ш. йўлига ўтмоқда,  унинг замонавий хавфли усул ва воситаларидан фойдаланмоқда. Бундай тажовузга фақат умуминсоний ғоялар ва демократик тамойилларга асосланган соғлом мафкура билан қарши тура олиш мумкинлиги тобора аён бўлиб қолмоқда. Ш.ни бартараф этишнинг ягона йўли  — ёш авлод онги ва қалбига юксак маънавий ва маърифий қадриятларни сингдиришдан иборат.

Шахс — ижтимоий-маънавий, ахлоқий моҳиятни ўзида мужассамлаштирган одамни англатувчи тушунча. Бу тушунча барча ижтимоий-гуманитар фанларда ўз предмети нуқтаи назаридан қўлланади, шу асосда хилма-хил талқин этилади. Ш. биофизиологик, ижтимоий, маънавий, ахлоқий, эстетик фазилат ва хислатларнинг яхлит бир бутунликка айланиши ҳамда муносабатлар тизими б-н қамраб олинишидир. Ш.нинг шаклланиши қуйидаги омиллар билан боғлиқ: 1) биологик (насл); 2) табиий муҳит; 3) маданий муҳит; 4) ижтимоий тажриба; 5) одамлар б-н муносабат. Ш.нинг биофизиологик жиҳати – овқатланиш,  жойлашиш, жинсий алоқага киришиш, бола туғилиши каби индивидуал фаолият б-н боғлиқ ҳодисалардир. Ш. маданийлашган жонзот сифатида ижтимоий-тарихий тажрибага эга бўлган муайян авлод вакили, инсонлараро муносабатлар субъекти бўлиши ҳам мумкин. Бу уч омил ҳам шахс ҳаёти ва фаолиятида муҳим аҳамият касб этади. Шахс — жамиятдаги алоҳида бир киши, одам. Лекин ҳар бир одамга нисбатан “шахс” сўзини қўллаб бўлмайди. Шахс такрорланмас тарихий ҳодисадир. Шахс нимаси б-ндир ажралиб турувчи, ўз маънавий қиёфасига эга одамдир. Бир миллатга мансуб шахслар қиёфасидан миллат қиёфаси шаклланади. Лекин Ш.лар миллат тақдирида салбий ёки ижобий ўрин тутиши ҳам мумкин. Бу уларнинг мадний даражаси,маънавиятига боғлиқ. Ш.га нисбатан ижтимоий муносабатлар ва онгли фаолият субъекти сифатидаги инсон,  индивидни жамият аъзоси сифатида тавсифловчи ижтимоий қимматли хусусиятларнинг барқарор тизими каби тавсифлар ҳам мавжуд. Индивид ижтимоий функцияларни ўзлаштириш ва ўз-ўзини англашни ривожлантириш жараёнида Ш. бўлиб етишади. Ижтимоий умумийликка қўшилиш (у б-н уйғунлашиш)га интилиш ва шу б-н бирга ижодий индивидуаллик намоён қилиш Ш.ни ижтимоий муносабатлар маҳсули ва субъектига айлантиради. Ш.нинг шаклланиши индивидларнинг ижтимоийлашуви жараёнида амалга ошади.

ШАХС МАДАНИЯТИ – муайян индивидга тааллуқли, унинг ақли ва қўли б-н яратилган моддий ва маънавий бойликлар мажмуаси, унинг ҳаёти давомида  инсонийлик ва маънавий-ахлоқий талабларга риоя қилиши б-н боғлиқ бўлган хатти-ҳаракатларни англатувчи тушунча. Ш.м. у яратган бунёдкорлик ғоялари, миллий маданият,  маънавий-ахлоқий қадриятларга амал қилишида намоён бўлади. Ш.м. унинг маънавий тарбияланганлик даражасини белгилайдиган мезондир. Ш.м. белгилари қуйидаги маънавий-ахлоқий сифатлар, инсоний муносабатлар, фазилатларни ўзлаштиргани б-н ҳам ифодаланади: иймонли, виждонли, эътиқодли ва диёнатли бўлиш, хушмуомалалик, интизомлилик, ўқишга ва ишга сабабсиз кечикмаслик, билим ва дунёқарашни бойитишга интилиш, ваъдага вафо қилиш, одамларга ёмонликлар қилмаслик, яхшилик қилиш ва уни миннат қилмаслик, катталарга ҳурмат ва кичикларга иззатда бўлиш, кексаларга, аёлларга ва болаларга алоҳида ҳурмат кўрсатиш, бошқаларга хайриҳоҳ, илиқ муносабатда бўлиш, камтарлик, бошқаларга лақаб қўймаслик, одамларнинг камчилиги устидан кулмаслик, масхара қилмаслик, ожизларни камситмаслик, атрофдаги одамларнинг меҳнат қилиши ва дам олишига халақит бермаслик, меҳмондўстлик, ўзининг ички ва ташқи дунёсига эътибор бериш, нутқ маданиятига риоя қилиш, жамоатчилик мулкини асраб-авайлаш, жисмонан ва роуҳан поклик ва ҳ.к. Эркак кишининг маданий савияси унинг аёлларга бўлган маънавий-ахлоқий муносабатида намоён бўлади. Ш.м. уни жамоа б-н бирлаштиради, кўп дўст орттиришига  имконият туғдиради. Ш.м. мукаммал бўлиши учун маънавий-ахлоқий фазилатларни бойитиб бориш, ўзини ўзи тарбиялаш, назорат қилиш ва бошқара олиш, ўзига ўзи танқидий ёндаша билиш, дунёқарашни кенгайтириб, маданий савиясини юксалтириб бориш керак. Абу Наср Форобий бу борада Афлотуннинг қарашларига тўхталиб, шундай ёзади: “Афлотун ахлоқий фазилатларни қандай ўзлаштириш мумкинлигини тушунтиради. Бундай яхши одатлар вақтинча ўзлашган бўлади, чунки жамиятлар ва барча одамларда одатлар узоқ муддат ўзлаштирилади. Адолатли, пок, жасур бўлишга одат қилиш, шу б-н бирга, ёмон қилиқлардан қутулиш учун ҳам маълум муддат ўтиши керак. Бу вақт давомида инсон ўзининг ёмон қилиқларидан воз кеча олади. Агар одамда туғма, кучли ғурур туйғуси бўлмаса, у руҳини машқ ила тарбиялаши зарур, чунки ўзи севган инсоннинг кўп иллатларини сезмаслик инсоннинг туғма хислатидир. Зеро шундай экан, шаҳвоний ҳоҳишларга эрк бермаслик учун албатта кучли ғурур бўлиши керак. Инсонни ҳалокатга олиб борадиган нарсаларни руҳига раво кўрмаслик учун бундай ҳолларда ғазабдан ҳам ижобий фойдалана билиш ва руҳни доимо ўзидан кўнгли тўлмасликка ўргатиш керак. Тарбияли одамлар ўз руҳларини доимо қувониш, ортиқча кулиш, қаттиқ хафа бўлиш, ортиқча қайғуриш каби ҳолатларда мўътадиллик доирасидан чиқмасликка мажбур қила олишлари керак. Одамлар маънавий фазилатларга эришишни истаб, илтижо қилиб, уларни ўзлаштиришга эътибор беришлари керак, токи ахлоқ қонуний, мақтовларга сазовор ва илоҳий бўлиб қолсин.”

 

ШАХС МАСЪУЛИЯТИ – жамиятнинг ахлоқий талабларини бажариши нуқтаи назаридан шахсни таърифловчи ахлоқ категорияси. Бу тушунча шахс ва ижтимоий гуруҳларнинг ахлоқий камолотида ҳам, ижтимоий муносабатларни такомиллаштиришда ҳам қатнашиш даражасини ифодалайди. Ахлоқий талабларни қўллай билиш,  уларга риоя этиш ёки этмаслмк инсон қай даражада айбдор эканини Ш.м. белгилаб беради. Шу маънода Ш.м. ахлоқий маданиятнинг бурчга мутаносиблигини ифода этади. Шунга кўра, Ш.м. инсон қўйилаётган талабларни бажаришга қодирлиги; уларни қай даражада англаши; фаолият доирасининг кенглини; талаб қилинаётган натижага эришиш ва ташқи омиллар таъсиридаги ҳаракатларнинг оқибати учун инсоннинг жавобгарлиги;  бу оқибатларни олдиндан кўра билиши каби масалаларни қамсраб олади. Ушбу масалаларнинг барчаси ахлоқ назариячилари  томонидан ўзлари яшаган жамиятда инсоннинг ҳақиқатдаги ахволини қай тарзда намоён эта олганларига кўра ҳал қилинган. Ш.м. ҳақида сўз кетганда ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг ўзаро муштараклиги, индивид ёки одамлар гуруҳи ижтимоий муносабатлар тизимида қандай ўрин эгаллаши ҳам ҳисобга олиниши зарур. Индивидларнинг ижтимоий ваколат ва имкониятлари қанчалик кенг бўлса, уларнинг масъулият даражаси шу қадар юқоридир. Ш.м. охир-оқибатда инсоннинг чинакам ахлоқий эркинлиги ҳақидаги масала бўлиб, шахснинг барча хусусиятлари уйғунликда ривожланган ҳолдагина тўлиқ амалга ошади.  Мутафаккир олим Абдурауф Фитрат масъулиятни шахснинг “маънавий хатти-ҳаракатлари мажмуи” сифатида талқин  этади. Натижада Ш.м. маънавий фаолият асоси сифатида унда вужуд поклиги, мустаҳкам ирода, мақбул феъл-атворнинг юксалишига хизмат қидаи. Бундай уйғунлик шахснинг ижтимоий-ахлоқий муҳитда юксак  маданиятли, маънавиятли ва ҳақ-ҳуқуқини танийдиган киши сифатида намоён этади. Ш.м. бугунги кун воқелигида ҳаётимизда мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётига  дахлдор бўлган ўзгаришларни фаол иштирокчиси бўлишини туйиб яшаш билан белгиланади. Бу ҳол шахснинг истиқлол, она Ватан учун қайғуриши, унинг куч-қудратини мустаҳкамлаш, ўқишда, меҳнат фаолиятида олдинги сафда бўлиш, “Мен мустақилликка нима бердим, шу азиз Ватанимнинг гуллаб-яшнаши учун қандай ҳисса қўшдим?” деган  саволларга жавоб беришни тақозо этади. Ш.м.  милий ғоя ва маънавиятнинг асосий тушунча ҳамда тамойиллари билан ҳамоҳанг тарзда баркамол авлодни тарбиялаш вазифасини амалга ошириш имконини беради, чунки масъулиятни ҳис этган, уни виждон амри, чинакам эътиқодига айлантирган шахсгина ватанга, оилага, ота-онага содиқ фарзанд бўла олади.  Шундай қилиб, Ш.м. ҳар бир ватандошимиз зиммасига озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон жамият қуришда фаол иштирок этиш, маънавий даражасини муттасил юксалтириб бориш масъулиятини юклайди.

Шахс маънавий баркамоллиги  мезонлари — ўзликни англаш, Ватан, юрт, жамият ҳаётига дахлдорлик, ҳуқуқий саводхонлик, қонунга итоаткорлик, фуқаролик бурчига садоқат кабиларнинг инсон фаолияти орқали намоён бўладиган кўрсаткичларни ифодалайди. Инсон шахс бўлиб туғилмайди. У ижтимоий муносабатлар жараёнида шахс сифати шаклланади, баркамоллик даражасига кўтарилади. Ш.м.б.м.дан бири — ўзини ўзи англаш ҳисобланади. Чунки, ўзлигини англамаган инсон баркамол шахс даражасига кўтарила олмайди. У ўзини англагандагина ўзгаларни англаши ва ижтимоий муносабатларда «мен»ини намоён этади. Демак, ўзликни англаш  шахс маънавий баркамоллигининг асосий мезонидир. Миллий ўзлигини англамаган шахс маънавий жиҳатдан қашшоқдир. Зеро, миллий ўзликни англаш унга маънавий куч-қудрат бағишлайди. Шу маънода, бу омил шахс маънавий такомилининг муҳим мезони сифатида намоён бўлади. Миллий ўзликни англаш омилининг аҳамияти қуйидаги ҳолларда яққол намоён бўлади:  биринчидан, миллий ўзликни англаш ривожланган бўлса, миллатнинг манфаатлари, шаъни, қадр-қиммати, обрў-эътибори, ғурури поймол этилишига қаратилган ҳаракатлар юзага келган вазиятларда, унинг барча вакиллари ўзаро жипслашади; иккинчидан, миллий ўзликни англаш руҳий ҳис-ҳаяжон, эҳтирос омилидир. Мазкур ҳолат ташқаридан қараганда сезилмайди. У миллатнинг хатти-ҳаракатлари, интилишлари ва мақсадларини амалга ошириш жараёнида намоён бўладиган салоҳияти орқали билиш мумкин. Руҳий ҳис-ҳаяжон ва эҳтиросларнинг “портлаши” миллатнинг характери, хусусиятлари, миллий ғояларни яратувчи, унинг тараққиётида олдинги сафда турувчи зиёлиларнинг салоҳиятига боғлиқ; учинчидан, миллий ўзликни англаш омили фақат миллий манфаатларни ҳимоя қилиш билан чекланмайди, балки миллий тараққиёт жараёнида юзага келадиган ички муаммоларни ҳал қилиш ҳамда миллатни бирлаштирувчи ва ҳаракатга келтирувчи вазифани ҳам бажаради. Бу муаммолар мамлакатда иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий соҳаларда содир бўлиши мумкин; тўртинчидан, миллий ўзликни англаш миллатнинг муҳим белгиси сифатида, фақат унинг манфаатларини ифодалаш ёки ҳимоя қилиш билан чекланмайди, балки унинг абадийлигини таъминлаб турувчи мустаҳкам қўрғон ҳамдир. Шахс маънавий мезонларидан яна бири — ҳуқуқий саводхонлик, ҳуқуқий маданиятга эга бўлиш ҳисобланади. Ҳуқуқий маданият бу — қонунларни тушуниш, билиш, ҳаётга татбиқ этиш, ижросини таъминлаш, ҳар бир шахс, фуқаронинг ижтимоий ҳаётда фаол иштироки ва бундай фаолликни бошқарадиган мезондир. Ҳуқуқий маданият эгаси бўлган киши жамият талаблари ва қоидаларига ҳурмат билан қарайди, жамиятни бошқаришда ҳуқуқий малака ва билимларига таянган ҳолда фаол иштирок этади. Шунинг учун ҳуқуқий саводхонликка эга бўлган шахсни тарбиялаш ғоят муҳим ижтимоий вазифа ҳисобланади. «Ўз ҳақ-ҳуқуқини танийдиган, ўз кучи ва қудратига таяниб яшайдиган, атрофида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга мустақил муносабатда бўладиган, шу билан халқ манфаатлари билан уйғун ҳолда кўрадиган эркин шахсни шакллантириш учун барча шарт-шароитларни яратиш даркор» (И.А.Каримов. Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт пировард мақсадимиз. Т., Ўзбекистон, 2000 йил, 12-б.). Шахс маънавиятининг мезонларидан яна бири қонунларига итоаткорлик ҳисобланади. Маълумки, қонунлар халқнинг бевосита ёки билвосита иштироки асосида қабул қилинади. Уларни қабул қилинишида мамлакат фуқароларининг аксарияти, ундан икки қисмининг розилиги асос бўлади. Бу ҳол қабул қилинадиган қонунларнинг легитимлигини таъминлайди. Шунинг учун ҳам қонунларга итоат қилиш, қонун асосида яшаш ва меҳнат қилиш ҳар бир инсоннинг фуқаровий бурчи ҳисобланади. Аммо, ҳаётда маънавий жиҳатдан қашшоқ инсонлар билиб-билмасдан, гоҳида эса атайлаб қонунларни бузиши, улардан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиш ҳоллари ҳам учраб туради. Бундай салбий ҳолатларнинг оммавий тус олиши мамлакат тараққиётига  таҳдид солиши, жамиятнинг ичдан емирилишига сабаб бўлиши мумкин. Қонунларга итоат қилиб яшаётган кишилар қанча кўп бўлса, мамлакат ижтимоий- сиёсий барқарорлиги шу қадар мустаҳкам бўлади ва унинг тараққиёти жадаллашади. Улар шахснинг ҳуқуқий маданиятининг қай даражада ривожланганига боғлиқдир. Ҳуқуқий маданияти ва саводхонлик даражаси юксак бўлган кишилар мамлакат фуқароларининг кўпчилик қисмини ташкил этиши жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий-маърифий тараққиётини ҳал қилувчи омиллардандир.

 ШАХС МАЪНАВИЯТИ – бу ҳар бир кишининг ўзини инсоният фарзанди, муайян миллат вакили, давлат  фуқароси деб билган ҳолда ўз Ватани тупроғи, суви, ҳавоси – жамики  бойликларини кўз қорачиғидай асраш, унинг  ободлиги, равнақи, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, иззатини жойига қўйиш йўлида чин виждон, иймон, эътиқод, садоқат, ишонч, халоллик,  довюраклик, беғаразлик, ҳурмат, катта фидойилик ва ақлий теранлик билан фаолият олиб боришга қаратилган ички руҳий ва ақлий  оламининг мажмуини англатувчи тушунча. Ш.м. – шахс “мен”ининг ботиний-зоҳирий қиёфаси, кўринишидир.  Ш.м.  жамиятда ижтимоий ҳаётда шахснинг бахтли яшаши учун тўғри фикрлаш, сўз ва амалнинг бирлиги, рост сўзлаш, ҳалол меҳнат қилиш, хуш ахлоққа эга бўлишдан иборатдир. Ш.м. даражаси унинг кишилик жамиятининг юксак аҳлоқий қадриятларига қай даражада риоя қилиб яшаши билан белгиланади. Аҳлоқ инсон маънавиятининг муҳим мезонларидан бири бўлгани боис Ш.м. деганда,  авваламбор унинг аҳлоқан баркамоллиги, ўз фаолитида маънавий қадриятларга, чунончи, адолат, гўзаллик ва эзгулик ғояларига таяниб иш кўриши назарда тутилади. Президент И.А.Каримов инсон маънавияти “Маънавият” тушунчасининг мазмун-моҳияти “маъно”, “маъни” деган сўзлар доирасида чегараланиб қолмаслиги, ҳақида тўхталиб, “инсоснни инсон қиладиган,  унинг онги ва руҳияти билан чамбарчас боғланган бу тушунча ҳар қайси одам жамият, миооат ва халқ ҳаётида ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайдиган алоҳида ўрин тутиши”ни таъкидлайди ва маънавият тушунчасини “инсонни руҳан покланиш, қалбан уйғонишга чорлайдиган, одамнинг ички дунёси, иродвсини бақувват, иймон-эътиқодини бутун қиладиган, виждонини уйғотадиган беқиёс куч, унинг барча қарашларининг мезонидир” дея таъриф беради. Инсон маънавиятининг маъно-мазмуни, энг муҳим жиҳатлари, хус усиятлари ва мезонлари теран ифодаланган мазкур таърифда маънавият инсонга руҳий куч қудрат ато этадиган, унинг ҳаётини маънавий мазмун билан бойитадиган, демакки, Ватан, юрт ва жамият равнақи учун бунёдкорлик фаолиятига, эзга амалларга етаклайдиган, жамият ҳаётидаги ғоявий, мафкуравий, маърифий, мданий, диний ва ахлоқий қарашларни ўзида тўлиқ мужассам этадиган беқиёс куч сифатида намоён бўлади. Шахс маънавий  фазилатлари кишилардаги иймон, диёнат, адолат, меҳр-шафқат, эътиқод, поклик, ҳалоллик, вафодорлик ва бошқа кўплаб ижобй хислатлар мужмуини ифода этувчи сўз бирикмаси. Ш.м. фазилатлари  орасида иймон хислати алоҳида аҳамият касб этади. Чунки, иймонли одам бутун ҳаёти, меҳнат фаолияти, уйида, кўча-кўйда ва оиласига муносабатларида ҳамиша тўғри,  меҳр-оқибат билан йўл тутади. Иймон арабча сўз бўлиб, луғавий маъноси – ишонч демакдир. Шариатда жаноб пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Оллоҳ  тарафидан келтирилган барча хабарларга тил билан иқрор бўлиб, дил билан тасдиқлаш иймон дейилади. Яъни Қуръони карим ва ҳадиси шариф орқали Оллоҳ тўғрисида, жаннат, дўзах, қиёмат куни ҳақида берилган хабарларга ишонч — иймондир. Маънавий ахлоқий фазилат сифатида эса  иймон фақат одамзотгагина хос руҳий-маънавий туйғулар жумласига киради. Бинобарин, одамзот жамики жонзотлардан бирон бир нарсага ишониб, уни муқаддас деб билиши, яъни иймон келтириши билан ажралиб туради. Иймон киши маънавияти, ахлоқининг ўқ илдизи, пойдевори, негизидир. Иймондан маҳрум бўлган кишининг ақли нечоғлик ўткир бўлмасин, ўзлигидан қанчалик мағрурланмасин, у ҳеч қачон чинакам маънавий фазилатга эга инсон деб ҳисобланмайди. Зеро, иймонсиз одам на Оллоҳдан қўрқади ва на бандаларидан уялади. У ўз нафсининг итоаткор қули бўлиб ҳар қандай разолат ва пасткашликлардан қайтмайди. Бундай маънавий қашшоқ, юксак маънавий фазилатлардан маҳрум бўлган кишилардан бошқалар узоқ юришга ва огоҳ бўлишга ҳаракат қилади. Иймон шахс ҳаётида шу қадар муҳим мавқега эгаки, усиз  том маънода дин ҳам, ахлоқ ҳам, инсон ҳам, маънавият ҳам, демакки, жамият ҳам бўлмайди. У мавжуд бўлсагина шахснинг маънавий фазилатлари мустаҳкамланиб боради. Иймон шахс маънавий-руҳий оламида қайси йўналишда (яъни диний ёки дунёвий) қарор топмасин, унинг шарти асосан биттадир. Яъни иймонли шахс ўз сўзи ва аҳдномасида туради. Агар шундай қилмаса, виждон азобида қолади ва ўзини-ўзи сира кечирмайди. Демак, виждон, ҳалоллик, поклик, ростгўйлик, инсоф-диёнат, саховат, мурувват, адолат, халқ, Ватан ишқи билан яшаш иймони бутун шахсларгагина хос фазилатлардир. Диний иймон билан бирга инсон тажрибаси, билими туфайли юзага келган дунёвий иймон ҳам бор. Дунёвий иймон мазмунини олам ва одам ҳақидаги сўнгги икки ярим минг йил мобайнида яратилган илмий-фалсафий таълимотлар, меҳнат аҳлининг тўплаган ҳаёт тажрибаси, ижтимоий хотираси, турли удум, урф-одат, расм-русум, анъаналар ва улар замиридаги билимлар ташкил этади. Дунёвий иймоннинг ўзаги одамийликдан иборат бўлиб, унинг таркибига кирадиган унсурлар, қирралар, жиҳатлар ғоят турфа хилдир. Одамийлик деганда халқимиз узоқ тарихи давомида турли синовлардан ўтиб сайқал топиб келаётган ва фақатгина ижобий фазилатлар тарзида эъзозланадиган маънавий-ахлоқий қадриятлар тушунилади. Одамийлик ғояси халқимизнинг турмуш тарзи, урф-одатлари ҳамда анъаналарига, унинг бой оғзаки ва ёзма ижоди, мумтоз адабиёт ва санъатимизга сингиб кетган бўлиб, инсон маънавий такомилида беқиёс аҳамият касб этади. Дунёвий иймон одамларни тўғри йўлдан боришга қаратилган маънавий қадриятлар тизимидир. Иймонлилик моҳияти ҳаё, андиша, ширин сўзлилик, ҳалоллик ва адолат, ор-номус, виждон, вафодорлик, меҳнатсеварлик, саховат, меҳр-муҳаббат, хайр-эҳсон каби юксак ахлоқий қадриятларда тажассум таопади. Демак, иймон комил инсоннинг етук маънавий фазилатлари мажмуидир. Иймонсизлик эса виждонсизлик, эътиқодсизлик, тубан йўлларга юриш, одоб-ахлоқ, инсонпарварлик қоида ва талабларига риоя қилмасликдир. “Одам бўлиш осон, одам бўлиш қийин”, “Отанг боласи бўлма, одам боласи бўл”, “Ўзингга раво кўрмаганни бошқага ҳам раво кўрма”, “Ёмон ўз ғамида, яхши – эл ғамида” сингари ҳикматларда аждодларимиз ардоқлаб келган юксак маънавий фазилатлар ифодаланган. Диний ва дунёвий иймоннинг моҳиятида андак тафовут бўлса ҳам, уларнинг мазмуни ва шаклий тузилиши бир хил. Чунончи, диний иймонда ҳамма нарсани яратгувчи зот Аллоҳга, дунёвий иймонда эса одамийликка, чин инсонийликка урғу берилади. Уларнинг ҳар иккови ҳам аслида кишини чинакам, бош ҳарфлар билан ёзилувчи инсон бўлиб тарбия топишига қаратилган.

ШАХС ЭРКИНЛИГИ — юксак маънавият  тамойилларига мос ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш унинг  озод шахс сифатида меҳнат қилиш, билим олиш, ўзи истаган касб-ҳунарни, диний эътиқод ва бошқаларни ихтиёрий танлашини ифода этувчи тушунча. Қадимдан эркинлик, озодлик, тенгликни барча инсонларнинг ижтимоий мавқеи, дини, ирқи, жинси, миллатидан қатъи назар қонунлар олдида тенг ҳуқуқлигини таъминлаш одамзотнинг асосий мақсади бўлиб келган. Ш.э.нинг таркибий қисмлари шахснинг дахлсизлиги, қадр-қиммати, диний эътиқод, виждон, сўз, ижод эркинлиги, хусусий мулкка эгалик ҳуқуқи ва б.лардан иборат. Шахснинг дахлсизлиги қоидалари қад. ва ўрта асрларда чеклаб келинган. Инсоният тарихида Ш.э.ни рўёбга чиқаришда АҚШда XVIII аср охирида қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари тўғрисида Билль” ва буюк француз инқилоби даврида қабул қилинган “Инсон ва фуқаролар ҳуқуқлари декларацияси” муҳим ўрин тутади. Бу борада БМТ 1948 йилда қабул қилган ва унинг Низомига киритилган “Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси” катта аҳамият касб этади. Ҳозирги даврдаги илғор, демократик жамиятларнинг қонунларида, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам Ш.э. кафолатланган. Ш.э.га дахл қилиб, моддий ва маънавий зарар етказган, жабр-зулм қилган шахслар қонуний жазога тортилади. Собиқ шўролар даврида сўз, диний эътиқод эркинлиги, шахснинг миллий туйғулари таъқиб қилинар, миллатпарвар одамлар “миллатчи” деб жазога тортилар эди. Наз-й-фал-ий жиҳатдан Ш.э  ҳар бир даврда нисбий маънода амал қилади. Таназзулга учраётган жамиятларда турли зўравонлик, ноҳақликлар оқибатида Ш.э.нинг бузилиши, инсонларнинг қадр-қиммати йўқолиб боришига сабаб бўлади. Ислом таълимоти бўйича ҳам инсон ўз ҳаётида яхшилик ёки ёмонлик, савоб ёки гунoҳ ишларга қўл уриши унинг ўз ихтиёрида, Худои таоло бандаларга ёмонлик қил, деб буюрмагани учун, улар гуноҳларни ўз ихтиёрига кўра қиладилар ва бунинг учун масъулиятлидирлар. Бошқа тарафдан Ш.э. ватан, халқ, жамият олдидаги инсоний бурч ва  масъулиятни инкор қилмаслиги керак. Бурч ва масъулият Ш.э.ни оқилона бошқариб туради. Бурчини, масъулиятини яхши билган одамларнинг эл, юрт олдида обрўйи, қадр-қиммати ҳам ошиб боради. Бундай кишиларни халқ эъзозлайди. Ш.э.ни юзаки, бирёқлама тушунган одамлар барча ишларда фақат ўз манфаатини ўйлаб, бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини топташга уринади. Давлат, қонун томонидан инсон ҳақ-ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши фуқароларнинг илм олиш, меҳнат қилиш, жамият ҳаётида юз бераётган воқеа-ҳодисалар ҳақида эркин сўзлаш, ижобий ёки танқидий фикрни айтиш, ҳалол меҳнат б-н топилган мулкка эгалик қилиш ҳуқуқларидан фойдаланишга имкон беради. Мустақил Ўзбекистон Конституциясида Ш.э.ни юзага чиқарувчи барча ҳуқуқлар кафолатлаган. Бугун Ўзбекистонда Ш.э., инсон ҳуқуқларининг муҳофазаси ва кафолати, эътиқод, меҳнат ва касбни эркин танлаш ҳуқуқи, таълим олиш, ижтимоий муҳофаза ва бошқа имкониятлар қонун билан ҳимоя қилинган. Бугунги мураккаб ва зиддиятли даврда, мамлакатимиз сарҳадларига яқин жойларда уруш оқибатида бегуноҳ одамлар қурбон бўлиб, сарсон-саргардон кишилар кўпайиб бораётган бир шароитда Ўзбекистонда инсон учун энг олий неъмат — яшаш ҳуқуқи ва осойишта ҳаёт кечириш ҳуқуқи тўлиқ таъмин этилган.

ШАХСГА СИҒИНИШ — маънавий бузилиш оқибатида шаклланадиган ва муайян шахс ролини  илоҳийлаштириш, унга  сиғиниш, хизматларини ҳаддан ташқари улуғлашни ифодалайдиган тушунча. Бунда  гўё тарихий жараён объектив қонунларга мувофиқ эмас, балки муайян шахснинг  хоҳиш иродаси б-н белгиланади. Қад. замонларда императорлар, дин пешволари – папа, коҳинлар ва ҳ.к.нинг ҳокимиятлари илоҳийлаштирилган:  фиръавнларни – Мисрда, хонларни – Хитойда, қиролларни – Европада, шоҳ, амирларни – Осиёда ва б. Шунингдек,  Гегель буюк шахслар “илоҳий руҳ” соҳиби, қироли, Шеллинг, Карлейль – “даҳо ибодати”, Б. Бауэр – “танқидий шахслар” назарияларининг ижодкорлари эдилар. Маркс, Энгельс, Ленин таълимоти издошларида ҳам муттасил Ш. с. авжига чиқди. Бу эса жаҳон миқёсида  салбий оқибатларга олиб келди. Ҳоз.  шароитда Ш.с. – шахс мавқеини меҳнаткашлар оммасига тарихни яратувчиси деб таъкидлашга уринишлар сифатида намоён бўлмоқда. Ш.с. замонавий қарашларга тамомила зиддир. Мас., замонавий тарих методологияси шахс роли ва ўрнини тарихий жараён б-н чамбарчас боғлиқ деб тан олиб, у шахсий намуна ва халқнинг ижодий фаолияти орқали намоён бўлади,  дея таъкидлайди.

        ШАХСИЙ АХЛОҚИЙ ҚАДРИЯТЛАР — ҳар бир кишининг ҳаёти даврида қадрланадиган, қатъий амал қилган ҳолда содир этадиган ахлоқий ҳатти-ҳаракатларининг яққол ифодаси бўлган инсоний фазилатларни ифодаловчи тушунча. Мас., ўзгаларнинг мушкулини осон қилиш мақсадида содир этилган беғараз ахлоқий хатти-ҳаракат, яъни яхши сўз, маслаҳат, насиҳат ёки моддий ёрдам шаклидаги эзгу амал. Ш.а.қ. умуминсоний ва миллий ахлоқий қадриятларнинг шахсий даражада намоён бўлишидир, яъни уларнинг ташувчиси, ижодкори шахсдир. Дарҳақиқат, уларнинг заминида ахлоқий қадриятлар ётадики, шахснинг маънавий камолоти ана шу қадриятларнинг шаклланганлик даражасига боғлиқдир. Ш.а.қ.га оид дастлабки қарашлар қадимги юнон мутфаккирлари, хусусан, Арасту асарларида ўз ифодасини топган. Унингча, “табиат инсоннинг қўлига интеллектуал ва ахлоқий кучни берган, аммо, у бу қуролдан нотўғри фойдаланиши ҳам мумкин. Шунинг учун ахлоқсиз инсон энг муртад ва ёввойи мавжудотдир”. Ҳақиқатан, Ш.а.қ. шахснинг тарихан таркиб топган, унинг инсон сифатида шакллантирувчи хулқ-атвори, юриш-туриши, бошқалар б-н мулоқоти, муносабатини тартибга солиб турувчи юксак маънавий меъёр ва қоидалар йиғиндиси б-н белгиланади. Тафаккур тарихи, давлат ва жамият қурилишидаги ўзгаришлар, ижтимоий тараққиётнинг асоси инсоннинг, алоҳида олинган шахснинг ахлоқий қадриятлари б-н белгиланади. Шахснинг, жамиятнинг ахлоқий қадриятлари ва унинг ижтимоий моҳияти тўғрисида А.Авлоний шундай дейди:  “Инсонларни яхшиликка чақиргувчи, ёмонликдан қайтарувчи бир илмдур. Яхши хулқларнинг яхшилигини, ёмон хулқларнинг ёмонлигини далил ва мисоллар ила баён қиладурғон китобни ахлоқ дейилур. Ахлоқ илмини ўқуб, билуб амал қилган кишилар ўзининг ким эканин, жаноби ҳақ на учун халқ қилганин, ер юзида нима иш қилмоқ учун юрганин билур”. Демак, Ш.а.қ. шахснинг, инсоннинг, кишиларнинг бир-бирига, оиласига, Ватанига, жамиятга бўлган муносабатларининг мазмун-моҳиятини ифода этувчи хатти-ҳаракатлари, фаолиятлари йиғиндисидир. Шу боис ахлоқий қадриятларнинг такомиллашгани, унинг юксак даражада бўлиши давлат ва жамият тараққиётига ижобий таъсир кўрсатади, озод ва обод Ватан эркин ва фаровон ҳаёт қуришни тезлаштиради. Ш.а.қ. такомили жамиятнинг барча жабҳаларига кириб бориш ва уни жамият аъзоларининг ахлоқи ва маънавиятини юксалитириш орқали ҳуқуқ ва эркинликларга асосланган муносабатларни вужудга келтиради ва такомиллаштиради. Ш.а.қ.лар дастлаб оилада шаклланади, сўнг мактаб, илм даргоҳида такомиллашиб, фарзандларга сингдирилади. Оилада Ш.а.қ. ота-она ибрати, шахсий намунаси орқали ўтади. Оиладаги самимийлик, меҳр-муҳаббат, оқибат, меҳмондўстлик, иймон-эътиқод, меҳнатсеварлик, катталарга ҳурмат, кичикларга иззатда бўлиш, андишалилик каби фазилатлар ҳам амалий фаолият ва ҳам оиладаги  тарбия орқали амалга оширилади. Ш.а.қ. таълим-тарбия жараёни, устоз-мураббийларнинг шахсий таъсири орқали шакллантирилиб, хушхулқлик, ширинсўзлик, раҳм-шафқат, мурувват, ваъдага вафо, сабр-чидам, мўмин-қаноатлилик, орасталик, сиполик, ҳалимлик, саховатлилик, ҳимматлилик, олижаноблилик, камтарлик, тежамкорлик, адолат, инсоф каби фазилатларда мужассам бўлади. Ш.а.қ.нинг миллий, ўзбекона тарбия тизими шахснинг ақл-тафаккурига, дунёқарашига таъсчир этувчи ижтимоий муҳит ҳисобланади. Унда Ш.а.қ.га якка тартибда ва жамоавий (маҳалла, қўни-қўшнилар, қариндошларнинг ўзаро таъсири) орқали таъсир этиш шаклларига ажратиш мумкин.  Ш.а.қ.да асосий масала – ёш авлодни ахлоқан ва маънан баркамол қилиб тарбиялашдан иборат. Ахлоқийлик – бу бир кишига иккинчи киши совға қиладиган нарса эмас, у шахсий тажриба асосида эришиладиган қадриятдир”. Шу маънода Ш.а.қ.  асосий мезон сифатида шахс томонидан ўз фаолиятини баҳолай олиши, ўзлигини англаши, шахсий мустақил дунёқарашга эга бўлиши, тарбияланганлик даражасини намоён қилиши, ҳаётини тартибга солиши, унинг мазмунида кўринади. Бугунги глобаллашув  ва “оммавий маданият”нинг турфа кўринишлари ижтимоий-маънавий воқелигимизда намоён бўлаётган вазиятда, ёшларимизни миллий қадриятлар, ўзбекона ахлоқ-одоб талаб ва қоидалари асосида тарбиялаш долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу ўринда ғоя Ш.а.қ. асосини ташкил этган ғоявий тарбия мезонларидан бири – масъулият туйғуси б-н яшаш хусусиятини шакллантиришдир. Масъулият шахснинг ҳар бир амалий фаолияти маҳсулини тўлиқ тасаввур қилган ҳолда, унинг ўзи ва ўзгалар учун нима наф келтиришини англай олиш қобилиятидир. Масъулиятни ҳис этган шахс ишни доимо пухта режалаштириб, унинг оқибатларини олдиндан тасаввур қила олади ва зарур натижаларга эришиш учун бутун куч ва салоҳиятини сафарбар этишга қодир бўлади. Табиийки, масъулиятни ҳис қилган болалар ҳаётга тайёр, фаол, эркин ва мустақил фикрловчи бўлади. Уларда масъулият б-н бирга, ўз-ўзини англаш, шахсий ғурур туйғулари ҳам юксак бўлади. Ш.а.қ.ни миллий ғоя ва мафкуравий тарбиясиз тасаввур қилиш мушкул. Шунинг учун ҳам мафкуравий тарбиянинг муҳим йўналиши сифатида Ш.а.қ.ни такомиллаштиришда ёшларда она Ватан олдидаги бурч, ўз тақдири учун масъулият, маҳалла, меҳнат жамоаси, оила ва яқин кишилар ҳаёти учун жавобгарлик ҳиссини тарбиялаш муҳим аҳамиятга эгадир. Айниқса, юксак маънавиятга, кенг билимга эга бўлган соғлом тафаккур ва замонавий дунёқарашни шакллантириш Ш.а.қ. учун   муҳим ҳисобланади. 

ШАХСИЙ ЕТУКЛИК — инсоннинг ижтимоий ва маънавий-ахлоқий баркамоллигини англатувчи тушунча. Ҳар бир кишининг ўз ўрнини билиши, одоб-ахлоқ талабларига риоя қилиши, ўзгалар ҳурматини жойига қўйиб, ўз шаъни, қадр-қиммати ва ор-номусини сақлаши, муомала ва билим-кўникмаларини юксак даражада эгаллаб олгани Ш.е. белгиларидир.  Ш.е. муаммоларни самарали ечиш ва жамият маданий ҳамда моддий қадриятларини яратишга имкон беради. Ш.е. инсон ўзини қуршаб олган оламни тасаввур ёки адашишлардан холи тарзда тўғри тушуниши, ўз хатти-ҳаракати учун масъулиятни  зиммасига олишга тайёрлигини олдиндан кўра билишга лаёқатлиликни назарда тутади. Шахсий етук инсон ўз олдига қўйган мақсадига  қандай эришиш кераклигини билади; ўзининг ким экани, жамиятда ўз ўрнини билган ҳолда, кучли ва заиф томонлари ҳақида ўзига ҳисоб бера олади. Етук инсон ўзини ҳурмат қилиш асносида бошқа кишиларни ҳам  ҳурмат қилади, уларнинг  манфаатларини  ҳисобга олиб ҳаракат қилади. Шахсий етук кишининг маънавий қадриятлари доирасида индивидуал эҳтиёжларидан ташқари ижтимоий масъулият ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ш.е.ка психологияда тарбияланганлик  ҳолати сифатида қаралади, ҳар бир катта ёшдаги қиши унга эришиши лозим, деб ҳисобланади.  Ш.е.  жисмоний,  ахлоқий, маънавий жиҳатдан комил бўлиш назарда тутилади. Айниқса, бугунги глобаллашув шароитида “оммавий маданият” шарқона урф-одат, қадриятларимизга салбий таъсир кўрсатаётган бир даврда шахснинг ўзлигини англаши,  турли тазйиқлар, истеъмолчилик кайфиятларига берилмаслик, маънавий-мафкуравий иммунитет ҳосил қилиш Ш.е. даражаси билан белгиланади. Ш.е.нинг такомиллашувига таъсир кўрсатувчи омиллар тил, тарихий хотира, авлодлар мероси ва қадриятларнинг ворисийлигидир. Шунингдек шахснинг қизиқиши, қатъий ишонч ва эътиқод уйғунлиги, ОАВ ҳамда  ижтимоий-сиёсий, маданий жараёнлардаги ўзгаришларнинг фаол иштирокчисига айланиши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ш.е. шахс ўзида юксак маънавий-ахлоқий қадриятларни, чуқур  билим ва авлодлар тажрибасини мужассам этишга хизмат қилади. Мамлакатимизда катта куч ҳисобланган  (умумий аҳолининг 64%) ёшларимиз Ш.е. субъекти  саналади. Зеро,  бугунги баркамол ёшлар учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилгани туфайли улар муқаддас ва азиз Ватанимизни фан ва санъат,  спорт соҳасида дунёга  танитмоқда.  Шахсий етук ёшларимиз нафақат мамлакатимизнинг бугунги фахри, ифтихори, балки  ёрқин  келажаги, порлоқ Ватанимизнинг  авлодларидир. Ғ.Ғуломнинг ,,Аъло Ватаннинг аъло фарзанди, билиб қўйки сени Ватан кутади” сатрларида айнан  Ш.е.ка интилган ёшларимизнинг маънавий ва маданий қиёфаси намоён бўлади.

ШАХСИЙ НАМУНА —шахс маънавиятининг намоён бўлиш шакли ва даражаларидан бири; тақлид қилиш учун намуна вазифасини ўтовчи инсон, ижтимоий гуруҳ, жамоанинг ижобий ёки салбий ҳаракати, бир киши ёки гуруҳнинг хатти-ҳаракати бошқалар учун намуна бўлувчи тарбия усулларидан бирини англатувчи тушунчи. Ш.н. ижтимоий интизом, ўзаро тарбия, анъаналарни асраб-авайлаш ва хулқ-атворни такомиллаштириш воситалардан бири. Намуна кучи катта аҳамиятга эга. Унинг таъсирчанлиги ижтимоий шарт-шароитлар ва имкониятларга боғлиқ. Ш.н.га бўлган эҳтиёж бир ижтимоий-иқтисодий тузумдан иккинчисига ўтиш, кескин бурилиш даврларида сезиларли даражада ошади. Ш.н. тарбия воситаси сифатида оила, ўқувчи ёшлар, тарбияси оғир  кишилар ва б.  ижтимоий гуруҳлар доирасида қўлланади, гўдаклик ва болалик ёшида эса таълим-тарбиянинг асосий усули ҳисобланади. Ш.н. асосан оилада – ота-она тарбияси, шахсий ибрати орқали амалга ошади. Қариялар панд-насиҳати, ота ибрати, онанинг ширин сўзи фарзанд тарбиясида унинг комил шахс сифатида  шаклланишида муҳим омил ҳисобланади.  Ш.н. воситали ва воситасиз усулларга эга. Ш.н.нинг воситали усулида тарбиявий жараён, таъсир оилада ота-она ва қариялар, мактабда ўқитувчи ва устоз, жамоада раҳбар, маҳалла, кўча-куйда обрўли кишилар ёрдамида амалга оширилади. Воситасиз  Ш.н. шахснинг мустақил ўқиб, ўрганиш, ўз-ўзини  тарбиялаб, такомиллаштириши (ОАВ, китоб, санъат асарлари) яъни синергетик тарзда намоён бўлади. А. Рудакий айтганидек ,,Агар ҳар ким ҳаётдан олмаса таълим, унга ўргата олмас ҳеч бир муаллим”. Ш.н. инсон маънавий-ахлоқий қиёфасининг олий кўриниши  ҳисобланади. Инсоннинг чеҳраси, сўзи, хулқ-атвори, муомала маданияти ташқи томондан кўрса ҳавас қилгудай даражада бўлади.  Ш.н. баркамоллик ва етуклик уйғунлигидир.  Унда шахснинг нафақат зукколиги ёки маърифатлилиги, айни пайтда ён-атрофдагиларнинг ҳол-ахволини тушунган ҳолда ижобий томонга ўзгартириш фаолиятини ҳам назарда тутади. Ш.н. юксак бурч ва маъсулият, маънавият уйғунлигини ифодаловчи  фаолият йиғиндиси билан белгиланади. Ш.н. ўқиш ва  ишда, оилавий ҳаёт ва меҳнат жамоалари  фаолиятида кузатилади. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий, иқтисодий, маънавий ислоҳотлар, ўзгаришлар, стратегик мақсад ва вазифаларни амалга оширишда   Ш.н.нинг ўрни каттадир.  Ш.н. бу ижтимоий фаол шахс тимослида намоён бўлиб, бундай кишилар обод, эркин ва фаровон жамият барпо этиш жараёнида асосий куч сифатида майдонга чиқади.

ШАХСНИНГ АХЛОҚИЙ МАДАНИЯТИ —  индивид томонидан ахлоқий онг орқали жамият маданиятини идрок этиш даражаси; ахлоқ талаблари инсон хатти-ҳаракатлари жамиятнинг шакллантирувчи таъсири остида қай даражада чуқур ва уйғун эканлиги кўрсаткичидир. Ш.а.м. турли омиллар таъсирида: ҳаётий тажриба ва тарбия; билим ва санъат воситасида шахс жамиятнинг ахлоқий маданияти ютуқларини турли даражада ўз онги ва хатти-ҳаракатларида жамлайди. Ш.а.м. мураккаб ҳодиса бўлиб, унга кўра инсон кундалик фаолиятда ахлоқ талаблари асосида иш юритади, онгнинг ижодий элементлари – ахлоқий ақл, интуиция ёрдамида кескин вазиятларда оқилона ахлоқий қарорлар қабул қилиш тажрибасини қамраб олади. Ш.а.м.ни шакллантиришдан мақсад — анъанавий ва ижодий элементларнинг уйғунлигига эришиш, шахс тажрибасини жамоа ахлоқий мероси б-н бирлаштиришдир. Ш.а.м. — элементларининг яхлит тизими бўлиб, этик фикрлаш маданияти (ахлоқий мулоҳаза юритиш қобилияти, этик билимлардан фойдалана олиш, яхшилик ва ёмонликни ажратиш, юзага келган вазиятнинг ўзига хос хусусиятларига ахлоқий меъёрларни қўллай билиш ва ҳоказолар)ни қамраб олади. Бундан ташқари Ш.а.м. туйғулар маданияти, инсоннинг “ахлоқий резонансга” қобиллиги, ҳамдардлиги ва жонкуярлигини; ахлоқий тажрибада ҳис-туйғу ва ўйларнинг амалга оширилиш шаклини, уларнинг кундалик ҳаётда хатти-ҳаракат меъёрига айланиб бориш даражасини характерловчи хулқ-атвор маданияти; шаклларни белгилаб берадиган қоидаларга амал қилиш одобини, мулоқотда шахснинг ўзини тута билишини ўз ичига олади. Қисқача айтганда, Ш.а.м. — умумий ахлоқий тамойилларни билиш, уларни чуқур ҳис этилган қарашларга айлантириш, хатти-ҳаракатларнинг энг оқилона шаклини қўллай билишдир. Унинг ҳар бир элементини ўзлаштириш Ш.а.м. шакллантириш ва такомиллаштиришга ёрдам беради. Ш.а.м. олий даражасини “ахлоқий донолик” сифатида ахлоқий фаолиятининг оптималлиги ва уйғунлигини таъминлаб бера олиш, ҳар қандай вазиятда ҳам муносиб хатти-ҳаракат қила олиш деб таърифлаш мумкин. Ш.а.м. масаласи Шарқ ва Ғарб мутафаккирлари, мас., Юсуф Хос Ҳожиб, Кайковус, Ал-Форобий, ибн Сино, А.Навоий, Ж.Румий, Бобур, Н.Хисрав, Фитрат, А.Авлоний, Беҳбудий, Суқрот, Афлотун, Арасту, Гоббс, Дидро, Ламетри, Рассел, Гегель, М.Кант, Фейербах, В.Соловьёв, Н.Бердяевларнинг илмий-фалсафий қарашларида кенг ёритиб берилган. Ш.а.м. жуда кенг қиррали тушунча бўлиб, шахснинг моддий ва маънавий ҳаётдаги эзгу интилишлари, ташқи кўриниши, хулқ-атвори, туриш-турмуши, ўзини тута билиши, кийиниши, овқатланиш маданияти, умуман, бошқалар учун ибратли фазилатларини ифода этади. Қуръони каримда Оллоҳ хушхулқларни севади, бир-бирларингиз б-н гўзал муомалада бўлинг, дея даъват этилади. Ш.а.м. мураккаб серқирра жараён ва ҳодиса ҳисобланиб, давлат ва жамият тараққиёти, цивилизация жараёнлари б-н боғлиқ ҳолда кечади, миллий ва умумбашарий қадриятларда намоён бўлади. Чунки шахс турфа кўринишларга эга бўлиб, у ўзида шарқона ва ғарбона  ахлоқий маданиятни ўзида мужассам этади. Глобаллашув жараёнида дунё миқёсида ахборот оқимининг кучайиши ва қадриятларнинг оммалашуви, айниқса Ғарб оламида кўзга ташланаётган маънавий инқироз ғарбона турмуш-тарзи ва қадриятларни “оммавий маданият” намуналарини тарғиб этиш орқали ахлоқий маданий ва маънавий қадриятларимизга, ёшларимизнинг онг-шуурига таъсир этишга уринмоқда. Шу боис фарзандларимизни миллий урф-одат, анъаналаримиз, бой шарқона меросимизга садоқат руҳида тарбиялаш, уларда юксак маънавият туйғуларини шакллантириш орқали ҳар томонлама баркамол авлодни, шахсни вояга етказиш лозим.

ШАҲАР — аҳолиси нисбатан зич, асосан, саноат, савдо, ш-дек, хизмат кўрсатиш, бошқарув, фан ва мад-т соҳаларида банд бўлган йирик маъмурий, маданий аҳоли манзилгоҳи, шунингдек, бевосита қишлоқ хўжалиги б-н банд бўлмаган аҳоли яшаш жойи назарда тутилади. Ш. т.си социология фани н.назаридан жам-т мавжудлигининг тарихий-муайян, ижт-й маконий шакли, аҳолининг яшаш шароитидан тортиб меҳнат ўринларига қадар инсонлар учун яратилган шарт-шароитлар тушунилади. Ш. ўз атрофидаги туманлар учун маъмурий, ва мад-й марказгина эмас, балки уларнинг жойлашиши ва ўсишига катта таъсир кўрсатувчи омил ҳамдир. Ш.лар ибтидоий жамоа давридан синфий жам-тга ўтишда, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ деҳқончиликдан ажралиб чиқиш даврида пайдо бўлган. Ҳунарманд ва савдогарлар муқим истиқомат қила бошлаган жойлар гавжумлашиб, Ш.ларга айлана борган. Аҳоли пунктларига Ш. мақоми берилиши учун аҳоли сони, бажарадиган функцияси: саноат ишлаб чиқариш, ташкилий-хўжалик, мад-й-сиёсий, маъмурий ва ҳ.лар бош мезон ҳисобланади. Аҳоли манзилгоҳларини Ш. тоифасига ўтказиш маълум қонуний тартибда амалга оширилади ва чегараси белгиланади. Ш. мақомини беришда кўпгина мамлакатлар ўзларнинг иқт-й, ижт-й-мад-й ва географик жойлашувига қараб ўз мезонларини ишлаб чиққан. Ўз-нда Ш. мақоми берилиши учун, маълум манзил аҳолисининг сони 7 мингдан юқори бўлиши талаб этилади. Аҳоли сонига кўра, Ш.лар кичик (50минггача), ўрта (50-100 минг) ва катта (100 мингдан ортиқ) бўлади. Ўз-нда 120 Ш., 113 та Ш.ча бор. Шундан 17 таси катта Ш.лар (Тошкент, Самарқанд, Наманган, Андижон, Бухоро, Қўқон, Фарғона, Нукус, Қарши, Урганч, Олмалиқ, Ангрен, Чирчиқ, Навоий, Марғилон, Термиз, Жиззах), 16 таси ўрта ва қолганлари кичик Ш.лар. Ш.лар бажарадиган вазифаларига кўра пойтахт, саноат, транспорт, туризм, дин, фан ва мад-т ҳамда илмий тадқиқот марказларига бўлинади. Ш-дек, республикага бўйсунувчи, мухтор республика, вилоят, туманларга бўйсунувчи Ш.ларга ажратилади. Ш.лар инсоннинг мад-й ва маън-й ҳаётида муҳим роль ўйнайди.

ШАҲАРСОЗЛИК — меъморчиликнинг йирик соҳаси; шаҳар бунёд этиш назарияси ва амалиёти — аҳоли яшайдиган ҳудудлар (турар жойлар)ни лойиҳа асосида режалаштириш. Ш. ижт-й-иқт-й, санитария-гигиена, қурилиш-техника, бадиий-меъморий масалалари мажмуини қамраб олади. Ш. мажмуи меъморчилик ва қурилиш бунёдкорлиги, жам-тнинг ижт-й тизими ва ишлаб чиқариш кучларининг тар-ёт даражаси, мад-ти, табиий иқлим шароитлари ва миллий ўзига хослиги б-н белгиланади. Ш., ўз навбатида, қишлоқ аҳолиси турар жойларини режалаш, ландшафт меъморчилиги, боғ барпо этиш, туманларни режалаш, саноат корхоналари, дам олиш минтақаларини рационал равишда жойлаштириш, экология масалалари каби бир неча тармоқларга бўлинган. Ш.да турар-жойларнинг нафақат меъморий-бадиий қиёфаси, эстетик жиҳатларига, балки ободонлаштириш — йўллар, айниқса, автомобиль йўлларига, инфратузилма (оқава сув — канализация, газ, электр ва б. муҳандислик таъминотлари)га катта эътибор берилади. Ш.да янги шаҳар, шаҳарча, қишлоқларни қуриш, қадимги шаҳарларни муҳофаза қилиш (реконструкция қилиш), меъморий мажмуалар (кўпроқ турар-жой мавзелари)ни бунёд этиш бош режа асосида амалга оширилади. Ш. қадимий тарихга эга. Мил. ав. 3-минг йиллик ўрталари — 2-минг йиллик бошларида кент — манзилларини қуришда мунтазам режалаштиришдан фойдаланилган (қад. Хитой, Миср, Эрон ва б.). Юнонистонда шаҳарлар сиёсий ва диний марказларни ажратган ҳолда режалаштирилган бўлса (Акрополь ва б.), Қадимги Римда шаҳарларни тўғри бурчакли даҳаларга бўлиш услуби қўлланилган (Помпей, Остия ва б.). Ўрта асрлар Европасига шаҳарларни стихияли, қалъа деворлари атрофида чизиқли ва айлана-халқали режалаштириш хос бўлган (Нёрдлиген Германияда, Краков Польшада, Прага Чехияда ва б.). Россияда шаҳарлар тепаликларда, дарёлар қуйиладиган жойларда бунёд этилган (Киев, Чернигов, Новгород, Псков ва б.), ҳамма кўча (йўл)лар шаҳар дарвозасига ёки шаҳар савдо майдонларига олиб борган. Айлана-халқали режалаш — Ш.нинг мумтоз намунаси ўрта асрлардаги Москва шаҳридир. Ўз-н ҳудудида дастлабки шаҳарлар (Сополлитепа, Жарқўтон, Узунқир) мил. ав. II минг йилликнинг биринчи ярмида Жанубий ҳудудларда пайдо бўлган. Ёзма манбаларда эса шаҳар ҳақидаги маълумотлар дастлаб «Авесто»да учрайди. Баъзи шаҳарларнинг (Қарши — Ерқўрғон; Ҳазорасп — Хумбустепа кабилар) шаклланишини тадқиқотчилар мил.ав. X-VIII асрлар б-н боғлайдилар. Фарғонадаги энг қадимги шаҳарлар (Ашқолтепа, Далварзинтепа кабилар) илк темир даврига оид Чуст мад-тига мансубдир. Аҳамонийлар даврида шаҳар қуриш жадаллашган (Хорамздаги Қалъалиқир, Кўзалиқир ва б.). Ўрта асрларда шаҳарлар тузилиши мураккаб бўлган, уларнинг таркибига арк, бир ёки бир неча шаҳристон, работ (шаҳристон атрофлари) кирган. Уларнинг ҳар бири алоҳида қалъа девори б-н ўралган. Афросиёб (Самарқанд), Бухоро, Бинкат (Тошкент) Мовароуннаҳрнинг йирик шаҳарларидан бўлган. Бундай шаҳарларни ва улар атрофидаги кичик шаҳар ва қишлоқларни узун деворлар муҳофаза қилган (Бухоро, Тошкент теварагидаги “Канпир девор”лар, Самарқанд теварагидаги “Девори қиёмат” ва б.). Темурийлар даврида вайронагарчиликларини бартараф этиш, мамлакат ободончилигини таъминлашда катта Ш. ишлари олиб борилган. Амир Темурнинг Самарқанд ва унинг атрофи, Шаҳрисабзда, Банокат (Шоҳрухия), Шоҳруҳнинг Машҳад, Марв ва Ҳиротда амалга оширган ишлари, Улуғбек томонидан Самарқанд регистонида барпо этилган иморатлар бунинг ёрқин намунасидир. Шайбонийлар даврида ҳам бунёдкорлик ишлари давом эттирилиб, айниқса, пойтахт Бухорога катта эътибор берилган. Ривоятларга кўра, Абдуллахон II мингта работ қурдирган. Кўп мажмуаларнинг шаклланиши айнан шу даврга тўғри келади (Бухородаги Лабиҳовуз ансамбли, Пойи калон, Қўш мадраса, Чор Бакр меъморий мажмуаси, Қаршидаги Регистон майдони ва бошқалар). XIX асрда Қўқон хонлари томонидан Сирдарё бўйлаб бир нечта шаҳар-қалъалар қурилиб, кучли мудофаа тизими яратилди, Пишпак (Қирғизистон), Шаҳрихон шаҳарлари пайдо бўлди. Кейинги даврларда, жумладан, XX асрда ҳам Ш. ишлари жадал олиб борилди. Мустақиллик йилларида Ўз-нда Ш. кенг миқёсда ривож топиб, замонавий меъморчилик ечимлари асосида шаҳарларнинг қиёфаси кундан кунга чирой очиб бормоқда. Шу жиҳатлардан олиб қараганда, Ш. инсон мад-ти ва маъ-ятини ривожлантирувчи омиллардан бири бўлиб қолади.

ШЕВА (форс. ҳаракат тарзи, тарз, усул) — умумхалқ тилининг маълум худудга хос тармоғи, маҳаллий тилни англатувчи т. Ш. — бу бошқа Ш. тизимларидан фонетик, грамматик, сўз ясалиши ва луғавий белгиларига кўра фарқланувчи лисоний тизим сифатида мавжуд бўлади. Мас., қипчоқ лаҳжасининг манғит ёки сарой шеваси, қарлуқ лаҳжасига мансуб марғилон шеваси ва б. ўзбек тилининг энг кичик ҳудудий кўринишлари. Алоҳида Ш. лар бирикиб, лаҳжани ташкил этади. Ш.лар тизимининг мураккаблик даражаси, асосан, экстралингвистик омиллар: Ш.нинг алоҳидаланиш (ажралиб қолиш) даражаси, муайян Ш. вакилларининг бошқа Ш.лар ва тилларнинг вакиллари б-н алоқа қилиш даражаси, адабий тилнинг Ш.га таъсири ва ш.к.ларга боғлиқ. Алоҳида ажралиб қолган Ш.ларда унинг вакиллари б-н атрофдаги аҳоли ўртасида алоқаларнинг йўқлиги (географик ёки сиёсий сабаблар, атрофдаги аҳолининг тил, мад-т, диний эътиқод жиҳатдан айни Ш. вакилларидан ксскин фарқланиши туфайли), шева вакилларининг анъанавий турмуш тарзини сақлаб қолишга астойдил интилиши оқибатида Ш. жуда секинлик б-н ўзгаради, катта ва кичик ёшдагиларнинг тилидаги фарқ жуда кам даражада бўлади. Адабий тилнинг ёки бошқа Ш.нинг кучли таъсири остида бўлган Ш.да аҳолининг турли гуруҳлари нутқига хос бўлган, бир-бирига қарама-қарши қўйилган ва турли даражада фарқланадиган анъанавий (қад.) ва янги қатламлар ажралиб туради. Ана шу эски ва янги қатламлар Ш. доирасидаги аҳолининг ўзига хос маън-й-мад-й белгиларини ёрқин акс эттириб боради. Ш.га қараб уруғ ёки аймоқни белгилаш, уруғ ёки аймоққа қараб инсоннинг феъл-атворини тушуниш тарихда кенг қўлланган. Миллий тил т.синииг ҳажми ва қўлланиш доираси кенг бўлиб, ўз ичига лаҳжа ва Ш.ларни ҳам қамраб олади. Ш.лар тилнинг қуйи шакли ва тармоқлари ҳисобланиб, адабий тилни бойитиш учун хизмат қилади. Алабий тил меъёрларининг такомиллашуви, фан ва мад-т тар-ёти, шаҳар б-н қишлоқ ўртасидаги тафовутларнинг камайиб бориши каби экстралингвистик омиллар туфайли Ш.лар ҳам аста-секин ўз хусусиятларини йўқота боради. Ш.лар тилшуносликнинг диалектология бўлимида ўрганилади.

ШИЖОАТКОРЛИК (араб. қўрқмас, ботир; форс-т. касб қилиш) – кескин ва мураккаб вазиятда инсон хатти-ҳаракатида намоён бўладиган ғайрат, қатъият, мардлик, жасорат хислатларини англатувчи тушунча. Ш. бирор қийин ишни бажаришга қаратилган кўр-кўрона интилиш эмас, балки оқилона қарорнинг  бир шахс томонидан ёки кўпчиликнинг иродаси билан бажаралиши мумкин бўлган ижимоий-маънавий ҳодисадир. Мас., бир олимнинг унгача ҳеч ким қўл урмаган илмий муаммони ҳал қилиш борасидаги шижоати ёки кўпчиликнинг шижоати билан уруш йиллари Фарҳод ГЭСининг қурилгани ва ҳ.к. Ш. ғайрат билан ишлаш, қатъятли бўлиш, фидокорона меҳнат қилишга ундайди. Дангаса, танбал одамлар ҳеч қачон шижоаткор бўлолмайди, Ш. уларга бегонадир. Асоссиз таваккал қилиб, бирор ишга киришиш билан ҳам баъзида яхши натижаларга эришиш мумкиндир, лекин бу Ш. ҳисобланмайди, зеро, Ш. – пухта ўйланган чора-тадбирлар асосида амалга ошириладигшан сайъйи-ҳаракат, ғайратдир. Ш. инсон фаолиятининг барча жабҳаларида: турмушда, меҳнат фаолиятида, ҳарбий соҳада намоён бўлиши мумкин. Чунки, танланган йўлдан тоймасдан, мақсад сари мардонавор интилиш Ш. инсонга хос хусусиятдир.  Ш. деганда фақат эзгу, яхши, савоб ишларни бажаришга бел боғланган жасоратли, довюрак кишиларга хос хислат назарда тутилада. Ғайрат ва Ш. мазмун-моҳияти Мирзо Абдулқодир Бедилнинг қуйидаги рубойисида шундай ифода этилган: “Осмон бўлсанг ерга эгилмоқ яхши, // Тупроқ бўлсанг кўкка интилмоқ яхши. // Нотавон, бечора бўлмагил зинҳор, // Ғайратда, ҳимматда бўл порлоқ яхши”.

ШИРИНСЎЗЛИК  —  ширин, ёқимли сўз айтиш, шундай хислатга эгаликни англатувчи ахлоқий сифатлардан бири. Ш. мурожаат, муносабат, сўзлашув ва умуман  мулоқот жараёнида амал қиладиган инсоний фазилатдир. Ш. инсон чиройининг ўзига хос сифатларидан бири ҳисобланади. Ш. амал қиладиган қуйидаги талаблар бор:  1. Сўзни талаффуз қилиш, уни қўллаш ва маромини билиш. 2. Омманинг мулоқот тилида кам учраса-да, ширинсўзни ўрнида гапириш. 3.  Ширинсўзнинг масъулиятини ҳис этиш ва англаш. Мулойим, майин ва овозни пастлатиб гапириш ҳам Ш. шартларидан бири бўлиб, бунда сўзнинг оҳанги, айтилиши, таъсирчанлигига жиддий эътибор бериш лозим. Зеро, «азизим», «меҳрибоним», «суянчиғим», «бўталоғим» каби эркалаш, юпатишга хос сўзлар баланд овозда айтилса бундай сўз ўзининг хусусиятини йўқотади. Бу борада Қуръони каримда овозни пастроқ қилиб гапириш лозимлиги уқтирилиб, қаттиқ, бақириб гапириш эшшакнинг ҳанграшига ўхшатилади: «Сўзлаганда овозингни пастроқ туширгин, зеро энг ёмон овоз – эшшакнинг овозидир», дейилади. Бундан ташқари, хуштабассумлик бўлиш ҳам Ш. шартларидан ҳисобланади. Яъни бошқалар тасаввурида яхши таассурот қолдириш учун мулоқот жараёнида очиқ чеҳра билан сўзлашиш лозим. Бу борада аллома Юсуф Хос Ҳожиб шундай деган эди: «Ўзинг сени севувчилар кўпроқ бўлишини истасанг, туз ва нон едир, чеҳрангни очиқ қил… Одамни мафтун қилувчи мана шу икки қилиқдир, мен булардан бўлагини топмадим, топилса сен уни иста». Ширинсўз бўлиш учун инсон бағрикенг, самимий, сафоли одамлар б-н кўпроқ суҳбат қуриш керак, вафо аҳлидан бўлган кишиларнинг этакларини ушлаш керак, деб уқтирган улуғ шоир Амир Хусрав. У «Матлаъул анвор» достонининг тўққизинчи мақолотида «боли такаббур» калласини тўлдирган кимсаларнинг кўпини кўрдим, улар вайсаб-вайсаб ўтиб кетдилар, дейди. Бу билан шоир бир томондан, яхши хулқ одобни, эзгуликни тарғиб этади, яхши хислатларни эгаллашга даъват қилади. Бошқаларга лутф кўргазиш баробарида ўз яқинлари – ота-онаси, турмуш ўртоғи, фарзандлари, хуллас, барчага меҳрибон бўлиш Ш.нинг зарурий асоси экани эътироф қилинган. Бугунги кунда инсонлараро мулоқотда, одамлар орасида андишасиз сўзлар, беҳаё, тутуруқсиз гаплар, мантиқсиз мулоҳазалар ва шаллақилик кўзга ташланаётгани ачинарли холдир. Айниқса, бозорларда, жамоат транспорти, кўча-куйда бундай иллатлар тез-тез кўзга ташланмоқда. Энг ачинарлиси шундаки, ёмон сўзлар билан мурожаат қилиш, сўкиниб гапириш зиё масканлари ҳисобланмиш таълим муассасаларида, маданият ўчоғи бўлмиш санъат саройларига ҳам кириб бораётганлиги кишини ажаблантиради. Айрим ёшларимизнинг бир-бирига айтаётган гаплари, муомаласи ва мурожаатида сўзлар кишини ранжитади.  Ҳатто, айрим ёмон сўзлар муомала жараёнига шунчалик чуқур сингиб кетмоқдаки, бу сўзларни эшитиш табиий ҳолга айланиб эшитган одамни таажжубга солаётгани йўқ. Бундай бепарволик секин-аста жамиятга ёйилиши, инсонлараро муомала маданиятида тобора оммалашишига олиб келади. Натижада инсон зийнатига путур етади, сўз ва муомала гўзаллиги йўқолиб боради. Ш. фақатгина чиройли гап билангина белгиланмайди. Айни пайтда ҳар қандай чиройли сўз ва эркин фикрда ҳам инсон зийнати намоён бўлавермайди. Гоҳида чиройли сўзларга ўралган ёлғонлар, эркин фикрга асосланган риёлар ҳам мавжудлигини унутмаслик зарур. Ўзбек халқ оғзаки ижоди одобномаси ҳамда анъанавий пандномасида катта-кичикнинг ахлоқий тарбиясида ширинсуханлик, яхши-ёмон сўзнинг ўрни, саломатликка таъсири каби масалалар ҳам алоҳида ўрин тутади.  Зеро, сўз илоҳий таъсирга эга. Бир оғиз сўз кишига қанот бағишлаши, уни юксакларга кўтариши, мушкул муаммоларни ҳал қилишга йўл очиши, ҳатто умрига умр, обрўсига обрў қўшиши мумкин. Аксинча, бир оғиз айтилган ноўрин сўз билан ота боладан, ака укадан ажраб кетиши, орага совуқлик тушиб, дўст-биродарларни душманга айлантириши, қисқаси, киши дилини вайрон қилиши, руҳини тушириши, кайфияти, хулқ-атвори ва саломатлигига қаттиқ таъсир этиши мумкин. “Сўз билан тешилган жойни бигиз билан теша олмайсан” деб бежиз айтилмаган. Маълумки, кутилмаганда оғир руҳий эзилиш, изтироб чекиш кишининг ҳатто ташқи кўринишини ҳам ўзгартириб юборади. Тиббиёт фанининг гувоҳлик беришича, сўз асаб ва юрак қон-томир ўзгаришларининг энг характерли сабабчисидир. Чунки бош мия марказий нуқталарига таъсир этиш юрак қон-томир тизимининг ҳолатида акс этади. Буюк ҳаким Абу Али ибн Сино ўзининг нодир асарларида кўп йиллик тажрибаларини хулосалаб шундай таъкидлайди: инсон ҳар доим навқирон, бардам бўлиши учун бошқа одамларни ранжитмаслиги, дилини вайрон қилмаслиги ҳамда ўзи ҳам хуштабиатли бўлмоғи лозим. Шунинг учун ҳам халқимизда “Ҳайру эҳсони билан мушкулини осон қилмаса ҳам ширин сўзи билан кўнгилни тоғдек кўтарди”, деган ибора ишлатилади. Ҳар бир инсон ўз нутқининг оҳангига ҳам эътибор бериши лозим. Зеро, бир жумланинг ўзи қандай оҳангда айтилишига қараб, турлича баъзан қарама-қарши маъно касб этиши мумкин. Кибрли, дағал оҳанг  кишининг ихлосини қайтаради, кўнглини оғритади, ғазабини қўзғайди. Шу боис ҳамиша бамайлихотир, ишонарли, вазмин тарзда эркин ва табиий оҳангда гапиришга ҳаракат қилиш керак. Бахт, саодат, толеъ ҳам ширин сўз билан насиб этади. Бобур бир рубоийсида: “Не хулқ эди, яна кўнглум олдинг сўз ила, // Ширин сўзу яхши хулқунгга банда бўлай”, — деган мисраларида ўз ифодасини топган. Ширин сўз, яхши хулқ ана шундай бебаҳо неъматдир. Бундай фазилатларга эга бўлган инсоннинг иқболи баланд, юзи ёруғ бўлади. Ҳусни хулқ ва ширинсўзлилик бир-бири билан боғлиқ хислатлар. Инсонниннг одоби қанчалик гўзал, мукаммал бўлса, унинг муомаласи ҳам шунчалик гўзал сўзи ширин бўлади. Бир сўз билан айтганда Ш. ниҳолининг илдизи инсон қалбида, меваси эса унинг сўзидадир.

ШИРК (араб. бир нечта худо бор, деб ширк келтириш, политеизм) — шериклик, Аллоҳнинг шериги бор деб эътиқод қилиш, Аллоҳнинг зотида, сифатларида, исмларида, ишлари ва ҳукмларида шериги бор, деб залолатга кетиш. Ибодатда, дуода, ҳукмда, ризқда, яратилишда, итоатда, саждада, ёрдам сўрашда, ҳалол-ҳаромни ажратишда, қурбонлик қилишда, қасам ичишда, ҳаж ёки зиёрат қилишда, ном қўйишда ширк келтириш мусулмон халқлари маъ-ятида кечирилмас гуноҳ ҳисобланади.

 

ШОВИНИЗМ (франц. chauvinisme, Наполеон I босқинчилик сиёсатининг мухлиси, француз аскари Н.Шовен (Chauvion) номи б-н боғлиқ) — бошқа миллатларни менсимаслик ва ўз миллатининг уларга нисбатан устунлигини асослашга қаратилган ғоявий-наз-й қарашлар тизими ва амалиёти. Тарихи узоқ бўлса-да, бу атама XIX а.нинг 30-йилларида Францияда пайдо бўлди. Моҳиятан Ш. миллатчиликнинг ўзига хос шакли бўлиб, бошқа миллатларнинг жаҳон тарихида тутган ўрни, бугунги кунда кишилик жам-ти ривожини таъминлашдаги мавқеи, маън-й-мад-й ҳаётининг ўзига хос томонларини менсимасликка интилишда яққол кўринади. Ш.  кўп сонли халқларнинг  кўп миллатли давлат  доирасида, ш-дек  уни ўраб турган  жуғрофий-сиёсий маконда ҳам  ўзининг мутлақ ҳукмронлигини ўрнатиш учун курашида ҳам намоён бўлиши мумкин.

ШомониЗМ (тунгус. шамон — ўта ҳаяжонланган, жазавага тушган киши) —  Сибирдаги туркий халқларда “шамон” сўзи “ҳам” деб юритилган. Шомон қабила руҳонийси бўлиб, улар илоҳий кучга эга деб ҳисобланган. Шомонлар урф-о.ларини бажаришни томошага айлантирган. Одатда шомон ўйинлари кечқурун амалга оширилган. Ўйин охирида шамон беҳол бўлиб йиқилади. Уларга кўра, шомонлар руҳлар б-н пичирлашиб гаплашган. Гўё талвасага тушиб беморларни даволаган. Шомон қабила, уруғ ҳомийси, қўриқчиси, руҳи ҳисобланган. М.О.да ҳам Ш. унсурлари мавжуд. Жумладан, Сурхондарёда гўёки “қора босди”, “қора босибди” каби касалликлардан беморни халос қилиш учун қўшночлар талвасага тушиб, ўзини у ёқдан бу ёққа отиб бемор танасидаги касални қувмоқчи бўлади. Руҳонийлар бу ҳолатда инсондан касалликларни дуо ва қамчи б-н уриб чиқармоқчи бўлади, ҳатто улар шу жараёнда милтиқ, унинг овозидан, кучли шовқиндан ҳам фойдаланишга ҳаракат қилади. Бу жараёнда бир эмас, бир неча қўшночлар қатнашиши ҳам м-н.

ШУҲРАТПАРАСТЛИК (араб. машҳур бўлишни севиш) — маънавият тамойилларининг бузилиши оқибатида намоён бўладиган шахсий хусусият; фазилатларини пеш қилиб, шон-шуҳрат кетидан қувиш, юқори мартабага интилишни ҳаёт мазмунига айлантиришни англатувчи тушунча. Ш. киши руҳиятидаги номақбул ўзгариш натижасидир. Шунингдек, Ш. шон-шуҳрат кетидан қувиш йўлида ҳар қандай ахлоқсизликдан қайтмайдиган инсонлар тоифасининг хусусияти. Шуҳратпараст одам доимо атрофдагилар ва жамият диққат марказида туришига, машҳурликка, шов-шувга, мақтовга ички эҳтиёж сезади. Бу эҳтиёж охир-оқибат уни жамиятнинг ахлоқий-ижтимоий талаблари б-н ҳам, индивид сифатида биологик ва маънавий-интелектуал имкониятлари б-н ҳам мутлақо ҳисоблашмайдиган нафс бандасига айлантириб қўяди. Ш. инсонга хос “мен”лик туйғусининг манманлик б-н туташганда Ш. юзага келади. Инсон ўзини бошқалардан кам эмас, ортиқ эканини исботлашга уринар экан, бу  “мен”лик туйғусининг меъёридан ортиб кетиши уни инсониятга зид хатти-ҳаракатга ундаши мумкин. Шунинг учун халқимиз Ш.ни оқламайди, балки унга камтарликнинг зидди сифатида салбий хусусият, деб қарайди. Ш. нинг ахлоқий иллат сифатидаги хатарли жиҳати шундаки, у ривожланиш хусусиятига эга: даставвал киши ўз «мен»ининг бошқа «мен»лардан кам бўлмаслигини талаб қилади, кейин аста-секин унинг баланд туришини хоҳлаб қолади ва, нима қилиб бўлса ҳам, шу хоҳишни амалга оширишга интилади. Натижада у мавжуд веқеликни, атрофдагиларнинг унга нисбатан  муносабатини ҳаққоний баҳолай олмайди; қаерда уни «кўтар-кўтар» қилиб мақташса, ўша ерга  ўзини уради, ҳаётда инсоний вазифасини бажаришдан чалғийди, тузатиб бўлмас хатоларга йўл қўяди. Мас., Ш.нинг ёрқин тимсолига айланган  Герострат абадий шуҳрат қозониш учун дунёнинг етти мўъжизасидан бири – Эфес шаҳридаги Артемида ибодатхонасига ўт қўйган. Унинг номи ҳозиргача таажжуб, ҳайрат, айни пайтда, нафрат ва лаънат б-н тилга олинади. Ш. ҳам худди худбинлик каби замонавий жамиятда авж олган иллатлардан ҳисобланади. Агар худбинликнинг кенг ёйилишига маълум маънода шахс эркинлигининг қонуний муҳофазаси, баъзи, демократик тамойиллар йўл очиб берса, замонавий оммавий ахборот воситалари Ш.нинг оммалашувига  хизмат қилмоқда. Ницше айтганидек,  ҳозирги пайтда ҳар қандай кичкинагина «мен», йўлини топиб, саҳнадан, саҳифадан ёки экрандан ўзи  ҳақида жаҳонга жар солиш ҳуқуқига ва имконига эга. Матбуот ва сўз эркинлигидан ғаразли мақсадларда  фойдаланадиган, “машҳур”лар ҳақида шов-шув тарақатаётган кўплаб нашрлар, кўрсатув ва эшиттиришлар  Ш.нинг оммалашувини таъминламоқда. Бу жараёнга, айниқса, Ғарб “оммавий маданияти”нинг салбий намуналари рекламаларда ўзини кўз-кўз қилиш, уй-жой, қимматбаҳо машина ва шу кабилар орқали сохта “имидж” яратувчилар ҳақидаги кўрсатувлар ижтимоий онгга таъсир қилмоқда. Шарқона урф-одат ва қадриятларимизга хос бўлган камтарлик, самимийлик ҳамда мол-дунё бойликларни ўткинчи ва асосий омил, мақсад деб билмаслик, ҳар қандай ҳолатда ҳам инсон инсонийлигини сақлаб қолиши керак. Бу эса аждодлар қолдирган маънавий-маърифий меросга таяниб, юксак маънавий идеалларни шакллантириш борасида ташвиқот-тарғибот ишларини узлусиз олиб боришни тақозо этади. Ш.нинг оммалашувига қарши нафақат маънавий тарбия воситасида, балки миллий қонунчилик ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан ҳам оқилон фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Э